ЗОМИНДА НАВҚИРОН АДАБИЁТ АНЖУМАНИ

zomin_manzarasi

Ижодкор зиёлиларимизнинг энг яхши асарларини юртимизда ва чет элларда тарғиб этишни биз маънавий-маърифий соҳадаги сиёсатимизнинг муҳим бир қисми сифатида давом эттирамиз. Айниқса, маданият, санъат, адабиёт ва матбуот оламига кириб келаётган иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга… алоҳида эътибор қаратилади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Юртимизда шундай гўшалар борки, уларнинг соф ҳавоси ва сўлим манзарасига қараб қалб туйғулари ўзидан ўзи қоғозга туша бошлайди. Худди тонгги шабнамга ўхшайди, сўзлаганинг сайин сайқал топиб илҳомга чорлайди.
Жиззах вилоятининг Зомин тумани Ўриклисой оромгоҳида ўша пайтлар Жиззах вилояти ҳокими, ҳозирда Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари билан ёш ижодкорлар анжумани бундан йигирма йил илгари иш бошлаганди.
Анжуманни ҳар йили мустақиллик байрами арафасида ўтказиш анъанавий тус олди. Семинарга Абдулла Орипов, Йўлдош Сулаймон, Жуманиёз Жабборов, Сафар Барноев, Турсунбой Адашбоев, Ҳалима Худойбердиева, Аҳмаджон Мелибоев, Александр Файнберг, Муҳаммад Юсуф ва бошқа устоз ижодкорларнинг бош бўлиши унинг файзини янада оширди. Кўплаб иқтидорли ёш қаламкашлар бу ерда ўз асарлари билан таниқли адибларнинг назарига тушдилар, уларнинг ютуқлари мамлакат миқёсида тан олинди. Бугун адабиётда ўз овозига, ўз ўрнига эга бўлиб улгурган Хосият Рустамова, Уйғун Рўзиев, Нодир Жонузоқ, Гулжамол Асқарова, Ориф Тўхташ, Воҳид Луқмон, Ғайрат Мажид, Адиба Умирова, Ойдиннисо, Гўзал Бегим, Шоди Отамурод, Муҳиддин Абдусамад, Шодмонқул Салом, Зуҳра Мамадалиева, Беҳзод Фазлиддин сингари ижодкорлар айнан Зомин семинарида кашф этилган эди.
Янгича руҳда иш бошлаган бу галги анжуман “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида Ватанимиз мустақиллигининг  26 йиллигига бағишланди. Адабий семинарда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган 70 га яқин ёш ижодкор қатнашди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва Жиззах вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Улуғбек Узоқов табрик нутқи билан очдилар.
5–7 июль кунлари адабий жанрлар бўйича ташкил этилган шўъбаларда семинарнинг асосий ижодий машғулотлари бўлиб ўтди.
Шеърият шўъбасида Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир, Энахон Сиддиқова, Наср шўъбасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари, ёзувчилар Абдуқаюм Йўлдошев, Тўлқин Ҳайит, Исажон Султон, Драматургия шўъбасида “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, драматург ва олим Шуҳрат Ризаев, Адабий танқид шўъбасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос олим Сувон Мели, Болалар адабиёти шўъбасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Бадиий таржима шўъбасида Ёзувчилар уюшмаси халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима кенгаши масъул котиби Адҳамбек Алимбеков ва таржимон Бегойим Холбекова семинар иштирокчилари билан ижодий машғулотлар олиб бордилар.
Анжуман сўнгида ёш ижодкорлар Президентимиз совғалари билан тақдирланди. Ўриклисой масканида адабий анъаналар давом этиши ёшларнинг адабий фаоллигини ва маҳоратини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Семинар қатнашчиларининг адабий муҳитдан куч олиб, ижодий баҳсларда туғилган фикр­лари келгусида яратилажак асарларига замин тайёрлайди.
Журналимизнинг кейинги сонида Зомин семинари кашф этган ёш ижодкорларнинг машқларидан намуналар берилади.

“АДАБИЁТ МАЁҚЛАРИ” АНТОЛОГИЯСИ

Мамлакатимиз ижод аҳли Зоминда ёш ижодкорлар анжумани ўтказаётган кунларда Тошкентдаги Гёте институтида яна бир адабий воқеа бўлиб ўтди. Бу ерда юртимиз адабиётсеварлари олмон ва ўзбек тилларида “Akademnasr” нашриёти томонидан чоп этилган “Адабиёт маёқлари”  антологиясининг тақдимотида қатнашдилар. Бу антология Гёте институтида жорий қилинган “Адабиёт маёқлари” лойиҳаси доирасида чоп этилган.
2016  йили  ушбу лойиҳа Германия ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги адабий мулоқотни ривожлантириш йўлида ташкил этилган. Лойиҳанинг мақсади – дастур иштирокчилари бўлган мамлакатлар, яъни Россия, Ўзбекистон, Украина, Беларус, Қозоғистон, Грузия китобхонларини германиялик замонавий муаллифлар ижоди билан таништиришдир. Германия ёзувчиларининг биринчи ижодий сафари 2016 йилда бошланган. Ўшанда Мартин Счойбле, Дагмар Леополд ва Маттиас Навратлар Россияда, Маттиас Юглер Ўзбекистонда бўлди (Мазкур ёш муаллиф ижоди ва фаолияти ҳақида журналимизнинг 2017 йил 1-сонида танишишингиз мумкин). Шунингдек, Свеня Лайбер ва Ян Вагнер Украинага ижодий сафар қилганлар, Клаудия Руш Грузияда, Грегор Зандер Беларусда ва Герт Ҳайденрайҳ эса Қозоғистонда бўлдилар.
2017 йил март–июнь ойларида Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари “Адабиёт маёқлари” лойиҳасининг беш нафар муаллифи Берлинда  Ванзее кўли бўйидаги Берлин Адабий коллоквиумида (Берлин адабиёт коллоквиуми – адабиётчилар, рассомлар, кенг ижод аҳли учун яшаш, ижод ва ўз ишини тақдимот этиш учун ажратилган платформа.  У Берлин ташқарисидаги Ванзее кўли ёқасидаги 1885 йили қурилган бинода жойлашган бўлиб, 1963 йили ташкил топган) ижодий сафарда бўлиб қайтишди. Гёте институти тайёрлаган дастур давомида улар Германия адабий муҳити билан яқиндан танишишди. Бугунги кунда фаол ижод қилаётган немис ёзувчилари билан учрашиб, адабий тадбирларда ва муаллифлик ўқишларида иштирок этишди. Ўзбекистонлик шоир ва таржимонлар  Абдулла Шер ва Аъзам Обидлар ҳам  мазкур лойиҳа доирасида Адабий коллоквиум меҳмонлари бўлишди.
Ўзбекистондаги Гёте институтининг филиали томонидан немис ва ўзбек муаллифларининг ҳикояларини ўз ичига олган “Адабиёт маёқлари” антологияси тақдимотида Абдулла Шер ва Аъзам Обид ўз асарларидан парчалар ўқиб беришди, шунингдек, Берлин сафаридан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Давронбек РАЖАБОВ
тайёрлади.

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi