Хорхе Каррера АНДРАДЕ (1903–1978)

59f65f67761fb

Хорхе Каррера Андраде – эквадорлик шоир, адабиётшунос, сиёсат арбоби.
У “Гунг ҳовуз”, “Сукунат маржони”, “Сув ва ердан пайғомлар”, “Қушларнинг таржимаи ҳоли”, “Ёруғ деразалар даври”, “Ҳиндистон солномаси”, “Ҳайдалиш китоби” номли шеърий тўпламлар муаллифи.
Хорхе Каррера Андраде ижодида авангардизмнинг муайян бадиий усуллари бўртиб кўринади. У 1928–1933 йилларда Европага саёҳат қилган, Перу, Франция, Япония, АҚШда консул бўлиб ишлаган. Кейинчалик Венесуэла, Буюк Британия, Никарагуа, Франция, Бельгия, Нидерландия давлатларида элчи, Эквадорнинг ташқи ишлар вазири бўлган.

Меҳмон

Ёз ҳукмини ўтказди – ўтдек қизиди ҳар ён,
қувғинди экинзорни ўринг, деб бўлди фармон
ва уйимга даладан меҳмонга келди шамол:
қўлида – пальмадан хат, ранг-рўйи афтодаҳол.

Қаҳва билан ананас дамламаси шу онда
ўқ томирларим бўйлаб чопди огоҳ этмоққа –
даштда оқиб ётганмиш илвираган илонлар,
тўтиқушлар мевадек пишиб қолипти шохда.

Тўзғоқ кокилли тўп-тўп кокос ёнғоғи эса
тебратар экан хушбўй ҳидлар бешигин тинмай
ва осмон сузар эмиш момиқ бутоқлар узра
бамисоли тушлар ва пахта ортилган кема.

Мангу гўзал Кито

Арқонбанд куйчилар – қўнғироқларга,
сабзавот сотувчи ҳиндуларга-да,
тараша ортилган от-уловларга –
малҳамдир тоғлардан эсган шабада.

Юз-кўзда итоат, беғамлик ҳатто;
ҳеч ким ташвиш ичра шошилмас ҳеч вақт,
соқчиликда турар минорлар қатор:
ярми кибр, ярми гўзал салобат.

Бунда офтоб иссиқ нон каби азиз,
зарҳал нурларини аямайди, то
ёмғиргача ёки оқшом тушгунча.

Булутлардан қалпоқ кийган шаҳримиз –
орзулар қўйнида сузади Кито,
гўё кўк наҳрида – олтин сандиқча.

Октябрь

Октябрь — йилнинг олмаси. Боғлар
улов тобутига жойланган.
Дарахтлар яшнаган энг олтин чоғлар
буғдой бошоғидек бойланган.

Октябрь — мовий самодаги қуш,
четан девор унинг қопқони.
Ўттиз бир кун биз учун емиш
энди шу қуш эт-устухони.

Ҳашам-маишатга нуқта қўйилур,
тенглашур барчанинг ҳуқуқи:
бу чил-чил хазонлар – дарз кетган биллур,
мурдаларнинг хоки – ун юқи.

Мевалар ва барглар гулхани пайҳон,
оёқлар остида ер инграр.
Баъзан тишлар билан баҳс айлашибон
бодомлардан сачрар учқунлар.

Сипо октябрнинг тонги оҳорли,
зулмат ридосида тунлари.
У омборга жойлар йилнинг шарорли,
мезонда тобланган кунларин.

Октябрь ётди роса тўққиз ой
қурсоғида самонинг тутқун, –
бу тушкун дунёга бағишлаб чирой,
ўз бўй-бастин кўз-кўзлаш учун.

Доимий дўстлик

Деразалар, эшиклар ва чордоқ дарчалари –
тўрт девор орасидан қочиб чиқмоғим учун
ҳар куни қўллайдиган дўсту кўмакчиларим
ёруғлик дунёсидан келган нур элчилари.

Денгиз сафари учун таклифнома – дераза;
дераза – нур дарёси; оқар жойи – осмонлар.
Унинг кўз жимирлатар тезоб мавжлари ичра
ғарқ бўлган қанча-қанча гўзал орзу-армонлар!

Эшик – аскар, мен – зобит: ҳарбийчасига қутлаб
йўл очади, пошнадек қарсиллаб кетар қулфлар.
Ўртада шартлашилган махфий сўз – исмларни
билгайдир фақат саҳар ҳамда тонг насимлари.

Сўнг дарича орқали ёғду арқонин ушлаб
осмоннинг тубигача бемалол мумкин тушмоқ.
Бу қудуққа кўз ташлаб ўтгайдир булут – қушлар,
хонаки кабутарлар айниқса келар кўпроқ.

Рус тилидан
Ғулом Мирзо
таржимаси

2017/11

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi