АДАБИЁТДАГИ ЙЎЛ ХАРИТАСИ

 

Ўтган йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, ҳукумат аъзолари ва кенг жамоатчиликка Мурожаат билан чиқди. Ҳаётимизнинг ҳар жабҳаси қамраб олинган ушбу маъруза мустақил мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очди десак, янглишмаган бўламиз. Йиллар давомида йиғилиб ётган муаммолар, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги маънавий ҳаётдаги камчиликлар рўйи рост очиб ташланган, воқеликка тийрак нигоҳ, танқидий назар солинган ушбу маърузадан кейин одамлар энди ҳеч кимни алдаб бўлмаслигига, ёлғон маълумотлар, шиширилган ҳисоботлар ҳамда ўзига маҳлиёлик, беҳуда қарсакбозлик мамлакатга фақатгина зарар келтириши, тараққиётни орқага суриши, турмуш суръатини секинлаштиришига яна бир бор гувоҳ бўлдилар.

Биз маърузада билдирилган кўплаб фикрлардан келиб чиқиб, ҳозирги маънавий-адабий ҳаётимиздаги муаммолар ва унинг ечими борасида махсус давра суҳбати уюштирдик. Мамлакатимизнинг кўзга кўринган адабиётшунослари, адибларини суҳбатга чорладик. 

 

  1. Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлис палаталарига мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора қилинган Мурожаатномасида ижтимоий ҳаётимизнинг барча қирралари кенг қамраб олинди. Юртбошимиз маънавий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни тилга олиш билан бир қаторда қатор камчиликларга ҳам кескин танқидий муносабат билдириб ўтдилар. Қарийб тўрт ярим соат давом этган маърузада давлатимиз раҳбарининг куюнчаклик, изтироб билан билдирган мулоҳазалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, бу маъруза ўзини шу юртнинг онгли аъзосиман, зиёлисиман деган ҳар қандай одамнинг қалбини тўлқинлантиргани, виждон уйғоқлигига ундагани, воқеликка, тафаккурга янгича муносабатга даъват этгани билан алоҳида аҳамият касб этди.

Президент бугунги маънавий, мафкуравий ҳолатимиздан қониқмаётган, ҳаммани ҳушёрликка чақираётган экан, бу ерда ёзувчининг, зиёлининг вазифалари нимадан иборат бўлиши керак?

 

  1. Француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг “Етилиб, вояга етган ғоя олдида ҳар қандай қудратли армия ожиз бўлиб қолади”, деган фикри бор. Президентимиз ҳам ўзининг ҳар бир маърузасида маънавият, маърифат, диний тарбия ва мустақил тафаккурни ривожлантириш зарурлиги, бу тушунчаларни тарбияловчи санъат, маданият, адабиёт ва илм аҳли ҳамиша ҳаётдан ўн қадам олдинда юриши, бирлашиши, жамиятни ортидан эргаштирувчи ва бирлаштирувчи ғоя ҳамда мафкура яратиш ҳақида муттасил мулоҳаза юритади. Сиз жамиятнинг маънавий мукаммалашуви учун яна нималар қилиш мумкин деб ўйлайсиз?

 

  1. Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки пайтидан то ҳозиргача бўлган давр ичида китобхонлик, китоб мутолааси ҳақида тинимсиз мулоҳаза юритяпти, ҳаммани китобхонликка, маърифатга ундаяпти, мазкур жабҳада қатор қарор ва фармойишлар қабул қилиняптики, бу ҳолатни дунёнинг бирон-бир раҳбари фаолиятида ҳам, давлат дастурида ҳам учратиш мушкул. Бундай улкан стратегик мақсадлар кўзда тутилган тарихий ҳужжатлар ҳар қандай инсон қалбига ғурур ва илҳом солиши,  шубҳасиз.  Аммо, уларни бажариш ҳар қандай мутасаддидан катта куч, изчиллик, қатъият ва тинимсиз меҳнатни талаб этади. Юртбошимизнинг  китобхонлик борасидаги орзуларини амалга ошириш учун қуйи тизимда қандай ишлар йўлга қўйилиши керак,  деб ўйлайсиз?

 

Умарали НОРМАТОВ

филология фанлари доктори, профессор

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлис аъзолари, айни пайтда вазирлик, ҳокимликлар ва бошқа юқори лавозимли расмийлар, қолаверса, кенг халқ оммасига Мурожаати мустақил мамлакатимиз тарихидаги катта воқеа, ноёб янгилик бўлди, 32 миллионли мамлакат аҳли бу мурожаатни радио ва телевидение орқали зўр қизиқиш билан тинглади. Мурожаат хорижий мамлакатларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу ҳол тасодифий эмас. Бу нутқ умумхалқ сайловида мутлақ кўпчилик овоз билан мамлакат Президентидек мўътабар лавозимни эгаллаган муносиб сиймонинг бир йиллик жўшқин фаолияти ҳақидаги сайловчилар олдидаги ҳисоботи – дил розлари каби янгради. Эслаб кўринг-а, шу бир йил ичида Президентимиз имзоси билан чиққан турли-туман жабҳаларга оид ҳаёт-мамот аҳамиятига молик фармону қарорлар, мамлакат ва халқаро миқёсдаги анжуманлар, улардаги мазмундор маърузалар… Боз устига қўни-қўшнилар, узоқ-яқин, катта-кичик мамлакатлар билан алоқаларнинг шаффофлашуви… Айниқса, Америкада БМТ минбарида туриб сўзлаган ҳаяжонли нутқ!

Беайб – парвардигор, дейдилар. Билиб-билмай хато йўлга кирган ёки арзимас гуноҳи учун адолатсиз ҳукм жабрини тортаётган қанчадан-қанча жабрдийдаларнинг озодликка чиқарилиши, бундан ҳам муҳими, арзимас баҳона билан ижод майдонидан четлаштирилган қатор ноёб истеъдод соҳибларининг эл-юрт хизматига қайтарилиши ғоят савоб иш бўлди. Бунинг учун, аввало, уларнинг ўзлари, қолаверса, кенг халқ оммаси чексиз миннатдордир.

Бир йил ичида шунча ўзгариш, шунча янгилик, шунча чора-тадбирлар… Ажаб ҳол, шунга қарамай, Президент Мурожаатида эришилган ютуқлар, ҳаётда жорий этилган янги муҳит, жараёнлар билан баробар, ҳар бир жабҳадаги ҳал этилмаган муаммоларга жамоатчилик эътиборини тортди. Таҳририят давра суҳбат аҳлига “Президент бугунги маънавий, мафкуравий ҳаётимиздан қониқмаётган, ҳаммани ҳушёрликка чақираётган экан, бу борада ёзувчининг, зиёлининг вазифалари нимадан иборат бўлиши керак?” деган ҳақли саволни ўртага ташлайди.

Азизлар, мустақиллик маънавий-мафкуравий соҳада ғоят катта имкониятлар эшигини ланг очиб берди, Шўро замонида топталган динимиз, шонли тарихимиз, бой адабий меросимизни тиклаш, уларни таълим тизимига жорий этиш бобида кўп ишлар қилинди, адабиёт дарсликлари шўровий талқинлардан холи этилиб тубдан янгиланди.

Шуниси қизиқки,  шўро замонида шўровий мафкура билан йўғрилган дарсликлар чин асарлар билан алмаштирилган замонга келиб айни шу дарсликлар асосида тарбияланган ўқувчилар орасида китобхонлик йилдан-йилга камайиб борди. Ўтган асрнинг 70-80-йиллари бизда китобхонлик энг авжига чиққан палла бўлган эди. Ўша йиллари “Шарқ юлдузи”нинг адади юз эллик, ҳатто икки юз мингга, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” сони бир миллионга яқинлашган эди. Чоп этилган янги романларнинг адади 60-80 минг атрофида бўларди. Ҳатто адабий-танқидий, маърифий мавзудаги адабиёт ҳам шунга яқин турарди. Чунончи, 1986 йил чоп этиган “Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” тўплами 60000 нусхада чиққан ва тез орада тарқаб кетганидан хабарим бор. 2007 йил адиб таваллудининг юз йиллигига атаб тайёрланган “Адабиётимиз фахри” китоби бор-йўғи 1000 нусхада чоп этилди, тарқалиши эса хийла суст кечди…

Бу-ку майли, булар хотира ва адабий-танқидий мақолалар мажмуаси. Ҳозир чиқаётган роман, қисса, ҳикоя китоблари адади ҳам 1000-5000 оралиғида. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” адади эса 3000-4000 атрофида. Камина ўн йил бурун Республикамиз олий ўқув юртларини битириб, мактабларда муаллим, турли жабҳаларда ходим бўлиб ишлайдиган 60 мингга яқин филолог мутахассислар бор эканини аниқлаб эдим. Уларнинг ҳар бири мавжуд чоп этилаётган адабий нашрлар – газета ва журналларга обуна бўлганида, обунчилар адади 60 мингдан кам бўлмас эди-ку! Бу гап адабий китоблар ададига ҳам тааллуқли. Бу хил нашр – газета, журналлар билан мунтазам танишиб бормаган зот шу соҳада ишлаш, шу соҳанинг нонини ейишга ҳақлими?! Нега мутасадди ташкилотлар мана шу ҳаёт-мамот жумбоғига лоқайд қарайди?!

Менинг бу гапларим аслида амалга оширилиши мажбурий бўлган талаблардир. Ахир адабий янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиб бормаган адабиёт ўқитувчиси мактабда ишлашга ҳақлими? Улар ўқувчиларда адабиётга қизиқиш, меҳр уйғота оладими?

Президентимиз ўзининг ҳар бир маърузасида маънавият, маърифат, диний тарбия ва мустақил тафаккуримизни ривожлантириш зарурлигини, бу тушунчаларни тарбияловчи санъат, маданият, адабиёт ва илм аҳли ҳамиша ҳаётдан ўн қадам олдинда юриши лозимлигини уқтирар экан, бу соҳа одамларига, аввало, ўз зимммасидаги бош бурчи – китобхонлик даражаси қай аҳволда эканлигига қараб баҳо бериш тартиби ўрнатилиши лозим деб ўйлайман.

Юртбошимизнинг китобхонлик борасидаги орзуларини амалга ошириш учун қуйи тизимда қандай ишлар йўлга қўйилиши керак, деган савол устида кўпдан бери ўйга толаман. Мен хотин-қизларимизнинг мактабларда муаллим бўлиб ишлашларига қарши эмасман, лекин кўплаб мактабларда, хусусан, Тошкент шаҳрида филолог – тил ва адабиёт ўқитувчиларининг аксарияти хотин-қизлардан иборат эканлиги инсофдан эмас. Ҳар қанча билимдон бўлмасин, аёл зотининг кўнгли бўш бўлади. Мактабда билимдон, айни пайтда қаттиққўл, сўзини ўқувчи болаларга ўтказа оладиган, талабчан, чин билимдон эркак ўқитувчилар ҳам керак!

Мактабда  адабиёт дарсларида, дарсликларида миллий адабиёт билан баробар жаҳон адабиёти дурдонлари намуналари, уларнинг муаллифлари ҳаёти ва ижоди ҳам ўрин олган. Аммо улар ҳозирги талаб, имкониятлар даражасида эмас. Боз устига, шаҳар ва қишлоқлардаги қатор мактабларга борганимда, мактабдаги филолог ўқитувчилар билан учрашганда, “Жаҳон адабиёти” журнали хусусида сўз очганимда, аксар ҳолларда улар бу журналдан бехабар эканлиги маълум бўлди. Йигирма йилдан бери ҳар йили мунтазам чоп этиб келинаётган бу ойлик журнал саҳифаларида жаҳон адабиёти дурдоналарининг она тилимиздаги таржималари мунтазам ёритиб келинмоқда. Гарчи улар ўқув дастуридан ўрин олмаган бўлса-да, олий маълумотли адабиёт муаллими жаҳон адабиётидаги янгиликлардан ўрнини топиб, юқори синф ўқувчиларини таништириб борсалар, айни муддао бўларди. Телевидениенинг “Маърифат ва маданият” каналида деярли ҳар куни жаҳон адабиёти намуналари ҳақида кўрсатув, ҳужжатли фильмлар намойиш этилади. Мактабда ҳам бу борада муайян ва мунтазам тадбирлар кўриш имкони бор. “Жаҳон адабиёти” журнали ҳар бир мактабга лоақал 1 донадан кириб борадиган бўлса, унинг адади салкам ўн мингга кўпайган, энг муҳими, жаҳон адабиётининг нодир намуналари билан танишиб борган адабиёт муаллими, қолаверса, улардан дарс олган ўқитувчиларнинг билим савияси тубдан ўзгариб кетган бўларди.

Ниҳоят, мен ушбу давра суҳбати муносабати билан олий ўқув юртлари ўзбек филологияси факультетларида адабиёт назарияси фани билан боғлиқ жиддий бир муаммога давра қатнашчилари эътиборини тортмоқчиман.

Мустақиллик йилларида барча фанларда бўлгани каби адабиёт назарияси курсида ҳам жиддий янгиланиш, ўзгаришлар рўй берди. Шўро даврида назария бўйича тақдим этилган шўровий дарслик ва ўқув қўлланмаларидан аллақачон воз кечилган. Рус адабиётшунослигида ўнлаб тубдан янгиланган назарияга оид ўқув қўлланмалари, дарсликлари чоп этилди. Ҳатто бизга унча таниш бўлмаган Эронда 2006-2007 ўқув йилининг ўзида жаҳоннинг турли мамлакатларида чиққан назарияга оид 6та китоб форс тилига таржима қилинган экан.

Ажаб ҳол: шу пайтга қадар адабиёт назариясига оид бирорта ҳам ўшандай дарслик китоби ўзбек тилига таржима қилинмабди! Ҳануз шўро замонидан қолган И.Султонов, Т.Бобоев, Ҳ.Умуровлар қаламига мансуб “Адабиёт назарияси” китобларидан бошқа ҳеч вақо йўқ. Тўғри, Д.Қуронов қаламига мансуб замонавий руҳда битилган “Адабиётшуносликка кириш” дарслиги, айни шу муаллиф бошчилигида яратилан “Адабиётшунослик луғати” мавжуд. Лекин улар она тилимиздаги замонавий адабиёт назарияси дарслиги ўрнини боса олмайди-да, ахир! Шукурким, бизда ҳозир жаҳон адабий-танқидий, назарий тафаккури даражасида “Адабиёт назарияси” дарслиги яратишга қодир етук адабиётшуносларимиз бор, улар кучи, иқтидори, имкониятидан кечикмай фойдаланиш – давр тақозоси.

 

 Иброҳим ҒАФУРОВ

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатномаси ҳар биримизни бугун аниқ фикрлашга, аниқ ишларга бош қўшишга ундамоқда.

Ўзбекистон олдидаги улкан миқёсдаги вазифалар кўз ўнгимизда қабариқ ҳолда ёмби намоён бўлмоқда. Улар қаршисида ҳар қандай ҳавойи хаёллар, ҳавойи сўзларнинг тамомила ортиқча ва кераксиз бўлиб қолгани аён сезилмоқда.

Президентимизнинг ғайратли саъй-ҳаракатлари натижасида бизнинг кунларимизда Ўзбекистон  умумжаҳон ўлчовидаги тараққиётнинг янги, илгари кўрилмаган палласига кирди. Халқ эркин сайлаган Президентимизнинг пойқадами мамлакатга ҳар томонлама қутлуғ келди.

У ҳар кун, ҳар соат оддий халқнинг ҳол-аҳволидан хабар олмоқда, хонадонлар эшикларини қоқиб кирмоқда, кексаю ёш, ишчию зиёли, деҳқону ўқитувчи, давлат хизматчисию тиббиёт ходими, депутату ҳуқуқшунос, ногирону нотавон, мўйсафид отахон-онахонлару ватан фахрийлари билан вақтини аямай учрашмоқда: очиқ, самимий суҳбатларда, дардкашлик мулоқотларида халқ ва мамлакатнинг реал аҳволидан воқиф бўлмоқда, дардмандларга чорасозлик қилмоқда, эртанги эшик қоқиб турган ҳаётнинг уфқларига қарамоқда, пишиқ-пухта йўл-йўриқлар белгиламоқда.

Аждодларимиз, миллатпарвар, эркпарвар, маърифатпарвар адибу удабо, олиму уламоларимиз Беҳбудий, Қодирий, Фитрат, Авлоний, Чўлпон худди мана шундай кунларни тилаган эдилар, жонларини шундай орзули ҳаётга тиккан эдилар. Озодлик, ҳурлик учун кураш натижасиз қолмайди. Уларнинг мислсиз курашлари энди натижа берди. Мурожаатнома ўша курашларнинг  ҳосиласидир.

Мурожаатномада кўтарилган барча муаммолар мамлакат олдида турган вазифалар, тирик ғояларнинг марказида, назаримда, жуда улуғ бир муддао – ҳаётнинг сифати учун кураш туради. Ҳаётнинг сифати эса одамнинг сифатидан, у ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг сифатидан, у риоя қилаётган таълим-тарбиянинг сифатидан, эътиқод қўйган таълимот ва ғояларнинг сифатидан, ахлоқ ва ватанпарварликнинг сифатидан ҳосил бўлади. Савол энди кўндаланг қўйилмоқда: биз энди ҳаётимизнинг мазмуни ва мундарижасини ташкил этадиган шундай сифатларимиз учун   иродавий курашни изчил олиб бора оламизми?

Президентимизнинг Янгийўл, Чирчиқ шаҳарларидаги учрашувлари, Хавфсизлик кенгашида сўзлаган нутқи мени бир зиёли сифатида қаттиқ ҳаяжонга солди. Чирчиқ, Янгийўл, Олмалиқ, Муборак сингари шаҳарлар  Ўзбекистонимизнинг замонавий қиёфасини, унинг иқтисодий-саноат-техника қудратини намоён этувчи шаҳарлардан, Америкада Детройт ва Чикагодан, Россияда Саратов ва Твердан қандай фахрлансалар, биз ҳам Чирчиқлар билан шундай фахрланамиз. Оз эмас, кўп эмас, Чирчиқда уч юздан ортиқ саноат корхонаси бор экан. Кимё машинасозлиги, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги!.. Эҳ-ҳе, булар қаторда бўлгач, аллақачонлар  Ойга қўнсак, Миррихга кема учирсак, не бир соз эди. Дунёда энг зўр кимёсозлик бизда бўлиши керак эди. Бизнинг қишлоқ хўжалиги техникаларимиз бутун Шарқ, бутун Осиёда энг харидоргир, энг рақобатбардош бўлиши табиий эди! Лекин нега шундай бўлмади! Кадрларга, илмга, технологияларга, инновацион  ғояларга, илмий ишончли тадбиркорликларга эътиборсизлик, уларнинг нечоғли қиммати ўлчанмаганлиги, келажаги кўрилмаганлигининг оқибати эмасми бу! Ҳолбуки биз ҳақиқий кимё ватани бўлишимиз ўзини бениҳоя оқларди! Ҳа, нуқтаи назарлар буларнинг аҳамияти қадар етиб боролмади, узоқ замон бир жойда депсинишдан нарига ўтолмади. Қаранг, шаҳарларнинг ҳақиқий қиёфалари, миқёслари тўла гавдаланди.

Адабиётимиз ва санъатимизга ҳам инновацион ғояларнинг кириб келиши табиий. Бир пайтлар ёзувчилар саноат корхоналарига, улуғ қурилишларга юриш қилишарди. Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Иброҳим Раҳим, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков роман ва қиссалари, Эркин Воҳидовнинг “Палаткада ёзилган достон” достони  тарихини эслайлик – Абдулла Ориповнинг алангали  мактублари дунёга келарди. Нима учун биз кимёгарлар ҳузурларига бормайлик, нима учун қишлоққа чиқарилаётган ранг-баранг техника ва у қандай яратилётганлиги билан қизиқмайлик, нима учун бепоён Турон кенгликларига, Борса келмасларга, дунёдаги энг бой туз конларига ёш ижодкорларнинг экспедицияларини  ташкил этмайлик! Университетлардаги ёшлар ҳаётий ғоялар билан ва умуман ҳаёт, келажак билан қандай қизиқаётганликлари ва буларнинг самараси билан яқиндан шуғулланмайлик! Ҳавойи мифларни ўз йўлига қўйиб, нечук олий ҳаётнинг бевосита тасвирларига энг замонавий журнализм даражасида юз бурмайлик! Токи адабиётда инновацион ғоялар гуркирасин ва замон кишисининг мураккаб дунёларига йўллар очсин.

Адабиёт ҳаётга даъват этилган.

Ҳаёт чорламоқда.

Инсонга ғамхўр, меҳрибон замон келди.

Орзулар, умидлар ушаладиган замон асрдошларимизга муборак бўлсин!

 

Бахтиёр НАЗАРОВ,

 Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик

 

Cуҳбатимиз доирасидаги масалалар, наинки, ўз адабиётимиз муаммолари, балки, ҳозирги замон сўз санъати контекстидаги муҳим тамойиллар, вазифаларга ҳам дахлдор. Қолаверса, бу мақолада ёритилажак масалалар кенгроқ миқёсдаги касбдошларни, иқтисодиёт, сиёсат, адабиёт ихлосмандларини дардларимиздан, ташвишларимиз, қизиқиш ва изланишларимиздан воқиф қилади. Сўнгги бир-икки йил ичида бизда ижодкор зиёлиларга давлат миқёсида жуда катта эътибор кўрсатилди ва кўрсатилмоқда, жаҳон миқёсида ҳавас қилса арзигулик ғамхўрликлар, амалий тадбирлар ва, ҳатто, адабий-назарий жиҳатдан, методологик нуқтаи назардан муҳим ғоялар, қарашлар юз очди. Президент жараёндаги аҳволни, ютуқ-камчиликларни раҳбар сифатидагина эмас, санъат ва адабиётнинг чуқур ихлосманди сифатида яхши билади. Мамлакатнинг яхлит дарди қаторида бадиий адабиёт, мусиқа, санъат, китоб муаммоларини ҳам чуқур ҳис этди. Унинг “Адабиёт ва санъатнинг чинакам мухлиси бўлиш насиб этганидан бахтиёрман” дейиши шунчаки гап, эътироф эмас, амали билан тасдиғини топаётган ҳиссий идрок сифатида қадрлидир. Иккинчидан, узоқ кутдирмаган тасдиқ шундан иборат бўлдики, ўтган қисқа муддат ичидаёқ ижодий меҳнати, яшаши, орзу-умидларни амалга ошириши юзасидан конкрет ишлар бошлаб юборилди. Юқорида эътироф этилганидек, уларга халқаро миқёсдаги ижодкорлар ҳавас қилса арзийди.

Биргина китобхонлик маданиятини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган тадбирларни кўринг. Дунёда Ўзбекистон – битта. Китобга бу қадар эътибор бераётган мамлакат ҳам, менимча, ҳозирги дунёда  битта. Халқлар миқёсида китоб кўпинча бизнесга айланиб бораётган шароитларда, бизнинг Ватанимиз китобга маънавиятнинг ўзаги сифатида қарамоқда, ҳар бир шахс ва, умуман, мамлакатни маънавий ва моддий камолотга элтувчи буюк куч сифатида тарғиб қилинмоқда. Китобхонлик маданияти масаласига давлат аҳамиятига молик вазифа сифатида қараётган мамлакат, янглишмасам, ҳозир, дунёда ягона – бизнинг мамлакатдир.

Мурожаатномада келтирилган методологик нуқтаи назардан муҳим бўлган фикр ва ғоя ҳозирги глобаллашув шароитларида жаҳон миқёсида муҳим аҳамиятга эгадир. Шу ғоя ва фикрни мақсад жавҳарига айлантирган ҳолда, дейлик, ЮНЕСКО сингари башарий ва обрўли ташкилот алоҳида қарор қабул қилса, ёхуд махсус халқаро анжуманда гапирилса, кўпдан-кўп мамлакатлар қўллаб-қувватлаган бўларди, деб ўйлайман. Бу тадбир йилдан-йилга кучайиб бораётган қуролланиш, ўзаро нифоқ, совуқ муносабатлар, империячилик сиёсати, ахлоқсизлик, “оммавий маданият” ва хавфларнинг олдини олишга таъсир кўрсатиши мумкин эди. Айни чоғда сусайишлар кузатилаётган инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда адабиётнинг ўз азалий функцияларини тиклашига, ўйлайманки, баракали таъсир кўрсатади.

Бу борада эътиборга муносиб асарларимиз борми? Ҳозирги адабиётимиз ҳақида қанчалар танқидий фикрлар айтилмасин ва улар қанчалар тўғри бўлмасин, мен шундай асарларимиз бор, деб ҳисоблайман.

“Адабиётга, санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор”, дейилган фикрлар замирига эътибор беринг. Бу кўнгилдагидек келажакка эга бўлиш учун моддий-иқтисодий равнаққина эмас, яхши ейиш, яхши ичиш, яхши кийишгина эмас, маънавий жиҳатдан ҳам замон ва тараққиёт талабларига муносиб бўлишимиз керак, деганидир. Бунинг учун эса, адабиётни, санъатни ҳам ривожлантиришимиз, янги босқичларга кўтарилишимиз керак деганидир. Демак, бундан шундай хулоса келиб чиқадики, адабиётга берилаётган аҳамият, моҳият-эътибори билан, халққа ва унинг келажагига берилаётган эътибордир. Демак, ёзувчи нечоғлик ўз шахсий дардларини акс эттирмасин, нечоғлик кичик мавзуга аҳамият қаратмасин, у аслида ўзи учун эмас, халқ учун ёзади, ёзганлари билан халқни уйғотиши, уни янги зафарлар томон талпинишига ёрдам бериши керак бўлади.

Лекин, шу ўринда ижодкорлар билан учрашувларда яна бир муҳим масалага алоҳида урғу берилаётганини ҳам унутмайлик. “Ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз асарларнинг бозори чаққон” бўлиб бораётир, деган фикр замирида бажарилиши зарур бўлган қатор вазифалар туради.

Шулардан бири, танқидчилик ўз бурчига масъулият билан қараши лозимлигидир. Танқидчилик хоҳлаган асар ҳақида тақриз ёки мақола ёзадиган, хоҳламаса, ёзмайдиган соҳа эмас. У саёз асарлар кўпайишининг олдини олишга масъул, мажбуриятни ватанпарварлик даражасида ҳис ва идрок этиши зарур соҳадир. Акс ҳолда бўш ва саёз асарларнинг бозори чаққон бўлиб кетавериши ҳеч гап эмас. Бу масалада, энг аввало, танқидга “мен” қайғурмасам, ким қайғуради. Ахир бу масала юқоридан ҳал қилиб бериладиган эмас. Ундай ёзма, бундай ёз, деб буйруқ бериладиган ҳатто, махсус қарорлар чиқариладиган замонлар ўтиб кетди. Бу масалани ёзувчилар, танқидчилар, адабиёт ихлосмандлари – ўзимиз биргалашиб ҳал қилишимиз лозим бўлиб, бу жараёнда танқидчининг ўрни ва бурчи алоҳидадир. Шундай қилмасак, дидсиз китобхонларнинг, саёз асарларнинг урчишига – уларнинг олди олинишига бурчли бўлган – ўзимиз дахлдор бўлиб қоламиз.

Шу ўринда давлатимиз адабиёт ва санъат равнақига керак бўладиган ҳеч нарсани аямайди, деб алоҳида таъкидлангани ва мақсадлар кечиктирилмай, аввалги замонлардаги каби узоққа чўзилмай, шу кунларнинг ўзиданоқ амалга оширишга чоғланаётгани, ўйлайманки, ижодкор аҳлига катта куч ва мадад бўлмоқда. Энди шунга яраша ишлашимиз зарур эмасми?

Маданиятимизни, асрий илғор анъаналаримизни ахлоқимизни, умуман, миллатимиз ва миллий қадриятларимизни тоза сақлаш энг муҳим масала. Уларни кирлантиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Бу масалада бадиий адабиётнинг ўрни нечоғлик катта эканини такрорлаш шарт эмас. Айни вақтда шу масалада адабиётнинг ўз ички қадриятларига дахлдор нуқталар ҳам бор.

Барча соҳаларда бўлганидек, бадиий адабиёт равнақи ҳам ташқи таъсирсиз кечиши мумкин эмас. Шу ўринда “ғарбга тақлид” ёхуд ғарбдан ўрганиш деган масалада ёзувчи зиммасида муҳим масъулият туради. Умуман, масъулиятнинг муҳими ёки номуҳими бўлмайди, албатта. Лекин, масаланинг жиддийлигидан келиб чиқиб, мен бу ўринда “муҳим” сўзини қўллашни маъқул топяпман. Ғарб бўладими, шарқ бўладими, адабиётимиз равнақига, ундаги маҳорат, услуб, усул, шакл ранг-баранглигига ижобий таъсир кўрсатадиган, табиий равишда анъаналаримиз миллий, қадриятларимиз, қадриятларимизга сингишиб кетадиган хосиятли таъсир хусусиятларини ҳеч ким рад этмаслиги аён. Лекин ҳам адабиёт, ҳам миллий ўзлигимизга зид келадиган, унга дахл қиладиган таъсирнинг манфий оқибатини ўз зиммасига оладиган ҳаракатлар бизга керак эмас. Бундай таъсирлар Нобель мукофоти совриндоридан ёки ундан катта-кичик совринлар эгасидан келиб чиқадими, бундан қатъи назар, бизга керак эмас. Биз миллатимизнинг ҳам, адабиётимизнинг ҳам қонини тоза сақлашга ҳаракат қилишимиз керак. Ахир, инсон томирига қон гуруҳи тўғри келмаса, қуя олмаймиз-ку!

Яқин-яқинларда “Оммавий маданият” деган ибора бизда аҳён-аҳён қўлланилгучи эди. Энди бу иборани, ҳаётдан келиб чиқиб, тез-тез ишлатишимизга тўғри келяпти. Шу маъно ва тушунчадаги “оммавий адабиёт” иборасига мурожаат этиш адабий нормага айланиб қолмаслиги учун зеҳнли ишлар олиб боришимизга тўғри келади.

Ижтимоий буюртма ҳақида… Бу тушунчани баъзилар шўро замонидаги каби юқоридан берилувчи буйруқ, тазйиқ, давлат иродасининг ифодаси тарзида; босимли сиёсат ва зўравон мафкуранинг бадиий адабиёт орқали тарғиб ва ташвиқи деб англаса, адашади.

Ҳозирги кунимизда адабиётдаги ижтимоий буюртма дегани, бу моҳият-эътибори билан, ҳаётдаги муҳим муаммолар, кўрилиши исталган қаҳрамонлар билан бу вазифани амалга оширувчи ёзувчининг ниятидаги уйғунлик зарурияти сифатида англаниши керак. Шу ўринда ижтимоий буюртма билан бугунги адабиётнинг асосий қаҳрамони ким ва у қандай бўлиши керак, деган моҳият бир-бирини тўлдиради. Ахир тузум ўзгарди, замон ўзгаряпти, янгича тафаккурли, янгича меҳнат қилаётган инсонлармиз, шулар даврасида яшаяпмиз; жамиятни ҳаракатга келтираётган янги тадбиркорлар, фермерлар, жаҳоннинг илғор мамлакатларидагидек ёшларимиз пайдо бўляпти, мисли кўрилмаган ислоҳотлар, бунёдкорликлар амалга оширилмоқда. Халқ, бадиий адабиёт ихлосмандлари асарларда буларни кўришни, ўқишни истамасинми?! Бу ишларнинг барчаси осонликча рўй бераётгани йўқ. Шу жараёнда бошдан кечаётган мураккабликларнинг қийинчиликларнинг ҳис этилишини истамасинми замондош?! Ҳаётда қандай қаҳрамонлар бор ёки етишмаётибди, – бадиий асарлар орқали билишни ва улардан ўзига куч-қудрат ўтишини орзу қилади. Мана шулар эмасми, ижтимоий буюртма ифодаси дегани.

Ҳозирги китобхонимиз жаҳон адабиётининг ўтмиши ва бугунидан яхшигина хабардор. Уни қойил қолдириш осон эмас. Унинг талаблари катта. Бунинг устига, кўплаб асарларимизда “майда мақсадлар” билан яшайдиган, ҳаётга фақат истеъмолчилик кайфияти билан қарайдиган кимсалар асосий қаҳрамонлар сифатида тасвирланаётгани кишини ташвишга солиши бежиз эмас. Шу маънода, бизга юксак идеаллар билан яшаётган, шу йўлда тинмай курашаётган, қийинчиликларни енгиб, ўтаётган, гоҳ енгиб ўта олмаётган, лекин умидини сўндирмай, бугунимиз ва эртамизга ишонч билан қараётган, ғайрат ва шижоати билан замондошларни ортидан эргаштира оладиган қаҳрамонлар зарур.

Биз кўпинча ўзимизни улуғлашу ўзгаларни танқид қилишни, хато ва камчиликларни ўзимиз эмас, ўзгалардан қидиришни хуш кўрамиз. Шу маънода, оммавий маданият деган бало фақат четдангина сизиб келмайди, у “афсуски ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин”, деган фикрнинг ниҳоятда муҳим эканига эътиборингизни қаратишни истардим. Гап “оммавий маданият” устида кетмоқда. “Оммавий маданият”нинг “оммавий адабиёт”га ҳам аста-секин ўтиб бораётган унсурлари йўқ эмас. Бундан огоҳ бўлиш керак. Миллий урф-одатларимиз, миллий туйғуларимиз, қисқаси, ўзимизни парчалашга унинг таъсири ёмон бўлади. Биламиз, бадиий адабиёт ниҳоятда таъсирли куч. Унда бўй кўрсатиши мумкин бўлган сифатлар, Белинский айтганидек, “ҳаракатдаги эстетика” томонидан кечиктирилмай олди олиниши керак.

Шу ўринда, айниқса, адабий танқиднинг, наинки адабиёт, балки умуман, ҳаётий жиҳатдан зиммасидаги бурчига, вазифасига талаб ортади. Бу танқидчилик олдига замон қўяётган талаблардан биридир. Асарнинг сифати, унинг бадиияти, маҳорат масалалари хусусида қайғуриш билан бир қаторда, замон танқидчилиги зиммасига мана шундай янги вазифаларни ҳам қўймоқда. Дейлик, аввалги юз йилликларда “оммавий маданият”, “оммавий адабиёт” тушунчалари йўқ ёки деярли сезилмас даражада эди. Ҳозир, янги замонда мана шундай янги “масалалар” келиб чиқяпти. Унинг омилини, айтилгандек, фақат четдангина эмас, ўзимиздан ҳам қидиришга тўғри келади. Бамисоли, 100-150 йил аввал юртимизнинг ғорат бўла бошланишига хонликларнинг ўзаро низолари, мамлакатимизнинг босиб олиниши ва ундан кейинги жараёнларда ўз ичимиздан чиққан хиёнатчиларнинг ҳам ўрни оз бўлмаганидек…

Бўш асарлар кундан-кунга кўпайиб кетаётганлиги, нашриётлар бунга йўл қўйиб бераётгани, истаган қаламкаш, молиявий имконияти бўлса, истаган асарини чоп этаётгани ҳақида матбуотда зорланиб айтилаётган фикрларга бот-бот дуч келамиз. Лекин, бу масалада аҳвол тариқча ўзгараётгани йўқ, аксинча, бу аҳвол авж олса-оляптики, секинлашаётгани йўқ. Саёз, хом-хатала асарларнинг оммавий равишда кўпайиб кетиши миллионлаб миллатдошларимизнинг, умуман, халқимизнинг бадиий дидини бузади, ўтмаслаштиради, бир сўз билан айтганда, салбий томонга буришга сабаб бўлади. Уни орқага қайтариш ва тўғри йўлга солиш қийин бўлади. Шу масалада менинг бир-икки таклифим бор. Бу масалада Ёзувчилар уюшмасининг ҳуқуқий-норматив базасини мустаҳкамловчи ҳужжатлар қабул қилиниб, хом-хатала, бўш-саёз, олди-қочди асарлар чоп этилишининг олдини олиш чоралари белгилаб қўйилиши керак.

Демократия барча соҳада зарур, буни тушунамиз, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Лекин демократияда ҳам демократия бор. Унинг қайси бир нуқталари эл-юрт манфаатига зид келгудек бўлса, унинг олди олиниши керак. Дейлик, ғарбда, “Европада асари саёз экани” учун чоп этилмаслиги муаллифнинг демократик ҳуқуқларини бўғиш, ҳуқуқини чеклаш, деб қаралгани сингари биз ҳам бу масалада шундай бўлишимиз шартми? Нима учун биз бу масалаларда, ҳатто демократия масаласи бўлса ҳам, ўзгалар танлаётган (ва салбий оқибатлари кўриниб турган) йўлни эмас, масаладаги асосий мақсадга риоя қилган ҳолда ўз йўлимизни танлашимиз, белгилашимиз мумкин эмас?

“Мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади”, деди ижодкор зиёлилар билан учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёв. Бу фикрлар замирида чуқур ният, мақсад бор. Келажагимизга ҳам, бугунга, адибларимизга ҳам катта ишонч бор. Ҳавас қилинажак келажагимизга муносиб адабиётимизни бунёд этишга шу бугундан киришмоғимиз зарур.

 

Иброҳим ҲАҚҚУЛ

филология фанлари доктори, профессор

 

  1. Давлат раҳбарларининг маъруза, расмий чиқишларига муносабат ва уларни қўллаб-қувватлашларни кўп кўрганмиз. Бундай муносабат ва тарафдорликларда шахсий манфаат, расмиятчилик, мансабпарастлик ҳийла-найранглари қўшилиб-қоришиб кетгани ҳам кўпчиликка сир эмас, деб ўйлайман. Шу маънода мен бир қанча “ашаддий” ватанпарварларнинг совет давлати ҳукмронлиги даврида бир, қайта қуриш ва ошкоралик замонида нисбатан бошқа, мустақиллик ғалабаси ҳамда ундан кейинги пайтларда яна ўзга қиёфада турланиб-тусланганини эслатиб ўтишим мумкин. Чунки халқ бундай кимсаларнинг кимлигини ҳам, журъат ва фидойиликлари нимага қаратилганини ҳам билади. Билгани учун самимиятига ишонмайди. Ва тўғри қилади. Негаки, ҳақиқати бўғзидан бошланиб қорнида тугайдиган корчалонлар Мурожаатномадаги юрак қаъридан отилиб чиққан сўз ва фикрларни қалбан асло қабул этишолмайди. Маънавий-ахлоқий ўйинчилик ва нафсоний таъмагирлик уларни муте, иродасиз қулга, шамол қаёнга эсса, ўша ёнга қараб бош эгаверадиган супургигулга айлантириб қўйган. Менимча, Президентимизнинг мафкуравий ҳолат, мустақил ва бутун шахснинг жамиятдаги мавқеи, фаолияти, хусусан ташаббускорлигидан қониқмаётганлигига бир сабаб ана шу бўлса керак.

Ёзувчи, шоир ёки илм аҳлига умуман менинг эътирозим йўқ. Уларнинг кўнглига йўл топиш, бор қобилиятини юзага чиқаришга имкон бериш учун аввало ишонч ва ҳиммат зарурлигини ҳамма билади. Мен эса бошқа бир ҳақиқатни қайд этиб ўтмоқчиман. Умумий эътирофга кўра, маънан инсон  ўзини бир МУШТ ҳолига етказса, лашкар қадар куч-қувват соҳиби бўлар экан. Бизда лашкар дейишга арзирли истеъдод соҳиблари бор. Аммо нечукдир улар бетарафлик, издиҳомдан четда юриш йўлини тутишган. Бунинг сабаблари очиқчасига, айтиб эшитилса, менимча, адабий жараёндаги ҳамжиҳатлик албатта кучаяди…

  1. Менимча, жамиятнинг маънавий-ахлоқий аҳволи, тафаккур тарзини тубдан янгилаш, давлат, сиёсат, энг муҳими, келажакка ишонадиган фуқаролар сафини кенгайтириш учун Президент энг тўғри йўл ва фавқулодда ҳаётий усулларни танлади.

Ҳозирги очиқлик, ошкоралик ва демократик тамойилларга рахна солинмаса, илм-фан, адабиёт, санъат, таълим-тарбия илдамлаганидан-да, илдамлаб бораверса, ҳеч шубҳасизки, Шавкат Мирзиёев сорбонлиги ва саркорлигидаги Ўзбекистон жаҳондаги манаман деган давлатлар мақомига юксалади. Ана шунда жафокаш халқимиз ёлғон, алдов, зулм, қўрқув, порахўрлик, каззоблик сингари неча ўнлаб иллату офатлар дастидан қутилган адолатли салтанатга, ростлик, ҳалоллик, ташаббус ва дину диёнатга, муҳофиз диёрга соҳиб бўлади. Дунёга танқидий нигоҳ ила қарайдиган кишиларни ҳам Мурожаатнома худди шу ҳақиқатга ишонтиради. Бу жуда муҳимдир.

  1. Китобхонлик баҳсида айтилган сўз ва изоҳларингизга қўшиламан. Лекин Юртбошимизнинг китобхонлик борасидаги истак ва орзуларини рўёбга чиқариш учун миллатнинг фикрий савияси, бадиий диди, умумий маслаги ва келажакка муносабати хусусида тўғри тасаввур ҳосил қилиш керак. Бу – биринчидан. Иккинчидан, ҳақиқий адабиёт тарғиби билан, ўртамиёна ва талантсиз ижодкорлар асарларининг ташвиқини ажратиш зарур. “Китоб ўқинг…”, “Китобхон киши андоқ бўлади, бундоқ бўлади…”, деявериш билан мурод ҳосил бўла қолмайди. Ақл, фикр, ахлоқ ва эътиқодга таъсир ўтказадиган китоблар билан, қалб, руҳ ва хаёлотни нурлантириб юборадиган асарларни фарқлаш, адабий шахсияти ночор, санъаткорлик малакаси паст қаламкашларнинг ёзганларини ўқишни хусусан ёшларга тавсия этмаслик лозим.

Китобхонлик тарғиби тил, тарих, дин, миллат, ватан, мустақил ва эркин шахс манфаати нуқтаи назаридан амалга оширилсагина кўзланган натижага эришилади. Қолаверса, китоб мутолааси ҳақида ўзи қойиллатиб китоб ёзган, ўқувчилар ҳар қалай яхши биладиган ижодкорлар кўпроқ гапиргани мақбулдир.

 

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

ёзувчи, филология фанлари доктори

 

  1. Мамлакатимиз мустақиллиги тарихида 2017 йилнинг аҳамияти 1991 йилнинг аҳамиятидан оз эмас. Ўтган йилда мустақил Ўзбекистон учун иккинчи Уйғониш даври бошланди. Шиддатли суръатларда давом этаётган ислоҳотлар юртимизда мутлақо ўзгача ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва ахлоқий-тарбиявий иқлимни вужудга келтиришига ишонамиз, албатта. Айни чоқда мамлакат миқёсида кечаётган жараёнларни мулоҳаза қилиш, уни теран англаб етиш, идрок этиш бугунги маънавий-интеллектуал талаблардан ҳисобланади.

Инсоният тарихида “жамият” тушунчаси пайдо бўлган экан, унга “ислоҳот” тушунчаси ҳамиша ва ҳамма вақт ҳамроҳ бўлиб келган. Зеро ҳеч бир жамият бир жойда қотиб туролмайди, давр ва замон ўзгаргани сайин талаблар, истаклар, орзу-ҳаваслар ўзгаради, янгиланади.

ХХI аср тонгида “замонавий маданий жамият”, “юксак тараққий этган давлат” тушунчаси туб-тубдан ўзгаришга учрамоқда, кечаги кун яшин тезлигида ўтмиш меросига айланиб қолмоқда, бугунги кун одамлар олдига янгидан-янги мезонларни, талаб ва шартларни кўндаланг қўймоқда.

Нима учун Ўзбекистон ва ўзбек халқи замонавий ҳаёт тарзи, умумтамаддун кўндаланг қўяётган бу талабларга бўш келиши  керак? Нима, Ўзбекистоннинг қурби етмайдими? Салоҳияти озми? Тафаккур даражаси заифми? Ёхуд Ўзбекистон халқининг тараққий этган давлатлар халқларидан кам жойи борми? ЯХШИ яшашга маънавий ҳақи етарли эмасми?..

Саволлар шу қадар кўп ва кескинки, уларнинг барига Биринчи Президент И.Каримовнинг лўнда қилиб айтган “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам!” деган сўзларида жавобимиз мужассам. Президент Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ислоҳотлар симфониясида мужассам!

Ҳар қандай ижтимоий-сиёсий жараённи баҳолашда масалага шахс – жамият – давлат триадаси таҳлилидан келиб чиққан ҳолда ёндашилса, жуда кўп ҳолатлар ўз-ўзидан аёнлашади. Буни мамлакатимизнинг шу кунги ҳаёти мисолида ҳам яққол кўриш қийин эмас.

Шахснинг эмин-эркинликда дунёни англаши, идрок этиши, вояга етгани сайин халққа ва жамиятга фойда келтириши нечоғли табиий бир ҳолат ҳисобланса, жамият ҳар бир шахсдаги мазкур мойилликларни юзага чиқариши, вужудга келадиган нафни умумманфаатига айлантириши ҳам шу қадар табиий ҳолат ҳисобланади. Давлат эса шахс ва жамият ўртасидаги мана шу алоқадорликни максимал даражага кўтариш учун соғлом муҳитни вужудга келтиради.  Соғлом муносабатлар кафолатига айланади. Бу учлик – триада ўртасидаги табиий боғлиқлик, алоқадорлик тўғри йўлга қўйилган тақдирда жамият ўз-ўзидан тараққиёт йўлида собит бораверади. Қайсидир жойида кемтиклик юз берса… бу борадаги узилиш зудлик билан, шиддат билан кенгаяди, чуқурлашади – офатга айланади. Жамият ёки бирор соҳа миқёсида йўл қўйилган регрессни тўхтатиш, унинг асоратларига барҳам бериш жуда қийин кечади. Шунинг учун ҳам ҳар қандай ислоҳот ниҳоятда чуқур ўйланган, илмий пухта ишлаб чиқилган, халқона тилда айтганда, етти эмас, етмиш карра ўйлаб, сўнг кўрилган чора асосига қурилмоғи зарур. Табиийлик ва илмийликка қачон путур етади? Табиий ва илмий тизимлар кимнингдир хоҳиш-иродаси томонидан ғорат этилса, табиий тартиботлар издан чиқарилса, илм тили билан айтганда, бир субъектнинг тафаккур доирасида қолиб кетса, ислоҳот иқлими соғломлигига путур етади. 2017 йил айни шу борада ҳам Ўзбекистоннинг олис ва яқин тарихида кузатилмаган фавқулодда янгилик юз берди – халққа мулоқотга, фикр-мулоҳаза, таклиф ва истакларини айтишга, изҳор этишга кенг имконият берилди!

Жамият ва  шахс, тарихда шахснинг ўрни мавзусига бағишлаб озмунча баҳс-мунозаралар ташкил этилмаган, озмунча тадқиқотлар яратилмаган. Ва кўп ҳолларда жамият тақдирида шахснинг ўрни, аҳамияти бир қадар камситилган, пасайтирилган. Эҳтимол бундай бирёқламалик шўро мафкурасига бориб тақалар, аммо-лекин ҳаётий ҳақиқат шуни кўрсатмоқдаки, жамият ҳаётида шахснинг ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга! Мамлакатимизда кечаётган жараёнлар бунинг ёрқин намунасидир!

Халқимиз менталитетида давлат раҳбарига ўзгача эҳтиром этикетлари азал-азалдан шаклланган. Хусусан, халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўяётган, халқ давлат учун эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилмоғи даркор деган иш тутумини кенг жорий этишга киришган Раҳбар кенг омма қалбидан ардоқли ўрин олиши ўн чандон муқаррар. Шу билан бир вақтда бошланган ислоҳотларнинг амалий ва узоқ муддатли тақдири, самарадорлиги кўп жиҳатдан айни шу ўринда ҳал бўлишини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Айтмоқчиманки, ҳамонки давлат Раҳбарига бўлган ҳурматимиз шу қадар юксак экан, нима учун барча қатламдаги ташаббусни у кишига ташлаб қўйиш керак?! Раҳбарлар, мутахассислар, зиёлилар, давлат ва жамоат ташкилотлари ва ҳоказолар томошабин бўлиб ўтириши наҳотки нормал ва табиий ҳолат ҳисобланса?!

Хорижий мамлакатларда давлат раҳбарлари фаолиятининг дастлабки 100 куни якунлари турфа бўғинларда муҳокамаларга тортилади, мулоҳазаларга мавзу бўлади. Ўша андозалардан келиб чиқиладиган бўлса, ўтган қисқа даврда муҳтарам Президентимизнинг шахсияти ва фаолият услубидаги асримизга хос шиддаткорлик ва юқори некбинлик туйғуси кишиларимиз руҳиятига кўчиб ўтаётганини кузатиш мумкин. Бундан қувониш керак албатта. Шу билан бир вақтда томошабинлик психологиясидан воз кечмоқ зарур! Халқона тил билан айтганда, оғир юкнинг бир чеккасини зиммага олиш ҳам инсофдан, ҳам адолатдан бўлади!

“Ўзбекистон” деб номланган юрт ўзимизники, шундай экан, уйимизда бошланиб кетган бунёдкорлик ишларида томошабин эмас, фаол иштирокчи, фаол ва садоқатли елкадош, сафдош бўлиш талаб этилади.

Шундай бир паллада зиёли қатламнинг, жумладан, ёзувчиларимизнинг вазифаси ҳақида сўралмоқда. Ижодкор жамиятнинг оммавий ўқитувчи-мураббийлари ҳисобланади. Ҳамон шундай экан, унинг вазифаси жуда аниқ, жуда мақсадга йўналтирилган бўлмоғи табиий. Мамлакатимизда кечаётган жараёнлар моҳиятини теран ва чуқур англаган ҳолда хоҳ бадиий асарлари, хоҳ айтар СЎЗИ билан даъваткор кучга айланмоғи талаб этилади.

Республикамиз умумсафарбарлик муҳитида яшаб турибди, Президент 2018 йилда барчамизни биргаликда ва ўзимизни аямасдан меҳнат қилишга даъват этмоқда. Бу даъват ижоддошларимизга ҳам бевосита тааллуқлидир.

  1. Жамиятда маънавий мукаммаллашув муҳитини вужудга келтириш омилларини икки оғиз сўзда батафсил баён этиш қийин. Унинг энг муҳимларидан бири миллий ўзлигимизни асраб-авайлаган ҳолда умуминсоний тараққиёт поғоналарини забт этишдан чекинмасликдир. Майли, ички муаммоларимиз етарлидир, борингки, иқтисодий, техникавий, интеллектуал салоҳият ва ҳоказолар бобида қўлимиз калталиги сезилиб қолаётгандир. Шу билан бирга ҳеч қандай тушкунликка асос йўқ, бўйнимизни хам қиладиган жойимиз йўқ. Муҳими – имкониятларимиз етарли, биз ишни ва яшашни тўғри ташкил этсак ҳамда турли миқёслардаги ички ва ташқи муносабатларимизни тўғри ўзанга йўналтирсак, олам гулистон ахир!

Ф.Достоевскийнинг Пушкинга бағишланган машҳур маърузасини эслайлик. “Ўзимизнинг ўрусона мустақиллигимизга бўлган эътиқодимиз, ишончимиз” деган жумла келади унда. Ўзбекона мустақил эътиқод ва унга бўлган ишонч борасида ҳеч кимдан кам эмасмиз биз ҳам. Барча мавжуд нуқсону иллатларимизга қарамай, “Биз инсониятга қарата янги сўз айтишга бурчлимиз”,  дейди улуғ рус адиби. Ўзбекнинг ҳам бутун башариятга қарата айтажак сўзлари оз эмас! Мўътабар бобокалонларимиздан мерос бебаҳо ҳикматларимиз ўт-аланга ичида қолаётган, ўзаро қирғинбаротлар ҳаётий мақсад-маслакка айлана бораётган курраи арзни омон асрашда жуда-жуда асқотишига заррача шубҳа йўқ! Дунё узра бонг урмоққа ҳақлидир ўзбек!

Жамиятимизнигина эмас, унга қўшиб жаҳон жамоачтилиги мукамаллашувини таъмин этиш борасида Ўзбекистон ва ўзбек халқи ўзини бурчли ҳисоблашга тўла маънавий ҳақли!

Китобхонлик маданиятини шакллантиришга қаратилган ҳар қандай чора-тадбир аҳамиятлидир. Ўн ёки юз саъй-ҳаракатдан битта наф кўрилса ҳам – арзийди.  Бироқ гапнинг индаллоси ҳам бор-да: китобхон инсон яхши яшай бошласа, китобхон одам жамиятда етарли қадр-қимматга эга бўла борса, китоб мутолаасига меҳр қўйган каттаю кичик шунга яраша меҳр-эътибор кўрса бас – бундан катта, бундан самарали чорага ҳожат қолмайди. Бунга эришиш қийин. Унга вақт керак, лекин муҳими,  шу йўлнинг танлангани, танлаган йўлимиздан оғишмасак, бас.

 

Қозоқбой ЙЎЛДОШ

педагогика фанлари доктори, профессор

 

1.Адабиёт – аввал-бошдан шахснинг туйғуларига таъсир қилиш орқали унинг тафаккур ва руҳиятини уйғотишга йўналтирилган эстетик ҳодиса. Бинобарин, бугунги ўзбек адиблари бадиий сўзнинг бутун куч-қудратини миллат аҳли фикру руҳиятини уйғотиб, одамларни лоқайдлик ва бефарқлик ҳолатидан чиқаришга қаратиши керак. Кўп йиллар давомида одамлар овозига қулоқ солмай қўйилгани учун миллат аҳли летаргик уйқуга чўмган эди. Кўнгил дардлари тингланмаган, хоҳиш-истаклари инобатга олинмаган одам атрофидаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва лоқайд бўлиб қолади. Бундай кишининг шахслиги синиб, ўзининг жамият ҳаётида ўрни йўқлиги ва унга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмаслигига кўниккан бўлади. Бугунги ўзбек адабиёти миллат ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришларни амалга ошираётган кишилар турмуши ва руҳий дунёсини ҳаққоний кўрсатиб бериш орқали одамларда фаоллик, ўз кучига ишонч туйғусини шакллантиришга йўналтирилиши керак, деб ўйлайман.

Бунинг учун ижодкор ўзидаги қўрқув туйғусини босиб ўтиб, юракдан чиққан чин туйғулар тасвири воситасида ўқирманлар юрагига кириб бориши, уларнинг кўнгли ва тафаккур оламига ёруғлик элтиши лозим. Бугун миллат шахслашиш босқичига кирган. Бинобарин, миллат аҳлида универсал қирралардан кўра ўзига хос ва бетакрор жиҳатлар кўпроқ. Замонавий адабиёт ана шу бетакрор ўзига хос шахсият эгаларининг турфа табиатини ҳаққоний ва таъсирли йўсинда тасвирлаб беришга эътибор қаратиши лозим.

  1. Санъат ва илм аҳлининг эргаштирувчилик қудрати борасида ҳозир бир нарса дейиш қийин. Аммо бу қавмларнинг бирлаштириш имкони анчагина катта экани бор гап. Шунингдек, жамият аъзоларининг ҳаммаси учун бирдай қадрли бўлган, кўпчиликни бирлаштиришга хизмат қиладиган ғоя ҳақидаги фикр ҳам жўяли. Менимча, бугунги ўзбек адабиётининг диққат-эътибори коррупциялашган бошқарув тизимидаги кимсалар томонидан қадри ерга урилган, назарга илмай қўйилган миллат аҳлида инсонлик ғурури, шахслик шаънини тиклашга қаратилиши керак.

Адибларнинг бутун кучи инсондаги инсонлик ва инсонийликни уйғотишга йўналтирилиши зарур. Ўзига, ўз ақли ва кучига ишонган ғурурли, эркин шахсгина яратувчи бўлади. Тафаккур ва руҳияти бўғовда бўлган киши кашф этиш қудратига эга эмас. У, ошиб борса, берилган буйруқни бажарувчи бўлиши мумкин, холос. Адабиёт ҳар битта одамнинг бетакрор ва мукаррам яратиқ эканини, ҳамма ва ҳар ким эъзозу ҳурматга лойиқлигини реал инсоний муносабатлар фонида ҳаққоний тасвирлаб бериш орқали миллат аҳлида ўзига ишонч уйғотиши мумкин. Ҳар бир алоҳида одам билан ҳисоблашиш, чинакамига ҳурмат қилишгина унда ўзига ишонч уйғотади. Оддий одам манфаатининг ҳамма нарсадан юқорилиги умумиллий кайфиятга айланганда жамиятда кескин ўсиш содир бўлади.

Шахслиги бутун ғурурли одам ҳеч қачон эгилмайди. Бундай шахсни енгиш ёки синдириш асло мумкин эмас. Туйғу ва тафаккури эркин бўлган одамнинг хаёлоти чегара билмайди. Тафаккур ва хаёлоти юксак парвоз қиладиган бутун шахсларгина жамият тараққиётини таъминлай оладилар. Синиқ одам фаолияти бутун натижа бермайди. Фақат бутунгина бутунлик яратишга қодир. Бугунги миллий адабиёт бутун шахсиятларни акс эттириб, бундай шахсларни шакллантириш йўллари борасида изланиши лозим.

  1. Менинг назаримда, аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш борасидаги расмий ҳужжатларда айнан бадиий асарни кўпроқ ўқишни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Негаки, бадиий китоб одамда эзгу маънавий сифатларни қарор топдиришга хизмат қилади. Бадиий асар ўқирманни қаҳрамонлар дардига шерик қилиб, унинг кўнглини тозалайди, Ўқирманда асардаги ёмон қилмишли персонажларга нисбатан нафрат, эзгулик тарафдорлари бўлган қаҳрамонларга хайрихоҳлик уйғотади. Кишини бировларнинг тақдирига қизиқиб, уинг ташвишини чекадиган қилади. Кўркам асар шу тариқа ўқирманда эзгу одамий фазилатларни шакллантиради. Бундай одамларсиз ҳар қандай жамият таназзулга маҳкум.

Фан-техника ўта ривожланган бугунги кунда одамнинг қудрати ортиб кетди. Олдинлари ёвуз одам бир ёки бир неча одамга ёмонлик қилиши мумкин эди. Ҳозир эса бундай кимса нафақат бир миллат, балки бутун инсониятга ёмонлик қилиб, унинг ҳаётини издан чиқаришга қодир. Одамнинг қудрати ошгани сари ёмонлик қилиш имконияти ҳам ортиб бормоқда. Мана шундай вақтда бадиий асар ўқиш орқали ўзида ўзгани тушуниш, унга эмпатия, яъни туйғудош бўла билиш хусусиятини шакллатирган шахсга эҳтиёж ғоят ўсади. Шу боис инсоният учун интеллектуал юксалишдан кўра маънавий юксалиш муҳимроқ аҳамият касб этиб бормоқда.

Бадиий асар ўқирманда туйғудошлик, яъни эмпатия хусусиятини шакллантиради. Бернард Шоунинг: “Ҳислар одамни фикрлашга мажбур қилади, лекин фикрлар ҳис қилишга мажбур этолмайди”, – йўсинидаги фикрида бадиий адабиётнинг одамда кучли туйғу қўзғаш орқали унда кучли тафаккур ва эзгу маънавий сифатлар қарор топдириши мумкинлиги кўзда тутилган.

Бадиий асар шунчаки кишига ахборот берадиган сўзлар йиғиндиси эмас. Чинакам бадиий сўзда мусиқага йўғрилган сеҳр ва ҳикмат уйғунлашган бўлади. Одам бадиий сўзни тушунишдан олдин унинг мусиқасидан таъсирланади. Таъсирланиш туйишга, туйиш тушунишга олиб келади. Ўқирман шу йўсин ўзида эзгу маънавий сифатлар қарор топдиради.

Ҳозир саноқсиз китоблар чиқариляпти. Башарият китоблар уммони қўйнида. Чексиз бу уммондан вақтида қўналғасини топмаган одамнинг чўкиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам қачон нимани ўқиш борасида доимий савияли маслаҳат берилиши керак. Радио, телевидение, газета-журналларда қайси ёшдаги одамлар қайси асарларни ўқиши кераклиги борасида етук мутахассисларнинг маслаҳатлари бериб борилиши фойдали бўлади.

Бадиий асар кўпроқ ўқилишига эришиш учун китоб нархини арзонроқ қилиниши лозим. Кейинги вақтларда кўпчилик нашриётлар китобларни совғабоп қилиб, безакли ва табиийки, қиммат чиқармоқда. Бундай китобларни ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Шу боис, китобни томошабоп безакли матоҳ тарзида эмас, балки ўқиладиган битик сифатида кўпроқ нусхада оддий ва арзон қилиб чиқариш мақсадга мувофиқдир.

Китоб ўқишга тарғиб қилишни ҳам бошқачароқ йўсинда ташкил этиш керак. Ҳозирда ўзи тузукроқ тўртта бадиий асар ўқимагани шундоққина билиниб турадиган радио ва тележурналистларнинг ёзувчилар, олимлар, ноширлар билан китобхонлик борасидаги суҳбатлари урф бўлган. Бундай “суҳбат”ларда конкретлик йўқ, бадиий асар ўқишнинг фойдалари тўғрисида ҳаммага маълум умумий гаплар қайтарилаверади. Бундай тарғибот одамни китобдан бездиришга хизмат қилиши мумкин, холос. Бунинг ўрнига ҳам журналист, ҳам суҳбат қатнашчилари томонидан ўқиб чиқилган бирор бир китоб юзасидан суҳбат ўтказилса, унда ҳар бир қатнашчи ушбу китобнинг маъқул томонлари нимада экани борасида асосли фикр айтса, томошачи ёки тингловчилар ўша асарни ўқишга қизиқиб қолиши мумкин. Ҳозирча телевидениедаги кўрсатувлар ва радиодаги эшиттиришлар китоб ўқимаган журналистларнинг турли мутахассислар билан тахминий шоусидан иборат бўлиб қоляпти.

 

 Шуҳрат РИЗАЕВ

адабиётшунос, филология фанлари номзоди

 

  1. Дарҳақиқат, ўтган йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг олий мажлис палаталарига қилган Мурожаати ватанимиз тарихида янги саҳифа очди. Юртбоши ҳаётга, мавжуд воқеликка очиқ кўз билан қаради, жамиятнинг айни пайтдаги аҳволига кўзгу тутди. Бир неча йиллар давомида англанган, ҳис қилинган, мушоҳада қилинган ҳақиқатлар тилга кирди. Президент ўз маърузасида илгари сурган ғоялар, фикрлар бугун ёки бир йилликнинг муаммолари эмас, у йиллар давомида тўпланган маънавий, ижтимоий, иқтисодий муаммолар йиғиндиси эди. Шу пайтгача бу муаммоларга сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилида муносабатда бўлинди, кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олинди. Охир натижада эса муаммолар кўпайиб-кўпайиб миллатни, халқни шу аҳволга, Президент куйинган вазиятга олиб келди.

Бу ўринда зиёлининг вазифаси қандай бўлиши керак? Зиёли қавмнинг олдин ҳам, бугун ҳам, келажакда ҳам жамиятнинг олдида қарзлари кўп бўлган. Маърифатли одамнинг биринчи белгиси – унинг виждонидир. Виждонига зид иш қилмаган зиёли ҳаётдаги миссиясини тўла уддалайди. Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Фитрат, Авлоний, Чўлпонлардан тортиб Озод домла, Матёқуб домлаларнинг ҳаётларигача  разм солсак, миллатимиз ойдинлари ҳаётини ёритиб турган машъала ҳақиқат ва виждон бўлганлигини ва ундан бир қадам ҳам ортга чекинмаганликларини кузатишимиз мумкин. Улар ёлғон билан чиқиша олмаганлар, сохталик, баландпарвоз шиорларга кўника олмаганлар, мана шу хислат жамиятни, маънавий ҳаётни бир мунча шаффофроқ туришига сабабчи бўлган.  Миллатнинг зиёлисики ҳақиқатдан юз бурса, виждонига хилоф иш қилса, нафс қулига айланса, бошқалардан нима кутиш мумкин? Шу маънода шахсликка интилиш керак, инсон ботинидаги шахсиятини ҳуда-беҳудага синдириб қўйишдан ўзини асраши керак.

Бугун виждони уйғоқ инсон борки, Президент ёнида камарбаста бўлмоғи, мамлакатнинг ривожи учун қўлидан келган ишни бажармоғи керак. Зеро Мурожаатнинг мазмун-моҳияти энг аввало бари жамият аъзоларининг виждонини уйғотмоққа қаратилган. Ҳеч қандай таъмасиз, манфаатсиз, талабсиз миллат, халқ тараққиёти учун беминнат хизмат қилган инсонни халқ ўзи яхши билади, қадрлайди, муносиб баҳо беради. Шу маънода, зиёлининг бирламчи вазифаси халқ ичида Давлат идораларига, Ватанга ишонч уйғотишдан, одамларни ҳаётга, эртанги кунга ишонтиришдан иборат бўлмоғи керак. Бир кунда ёинки бир йилда бир  адашган, йўлсиз  инсонни тўғри, нурли йўлга сола олган зиёли ўз вазифаси, миссиясини қай бир маънода уддалаган бўлади.

2.3. Жамиятнинг маънавий мукаммаллашуви бир йилда ёки бир муддатда амалга ошадиган ҳодиса эмас. Аммо ҳозирги вазиятни, ҳолатни, қиёфани йўқотиб қўйиш ҳам, эътиборсизлик, худбинлик ва манфаатпарастлик кетидан қувиш натижасида бугунги топганларимизни ҳам бой бериш хавфи турибди олдимизда.Чунки замон ўзгаряпти, бўрону тўфонга ўхшаб минтақамизнинг тўрт томонидан турли мафкуралар оқими кириб келмоқда. Бунга қарши тура билиш иродасини шакллантиришнинг ўзи бўладими?!

Бугунги дунё манзарасини идрок қилсак, ҳушёрлик ва огоҳликни бирламчи ҳаётий дастур сифатида белгилашимизни ҳаётнинг ўзи тақазо қилмоқда. Аммо бу қай йўсинда амалга ошади? Унинг воситалари қандай?

Бизнингча, бундай вазиятда Юртбошимиз энг тўғри йўлни танладилар! Диний ҳам дунёвий тарбия ва китоб тарғиботи орқали. Чунки, инсонни китоб тарбиялаган, диний эътиқод, исломий маърифат киши қалбини тўғри йўлга солган, дунёвий исм ҳаётий амалларини белгилаган. Бу бирламчи восита.

Кейинги воситалардан бири миллатнинг маънавий такомили, тараққиёти, маърифий камолоти йўлида ҳар бир давлат ташкилоти, вазирлигу агентлик, қўмитаю таълим муассасалари якдилликда фаолият олиб боришлари керак. Барча давлат тузилмалари бир мақсад сари интилса, иш кутилганидан анча осон кечади. Аммо бу борада ҳанузгача турли муаммолар сақланиб турибди. Ҳамма ўзича мустақил ташкилот. Биров бировнинг гапига қулоқ солавермайди. Йўналиши, мақсади, сиёсатини ўзи белгилайди, ўзи юргизади. Баъзи ташкилотларда бир гуруҳ “доно”лар бор ва асосий тизгин уларнинг қўлида. Натижада бошбошдоқлик, таниш-билишчилик, коррупция урчийди. Дейлик, бугун Ўзбекистон мактабларида 10 миллиондан ортиқ ўқувчи, шунга яраша ўқитувчилар бор. Аммо сиз халқ таълими вазирлиги эшигини бирорта адабий нашр, китоб обунаси бўйича тақиллатинг-чи, қандай жавоб эшитасиз?

Адабиёт – халқнинг мулки, башариятнинг хазинаси. Усиз жамиятда тараққиёт бўлмайди. Буни таълим тизимида турган ҳар қандай раҳбар билади, билади-ю… аммо?  Юртбошимиз қайта-қайта бу ҳақда таъкидлаяпти, қатор Фармону қарорлар эълон қилиняпти. Бироқ вазифа моҳиятини англашда, қарорларнинг ижросини тўғри таъминлаш масаласига келганда яна ўша эски ҳаммом, эски тос.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади? Хўш, республикадаги ўн мингга яқин мактабнинг обуна сиёсатини ким юргизяпти? Қайси мезонларга кўра, кимларнинг иштироки билан амалга ошириляпти бу ишлар? Мамлакатнинг адабий-фалсафий, мафкуравий сиёсатини олиб бораётган республика журналу газеталарини бир ҳовуч фанатлардан ташқари бошқа ўқувчиларга етказишнинг имкони борми? Бу йўлдаги тўсиқлар қачон олиб ташланади?

Ёки бугун республикадаги олий таълим муассасалари ўқув дастурларини кўздан кечирайлик. Гуманитар, аниқ ва табиий йўналишдаги талабаларга математика, иқтисод, демография, социология, маънавият, фалсафа, ҳуқуқ  ва бошқа худди шундай ўнлаб фанлар қўшимча дарслар сифатида ўқитилади-ю, улар сафига адабиёт, мутолаа санъати, Навоий поэтикаси сингари фанлар қўшилмайди. Талабалар-ку, майли, уларга ўргатмадик, у ерда сабоқ ўтаётган муаллимлар нимадир ўқишяптимикан?  Бу борада вазирликлар томонидан ҳам, республикадаги ОТМлар томонидан ҳам ҳанузгача бирор ташаббус, хайрихоҳлик билдирилмади. Нима сабабдан?  Адабиёт, китоб бу касб эгалари, бўлғуси мутахассислар учун ортиқчами?  Шифокор ёки технолог, дастурчи ёки юрист адабиётни ҳис қилса, китоб ўқиса, Навоийни ўрганса, ҳақиқий ҳаёт манзараларини китобдан ўрганса, тафаккурини бойитса, руҳини покласа, нима ютқазамиз? Китоб маърифати юққан кўнгилда эгрилик бўлмаслигини яхши биламиз-ку. Бу масалада кимдан рухсат сўрашимиз ва нима учун ўйланиб туришимиз керак? Бугун мактабда дарсликдан ташқари, мустақил ўзбек адабиётига дахлдор жилла қурса йигирмата яхши асарни ўқиб тугатмаган мактаб ўқувчисига битирув шаҳодатномаси, жаҳону ўзбек адабиётидан яна ўшанча китоб ўқиб топширмаган талабага мутахассислик дипломи берилмаслиги амалиётини жорий қилсак, ким бизга эътироз билдиради?

“Токи жоҳиллик бор экан, инсон ёвузликка қарши бирон чора топа олмайди”, дейди инглиз файласуфи Рожер Бэкон. Жоҳилликни эса маърифат йўқотади. Маърифатни, инсофни, Президентимиз такрор-такрор  таъкидлаган ҳалоллик ва покликни бизга Китоб ўргатади. У диний бўладими, дунёвий бўладими, қатъий назар ўқиш, уқиш керак. Муҳими, онгимиз, қалбимиз, миллий-маънавий қадриятларимизга зид бўлмаса, маърифатга етакласа, кўнглимизни кирлардан тозаласа бўлди. Бунинг учун ҳаммамиз бирлашишимиз керак. Шунга ўхшаш вазифаларни мувофиқлаштирсак, барча ташкилот мутасаддилари бир ёқадан бош чиқариб, бир муштга айлансак, ўйлаймизки, Президентимиз Мурожаатида кўтарилган муаммолар вақти-соати билан барҳам топади ва ҳеч кимдан ҳеч қачон кам бўлмаган авлод тарбиялаш ишларига баҳолиқудрат ҳисса қўшган бўламиз.

Дарвоқе, охирги бир-икки йилда ўзим гувоҳи бўлган шоён ҳайрли бир ташаббусни шу ўринда айтмасам инсофдан бўлмас. Дастлаб Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида, сўнг янгитдан ташкил этилган Давлат Бошқаруви Академиясида бадиий адабиётни, ёзувчи-шоирлар ижодини ўрганиш бўйича махсус комплекс ишлар амалга ошириляпти. Шу даргоҳларни битириб чиқадиган йигит-қизлар бадиий адабиёт оламидан ҳам керагича воқиф бўладилар. Ана шу ташаббусга тус бериб, давлат миқиёсига олиб чиқиш галдаги зарур вазифа.

 

Иқбол МИРЗО

Ўзбекистон халқ шоири

 

  1. Ҳа, тарих тақозоси билан шундай давр бошимиздан кечди. Биз ташқи хавфлардан яшириниб, дарвозаларимизни тўрт томондан беркитиб олдик. Эшикларимизни шу қадар маҳкам ёпиб олдикки, ундан паррандаю ҳашаротгача ўта олмас эди. Деворларни Садди Искандарийдек баланд қилиб кўтардик. Натижада тўрт томондан ўраб олинган мамлакатга айландик. Айниқса, бир омади чопиб, чет элга чиқиб олган одамга бу очиқ-ойдин кўриниб туради. Мен ҳам ҳориж сафарларига чиққан пайтимда ўз қобиғимизга нақадар ўралиб қолганимизни, тараққиётдан нечоғлик орқада қолганимизни бир ижодкор сифатида чуқур ҳис қилдим. Ҳаммадан ҳам алам қилгани биз бу йиллар ичида мақтаниш санъатини  яхшигина  эгалладик.

Буюк аждодларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди деймиз-у, лекин афсуски, ёпиқ тизимда буларни фақат номларини санаш, мақтаниш билан овора бўлдик. Мана, бугун бу иллатларни очиқчасига эътироф этмоқдамиз, муҳтарам Президентимиз бот-бот таъкидлаганларидек, атрофимизга очиқ кўз, эркин юрак, тиниқ тафаккур билан қараш вақти етди. Ва бу, албатта, бир бемор жамиятни даволаш учун жуда ҳам зарур шартлардан бири эди. Агар биз ўзимизни-ўзимиз алдашда, мақтанишда давом этаверадиган бўлсак, бунинг охири вой бўлиши аниқ эди. Тўғри сўзни айтиб, камчиликларимизни тан олмайдиган бўлсак, бу фақат рақибларни кўзимиздан пана қилиши, вақтни, тараққиётни рақиб санаб, замондан орқада қолишимиз, тобе бир мамлакатга айланишимиз ҳеч гап эмас.

Чунки буни бутун дунё тасдиқлаб турибди. Шу маънода зиёлилар биринчи навбатда оқ-қорани таниган, миллат куюнчаги бўлган одамлар бу нарсаларни бошқаларга тушунтириш билан бирга,  ўзлари қатъий  кураш олиб боришлари керак. Зиёли инсоннинг, албатта, ижодкор сифатида ўз андишалари, ўзининг “мен”и, шахсияти бўлади, шахсиятда эса камчиликлар бўлмай иложи йўқ. Шулардан бири худбинлик, эгоизмдир. Лекин зиёли бўлса-ю, мамлакат тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда оила учун, миллат учун, халқ учун бирлашмаса, гина-қудуратларни эсдан чиқармаса, енг шимариб ишга киришмайдиган бўлса, бундай зиёли шу халқ учун муносиб эмас. Бундай беғам зиёлилар инқирозга бошлаб борадиган одамлар тўдасидан бошқа ҳеч ким эмас. Шу маънода айтмоқчиманки, зиёлилар ҳам бошқа ҳар бир аҳоли қатлами билан бирга бир ёқадан бош чиқарадиган, ўзининг чин қиёфасини кўрсатадиган вақт келди. Бу ёзувчилардан тортиб шифокорларгача, талабалардан тортиб шоирларгача – ҳаммага бирдек тегишли.

  1. Жамиятнинг маънавий такомили учун биринчи навбатда сўз эркинлиги керак. Сўз эркинлиги деганда, аксарият ҳолларда фақат жамият тинчлигини сақлашга чақирадиган, мамлакат, ватан манфаатига ҳизмат қилаётган сўз эркинлигини назарда тутамиз. Албатта, бу тушунчани турлича ифода қилиш мумкин. Сўз эркинлигини чинакам демократия деб ҳам аташ мумкин. Лекин, аслида, миллат якдиллигига, мамлакат тараққиётига, ватан мустақиллигига зиён келтирадиган сўз бўлса, буни, аксинча, эркинликка қарши ҳаракат деб тушуниш керак. Сўз эркинлиги ҳамиша ўзининг долзарблигинии сақлаб қолиши, тараққиётга хизмат қилиши керак. Маънавий жиҳатдан анчайин мукаммал, руҳан кучли, ботинан бақувват бўлмоқ учун ҳам сўз эркинлиги керак. Лекин бу дегани ҳар ким оғзига келган гапни гапиравериши эмас. Бу ерда ўзбекона минталитет, қадриятлар, урф-одатлар, андиша, ҳурмат туйғулари ҳам ҳисобга олинмоғи лозим.

Сўз, фикр, виждон эркинлиги, албатта, серқирра тушунча. Ўз ўй-фикрларини эркин билдираётган шахс таъқибга олинмаслиги керак – мана, масаланинг илдизи қаёқда!

Шу ўринда бир аччиқ ҳақиқатни айтиб ўтсам. Бизда кўп йиллар давомида муаммо бир ёқда қолиб, муаммони кўтарган одамнинг масаласи кўриладиган бўлди. Муаммони кўтариб чиққан шахсни йўқотиш эркинлик қуроли бўлиб келди. Жамоатчилик олдида фикр айтиш қўрқуви ҳукмрон бўлди. Мана шу қўрқув ҳалигача йўқолган эмас. Ҳалигача одамлар ўзини ўйлантираётган фикрлар бу ёқда қолиб, ўзи хоҳламаган гапни гапиради.

Муҳтарам Президентимиз, биздан, зиёлилардан халқдан камида ўн қадам олдинда юринглар, деб сўраяптилар. Ўн қадам олдинда юрган одам ҳамма нарсани бошқалардан кўра олдинроқ кўра олади, албатта. Бунга сўз эркинлиги тўла ҳукмрон бўлган жамиятда эришмоқ мумкин. Президентимиз бизни мана шу жамиятга қараб ҳаракатга ундаяптилар. Бу ҳаракатнинг бошида, шубҳасиз, уларнинг ўзлари турибдилар. Улар бизга демократиянинг ажойиб намунасини яратиб бердилар.

  1. Китобхонлик масаласи ҳақиқатан ҳам алоҳида мавзу. Муҳтарам Президентимиз китобхонлик тўғрисида гапираяптилар, умуман, матбаага изчил эътибор қаратиб, китоблар чоп этиш, уни тарқатиш тўғрисида тинимсиз эслатиб турибдилар. Биз буни суистеъмол қилмаслигимиз керак. Нимага деганда, у киши айниқса, бадиий жиҳатдан юксак китобларни назарда тутмоқдалар. Барчамиз гувоҳмизки, Шавкат Миромонович ўзлари бир неча бор Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини мисол қилиб келтириб, мана шу даражадаги китоблар ёзадиган давр келганига ишора қилмоқдалар. Лекин, афсуски, биз бунга комил ишонч билан тайёрмиз, деб айтолмаймиз. Баҳонада китоблар тақдимоти воситасида ўтмаган “мол”ларимиз бозорини юргизишга ҳаракат қиламиз.

Мен бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Менимча, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида мана шундай асарларни кузатадигаан, баҳо берадиган, тақдирини ҳал қиладиган катта бадиий Кенгаш тузмоқ керак. Таниқли олимлар, шоирлар, ёзувчилар, инсоф-диёнатли инсонлар биргаликда бош қовуштириб, кенгаш ёрдамида  ҳар бир асарга холисона баҳо бериш тизимини йўлга қўйиш лозим.

Яқинда тасодифан олий ўқув юртига кирмоқчи бўлган абитуриентлар учун мўлжалланган тест саволларига кўзим тушиб қолди. Она тили бўйича қўйилган саволларни ўқиб, ёқа ушлайсиз, аллақаёқдаги куракда турмайдиган саволлар… “Уммон” деган гуруҳнинг қўшиқларидан мисоллар келтирилибди, бошқа жўялироқ шеър қуриб кетгандай!

Ахир, замонавий ўзбек адабиётининг яқиндаги тарихига бир назар ташлайлик, кимларни кўрмаймиз у ерда: Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Сирожиддин Саййид, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур… Эҳ-ҳе, Худога шукур, адабиётимизда бундай сиймолар тўлиб-тошиб ётибди! Нима, тест марказидагилар бу шоирларни билишмайдими?  Булар кимга хизмат қилаяпти, қаёққа қараяпти?

Ёки қалам ҳақи масаласини олайлик. Кези келди, бу масалада ҳам бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Ҳукуматимизнинг қалам ҳақини ошириш ҳақидаги қароридан кейин ҳар қандай муқоваланган  “макалатура” эгалари келиб, китобимга оширилган нархда қалам ҳақи тўлайсан, деб жанжал кўтариши мумкин. Бунинг олдини олиш учун мустаҳкам асос,  негизни яратиб олишимиз керак. Қалам ҳақи тўланадиган асарлар катта бадиий кенгаш аъзолари томонидан кўриб, тасдиқлаб берилгандан кейин кўп нусхада чоп этилса, ўшанда қўйилган қалам ҳақи ҳам ҳеч кимга малол келтирмайди.

Масалан, йигирма минг нусхада чиқадиган китобга тепасига минг сўмдан муаллифнинг қалам ҳақи қўйиладиган бўлса, йигирма  миллион пул бўлади. Лекин  арзимаган ададда чоп этилган  китоб учун қандай қилиб гонорар тўлаш мумкин? Буни ким тўлайди? Маблағни қаердан олишади? Бунақада давлат хазинаси талон-торож бўлиб кетади-ку. Шунинг учун қалам ҳақи энг аввало, бадиий Кенгашдан ўтган китобларга тарқатилса. Бу эса ўз навбатида мустаҳкам Кенгаш тузилишини тақозо этади. Кимдир буни цензура, деб баҳолаши мумкин, ким қандай атаса атайверсин, ахир миллат келажаги, мамлакат равнақи учун хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатда жамоатчилик назорати бўлиши керак-ку. Шунда ўз ҳисобидан китоб чоп этиб, қандини ураётган “қаламкашлар” фаолиятига зарба берилган бўлур эди.

Ҳа, китоб тарғиботи бир йўлга солинмаса бўлмайди. Албатта, ҳеч ким ўзини ёмон ёзувчи ёки ёмон шоир, деб ҳисобламайди. Лекин бу жараёнда  Катта бадиий кенгашнинг фаолияти асло камситилмайди, аксинча, унинг обрўйи ошгандан-ошади, халққа чинакам бадиий асарлар етиб боради, ўқувчилар сони кўпаяди.

Ҳозир бу масала бўйича  СМС, интернет орқали овозга қўямиз, деган таклифлар ҳам бўлаяпти. Нафсиламрини айтганда, бу йўл ҳам тўғри келмайди. Бунда ҳам маълум маънода кимўзарлик, таниш-билишчилик, кўзбўямачилик бўлади. Масалан, мен хоҳлардимки, катта жамоатчилик Кенгашининг тепасида Иброҳим Ғафуров, Умарали Норматов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзамдай жиддий ижодкорлар турса, Кенгашга қўйиладиган ҳар қандай асар уларнинг баҳосини олса, адолат тўла тантана қилган, адабиётимиз янги замон руҳидаги адабиётга айланган бўларди.

 

Дилмурод ҚУРОНОВ

 филология фанлари доктори, профессор

 

  1. Аслида, бугун “виждон ва тафаккур уйғоқлигига ундаш” зарурати юзага келиб қолганининг ўзи сизу бизга – амалларимиз, тутган мавқеимизга берилган баҳо. Негаки, виждон ва тафаккур уйғоқлиги зиёлиликнинг бош шартлари эмасми? Эсланг, тилимизга “зиёли” сўзини олиб кирган жадид боболар кимни зиёли деб билганлар? Замона аҳволидан огоҳ ва миллат тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг эртанги истиқболи йўлида ақлию кучини, керак бўлса, молию жонини аямай саъй қила оладиган кишини зиёли санаганлар. Шу жиҳатдан қаралса, биз ўзимизни зиёли номига муносиб тута олдикми?.. Давлат бошлиғи бугун ошкора айтаётган ҳолатларни кўрмаган, билмаганми эдик?! Кўргандик ҳам, билгандик ҳам… Жим томошабин бўлдик, десак, эҳтимол, бирмунча кескин айтилгандек ҳам кўринар, бироқ моҳияти шу-да. Нега шунақа бўлди? Назаримда, мустақилликка эришилиши билан истиқлол арафасида кузатилган зиёлиларимиздаги интеллектуал-руҳий фаолликнинг осмонга ўрлаган алангаси “пов” этиб сўнди. Гўё зиммадаги вазифа уддаланган каби кўпчилигимиз хотиржам тортдик. Ҳолбуки, иш энди бошланадиган – истиқлол миллат тараққийси учун очган имконларни рўёбга чиқариш учун аввалгидан-да фаолроқ бўлиш тақозо қилинар эди. Таассуфки, кўпчилигимиз “миллат учун қиларимни қилдим, энди ўзимни-да ўйлайин, ҳаётимни изга солайин” қабилида ўйладик: кимдир бошқарув тизимига, кимдир тадбиркорликка, хуллас, манфаати шахсиясини қондиришга қулай жабҳага ўзини урди, шунга мувофиқ фаолият юритди. Шу тариқа том маънодаги – жадид боболар талқинидаги зиёлилар қатлами йитди-кетди. Оқибати эса шундоқ кўз олдимизда: кўча супуришу том бузиш ўқитувчининг бевосита вазифаси деб ўйлайдиган, директорларнинг микрофондан бурро-бурро қилиб ҳақорат қилиниши ёки тутиб олиб дўппосланиши қарийб одатий ҳол ўлароқ қабул қилинадиган даражага келиб қолдик…

Хуллас, айтмоқчи бўлганим, бугунги зиёли олдидаги бош вазифа – ўзлигига қайтиш, яъни уйғоқ виждон ва тафаккур билан жамиятда ўзига муносиб мавқени эгаллаш. Зеро, виждон ва тафаккури уйғоқ одамгина атроф-жавонибдаги ҳолат, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кимгадир маъқул келадиган тарзда эмас, балки эзгулик, адолат ва ҳақиқат аталмиш мангу қадриятлар нуқтаи назаридан идрок қилади, баҳолайди. Шу жиҳатдан қаралса, виждон ва тафаккур уйғоқлиги ижодкорларга – қалам аҳлига, айниқса, зарур хусусиятдир. Зеро, фақат угина адабиётни “маддоҳизм” касалидан, журналистикани “яшасинчилик” ва “ташвиқотчилик” иллатидан халос этиши мумкин. Ҳаммани бир тўпга жамлаётганим айримларда эътироз уйғотиши ҳам табиий ва ҳақли. Негаки, виждон ва тафаккури уйғоқ бўлгани ҳолда дард-ҳасратини қоғозгагина ишонган – “узлат”га чекиниб, ўз кўнглини ватан тутган ижодкорлар ҳам йўқ эмас. Ҳеч шубҳасиз, бу – ўша ижодкорлар танлови, уни ҳурмат қилишга бурчлимиз. Зеро, даврлар бўладики, адабиёт – машҳур ривоятдаги қудуқ мисоли, шу вазифани бажара олганининг ўзигаёқ шукрлар айтамиз – ҳар не виждону тафаккурни уйғоқ тутди-ку, деймиз. Бироқ шундай даврлар бўладики, адабиёт довул қоққанча майдонга киришга, одамларни қай бир мақсад сари бошлашга бурчли бўлади. Ўйлашимча, ҳозир айни шундай бир даврга кирдик. Йўқ, адабиётни ижтимоиёт хизматига сафарбар этмоқчи ёки адабиётга шўроча қарашдан қутулмаган дея каминани айблашга шошманг, ҳамма гап бу вазифани қандай бажаришда, ахир. Зеро, ижодкордан қилиб юрган ишини уйғоқ виждон ва тафаккур билан бажариш талаб қилиняпти, холос. Агар у бор маҳоратини ишга солиб, воқелигимизни эзгулик, адолат ва ҳақиқат аталмиш мангу қадриятлар нуқтаи назаридан санъаткорона акс эттира олса, қолган ишни СЎЗнинг ўзи бажаради.

  1. Эътибор беринг-а, Президентнинг аввалги чиқишларида ҳам кўп тилга олинган “ҳалол бўлиб, пок бўлиб” яшаш калимаси мурожаатда ҳам таъкидланди, “Ҳамма тадбиркор адолатли бўлса, инсофли бўлса” деган истак-шарт айтилди. Албатта, бежиз эмас. Негаки, булар жамиятни тозартириш ва тараққий эттиришнинг фундаментал шартлари сирасидан. Муҳими, уларнинг ҳеч бири янгилик эмас – аждодларимиз томонидан минг йиллардан бери сайқаллаб келинган, қайта кашф этишга ҳам, йўқдан бор қилишга ҳам зарурат йўқ. Фақат битта шарти бор: биз ўша ҳалоллик, поклик, инсоф, адолат, ҳақиқат, саховат каби фундаментал қадриятларни янгроқ шиор ё байроқ деб билмай, турмушдаги дастуруламалга айлантиришимиз зарур бўлади.

Тўғри, бу гап ҳам янги эмас: кўп йиллардан бери миллий қадриятларни тиклаш ҳақида гапириб келинади. Бироқ, таассуфки, кўп ҳолларда уларнинг қуруқ шакли олинади – руҳи бошқа ёқда қолади. Йўқса, масалан, “ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” ақидаси ўша ёрдамга муҳтож киши кўнгли  озорланиб қолмасин учунлигини ўйлаб кўрмасмидик?! Йўқ, биз тамом аксини қиламиз: ҳолидан хабар олинган қария ё беванинг эҳсонни қабул қилаётгани албатта тасвирга олиниши, сўнг улар “фалонийдан фалоний қадар” чексиз миннатдор эканликларини камерага изҳор қилишлари шарт. Ахир, қадриятларимизга кўра “билса балиқ, билмаса ҳолиқ” тамойилига асосланиш, эҳсон қилган кишидан эмас, эҳсонни қабул қилгандан миннатдор бўлиш керак эмасмиди?! Буниси ҳам ҳолва, зарурат туғилса, қадриятларни оёғини осмондан қилиб бўлса ҳам ўзимизга мослаб олаверамиз. Дейлик, пора олган кас “олган бўлсам, меҳнатимга, ишини битказиб бериб, ўзини рози қилиб олдим – топганим хаппа-ҳалол” деб чин дилдан ишонади, керак бўлса қозилашишга ҳам тайёр. Ҳолбуки, ўша “битказиб бергани” иш учун ҳукуматдан маош олади – жиллақурса шу маоши гумонли бўлиб қолиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Боз яна баланд келадики, “берган маоши – фалон, бунга нима қилиб бўлади?! Оламан-да!” Ичидаги мудраган инсоф бош кўтариб айтмайдики,  “ахир, биров сени бўйнингдан боғлаб келтирмади, нима иш қилишинг ва бунинг учун қанча маош олишингни билган ҳолда ишга киргансан?!” Гоҳида эса ўз фойдамизга жинни бўлиб оламизми-ей, моҳиятни тушунмаётгандек тутамиз ўзимизни. Яъни ҳаром дея чўчқа этидан парҳез қилган ҳолда ароқ ичаверганимиз каби. Айтайлик, мутлақ кўпчилик масжид ё қабристон молига тегинишдан ҳазир бўлади – хотирамизда “булар вақф мулки” деган тушунча яшайди-да. Шундай бўлса, мактабу мадрасалар учун ажратилган маблағ ҳам моҳиятан вақф мулки мақомидами?! Ана энди Давлат дастури бўйича миллиард-миллиард сўмлаб маблағ сарфлаб янгидан қурилган, реконструкция қилинган ё капитал таъмирланган кўплаб мактабу коллеж биноларининг ҳозирги ҳолига боқинг! Яна билмадим-у, атай кўзини юмиб олмаган бўлса, одам келажак авлоднинг “нони туя қилингани”ни кўра олади. Тағинам, тепадан пастга қараб ҳар ким улушини “киссалаган”идан қолганига қурилган биноларнинг тик турганига ҳам раҳмат, жиҳозларини-ку айтмасаёқ бўлади…

Хуллас, “ҳалол бўлиб, пок бўлиб” яшаш бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолаётгани тайин, бунинг юксак минбардан эътироф этила бошлангани ҳам шундан далолат. Зеро, ҳақиқий тараққиёт “ҳалол бўлиб, пок бўлиб” яшаш барчамиз учун ҳаётий тамойилга айлансагина мумкин бўлади, яъни яна ҳар қандай ислоҳот инсонни ўзгартиришдан бошланади, деган ҳақиқатга келамиз. Бу заруратни рўёбга чиқаришда таяниладиган ягона асос эса яна миллий қадриятлардир. Фақат бу қадриятларга музей экспонати ёки уй тўрига қўйиб эъзозланадиган буюм деб эмас, кундалик турмушда зарур рўзғор буюмидек қарамоқ керак. Бунинг учун эса ҳалоллик, поклик, инсоф, адолат каби қадриятлар бугунги воқелик нуқтаи назаридан талқин қилиниши, ўз навбатида, бугунги воқеликнинг ҳам ҳалоллик, поклик, инсоф, адолат каби ўлмас қадриятлар нуқтаи назаридан ёритилиши тақозо этилади. Буни амалга ошириш, назаримда, санъат ва адабиёт, фан ва таълим, хуллас, маънавиятга дахлдорки, соҳа олдида турган бош вазифа шу бўлмоғи лозим.

3.Китоб ўқиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор берила бошлагани, ҳеч шубҳасиз, қувонарли ва миллат равнақи учун хайрли ҳолдир. Шу масалага қаратилган қарорлар ҳам, худо хоҳласа, яқин келажакда кутилган меваларини бера бошлайди. Айни пайтда,  китобхонлик маданиятини юксалтириш билан боғлиқ энг муҳим масала ҳамон эътибордан четда қолиб келяпти, назаримда. Бу ўринда илгари ҳам турли муносабатлар баҳона тўхталганим – адабий таълимни ислоҳ қилишни назарда тутмоқдаманки, маълум даражада илгари айтганларимни такрорлаш керак бўлади, маъзур тутинг. Умумий ўрта таълимда адабиёт ўқитишнинг ўқувчига адабиёт ҳақидаги билим бериш мақсадига қаратилгани тўғри эмас, чунки мактаб адабиётшунос тайёрламайди. Умумий ўрта таълимда адабиёт ўқитишдан кўзлашимиз лозим бўлган пировард натижани лўнда қилиб, бизнингча, қуйидагича ифодалаш мумкин: ўқувчи таълим муассасасини адабий асарни ўқиш, уқиш, ҳис қилиш, ундан завқлана билиш малакаларини эгаллаган, бадиий адабиёт ўқишни ўзи учун зарурат мақомидаги табиий эҳтиёжга айлантирган ҳолда тарк этсин. Албатта, бу адабий таълимни шулардан келиб чиққан ҳолда ислоҳ қилиш, шуларни назарда тутиб ўқув дастур ва режалари тузиш, дарсликлар, методик ишланмалар яратиш ва, муҳими, ҳар бир машғулотни шу мақсадларга мос ҳолда ташкил этишни талаб қилади. Ушбу тадбирлар амалга оширилса, китобхонлик маданиятининг табиий асоси шакллантирилган бўлади, зеро, китоб ўқиш юртдошларимиз учун одатий ва зарурий машғулотга айланади.

 

Улуғбек ҲАМДАМ

ёзувчи, филология фанлари доктори

 

  1. Ҳар қанча ўзига яраша қийинчиликларига қарамай, мустақиллик халқимиз тақдирида мислсиз аҳамиятга эга тарихий ҳодиса бўлди. Бунга шак-шубҳа йўқ. Мен шу тезисга суянган кўйи ўз вақтида “Мувозанат” деган роман ҳам ёзгандим (1997). Чунки ўша пайтларда жамиятда – айрим одамларнинг ўзаро мулоқотларида ўтмишни соғиниш, мустақиллик даврини эса танқид қилиш руҳи кучли эди. Мен шуларни ўз кўзим билан кўриб, ўз қулоқларим билан эшитиб юрганим учун ҳам муносабатим роман тарзида туғилди. Менга ўша одамлар жадид боболаримиз соғиниб, орзу қилиб, наинки молини, айни дамда, жонини тиккан Истиқлолнинг илоҳий бир неъмат эканлигини етарлича тушунмаётгандек туюлиб, беихтиёр қўлимга қалам олган, ичимдаги дардимни айтишга уринган эдим. Ўшандан бери орадан йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтди. Энди жамиятдаги қарашлар анча ўзгариб, ўтмишни соғиниш камайди, озод Ўзбекистонни Ватан билиб келажакка интилиш ҳисси шаклланди. Шукур! Ниҳоят, бугунга келиб – мустақилликка муяссар бўлганимиздан анча кейин, навбатдаги қадам нимадан иборат бўлмоғи керак, деган савол қўйилиб, мана, жавоби изланмоқда. Аслида, жавоб қарийб, 27-28 йилдан бери изланади. Жавоб изланаркан, бир қанча соҳаларда чиндан-да муваффақиятга эришдик, бундан кўз юмиб бўлмайди. Спортни олайлик. Юртимиз спортчиларининг дунё томларига Ватанимиз байроғини тикиб келишгани ва тикиб келишаётганидан ҳеч ким тонмайди. Аксинча, бундан кўксимиз фахру ифтихорга тўлди, тўлмоқда. Мана, яқинда 23 ёшгача бўлган футбол мусобақасида ёшларимиз Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Барака топсинлар! Лекин бундай ютуқлар ёнида мафкура, маънавият, илм каби  талай соҳаларимизда оқсаш ҳали-ҳалигача давом этиб келаётганини ҳам хаспўшлаш тўғри эмас. Ўзбекистон Президентининг бонг ураётгани шу важдан. Уйғонинглар, деганидир аслида бу бонг. Хусусан, адабиёт соҳасида ҳамон мудроқлик сезилади. Бунинг бир томони – бозор иқтисодиётида маънавий соҳаларга етарлича аҳамият берилмагани бўлса, иккинчи томони –  сара асарлар ёзаётган ёки ёзиши мумкин бўлган жиддий ижодкорларнинг аксарият ҳолларда кузатувчи бўлиб четда қолиб келаётганидир. Бу борада тизим яратиш керак, деб ўйлайман. Кимнингдир шахсий симпатияси ёки антипатиясидан келиб чиқиб бадиий асарлар баҳоланмаслиги, ижодкорга муносабат ҳам шундай симпатия ва антипатия маҳсули бўлмаслиги лозим! Буни бугун ошкора тан олишимиз керак. Тан олмасак, адабиёт соҳасида яна ўша эски ҳаммому эски тос билан қолаверамиз. Бадиий асар ким ёзганлигига қараб эмас, қандай ёзилганига қараб баҳоланиши шарт! Биз кутаётган зўр роман, зўр пьеса ва зўр шеърий китобни фақат ва фақат истеъдодгина яратиши мумкин. Уни ҳашар йўли билан ёзиб бўлмайди. Буни кўпчилигимиз эътироф этамиз. Лекин бошқа бир аччиқ ҳақиқатни тан олгимиз келмайди: истеъдодли кишининг ўзига яраша феъли бўлади. Буни тушуниш ва қабул қилиш керак, ниҳоят! Жамият, лоақал, адабий жамоатчилик шу юксакликка чиқиши ва бадиий асарларга ана шу даражадан туриб баҳо бериши керак. Йўқса, ибтидоий жамоа тузумидан қолган ёқтириш-ёқтирмаслик туйғуси билан узоққа боролмаймиз, миллат бўлиб шаклланолмаймиз. Ахир, давлат раҳбари ҳам адабиёт соҳасидаги салбий ҳолатларнинг барчасига чек қўяйлик, адабиётимизда яна Абдулла Ориповлар, Эркин Воҳидовлар, Муҳаммад Юсуфлар етишиб чиқсин, демаяптими! Бундай даъватни етакчи инсоннинг оғзидан эшитиш бир ёзувчи сифатида шахсан мени беҳад қувонтиради. Лекин, бошқа томондан, зиммамизга тушаётган масъулият ҳиссини ҳам чандон орттиради. Ёзувчининг, умуман, зиёлининг вазифаси ана шу масъулиятни теран англаб, ҳис қилишдан бошланади. Яна қўшимча қилиб айтмоқчиманки, инсон дегани қоришиқ оҳанглар, ранглар, шакллар ичида яшайди. Бу турфалик унинг ботинидан камалак ранглари каби ўрин эгаллаган. Киши ижодкор бўлиб шаклландими, демак, оламнинг ана ўша ҳамма рангларини, барча оҳангларини кўриши, уларнинг биронтасига хиёнат қилмаслиги керак, деб ўйлайман. Албатта, бир асарда оқ рангнинг, бошқасида эса қоранинг ҳиссаси кўпайиб кетиши мумкин. Лекин яхлит олинган ижодда ҳаётнинг ўзида чалиниб ётган муаззам симфония каби турфа оҳангларнинг мужассам бўлишини истайди кўнгил. Бу ўриндаги энг муҳим гап шундаки, камалакнинг барча рангларини, оламнинг борлиқ оҳангларини назардан қочирмай тасвирлар экан, ижодкор ўз асарлари орқали ўқувчини Ҳазрати Инсон бўлишга чақирмоғи керак. Шундагина у тақдир томонидан зиммасига юклатилган Муқаддас Вазифани адо этган бўлади. Бу вазифага эса хиёнат қилиб бўлмайди. Ижодкор асарларини ана шу вазифани нечоғли уддалаб ё уддалай олмаганига қараб баҳолаш керак.
  2. Француз ёзувчиси Гюгонинг ажойиб фикри бошқа бир француз ёзувчиси Стендал қисматини ёдимга тушириб юборди. Стендал ўз вақтида етарлича қадр топмаган. Аммо ўлимидан тахминан саксон йиллар ўтиб, ёзувчининг “Қизил ва қора” романи кўзларга суртилиб ўқила бошланган. Нега? Чунки адиб ўз асарида кўтарилган муаммонинг бадиий тадқиқи билан ўз давридан қарийб бир асрга ўзиб кетган эди. Ҳатто унинг ўзи ҳам буни сезган, башоратомуз тарзда “мени кейинги асрда ўқишади”, деган. Ҳақиқий ижодкор аслида ҳам шундай бўлади: давридан олдинлаб кетиб, унга йўл кўрсатади, хавфдан огоҳ этади. Ҳозирги пайтда дунё алоқа тизимини ушлаб турган спутник антенна тизими ҳам дастлаб бадиий адабиётда фараз тарзида ўртага қўйилганини эслайлик. Навоий асарларидаги учар гиламлару сеҳрли кўзгулар аллақачон самолёту телевизорларга айланиб бўлган. Демоқчиманки, жиддий ижодкорнинг ўз давридан олдинда юриши бу қонуният, ҳатто меъёр бўлиши керак. Акс ҳолда, у қўлига қалам олмасин, бошқа иш қилсин. Франц Кафка фашизмнинг пайдо бўлишини ўз асарларида, чунончи, “Жазо калонияси” деган ҳикоясида чорак аср олдин бадиий тадқиқ қилган. Ўз вақтида унинг асарларига ҳам етарлича эътибор қилинмаган. Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин эса бирдан тушуниб қолишиб, пайдар-пай таржима қилишган, нашр этишган, у ҳақда ёзишган. Ачинарлиси шундаки, ёзувчи огоҳлантирган хавф олди олинмаган, аксинча, у аянчли тарзда яшаб ўтилгандан кейингина эътибор берилиб, ҳаммаси муҳокама қилинган. Орзуим шуки, ижодкор асарларига жамиятда етарлича эътибор берилиб, жиддий ўрганилса, асарларидаги келажак билан боғлиқ равишда чиқарилаётган хулосалардан жамият эртасига доир қарор ва тадбирлар олинаётганда фойдаланилса.  “Ёзувчи кўп бўлса, қайси бирининг асарига эътибор бериб улгурамиз?”, деган савол туғилиши табиий. Йўқ, жиддий ёзувчилар ҳар бир жамиятда нари борса, бармоқ билан санарли даражада оз бўлади. Бунга шоҳид бўлиш учун эса, жаҳон  адабиёти тарихига тафаккур нигоҳини бир қур ташлаш кифоя.

Энди жамиятни ўз ортидан эргаштирувчи, бирлаштирувчи ва унинг мукаммаллашувига ёрдам берувчи ғояларга келсак, бу борада ёзувчи фақат бир нарсага  –  қўлидаги қаламига суяниб иш кўриши мумкин, холос: “Темур тиғи етмаган жойни Қалам билан олди Алишер” дейилганидек, ижодкор, масалан, тарихий асарларга қўл уриши, миллатни бирлаштирадиган, унда миллий туйғуни кучайтирадиган ўтмишни жонлантириши, улуғ тарихий сиймоларимиз образларини ёрқин бўёқларда ҳаққоний акс эттириши мумкин ва керак деб ўйлайман. Бундан ташқари, ҳозирги замонни бадиий тадқиқ этиши лозим. Эътибор бергандирсиз, кунимизни ҳаққоний акс эттирган асарлар, айниқса, жиддий романлар унчалик кўп эмас. Нега? Ёзувчиларимиз нима учун ўзи мансуб даврни, унинг муаммоларини рўйирост ва юксак санъат мезонлари орқали тасвирлашдан “қочиб” келмоқдалар? Ўйлаб кўриладиган масала бу! “Қочиш”нинг натижасида эса адабиётимизда рамзийлик кучайиб кетди. Чинакам ижодкор ҳақиқатни ёзади, ёзганда ҳам юксак санъат билан ёзади, агар бунинг имкони бўлмаса, айланма йўл –  рамз орқали ёзади. (Истиқлол даври ўзбек адабиётида тахминан шундай ҳодиса юз берди).  “Адабиёт, асли, бир нарсани бошқа нарса воситасида айтишдир”, дегандек чиройли хулосаларимиз бор. Лекин  ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши. Шу жумладан, рамзийликнинг, санъатнинг ҳам муайян меъёрлари бор ва бўлиши шарт. Бугун давр ва замондош инсон кўнгил ҳақиқатлари реалистик акс эттирилган романларга чинданам жуда эҳтиёжимиз бор. Биз анчадан бери ўзимизни реалистик адабиёт деган кўзгуга солиб кўрмадик. Мана, мен ҳам шу юртнинг бир қаламкаши сифатида она диёримни, одамларини жон дилимдан севаман. Унинг мушкулини енгил қилиш учун ёзгим, бунинг учун эса асарларимдан кўзгу ясаб, ўқувчининг юзига тутгим келади. Токи, у бор ҳолини борича кўрсин, тушунсин!  Бошқа, ўзини ва ўқувчини ҳурмат қилган, ижоднинг нималигини теран тушунадиган ёзувчилар ҳам шуни истайди.

Зеро, ҳар бир миллатнинг адабиёти, одатда, ўша миллатнинг умумий савиясидан келиб чиқиб яратилади. Бас, шундай экан, сиз кутган адабиёт яратилмаган ёки яратилмаётган экан, демак, ёзувчи билан бир даражада у мансуб миллат ўқувчиси ҳам айбдордир! Мамлакат раҳбарининг куюнчаклиги шунинг учун. Шунга у кишини мажбур қилдик. Ўзимизнинг муҳаррирлар, цензорга айланиб кетган муҳаррирлар шу ишни қилдик. Мамлакатда расмий цензурани бекор қилдиг-у, унинг парчалари ҳар биримизнинг ичимизга кириб олди – энди ўзимиз цензорга айландик. Минглаб, миллионлаб цензорларга! У мумкин эмас, бу мумкин эмас, дея бошладик. (Мумкин бўлмаган нарсалар чиндан ҳам бор: адабиёт бузуқликни, фаҳшни, қонни, зулм каби инсонни ҳайвонлаштиришга хизмат қилувчи мавзуларни тарғиб қилмаслиги керак!). Бу иш шу даражада абсурдлашиб кетдики, Истиқлол учун курашган, у учун моли ва жонини фидо қилган айрим жадидлар ҳақида ёзмасликкача, эсламасликкача бориб етдик. Ҳатто бундан баттар – ораларидан кимларнидир бадном қилишгача уриндик. Истиқлол даврида-я! Ахир, улар шу кунлар учун курашган ва бу курашларда жонларидан айрилган эдилар-ку! Улар билан солиштирганда, биз  жадидларни танқид қилувчи болалар нимамизни Истиқлол учун қурбон қилдикки, улуғ боболаримизни муҳокама қилишга ботинсак?!.  Шунинг учун ҳали айтиладиган гаплар кўп. Насиб бўлса, бугунги сўз эркинлиги даврида улар айтилади. Ёзувчиларимиз бунга қодир.

  1. Бу савол берилмаганда ҳам Президентнинг китоб ва китобхонлик борасида чиқарган фармойиши натижалари ҳақида кўнглимдагиларни ёзмоқчи бўлиб юргандим. Чунки мен бир ёзувчиман. Ёзувчининг бахти ёзиш ва ўқилишдадир. Тўғрисини айтишим керак, чорак аср давомида китоб ўқиш маданияти тушиб, маърифатли бўлишга интилиш жамиятимиз вакиллари назарида энг қуйи даражаларга бориб қолганди. Чунки ўқимишли инсон эмас, балки тўғри-эгрилигидан қатъи назар, уддабурон инсон тўрга чиқаётган жамиятда ёшларни китоб ўқитиб, зиёли бўлишига сарфланган барча саъй-ҳаракатлар зое кетади. Кетди ҳам! Ниҳоят, китоб ва китобхонлик тўғрисидаги Фармойиш чиқди. Ёшлар давлат даражасида бу жабҳага берилган эътиборни кўриб, китоб ва китобхонликка ўзгача нигоҳ билан қарай бошлади. Боз устига, давлат раҳбарининг ўзи китоб ўқинг, Навоийни, замонавий ижодкорларимизни ўрганинг дея, юксак минбардан Орипов ва Воҳидовдек забардаст шоирларимиз шеърларидан ёд айтиб турганда, одамлар ҳушёр тортиб қолди. Натижада, мамлакатда китобхонлик жонланди. Бу жонланиш шахсан менга шу даражада сезилдики, бир неча йиллар муқаддам топширилган ва нашриётларда чанг босиб ётган 3-4 та қўлёзмамнинг ҳаммаси бирданига китоб бўлиб чиқиб келди. Ҳатто Чорсу бозоридаги китоб дўкондорларидан бири қўнғироқ қилиб, фалон романингизни, умуман, бутун китобларингиз нашр ҳуқуқини бизга беринг, ўзимиз чоп этиб, ўзимиз сизга яхши ҳақ тўлаймиз, деган таклифни айтса бўладими! Бундай таклифни, тўғриси, мен, мана, ёшим 50 га етиб, қарийб, 30 йилдан бери фаол қалам тебратиб, илк бор эшитишим эди. Тўғриси, бироз ҳаяжонландим ҳам. Дўкондордан бунинг сабабини сўрасам, “Президентимизнинг фармойишидан сўнг яхши китоблар бирданига яхши сотила бошланди. Тўртта китоб дўконим ва битта гамбургерхонам бор эди. Ҳозир ўша гамбургерхонани ҳам қайта таъмирлаб, бешинчи китоб дўконини очяпман”, дея жавоб берди. Тушимми бу, ўнгимми! Китобдорнинг бу жавоби мени ҳайратлантирди ва уйга катта қониқиш, мамнуният ила қайтдим. Ахир, йигирма беш йил мобайнида одамлар, айниқса, ёшлар китобдан узоқлаб кетган бўлиб, бу ҳол, назаримда, жамиятимиз ва унинг эртаси учун жудаям катта хавф туғдирар эди. Энди эса, юрагимнинг чуқур бир жойида умид “милт” этди. Демак, ҳали ҳаммаси йўқотилган эмас, миллат манфаатига хизмат қиладиган мана шундай одил, керакли қарору фармойишлар чиқару ҳаётга тадбиқ этилар экан, келажак ҳақида ёруғ орзулар қилиб, эзгу режалар тузсак арзийди.

 

Исажон СУЛТОН

ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 

  1. Президент ўз мурожаатида Ўзбекистонда тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий, маънавий муаммоларни бирма-бир таҳлил қилиб, ечимларини ҳам кўрсатиб берди. Тараққиётнинг янги палласига кирган мамлакатнинг ривожланиш тамойилларини кўрсатди, иш юритиш тизимларимизнинг кечаги кун даражасида қолаётганига, у тизимлар билан келажак ниятларга эришиб бўлмаслигига эътибор қаратди. Бизни шу нуқтага қадар олиб келган тафаккур билан мавжуд муаммо ва нуқсонларимизни ҳал қила олмаймиз, чунки у тафаккур берган ҳосила – шу. Камчиликларини бартараф қилиш, янги марраларга етишиш учун янги тафаккур керак. Президентнинг мурожаатидан шундай маъно келиб чиқади.

Мурожаатнинг мантиқий давоми ўлароқ эса, жуда муҳим ташаббус ўртага ташланди. Ўзбекистон Президенти 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди. Шу билан бирга, келажак вазирлиги деб ном олган Инновациялар вазирлиги тузиш таклифи билан чиқди.

Инновация – талаб қилинган маҳсулот ёки жараёнларнинг сифат жиҳатидан ўсишини таъминловчи янгилик деб таърифланади қомусларда. Инсон интеллектуал фаолиятининг, ижод жараёнининг, кашфиёт ва топилмаларнинг пировард натижаси. Бошқача айтганда, интеллектуал янгиликни татбиқ қилиш ва инсонлар ҳаётида аввал кўрилмаган ғояларни, технологияларни, маҳсулотларни, таълим, бошқарув, меҳнатни ташкил қилиш, хизмат, фан, тиббиёт ва бошқа соҳаларда янги билимларга эга бўлиш ҳамда у билим туфайли қўшимча фойда, илғорлик, имтиёз, туб янгиланиш, сифат устунлигини қозониш демакдир.

Ушбу ташаббус давлат раҳбари тарафидан нега қўйилди?

Сабаби шундаки, бошқарувдан то ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барчасида янги давр талабига мос келмайдиган кечаги кун тизимлари сақланиб қолган, бутун мамлакатни бошқариб турган иқтисодий-ижтимоий механизмлар ишлаб чиқаришнинг, хизмат кўрсатишнинг, маҳсулот етиштиришнинг, пировардида, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсишига салбий таъсир кўрсатмоқда, ҳатто тўсиқ бўлмоқда эди. Дунёнинг ривожланган ўлкаларида аллақачон ҳаётга татбиқ қилинган, ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатишни тезлаштирадиган, сифатини оширадиган инновациялар фаровонликни оширишга, Инсон деб аталган шу олий хилқатнинг зако заҳираси имкониятларини тўла намоён қилишга, қимматли вақтини тежашга имкон берса, Ўзбекистонда ҳали-ҳануз фаолиятнинг эски тизимлари қўлланилмоқда эди.

У тизимлар ўз даврини яшаб бўлди. Қора меҳнатни тарғиб қиладиган, “Кўрган кунингга шукр қилиб тинчгина ўтир” дейдиган кунлар ортда қолди. Қилни қирқ ёрар олимлар вазиятни ўрганиб чиқиб, бугун ҳукм ўтказувчилар эмас, илҳомлантирувчилар ва яратувчилар ғолибдир, деган хулосага келишди. Президент мурожаати жамиятнинг, давлатнинг аллақачон янгиланиши керак бўлган қатламларини ҳаракатга келтирди, илҳомлантурувчи ғоя берди. Яратувчилик бугуннинг бош мезони, илғор кучига айланди.

Зиёлилар мана шу босқичнинг юқори поғонасидаги кишилардир. Маънавий инновацияларнинг яратувчилари, халқ, миллат тафаккурини илгари етакловчилардир. Жараёнларни мулоҳаза қилиб, қай бири қай манзил сари етаклашини билими ва закоси ёруғида олдиндан кўра оладиган тоифадир. Модомики тафаккурнинг ривожланишига барча бирдай эҳтиёж сезмоқда экан, интеллектуал ҳосила яратувчилар бу жараённинг энг муҳим жабҳасида, халқ билан елкама-елка бўлишлари керак, албатта.

2.Муҳташам маънавий меросимиз, инсонни қадам-бақадам, етукликка қадар бенуқсон тарбиялайдиган анъаналаримиз, урф-одатларимиз, элнинг ўзлигини ифода қиладиган айтимлару тутумларимиз  – буларнинг бари инсон руҳиятига зилол сувдек қуйилиб, бугунги ўзбек кишиси шахсиятини ҳосил қилади.

Бугун инсоният технотрон эрага, сунъий интеллект даврига кириб бормоқда. Бу талотўп орасида ўзбек кишисининг ўрни қаерда? Қандай ўй-мулоҳазалар билан яшамоқда?

Адабиёт маълум давр кишиларининг ўй-кечинмаларини, олға етакловчи ҳаётбахш орзу-ният не эканини бадиий солномасига қайд этиб бораверади, бу унинг фундаментал бурчидир. Шунингдек, кишиларга янги маънавий манзилларни кўрсатиб бериши ҳам зарур. “Мен йиллар бўйи бола-чақам билан топган-тутганимни еб, борига шукр қилиб ўтирибман”, дейди унинг қаҳрамонларидан бири. Тараққиётнинг янги даври эса беқиёс заковатингизни, қобилиятларингизни рўёбга чиқаринг, демоқда. Рўёбга чиқариш учун билим керак, бугуннинг зиддиятлари, ҳийлалар, технотрон эра талотўплари орасида ўзлигини тўла-тўкис сақлаб қолган ҳолда. Бугуннинг ўзбек кишиси дунёни кезиб чиқди, турли халқлару мамлакатлар билан ўз эл-юртини таққослаб ҳам бўлди. Қараса ўз халқидай шонли ажойиб халқни топмабди. Янада қадрига етиб, меҳри ошиб унга юзланди. Бу глобаллашаётган дунёда ўзликни қайта таниш жараёнининг бошланиш палласи.

Некбин назар билан қарасак, қувончли манзараларни, келажак учқунлари рўй-рост бўй кўрсатиб турганини кўрамиз. Қаранг, бир йигитимиз Германияда сунъий қуёш яратиш технологияси яратувчилари орасида. Яна бири АҚШдаги улкан кемачилик компаниясининг илғор мутахассиси. Жаҳонни энлаган онлайн платформаларида, “Google”да, “Microsoft” компаниясида ўзбек йигит-қизларимиз ишлашмоқда. Европа ва Осиёнинг ривожланган ўлкаларида, Скандинавия мамлакатларида номдор нуфузли компанияларда ишлаётган фарзандларимиз анчагина. Буларнинг кўпчилиги – яратувчилардир, ижрочилар эмас. Тил ва фан ўрганиб, бир мамлакат орасида етилган истеъдодлардан кўра кўпроқ қувватини намоён эта олган ёшлар булар. Ҳа, мудроқ қон уйғонмоқда. Ақлини, закосини кўз-кўз қилишга чоғланмоқда, бугуннинг жараёнлари эса у закони янада қувватлантиришга қаратилган. Дунёда янги фанлар пайдо бўлди, миграция жараёнлари кучайиб, тезлашди. Буларни мулоҳаза қилар экансиз, адабий жараён баъзи жабҳаларда ҳаётдан ортда эканини таассуф билан тан олишга тўғри келади. Кишиларга илм олинг, ўрганинг, замонавий билимларга эга чиқинг дейиш билан бир қаторда бундай хитоб қиладиган кишининг ўзи илғорда бўлиши керак-ку? Шу сабабли, адиблар шу тезланишлару ақл бовар қилмас жараёнлардан етарлича хабардор бўлишлари керак, деб ўйлайман.

  1. Юқорида айтиб ўтилгани каби, ҳамма гап ёниқ қалб, жўшқин ақл-мулоҳаза, зако қудрати ила келажакка юзланиш устида бораётир. Барча соҳалар қаторида китоб нашр қилиш ва аҳолига етказиб бериш тизими бошдан-охиригача мукамаллаштирилиши керак деб ўйлайман. Соҳалар муштарак ривожланиши учун тизим лозим. Ҳозирги тизимни эса, афсуски, мукаммал деб бўлмайди.

Ҳа, ҳаётимиз сифатини бир неча даражага кўтарадиган, тубдан яхшилаб юборадиган янгиликларга муштоқмиз. Қанчадан қанча тирик дарахтлар бағридан бунёд этилган сифатли қоғозга босилган китоб бундан буёғига ҳам тобора қимматбаҳо, элитар маҳсулотга айланиб бораверади деб ўйлайман. Шу сабабли уни тарғиб қилишнинг янги усулларини излаш тўғрироқ бўлса керак. Мисол учун, Ўзбекистон Инновация вазири, академик И. Абдураҳмонов кечагина яхши бир янгилик жорий қилинаётганини айтиб қолди: “Q-бокс” дейилган, Wi-Fi  технологияси ўрнатилган хотира блоклари шу йил юртимиздаги ҳар бир мактабга ўрнатилар экан. Истаган киши у заҳирага боғланиб, адабиётимизнинг олтин хазинасидан жой олган бадиий асарларни, мумтоз куй-қўшиқларни, дарсликларни смартфонига, планшетига ёки компьютерига юклаб олиши мумкин. Бир неча терабайт хотирага эга бундай ускуналарнинг ҳар бирига бутун бошли кутубхонани жойласа бўлади. “Q-бокс”лар марказдан бошқарилади, ҳар кунги янгиликларни ҳам марказий сервердан юбориб туриш мумкин. Демак, ижронинг турли янги усулларини жорий қилса бўлади. Бежиз айтишмайди-ку, излаган имкон топади, деб.

Бу паллада ижод аҳли бадиий тасвирнинг, келажакка интилган ўзбек кишиси ҳаётида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг инсон қалбидаги аксланишларининг янги жилваларини топиши, кашф қилиши, бадиият солномасига муҳрлаши зарур. Жасурлик, фидокорлик нима, ота-она, эл-улус ким, ватан нима, эл нима – борингки, инсонни инсон айлайдиган турли-туман фазилатлар тараннуми акс этган замонавий асарлар жуда зарур. Бадиий асар, фильм, куй-қўшиқ, ахборот тарзида ёпирилиб келаётган ўзга маънавият билан болаларимизни тарбиялай олмаймиз, деган маъно бор бугунги чорловларда. Ҳар ким ўзининг беқиёс имкониятларини, кимлигини билиб ўсиши жуда муҳим. Мисол учун, бугуннинг қувватли компьютерларида “Bios” деган тизим бор, ускуна ёқилгач, унинг илк иши – ўзининг мустақил фитратига, яъни жонлантириш блокига “Мен кимман?” деган савол йўллайди. Ўзининг кимлигини, қувватини, заҳирасини “билиб олгачгина” ишга тушади. Фарзандларимиздаги  яширин истеъдод ҳам шундай. Ўзининг кимлигини билгач ёлқинланади, ўзини керакли, зарур деб ҳис қилади ва кутилмаган олтин хазиналарни яратади.

Президент юқорида мисол қилиб келтирилган турли муаммоларга ягона ечимни кўрсатиб берди. Ҳақиқат шуки, бизга кишиларни келажакка етакловчи, илҳомбахш, киши руҳига куч бахш этадиган ғоялар тараннум этилган асарлар керак. Бу барча қатори, зиёлилар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

 

Шаҳноза НАЗАРОВА

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

  1. Юртбошимизнинг Мурожаатномаси ўз онгли ҳаётига эга ҳар бир фуқарода муносабат, орзу, илинж уйғотгани шубҳасиз. Уларнинг кўзлари кўзларимизга тик қараб туриб сўзлади ва нигоҳимизни олиб қочишга имкон бермади. Биз янги паллага кирдик ва кечикмасдан яшашни ўрганишимиз зарур. Маърифатга интилаётган, илм, ижод йўлини тутган ёшларнинг бош вазифаси мана шу. Дарғалар – санъат арбоблари, фан арбоблари, академиклар жуда улуғ ёшда. Ёш зиёли авлод ҳали оёққа турмаган, ўз зиёли ҳаётини тўла йўлга қўя олмаган. Улуғвор ва ёш кучларни боғловчи ўрта авлод олим, ижодкорларимиз биз истагандек кучга эга эмас. Бундай шароитда қандай йўл тутиш мумкин? Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси нуфузининг тикланиши, илм-фан, ижод фидойиларига кўрсатилаётган эътибор сабаб бизнинг ёш нигоҳларимиз яна боражак манзилимизга қаратилди, мақсадларда собит туришга буюрди. Аммо фандаги эски ва янги қарашларни, улуғлик ва ёшлик кучини ҳали бирлаштира олганимиз йўқ.
  2. Жамиятнинг маънавий мукаммаллашуви зиёли кучларнинг бирлашиши, ўз таъсир доирасини узлуксиз кенгайтириб бориши билан юзага чиқади. Очиғи, бозорда, кўча-кўйда, транспортда, йиғинларда тушуниш ва тушунтиришга қийналиб қолдик. Бачканалик, билмаслик, фаросатсизлик урфга айлана бошлаганди. Биз мана шулар сабаб узилиб қолдик. Ўзимизни ошкор қилмай қўйдик. Зиёлиларга зиёлиликни севадиган халқ керак. У бор. Аммо истакларини янгилаш зарур. Бу, Президентимиз қайта-қайта айтаётганларидек, китоб ўқиш билан амалга ошади. Зиёлилар ўз майдонини китоб, матбуот, театр орқали кенгайтирадилар. Аммо энг аввали – китоб. Чинакам китобларгина матбуотни сийқалик, биқиқликдан олиб чиқади, эзгу китобларгина томошабинларни ва театр репертуарини янгилайди.
  3. Китобхонликни энг қуйи бўғинлардан бошлаш зарур. Мураббийлар, ўқитувчилар кўп, аммо уларда нур йўқдек. Оламжаҳон мутахассислар тайёрланди, дипломлар, сертификатлар берилди-ю, уларга устозлик қалбини улашишга қувват етмагандек. Шундай экан, боғча мураббийлари, мактаб ўқитувчилари учун болалар боғчани, мактабни битиргунча ўқиши зарур бўлган китоблар рўйхатини тузиб беришимиз керак. Бола юрагини аввал китоб эгалласин. Ана ундан сўнг бу юракни қўрқмасдан катта ҳаётга, Ватанга тақдим этиш мумкин бўлади.

 

Алимурод ТОЖИЕВ

тайёрлади.

 

2018/1

 

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi