Пётр ФилипПович АлЬберти

fyodir_alberti

Пётр Филиппович Альберти рангтасвир устаси. Бўлажак рассом 1913 йили 25 ноябрда Аcтраханда темирйўлчилар оиласида туғилган. 1927 йилда Астрахань рассомлик олийгоҳига ўқишга киради ва таниқли мусаввир ҳамда педагог Павел Алексеевич Власовга шогирд тушади.
1932 йилда Альберти олийгоҳни тугатди ва устозининг маслаҳати билан Бутунроссия рассомлар академияси қошидаги тайёрлов курсларида таҳсил олиш учун ҳозирги Санкт-Петербург (Ленинград) шаҳрига йўл олди. Уч йил ўтгач, бу ердаги таҳсил ва тажриба асносида анча қалами чархланган ижодкор Санкт-Петербург ҳайкалтарошлик ва архитектура инс­титутининг рангтасвир бўлимига ўқишга кирди.
Рассом 1938 йилда Валентина Ивановна Белова исмли аёлга уйланади. У дунёни ларзага солган Иккинчи жаҳон уруши йиллари – 1941 йилнинг 30 октябрида  жангга  отланади. 1944 йил Болтиқбўйи мамлакатларини фашистлар қўлидан озод қилиш учун кечаётган жангларда Альберти қаттиқ жароҳатланади. Аммо яраси битар-битмас яна жангга отланади. Урушда кўрсатган жасоратлари учун қатор орден ва медаллар билан тақдирланади.
Адиб урушдан сўнг яна севимли касбини давом эттиради. Қирқ ёшга тўлар-тўлмас, 1951 йилда катта кўргазма уюштиради. Унда мусаввирнинг  “Шахматчилар”, “Қайиқдаги қиз”, “Гуллар”, “Асфальтчилар”, “Палитра билан натюрморт”, “Эркак портрети”, “Аёлим портрети” каби қатор қатор асарлари намойиш этилади.
1957 йилда Альберти рассомлар уюшмасига қабул қилинади.
1960-1970 йилларда рассом ижодининг сермаҳсул даври бўлди. Рассом  бу йиллар давомида мамлакат бўйлаб кўплаб саёҳатларда бўлди. Шунингдек, Япониядаги Гикоссо галереясида бўлиб ўтган кўргазмада қатнашади. 1989-1992 йилларда унинг ишлари Франциядаги кимошди савдоларида қўйилди.
Рассом услуби кенг кўламли бўлиб, у кўпинча ёрқин ранг­лардан кўпроқ фойдаланади. Бу ҳолат айниқса сўнгги натюрмортларида яққол кўринади.
Пётр Альберти табиат ошиғи эди. Бор кучини табиатнинг мафтункор, бетакрор манзараларини акс эттиришга интиларди. Шунинг учун унинг ижодида табиийлик, самимийликка алоҳида эътибор берилган. Бир оз мураккаблиги, сирлилиги ва мажозий маънога эгалиги билан характерланиб турадиган рассом асарлари дастлаб ўзига унчалар жалб этмаса-да,  уларни яхлит ҳолда кўра олган инсон мукаммал манзараларнинг гувоҳи бўлади.
1960–70  йилларда рассом асосан портрет жанрида ижод қилган бўлса, кейинчалик у турли пейзаж ва натюрморт яратиш ишларига қизиқиб кетди. Бу давр ичида яратилган “Пионерлар”, “Дугоналар”, “Веранда”, “Меҳнат”, “Қовунли натюрморт”, “Тарвузли натюрморт”, “Болалар”, “Куз. Натюрморт”, “Кўл”, “Устахона” каби асарлари рассомнинг услуби, умуман олганда, ижодининг асосий мазмуни, умумий йўналишини кўрсатиб туради.
Муқовамизда берилган суратда ҳам унинг услуби яққол намоён бўлиб турибди. Эътибор берсангиз, кумуш патнис, жом ва қадаҳ қанча ялтираб турган бўлмасин, улар табиатни ҳақиқий мўъжизалари бўлмиш гул ва  сархил мевалардан эътиборни чалғитмаяпти, аксинча, улар яхлитликда гўзал композиция ҳосил қиляпти. Расмларидаги баъзи чизиқлар ноўрин ва қўполроқ туюлиши мумкин, лекин айни  шу усул ёрдамида ижодкор  масофа ва ҳажмни бериш маҳоратини кўрсатиб берган.
Пётр Филиппович Альберти 1994 йили 7 октябрда оламдан кўз юмган. Унинг асарлари Россия, Бельгия, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Франция ва бошқа давлатларда сақланади.

Оловиддин СОБИР ЎҒЛИ
тайёрлади.

2017/10

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi