Mattias Yugler: "Romanim qahramoni – o‘zim"

 Шу йилнинг 12 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Ушбу тарихий ҳужжат юртдошларимиз томонидан қизғин муҳокама этилмоқда. Зотан, миллатнинг маънавий тараққиёти, маънавий-ахлоқий ривожи ҳар томонлама шахснинг маърифий даражаси, эътиқоди ва мутолаа қилган китобларига боғлиқ. Бу йўлда чегара қўйиш ёки қандайдир тавсиялар бериш жоиз эмас. Муҳими, қай йўл билан бўлса ҳам, инсон ўз қалбини поклаши, тафаккурини бойитиши, ҳаёт мураккабликларида мустақил йўл топиши учун кўмаклашиш керак. Мазкур Фармойиш шу жиҳатлари билан улкан аҳамиятга эга.

Хўш, бугун дунёда китобхонлик даражаси қандай? Дейлик, жаҳонда китобхонлик бўйича илғор саналган Германияда китоб нима учун кўп ўқилади? Немис адабий муҳитида “Йиртқич балиқ ови” романи билан тилга тушган ёш адиб, таржимон Маттиас Юглернинг юртимизда ижодий сафарда бўлганидан унумли фойдаланиб, унга айни мавзудаги саволлар билан мурожаат қилдик.

Таҳририятдан

 

– Бугунги кунда Германия энг кўп китоб чоп қилинадиган мамлакат ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мамлакатингизда йилига 80 минг номда китоб нашр этилар экан. Шу асарларнинг ҳаммаси ҳам бирдек мутолаа қилинадими? Бугунги немис китобхонларини кўпроқ қандай адабиётлар қизиқтиради? 

– Айтганингиздек, Германия энг кўп китоб ўқиладиган мамлакатлар рейтингида дунёда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили Франкфурт ва Лейпциг шаҳарларида халқаро китоб ярмаркаси ўтказилади. Телевидение ва интернет жадаллик билан ривожланишига қарамай, немисларнинг китобга бўлган қизиқишлари асло сусайгани йўқ. Охирги ўн йилликда немис китобхонларининг ўзига хос диди шаклланди. Иккинчи жаҳон уруши йилларидан сўнг севиб ўқилган Зигфрид Ленц, Криста Вольф, Гюнтер Грассларнинг асарлари бугун унчалик долзарб аҳамият касб этмаяпти. Бугунги немис китобхони кўпроқ Стен Надольний, Уве Тим, Ральф Ротман асарлари мутолаасини афзал билади. Шунингдек, 1990 йилларда Федератив Республикада таниқли бўлган ижодкорлар ҳам китобхонларнинг назаридан четда қолгани йўқ. Масалан, ёш ёзувчилар орасида Юдитт Ҳерманн, Инго Шульце ва Томас Бруссиг асарлари ҳам кўп мутолаа қилинмоқда.

2001 йил 11 сентябрда АҚШда рўй берган воқеалар адибларимизга таъсир қилди. Ушбу фожиадан сўнг тинчлик ва огоҳлик мавзуси кўпроқ ёритила бошланди.

Бугун фантаст ёзувчиларнинг бозори чаққонроқ. Муҳими бу эмас. Ҳаёт ҳақиқатини қандай бўлса, шундайлигича қаламга олмоқ шарт. Ҳар бир асарнинг асосида ҳаёт ҳақиқати ётади. Глобаллашув даврида оламни англаш ҳам ўзгарди, бу жараён ёзувчи ва китобхонларнинг ҳам дунёқарашига ўз таъсирини ўтказмоқда. Мумтоз адиблар ўз ортидан китобхонлар оммасини эргаштирган бўлса, бугунги ижодкорлар ўқувчиларнинг қизиқишларини ўрганишга мажбур бўлмоқдалар. Немис мумтоз адиблари Гёте, Шиллерлар фақат мактаб дарсликларидагина ўқилади, Марк-Уве Клинг, Владимер Каминер, Саша Стажинеч каби ёзувчиларнинг асарлари эса немис китобхонларининг бестселлерига айланган. Бундан ташқари, Освальд Винер, Ханс Волльшлегер, Кристоф Рансмайр, Вальтер Мёрснинг постмодерн романлари; Андреас Эшбах ва Франк Шетцингнинг фантастика жанридаги асарлари; Петер Шмидтнинг детектив романлари; Марсель Байер, Дурс Грюнбайн, Уве Кольбе, Томас Клингнинг шеърларини китобхонлар алоҳида эътироф этмоқда.

– Ижодкорнинг жамият олдидаги бурчи деганда Сиз нимани тушунасиз?

– Ижодкор кўнглидагини ёзиши керак, деб ўйлайман. Агар адиб бутун умрини муҳаббат ҳақидаги романларни ёзишга бағишламоқчи бўлса, унга бунинг тўлақонли ҳаққи бор. Германияда ҳеч бир ижодкорга сиёсий босим ва тазйиқ ўтказилмайди. Балки шунинг учун ҳам Германияда уларнинг сони кўпдир…

Ижодкорлар учун Грильпарцер, Георг Бюхнер, Гёте, Шиллер, Ханс ва Софи Шолль, Нелли Закс, Петрарка, Адельберт фон Шамиссо, Хильда Домин, Хенрих Манн, Анна Зегерс номидаги миллий мукофотлар, Немис китоб савдоси халқаро мукофоти ва бошқалар таъсис этилган.

1999-2009 йиллар оралиғида эса немисзабон ёзувчилардан Гюнтер Грасс (1999) – “тарихнинг унутилаёзган қиёфасини ўйноқи ва тунд афсоналари орқали ёритиб берганлиги учун”, Эльфрида Елинек (2004) –  “ижтимоий мавҳумликни роман ва пьесаларида мусиқий оҳангда ёритиб бера олганлиги учун”, Ҳерта Мюллер (2009) – “маҳкумлар ҳаётини насрда ёрқин ва назмда асосий эътибор билан ёритиб берганлиги учун” адабиёт йўналишида Нобель мукофотини олгани ҳам бежиз эмас.

– Сизнинг “Йиртқич балиқ ови” романингиз номини эшитганимда, дастлаб Эрнест Ҳемингуэйнинг “Чол ва денгиз” қиссаси хаёлимдан ўтди. Агар инсон тириклик уммонидан ўзини топа олмаса, унинг ҳаётида ҳеч қандай маъно қолмайди. Инсон ана шу уммондан ўз улушини ажратиб олиши, турмуш талотўпларида ўзини йўқотиб қўймаслиги, маънан-руҳан устун бўлиши керак. “Йиртқич балиқ ови” романи билан танишиб чиққач эса, “урбанизация” – шаҳарлашув жараёнида инсон ўзининг “йиртқич наҳанги”ини (айтиб қўяй, бизнинг тилда бу нафс дейилади) жиловлаб, кексаларни эъзозлаш ва қадрлаш, меҳр-мурувват, саховат каби фазилатларни сақлаб қолмоғи шарт деб ўйладим…

– Ушбу романда қаҳрамонлар ўзгача феъл-атворга эга шахс сифатида яхлит намоён бўлмайди. Барча образлар бир-бирига узвий боғланган. Романни ўқиш жараёнида ўқувчи қаҳрамонлар ўрнига ўзини қўйиб кўради, асарда рўй бераётган воқеалар унинг ҳаётида ҳам юз бериши мумкинлигини ҳис этади. Романда асосий қаҳрамон – бобонинг альцгеймер хасталигига чалиниши ҳамда бунга унинг яқинлари – рафиқаси, қизи ва набирасининг муносабати тасвирланган. Биласиз, бу хасталикда беморнинг асаби чарчайди, юриши қийинлашади, нутқ фаолияти ишдан чиқади. Демак, оила бошлиғи тирик товонга айланади. Уни Мурувват уйига жойлаштиришади. Бобосининг саноқли кунлари қолганини билган йигирма икки ёшли набира уйидагиларни бобоси билан сўнгги марта балиқ овига бирга боришга кўндиради.

Тўғри пайқабсиз, “Балиқ ови” романида урбанизацияга оид манзаралар яққол тасвирланган. Йирик шаҳарларнинг ривожланиши орқали инсонларнинг ҳаёт тарзи ҳам ўзгарди. Инсонлар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, атрофидаги яқин инсонларга кам эътибор қарата бошлашди. Меҳр, эътибор кўрсатиш ҳам “мобиль” (тезкор) кўриниш касб эта бошлади. Яқинларимиз аҳволидан юзма-юз кўришиб эмас, интернет ва СМС орқали хабар оламиз. Гўё уларга шунинг ўзи етарлидек туюлади бизга.

Воқеалар Швециянинг Тостахолмен шаҳарчасида рўй беради. Оддий шаҳарчадаги аҳвол шу тарзда бўлса, катта иқтисодий аҳамиятга эга шаҳарлардаги вазиятни тасаввур қилиб кўраверинг. СМСга эътибор беринг-а, “Менга фарқи йўқ. Уқдингми? Аммо, унга, албатта, етказиб қўй, хўпми? Фақатгина альцгеймер (хотира йўқолиб бориши)нинг ўзи бўлганида майли эди-я. Бироқ унга барчаси бирвакайига ёпишган. Бунақада телба бўлиб қолади-ку?!” Ноаниқ, мужмал матн. Бироқ, ўйлайманки, уни ўқиётган китобхон, албатта, бефарқликнинг сабабини излайди.

Асарда қаҳрамонларнинг ўзига хос хусусиятлари, салбий ва ижобий фазилатлари, руҳий олами ва ташқи қиёфасини тасвирлаш услубидан воз кечдим. Ҳамма персонажлар “ижтимоий жиҳат”дан муҳим бўлган воқеа-ҳодисаларда қатнашишмайди, улар жамият ҳаётида фаол иштирокчи эмас. Асосий эътибор қаҳрамонларнинг “онг оқими”га қаратилган. Хотиралар, кузатувлар, яшин тезлигида пайдо бўлган фикр ва ҳис-туйғулар… кўринган, англанган, пайқалган ва эшитилган нарсалардан қисқа-қисқа парчалар келтирилиши орқали қаҳрамонларим тақдирини акс эттиришга уриндим.

Шу ўринда тан олишим керак, асарнинг бош қаҳрамони – ўзимман. Бобом альцгеймер касалига чалинган. Бироқ роман қаҳрамонидан фарқли равишда, мен бобомни сўнгги марта балиқ овига олиб боролмадим. Чунки бу касаллик билан узоқ йўл юриш мумкин эмас эди.

– 2016 йилда “Suhrkamp” нашриёти томонидан нашрдан чиққан “Биз қандай яшашни истаймиз?” антологиясининг масъул муҳарририсиз. Антология хусусида маълумот бериб ўтсангиз.

– Жаҳонда юз бераётган урушлар (Сурия, Ливия, Афғонистон) туфайли Германияга келувчи сиёсий муҳожирлар сони йилдан-йил ортиб бормоқда. Яқин уч-тўрт йил ичида мамлакатимизга 1 миллиондан ортиқ сиёсий қочқин келган. Иккинчи жаҳон уруши туфайли эса 2 миллиондан ортиқ турк миллатига мансуб одамлар мамлакатга жойлашган. Ҳолбуки, маҳаллий аҳолида уларга нисбатан ётсираш бор.

Фикримча, ҳар бир инсон дунё фуқароси ҳисобланади. Бундай таҳликали вазиятда “космополитизм”га ҳам ижобий қараш керак. Ҳар бир ижодкор ўз юртида ҳам, муҳожирликда ҳам ижод қилиш ҳуқуқига эга. “Биз қандай яшашни истаймиз?” антологиясига 25 та ижодкор асари киритилган бўлиб, улар орасида эмигрантларнинг фарзандлари ҳам бор. Бу антология “қолоқлик”, қолаверса, сохта “ватанпарварлик”, “миллатчилик”, “маҳаллийчилик” каби иллатларга қарши  ёзилган асарлар мажмуидир. Бош мақсад, ҳар бир инсон у миллати, элатидан қатъий назар, инсонпарварликни тарғиб қилишини кўрсатишдан иборат. Тўпламга 1992 йилда Босния-Герцоговина уруши пайтида Германияга келиб қолган Саша Станишевичнинг ҳам ҳикоялари киритилган. Таъкидлаб ўтиш керакки, унинг “Аскар қандай қилиб ўз граммофонини тузатди” романи китобхонлар томонидан ҳанузгача севиб ўқилади. “Арафа” романи эса 2014 йилда Лейпцигда ўтказилган анъанавий китоб ярмаркасида бош совринга эга бўлган.

– Ўзбекистонда ўтказган вақтингиз сизда қандай таассуротлар уйғотди?

– Айни пайтда Германияда туғилиш камаймоқда. Кексалар аҳолининг кўпчилик қисмини Кексалар ташкил этади, ҳар ўнта ёшдан атиги 2-3 тасигина оила қурган. Оила қуриш ҳам умуминсоний қадрият ҳисобланади. Ўзбек оилаларида бўлганимда, дастурхон атрофида жамулжам ўтирган оила аъзоларини кўриб ҳавасим келди. Германияга қайтиб боргач, мен ҳам оила қуриб, ўз фуқаролик бурчимни бажаришим керак деган қарорга келдим.

Нигора УМАРОВА

суҳбатлашди.

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi