ҚУТЛОВ

muqova_olti

Сунь ЛИЦЗЕ,
Хитой Халқ Республикасининг
Ўзбекистондаги Фавқулодда ва
Мухтор элчиси

Ўзбекистон Республикасидаги ХХР элчихонаси номидан ва шахсан ўз номимдан “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан чин қалбимдан табриклашга ижозат бергайсиз.
Ташкил этилган кундан бошлаб журнал ўқувчиларга жаҳон мумтоз адиб­лари асарларидан баҳра олиш имконини бермоқда. Журнал ўз вазифасига садоқат руҳида фаол меҳнат қиляпти, шу жумладан, 20 йиллик шонли сана муносабати билан Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва вилоятларида ижодий учрашувлар ўтказди. Журнал шарофати билан ўқувчилар жаҳон миқёсидаги ёзувчи ва шоирларнинг ижоди билан танишаётир, бу билан одамлар дунёқарашининг кенгайишига имкон яратилмоқда.
Шу нарсани таъкидлашни истар эдимки, ўзбек адабиёти оғзаки ва ёзма халқ ижоди асосида ривожланиб келган. Ўзбек халқ адабиётида “Тоҳир ва Зуҳра”, “Рустамхон” сингари эртак ва достонлар – фольклор асарлари муҳим ўрин тутади. Буюк Алишер Навоийнинг ижодий фаолияти, айниқса, ибратлидир, шоирнинг XV аср шоирлари машҳур тавсифларини ўз ичига олган “Мажолис ун-нафоис” китоби айрича аҳамиятга эга. Журналнинг ана шундай ўзбек мумтоз адибларига эътибор қаратаётгани чинданам қувончлидир. Яна шу нарсани кузатиш биз учун мароқлики, журнал ўз саҳифаларида Конфуций, Ли Бай, Мо Янь, Ма Чжиюань сингари таниқли хитой ёзувчи ва шоирлари асарларини ҳам эълон қилиб келмоқда.
Маълумки, сўнгги йилларда хитой-ўзбек муносабатлари жадал ривожланяпти. Иккала мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни Хитой Халқ Республикаси юксак баҳолайди. Хитой адабий муҳити “Жаҳон адабиёти” журналининг ғояларини фаол қўллаб-қувватлайди. Ишонаманки, журнал кенг омма қалбига чуқур кириб ва ўқувчиларининг дунёқарашини кенгайтириш баробарида икки мамлакат, халқлар ўртасида маданий ва дўстона ҳамкорликни янада ривожлантиришда жонбозлик кўрсатишда давом этажак.
Фурсатдан фойдаланиб, журнал таҳририяти ходимларига соғлик, бахт ва ижодий муваффақиятлар тилайман, журналингиз гуллаб-яшнайверсин, мухлислар сони ортаверсин!

Риза ҲУСАЙН БУХОРИЙ,
Покистон Ислом Республикасининг
Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси

Мамлакатингизда “Жаҳон адабиёти” номли журнал чоп этилаётгани, унда бутун дунё мамлакатларининг адабиётларидан сара асарлар танланиб ва таржима қилиниб, ўзбек тилида чоп этилаётганини кўпдан бери эшитиб келардим. Айнан бугун бу журналнинг айрим сонларини қўлга олиш шарафига муяссар бўлиб турибман. Маълум бўлишича, бундан илгари журналингизнинг қатор сонларида жонажон ватаним Покистоннинг адабий ва ижтимоий ҳаётига оид материаллар босилиб чиққан экан. Шунингдек, бир қатор покистонлик ёзувчи ва шоирларнинг асарлари катта маҳорат билан таржима қилиниб, журналда чоп этилганлигини эшитиб, ғоятда хурсанд бўлдим.
Адабий ва маданий алоқалар халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч руҳи ҳамда муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шак-шубҳасиздир. Жуда қадим замонлардан буён халқларимиз ўртасида давом этиб келаётган кенг қиррали ўзаро алоқаларнинг бугунги ривожига “Жаҳон адабиёти” журнали ҳам ўз ҳиссасини қўшаётганидан бошим кўкка етди. Ягона ниятимиз – Покистон-Ўзбекистон дўстлик алоқалари кундан-кунга мустаҳкамланаверсин!

* * *


Константин ЖГЕНТИ,
Грузиянинг Ўзбекистондаги
Фавқулодда ва Мухтор элчиси

Ҳурматли таҳририят!
Сизларни шонли сана – “Жаҳон адабиёти” журналига асос солинганининг 20 йиллик тўйи билан самимий қутлаймиз!
Бизнинг мураккаб, зиддият ва муаммоларга тўла давримизда мамлакатлар ва халқларни бир-бирига яқинлаштиришдек эзгу ишда маданий алоқаларнинг турли шаклларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Улар ичида адабиёт айрича роль ўйнайди, у маънавий-ахлоқий қадриятларнинг улкан хазинаси ўлароқ одамларнинг бошқа тамаддунлар ва маданиятларни ўрганишида ёрдам беради.
Мана, 20 йилдирки, бу олийжаноб ва савобли ишда “Жаҳон адабиёти” журнали сидқидилдан хизмат қилмоқда, бинобарин, у мустақил Ўзбекистоннинг бой тарихи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Ўқувчиларни, биринчи галда ўзбек ёшларини жаҳонга таниқли ижодкорларнинг энг сара асарлари билан таништирар ва ўзининг турли танланган олий мақсадли йўлидан оғишмай борар экан, “Жаҳон адабиёти” журнали ўз соҳасида адабиётга, гуманизм ғояларига ва бошқа умумбашарий қадриятларга садоқати туфайли етакчи нашрлардан бирига айланди.
“Жаҳон адабиёти” саҳифаларида чоп этиладиган хорижий муаллифлар орасида мумтоз ва замонавий Грузия адабиёти вакиллари номлари тез-тез кўзга ташланиб тургани, айниқса, шахсан мен учун ғоят қувончлидир.
“Жаҳон адабиёти”нинг бундан кейин ҳам обрўсига обрў қўшилишини, ўзининг фахрли вазифасини адо этиш чоғида янгидан-янги ғалабалар ёр бўлишини, унинг жамоасига эса ижодий ғайрат ва узоқ умр тилашимга изн бергайсизлар.
Сизларнинг ажойиб нашрингиз бундан кейин ҳам юксак бадиий-ахлоқий даражадаги янги ва қизиқарли асарлар билан ўзининг муттасил кенгайиб бораётган муштарийлар давраси кўнглини олишини тилаб қоламан.

* * *


Мосуд МАННАН,
 Бангладеш Халқ Республикасининг
Ўзбекистондаги Фавқулодда ва
Мухтор Элчиси

Менга “Жаҳон адабиёти” журнали ўзининг 20-йиллигини нишонлаётганлиги муносабати билан қутлаш имкони берилганидан бағоят мамнунман!
Қарийб чорак асрлик фаолияти давомида журнал ҳар доим адабиёт ихлосмандлари, шоирлар, ёзувчилар ҳамда олимларга уларнинг қизиқиш ва иштиёқларига ҳамоҳанг турфа асарларни баҳам кўриб келмоқда. Ўзбекистонда ўтказган тўрт йиллик фаолиятим мобайнида шунинг гувоҳи бўлдимки, мазкур даврий нашр дунёдаги турли ёзувчи ва шоирларнинг замонавий ҳамда классик асарлари билан боғлиқ масалалар бўйича жуда муҳим ва қизиқарли мақолаларни ҳам чоп этди.
Атоқли ўзбек шоири Мир Алишер Навоий таъкидлаганидек:

Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки, бу наф ўзингга кўпракдурур.

Журналнинг маънавий жабҳада кўрсатаётган жонбозлиги беиз кетмаслигига ишонаман.
“Жаҳон адабиёти” журнали Ўзбекистон халқининг ҳаётини акс эттиришда ҳам самарали ҳаракатларни амалга оширмоқда ва жамоатчиликнинг шуурини ёритиш, одамларнинг маънавий жиҳатдан ҳамжиҳатлигини таъминлаш борасида катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, журнал китобхонлар билан сирли сўзлар олами ўртасидаги кўприк вазифасини бажаряпти!
Мен “Жаҳон адабиёти” нашрига келгуси 20 йил мобайнида ҳам муваффақиятлар, янада кўп сонли мухлисларга эга бўлишини тилайман!

0 Menga yoqdi
1 Menga yoqmadi