Ижодий учрашувлар давом этади: Қарши, Бухоро ва Самарқанд

DSCN0205

“Жаҳон адабиёти” журналининг 20 йиллигига бағишланган навбатдаги ижодий учрашувлар 22 май куни Қарши давлат университетида бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси М.Аҳмедов, Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Д.Аллаев, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Б.Назаров, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Ш.Ризаев, фалсафа фанлари доктори А.Эркаев, Республика Маънавият тарғибот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Л.Саодатова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Ш.Салимова, У.Абдуазимова, таниқли шоирлар А.Шер, Ў.Ҳайдар, филология фанлари докторлари Н.Жабборов, Н.Шодмонов, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири С.Рауф ва бошқалар иштирок этган мазкур тадбирда мамлакатимизда китобхонлик даражасини ошириш, ёшларни мутолаага ошно қилиш, адабий-бадиий нашрлар тарғиботи борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар Қашқадарё заминида кўплаб машҳур шоиру адиблар вояга етгани, уларнинг меросини ўқиб-ўрганиш бугунги ёшлар учун ҳар жиҳатдан зарур эканини қайд этишди. Анжуманда Президентимизнинг маънавиятга, маърифатга қаратаётган эътибори, хусусан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Адиблар хиёбони барпо қилиш ҳақидаги қарори барча зиёлиларни мамнун қилиб, ижодга бўлган қизиқишни янада кучайтирганига эътибор қаратилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигида бўлган учрашувда вилоят ҳокими, сенатор З.Рўзиев адабиётнинг инсон ҳаётида тутган ўрни катта эканлиги, масалан, маърифатли кишилар мамлакат тақдирига бефарқ қарамай, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, шу жиҳатдан мамлакатимиз адабий ҳаётида “Жаҳон адабиёти” журналининг мавқеи баландлигини таъкидлади. Ижодий учрашув иштирокчилари Қарши шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик лойиҳаси билан танишишди. Хусусан, Қашқадарё дарёси соҳилида барпо қилинган дам олиш маскани барчада катта таассурот қолдирди.

23 май куни Бухоро давлат университетида бўлиб ўтган учрашув ҳам қизғин фикр-мулоҳазаларга бой бўлди. Анжуманда университет ректори, техника фанлари доктори А.Тўлаганов, М.Аҳмедов, Ш.Ризаев, Б.Назаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ш.Сулаймон, Б.Назаров, Ш.Салимова, А.Шер, Н.Жабборов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таржимон М.Йўлдошев ва бошқалар сўзга чиқиб, Бухоро вилояти азал-азалдан маърифат, маънавият ўчоғи бўлиб келгани, бу заминда яшовчилар учун мутолаа доимий эҳтиёж эканини эътироф этишди.

Журнал ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган ижодий учрашувларнинг навбатдагиси Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтди. Унда маърифатга ошнолик, бадиий асар мутолааси инсон камолотига элтувчи энг тўғри ва ишончли йўл эканлиги, дунёда шарпадай кезиб юрган “оммавий маданият” аслида маърифатсизликдан келиб чиқаётгани, бинобарин, ёшларимизни маърифатли шахслар сифатида вояга етказиш ҳар бир зиёлининг зиммасидаги улкан масъулият ва шарафли бурч эканлиги ҳақида сўз борди. Адабий анжуманда сўзга чиққан университетнинг маънавий-маърифий бўйича биринчи проректори Алишер Эштоев, М.Аҳмедов, Ш.Ризаев, Б.Назаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов, филология фанлари доктори М.Холбеков, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Ф.Тошев, “Оқдарё овози” газетаси бош муҳаррири Й.Муҳаммадиев, М.Йўлдошев, У.Абдуазимова ва бошқалар юртимизда китобхонликка қаратилаётган эътибор ёшларни китобга қизиқтириш орқали миллий ғояларга содиқ, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга замин яратишини таъкидлаб, бу жараёнда сара бадиий асарларни эълон қилиб келаётган “Жаҳон адабиёти” журналининг аҳамияти катта эканлигини эътироф этишди.

Албатта, бундай ижодий учрашувлар изсиз кетмайди. Чунки тадбирларда шоир ва ёзувчилар, таржимон ва адабиётшунослар, қолаверса, журналхонлар нашримизни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Таҳририят таклиф-тавсияларни ўрганиб, келгусидаги фаолиятида фойдаланади. Зеро, ҳар бир адабий учрашувда юртдошларимизнинг адабиётга, ижодкорларга бўлган, хусусан, “Жаҳон адабиёти” журналига нисбатан юксак эҳтироми намоён бўлиб турдики, бу эътибор ҳар бир ижодкорга завқ, ижодий жамоага куч ва шижоат бағишлайди.

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi