Jim Uorren – yangi zamon musavviri

  “Қоидаларга парво қилма! Ўзингга  нима ёқса, шуни тасвирла”.

Жим Уоррен 

Жим Уоррен – сюрреализм йўналишида ижод қилувчи америкалик таниқли рассом. Руҳиятга ижобий таъсир кўрсатувчи картиналар билан бир қаторда инсон танасининг ўзгариши, хаёлий манзараларни ифодаловчи ўзига хос асарлар яратган. Маринистик жанр устаси,  ёруғлик, сув, инсон вужудини тасвирлаш бўйича ажойиб ижодкор.

Бўлажак мусаввир 1949 йил 24 ноябрда АҚШнинг Калифорния штатига қарашли Лонг-Бич шаҳарчасида дунёга келган. Барча болалар сингари Жим ҳам кичиклигидаёқ сурат чизишни бошлаган. Лекин бу иштиёқ кейинчалик касбга айланди ва у карьера танлашнинг одатий йўлини босиб ўтди: рассом, фокусчи, рок-юлдуз ва ҳ.к. “Мен 1967 йил ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим аниқ фикрга келдим: ёки бадавлат инсон ёки таниқли рассом бўламан! Бу мен интилган ва амалга оширишни истайдиган ягона мақсад эди!” – дейди рассом. Жим Уоррен рассомлик бўйича махсус маълумотга эга эмас, у зарур кўникмаларни ўрта мактабнинг санъат синфида ўқиётганида эгаллайди, кейин коллежда бир муддат тасвирий санъатдан сабоқ олади. Шундан сўнг рассомлик билан жиддий шуғуллана бошлайди. 1985 йилдан бошлаб 200 дан ортиқ китоб муқовалари, жумладан, Артур Кларк, Робин Кук ва Клайв Баркер каби адибларнинг китобларига суратлар ишлайди, “Фантома”, “Тирик ўликлар кечалари”, “Мум ҳайкаллар” сингари фильмлар учун киноафишалар, шунингдек, бир қанча журналларнинг муқовасини яратади. Унинг “Ер. Уни сев ёки йўқотасан” асари 1990 йил санъатшунослар эътирофига сабаб бўлади, журнал муқовалари, плакатлар, реклама воситалари орқали узлуксиз тарғиб қилинади.

Рассом 1996 йилдан “Жонлантирилган расмлар” номи билан эълон қилинган туркум портретлар (Жюльетт Льюис, Уиллэнд, Майкл Пэрнелл) яратади. Эътиборлиси, ушбу асар қаҳрамонлари фантастик  манзаралар, ғайритабиий мавжудотлар қуршовида тасвирланади.

1997 йил Жим Уоррен рассомлик фаолиятининг 30 йиллигини нишонлайди ва “Жим Уоррен асарлари: американча асл нусха” номли биринчи китобини чоп эттиради. 2002 йилда эса “Чизилган дунёлар” номли китоби нашрдан чиқади.

Жим Уоррен асарларининг асосий объекти бу – табиат, у теварак-атрофини ўраб турган оламдан илҳомланиб, шахсий ғоялари, новаторона қарашларини илгари суради. Масалан, рассом ўз асарларида тўлқинларга денгиз кўпиги, булутлар, қояларга антропоморфик (фантастик образларни эслатувчи нақшлар) ёки зооморфик (ҳайвон жисмларини эслатувчи нақшлар) хусусиятларни уйғунлаштирган ҳолда тасвирлайди. Шунингдек, рассом афсонавий образларга ҳам мурожаат қилади (сув парилари, яккашохлар тасвири).  Асарларининг асосий ғояси – борлиқдан илҳомланиш, табиат гўзаллиги, экомуҳитни асраш, некбинлик, бахт, фақат ўткир нигоҳ илғай оладиган дунё мўъжизалари… Рассом доимо “Қоидаларга парво қилма! Ўзингга нима ёқса, шуни тасвирла” шиорига амал қилади.

Журналимизнинг 1-бетида рассомнинг “Янги минг йилликда Она табиат” асари эълон қилинмоқда. Бу асарда табиат ёш қиз чеҳраси орқали ифодаланади. У – табиий куч, у – офат.

Рассом ушбу асарини ўтган асрнинг 90-йиллари бошида табиатга бўлган чексиз эҳтиромининг рамзи ўлароқ қоғозга туширган. Асарга диққат билан разм солсангиз, мовий кўзларнинг ўткир нигоҳи томошабинга тешиб юборгудай қадалиб турибди. У гўё “Мен ёнингдаман. Мен сени кузатиб турибман!” – дея шивирлаётгандек. Табиат бизга бахт-саодат, ҳаёт  ато этади, агар унга зиён етказсак, ғазабига дучор бўламиз.

Аммо савол туғилади: “Нега табиат аёл тимсоли орқали тасвирланган?” Балки у ҳам аёл сингари ҳамма вақт бир хил бўлмагани учундир? Инсоннинг муносабатига қараб табиат ҳам ҳар лаҳза ўзгаришга юз тутади. Наздимизда, рассомнинг ғояси бундай: табиатни қиз каби авайлаб, эҳтиёт қилмоқ, унга ҳаяжон ва ҳурмат ила муносабатда бўлмоқ лозим.  Ахир, табиат қизга ўхшайди, агар унга ғамхўрлик кўрсатилса, хуш бўй таратади, бахтдан порлай бошлайди. У ўзида гоҳ тотувлик, гоҳ хотиржамликни акс эттиради, баъзида таъсирчан ва нотинч ҳолатда намоён бўлади.

Асар қия йўл бўйлаб икки қисмга бўлинган: чапда – таъсирчанлик:  табиий куч бебошлиги, вулқон отилиши, лава чўғлари. Фақат митти автомобиль ғазабланган табиатдан халос бўлиш учун узоқроққа елдек учиб кетмоқда. Ўнгда эса тинчлик ҳукмрон. Тоғ чўққилари, тепаликлар, шаршара бўлиб қуйилаётган ҳаётбахш сув сокинликни англатмоқда.

Шу тариқа картинада бир-бирига зид икки қутб тасвирланган. Бири фалокат олиб келмоқда, бошқасида тонг – янги ҳаёт. Рассом асарнинг юқори қисмида қуёш чиқишини кўрсатади, бу – ҳаётнинг бошланиши, демакки, яшариш, янгиланишдан далолат беради. Қуёш табиат жозибасини намоён этиб, бутун борлиққа нур сочмоқда.  Бу рамзий лавҳа табиат биздан қанчалик ғазабланмасин, келажакда барибир инсониятни ўз қучоғига олиб, ҳаёт, ёруғлик ҳамда ҳарорат бахш этишига ишончдир.

Рассом бежиз қизнинг лабларига урғу бермаган. Улар: “Мен билан бундай муносабатни бас қил! Мен сенга барча кўркамликни ҳадя этаман, аммо эсингдан чиқарма, келажагинг менга қандай муносабатда бўлишингга  боғлиқ”, – дейишни хоҳлаётгандек.

Исёнкор ва ноодатий руҳдаги асарлари,  ҳиссиётга бой ижоди билан Жим Уоррен 40 йилдан ортиқ вақт ўтибдики, ранглар ғояларини ранглар орқали ифодалаб келмоқда. У ҳамон изланишу ижоддан, мухлисларини ҳайратга солишдан тўхтагани йўқ. 

Шаҳноза ҚОСИМОВА,

санъатшунос

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi