Хорхе Луис БОРХЕС  (1899–1986) ДЕНГИЗДАН-ДА ТЕРАН ҲАР ДАҚИҚА

jorge-luis-borges

 

 

Жаҳон адабиётида ижоди ёруғ юлдуздек чарақлаб турган Борхес назмда ҳам ўзига хос ижод этиб, шеъриятни янгилаган шоирлардандир.

Бинобарин, 1920 йиллар Аргентинада шеърият дунёси мамлакат пойтахти Буэнос-Айреснинг Йўқсил ишчилар яшовчи хокисор Боэдо кўчаси ва Бадавлат сармоядорлар умргузаронлик қилувчи муҳташам Флорида кўчаси номлари замирида қоқ икки лагерга бўлиниб кетган эди. “Флоридачилар” Европада кенг тарқалган Юксак поэзия – жимжимадорликка мойил бўлишса, “Боэдочилар” “соф” ва “оддий” (сенсильизм) шеъриятни ёқлаб қалам тебратишарди. Бу гуруҳлар шундай бўлса ҳам, бир-бирига душманлик кайфиятига берилиб кетишмаган, ўзларини бир авлодга мансуб деб билишар, қолаверса, Аргентина деган диёр ўз маданияти билан уларнинг бошини қовуштирган эди. “Боэдочилар” орасидан Альваро Юнке деган шоир чиққан ва “Дунёда ҳеч бўлмаганда битта камситилган ва хўрланган кимса бор экан, инсон ҳеч маҳал бахтли бўла олмайди”, дея, ўз “кредо”сини эълон қилган эди.

“Флоридачилар”га мансуб бўлган Хорхе Луис Борхес ўз ижодини ўша кезларда бошлаган, маълум вақт шеърлар ёзганидан сўнг шоирликни ташлаб, носирликка ўтган, кейинчалик бутун дунёга танилган носир даражасига кўтарила билган.

Йигирманчи аср бошидаги чорак асрлик иқтисодий юксалиш, жамият ҳаётининг маълум даражада демократик тус олиши асносида шаклланган Хорхе Луис Борхес, тадқиқотчилар ёзишича, ижодкор зиёлилар орасида вужудга келган ниҳоятда мураккаб ва асабий вазиятга тушиб қолади. Мамлакат тарихи ва бугунги куни унга кўп жиҳатдан охири йўқ улкан хатолар силсиласи, туганмас ва тушуниб бўлмас фожиадек туюларди…

 Ана шундай бир шароитда Хорхе Луис Борхес кўплаб “изм”лар силсиласидан “ультраизм” йўналишини танлади. Борхеснинг ультраизм билан танишуви Испанияда, ўзи таълим олган Женевадан Биринчи жаҳон уруши бошланганидан кейин  бу мамлакатга кўчиб келгач рўй берди. Ультраизм йўналишидаги бадиий тафаккурда портловчи ва бир-бирига боғланмаган метафораларга мурожаат қилиш Хорхе Луис Борхесга маъқул тушди, ватанига қайтиб келганидан сўнгра ўзини Аргентина “ультраистлари сардори” деб эълон қилди. Бу бир тактик усул ўзига хос ҳийла ҳам эди.

Шунинг учун ҳам Хорхе Луис Борхес бу даврда яратилган асарларини китобларига киритмаган, айримларидан воз кечган, нашр қилдирмоқчи бўлса, жиддий қайта ишлаган эди.

Хорхе Луис Борхес жуда кўплаб халқаро адабий мукофотлар совриндори бўлган. Ҳатто 1970 йилда Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилган,  аммо Аугусто Пиночет сиёсатига ижобий қарашлари туфайли тақдирланмаган. 

Борхес 1986 йил 14 июнда Женевада вафот этди.  2008 йилда Лиссабонда шоир­га ҳайкал ўрнатилди.

Таржимон

 

 ЁМҒИР

 

Боғ узра майдалаб ёғмоқда ёмғир,

Ҳовли саҳни сокин тозарган, ойдин.

Балки тиниб қолди? Оқшом нам, дилгир,

Азизларинг узра ёғгандир бетин.

 

Мавсум бузуқ ҳаво билан қайтмоқда,

Хазина аталур безовта нигоҳ.

Атиргул кўринар унга боққанда,

Атроф байрам мисол ранг-барангдир, боқ.

 

Тобора қоронғу дераза ортида

Ёмғир эркалаган мўйқалам, ана,

Қорайиб турадир зинапояда.

 

Чиринди исига тўйинган атроф.

Тирик кишим сасин туяман яна,

Қайтиб келаётган отамники, ҳа.

 

 

 

“ЎН ЕТТИ ҲАЙКУ”ДАН

 

 

1

 

Оқшом ва тоғлар.

Нималарни менга қилдилар ҳикоя?

Унутилди аттанг, барибир.

 

7

 

Шу кундан мен

шахмат тахтасидаги доналарга

қўл теккизмадим сира.

 

14

 

Сўнаётган ёруғлик,

сўниб бораётган салтанатми

ёки ёнарқурт?

ҲОВЛИЧА

 

Оқшомда

рангларин ўчирар толиққан ҳовли.

Осмони фалакдан тўлин ой

кутадир беҳуда илк эҳтиросларин.

Кичик ҳовли, тошлоқ ирмоқдай

нилий ранглар

деразага сингишиб кетар.

Сокин ва ёруғ юлдузлар оралаб

қотиб қолди Абадият ҳам.

шийпонча билан устунчалар оралиғида

Сир тутилган дўстлик лаҳзаси ураверар жом.

 

 

ШАНБАЛАР

 

(парча)

 

Унутилган соялари дала ҳовлининг

тақа-тақ беркитилган деразалари.

Менинг нотинч кўнглим кимсасиз уй бўйлаб

сенинг тинчимас қалбингни

излайди кўр-кўрона.

Овунмас соғинч узра қўяр узиб

истак ила тортинчоқлик.

Тун зимистони узра

сенинг нурафшон яланғочлигинг чиқиб келар.

Қалбга ўхшаб тобора оғриқдан қисилиб кетган

жимлик қаърига сингийди икки тан, вужуд.

 

 

 

XIII АСР ШОИРИ

 

Кўз ташлар, қораламалар бошбошдоқ,

Сонетнинг чўнг биринчи намунаси у.

Гуноҳкор тўртлик, учликларга қарар,

Ўз-ўзича қалам ёза олган-ку?

 

О, нечанчи сайқал бермоқда сатрга,

Осудаланади… Ё салом товушин илғар,

Нотаниш даҳшат аро шоир булбулнинг

Асрлар оша сайрашини тинглар.

 

Ошно бўлган идрок ила ҳис этар

Аполлон етказган хаёл далдасида

Унга табаррук юзин очгай Архетип:

 

 

Қирра-қирра биллур нигоҳини ҳам

Умр бўйи қондириб бўлмайди, ёҳу,

Лабиринтинг, Дедал, ё Сфинксинг, Эдип?

 

 

БУЭНОС-АЙРЕС КЎЧАЛАРИ

 

Буэнос-Айрес кўчалари,

Сиз – юрагим қоқ марказий нуқтаси.

Пиёдалар шошилинч одимларидан азият чеккан

мудроқ хиёбонлар эмас,

ай сиз, чекка ҳудудлар сокин жин кўчалари,

сизга нотаниш дарахтлар пакана пояси,

шаҳар чеккалари,

бунда қоп-қоронғу юпун кулбачалар

елкасидан эзиб босар Абадий макон,

текисликлар ва осмон

олис-олис кенгликларига ғарқ бўлиб кетишдан

тургандек чўчиб.

Тирик инсон қалбин соғинган барчага

Бахт-саодат этарсиз ваъда:

Чорраҳаларингизда тутинади дўст

уйлар зиндонидан озодликка чиққан тақдирлар.

Ҳеч бўлмаса,

Қайроқтош тўшалган кўксингиз узра

адашган умид дадил илдамлаб боргани учун

эгилиб таъзим қиламан сизга.

Эгри-бугри қайрилишларингиз

Осмон турфа шамолларида ҳилпираётган

байроқларнинг ҳаприқишидек.

Майли, менинг шеърларим дастасида

рақсга тушаверсин ўша байроқлар.

 

 

1964

 

1

 

Гўё сеҳрланган барчаси. Яна бир бора

Бундайин чароғон бўлмас ой шундоғам,

Боғни босган мудроқ. Ой эндиликда

Кўзгу бор-йўғи,  ўтмиш кўланкаси қора,

Сўниш ҳовури. Ёнма-ён ёнаётган икки чеккам,

Чалкашиб турган қўлларимдек… –

Алвидо! Барчасига алвидо!

Содиқ қолур хотира, соғинч!

Исталган ҳар қандай кимса (доим этарсан таъкид)

Соҳиби бўлмаган бир лаҳзани йўқотадир, о,

Бироқ унут бўлган аъмолин ўрганиш машқи

Этгай насиб кучи етганларга муқаррар!

Сени ўлдурарлар биргина атиргул ила, ай,

Титраб турган биргина торларда кадар.

 

 

2

 

Барча шодликлар ўтмишда. Нима ҳам дердик,

Замона беҳисоб бойликлар ила тўла.

Денгиздан-да теран ҳар дақиқа, бешак,

Ҳам тушунарсиздир. Кун узун бироқ.

Офтоб ботишидан бўлмайди қочиб!

Қолдиқ эса янада қисқароқ —

Ўшал яширин ҳадя яқинроқ янада.

Денгиз ва камон ўқлари ўзгача.

Қайсики, бир куни бизни даволар

Тундан ва муҳаббатдан, шубҳасиз.

Белгилаб қўйилгай ҳар бир йўқотиш,

Барча нарса бўлган, энди ҳар нарса жумбоқ.

Фақатгина энди қалбингда қайғули қувонч,

Бурчакларга бошловчи яна ўша эшик, боқ.

 

 

ИМКОНИЯТДАН ТАШҚАРИДА

 

Верленнинг ҳеч мен эслолмайдиган сатри бор битта.

Қайдадир, яқин орада

энди мен ўтмайдиган бир кўча ҳам бор.

Ҳатто ўз уйимда мени кўрмайдиган,

катта кўзгу борлиги эҳтимол.

Қай бир эшикни умрбодга ёпдим ортимдан.

Кутубхонам китоблари орасида

ўзгачаси бор битта.

Уни ўқиш насиб этмайди менга ҳеч.

Элликка кираман шу ёзда.

Демак, ажал ҳам айтарли олисда эмас.

 

 Рус тилидан

 Турсун АЛИ

таржимаси

 

2017/12

 

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi