Алишер НАВОИЙ  (1441–1501)  САРВИ ОЗОДИМНИ БОҒ ИЧРА...

alisher_navoiy

 

Сарви озодимни боғ ичра хиромон истарам,

Сабзасин сарсабзу гулбаргини хандон истарам.

 

Дард жононимда, балким юз алам жонимдадур,

Йўқки, жононимға, бал жонимға дармон истарам.

 

Тийрадур вайроним онсиз, ваҳ, яна бир қатла ҳам

Ул  қуёшни  байтул-эҳзонимда меҳмон  истарам.

 

Нафъ этар бўлса хино янглиғ кафи пойингға қон,

Чок этиб кўксум ани бағримда пинҳон истарам.

 

Эй Хизр, ҳайвон суйи тут дам-бадамким ёр учун,

Садқа қилмоқлиқ учун ҳар лаҳза бир жон истарам.

 

Муждае бергил мизожи сиҳҳатидин, эй табиб

Ким, бу пайғоминг учун жонимни қурбон истарам.

 

Ўқ киби қаддин кўруб афтода чун кўр ўлмадинг,

Эй Навоий, кўзларингда нўги пайкон истарам.

 

                                   “Наводир уш- шабоб”,  427-ғазал

 

Луғат

 

Сарви озод – хушқомат, чиройли ёр

Хиромон – ноз билан юрувчи

Сабза – 1) яшиллик, майса; 2) ёрнинг қоши ёки зулфи

Сарсабз – яшнаган, кўкарган; хурсанд, шод

Гулбарг – 1) гул япроғи; 2) гўзал юз; 3) маъшуқа

Тийра – қора, қоронғи

Байтул-эҳзон – ғамлар уйи

Ҳайвон суйи – обиҳаёт, тириклик суви

Мужда – хушхабар

Пайғом – хабар, дарак

Афтода – дармонсиз, мажолсиз; нотавон, заиф

Нўги пайкон – тиканнинг ўткир учи; киприк

 

 

Ғазалнинг насрий баёни

 

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

 

  1. Хушқомат ёримнинг боғ ичида ноз билан юришини истайман, унинг зулфини яшнаган, юзини эса хандон кўришни истайман.
  2. Жононимга ёпишган дард (хасталик)дан менинг жоним юз ғаму алам ичидадир, шундан жононимга, йўқ, жонимга дармон истайман.
  3. Усиз менинг вайрона кулбам қоронғидир, э воҳ, бир марта бўлса ҳам ул қуёшнинг ғам маскан тутган уйимда меҳмон бўлишини истайман.
  4. Агар қон хино янглиғ товонингга фойда етказадиган бўлса, кўксимни чок этиб, уни бағрим қонига ботиришингни истайман.
  5. Эй Хизр, менга дам-бадам тириклик суви – обиҳаётдан тутгил, зеро, ёрим учун ҳар лаҳзада бир жонни садқа қилишни истайман (ёки қанча жон керак бўлса, шунчасини нисор қилишга тайёрман).
  6. Эй табиб, унинг жисми сиҳат топаётганлигидан бир хушхабар етказки, мен бу хабаринг учун жонимни қурбон қилишни истайман.
  7. Унинг ўқдай тик қоматини дармонсиз, мажолсиз кўриб, қандай кўзинг кўр бўлмади? Эй Навоий, энди сенинг кўзларингда тиканнинг ўткир учини кўришни истайман.

 

 

Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси

 

Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ошиқона мавзуда бўлиб, ҳасби ҳол характерига эга. Ғазалда ёрининг бетоблигидан изтироб чеккан ва унинг сиҳат топиши учун жонини ҳам беришга тайёр лирик қаҳрамоннинг руҳий кечинма ва изтироблари қаламга олинган. Агар ғазалнинг дастлаб биринчи расмий девон – “Бадойиъ ул-бидоя”га ҳам киритилганлигини ҳисобга олсак, унинг ёшлик даври лирикасига мансублиги маълум бўлади.

Аввалги шарҳларимизда ҳам таъкидлаганимиздек, Навоий шеъриятида “ёр” аксарият ҳолларда умумлашма характерга эга. Тор маънода маъшуқа, севгили маъноларини ифодалаб келувчи бу тушунча кенг маънода дўст, рафиқ, биродар, устоз, пир, Пайғамбар (с.а.в.), Аллоҳга нисбатан ҳам ишлатилади. Ушбу ғазалда эса таърифи келтирилган ёр маъшуқа тимсолини ифодалаш билан бирга шоирнинг бирор яқин кишиси ёки дўсти маъносини ҳам ўзида мужассамлаштиради.

Ғазал бир вақтлар соғ-саломат ва шоду хуррам юрган ёрини яна шу ҳолатда кўришни истаган лирик қаҳрамоннинг кечинмалари изҳори билан бошланади. Матлаъда ёр тасвири, асосан, истиора воситасида баён қилинади: биз унда конкрет маъшуқа тасвирини эмас, балки боғ, сарв, сабза, сарсабз, гулбарг сўзлари орқали ёр гўзаллиги ва унинг ҳолати бадиий талқин қилинганлигини кўрамиз. Кейинги байтлардан бошлаб руҳий кечинмалар тасвири кучайиб боради: лирик қаҳрамон ёрини хастаҳол қилган дард унинг жонига юз ғаму алам билан озор бераётганлигини, шундай экан, ўз жонига дармон исташ орқали жононига сиҳат тилашини айтар экан, байтда жон ва жонон сўзлари воситасида уларнинг бир ўзакдан ясалганлигига ва бинобарин шу боғлиқлик орқали улар ўзаро уйғунликда, яхлитликдаги тушунчалар эканлигига ишора қилади. Учинчи байтда шоир ёр хасталиги туфайли ташриф буюрмай қўйган ўз кулбасини қоронғи вайронага, байтул эҳзон (ғамлар уйи)га ўхшатади. Мумтоз адабиётимизда “байтул эҳзон” бирикмаси, асосан, Яъқуб пайғамбарнинг Юсуфдан айрилганидан сўнг маскан тутган кичик бир кулбага нисбатан ишлатилган. Навоий бу ўринда ўз ҳолатини Яъқуб (а.)га ўхшатиб, қоронғи кулбасини қуёшдек ёритувчи ёри яна тузалиб, унинг уйида меҳмон бўлишига умид билдиради. Тўртинчи байтдан бошлаб ғазалнинг таъсир кучи янада ортиб боради. Ёри учун жонини мамнуният билан фидо қилишга тайёр лирик қаҳрамоннинг ўтли ноласи китобхон қалбига кўчиб ўтади, уни ошиқ билан бирга дард чекишга ундайди. Байтда лирик қаҳрамон ўз ёрининг шифо топиши учун кўксини ёриб, ўз қонидан унга малҳам боғлаш истагини билдирар экан, бу орқали шоир халқ табобатидаги бир ҳодисага ишора қилади: Шарқ халқларининг қадимги одатларига кўра, қўл ёки оёқ оғриганда, оғриқларни камайтириш учун кафт ёки товонга хина боғланган ва оғриган аъзо ўраб қўйилган. Навоий байтда ана шу тиббий удумни ёдга олади, ошиқ чок-чок бўлган кўксига ёри оёқ қўйишини, кўксидан оққан қон ёрининг оёқларига хино янглиғ малҳам бўлишини истайди. Бешинчи байтда Хизр ва обиҳаёт сўзлари орқали машҳур ривоятга ишора қилинган. Унга кўра, ер остида зулмат дунёси мавжуд бўлиб, унинг тубидан оби ҳаёт булоғи (тириклик суви) жой олган экан. Ушбу булоқдан ичган одам абадий ҳаётга муяссар бўлар экан. Хизр эса ер остига тушиб, ушбу булоқ сувидан ичади ва абадий ҳаётга мушарраф бўлади. Навоий Хизрга мурожаат қилиб, унга обиҳаёт сувидан дам-бадам тутмоқликни сўрайди, зеро у қанча жон керак бўлса, унинг барчасини ёрига садқа қилишга тайёр.

Кейинги байтда ушбу фикр давом эттирилиб, лирик қаҳрамон ёрининг сиҳат топаётганлиги ҳақида хушхабар айтган табибга жонини қурбон қилишга ҳам тайёр эканлигини айтади. Мақтаъдаги таъсирчан фикр унинг ҳусни мақтаъ даражасига кўтарилишини таъминлаган:  Навоий ўзига мурожаат қилиб, “Ёрнинг ўқдай тик қоматини дармонсиз, мажолсиз кўриб, қандай қилиб кўзинг кўр бўлмади? Энди сенинг кўзларингда тиканнинг ўткир учини кўришни истайман (кўзларингни ўйиб, кўр қилиши учун), зеро,  бу ҳолинг ҳақиқий ошиққа муносиб эмас, чунки ошиқ ёрининг хаста ҳолини очиқ кўз билан кўришга дош беролмайди” дер экан, фидойилик ва футувват (олийжаноблик)нинг бетакрор тимсолини яратади.

Ғазал рус тилига мутаржим Елена Аксельрод томонидан аслиятдаги каби 7 байт ҳажмида амалга оширилган. Таржимада негадир 4- ва 5-байтларнинг ўрни алмашган. Таржимон ғазал мазмунини беришда ҳам тўлиқ муваффақиятга эриша олмаган: байтлардаги кўп ўринларда аслиятдан четга чиқиш кўзга ташланади. Масалан, матлаъдаги “сарви озод” жумласи “свежая трава” шаклида, иккинчи байтнинг иккинчи мисрасидаги “жонимға дармон истарам” бирикмаси “быть врачом хочу я” тарзида ўгирилган.

Ғазалнинг русча таржимаси

 

 Таржимон – Елена Аксельрод

 

Чтоб свежей ты травой была в саду моем, хочу я,

Чтоб ты смеюшимся цветком сияла в нем, хочу я.

 

Моя любимая больна, и дух мой с нею страждет.

Чьи муки горше, не узнать. Но быть врачом хочу я.

 

Без милой хижина моя – пристанище печалей,

Что снова солнцем ты вошла в мой темный дом, хочу я.

 

Живую воду подноси, о Хызр! Зачем ты медлишь?

Отдать ей душу, быть вовек ее рабом хочу я.

 

И если кровь, как хна, нужна ее ногам, ладоням,

Чтоб крови дать ей, грудь мою пробить мечом хочу я.

 

О лекарь! Сообши скорей, что милая здорова.

За весть такую жизн отдать, забыться сном хочу я.

 

О Навои! Ты стан ее видал, стреле подобный,

Чтоб был твой глаз навек пронзен стрелы концом, хочу я.

 

 

Ғазалнинг инглизча таржимаси

 

                           Таржимон – Аидахон Буматова

 

For my lovely cypress in the garden blithe seeing I long,

For her eternal youth and on her bud smile seeing I long.

 

Since her ill being is nothing but hundred pains to my soul,

For soul it’s, not for my beloved cure meanwhile seeing I long.

 

My slum is drown into darkness sans her, oh, how much it is,

For that Sun in my house of sadness reconcile seeing I long.

 

Should your palm and heel benefit from the blood as from henna,

For my chest to fling open and your limbs there warm seeing I long.

 

Oh, Hizr, you pour me water of life all time, as a life –

For her sake devoting each moment worthwhile seeing I long.

 

Let me know about her recovery soon, oh healer,

For this news sacrificed my own life servile seeing I long.

 

Since her arrow-like body seeing ill – have not made you blind,

Oh Navoi, in thy eyes arrowhead vile seeing I long.

2017/11

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi