УЛАР ҲАМ ШУ ОЙДА ТУҒИЛГАНЛАР...

taqvim_oyi

2 сентябрь

1926-1994 йиллар. Евгений ЛЕОНОВ, машҳур рус кино ва театр актёри, Россия Федерацияси давлат мукофоти соҳиби (1992), Халқ артисти (1978). Актёр “Омад кулиб боққанда”, “Омадли жентльменлар”, “Кин-дза-дза”, “Биринчи хабарчи”, “Адабиёт дарси”, “Катта танаффус”, “Мимино”, “Гугуртга кетиб” каби кўплаб фильмларда суратга тушган. Евгений Леонов “Кузги марафон” фильмидаги энг яхши эркак роли учун Венеция ва Сан-Себастян кинофестиваллари мукофоти билан тақдирланган.

6 сентябрь

1926-1997 йиллар. Синъити ХОСИ, япон фантаст-ёзувчиси, у умри давомида мингдан ортиқ асар ёзган, шу сабабли уни “қисқа ҳикоялар қироли” деб аташади.  Унинг “Самовий саркарда”, “Хокусая вақти”, “Юлдузлар исми”, “Япония сотилади”, “Гумон қилинмаган” каби ҳикоялар тўплами нашр этилган.

8 сентябрь

1830-1914 йиллар. Фредерик МИСТРАЛЬ, франциялик шоир, Нобель мукофоти лауреати (1904). “Мирей”, “Календал”, “Нерто” каби поэмалар, “Олтин орол”, “Зайтун терими” шеърий тўпламлари ҳамда “Қиролича Анна” пьесалари муаллифи.

10 сентябрь

1897-1955 йиллар. Маннон УЙҒУР, таниқли театр арбоби, машҳур режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти (1932),  “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби (2001). “Туркистон табиби”, “Фоний уй”, “Ўн икки соатлик ҳокимият” пьесалари муаллифи. М.Уйғур “Бой ила хизматчи”, “Алишер Навоий”, “Заҳарли ҳаёт”, “Туҳматчилар жазоси”, “Аршин-мол-олан”, “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Ҳамлет”, “Отелло”, “Ревизор” каби спектаклларни муваффақиятли саҳналаштирган.

11 сентябрь

1862-1910 йиллар. О’ГЕНРИ – тахаллуси, асл номи Уильям Сидни Портер,  америкалик атоқли ёзувчи. “Ёнаётган шам”, “Ғарб қалби”, “Ёқимтой ўғри” сингари ўнлаб новеллалар муаллифи. “Қироллар ва карам” саргузашт-юмористик романи ҳамда “Тўрт миллион” номли ҳикоялар тўплами адибга оламшумул шуҳрат келтирган. Ўзбек ёш тамошабинлари суюб кўрган “Ишбилармон кишилар” фильми сюжетлари О.Генри ҳикоялари асосида суратга олинган.

15 сентябрь

1789-1848 йиллар. Жеймс Фенимор КУПЕР, америкалик машҳур ёзувчи. “Эҳтиёткорлик”, “Жосус”, “Сўнгги могикан”, “Чўл”, “Изқувар, “Чингачук – улкан илон”  “Лоцман”, “Бостон қамали”, “Қаддингни ур”, “Гейденмауер ёки Бенедиктликлар”, “Жаллод ёки узумзорлар аббатлиги” ва бошқа романларида Америка ҳиндуларининг ҳаёти, ватанпарварлиги тасвирланган.  Купер ўттиздан ортиқ роман, саёҳатномалар ҳамда бир неча жилддан иборат публицистик асарлар муаллифи ҳамдир. Адиб асарлари жаҳондаги кўплаб тилларга таржима қилиниб, улар асосида кинофильмлар ишланган.

1254-1324 йиллар. Марко ПОЛО, италиялик машҳур сайёҳ. У Яқин Шарқ, Ўрта Осиё, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Африкага қилган саёҳатлари таассуротларини “Дунёнинг ранг-баранглиги ҳақида китоб” номи билан чоп эттирган. Ушбу саёҳатномада Ўзбекистон ҳудудидаги Бухоро, Самарқанд ва Қўқон шаҳарлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар бор. Бундан ташқари, сайёҳнинг “Дунё мўъжизалари” китоби тарихий тадқиқотларни ўрганишда муҳим манба сифатида аҳамиятлидир.

1904-1952 йиллар. Наби ҒАНИЕВ,  миллий ўзбек киносининг асосчиларидан бири, таниқли кинорежиссёр, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” (1944). “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби.  У ўзи яратган “Юксалиш”, “Рамазон”, “Йигит”, “Насриддин Бухорода”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Фарғона қизи”, “Қорақалпоқлар диёрида”, “Ўзбек рақси усталари”, “Фарғона водийси” каби бадиий ва ҳужжатли фильмлари билан ўзбек кино санъатига муносиб ҳисса қўшган.

20 сентябрь

1934 йил. Софи ЛОРЕН, машҳур итальян актрисаси ва қўшиқчи. Канн, Венеция, Москва ва Берлин каби кўплаб кинофестиваллар мукофоти совриндори. “Олтин глобус”нинг беш карра совриндори. “Оскар” мукофоти соҳибаси (1962). “Итальянча никоҳ”, “Чочара”, “Кеча, бугун, эрта” “Кунгабоқар” каби кўплаб фильмларда роль ижро этган. Софи Лорен  65 ёшида “Дунёнинг энг жозибали аёли” мақомига эга бўлди. Актриса Америка кино санъати институти томонидан тузилган кинематография тариxидаги энг буюк 25 актриса қаторига киритилган.

21 сентябрь

1947 йил. Стивен КИНГ, фантастика, мистика, триллер ва драма жанрида ижод қилувчи машҳур америкалик ёзувчи. 50 дан ортиқ роман, юзлаб қисса ва ҳикоялар муаллифи. Унинг асарлари асосида суратга олинган машҳур “Рита Хейворд ёхуд Шоушенкдан қочиш”, “Яшил миля”, “Нурланиш” ва жорий йилда экранларга чиққан “Қоронғу минора” ва “У” каби фильмлар адибга шон-шуҳрат олиб келди. Кинг ёзувчилик фаолиятини бошлагандан бери унинг китоблари 350 миллиондан кўпроқ нусхада сотилган.

23 сентябрь

1123-1197 йиллар. Бурҳониддин АЛ-МАРҒИНОНИЙ  АР-РОШИДОНИЙ, ҳанафий мазҳабидаги буюк фақиҳ. У фиқҳ бўйича ўндан ортиқ қимматбаҳо асарлар яратган. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ҳар бир давр учун аҳамиятли бўлган ҳуқуқий масалаларни тартибга солиб берган. Ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ҳидоя фил-фуруъ ал-фиқҳ” бўлиб дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

29 сентябрь

1547-1616 йиллар. Мигель де СЕРВАНТЕС, таниқли испан ёзувчиси, шоири ва драматурги. “Галатея” романи билан танилган. Унинг “Дон Кихот” романи Ғарб адабиёти классикаси ҳисобланиб, 65 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Ушбу роман асосида жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида саҳна (опера, балет, драма), кино (кинофилм, телесериал), мусиқа (фантастик вариациялар) ва тасвирий санъат (ҳайкал ва бошқалар) асарлари яратилган. “Панднома ҳикоялар” ва “Парнасга саёҳат” достонларини ёзган. “Персилес ва Сихизмунданинг саргузаштлари” номли роман адибнинг сўнгги асаридир.

30 сентябрь

1207-1273 йиллар. Мавлоно Жалолиддин РУМИЙ, буюк мутафаккир ва тариқат алломаси. Румийнинг илмий-адабий мероси форс тилида ёзилган бўлиб, унинг шеърий асарлари, асосан, “Девони кабир” (“Улуғ девон”)га жамланган. Девонда ғазал, рубоий ва маснавий шаклларида ёзилган уч мингдан ортиқ шеърлар бор. Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат “Маснавийи маънавий” асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуа “Форсий Қуръон” деб ҳам аталади. Румийнинг кўпгина асарлари ўзбек тилида нашр этилган.

Жамила АСҚАРОВА
тайёрлади

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi