ШАХС ВА ИЖОДКОР

5867021

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов ҳақида унинг 100 йиллик таваллуд санасини нишонлаш муносабати билан анчагина фикрлар айтиляпти. Бир пайтлар, унинг ўзи ҳаётлиги даврида, ёзувчилиги билан боғлиқ фаолиятига доир кўплаб мақолалар ва ҳатто китоб, рисолалар чоп этилган эди. Афсуски, уларнинг аксарияти шу пайтлар Ўзбекистон Компартиясининг биринчи секретари бўлиб ишлаб турган юқори лавозимли шахсга хушомад ва лаганбардорлик воситалари эканки, кейинчалик, у зот оламдан ўтгач, у ҳақда ёзган “…шунос”лардан тортиб, неча-неча олимлару адиблар бари йўқлик қаърига сингиб кетди. Бугун гоҳи эски газета, журнал тахламларини варақлай туриб, ногаҳон кўзинг ўша ғаразли битикларга тушиб қолса, ўша ёзарлар учун ҳатто хижолатлар туясан. Хўш, аслида-чи, аслида Шароф Рашидов ва адабиёт мавзусида, унинг ижодкор зиёлилар билан муносабатлари хусусида  сўз юритишга арзирли гаплар борми, ўзи?! Ҳарқалай ёзувчи Шароф Рашидовдан беш жилд асарлар тўплами мерос қолган. Шулардан тўрт жилди бевосита бадиий ижод намуналари бўлиб, бадиий ижоднинг турли жанрларида яратилган асарлар экан, нима учун улар ҳақида бугуннинг кўзи билан қараб, муносабат билдириш мумкин эмас?! Хуллас, шу мулоҳазаларда Рашидов номи билан боғлиқ қўл остимизда мавжуд ғарибгина манбалар ва материалларни ўрганиб, ўз даври учун ҳам, ҳозирги кунларимиз учун ҳам ғоят мураккаб, зиддиятли, айни пайтда ҳалол ва тўғри, юрти учун фидойилик намуналарини кўрсата олган йирик бир шахс ҳақида мушоҳада юритиш, фикрлашиш ва ёзиш мумкин деган хулосага келдик.

Шароф Рашидов адабий фаолиятини ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирларидан бошлаган. У талабалик йилларида ёшлик завқи ва забти билан эҳтиросли шеърлар ёзиб, “Самарқанд куйлари” номи остида тўплам тузган. Бу пайтлар унинг ҳам ҳаваси ва, маълум маънода, ижодий тақлиди учун асосий тимсол юртдоши Ҳамид Олимжон шахси ва унинг ўтли шеърияти эди.

 Ёруғ экан, қуёш ўлкам,

Мудом баҳор ўтар йиллар.

Боғи кўркам, тоғи бўстон,

Ўсар райҳону жамбиллар.

Умрбод роҳатда эллар,

Завқу шавқнинг лаззатини

Куйлар, армони йўқ диллар.

Қизиқ, қатағон машинаси авжи ҳаракатга келиб, шўролар мамлакатида юрт-ватан деган зиёлики бор, бари жисман йўқ қилинаётган бир пайтда, талаба шоир бу гаплардан гўёки бехабардек, қаттол мамлакатни “қуёш ўлкаси” деб турса. Бу ҳам асли Ҳамид Олимжонга тақлиднинг айни кўриниши эди. Шароф Рашидовнинг кейинги “Қаҳрим” деб номланган китоби 1945 йилда чиқади. Бу энди уруш жангоҳларига бориб, ажал билан юзма-юз бўлган, ҳаёт тажрибасига эга шоирнинг шеърлари эди.

Бош устида ўқлар ёмғири,

Кўз олдимда ажал кўраман.

Уруш ва урушдан кейинги йиллар Шароф Рашидов ижодида очерк ва ҳикоя жанридаги илк машқлари туфайли бадиий насрга мойиллик кузатила бошлади. У дастлаб Республика матбуотида қишлоқ ҳаёти билан боғлиқ “Меҳнатчи қизлар” очеркини ва “Қўриқда” деб номланган ҳикоясини эълон қилади. Мана шу кичик насрий жанрлардаги илк тажрибалар аста-секин йирик насрга ўтиш учун ижодий эскизлар вазифасини ўтайди. Шу тариқа 1951 йили “Ғолиблар” қиссаси эълон қилинади. “Ғолиблар”дан кейин 1958 йили “Бўрондан кучли” романи, ундан сўнг эса, 1964 йилда “Қудратли тўлқин” романлари дунё юзини кўради. Ҳаётининг сўнгги йилларида у “Дил амри” номли яна бир қисса чоп эттиради. “Ғолиблар” қиссасини қайта ишлаб 1972 йилда романга айлантиради. “Ғолиблар” билан “Бўрондан кучли”, адабиётшунослар таърифича, адабий дилогия дейиш мумкин бўлган асарлардир.

Атоқли адабиётшунос, академик Матёқуб Қўшжонов “Ҳаёт билан ҳамнафас ижод” номли адабий портретида Шароф Рашидов прозаси ҳақида ўз кузатишларини батафсил баён қилган. Шунга кўра зикр этилган романлар ва қиссалар бари шўро даври қишлоқ ҳаёти, турмуши ҳақидаги коммунистик мафкура ва социалистик реализм методи талаб этган мезонлар доирасида, албатта. Лекин бу асарларда ҳаракат қилувчи барча персонажлар ҳам ҳаққоният ва жозибадан маҳрум эмас. Айниқса, “Ғолиблар” асари Шароф Рашидов ижодий тамойиллари ва қарашларининг ўзига хос кредоси ҳисобланишга арзигулик. Ундаги Ойқиз, Олимжон образлари ёзувчи хаёли ва хоҳишларининг маҳсули албатта. Аммо таъкидлаганимиздек, бу хаёл ва хоҳишлар иллюстративлик кайфиятини берса-да, ҳаётийлик жозибасидан бегона эмас. Каминани бу асардаги бошқа бир жиҳат кўпроқ ўйлантириб қўйди. Ойқизнинг фронтда ҳалок бўладиган икки акасидан бирининг исми Алишер бўлса, иккинчисиники Темур эди. Қизиқ, бу асар ёзилган қирқинчи йиллар охири, эллигинчи йиллар бошларида ҳали қатағон машинасининг ғилдираги тўхтаган эмас, аксинча, яна авж нуқталарга кўтарилаётган паллалар эди. Мана шу даврда Ўзбекистон ҳаётида Алишер ва Темур номлари фақатгина икки буюк тарихий зот номи билан боғлиқ ҳолда маълум бўлиб, исм сифатида халқ ўртасида оммалашмаган эди. Боз устига мана шундай пайтда чекка бир қишлоқ жойларда, тахминан ўтган аср йигирманчи йиллари туғилган икки ўғил фарзандга Алишер ва Темур исмларини қўйиш, каминага оддий бир тасодифий ҳол бўлиб туюлмайди. Назаримда, мана шу икки номни эслатиш, Шароф Рашидовнинг қалб хилқатларида чуқур жойлашган ватанпарварлик туйғуларининг илк чўғланиши эмасмикин, деган фикр пайдо бўлади. Қарангки, романда қўлланган бу номлар шу давр реал воқелигига мутаносиб эмас. Бинобарин, ёзувчининг хаёли маҳсули ўлароқ бу икки ном қалбдаги орзу ва армонларининг илк ёлқинидир балки.

Шароф Рашидов 1956 йили “Кашмир қўшиғи” лирик қиссасини эълон қилади. 1959 йили эса Бедилнинг “Комде ва Мудан” номли достони асосида сценарий яратади. Уни батамом қайта ишлаб, ўз қараш ва кайфиятларини сингдиради.

Бу асарлар Ҳиндистон воқелиги билан боғлиқ битиклар. Асосан, адибнинг эндиликда давлат арбоби сифатида Ҳиндистонга ва бошқа Шарқ мамлакатларига қилган сафарларининг маҳсули ўлароқ қоғозга тушган. Ҳозирда, айрим адабиётшуносларимизнинг фикрича, бу асарлар ҳам Шароф аканинг Озодлик, Ҳурлик, Мустақиллик ҳақидаги ватанпарварона туйғу ва кайфиятларининг рамзий ифодасидек. Мазкур асарлар бадиий жиҳатдан анча юксак пардаларга кўтарилганлигини қайд этган ҳолда, юқоридагича талқинларга ҳам асос борлигини тушуниш ва қабул қилиш мумкин. Булар ўз навбатида Рашидов шахси ва ижодкорлигининг якранг эмаслигини яна бир бор исботлайдиган далиллар. Модомики, шундай экан, бу табаррук зотнинг ҳаёт кечмишлари ва хаёл изтиробларини тушунишга интилиш биз авлодларига жоиздир.

Шароф Рашидовнинг ёзувчи, шоир, санъаткор ва умуман ижодкор зиёлиларга муносабати масаласида ҳам турлича талқин ва мулоҳазалар бор. Аксарияти албатта жуда ижобий. Булар энг аввало муайян ижодкорлар ижодий тақдирида хайрихоҳлик кўрсатган, ҳалол ва покиза зотнинг тимсолини кўз олдингизда гавдалантиради. Неча-неча зиёлининг бошини силаган, улуғ ёшлиларининг қаддини тиклаб, ёшларини равон йўлларга солиб юборганидан салкам ривоятнамо нақллар айтилади. Эмишки, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”и хавфсизлик идораларининг алоҳида эътиборига тушганида, уни қалқон бўлиб ҳимоя қилган, Абдулла Ориповдан то Ҳалима Худойбердиевагача маънавий падарлик мурувватини аямаган, Зулфия ва Ҳамид Олимжондан тортиб, Ойбегу Ғафур Ғуломгача барчаларига чўнг эҳтиромини муттасил намойиш этган ва ҳоказо ҳоказо сифатлар, фазилатлар Шароф акани энг юксак маъволарда тасаввур қилиш имконини беради. Ўйлаб қоласан киши, гарчи Абдулла Қодирий 1956 йилларда оқланиб, 1958 йилда “Ўткан кунлар” нашр этилган бўлса-да, унинг асарларини 60-70 йилларда бадиий фильмларга айлантириш саъй-ҳаракатлари, Амир Темур шахсига бўлган илк қизиқишлар, Усмон Носир шеър, достонларининг адабий эстетик оламимизга қайтиб келиши, Абдулла Авлоний, Сиддиқий Ажзий, Сидқий Хондайлиқий, Мирмуҳсин ва Мирмулла Шермуҳаммедовлар ва бошқа шулар каби қатор жадид зиёлиларига оид тадқиқотлар учун йўл очилиши – булар ҳам Шароф Рашидов раҳбарлиги пайтидаги адолат эпкинлари ўлароқ, у одам ҳақидаги тасаввурларингни яна рангин бўёқларга бўяйди.

Ҳа, айтмоқчи, Абдулла Қаҳҳор билан муносабатларига доир ҳикояларда ҳам ҳақиқатдан кўра уйдирма кўпроқ. Ҳатто айтиш мумкинки, Абдулла Қаҳҳорнинг қаҳр ва аччиқ киноялари зиддига Шароф Рашидовнинг вазмин, босиқ, мулоҳазакорликлари тарози палласини босиб кетадигандек, таассурот уйғотади. Билъакс, Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллик таваллудини ўтказишдан тортиб то уни қабрга узатгунча бўлган даврда Шароф ака бир меҳрибон инсондек эҳтиром кўрсата билгани кўпчиликка аён ҳақиқат. Бундан қандай қилиб ёмонлик излаш мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Хуллас, демоқчимизки, Шароф Рашидов Ўзбекистонни ҳам, ўзбек зиёлиларини ҳам тоза кўнгил билан суйган, ҳурматлаган ва уларга ҳамиша не бир яхшиликни соғинган шахс бўлиб гавдаланаверади. Шунинг учун ҳам бугун бу инсонга нисбатан кўрсатилаётган катта эҳтиром табиий ва қонуний ҳол, албатта.

Шуҳрат РИЗАЕВ

2017/11

2 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi