ҚИРҒИЗ ШЕЪРИЯТИДАН   Алиқул ЎСМОНОВ   (1915–1950)

aliqul-usmonov

 

 Қирғиз тилидан

Турсунбой Адашбоев,

Қурбон Саттор

таржималари

 

 ЭЛ ДАРДИН ЧЕК, ЯККА ДАРДИНГ ДАРД ЭМАС

 

Ҳар бир даврда миллий адабиёт вакилларининг қай бирови ўз истеъдодининг йўналиши, асарларининг руҳи ва ҳатто ижодий тақдирига кўра бошқа бир халқнинг шоири ё ёзувчисига монанд бўлиб қолади. Бундай “эгизак” адиблар ҳақида гап кетганда, “словен адабиётининг Пушкини”,  “испан сўз санъатининг Шекспири” деган таърифлар қўлланади.

Ижодий йўналиши ва тақдири бизнинг маъсум шоиримиз билан бир хил бўлган Алиқул Ўсмоновни қирғиз адабиётининг Усмон Носири деб аташ мумкин. Буларнинг бири атиги ўттиз икки йил (1912–1944) яшаган бўлса, ундан уч ёш кичик бўлган иккинчиси ўттиз беш йил умр кўрган (1915–1950).

Ажабки, ҳар иккови ҳам оғир турмуш шароити туфайли сил касаллигига дучор бўлган. Бири Магадан турмасида, иккинчиси эса Бишкекда, шеър ёзаётган чоғида столга бош қўйган ҳолда ҳаёт билан видолашган. Иккови ҳам миллий сўз санъатига ўта жўшқин ва ҳассос руҳ олиб кира олган. Шунинг баробарида, Усмон Носир “Боғчасарой фонтани”, “Демон” поэмаларини, Алиқул Ўсмонов эса Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонини, Ш.Руставели, В.Шекспир, И.Крилов, А.Пушкин асарларини ўгириб, сўз санъатининг бу турини юксак даражаларга кўтара олишган. Қирғиз шеърий таржимачилигининг чўққиси деб тан олинган “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони ҳозиргача саккиз бора босилган.

Биз кўпинча, узоқ-узоқ эллар адабиётига мафтун бўламиз, шундоқ ёнимиздаги халқлар шеъриятини, назмини эса “ҳаминқадар” деб биламиз. Кимнидир эътироф этар бўлсак, ўшанда ҳам узоқдагилар тасанно айтганидан сўнг қабул қиламиз. Мисол излаб ўтиришнинг ҳожати йўқ – Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов… Аслида, қардош адабиётлар бизнинг ўқувчига руҳан яқинроқ, унга кўпроқ таъсир этади. Масалан, худди шу сабабга кўра, Тоғай Мурод ижодини қўшниларимиз пайқашмаётгандай.

Алиқулга қайтайлик. Қирғиз шоири Алиқул Ўсмонов ҳозирги Панфилов туманидаги Қапталариқ қишлоғида туғилган. Ота-онасидан эрта етим қолиб, Пишпек ва Тўқмоқ шаҳарларидаги болалар уйларида тарбияланган. 1932 йилдан бошлаб турли газета ва журнал таҳририятларида ишлаган. Илк шеъри 1930 йилда матбуотда босилиб чиқди. Дастлабки шеърий тўплами 1935 йилда чоп этилган. 1937 йилда ёш шоирнинг яна икки китоби босилади. Аммо 1945 йилда нашр этилган “Махабат” (“Муҳаббат”) тўплами Алиқул Ўсмонов ижоди қирғиз сўз санъатида фавқулодда ҳодиса эканини кўрсатди. Шоирнинг жуда кўп асарлари қирғиз адабиётининг дурдоналари ҳисобланади. Юзлаб шеърлар, кўплаб достонлар, драматик асарлар ана шулар жумласидан.

Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси 1986 йилда Алиқул Ўсмонов номидаги мукофот таъсис этган. Шоирнинг шеърлари А.Вознесенский, М.Синельников каби шоирлар томонидан русчага ўгирилган.

Алиқул ўта ҳассос шоир. У қирқинчи йилларда – миллий адабиётларимизни “бахт таронаси” руҳи буткул қоплаб олган бир замонда энг инсоний туйғулар инжа бир шаклларда ифода этилган юзлаб энг сара шеърларини ёзди ва адабиёт, энг аввало, инсон қалбининг таржимони эканини, ҳеч қандай сиёсат уни ўзи танлаган ушу бош йўлидан чалғита олмаслигини далиллади. Шу фазилати билан Алиқул Ўсмонов, гарчи атиги ўн беш йил ижод қилган бўлса-да, қирғиз адабиётининг энг йирик вакилларидан бирига айланди, унинг асарлари қирғиз шеъриятининг энг нодир, мумтоз намуналаридан ҳисобланади.

Шоирнинг асарлари кўплаб тилларга, жумладан ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, тўпламларда босилиб чиққан. Шоир таваллудининг юз йиллиги муносабати билан 2015 йилда унинг шеърлари Арслонбоблик шоир Қурбон Саттор томонидан унинг етмишга яқин шеъри ва бир поэмаси ўзбек тилига таржима қилиниб, “Кўл тўлқини” номи билан Бишкекда китоб қилиб чоп этилди. Алиқулнинг ўзбек адабиёти билан яна бир алоқадор томони – унинг хотини Зайнаб Савронбоева кейинчалик Тошкентга келиб яшаган ва ўтган асрнинг эллигинча-олтмишинчи йилларида Зайнаб тахаллуси билан қирғиз адибларининг бир қанча асарларини  ўзбек тилига таржима қилган. 

Қурбон Саттор шоир ва таржимон Турсунбой Адашбоев (1939 –2017)нинг шогирди ва издоши. Аслида, Алиқулнинг шеърларини ўгириш ҳам Турсунбой аканинг ташаббуси, рағбати билан амалга ошган эди. Бинобарин,  Алиқул Ўсмонов асарларининг таржималарини ҳавола этар эканмиз, қирғиз сўз санъатининг биздаги энг оташин тарғиботчиси Турсунбой Адашбоев (Аллоҳ раҳматига олсин)  номини ҳам миннатдорлик билан ёдга оламиз. У киши бутун умри давомида икки халқ адабий алоқаларини ривожлантириш, жаҳон адабиётининг сара асарларини ўзбек тилига ўгириш ҳамда ўзбек болалар адабиёти ривожига баҳолиқудрат ҳисса қўшди.

Ушбу таржималар Сиз азиз ўқувчига ҳам маъқул келади, деб ишонамиз ва Қурбон Саттор бундан кейин ҳам Алиқул Ўсмоновдан, бошқа қирғиз адибларининг асарларидан яна кўплаб асарларни она тилимизга ўгириб, ўзбек таржима адабиётини бойитишидан умидвормиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

 

МЕН ЙЎЛОВЧИ

 

Мен йўловчи, туғилгандан ўлгунча,

Яёв юриб зерикмаган, эринмас.

Олис экан чиққан йўлим қарасам,

Юрган билан йўл адоғи  кўринмас.

 

Мен йўловчи, улов насиб этмаган,

Заҳмат билан кетмоқдаман пиёда.

Ҳали-бери қаримайди сафарим,

Олдимда йўл  ҳали бисёр, зиёда.

 

 

Қирдан туриб кўз югуртсанг ортимдан,

Отган ўқдек шиддатим зўр бегумон.

Намоёндур гар қаршимдан кузатсанг,

Елкасида тоғ кўтарган паҳлавон.

 

 

АРМОН

 

Билмам, қандай ўйда экан дўстларим,

Қисматимдан ранжиб, ғамга ботурман.

Замонамнинг бир корига ярамай,

Эрта сўлиб, музлаб бораётирман.

 

Билмам, қандай ўйда экан дўстларим?

Тақдир мени яратмабди бус-бутун.

Наҳот қуриб, эрта синган ниҳолдай,

Иморатга бўлолмасам бир устун?

 

Ҳазар қилдим доим ҳаром луқмадан,

Пок умрдан қаддим адл, сервиқор.

Ҳеч кимсага  чоҳ қазмадим бахилдек,

Босган изим лойдан холи, оппоқ қор.

 

 

 

ТЕНГДОШЛАРИМГА

 

Ярашмас феъли торлик мард йигитга,

Сахий бўл, эш бўлиб саховатга.

Разилу қитмир, худбин бўлсанг агар,

То абад эришмайсан камолотга.

 

Яхшига йўлиқсанг гар, қадрин билгин,

Ёмондан ҳам топиш мумкин яхши хислат.

Эр йигит закий бўлар, ҳам валломат,

Бандасидан қидирмайди фақат иллат.

 

Маррани кўзлаб чопар ҳар бир бедов,

Соҳибчангал қуш умиди доим шикор.

Биродар, ўз қадрингни унутма, лек,

Ўзганинг қадрига ҳам етмоқ даркор.

 

Қозонингда доим бўлмас қази-қарта,

Ошиғинг гоҳи олчи, гоҳи чикка.

Одам борки, бир-бирига йўлак-тиргак,

Йиқилганга кўмак хосдир йигитликка.

 

Гоҳи лойқа, гоҳи зилол бу умрда,

Ўлгунингча эсдан чиқмас ширинсухан.

Йигит мисли ўсаётган чинор бўлса,

Дуо, олқиш ҳаётбахш унга ўзан.

 

Бизга ёр шундай улуғ тинчлик замон,

Онадай, барчамизга тенг, меҳрибон.

Лек, афсус, бирдек эмас беш панжамиз,

Яхшиларнинг қаторида бордир ёмон.

НАСИБА

 

Ким севмайди навқирон ёш фаслида?

Севги ширин бир неъматдур чинданам.

Ёш танламас ишқ, муҳаббат ор эмас,

Биз севамиз, сочга қиров инса ҳам.

Бу борада менда қизиқ саргузашт –

Севганим бор икки қизни айни дам.

Қандай кечди бу қиссанинг адоғи,

Қулоғинг тут, сўйлаб берай сенга ҳам

 

“А” си доим мени кўриб қизарса,

“З” сида-чи, бўзаради ранги-рўй.

Бу қизариш, бу бўзариш – бир белги,

Иккови ҳам мен ҳақимда сурар уй.

 

Қўш соҳилга битта хавфли якка чўп,

Кўп қийнади мени икки зорманда.

Мен янглишиб, бўз соҳилга ўтволиб,

Бир умрга қолиб кетдим армонда.

 

 

 

ЎТТИЗ ЁШ

 

Умр нега неъматларнинг энг ози?

Унга ҳоким тақдир деган тарози.

Бироқ савил, озлиги ҳам майли-ю,

Унинг ўқдек шиддатидан қотар бош.

Кечагина анов қирда йўқ эди,

Қайдан чиқди бу суворий ўттиз ёш?

 

Тулпорига қамчи босар дамба-дам,

Манзил сари елдек учар бедов ҳам.

Ажаб, шунча олисми ё бекати?

Ўзандаги сувдай бедор одамзод.

Шунинг-чунми тиним билмас умрда,

Мени доим шошилтирар бу ҳаёт.

 

Бугун шодман, ўтган кунни унутдим,

Шундай кетсам, индиним ҳам ғафлатда.

Ёшлик – шабкўр, ажал келса бир куни,

Манглайимни силаб қўймас, албатта.

Ўттиз йиллик умр мендан юз буриб,

Ўтди-кетди, бир лаҳзалик фурсатда.

 

Шайтон кўрдим – бунча қайсар, бунча кож,

Қаршисида инсон ожиз, беилож.

Ҳаёт-мамот чегараси – ўртаси

Мўъжизакор яшил яйлов-ўтлоқдай.

Топилмайди бирон бўш жой, пучмоғи,

Ризқ-рўзга кон, қайнаб турган булоқдай.

 

Умримизнинг гултожидир ёшлик дам,

Баҳосига ожиз олтин, ёқут ҳам.

Пешин ўпиб, бир бор тавоф қилиш-чун,

Бир лаҳзага тўхтатолмай мен ҳалак.

Ўттизимдан тониб ортга қайтишга,

Изн бермас, вақт  – қайсар чархпалак.

Тонар эдим, тонганимдан не фойда?

 

Гижинглаган ўн саккиз ёш сен қайда?

Узоқ умр тилаб қилгин ибодат,

Ўттиздан ҳам кўпроғи-ку яхшидир.

Ажал билан бас бойлашиб, эл учун

Хизмат қилсанг, ўтган умринг нақшдур.

 

Ўттиз ёшли бу суворий бетиним,

Фақат олға елаётир интилиб.

Оти чопар, қисмат уни беаёв

Таъқиб этиб, қамчи босаётгандай,

Олисдаги сирли уфқ қаърига

Сароб каби сингиб бораётгандай.

 

Тўхта умр, бир лаҳзага тўхтаб тур!

Кўзинг ваҳший, рангинг заҳил, бунча сур.

Сен ўжарга илтижолар икки пул,

Тошбағирсан, сенга хосдир бу қусур.

Сен қайсарни доғда қўйиб, минг ўлиб,

Минг тирилиб, ёшармасам қараб тур!

 

Умр нега неъматларнинг энг ози?

Унга ҳоким фурсат деган тарози.

Бироқ савил, озлиги ҳам майли-ю,

Унинг ўқдек шиддатидан қотар бош.

Кечагина анов қирда йўқ эди,

Қайдан чиқди, бу суворий ўттиз ёш?

 

 

ЯНГАМГА

 

Йўл бўйида бизнинг овул Қайинли,

Намозгарда, ҳар кун пода қайтган дам,

Танлаганим йилқиларнинг ичидан

Менга улов етим тўриқ той илдам…

 

 

У дамларда ўпкам экан қўлтиқда,

Шаддод эдим мен полапон кезимда.

Той елдириб, поезд билан ёнма-ён,

Ким ўзарга баслашганим эсимда.

 

 

Учқур ёшлик у пайтларда манзилинг,

Гулзор эди, каккуга ҳам ошиён.

Ўсмирликнинг толеидан сархуш, маст,

Мен ҳам асов тойчоқ эдим бегумон.

 

Ҳаш-паш демай, ўн беш йиллар орадан,

Ўтиб кетиб, уйга келсам таътилга.

Янгам мендан “Амалинг не” деб сўраб,

Таклиф этди бўза тўла сатилга.

 

Юрагимга тиғдай ботди бу сўзи,

Аросатда йиғлайми, ё кулайми?

Ҳаволарда “Аканг шоир” деб юрсам,

Бу саволдан мулзамликда ўлайми?

 

Тил айланмай, чапни буриб жўртага,

Ҳолин сўраб, “Юрт омонми” деб қўйдим.

Шоир бўлиб ёлчитмабман чамаси,

Не-чун яна ўзга бино, зеб қўйдим?

 

Баландроқ ол парвозингни илҳомим,

Дурлар терай шеър уммоним қаъридан.

Қанча соҳир гўшалар бop кўрмаган,

Ўттиз ёшнинг довонидан нарида.

 

 

САХОВАТ

 

Оби ҳаёт оддийгина сувлардай

Оқиб ётса қадам етмас хилватда.

Ўзим ичмай, умри боқий бўлсин деб,

Улашардим одамзодга, албатта.

 

Чунки, бу сув бир ўзимга ножойиз,

Инсон зоти тез қариган бир ожиз.

 

Обизамзам мангу қайнар булоқдай,

Тўхтамаса, то қиёмат қайновин.

Тани соғлом, филдай кучли бўлсин деб,

Одамзодга бурар эдим пайновин.

 

Бу қарорга келганимга бир исбот —

Одамийзод кўп ҳориган махлуқот.

 

Луқмон Ҳаким мерос қилган гиёҳлар,

Сероб бўлса ҳар қадамда,  ҳамиша.

Улашмоқ-чун минг бир дардга даво деб,

Ундар мени савоб деган андиша.

 

Не-чун юргум бу хаёл-ла мен бедор?

Одам борки, бир касалга гирифтор.

 

Инсон жони топилса гар аттордан,

Иккиланмай, кўплаб харид қилардим.

Узоқ умр, ҳам фаровон ҳаётни

Ўзимгамас, ўзгаларга тилардим.

 

Ўзгартириб пича тақдир азални –

Қолдирардим дорда савил ажални.

Ангишвона, сақич, хуштак қатори,

Гўдак умри сотилса-чи, растада.

Ўзим олмай, улашардим одамга,

Фарзанд доғи эзган, дили хастага.

 

Бола умри бўлди нечун харидим?

Башар насли бола мунис, ғарибим.

 

Ҳатто мени ёмон кўрган кимсанинг,

Жони учун келган бўлса Азозил,

Агар жоним жуфт бўлсайди, унинг-чун

Берар эдим биттасини беҳазил.

 

Эл дардин чек, якка дардинг дард эмас,

Эл ғамидан йироқ кимса мард эмас.

 

 

ҚАЛАМГА

 

Сен ҳамроҳим, сен қувватим, сен бахтим,

Мангуликка ҳамкорликка унатдим.

Сени севиб қаллиғимдан ҳам бурун,

Юрагимнинг ярмисидан яратдим.

 

Эгизакмиз, тобутгача тотувмиз,

Машъалимсан, зулматда ҳам раҳнамо.

Вашингтоннинг долларига алишмам,

Хазинамсан, қайнарбулоқ,  бебаҳо.

 

Зиммангдадир эл номуси, ишончи,

Йўлдан тоймай, одимлагин ҳақ сари.

Ўрт оралаб бораётган, зувиллаб,

Сен давримнинг танка минган аскари.

 

Замон девкор, беллашолмас барча ҳам,

Замон дарё, қиёси йўқ, сели бор.

Қанча қийин йўллар босдик, бақамти,

Яна мушкул довон сероб, бели бор.

 

Агар ватан керак деса, биз шаймиз,

Эр эрки-чун жон беришга ҳам тайёр.

Қалби дарё ботирлармиз, толели,

Ер шарининг озод кунжи бизга ёр.

 

Шундай шонли йўлда тугаб сафарим,

Тун ямласа, кундузни ўз комида.

Куним битиб, мангуликка бош қўйиб,

Қазо етиб, қолсам ажал домида.

 

Шу заҳоти ҳаялламай қаламим,

Ортмоқла-ю, кенг водийга дарҳол ет.

Кўп йиғламай, тўлқинларга яқинроқ,

Иссиқкўлнинг соҳилига дафн эт.

 

Кўл мавжлари қилиб турсин зиёрат,

Сўнгги ётган манзилимга бериб зеб.

Тўлқинлари шивирлашсин: “Шоирнинг

Юр, кўрайлик, ухлаб ётган ерин деб”…

 

Бизнинг турмуш, бизнинг давр ғаройиб,

Манглайларга ажин солган ўқ-чизиқ.

Қонлар тўкиб эришилган бу ҳаёт,

Ҳаққи рости, ғоят ширин, энг қизиқ..

 

Сен ҳамроҳим, сен қувватим, сен бахтим,

Мангуликка ҳамкорликка унатдим.

Сени севиб қаллиғимдан ҳам бурун,

Юрагимнинг яримидан яратдим.

 

 

УМРИНГДА ДАРЗ БЎЛСА,

ШЕЪРДИР ЧЕГАЧИ

 

Кашшоф эдик, янги замон фарзанди,

Буйнимизда алвон бўйинбоғ эди.

Давримизнинг сонияси – мўъжиза,

Эркалатиб, димоғимиз чоғ эди.

 

Бир бор келган бу беш кунли дунёга,

Бир кун берсак ўзимизга ҳисобот,

Эсиз, умр елга кетган экан деб,

Армон билан чекмасак бас, хижолат…

 

Умрингда дарз бўлса шеърдир чегачи,

Шундай бўлгач, қиста илҳом тулпорин.

Ярайлик биз замоннинг бир корига,

Ҳеч ким билмас умр чекин, миқдорин.

 

2018/1

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi