“АДАБИЁТНИНГ ЎРНИ БЕҚИЁС”

violen_de_vilmor

Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Виолен де Вильмор хоним билан суҳбат

– Муҳтарама Элчи жаноби олиялари, аввало, келишувимизга кўра биз билан суҳбатлашишга вақт ажратганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, ўзбек ва француз халқлари ўртасидаги алоқалар анча узоқ тарихга эга. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI де Валуа давридаги ўзаро савдо-сотиқ ва дўстона муносабатларга оид ёзишмалар бу фикрни тасдиқлайди. Қолаверса, кейинги чорак аср давомида Ўзбекистон-Франция муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Кези келганда икки мамлакат ўртасидаги бугунги муносабатлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз. Алоқаларнинг қайси жиҳатларига урғу берилмоқда?
– Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг дипломатик фаолияти жудаям фаол. Франция билан муносабатларда яққол янгиланиш юз кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда иш фаолиятимни бошлаганимдан бери икки давлат вазирлари ўртасида камида бешта учрашув, Брюссель ва Гамбургдаги кўп томонлама учрашувлар, шунингдек, икки томонлама ташрифлар бўлиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Францияга 2017 йил март ойи охирида ташриф буюрди, Франциянинг собиқ Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро эса Тошкент шаҳрига 15–17 апрель кунлари келди. Ўзига кўрсатилган юксак иззат-икромдан мамнун бўлди ва тез орада Ўзбекистонга шахсий ташриф билан яна келишга ваъда берди. Ўзбекистон Мудофаа вазири ҳам Францияда бўлиб ўтган “Лё Бурже” кўргазмасига ташриф буюрди. Барча соҳаларда, жумладан, сиёсат ва хавфсизлик масалаларида, иқтисодий ва илмий, маданий ва таълим жабҳаларида ушбу алоқаларни жадал суръатларда давом эттириш ниятидамиз.

– Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистонда “Жаҳон адабиёти” журналининг йигирма йиллиги кенг нишонланмоқда. Ўтган йигирма йил мобайнида журналда дунё адабиётининг сара намуналари мунтазам эълон қилиб келинди. Улар орасида, шубҳасиз, салмоқли ўринни француз адибларининг асарлари эгаллайди. Жумладан, журналимизда Франсуа Рабле, Виктор Гюго, Оноре де Бальзак, Гюстав Флобер каби адибларнинг қатор роман ва қиссалари, Шарль Бодлер, Эмиль Верхарн, Артур Рембо ва бошқаларнинг шеърлари, Жан-Жак Руссо, Ролан Барт, Андре Моруа каби файласуфлар, адабиётшунос, эссенависларнинг рисолалари, эсселари чоп этилган. Бу жараён айни кунларда ҳам давом этяпти. Масалан, Жорж Санднинг “Индиана” (француз тилидан Юсуф Хушвақтов таржимаси), Патрик Модианонинг “Тўй саёҳати” романи (француз тилидан Шоазим Миноваров таржимаси), Виктор Гюгонинг “Париж Биби Марям ибодатхонаси” романи (рус тилидан Баҳодир Зокир таржимаси) эълон қилинди. Муҳими, ўқувчиларимиз бу асарларга қизғин муносабатини билдириб келади.
Шу ўринда замонавий француз адабиёти намояндалари фаолиятига тўхталсангиз. Ижодкорлардан кимларнинг номларини алоҳида тилга олган бўлардингиз?
– Француз адабиётига нисбатан бу қадар қизиқиш ва рағбатни юксак қадрлайман. Замонавий француз адабиёти вакилларига келадиган бўлсак, Француз академияси аъзоси Амин Маалуфнинг ажойиб асари “Самарқанд” ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Ушбу асар ўзбек тилига таржима қилинган, унда буюк олим, файласуф ва шоир Умар Хайём ҳаёти бадиий акс эттирилган, шу жараёнда Ўзбекистоннинг дунё цивилизациясига қўшган тарихи ҳам қизиқарли йўсинда ҳикоя қилинади.

– Фикрингизга қўшиламан. “Самарқанд” романи айнан “Жаҳон адабиёти” журналида, 2003 йил 3-сонидан бошлаб эълон қилинган. Ундан аввалроқ эса, журналимизнинг 1999 йил 8-сонида ушбу асар ҳақида Ж.Саримсоқовнинг “Сувга чўккан рубоийлар” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган. Яна сўрамоқчи эдим: жаҳон адабиётидан кимларни қадрлайсиз? Сизни қайси асарлар такрор-такрор мутолаага ундайди?
– Жаҳон тарихида из қолдирган мумтоз адабиёт намояндаларининг асарларини мунтазам ўқиб бориш лозим, бу ҳамма учун фойдали. Менинг ҳам ижодини завқ билан такрор-такрор мутолаа қиладиган муаллифларим бор. Афлотун, Ҳюго шулар жумласидан.

– Фаолиятингиз давомида ўзбек адабиёти билан қай даражада танишдингиз? Адибларимиздан қайсиларининг ижоди маъқул келди?
– Алишер Навоий асарлари мени мафтун этди. Яқинда француз тилига таржима қилинган жудаям ажойиб ҳикоя ва эртаклардан иборат тўпламлар билан танишдим. Улардан бири Шамсиддин Йўлдошев таржима қилган, Ойбек Остонов нашрга тайёрлаган китоб, иккинчиси эса болаларга мўлжалланган бўлиб, Садоқат Қўчқорова ва Элизабет Люка қаламига мансуб. Айни пайтда мен машҳур ёзувчи Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини ўқияпман. Бу асар менга ҳақиқатан ҳам катта завқ бағишлаяпти. Бундан ташқари, Ҳамид  Ғуломнинг бир асарини ўқиш ниятидаман. Бу ёзувчини ўзим учун кашф қилганимдан мамнунман.

– Бугунги кунда мамлакатингизда китобга муносабат, умуман, китобхонлик даражаси қандай? Махсус китобхонлик байрамлари ўтказиладими? Ёшлар китобни афзал кўрадими ёки замонавий техника-технологияларни?
– Романнавислар ва автобиографик асарлар муаллифлари ҳеч қачон бугунчалик кўп бўлмаган. Шунга қарамасдан илмий мақолалар ва янгиликлар, айниқса, интернет ва телевидение хабарлари тезкорлиги билан адабиётни иккинчи ўринга суриб қўймоқда.
Ҳақиқатан ҳам, эрмак учун китоб ўқишни кино ёки видеоўйинларга алмаштириш мумкин бўлса-да, адабиётнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди, чунки у фикрлашга, мулоҳаза ва туйғуларни таҳлил қилишга ундайди, бошқаларнинг ҳаётидан келиб чиқиб ўз тажрибасини бойитишга ёрдам беради. Бундай имконият фақатгина ўқувчилар, адабиёт шайдоларида бор. Биласизми, уларни илм ва журналистика соҳасида ишлайдиган инсонлар орасида ҳам, адабиёт мутахассислари орасида ҳам учратиш мумкин. Ёшидан қатъи назар!
Францияда адабиёт соҳасида кўплаб мукофотлар таъсис этилган, жумладан, машҳур Гонкур мукофоти, Ренодо мукофоти ва ҳоказо. Баъзи ёш адибларнинг асарлари бадиий баркамоллиги билан одамни лол қолдиради! Улар йилда бир марта Версалда бўлиб ўтадиган Китоб кўргазмасида иштирок этишади, асарлари телевизион мунозараларда шарҳланади, улар асосида кино яратилади…

– Францияда қайси адабий нашрларнинг ўқувчилари кўп? Дунё адабиётини тарғиб этувчи журналлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Францияда бу йўналишдаги иккита энг нуфузли журнални тилга олишни истардим: “Lire” (“Ўқиш”) ва “Magazine Littéraire” (“Адабий журнал”). Уларда янги бадиий асарлардан парчалар ва адабий-танқидий мақолалар чоп этилади, қисқа хулосалар қилинади, янги чиққан китоблар шарҳланади. Бу китобхонларнинг тафаккурини кенгайтиришга, китобхонлик даражасини оширишга хизмат қилади. Айни пайтда деярли барча журналларда кенг оммага мўлжалланган адабий рукнлар борлигини, уларда бадиий асарлар мунтазам эълон қилинишини ҳам қайд этиш лозим.

– Cиёсатшунос сифатида дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларга ҳам фикрингизни билмоқчи эдик. Тинчлик масаласининг қалқиб тургани, айрим мамлакатларда инсонларнинг ҳаловат билмаётгани ҳар бир кишини ташвишлантиради. Эртанги куни ёруғ бўлиши учун инсоният қайси йўлдан кетиши керак деб ҳисоблайсиз?
– Буюк давлатлар ўртасидаги кучлар мувозанати тўхтовсиз ўзгариб бормоқда. Ҳар доим ҳам буни вақтида тушуниш ёки мослашиш имконияти бўлавермайди. Баъзан жараёнлар тезлашиб боради ва кескин ўзгаришлар содир бўлади. 2008 йилги инқироз кейинги йилларда жиддий асоратларни қолдирган энг охирги мисоллардан биридир: муҳим ижтимоий ҳаракатлар, муросасизлик, популизм ва ҳалокатларга олиб келган тўқнашувларнинг кўпайиши, миграция ва террористик ҳаракатлар. Ҳар бир давлат ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаши ва тинчлик, жумладан, иқтисодий ривожланиш, таълим, халқаро ҳамкорликни сақлаб қолиш мақсадида йўналишни белгилаб олиши зарур. Бу ҳақда батафсил гапирмоқчи эмасман. Шунчаки менинг касбим зиддиятларни тушуниш, тушунтириш, музокаралар олиб бориш, уларнинг олдини олишга ҳисса қўшиш ва дипломатик, хавфсизлик, иқтисодий, маданий-гуманитар, барчага фойда келтирадиган соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришга интилишдан иборат эканлигини айтиб ўтмоқчиман. Ҳар ҳолда мен уни шундай тушунаман.
– Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, адабиёт соҳасидаги журналлар, жумладан, “Жаҳон адабиёти” журнали халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликка ҳисса қўшади.
– “Жаҳон адабиёти” журналига тилакларингиз.
– Тошкентга келишим билан “Жаҳон адабиёти” жудаям нуфузли журнал эканлигини тушундим. Кўплаб асарлар, жумладан, француз адибларининг таржима қилинган асарлари унда чоп этилади. Албатта, ушбу бадиий хазина ўқувчиларнинг интеллектуал юксалишига ҳисса қўшади. Журналнинг муваффақияти ва мазмунининг бойлиги Ўзбекистонда адабиётга бўлган эътиборнинг юқорилигини кўрсатади ва уни янада мустаҳкамлайди.
Маданият ва адабиёт соҳасидаги алоқалар халқлар ва давлатларни боғлаб турувчи кўприкдир. Уларнинг бир-бирини билиши ишонч ва дўстликка замин яратади. Ўзбекистонликларнинг француз маданияти ва адабиётига билдираётган катта қизиқишларини кўришдан мамнунман. Юзлаб француз адибларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинганини кўрдим. Бундай маданий алоқаларда “Жаҳон адабиёти”  журнали катта ўрин тутади. Яқинда журналда чоп этилган Модиано ва Дюманинг ўзбек тилига Шоазим Миноваров томонидан таржима қилинган асарлари юқорида айтганларимнинг тасдиғидир. Адашмасам, журналда Андрэ Жиднинг “Тор эшик” асарини чоп этиш режалаштирилган.
“Жаҳон адабиёти” жамоаси, жумладан, унинг раҳбари жаноб Ш. Ризаевга журналнинг 20 йиллиги муносабати билан самимий табрикларимни йўллайман. Журнал фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб қоламан.

Суҳбатдош – Отабек САФАРОВ

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi