Шаҳноза Назарова: ЙЎЛ ҚАЕРДАН ЎТАДИ?

Адабиётнинг бугунги қиёфаси ва келажак ҳаёти ҳақида ўзбек адабиётшунослигида ҳам баҳсли фикрлар билдирилмоқда. Журналимизнинг 2015 йил 1-сонида ёзувчи, адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамнинг “Адабиёт – олдинда ёнган чироқ” номли мақоласи ва фикр-мулоҳазага чорловчи саволлари чоп этилган эди. Биз ҳам бу борада ўз қарашларимизни билдиришни ҳамда саволларга жавоб топишни хоҳладик.
“Адабиётнинг таъсири нолга тенг” дея жуда кўп айтилди, шунга яраша онгга сингди. Ростлигига ишона бошланди. Агар “Адабиёт (санъат) – нажот йўлидир” дея ўшанча миқдорда такрорлайверсак, бу ҳам тушунчаларга таъсир кўрсатади, ҳаракатларни бошқара бошлайди. Бу ўта реал таклиф бўлмаса-да, фикр тақчил замонда асосли мулоҳаза билан кучларни ишонтириш мумкин.
Айтиш мумкинки, ҳар бир авлод тарбияси ўтган аср авлоди берган тарбиядан ортиқ бўлмайди. Адабиётларда иккала жаҳон уруши ва Совуқ уруш йўқотишларидан изтироб чекаётган дунёни бизга ҳеч тузалмас дарддек тушкунликка йўлиққан, ўз изтиробидан зада дунё дея тушунтирадилар. Аммо ҳолат айни шундай эмас. Изтироб ўта фаол руҳий жараён. Камюнинг Мерсоси, Кафка яратган жаноб К.нинг маҳкамаларда жавоб излаб тентиши катта ички ҳаракат ва эврилишлар ифодасидир. Достоевскийнинг Ипполити ҳам касал изтироб ичида керагидан ортиқ ҳаракатчан. Уларда тушкунлик мавжуд, аммо қуюқ тумандек бутунлай қоплаб олган эмас. Эҳтимол, адашаётгандирман. Мен ўз замонимдан туриб уларга қарайман. Бир даврнинг тушкунлиги ва юксалиши бошқасиникига ўхшамайди. Лекин барибир тирик жамиятнинг бундай туман ичида қолиб кетишига ишонмайман, бунга унинг руҳий ва биологик интилишлари ҳам йўл қўймайди. Инсоният бошдан кечирган бу жараёнлар, уларнинг таъсирида юзага келган ҳозирги жараён ҳам одамзод учун янги йўл қидириш билан алоқадор. Адабиёт бундай вазиятда ўзини қандай тутди, қандай тутиши керак? Тинимсиз олдинга интилаётган ҳаёт мароми маънавий муҳитдан кўра моддий муҳитда фаоллашмоқда. Адабиёт ўз ҳуқуқларини ўзида сақлаб қола оладими? Ўйлашимча, у энди илҳомлантирувчи куч бўла олмайди, йўл ҳам кўрсата олмайди. Келажакни яратиб, чўнтагимизга солиб қўймайди. Йўл топишга йўналтиради, келажакка ишоралар беради, аммо йўл қаердан ўтади? Ўйлашимча, адабиёт амалий кучга айланадиган барча тузилмаларни яшаб бўлдик. Аммо ижодкорлар бунга ишонмайдилар, ишона олмайдилар. Ишонч ва ишончсизлик ўртасида қолганлар қулайлик излаётган ижтимоий мавжудотга айланади. Чинакам адабий қўриқхонада фидойилар қоладилар.
Қулайлик ва манфаат, табиий тарзда, бизга алоқадор барча соҳаларга таъсир кўрсата бошлади. Адабиётда ҳам Манфаатли талқин кучайиб бормоқда. Бундай талқинлар инсоният яралгандан буён ўйнаб келаётган “санъат” номли қўғирчоққа ёрқинроқ-ёрқинроқ-ёрқинроқ бўёқ чаплайвериб, уни жуда бачкана қилиб юборди. Поп-арт, сонористика, хепенинг каби санъат йўналишлари ўта сунъий бўлиб, уларда индивидуал ижодни парчалайдиган омма иштироки атай уюштирилар эди. Аммо бу интилишу киноялар устида ўйин ўйнайдиган буюк ижодкорлар ҳам майдонга келди. Умуман, санъат ҳануз ўз-ўзини қутқариш, яъни инсонни қутқаришда давом этмоқда.
Йўл қаердан ўтади? Зулмат ва ёруғлик уйғунлигидан яралган одамда ёвузлик ва эзгуликнинг аниқ чегараси борми? Улар ҳеч бир-бирисиз ёки бири биридан фойдаланмасдан мавжуд бўла оладими? Ёки инсондаги ожизликни севмаслик мумкинми? Инсондаги адашишларни севмаслик мумкинми? Умуман, бизга йўлланган узлуксиз яхшиликлар ахлоқ ва тарбиямизни қанчалик шакллантира олади, қарорларимизга кескинлик бера оладими? Куннинг неча қисмида яхши, неча қисмида ёмонмиз? Ёруғлик ва Зулмат ўз Яратувчиси тарафида турибди, Мен қайси томонда туришим керак? “Бўл” дегани тушунарли, “яхши бўл” дегани нима дегани, буни ким айтаяпти, ниманинг қувончига ёки ниманинг аламига айтаяпти бу гапни? “Фақат Ёруғ, фақат Ҳаётпараст, фақат Некбин, фақат Кучли” – шундай бўлиш мумкинми? Адабиёт фақат шундай бўлиши мумкинми? Унда “Ёвузлик гуллари”, “Калигула” ва бизнинг “Иқрорнома”миз адабиёт эмасми? Керагича қоришиқ, аммо аниқ чегара девор билан ажратиб қўядиган даражада содда эмас, шундай туюлади. Бизни ўртаётган бузғунчилик, фаҳш – булар биз етарлича бадбин эмаслигимиздан, булар бахтиёр ҳавойиликдан. Инсоният тушкунликка ботиб бораяпти, дейдилар. Гап омма ҳақида кетадиган бўлса, унинг ўйин-кулги, мода, эрмаклардан вақт орттириб тушкун юришга имкони йўқ, тўр ичига тушиб бўлди. Биз уларни “Телба”, “Уруш ва тинчлик”, “Чол ва денгиз”ни ўқитиш орқали бироз ғамгин қила олганимизда эди, шахсий изтиробларини эрмак қилмасликка ўргата олганимизда эди, уларга секинроқ, дея олганимизда эди. Ойдинлик ана ундан сўнг бизни қуршаб келарди. Жисм мавжудлигидан миллиард-миллиард йиллар аввал Арш бўсағасида туриб бир бўлиб бўйнимизга олганмиз: қутқариш, қайтариш зарур. Аммо умумий қутқарув йўлаги йўқ. Ҳар ким ўз-ўзини қутқармаса, қандай қутқарасиз? Замонавий дунёнинг, тасаввуримга кўра, қуйидагича адабиётга эҳтиёжи бор: кам саҳифали, қисқа баёнли, янги маълумотга эга, бироз ҳузурланиш учун бироз рамзий ишораларга эга ва яна судокуга ўхшаш нимадир аралашса яна ҳам яхши. Биз барибир, бора-бора, талабга кўра шундай адабиёт яратиш йўлига ўтамиз. Ҳажман қисқа, рамзий маъноларига кўра улкан асарларни ярата бошлаймиз. Ўшандай ҳолатда ҳам омма талабини тўла қондирмаймиз, унга енгиллик эмас, фикр ва туйғуларига залвор берадиган асарларни тақдим қиламиз, шундай қилишимиз шарт.
Умидбахшлик бўлиши шарт, шеър кўнгилга нур олиб киргани яхши дейдилар. Аммо зулмат ҳақида узоқ фикр юритадилар. Умид ва ёруғликка фақат зулматни кесиб ўтиб эришиш мумкин. Қўшиламан, Толстой асарларида Достоевский асарларидагига қараганда азоб камроқ. Аммо у Дос­тоевскийдан фарқли бутун умр ўзини ўлдириш ҳақида бош қотирган. Уларнинг ҳар иккиси зулматни ёриб ўтиб нурни топган. Бундай азобли парчаланиш ва иккиланишлар ичида ижодкорни тушуниш, инсон вужудида кўкка интилганини тушуниш, айтилганидек, чиғириқдан ўтказиш керак. Аммо биздаги чиғириқлар қандай ишлаяпти? Данте, Гёте, Хайём, Машраб, Мусо, Исо – уларнинг ҳаммаси қоронғилик, ўлимни оралаб, енгиб зиё топганлар. Улар қўлида ёзилган ва уларга ато этилган асарлар ўқилганда бу жараён, албатта, такрорланади. Фақатгина нур – бу йўқ нарса. Инсондаги нур ва зулмат “Панчатантра” қаҳрамони бошига ўрнатилган ғилдиракдек узлуксиз айланиб, алмашиниб туради, улардан бири ортиб кетса, халос бўлиш, чалғиш керак. Санъат айнан мана шунинг учун мавжуд. Бу жараёндан омон ва насиба топиб чиқиб кетиш учун эса, устозлар такрор-такрор уқтирганидек, тайёргарлик ўталган бўлиши керак. Шу маънода, биз ҳеч бўлмаганда лицей-коллежлар учун ўқиладиган бадиий асарлар рўйхатини яратишимиз зарур. Бу рўйхатдаги асарлар учун бола тафаккурини асоратга солмаган ҳолда изоҳлар тўпламини яратишимиз зарур.
Бугунги кунда тарбия воситалари ўз шаклини ўзгартирди. Аммо барибир бадиий асар энг яхши, синалган тарбия воситаси бўлиб қолаверади-ю, тарбия учун энди жавобгар бўла олмайди.
“Қора сўз” деган тушунча бор экан, демак, ўшандай китоблар ҳам бор. Яхши китоб ҳам, ёмон китоб ҳам ўз белгиларига эга. Уларнинг бош белгиси китобнинг қандай ниятда яратилганида. Афсуски, асримизга келиб ёмон китоблар кўпайди. Аммо китоб деган сўз жуда азиз, табаррук бўлиб, бу ўринда бу сўзни келтирганимга ҳайфим келади. Ёмон китоблар борасида фақатгина чеклов ўрнатиш керакли натижани бермайди. Назаримда, иммун тизимни шакллантириш орқали масалани етарлича ҳал этиш мумкин. Фойдали китоб нотўғри ўқилиб, акс таъсир бериши ҳам мумкин. Бу ўқувчининг ёши, дунёқараши, тарбиясига тўла боғлиқ. Шу жиҳатдан тартибли ва тизимли ўқиш, умуман, ўқиш малакасини эгаллаш жуда муҳим бўлиб, бу жараён шахсни шакллантиради ва бу малака умр бўйи бойиб боради. Лицейда биринчи босқичда ўқийдиган синглим Жек Лондоннинг, Чингиз Айтматовнинг биздаги таржималарини ўқиб чиқди, аммо Стендални ўқишни хоҳламади. “Қиморбоз”ни, “Маъсума”ни, “Ойдин тунлар”ни ўқиди, мен мақтасам ҳам “Телба”ни бироз ўқиб, кейинга олиб қўйди. Демак, табиий руҳий жараённинг ўзи танловни амалга оширмоқда. У ўзи эплолмайдиган ғояларни кейинга суриб қўйди. Такрор бўлса-да айтаманки, қайси асарни ўқиш борасидаги тавсияларни, шундай асарлар рўйхатини ҳеч бўлмаса ўрта мактаб ва лицейлар учун яратиш зарур.
“Вақти етмай” буюк асарларни ўқиб, ўз йўлида ночор туриб қолган ёшлар ҳолати Достоевскийнинг “Иблислар” романидаги парчани ёдимга солади: “У шундай идеал рус хилқатларидан бири эдики, буларни қандайдир кучли бир ғоя бирдан ҳайратга солади ва шу заҳоти дарҳол ўз остига босиб тушади, баъзан бир умр шу юк остида қолиб кетадилар. Ғояни улар ҳеч қачон эплолмайдилар, лекин жон-жаҳдлари билан унга ишонадилар, шу тариқа устларига қулаб, бутун оғирлиги билан ярим вужудини эзган қоя тагида талваса ичида умр кечирадилар”. Бу ёшлар менга жуда таниш. Улар олов-оташ бўлиб кўринишни, ўз тушунишлари, тақлидлари билан ҳам, жуда табиий тарзда, шуҳрат қозонишни хоҳлайдилар. Буюк асарлар бўлса йиллар давомида қонга сингади, йиллар оралаб ўша асарлардаги ўлим, эротика чинакам ғоялар, интилишлар олдида хира тортади. Ёшлар (балки, менга тенгдошлар) жуда эрта хоҳлаган чинакам маънодаги ўзгариш жуда кеч юзага чиқади. Аммо қонга синггунича бу озуқани улар ўзларида тутиб тура оладиларми, иммунитети заиф келмайдими, гап шунда. Ёш ёзувчи, шоир, танқидчи, таржимоннинг буюк ғоялар измида чирпирак бўлиб тажриба орттириши бу унинг пешона ёзиғи. Ғоядан, кайфият инжиқликларидан, билмасликдан ошиб ўтишда бу асарлар заруратга айланади.
“Жаҳон адабиёти” журналида Ф.Клингернинг “Фауст ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши”, П.Зюскинднинг “Ифор” романлари нашр бўлди. Ҳар икки асардаги фаҳш эпизодларни журналнинг таҳрир ҳуқуқи берган миқдорда қисқартирдик. Матнга, мазмунга хиёнат қилмаслик мажбурияти тепамизда соатдек бонг уриб турди. Журналхонлар талабалар ва ундан юқори қатламдагилар бўлгани учун бу асарлар босилди. Улар миллатдошларимиз, борингки, қардошлар бўлгани учун ҳам қисқартиришларга йўл қўйдик. Тақдим, таҳрир, талқин этишда меъёр жуда муҳим бўлиб, асар тақдирини мана шулар белгилайди, менимча. Журналда чоп этилган А.Гайгернинг “Қувғиндаги кекса қирол” қиссасини, А.Барикконинг “1900” пьесасини бўлса кенг оммага тақдим этиш мумкин. Ж.Стейнбекнинг “Одамлар ва сичқонлар”, А.Камюнинг “Калигула”, А.Дударевнинг “Чиқиндихона” драмаларини қани эди изоҳи, таҳлили билан тақдим эта олсак. Улар таржима бўлган, ўқилган, аммо ҳалигача асарга изоҳ бўлувчи бирор акс-садо эшитилгани йўқ. Ахир Достоевскийнинг Шатов исмли қаҳрамони айтганидек: “Билмаган нарсангни севиш мумкин эмас”.
Китобларни ҳавола қилишда хос ва омма савиясини ҳисобга олиб маълум мезонларни ишлаб чиқиш керакдек. Хўп дейман, чинакам санъат асарида ҳаммага алоқадор умумий дард, умумий орзу бўлади. Бироқ бу уни энди ҳамма ўқий олади, дегани эмас. Бор нарсани эрмакка айлантираётган истаклар кучга кираётган бир вақтда маълум мезонларга, уларнинг тезроқ жорий этилишига эҳтиёж туғилади, туғилган. Фикр билан муроса йўлини тутиш доимо тўғри йўл бўлган.
Бизда хослар учун чоп этилган “юкли” асарлар тақдири билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Бундай китобларни хослар белгиси билан нашр қилиш орқали муаммони ҳал қилиб бўлармикин? Ижодкору олимларнинг барчаси ҳам ўқиш муҳаббатига берилгани йўқ. Ж.Жойснинг “Улисс” романини, С.Беккэтнинг “Годони кутиш” пьесасини кимлар – неча киши бошдан охир ўқиган экан?
Битта асар жамиятга турлича таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ижтимоий қатламларнинг истак, интилиш ва дунёқарашидаги тафовутлар билан боғлиқ. Бир аъзога буюрилган дори бошқа аъзога юборилса оғуга айланади. “Улисс” ҳақида доим баҳслашадилар. Мен эса “Бу асарни нега ўқидим?” деган саволга жавоб топишга уринаман.
Асарнинг маълум қатламларида қолиб кетадиган тубан ва нафратангиз саҳналарни деб буюк тафаккур ўйинлари, масхаралари, ижоди ва илтижоларидан маҳрум қолиш мумкинми. Маънавий раҳнамоларнинг асарда акс эттирилган руҳоний қиёфасидан бехабар ХХI асрни ҳам ўтказиб юбориш мумкинми.
Хўш. Асар “Одиссей” қолипида яратилган. Бу асарнинг энг юза қопламаси. Сўнг мифология, халқ қўшиқлари, Библия, Данте, Шекспир қаватлари асарни ўраб боради. Ўзак бўлса 1904 йил 16 июнь санаси билан Жойс даврига михланган. Асар ўзаги ўз доирасидан чиқмай чексиз узлуксиз айланаётган шарга ўхшайди. Унда юнон тафаккури “Инжил” тафаккури билан, “Инжил” тафаккури Данте, Данте бўлса Шекспир тафаккури билан кинояга олинади. Даврлар шу аснода сингишиб борадилар, ажраладилар, курашадилар ва яна 1904 йил 16 июнь санасида бирлашадилар. Саҳнага айланган фоҳишахонада бутун тарих салобату сафсатаси билан рақсга тушади, бутун тарих эришган билимлар бўлса декорацияга эврилади. Маданият, санъат, сиёсат, дин, фан бўлиқ рамзлару, нозик ишораларда бутун бир бадиий қатламларни юзага келтиради. Стивен Дедал ким? Қаноти куйган юнонми, ўлдирилган диний раҳнамоми, ХХ ва ХХI аср прототипи бўлган Маллиганга эрмакми? Стивенда ишонч ва ишончсизлик парчаланиб айни замон одами қиёфаси яратилади. Хўш. Қутулиш ва қутқаришнинг аввали шу тушунчалар билан боғлиқ эмасми?
Онг оқими орқали ўрнатилган замонлар ўртасидаги чексиз мулоқот, мангу саргардонлик, тафаккурнинг ўз устидан юритган кулгиси, ўлим ва ҳирснинг уйғун тасвирлари, фаҳшнинг шармандали тарзда рад этилиши. Асар ўқувчининг тафаккур кучини тарих ва инсон ҳақидаги ишоралари, ишораларга бўлган ишоралари орқали бутун ҳолдан тойдиради. Диний матнларнинг бадиий матнга сингиб бориши, илмий, публицистик услубларнинг, юздан ортиқ бадиий услубларнинг ўзлаштирилиши, уларнинг ночор имкониятларини кўрсатиб бериш ва кулиш, юкиниш – ушбу услубларнинг бадиий деталга айланиб кетиши. Асл матндаги лотин, юнон, итальян, инглиз, ирланд, француз тилларининг мусиқий оҳангжамалари. Бир вақтнинг ўзида Дублиннинг бир неча кўчаларида бўлиш, шохлаб кетган ҳаракатларни қамраб олиш, сабаб-оқибатларни тушуниш, тутиб қолиш, муҳрлаш. Блумни, Стивенни, Моллини ўзлари сузаётган онг ва тил оқими ичида, ундан ташқарида кузатиш. Сиёсат ва диннинг Фуқаро ва Блум қиёфасидаги баҳслари. Булар менга тотли жумбоқдек туюлади, “Улисс”ни ўқиганда ўз кучимни чамалаб кўраман. Тил ва онг оқими ўз сатҳидан жуда баланд кўтарилган 15-эпизод диалогларидан “Годони кутиш” каби ўнлаб пьесаларга шакл, мазмун ундириш мумкин.
18-эпизодни қайтадан ўқиб чиқаман. Бу эпизод билан боғлиқ саволларга чап бергим келмайди. Эпизоддан парча келтираман: “…ариқлару жарларнинг бўйларида бинафшалар бойчечаклар бўй тортади шу ҳаммаси табиат анавилар эса нима дейди гўё Худо йўқмиш сариқ чақага арзимайди уларнинг илму амаллари қани ўзлари лоақал биттагина майсани яратиб кўришсин-чи мен ундан баъзан сўраб тураман шу даҳрийларни улар ўзларини билмайман ким аташади аввал ўзларининг бутун кир наҳс разолатларини қатрон қилиб тозалашсин кейин ўлим кўзларига кўриниб қолганда дод-вой солишади руҳонийни чақиртиришади нега нега деганда виждони тоза эмас дўзахга тушишдан қўрқишади о ҳа уларни жуда яхши биламан оламда ҳали ҳеч ким бўлмаганда ким бўлган эди илк одамни ким яратганди барини ким о ҳа улар буни билишмайди худди шундай мен ҳам билмайман шундай бўлгандан кейин ана шунақа қилиб сизга эртага қуёш чиқишини тўхтатиб қўйишга уринишлари ҳам мумкин…” Аёл – Ер, Молли – Ер рамзи. Бу узлуксиз кўтарилиб тушаётган оҳанг, оқим, унинг охирида бўлса эътироф ва умид: асрларнинг, Европа ва яна кўп минтақаларнинг кайфияти, тавбанинг Молли тилида айтилиши, ҳеч бирида – Блумда, Стивенда топилмаган умиднинг Моллида яшаётгани. Заминнинг тавбаси яна қандай бўлиши керак. Замин пок-покиза эмас, аммо Яратганига шу вақтга қадар ҳеч бир яратиғи Замин қадар муҳаббат изҳор этган эмас.
Ғарб адабиётидан ўқир эканман, сўнг Шарқдан нимадир ўқигим келади ёки аксинча. Ишончсизликка берилганимда мен азиз билган устозларимнинг бири айтган эдики: “Навоийни ўқинг, ишончга қайтасиз”. Шу аснода тарози палласи тенглашиб борса керак-да. Адабиёт ишонганларни халос эта олади, адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам бу борадаги баҳсларда такрор-такрор уқтирганидек, чироқдек йўлимизни ёрита олади. Бу чироқдан фойдаланиш одамнинг ички истаги ва табиатига боғлиқ. Агар енгил ҳаётни истаса, энди адабиёт унга халақит беради.Чироқни юқорироқ тутинг! Аммо йўл қаердан ўтади?

2 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi