СУРАТЛАРДА ИНСОН ҚИСМАТИ

muqova_olti

Буюк мусаввир  Рембрандт Хармен Ван Рейн (1606-1669) ижоди дунё рангтасвирининг чўққиларидан ҳисобланади. Мавзулар кенглиги, чуқур инсонпарварлик ғояси ва юксак маҳорат рассом феноменини белгилаб беради. Рембрандт мифологик,  диний, тарихий, шунингдек, оддий турмуш манзаларини тасвирловчи картиналар яратган. У пейсаж, офорт ва айниқса, портрет жанрида баракали ижод қилди, ҳар бир асарида инсон руҳияти, ботиний оламини ифодалашга интилди.
Рембрандт 1606 йил Голландиянинг Лейден шаҳрида тегирмончи оиласида туғилган. У дастлаб лотин мактабида ўқиди, кейинчалик ўз даврининг машҳур мусаввирлари Сванненбург ва Ластмандан сабоқ олди. 1625 йилдан Рембрандт мустақил ижодга қадам қўяди,  дастлабки изланишларида Ластман ва Караважо мактабининг таъсири яққол сезилади.
Ёш ижодкор тез орада ўз йўлини топиб олади. У ўзи ва яқинларининг суратларини чиза бошлайди, картиналарида ёруғлик ва соядан унумли фойдаланади. Инсон характеридаги эврилишлар, юз ифодалар ва бетак­рор индивидуалликни ўргана бошлади.
Рассом ижодини ватанида давом этиришни истайди ва 1632 йили Амстер­дамга кўчиб ўтади. “Доктор Тульпнинг анатомия дарси” (1632) номли асари билан  кўпчиликнинг эътиборини қозонади. Мазкур портретда докторнинг сўзларини диққат билан тинглаётган бир гуруҳ шифокорлар маҳорат билан тасвирланган. Мураккаб композицияга эга ушбу портретда турли инсонларнинг бири-бирига ўхшамас ички ва ташқи дунёси ўзига хос тарзда акс эттирилган.
Илк асарнинг муваффақиятидан сўнг ижодкорга кўплаб буюртмалар кела бошлайди. Рассом “Иброҳимнинг қурбонлиги” (1635) номли динамикага бой йирик полотно  яраади. Драматизмга бой образлар, башанг кийимлар, ёруғлик ва соя контрасти ҳамда ўткир ракурсларни ифодалаш Рембрандтга завқ бағишларди. Унинг муҳаббат билан яратилган “Саския портрети” (1634), “Автопортрет” (1634), “Саския билан автопортрет” (1636) асарлари бунга мисол бўла олади.
Рембрандт офорт жанрида ҳам сермаҳсул ижод қилди, жамиятнинг қуйи қатламларига бағишланган асарлар туркумини яратди.
1630 йилнинг охирларига келиб рассомнинг катта ҳажмдаги ишларида реализмга интилиши яққол сезила бошлади. Айиқса, унинг “Даная” (1636-1640) картинаси  таъсирчан композицияси ва ғаройиб ҳаётий ечими билан эътиборни тортади. Бу ўринда саёз кўтаринкиликдан воз кечган Рембрандт руҳиятни ифодалашга алоҳида эътибор қаратган.
1640 йилларда рассомнинг буржуа жамияти билан низо ва келишмовчиликлари авж олди. Лекин унинг ижодий камолоти айни шу паллага тўғри келади. Унинг асарларида энди жўшқинлик эмас, балки ҳамма нарсани ютиб юборувчи чорасизлик, доимий ва такрорий ҳаёт тарзи акс этарди. Унинг “Довуднинг Иофан билан видолашуви” (1642), “Муқаддас оила” (1645) картиналарида туйғулар авж пардаларда намоён бўлади.
Рассомнинг кейинги ишларини, асосан, яқинларининг портретлари ташкил қилади. У аёли Хендрике Стоффелс суратини бир неча марта чизган. Аёлдаги меҳрибонлик, кўнгилчанликни бўрттириб тасвирлашга уринади. Бунга унинг “Ойна олдидаги Хендрике” суратини мисол қилишимиз мумкин. Рассомнинг нимжон ўспирин ўғли Титус ҳам кўплаб суратларда кўриниш беради.
Рембрандт ҳаётининг сўнгги ўн йили фожиали тарзда кечди. Катта миқдордаги қарзларини узолмай, Амстердамнинг энг хароб даҳасида истиқомат қилади.  Бирин-кетин яқинларини йўқотади, рафиқаси ва ўғли вафот этади,  бироқ рассом бир лаҳза бўлсада ижоддан тўхтамайди.
Унинг оламшумул шуҳрат қозонган энг машҳур картинаси “Дайди ўғилнинг қайтиши” ҳисобланади. Мусаввир уни ҳаётининг сўнгги йилларида яратган. Бошидан жуда кўп азоб-уқубатларни кечирган, якунда тазарру қилиб отаси олдида тиз чўккан ўғилнинг афу этилиши рассомнинг энг олий инсоний туйғулари ифодаси эди.
Рембрандт кўплаб автопортретлар муаллифи сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Агар барча жанрдаги автопортретлари,  яъни чизматасвир, рангтасвир ва гравюрани қўшиб ҳисоблаганда, улар 60 дан ошади. Маълумотларга кўра, у ўз аксига соатлаб, ҳатто кунлаб тикилиб ўтирган, сўнгги ишларида ўзини аслидан кўра кексароқ тасвирлаган.
Муқовамиздаги сурат айнан шундай, яъни аслидан кўра анчагина кекса, ҳатто тус-қиёфа буткул бошқачадек таассурот уйғотадиган автопортрет бўлиб, у   1661 йили мойбўёқ ёрдамида холстга ишланган. Катталиги 114х91 ҳажмида. Мусаввир камдан-кам ҳолатларда ўзини иш устида тасвирлайди. Бу картина унинг шу тарзда ишланган иккинчи асари ҳисобланади. Рембрандт ушбу автопортретни яратар экан, аввалги асарларида қўллаган ифода услубларидан воз кечади. Ўзини ўта оддий тарзда акс эттиради. Бу ерда башанг кийим-кечаклар ва навқиронликни кўрмаймиз: рассомнинг чап қўлида палитра, мўйқалам ва муштабел (майда деталларни ишлашда керак бўлувчи ёғоч таёқча). Аммо қўл ва унинг пастки қисмига шунчаки ишора қилинган, яъни батафсил ишланмаган. Асосий эътибор бош қисмига қаратилган. Девордаги иккита ҳалқанинг маъноси эса ҳалигача аниқланмаган ва ҳамон баҳсларга сабаб бўлмоқда. Баъзилар халқалар  ернинг икки яримшарини ифодалайди деса, бошқалар шунчаки фонни жонлантириш учун қўйилган абстракт шакллардир, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, орқа муқовада рус рассоми Павел Чистяковнинг “Скрипка чалаётган бола”, француз рассомлари Поль Деларошнинг “Ёш Мартир”, Камил Коронинг “Клер Сеннегон портрети” асарларини кўришингиз мумкин. Муқовамизнинг ички саҳифасида америкалик мусаввир Эндрю Уайетнинг “Кристинанинг олами” номли картинаси ўрин олган.

Оловиддин СОБИР ўғли
тайёрлади

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi