ШАМСИРЎЙ ҲАСАНОВА: РАНГЛАРДАГИ ИШҚ САРГУЗАШТИ

shamsaruy_hasanova

Ўзбекистон тасвирий санъати тарихида Шамсирўй Ҳасанова биринчи ўзбек профессионал аёл рассоми сифатида эътироф этилади.
У 1917 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Онаси – каштадўз, отаси эса ёғоч ўймакор ва ганчкор уста бўлган. Бўлажак мусаввира 1933 йили ўрта мактабни тугатиб, П.П.Беньков номидаги рассомлик билим юртига ўқишга киради. Мазкур даргоҳни 1938 йилда муваффақиятли тамомлаб, меҳнат фаолиятини Ўзбекистон давлат санъат музейида бошлайди. Шахсий қайдларида рассом шу музейни ўзи учун бутун ижоди давомида илоҳий мактаб бўлганини таъкидлаган. Музейда ишлаш жараёнида у нафақат миллий тасвирий санъат ва унинг намояндалари, балки жаҳон тасвирий санъати дурдоналари билан ҳам яқиндан танишади.Экскурсия олиб борувчи ходимдан  музей директоригача бўлган лавозимларда ишлайди.
Айни чоғда Шамсирўй Ҳасанова Ўзбекистон халқ рассоми,  маҳобатли рангтасвир устаси Чингиз Аҳмаровнинг рафиқаси эди. 1950 йилнинг кузида улар турмуш қуришган.
Шамсирўй Ҳасанова тақдир тақозоси билан узоқ яшамади (1917-1956), бор-йўғи 39 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этди.
Шамсирўй Ҳасанованинг тарихий сиймолар образи акс эттирилган  машҳур асарлари бугунги кунда ўзи раҳбарлик қилган Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланмоқда. Булар Зебуннисо, Нодира, Мутриба, Увайсий каби давлат арбоблари ва шоираларнинг тимсоли бўлиб, улар рассом  тасаввурининг маҳсули ҳисобланади. Шу боис ҳеч иккиланмай, ушбу ижод намуналарини портрет жанрига мансуб десак, хато бўлмайди.  Чунки, портрет – бирон кишига (моделга) қараб чизилади.Мусаввиранинг асарларини кузатар эканмиз, биронтаси тугалланмагандек таассурот уйғотади. Яратилган йили турлича бўлса-да, гўё бир вақтда чизилгандек…
1944-45 йилларда Шамсирўй Ҳасанова Нодира портретини яратади. Шу кезлари у мумтоз шоиранинг ижоди билан жиддий қизиққан эди. Порт­ретда дастгоҳли рангтасвир ва Шарқ миниатюрасининг илғор анъаналари уйғунлигини кўриш мумкин. Ушбу асар устида муаллиф узоқ изланишлар олиб борди,  қаҳрамонининг чеҳраси, шакл-шамойили, бош, қўл пластикасининг мукаммал чиқиши учун кўплаб этюдлар, хомаки қораламалар чизди.
Шоиранинг сиймоси аниқ контур чизиқларда берилиб, ўйноқи ранглар орқали Нодира лирикаси бор бўй-басти билан кўз олдимизда гавдаланади. Бир томондан бу усул портретдаги қаҳрамоннинг ички дунёсини очиб берса, иккинчи жиҳатдан асарга шарқона руҳ бағишлайди.
Зебуннисо портрети эса 1946 йилда яратилган. Унда шоира қиёфаси бошдан-оёқ табиат фонида тасвирланган. Бир қарашда бу иш бошқа маҳобатли (монументал) деворий сурат учун яратилган хомаки эскизга ҳам ўхшаб кетади. Фикримизча, асарнинг пластик ечимига Ш.Ҳасанованингтурмуш ўртоғи Чингиз Аҳмаров ижоди сезиларли таъсир кўрсатган. Чунки асар учун танланган бадиий образ дастгоҳли картинадан кўра кўпроқ маҳобатли рангтасвирга хос. Чингиз Аҳмаров эса айнан маҳобатли рангтасвир устаси эди.
Зебуннисо портретида шоира бир қўлида қўлёзма тутиб, иккинчи қўлининг кўрсаткич бармоғини юзига яқинлаштириб, хаёлан йўлда давом этаётган ҳолатда тасвирланган. Тушунамизки, бу вариант шоира портретининг 1943 йилда яратилган аввалги талқинидан шаклан ва мазмунан ажралиб туради (биринчи портретда шоира бел қисмигача тасвирланган эди).
Юқоридаги портрет қаҳрамонлари турли даврларда яшаган бўлса-да, уларнинг барчасини тематик жиҳатдан ягона ип боғлаб туради. Бу – мардонавор Шарқ аёлининг маънавий озодлигидир.
Журналимиз муқовасида акс этган Шамсирўй Ҳасанова автопортрети алоҳида эътирофга молик. Унда ижодор ўз чеҳрасини романтик руҳда тасвирлашга эришган ва одам анатомияси, академик қаламтасвир борасидаги билимларини кўрсата олган.
Портретнинг яна бир муҳим жиҳати – фигурани холст юзасига жуда қизиқарли жойлаштирилиши билан изоҳланади. Аёлнинг торси бир томонга қия қилиб, нигоҳи ён тарафга қаратилган. Рассом ён қисмдаги бўшлиқни бошқа рассомлар каби текис қолдириб, фазони кенгайтиришга ҳаракат қилмайди. Аксинча, фонни ҳали тугалланмаган картина билан тўлдиради. Бу билан тасвирланган чеҳранинг касб-кори ҳақида томошабинда муайян таассурот уйғонади.
Бу янги топилма билан Шамсирўй Ҳасанова портрет жанри табиатини ўзининг ижодий изланишлари билан бойитиб, соҳадаги мавжуд анъаналарни бир поғона юқорига кўтаради.
Бу йил биринчи ўзбек аёл мусаввираси Шамсирўй Ҳасанова таваллудига 100 тўлди.  Ижодкор ўзининг қисқа умри давомида гўзал асарлар яратди,  камтарона ижоди билан Ўзбекистон дастгоҳли рангтасвирига  муносиб ҳисса қўшди. Санъаткор қолдирган бой маданий мерос ҳали узоқ йиллар санъат муҳибларини гўзалликка чорлаб, бадиий ва эстетик дидини шакл­лантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Равшан ФАТҲУЛЛАЕВ,
санъатшунослик фанлари номзоди

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi