Водийда “Жаҳон адабиёти” кунлари

IMG_20170517_160006

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан  Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 27 февралдаги қарорига биноан ташкил этилган “Жаҳон адабиёти” журнали юртимиздаги нуфузли адабий-бадиий нашрлардан бўлиб, халқимизнинг дунёқарашини янада бойитиш, кенг жамоатчиликни жаҳон адабиётининг энг сара намуналари билан таништириш, китобхонлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда. Ўтган йигирма йил мобайнида журналнинг 235 та сони нашр этилди, ҳозиргача унда 100 дан ортиқ роман, 200 дан зиёд қисса, 1000 дан ортиқ ҳикоя ва новелла, 500 га яқин фалсафий-публицистик, илмий-назарий мақола эълон қилинди.

Атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов журналнинг биринчи бош муҳаррири сифатида ўзбек таржимонлик мактабини ривожлантириш, ўзбек адабиётини янги ижодий тажрибалар билан бойитишга катта ҳисса қўшди.

Сўнгги йилларда журнал ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланди. Янги рукнларда жаҳон адабиётининг сўнгги йиллардаги асарлари эълон қилинди, илғор адабий-фалсафий қарашлар ёритилди, навқирон таржимонлар авлоди шаклланди, хорижий тиллардан тўғридан-тўғри таржима қилиш – аслиятдан ўгиришга эътибор қаратилди.

Журнал ташкил этилганига 20 йил тўлгани муносабати билан, шунингдек, “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятининг фаолиятини таҳлилий-танқидий сарҳисоб қилган ҳолда яқин истиқболга мўлжалланган режаларини тасдиқлаш, журнални бугунги замон талаблари асосида ривожлантириш, журнал ишига ҳар томонлама ҳисса қўшган зиёлиларнинг хизматларини эътироф этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини ижро этиш мақсадида 2017 йил 7 мартда “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганлигининг 20 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш масаласида қарори эълон қилинди.

Шу мақсадда Фарғона водийси вилоятларида китобхонхонлик масаласи ва  журнал фаолиятига бағишланган  қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Унда филология фанлари доктори, профессорлар Наим Каримов, Йўлдош Солижонов, Ўзбекистон Санъат арбоби Олимжон Салимов, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ шоирлари Тўлан Низом, Энахон Сиддиқова, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов, таниқли ёзувчи ва публицистлар Дадахон Нурий, Қамчибек Кенжа, филология фанлари номзоди Раҳмон Қўчқор, “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири, шоира Хосият Рустамова,  истеъдодли шоирлар Фарида Афрўз, Зиёвуддин Мансур,  Жамолиддин Муслим, Беҳзод Фазлиддин ва бошқалар иштирок этишди.

Дастлаб Андижон давлат университетида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова  сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, “Жаҳон адабиёти”  журналида  20 йил ичида эълон қилинган асарлар , таҳририятда юзага келган ўзбек таржима мактаби ҳақида тўхталди. Андижон вилоятининг Марҳамат туманида жойлашган “Орифжон ота” шифо масканида ўтказилган маърифий тадбир қизғин кайфиятда ўтди. Унда сўзга чиққан сиҳатгоҳ раҳбари Қобилжон Обидов  бугун мамлакатимизда китоб ва китобхонлик масаласида олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳияти, “Жаҳон адабиёти” журналининг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Водийнинг гавҳари саналган Фарғона вилоятида жойлашган Фарғона давлат политехника университети ва Қўқон давлат педагогика институтида бўлиб ўтган учрашувларда ўзбек халқининг бой маданий тарихи, адабий-бадиий меросимиз ҳамда уларни асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида  китобга муҳаббат уйғотиш ва “Жаҳон адабиёти” журналининг йигирма йиллик фаолияти сарҳисобига бағишланган қатор чиқишлар қилинди. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова ёшлар маънавиятини ривожлантириш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича Фарғона вилоятида олиб борилаётган ишлар бўйича ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Наманган вилоятининг Косонсой тумани ҳокимияти мажлислар залида аҳоли ва ёшлар билан бўлган мулоқотда ҳозирда Президентимиз томонидан ҳар соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар моҳияти, маънавий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда миллат тафаккурини  такомиллаштиришда китобнинг аҳамияти, қолаверса, “Жаҳон адабиёти” журналининг ёшлар дунёқараши ривожидаги ўрни ҳақида қатор мулоҳазалар билдирилди.

Наманган шаҳридаги Бобораҳим Машраб номидаги  маданият ва истироҳат боғида буюк ўзбек шоири Бобораҳим Машраб таваллудининг 377 йиллиги ва “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганининг йигирма йиллиги муносабати билан ташкил этилган йиғинда буюк шоир маънавий жасорати, бетакрор ижоди ва журнал фаолияти ҳақида маърузалар ўқилди. Шу куни вилоятдаги Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик ва қурилиш институтида ҳам худди шундай тадбирлар кўтаринки ва байрамона руҳда ўтди. Унда сўзга чиққанлар китобга муҳаббат, мутолаага муҳаббат инсонни комилликка етаклаши, номини шарафга буркаши ва китоб ҳаётнинг энг муқаддас неъмати эканлиги ҳақидаги  фикрлари билан ўртоқлашдилар.

 

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi