Ш.М.МИРЗИЁЕВ Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир

shavkat_mirziyoyev

Шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Президенти  Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув  ўтказди. Ушбу учрашувда маданият ва санъат соҳасида юзага келган кўплаб муаммолар ўртага ташланди, айни пайтдаги  ижодий жараёнлар муҳокама қилинди.
Мазкур йиғилишда маданият, оммавий ахборот воситалари адабиёт ва санъат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида амалга ошириладиган кенг миқёсли ишлар хусусида сўз борди, ёш истеъдодлар тарбияси, маданиятимиз ва адабиётимизни ривожлантириш мақсадида  янги ғоя, ташаббус ва таклифлар билдирилди.
Қуйида Президентимизнинг ушбу маърузаларидаги айрим мулоҳаза ва фикр­ларидан кўчирмалар берилмоқда.

* * *

Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз.

* * *

Биз ҳозирги вақтда йирик бир лойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш бўйича катта ишларни бошлаб юбордик.
Бу марказ аввало халқимизнинг яратувчилик даҳоси билан бунёд этилган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларни кўзда тутади.

* * *

Яқинда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилдик. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Фанлар академияси қошида Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази тузилди.
* * *

Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони бунёд этилаётгани, у ерда адабиётимизнинг буюк намояндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилаётгани, шунингдек, Наманган вилоятида улкан маърифатпарвар Ибрат домла, Жиззах шаҳрида атоқли ижодкорлар Ҳамид Олимжон, Зулфия ва Шароф Рашидов, Хоразм вилоятида оташнафас ҳофиз Комилжон Отаниёзов, Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибройим Юсупов, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф хотираларини абадийлаштириш ишлари олиб борилаётганини қайд этиш лозим.

* * *

Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ.

* * *

Албатта, биз халқимизнинг маънавий камол топишида маданият намояндаларининг улкан хизматлари борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Юксак идеаллар йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш, ўзлигимизни англаш, ғурур ва ифтихор, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун бел боғлаб майдонга чиқиш – сиз, ижод аҳлига хос эзгу фазилат эканини ҳаммамиз яхши биламиз ва буни юксак қадрлаймиз.

* * *

Юртимиздаги бугунги ижодий муҳитни кузатсак, у қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандай, кўпчилик ижодкорларимиз ўз ташвиш ва муаммолари билан ўралашиб қолгандай таассурот қолдиради. Ҳолбуки, маданият ва санъат арбоблари ҳамиша жамиятнинг энг олдинги сафларида бўлиши, ўз асарлари, фаол гражданлик позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши, илҳомлантириши керак эмасми?

* * *

Азал-азалдан халқ ижод аҳлига жуда катта ҳурмат ва ишонч билан қараши сизларга яхши маълум. Русча ибора билан айтганда, уларга “властители дум”, яъни “жамият тафаккурининг эгалари” деган юксак баҳо бериб келиниши албатта бежиз эмас. Чунки, сизларга Яратганнинг ўзи шундай ноёб истеъдод ва салоҳият ато этганки, бундай хусусият, бундай фазилат ҳар кимга ҳам насиб этмайди.

* * *

Дейлик, 15-20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечади, бугун биз яшаётган Интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт ва санъат, маданиятимизнинг ўрни ва таъсирини нафақат сақлаб қолиш, балки қандай қилиб уни кучайтириш мумкин, деган тўғри ва одилона саволлар барчамизни, биринчи навбатда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириши зарур эмасми?

* * *

Айни пайтда, адабий-бадиий жараёнларда кўзга ташланаётган салбий тенденциялар, хусусан, маданият соҳасида тижоратлашув, шахсий манфаатнинг биринчи ўринга чиқаётгани, ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз асарларнинг бозори чаққон бўлиб бораётгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Афсуски, ижодий уюшмалар томонидан бундай ҳолатларга принципиал баҳо берилмаяпти, уларни бартараф этиш бўйича ҳар томонлама асосланган амалий таклифлар ўртага қўйилмаяпти.

* * *

Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган мана шундай қурувчи ва муҳандислар, дала заҳматкашлари ҳақида, жонкуяр муаллим ва шифокорларимиз, жасур ҳарбийларимиз, навқирон ёшларимиз эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида сизлар ёзмасангиз, Ватанимиз тарихининг бадиий солномасини сизлар яратмасангиз, ким яратади? Агар биз истеъдод ва маҳоратимизни шу муқаддас замин, шу олижаноб халқимиз учун сафарбар этмасак, ҳазрат Навоий айтмоқчи, бу ҳунарни асраб нима қиламиз, қаерга олиб кетамиз уни?

* * *

Биз бугун китобхонлик маданиятини ошириш, илмий, бадиий, сиёсий адабиётларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор беряпмиз. Аммо бу ишларни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширишимиз, бошлаган олижаноб ҳаракатимизни обрўсизлантиришга йўл қўймаслигимиз шарт.

* * *

Барчамиз, айниқса, бу ерда йиғилган ижодкор зиёлиларимиз, бизнинг қандай буюк ва шонли ўтмишимиз, қандай улуғ аждодларимиз борлигини яхши биламиз ва бу билан ҳамиша фахрланамиз. Мисол учун, биронта жангда енгилмаган буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темурни оламизми, алгебра фанига асос солган Ал-Хоразмийни оламизми, Колумбдан 500 йил олдин Американи кашф этган Беруний бобомизни оламизми, ўрта асрларда тиббиёт фанининг пойдеворини яратган Ибн Синони оламизми, астрономия соҳасида беқиёс кашфиётлар қилган Мирзо Улуғбекни оламизми – жаҳон цивилизацияси ва маданиятига улкан ҳисса қўшган бундай улуғ аждодларимизнинг ҳар бири ҳақида соатлаб гапиришимиз мумкин.
Лекин, холисона айтганда, кейинги пайтда ана шундай улуғ зотлар, улар қаторида Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мўъин Насафий каби азиз-авлиёларимиз, Алишер Навоий, Бобур каби шоир ва мутафаккирларимиз хотирасини кино экранларида акс эттириш учун бирон-бир арзийдиган иш қилдикми? Тан олиш керакки, йўқ.

* * *

Биз учун ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган яна бир ўта муҳим масала борки, унга алоҳида тўхталиб ўтишни зарур деб биламан. У ҳам бўлса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз, фарзандларимиз тарбияси билан боғлиқдир.
Буюк бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, бу масала биз учун ҳақиқатан ҳам ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир ва ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган, таъбир жоиз бўлса, масалаларнинг масаласидир.
Шу маънода, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши учун ижодий ташкилотларимиз ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқишлари давр талабига айланмоқда.
Биз бир нарсани ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур. Агар “оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан – Ғарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб,соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий.

* * *

Энг ёмони, бадиий ижод соҳасида жаҳолат кўринишлари кучайиб бормоқда.
Биз “жаҳолат” деганда одатда диний жаҳолат, ақидапарастликни тушунамиз. Лекин бугунги ҳаётий жараёнлар жаҳолат ҳамма соҳада ҳам учраши, агар унга қарши ўз вақтида кураш олиб борилмаса, ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Биз бугун жаҳолат деган балога иқтисодиёт соҳасида ҳам, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият тизимида ҳам, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида дуч келяпмиз ва бу иллат қўл-оёғимизда бамисоли кишан бўлиб турибди. Бу кишандан халос бўлмасдан туриб, тараққиёт ва ривожланиш ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмас.

* * *

Албатта, бундай муаммолар санъатни муқаддас деб биладиган устоз ижодкорларимизни ҳам қийнаётгани табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзбекконцерт” қошида “Ўзбекистон халқ артистлари” клубини ташкил этсак, нима дейсизлар?

* * *

Эстрада санъатидаги камчиликларнинг асосий сабаблари ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолган, десак, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат.
Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми?

* * *

Афсуски, бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клипларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолди. Ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган, очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам бизнинг фарзандларимиз, бизнинг миллатимиз вакиллари бўлса, деб ўйлаб қоласан киши.

* * *

Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз.

* * *

Маънавий ҳаётимизни янги, юксак босқичга кўтариш, авваламбор, Бастакорлар, Рассомлар, Театр арбоблари ва Журналистлар ижодий уюшмаларининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш, муносиб иш ва турмуш шароитини яратиб беришга хизмат қиладиган “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланганини маълум қилмоқчиман.

* * *

Бугун маърифатли дунёда шундай анъана мавжудки, йирик компаниялар, банклар, фирмалар маданий ташкилотларга ҳомийлик қилишни ўзлари учун шараф деб биладилар. Баъзан, қани эди, бизда ҳам шундай ҳомийлар кўпайса, деб орзу қиламан.
Аждодларимиз ўз даврида яратган илмий ва ижодий мактабларнинг вужудга келишида аввало ана шундай маърифатпарвар ҳомийларнинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамият касб этгани яхши маълум.Шундан келиб чиққан ҳолда, яна бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари”ни ташкил этсак, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириб қўйсак, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйсак, нима дейсизлар?

* * *

Яқин келгусида Зомин ва Паркент туманларининг сўлим ва хушманзара, илҳомбахш ҳудудларида ижодкор зиёлиларимиз учун замонавий ижод уйлари – коттежлар қурилиши режалаштирилмоқда. Бу коттежлар ижодий иш учун маълум муддатга ижарага берилади. Уларга йўлланма билан борадиган адиб ва санъаткорларимиз ҳам ижод қилади, ҳам ёшларга маҳорат сирларидан сабоқ беради, деб умид қиламиз.

* * *

Маълумки, бир вақтлар Ўзбекистон Миллий университети қошида Олий адабиёт курси ташкил этилган эди. Ҳозирги вақтда унинг фаолияти нима учундир тўхтаб қолган. Сабабини суриштирсак, ушбу курс битирувчиларига тегишли давлат гувоҳномасини бериш масаласида муаммо бўлган экан. Мен ўйлайманки, бу курс ёш истеъдод эгаларини тарбиялаб вояга етказишда жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бу масалани ўрганиб, тегишли таклиф киритишини сўрайман.

* * *

Ижод аҳлини қийнаб келаётган муаммолардан бири – бу уй-жой масаласи билан боғлиқ. Мана шу долзарб муаммони ечиш учун Тошкент ва Нукус шаҳарларида, барча вилоятлар марказларида имтиёзли кредит асосида “Ижодкорлар уйлари” барпо этилиб, бу уйлардан адиблар, рассомлар, актёр ва режиссёрлар, композиторлар, маънавият тарғиботчилари, оммавий ахборот воситаларининг фаол вакилларига, шу жумладан, истеъдодли ёш ижодкорларга квартиралар ажратилади.

* * *

Миллионлаб одамларнинг эътиборида бўлган, маданият, адабиёт ва санъат деган муқаддас даргоҳга қадам қўйган ҳар бир ижодкор, ҳеч шубҳасиз, аввало ўз халқининг қалбига қулоқ солиб, унинг дардига дармон бўлишга интилади. Сизларнинг барчангизни мен ўз ижодий фаолияти билан мана шундай ҳаётий эътиқодга умрбод амал қилиб келаётган фидойи инсонлар, деб биламан.
Мен шу ўринда аввал билдирган бир фикримни яна такрор айтмоқчиман. Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади.

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi