Евгений Евтушенко[1] (1933–2017)

yevgeniy_yefteshonka

ХХ асрнинг атоқли шоирларидан бири Евгений Евтушенко 1933 йил 18 июлда Иркутск вилоятида дунёга келган. Унинг “Келажак разведкачилари” номли биринчи шеърий китоби 1952 йилда нашр қилинган. “Учинчи қор”, “Ташаббускорлар кўчаси”, “Назокат”, “Братск ГЭСи”, “Оппоқ қор ёғяпти”, “Қозон дорилфунуни”, “Ишқий лирика”, “Эрталабки халқ” каби тўпламлари ва достонлари нашр этилган.

Е.Евтушенко 2017 йил апрель ойида АҚШнинг Оклахома штатида вафот  этди.   

 

* * *

 

Шоирлар шеърларин кетмайди ташлаб,

Шеърлар шоирларин этадилар тарк.

Қўрққанидан  улар елканни кесиб,

Сувга бирданига бўладилар ғарқ.

 

Аянч тақризларнинг  уюми ила

Кимдир ачомлашиб отаркан хуррак.

Бировларнинг тирноқ арраларида

Елкан  аллақачон кесилган, демак.

 

Шеърларда ўзининг нуқтаси турмас,

Ҳамда муаллифлик  номи-насаби.

Улар ўз сатрига хоин бир нокас,

Мукаммаллик эмас улар матлаби. 

 

Аллақайсиларнинг кенгайган тани,

Тўнғиз ёғидайин тўнғиган қотиб.

Шеърлар ўзимники дея ҳаммани,

Инонтирмоқ бўлар терларга ботиб.

 

Кесилган елканлар эмасдир байроқ,

Аввалги хизматлар  ўтмас ҳисобга.

Аммо бизлар учун энг даҳшатлироқ,

Айланганда шоир ночор косибга. 

       Миннатдорлик

                                                                                                М.В.

 

Аёл деди: “Ухлаб қолди  ўғилчам”–

Бола каравотин пардасин  тортди.

Ўнғайсизлик ила ўчириб чироқ,

Қабосин ғижимлаб курсига отди.  

 

“Билсанг мени эҳ, кўп куйдирди ҳаёт,

Озиб қолмасайдим ақлимдан ногоҳ,

Юбкадаги эркак, юк ташувчи от,

Аёл бўлдим яна, оғушингда, оҳ”.

 

Мендан лозим эди миннатдор бўлмоқ,

Ожиз шу хилқатдан  ахтарган нажот,

Қорга яширинган  қашқирдай бироқ,

Аёл тўшагига буркандим, ҳайҳот.

 

Бўривачча каби афтода, қувғин –

Аёл кўз ёшлари юзимга оқди.

Миннатдор нигоҳга тоб  беролмайин

Уятли қалтироқ ичимни ёқди. 

 

Келди қофиялар билан  ўрагим,

Гоҳ оқариб, гоҳо юз ёниб лов-лов.

Эркаклигим ва эркалашим учун,

Аёл раҳмат, дея тўларми тўлов.

 

Нечук юз бермоқда дунёда бу ҳол,

Аёл мақомини  қўйдик унутиб.

Ерларга пастлатиб, оқибат, алҳол,

Хотинни эркакка баравар этиб.

 

Аёл нигоҳлари ним қоронғида

Шамчироқ сингари липиллар беун,

Керакмаскан кўп нарса, Худойим,

Аёл ўзин аёл санаши  учун.

 

 

* * *

 

Айтдим қанча ақлли гаплар,

Силаб-сийпаб елкангни бир-бир.

Йиғлаганча  гўдакдан баттар,

Дединг: “Сени севмайман, ахир”.

 

Беҳудадир қол, деб ёлвориш,

Ёмғир кечиб кетдинг мардона.

Гоҳ шитоб-ла тортди ёмғирпўш,

Гоҳ ёнингда бўлди парвона.

Тому девор – бераҳм бари,

Уйлар узра   кафтини очган

Телевизор антенналари,

Ўхшаб  Исо тортилган хочга.

 

 

* * *

 

Ёдимда, ёдимда – гувоҳ Худойим, –

Сенсизликда итдай  увиллаб ўтдим.

Қачонки илк бора учратдим моҳим,

Мен унутдим. Барчасини унутдим.

 

Чўчибми ўсмирдай бу ҳароратдан,

Ногоҳ  толиқишми юзимда кечган.

Изғирин шамолдай бу башоратми,

Қисмат  ёзуғини билган азалдан?

 

Ўтмиш учрашувлар келтирган  алам,

Йўқолиб кетгайдир малолсиз мутлоқ.

Энди унутганим кўп-кўп хотира,

Мени унутгандир атайин қасднок.

 

Демам ҳеч бирига: “Тирил, кўрайин”,

Аммо шивирлайман ўтиниб такрор:

“Айтгин, ахир қандай жудо бўлайин,

Ҳали учрашмадик сен ила дилдор”.

 

 

* * *

 

Кўкдан  тушди олма заминга ларзон,

Ёки ташладими нобакор шайтон?

Фаришта қаноти силкдими шохни,

Ё булбул тумшуғи  туртди бутоқни? 

 

Ерларга урилиб тани бешафқат,

Атрофга сачратиб  шираю шарбат.

Донлари ичида жаранглаб шу чоқ,

Менга ёлворарди: “Олсанг-чи тезроқ”.

 

Шабнамда ётарди ярқираб олма,

Мисоли бир гўзал, беллари толма.

Ором олар эди руҳи, вужуди,

Улкан сайёрада сайёра митти.

 

Олма ёриғига бегидир, бекин,

Кирди мазахўрак бир ари лекин.

Олмани авайлаб олиб шу дамда,

Ари билан олиб кирдим хонамга.

Ари кўтарилиб олмадан шу он,

Ғўнғиллаб куйлади ўзича чунон.

Ўшал афсонавий ажиб ўтмишдан,

Мени ҳам бебаҳра қолдирмай нишдан.

 

Токи оғриқлидир вақт ниши қанча,

Мангулик лаззати шириндир шунча.

 

 

* * *

 

Эҳтимол, кунимнинг оқимларида

Бийрон тилларимдан бўларман жудо.

 

Йилларнинг бешафқат рақамларида,

Биламан, ўзим ҳам бўларман адо.

 

Эҳтимол, асрлар тўлқинларида

Ҳатто  кимлигимни ҳамма унутар.

 

Аммоки кунларнинг оқимларида

Уялиб яшамоқ ўлимдан баттар.

 

Одамлар йилларнинг оқимларида

Икки юзли  дея гапирмасинлар.

 

Асрларнинг адл одимларида

Авлодлар қабримга  тупурмасинлар.

 

 

ХУДОЙИМ

 

Худойим, сўқирга қайтар кўзини,

Букри  қоматини  айлагин  расо.

Худойим, Худодай кўрай ўзингни,

Хочларга Ўзингни  осмагин аммо.

 

Худойим, мансабга қўймайин ихлос,

Қаҳрамон бўлмайин ясама, сохта.

Бой бўлай, ўғирлик мол билан эмас,

Ҳаппа-ҳалолидан берса, албатта.

 

Худойим, майлига, нон бўлай оппоқ,

Илиб кетишмасин олғирлар аммо.

Қурбон-да бўлмайин, бўлмайин жаллод,

Бўлмайин бойвачча, бўлмайин гадо.

 

Худойим, кам бўлсин йиртиқ яралар,

Катта муштлашувлар авж олгани чоғ.

Худойим, турфа хил мамлакатлар бер,

Ўз юртимдан жудо қилмагин, бироқ.

Худойим, кўз очиб кўрганинг Ватан,

Тепмасин оғзингга  этиги билан.

Худойим, аёлинг  бир сени десин,

Дарбадар, қашшоғу гадоликда ҳам.

 

Худойим, ёпиб қўй олчоқ оғзини,

Овозинг янграсин гўдак бўғзида.

Худойим, аксингни тириклар кўрсин,

Гар эркак бўлмаса,  Аёл юзида.

 

Хочмас хочсизликни ортмоқлаб олиб,

Икки букилганмиз қашшоқ ва гадо.

Энди ҳеч нимага  дар қолмаслик-чун,

Озроқ Худолигинг инъом эт, Худо.

 

Худойим ҳаммасин, ҳаммасини бер,

Бирдан ҳаммамизга –  гина қолмасин.

Ҳаммасини беру алал-оқибат,

Кейин бир кун келиб уят бўлмасин!

 

 

ОҚ ЙЎЛ

                                                                                    М.Кацга

 

Ўз оёғингни ўзинг

Кўтариб юр ҳамиша.

Йўллардан-чи, йўлларнинг,

Ҳолидан қил андиша.

 

Сўрасин йўлнинг ўзи,

Эгилиб буралишни.

Севиб, ардоқлаб бизни,

Елкасига олишни.

 

Омма Худосиз бўлса,

Не қилолур пайғамбар?

Йўлсизликда бизларга,

Йўлдир Аёл – мўътабар.

 

Қисмат ажин юзига,

Майли, тўлов  қилмасин.

Аммо карам шўрвасин,

Кўйлагига тўкмасин.

 

Аёлинг ва болангни

Яша жонингдан суйиб.

Ёвузлар ўз феълидан

Аламдан кетсин куйиб.

 

 

 

МЕНИ УНУТИНГИЗ

 

Унутингиз мени,

                           гар бу унутиш,

Сизни бир лаҳзага

                                   этса бахтиёр.

Унутингиз, тайгада

                                   эсган елдай,

Шамолдай гуноҳкор ва  итоаткор.

Унутингиз мени,

                         ўзни унутгандай,

Фақат ўзингиз-ла

                          қолинг ўзингиз.

 

Унутингиз мени,

                           ёнғин шуъласи,

Гирду ёнингиздан

                      қилганидай даф.                           

Иссиқ , совуғи-ла

                             чирмашиб гўё,

Вужуд-вужудингиз

                  олгандай ўраб. 

                       

Унутингиз мени,

                       гўёки  поезд

Чангалзор оралаб учаётгандай.

Хотирангиз қопқасин

                             қоқишдан тўхтаб,

Изсиз йитаётган,

                               ўчаётгандай.

 

Унутингиз мени,

                              бўлинг жасурроқ,

Мен бўлдим, бўлмадим –

                                     бу муҳим эмас,

Фақат кўрининг, бас,

                                 тунд ва ташвишли

Яшанг навқирон ва

                                   ҳеч сотилмасдан.

Аммо унутмаслик –

                                   унутилганлар ҳаққи,

Ўлганлар ҳаққидир –

                        тушимизга кирмоқ.

 

 

* * *

                                                                                    Машага

 

Сени  табиатдан севаман кўпроқ,

Сенинг  ўзинг асли  табиат,  ишон.

Сени озодликдан  севаман кўпроқ,

Сенсиз озодлик ҳам қамоқдан ёмон.

Мен сени севаман бўлмай эҳтиёт,

Равон йўлда эмас,  жар ёқасида. 

Мен сени имкондан севаман зиёд,

Ноимкондан кўпроқ севгум аслида.

 

Мен сени севаман муддатсиз, ҳадсиз,

Бўкиб ичиб олиб, сўкиниб гоҳи.

Ўзимдан ҳам ортиқ севаман шаксиз,

Ўзингни  ўзингдан зиёд ҳаттоки.

 

Сени Шекспирдан севаман кўпроқ,

Сенда мужассамдир олам жамоли.

Барча мусиқалар мавҳум, тумтароқ,

Афсункор мусиқа  ўзингсан, олий.

 

Сени кўп севаман шону шуҳратдан,

Ҳаттоки келажак замонларда то.

Менга нима бўпти занглаган Ватан,

Ватан менга ўзинг, ўзингсан, танҳо. 

 

Сен бахтсизми? Бунча солаяпсан дод?

Чирқираб  Худони қақшатма, эркам.

Мен сени бахтдан ҳам севаман зиёд,

Мен сени севаман муҳаббатдан ҳам.

 

 

* * *

 

Лойиқ бўл, муҳими, лойиқ бўл,

ҳар  даврга  чиқишга рўбарў.

айниқса, даврлар турғун бўлса,

тагигача лойқаланиб ётса у.

 

Лойиқ бўл, муҳими, лойиқ бўл,

олғирлар ризқингни қиймасин.

молхонага етаклаб бориб,

оғзингга похолни тиқмасин.

 

Вақт олдида қўрқув – йиқилиш,

титрамагин қўрқувдан эй жон,

йўқотишга доимо шай  тур,

ҳаммасидан  йўқотиш ёмон.

 

Бўлганида ҳаммаси барбод,

тузатишга топмасанг тўзим.

сен ўзингни шундайин юпат:

“Бу кунни ҳам ўтказиш лозим…”.

 

Рус тилидан

Абдумажид Азим

таржимаси

 

[1]* Манбалар:1. Евтушенко Евг. Собрание сочинений. В 3-х т. Т. 3. – М.: Худож. Лит. 1984.  2.  Евтушенко Е. А. Медленная любовь. – М.: «Эксмо-пресс», «ЯУЗА». 1998.

 

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi