Томас МАНН (1875–1955) ЛОТТАНИНГ ВАЙМАРДАГИ ҲАЁТИ

tomas-mann

 

Роман[1]

 

Олмон тилидан

Янглиш Эгамова

таржимаси

 

Тўртинчи боб

 

Шарлотта рўмолчасини шошилинч сумкасига тиқди. Кўзларини тез-тез пирпиратди-да, қизариб кетган бурунчасини тез, енгил тортиб қўйди. У шу тариқа эшикоғанинг пайдо бўлиши билан бузилган руҳий ҳолатни бартараф қилди. Энди унинг юз ифодаси ҳиссиётларининг янги босқичига тегишли, яъни жаҳли чиққанини билдирувчи белги эди.

– Магер! Яна келдингизми? – сўради у аччиқланиб. – Ахир сизни огоҳлантирган эдим-ку, мен доктор Ример билан муҳим масалани муҳокама қиламан, халақит беришларини хоҳламайман деб.

Магер бу гапга эътироз билдирса бўларди, аммо у ҳурмат юзасидан ўз-ўзини алдаб, баҳслашиб ўтирмади.

– Қимматли хоним! – деди у фақат, шусиз ҳам қовуштирилган қўлларини кекса аёлга томон чўзиб, – мен сизни ишонтириб айтаманки, сизга халақит бермасликлари учун иложи борича ҳаракат қилдим. Жудаям афсусдаман, бироқ ортиқ нима ҳам қилолардим. Мана қирқ дақиқадан ошди, Ваймар жамиятидан келган янги меҳмон қиз сиз билан учрашиш орзусида кутиб турибди. Бу хабарни сизга етказишни ортиқ кейинга суролмадим ва жаноб докторнинг ҳамда сиз муҳтарама хонимнинг рухсат беришларингизга ишониб, кириб келавердим, шубҳасиз, бошқа улуғ, обрўли кишилар сингари ўз вақтлари ва меҳрларини ўзгалар билан бўлишишга одатланиб қолган инсонсизлар, уларни четлаб ўтмайсизлар, деб ўйладим.

Шарлотта ўрнидан турди.

– Буниси энди ортиқча, Магер, – деди у, – уч соатдан бери ёки ундан ҳам ортиқми, билмайман, устига-устак ухлаб қолибман, мени кутиб эҳтимол хавотир олиб ўтирган қариндошларимникига кетишга тараддудланаман, сиз бўлсангиз мени янги меҳмонлар учун тўхтатиб қолмоқчисиз! Бунақаси энди кетмайди. Мисс Гэзл учун жаҳлим чиқди, жаноб доктор туфайли ҳам жаҳлим чиқди, ҳар ҳолда кейин маълум бўлдики, бу ташриф ҳаддан ташқари қизиқарли кечди. Энди бўлса мени тағин тўхтатиб қолмоқчисиз! Сиз менга ҳар хил йўллар билан изҳор қилган садоқатингизга энди жиддий шубҳа қила бошладим, афтидан мени шу тахлит элга намойиш қилмоқчисиз чоғи.

– Ардоқли хоним! – хитоб қилди Магер қизариб кетган кўзлари билан тикилиб, – сизнинг норозилигингиз юрагимни пора қилмоқда, шусиз ҳам у иккита муқаддас вазифанинг тўқнашувидан тилка-пора бўлган. Ахир машҳур меҳмонимизни номақбул ташрифлардан ҳимоя қилишни қандай қилиб муқаддас вазифа ҳисобламайин? Майли, ҳурматли хоним, мени бир умрга ўз ғазабингизга дучор қилишдан олдин бундоқ чамалаб кўришга рухсат берсинлар-чи, сизнинг бу ерга келганингиз ҳақидаги хабарни эшитганлари заҳоти обрў-эътиборли инсонлар сизни кўриш иштиёқида қанчалик куйиб-ёнишлари мендек одам учун муқаддас ва тушунарли бўлмай нима?

– Аввало, – деди Шарлотта унга қаттиқ тикилиб, – бу хабарни ким тарқатганини аниқлаш лозим.

– Ҳурматли хонимни ким сўраяпти? – қизиқсинди Ример ўз навбатида ўрнидан тураркан.

– Фройлайн Шопенҳауер.

– Ҳм, – минғирлади доктор, – ҳурматли хоним, меҳмон ҳақида хабар келтириб, бу одам нотўғри иш қилмаган. Рухсатингиз билан айтсам, гап Адель Шопенҳауер ҳақида бормоқда, у энг яхши жамиятга дахлдор, ўта зиёли қиз, кўп йиллардан бери шу ерда яшаётган, асли данциглик бадавлат бева аёл Йоҳанна Шопенҳауер хонимнинг қизи. У устознинг садоқатли дўсти, ўзиям ёзиб туради, адабий салон соҳибаси, устоз ҳам, қизғин давраларда қатнашиб юрган пайтлари бу салонда кечқурунлари кўп марталаб бўлган. Икковимизнинг мулоқотимизга яхши муносабат билдириб мени хурсанд қилдингиз. Мабодо жудаям толиқмаган бўлсангиз, тағин бирозгина вақтингиз бўлса, мана шу қизгинага ҳам бир неча дақиқани бағишласангиз, дея маслаҳат беришга журъат этган бўлардим. Шу йўл билан сиз ёш ҳиссиётли қалбга кўрсатадиган ҳимматни ҳисобга олмаган тақдиримизда ҳам, кафолат бериб айтаманки, бу учрашув сизга ёлғиз олим билан қилган мулоқотингиздан кўра шаҳримизнинг аҳвол-руҳияти, ўзаро муносабатлар ҳақида кўпроқ маълумот олишингизга имкон яратган бўларди. Энди олимга келсак, – жилмайиб қўшимча қилди у, – у жуда узоқ қолиб кетгани учун ўзини қоралаганча майдонни ташлаб кетади.

– Сиз жуда камтарсиз, жаноб доктор, – уни юпатди Шарлотта. – Бирга ўтказган ёқимли вақт учун сиздан миннатдорман, у менинг хотирамда ҳамиша сақланиб қолади.

– Ҳар ҳолда икки соат бўлди, – эслатди Магер, Римерга қўлини узатаётганда, Ример эса унинг қўлларига меҳр билан эгилди. – Эслатиб қўймоқчийдим, икки соат бўлди, суҳбат анча чўзилди. Шу боис тушлик бироз кечиккани учун, қимматли хоним, фройлайн Шопенҳауерни бошлаб киргунимга қадар енгил тамадди қилиб куч тўплаб олсалар яхши бўлармиди, деб ўйлайман, бир чашкагина қуруқ шўрва билан бисквитми ёки бир стакан венгер виноси биланми.

– Қорним оч эмас, – деди Шарлотта, – тўғриси, кучим ҳам жойида. Саломат бўлинг, жаноб доктор! Ишонаманки, ҳали учрашамиз. Магер, сиз эса, Худо ҳаққи, бориб анави қизгинани ҳузуримга киритинг, бироқ менинг бир неча дақиқагина вақтим қолганини айтинг – буни талаб қиламан – чунки ишни зиғирча пайсалга солиш ҳам мени кутиб қолган қадрдонларимга кечириб бўлмас зарар келтиради.

– Жуда яхши, марҳаматли хоним! Эслатиб қўйишга изн беринг: иштаҳанинг йўқлиги – овқатга талабнинг йўқлигидан эмас. Ҳурматли хоним енгил тамадди қилиб олиш ҳақидаги илтимосимни такрорлашга рухсат этсалар эди… Эҳтимол, бу уларнинг фойдасига хизмат қилган ва ҳурматли хоним менинг дўстим, полиция сержанти Рюрихнинг илтимосига мойиллик билдирган бўлармидилар… У бир ҳамкасби билан меҳмонхонамиз олдида тартибни назорат қилиб турибди, ҳозиргина йўлакда менга учрашган эди. Унинг сўзларига қараганда, агар одамлар ҳурматли хонимга бир қур назар ташлашга мушарраф бўлишса, уларни тарқатиб юбориш осон кечармиш. Агар ардоқли хоним очиқ дераза орқали бир зумга халққа кўриниш берсалар эди, полицияга жамоат тартибини сақлашда катта ёрдам кўрсатган бўлардилар.

– Ҳеч қачон, Магер! Зинҳор-базинҳор кўринмайман! Бу мутлақо, мутлақо ақлга сиғмайдиган таклиф! Эҳтимол, нутқ ҳам сўзлашим керакдир? Йўқ, кўринмайман, йўқ, йўқ, мен малика эмасман…

– Ундан-да ортиқсиз, қимматли хоним! Ундан ҳам ортиқроқ, улуғроқсиз. Маданиятимизнинг бугунги тараққиёти нуқтаи назаридан қарасак, одамлар подшоҳзодаларга эмас, балки маънавий ҳаётимизнинг машъалларига интилишади.

– Бўлмаган гап, Магер. Менга омманинг мақсадини тушунтирмай қўя қолинг, улардаги қизиқувчанликнинг сабабларини яхши биламан, аслида маънавият билан уларнинг заррача ҳам ишлари йўқ. Ҳаммаси қуруқ сафсата. Суҳбатим тугаса у ёқ-бу ёққа қарамасдан, чиқиб кетаман. Кўриниш бериш ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас.

– Майли, ихтиёрингиз, қимматли хоним. Аммо салгина тамадди қилиб олсангиз ҳамма нарсага бошқача назар билан қарармидингиз, дея эслатиб ўтиш ҳам оғир… Фройлайн Шопенҳауерни чақириб келай.

Бир неча дақиқа ёлғиз қолганидан фойдаланиб, Шарлотта дераза олдига бориб, тюль пардани қўли билан йиғди-да, ташқарига қараб, майдонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганига, ҳалиям одамлар тирбанд бўлиб туришганига ишонч ҳосил қилди. Ташқарига қарагани боис боши қаттиқ қалтирай бошлади, профессор билан бўлган ҳаяжонли суҳбатдан сўнг юзлари қизариб кетган эди. Деразадан нари ўгирилиб, кўзларини хиралаштириб юборган иссиқликни ҳис этиш учун кафтларини юзига қўйди. Умуман олганда, гарчи тетиклигининг бироз ўзгариб туришини эсдан чиқармаса-да, куч-қувватим жойида, деган гапи ҳозир ҳақиқатга мос келарди. Тинмай мулоқотда бўлиш ва куйиб-ёниб сўзлаш иштиёқи, шу билан бирга, бўлғуси суҳбатларни сабр­сизлик билан кутиш, энг қалтис мавзуларга бориб тақаладиган одатдагига ўхшамаган сўзамолликни жўшқин ҳис этиш туйғуси уни қамраб олди. У янги меҳмон учун очиладиган эшикка қизиқувчанлик билан кўз тикди.

Магер киритиб юборган Адель Шопенҳауер унга эгилиб таъзим қилганча тураверди, Шарлотта самимий қад ростлатди. Шарлоттанинг чамаси бўйича йигирма ёшлардаги навниҳол қиз айтарли чиройли бўлмаса-да, зиёлинамо эди – ҳатто биринчи кўргандаёқ гоҳ киприкларини тез-тез пирпиратиб, гоҳ назарини атрофга ва тепага қаратиб, сариқ-яшил кўзларининг бироз ғилайлигини бекитишга уриниши табиий тажанг феълига ишора қиларди, катта ва тор, бироқ ёқимли табассум қилиб турган, кўринишдан маърифатли суҳбатларни қийиб юборадиган оғзи узун бурни, худди шундай узун бўйнидан, ёқимсиз диккайган қулоқларидан диққатни четга тортарди, ғайриоддий шаклдаги похол шляпаси остидан бир нечта жингалак сочлар қулоқлари устига тушиб турарди. Қиз озғин эди. Бўйни ва ориқ елкасини ёпиб турган бурма ҳошияли, калта енгли батис кофта ичида оппоқ текис кўкраги йўқолиб кетган эди. Ориққина қўлларидаги нафис ярим қўлқоплардан тирноқлари оппоқ, қуруқ, қизғиш бармоқлари чиқиб турарди. Ўша бармоқлари билан соябон тутқичидан ташқари шойи қоғозга ўралган бир нечта гул ва аллақандай пакетчани ушлаб турарди.

У жумлалар орасида тўхтаб ҳам олмасдан шу заҳотиёқ тез, бенуқсон гапиришга тушиб кетди, шу даражада бидирлардики, Шарлотта чечангина тилидан буни кутган эди. Шу аснода оғзи бироз ҳўлланиб, саксония лаҳжаси сезилиб турган сўзлар баайни мой устида сирғалиб кетаётгандек кетма-кет чиқиб келарди ва Шарлотта беихтиёр, менинг ҳам ҳаяжон билан сўзлаш истагим борлигини у ҳисобга олармикан, дея хавфсирарди.

– Марҳаматли хоним, – деди Адель, – сизга чуқур ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қилишим учун менга дарҳол рухсат бериб қанчалар қувонч ато этганингиздан чексиз миннатдорман, буни баён қилишга сўз тополмайман! –  ҳатто нафасини ҳам ростламасдан давом этди: – Мен буни фақатгина ўз камтарона номимдан эмас, балки, – топшириғи бўйича деёлмайман, ҳали бундай топшириқ олиб улгурмадим – бизнинг музалар[2] жамиятимиз номидан билдираяпман, жамиятимиз руҳи ва бирдамлиги юракларни титратувчи воқеа, яъни сизнинг ташрифингиз муносабати билан ўзини қойилмақом тарзда оқлади – аъзоларимиздан биттаси, менинг суюкли дугонам, графиня Лина Эглоффштайн, кишига қанот бағишлайдиган бу хабарни оқсочидан эшита солиб, менга етказди. Виждоним менга шивирлайдики, мен Музелинани, – кечирасиз, бу Лина Эглоффштайннинг жамиятимиздаги лақаби, ҳаммамизда шунақа лақаб бор, уларни санаб берсам, роса куласиз – мен ўз режам ҳақида Линани миннатдорлик юзасидан бўлса-да, хабардор қилишим керак эди. Шубҳасиз, у менга дарҳол эргашган бўларди. Лекин, биринчидан, мен у кетгандан кейин аниқ қарорга келдим, иккинчидан, сизга ёлғиз ўзим, Ваймарга хуш келибсиз, дейиш ва сиз билан юзма-юз ўтириб гаплашиш учун етарлича асосларим бор… Ҳурматли хоним, мана шу уч-тўртта астра, қўнғироқгул ва петуняларни ҳамда биздаги санъаткорлар ишлаган оддийгина намунани сизга тақдим этишга рухсат берсангиз.

– Болагинам-ей, – жавоб берди Шарлотта хурсанд бўлиб, чунки Аделнинг “бедуня” деб талаффуз қилиши унинг кулгисини қистатган, “Музелина”га ҳам тегишли бўлган кулгисини энди тутиб туролмасди, – болагинам, булар жуда мафтункор. Дид билан тахланган! Бу гўзал гуллар учун сувнинг ғамини ейишимиз даркор. Қандай чиройли петунялар, – у тағин кулиб юборди, – бунақасини сираям кўрмаганман…

– Бу ер гуллар ўлкаси, – жавоб берди Адель, – Флора бизга хайрихоҳ. – У нигоҳи билан токчадаги Флора ҳайкалига ишора қилди. – Эрфурт уруғлари бир асрдан бери жаҳонга машҳур.

– Мафтункор! – такрорлади Шарлотта. – Мана бу, “ваймарлик санъаткорлар ишлаган оддийгина намуна” деганингиз нима экан, мен кекса бўлсам-да, жуда қизиқувчанман.

– Э-ҳа, мен сал кўчма маънода гапирдим. Бу шунчаки бир арзимас нарса, марҳаматли хоним, буни ўзим ясаганман, оддий табрик ҳадяси. Ечишга ёрдам берайми? Тугун мана бу томонда. Қора ялтироқ қоғоздан кесиб ишланган ва оқ картонга ёпиштирилган силуэт, кўраётганингиздек, гуруҳ портрети. Бу бизнинг музалар жамиятимиз, ўзга нарса эмас, кучим етганча портрет ҳолига келтирганман. Мана ўша Музелина, Лина Эглоффштайн, у зўр қўшиқчи, валиаҳд маликамиз – Улуғ княгинянинг севимли сарой хоними. Ёнидаги Юлия, унинг дилбар синглиси, рассом, лақаби Юлемуза. Навбатдагиси мен, Аделмуза, манави қўлини елкамга қўйиб олгани Тиллемуза, яъни Оттилия фон Погвиш – ёқимтой бошча, шундайми?

– Жуда ёқимли, – деди Шарлотта, – жуда ёқимли ва ҳаммаси беҳад ҳаётий чиққан! Маҳоратингизга қойилман, болагинам. Қандай зўр ишланган! Бу бурма ҳошиялару тугмалар, стол ва стулларнинг оёқчалари, жингалак сочлар, бурунчалар ва киприклар! Бир сўз билан айтганда, жуда ҳайратланарли. Мен азалдан силуэт санъатининг мухлисиман, унинг урфдан чиқишини ақл ва қалб учун катта йўқотиш деб ҳисоблайман. Бунда мени мислсиз табиий истеъдоднинг шу даражада мукаммалликка эришишига кўмак берган чидам-бардош беҳад ҳайратга солмоқда…

– Бу юртда одам ўз истеъдодини ривожлантирмоғи, аввало, унга эга бўлмоғи лозим, – жавоб берди ёш қиз, – акс ҳолда юқори давраларга йўл тополмайсан ва бир чеккада қолиб кетасан. Бу ерда ҳамма нарса музаларга хизмат қилади, бу яхши хислат, ҳа, шундай эмасми? Болалигимданоқ меҳрибон онам мен учун энг яхши намуна бўлган, ҳали бу ёққа кўчиб келмасимиздан олдин, раҳматли отам ҳаётлик чоғларида, онам тасвирий санъат билан шуғулланарди, аммо бу истеъдодини ривожлантиришни фақат шу ерда бошлади, шу билан бирга, клавикордни моҳирона чаларди ва ҳозир дунёдан ўтган санъатшунос олим, узоқ йиллар Римда яшаган Фернодан итальян тилини ўрганган эди. Менинг оддийгина шеърий машқларимга у жуда катта аҳамият берарди, гарчи ўзига, ҳар ҳолда немис тилида шеър ёзиш насиб қилмаган бўлса-да, у Петрарка услубидаги итальянча сонетни бир гал Ферно раҳбарлигида басталаган эди. Ғаройиб аёл. Ўн уч-ўн тўрт ёшлик кезларимда, ҳали бу ерда томир отиб улгурмасимизданоқ, кўз очиб-юмгунча адабий салон очиб, уни маърифатли инсонлар тўпланадиган жойга айлантиргани менда кучли таассурот қолдирган эди. Агар мен силуэт ишлаш санъатида нимагадир эришган бўлсам, бунда ҳам онам менга ибрат бўлган, чунки у гулларни кесишнинг устаси эди ва ҳозир ҳам шундай, ҳатто яширин маслаҳатчининг ўзлари салондаги чойхўрликлар чоғида унинг санъатидан ҳайратга тушган…

– Гётеми?

– Ҳа-да! Онам камин деворини қирқилган гуллар билан безатиб бўлгунча хотиржам ўтиролмасди, ўзи ҳам ўта иштиёқ билан уларни ёпиштиришда иштирок этарди. Ҳозир ҳам ёдимда, у безатилган девор олдида ярим соатлар унга маҳлиё бўлиб ўтирган эди…

– Гётеми?

– Ҳа-да! Бу улуғ инсоннинг ҳар қандай ясама нарсаларга, моҳирона санъат асарига, ҳар қандай турдаги маҳоратга, хулласи калом, инсон қўли билан юзага келган асарга муҳаббати юракни ҳаяжонга солади. Унинг шу хислатини билмаган одам, демак, уни умуман билмайди.

– Сиз ҳақсиз, – деди Шарлотта. – Мен унинг шу хислатини биламан, кўряпманки, у кекса Гётелигича қолибди, ёш Гётелигича демоқчи эдим. Ўшанда, Вецларда, ёшлик чоғларимизда мен рангдор ипак иплар билан кашта тиксам, кўриб қувонар, уларга нақшлар чизишимда иштиёқ билан, берилиб ёрдам берарди. Ҳозир тугалланмай қолган муҳаббат саройи ёдимга тушди, унинг остонасида зиёратдан қайтаётган қизнинг дугонаси кутиб олади. Унинг композициясини ишлашда у фаол иштирок этган эди…

– Илоҳий сўзлар, – хитоб қилди меҳмон. – Нималар деяпсиз, қадрли ҳурматли хоним! Илтимос, илтимос, гапираверинг!

– Ахир тик туриб гаплашмаймиз-ку, жонгинам, – жавоб берди Шарлотта. – Сизни ўтиришга таклиф қилишни ҳам унутиб қўйибман, эсим қурсин, сизнинг эътиборингиз ва мана бу чиройли совғаларга хаёлим кетиб, шунча вақт тик турганимизни пайқамабман.

– Сўзсиз, ишончим комил эдики, – сўзида давом этди Адель, кекса хоним ёнидаги канапега жойлашаркан, – сизни кўриш шарафига муяссар бўлиш учун шуҳратингиз чегарасини ёриб ўтганларнинг на биринчиси, на охиргисиман. Назаримда, сиз беҳад мазмундор суҳбат билан банд эдингиз-а? Шу ердан чиқиб кетаётган Ример амакини кўрдим…

– Нима, у сизнинг…

– Э, йўқ. Мен уни болаликдан “амаки” дейман, онамнинг пайшанба ва якшанба кунларидаги чойхўрликларида кунда-шундалар ёки тез-тез кўриниб турадиган меҳмонларини шундай деганман, ҳозирам дейман. Мейерлар, Шютцелар, Фальклар, барон Айнзидел, таржимон Теренций, майор фон Кнебель, легацион маслаҳатчи, “Оммабоп адабий газета”нинг асосчиси Бертух, Гримм, князь Цюклер, ака-ука Шлегеллар, Савиньялар ҳаммаси мен учун амакилар ва холалар эди, ҳозир ҳам шундай. Ҳатто Виландни ҳам “амаки” деб чақираман.

– Гётени ҳам шундай дейсизми?

– Уни бундай демайман. Лекин яширин маслаҳатчи хонимини “хола” деярдим.

– Вульпиусними?

– Ҳа, марҳума фон Гёте хонимни, Гёте никоҳдан ўтганларидан кейиноқ уни онамнинг салонига бошлаб келган эди, бошқа уйларга бошлаб бориш қийинчилик туғдирган эди. Ҳатто айтиш мумкинки, улуғ инсон бизникидан бошқа жойларда жуда кам бўларди, чунки унинг марҳума билан никоҳсиз яшаганига ижирғаниб қараган сарой ва асилзодалар давраси қонуний никоҳдан ўтганини кечиролмасди.

– Баронесса фон Штайн-чи, – сўради Шарлотта ва ёноқларига андак қизиллик югурди, – у ҳам норози эдими?

– Ҳаммадан кўп ўша норози бўлди. Ҳар ҳолда у муносабатларнинг ошкор бўлганлиги учун ўзини хафа бўлгандек кўрсатса-да, аслида, буларнинг муносабатидан азалдан изтироб чекарди.

– Унинг аҳволини тушунса бўлади.

– Ҳа, албатта. Бироқ, масалага бошқа томондан ёндашсак, буюк инсон шўрлик аёлни ўзининг қонуний хотинига айлантириб хайрли иш қилди-ку. Ўша йилги даҳшатли француз юришлари кунларини бу аёл унинг ёнида туриб матонат ва садоқат билан бошдан кечирди ва шундай оғир синовлардан биргаликда ўтгач, икковлари Яратганнинг олдида ҳам, одамлар олдида ҳам бирга қолишини у афзал кўрди.

– Ўша аёлнинг феъл-атвори унчалик эмас, дейишади, шу ростми?

– Ҳа, у беадаб эди, – деди Адель. – De mortuis nil nisi bene[3], беадаблиги ҳаддан ташқари эди, баднафс, семиз, мудом ёноқлари қип-қизил, рақсга муккасидан кетган, меъёридан ортиқ ичар, ёши ўтиб қолган бўлса ҳам актёрлар, ёш йигитлар билан улфатчилик қиларди; маскарадлар, кечки овқатлар, чанада учишларнинг поёни йўқ эди, талабаларнинг балларида йеналик йигитлар яширин маслаҳатчининг хонимига хушомад қилган ҳоллар ҳам бўлган.

– Гёте бунақа аҳволга чидаб турармиди?

– У буларни кўрмасликка оларди, ҳатто кулиб қўя қоларди. Айтиш мумкинки, маълум маънода ўзи хотинининг бебош ҳаётига эрк бериб юборган эди, менимча, бунинг сабаби, у ҳам ўз ҳисларига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлда сақлаб қолишни ўйлаган. Даҳо шоир ижодий илҳомни фақатгина эр-хотинлик ҳаётидан ололмайди.

– Сиз жуда кенг, жуда эркин дунёқарашга эгасиз, болагинам.

– Мен ваймарликман, – деди Адель, – Амур[4]га бизда эътибор катта, хулқ-атворни ҳурмат қилган ҳолда унга кенг ҳуқуқлар берилган. Таъкидлаш лозимки, бизнинг жамиятимиз яширин маслаҳатчи хонимининг қўполроқ хушчақчақлигини ахлоқий томондан эмас, балки эстетик нуқтаи назардан қоралади. Аммо, ҳаққоний бўлишни истаган ҳар қандай одам, у юксак мартабали эрига ўзига хос намунали хотин бўлганлигини, унинг соғлиги учун ҳамиша куйиб-пишиб юрганлигини инкор қилолмайди, негаки соғлигига шоирнинг ўзи ҳам бефарқ бўлмаган, гарчи аёли, тўғрисини айтганда, унинг асарларидан ҳеч вақони, ҳатто битта сўзни ҳам тушунмаса-да, ижод қилиши учун энг яхши шароитларни яратган. Руҳий-маънавий олам унинг учун тошёнғоқ эди, бироқ бунинг инсоният учун зарурлигини жуда яхши тушунарди. Шуниси борки, уйлангандан кейин ҳам бўйдоқлик давридаги одатларини тарк этмади, вақтининг асосий қисмини Йена, Карлсбад, Теплицда ўтказарди, у ўзи учун яшарди. Аммо шу йилнинг июнида хотини бегона қаровчи аёл қўлида акашакдан вафот этганида, унинг ўзи ҳам ўша куни касал бўлиб, тўшакка михланиб ётган – у кўпдан бери тўсатдан касал бўлиб қолаверарди – хотини эса, ғайриахлоқий, жирканч ҳаётнинг тимсолига айланган эди… Бироқ у жон таслим қилган чоғда, айтишларича, Гёте унинг устига ўзини отиб: “Йўқ, йўқ, мени ташлаб кетолмайсан!”,  деб дод солган экан.

Шарлотта жим эди, унинг суҳбатдоши бўлса, асилзодаларга хос тарбия суҳбатда тўхтаб қолишга йўл бермаслиги боис яна бидирлашда давом этди.

– Нима бўлганда ҳам, – деди у, – бу ердаги юқори даврадагилар орасида фақат менинг онам ақлли иш қиларди: уни салонида қабул қилар ва ўта хушмуомалалик билан ноқулай ҳолатлардан олиб чиқарди. Шу йўл билан онам улуғ инсонни янгигина салонига маҳкамроқ боғлади, негаки у салон учун асосий фигура эди, шубҳасиз. Вульпиусни “хола” деб чақиришни ҳам онам ўргатди. Гётени сира “амаки” деб чақирмаганман. Бу қовушмайди. У эса мени яхши кўрар ва мен билан ўйнарди. Йўлини ёритиб келган фонарини ўчириб қўйсам ранжимасди, ўйинчоқларимни титкиларди, бир куни энг яхши кўрган қўғирчоғим билан рақс тушди. Шунга қарамасдан, мен уни “амаки” деёлмадим – бунинг учун у беҳад юксак эҳтиромга лойиқ инсон эди, нафақат мен учун, балки катталар учун ҳам, мен буни кўриб-билиб турардим. Чунки гоҳида унинг кайфияти бўлмай, столда жимгина ўтириб, расм чизганча салонда етакчилик қиларди, негаки ҳамма одамлар ва ҳамма нарса унга мослаштирилган эди, у одамларга зулм ўтказарди, зулмкор бўлгани учун шундай қилмасди, балки уни мажбурлаб зулмкор бўлишга олиб келишган эди. У шу ролга кирар, столга муштлаб ҳукмронлик қилар, гоҳ ундай, гоҳ бундай буйруқ берар, шотланд балладаларини ўқир ва аёллар нақаротига хор бўлиб қўшилсин, деб талаб қиларди, кулиб юборганнинг шўри қурирди, бундай ҳолларда у кўзларини ялтиратиб: “Ўқишни бас қиламан!”, деярди, онам бўлса вазиятни изга тушириш учун олдиндан яхши тартиб-интизомни таъминлаб қўярди. Кутилмаганда бирорта қўрқоқ хонимни шарпалар ҳақидаги ҳикояни айтиб қўрқитишни кўнгли тусаб қоларди. Умуман, у бировларни масхаралашни хуш кўрарди. Эсимда бор, бир куни кечқурун тинмай гапини рад қилавериб кекса Виланд амакини жонидан тўйғизиб юборди, ўз фикрини ҳимоя қилиб эмас, балки ҳазил тариқасида; Виланд буни жиддий қабул қилиб, роса аччиқланди. Гётенинг хушомадгўйлари, Мейер билан Ример, гўё илтифот кўрсатган бўлиб: “Ҳурматли Виланд, буни кўнглингизга олманг”, деб уни юпатган бўлишди. Бу қилиқ яхши эмас эди; мен ёшгина қизалоқ буни сездим, менимча, ҳамма сезди, таажжубки, Гётенинг ўзи сезмади.

– Ҳа, бу ғалати ҳол.

– Менда кўпдан бери шундай таассурот пайдо бўлганки, – сўзида давом этди Адель, – жамият, хусусан, немислар жамияти, ўз устунлигини суиистеъмол қилиб, бўйсундиришга ўргатиш орқали хўжайинлари ва яқин кишиларини ўзи бузади, бу ҳар иккала томонга ҳам қувонч олиб келмайди. Бир куни Гёте бутун кун давомида одамларни қийнаб, аччиқ ичакдай чўзилган ҳазили билан уларни тамоман ҳолдан тойдирди: у ҳозиргина репитиция қилдириб келган, ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган янги пьесанинг мазмунини айрим реквизитлар асосида айтиб беришга уларни мажбур қилди. Бу номаълумликларга тўлиб-тошган қийин вазифа эди, ҳеч ким жўяли бир гап айтолмади, ҳамманинг юзи осилиб, ҳомуза тортишлар бошланиб кетди. Бироқ у бас қилай демас, одамларни диққатпазлик билан қийнашда давом этарди, шунда беихтиёр: наҳотки у одамларга зулм ўтказаётганини ўзи сезмаса, деб ўз-ўзингдан сўрайсан. Йўқ, у буни ҳис этмасди, одамлар уни шунга ўргатиб, ҳис этмайдиган қилиб қўйишган эди. Ахир ҳайрон қоласан киши, наҳотки шундай шафқатсиз ўйин ўзини ҳам безор қилмаса? Зулмкорлик, шубҳасиз, беҳад зерикарли машғулот.

– Сиз ҳақсиз, болагинам.

– Менимча, – қўшиб қўйди Адель, – у золим бўлиб эмас, балки инсониятга дўст бўлиб туғилган. Унинг одамларни яхши кўришини, уларни кулдиришга усталигини кўриб мен шу хулосага келдим. Бундай хислатли киши золим бўлолмайди, албатта. Буни у овоз чиқариб ўқиш билан ҳам, ҳар хил қизиқарли воқеаларни ҳикоя қилиш, нарсалар ва одамларни кулгили қилиб тасвирлаш билан ҳам исбот қилган. Овоз чиқариб ўқиши ҳамиша ҳам зўр эмас, буни ҳамма билади. Сўзсиз, ҳамма унинг хушоҳанг теран овозини жон деб тинглайди ва ҳаяжонли юзига қувонч билан боқади. Жиддий саҳналарда у эҳтиросга, баландпарвоз декламацияга ўта берилиб кетади, бу ҳамиша ҳам қулоққа ёқавермайди. Кулгили ҳолатларни, аксинча, шу қадар кучли юмор билан табиий қилиб берадики, барча тингловчиларнинг бошлари кўкка етади. Қувноқ латифалар айтиб берса ёки шунчаки бекорчи олди-қочди нарсалардан гап сотса, ҳамма меҳмонлар кулавериб думалаб қолишади. Бир нарса диққатни тортади: унинг ҳамма асарларида характерларга хос босиқлик ва назокат етакчилик қилади, улар аҳён-аҳёнда жилмайишга сабаб бўлиши мумкин, фақат кулишга эмас, мен бунақасини эслолмайман. У ўйлаб топган сафсаталардан одамлар қотиб-қотиб кулишгани унга ҳамма нарсадан ортиқроқ ёқади. Бир гал ўзим гувоҳ бўлганман, Виланд амаки бошини салфетка билан ёпиб, бас қилишини илтимос қилган, чунки ортиқ чидолмай қолган, бошқалар ҳам кулавериб ичаклари узилаёзган эди. Ўзи эса бундай вазиятларда маълум жиддийликни сақлаб туради, унда ўзига хос одат бор эди: кулавериб ҳолдан тойган тингловчиларни кўзларини йилтиллатиб, завқли қизиқувчанлик билан кузатиб ўтиришни хуш кўрарди. Кўпинча ўйлаб қоламан, буни қандай тушунса бўлади, нега шундай кучли, кўп нарсаларни бошдан кечирган, шунча асарларни яратган инсон одамларни шу даражада қотиб-қотиб кулишга мажбур қилади.

– Афтидан, бунинг сабаби шундаки, – деди Шарлотта, – у ўз улуғлиги билан бир вақтда ёшлигича қолган ва ҳаётидаги оғир синовларда ҳам кулгига садоқатни сақлаган, мен бундан ҳайрон қолмайман, буни қадрлайман. Ёшлик чоғимизда икковлашиб, учовлашиб тинмай кулишардик, гоҳида унинг кайфияти тушиб, хафақон бўлиб қолса, дарҳол ўзини қўлга оларди ва ҳаммасини ҳазилга айлантириб, турфа қилиқлари билан худди онангизнинг меҳмонларини кулдирганидек бизни кулдирарди.

– О-о, гапираверинг, қимматли хоним! – ўтинди ёш қиз. – Икковларинг, учовларинг бошдан кечирган ўчмас кунлар ҳақида менга айтиб беринг! Нималар қиляпман, мен аҳмоққина? Кимнинг ёнига бораётганимни, кимга ичимдагини тўкиб солишга қайноқ иштиёқ сезганимни билардим. Энди эса, буни бирданига унутдим ва манави мен ўтирган канапе ёнидаги одам ким эканлигини сизнинг сўзларингиз ёдимга солди, ҳатто қўрқиб кетдим. О, гапиринг, ўша кунлар ҳақида гапиринг! Ўтинаман сиздан!

– Сизни тинглаш мен учун ёқимлироқ, азизам, – деди Шарлотта, – сиз шу қадар мафтункорлик билан мени ром этдингизки, сизни узоқ вақт куттириб қўйганим учун ўзимни тинмай койияпман, сабр-бардошингиз учун яна бир бора ташаккур изҳор қиламан.

– О-о, менинг сабр-тоқатимга келсак… Мен сиздек буюк аёлни тезроқ кўриш ва сизга қалбимни очиш учун сабрсизликдан куйиб ёндим, бу мақтовга арзимайди, менимча, ахир мен сабрсизлик учун сабр қилдим-да. Маънавийлик – одатда, эҳтиросдан яралган бўлади, санъатни эса, назаримда, сабр ва сабрсизликнинг юксак мактаби деб қарамоқ жоиз.

– Эҳ қандай гўзал фикр, болагинам! Зўр aperҁu[5]! Кўряпман, сиздаги талантлар қаторида фалсафий қобилият ҳам анчагина етакчилик қиларкан.

– Мен ваймарликман, – такрорлади Адель, – биз буни ҳаводан илиб оламиз. Агар одам Парижда ўн йил яшагандан сўнг французча гапира бошласа, бунинг ҳеч бир ҳайрон қоладиган жойи йўқ, шундайми? Умуман, бизнинг музалар жамиятимиз фалсафа ва танқидга шеъриятдан кам эътибор қаратмайди. Биз нафақат бир-биримизга шеърларимизни ўқиймиз, балки ўқиган илмий нарсаларни, яъни илгариги таъбир бўйича “ақлий”, ҳозирги таъбир бўйича “руҳий” маҳсулларни таҳлил ва муҳокама қиламиз. Фақат йиғилишларимиз ҳақида ҳурматли яширин маслаҳатчи ҳеч нарса билмаслигини истаймиз.

– Ҳеч нарса билмасин? Нега?

– Бунинг сабаблари кўп. Аввало, у интеллектуал аёл зотига нисбатан истеҳзо билан қарайди, бизнинг дилимизга беҳад ёқадиган машғулотларимиз устидан кулмасин, деб қўрқамиз-да. Қаранг энди, шундай улуғ инсон бизнинг жинсимизга нотўғри муносабатда бўлади, деб ўйлаш кулгили, албатта, бу фикрни рад қилиш қийин бўлмасди. Барибир, унинг аёлларга муносабатида аллақандай беписандлик, ҳатто айтиш мумкинки, қўполлик – эркакларга хос зўравонлик борки, бу бизнинг олий нуқталарга – шеъриятга, маънавиятга интилишимизни бўғишга ва биз учун қимматли бўлган нарсаларни мазах қилишга тайёр туради. Ҳозир бу ерга тўғри келадими-йўқми, бир воқеа ёдимга тушди, бир куни бир неча қизлар ўтлоқда гул териб юришганини кўриб, уларни сентиментал эчкиларга ўхшатган. Ғалати ўхшатиш, тўғрими?

– Унчалик эмас, – жавоб берди Шарлотта кулиб. – Ўзимни кулгидан тўхтатолмадим, – изоҳ берди у, – чунки бу бироз қўпол туюлса-да, нишонга тегадиган ўхшатиш. Ҳар ҳолда одам унчалик қаттиққўл бўлмаслиги керак.

– Нишонга тегадиган? – деди Адель. – Ҳамма гап шунда-да. Бу ўхшатишда ғоят кўнгилсиз нимадир бор. Энди мен сайр қилиб юрганимда баҳор чечакларидан уч-тўрттани узиб, бағримга босиш учун эгилсам бўлди, ўз-ўзимга сентиментал эчки бўлиб туюламан ёки ўзимнингми, бировнингми шеърини альбомимга кўчириб ёзаётганимда ҳам шунақа ҳолатга тушаман.

– Сиз буни юрагингизга жудаям яқин олманг. Хўш, қандай сабабларга кўра Гёте дугоналарингизнинг эстетик қизиқишлари ҳақида билмаслиги керак?

– Қимматли хоним, биринчи ақидага мувофиқ…

– Бу нима деганингиз?

– Бу дегани, – деди Адель, – “Сенда мендан ўзга Худо бўлмаслиги керак”. Муҳтарама хоним, биз яна жабр-зулм мавзусига қайтамиз, бу энди жамият томонидан зўрлаб жорий қилинган зулм эмас, балки табиий, ҳамиша мислсиз буюкликнинг ажралмас бўлаги бўлган, унга бўйсунишга ҳаракат қилмасдан, фақат авайлаш ва ҳурмат қилиш лозим бўлган зулм. У буюк инсон, аммо кексайиб қолган, ўзидан кейин нима бўлиши билан қизиқмайди. Лекин ҳаёт олдинга силжияпти, ҳатто буюклик олдида ҳам тўхтамаяпти, бизлар, Музелина-ю Юлемузалар, янги давр фарзандлари, янги авлодмиз, зинҳор сентиментал эчкилар эмасмиз, ўз давримиз ва ўз дидимизни ҳимоя қила оламиз. Биз Корнелиус, Овербек сингари диёнатли рассомларни биламиз ва ҳурмат қиламиз; уларнинг картиналарига яхшиси тўппончадан ўқ узган маъқул, деганини ўз қулоғим билан эшитганман, шунингдек, илоҳий Давид Каспар Фридрихнинг картиналарини, унинг фикрича, оёғини осмондан келтириб кўриш лозим эмиш. “Бу кўкатлар ўсмайди!”, дея гулдуради у, – чинакам золимона гулдурак, нимаям деймиз, аммо биз ўз музалар жамиятимизда ҳар қандай қўрқувларни четга суриб қўйиб, альбомларимизга Уланд шеърларини кўчириб ёзамиз ва бир-биримизга Ҳофманнинг ажойиб-ғаройиб ҳикояларини мароқ билан ўқиб берамиз.

– Мен бу муаллифларни билмайман, – деди Шарлотта совуққина қилиб. –  Ҳар қалай, улар қанчалик ажойиб-ғаройиб ёзишмасин, “Вертер” муаллифига тенглаша олишади, демоқчи эмасдирсиз?

– Улар унга тенглаша олишмайди, – эътироз билдирди Адель, – шунга қарамай – бундай парадоксни маъзур тутинг! – улар ундан кўра афзалроқ, эҳтимол, шунинг учунки, улар кейинроқ пайдо бўлишди, янги босқич вакиллари, чунки улар бизга яқинроқ, суюклироқ, амрона ҳайбат билан янги даврга бостириб кирган буюкларнинг қотиб қолган чўққисидан кўра янги, юракка яқин гапларни бизга сингдиришади. Илтимос, буни ҳурматсизликка йўйманг! Бундай муносабат давр билан боғлиқ, негаки у эскиликдан воз кечиб, янгиликни юзага келтиради. Албатта, у каттадан кейин кичкинага йўл очади. Бироқ бу кичиклар, яъни бизга тегишли бўлган ва бизнинг қалбимиз, онгу шууримиздан ўчмайдиган барҳаёт замондошлар ҳам вақти келиб ўз қадрини йўқотиб, ўрнини янгиларга бўшатиб берадиганлар даври ва унинг фарзандларига бирдек хосдир.

Шарлотта ҳалиям жим эди.

– Оилангизнинг келиб чиқиши, фройлайн, – деди у тутилиб, бироз сохта самимият билан, – эшитишимга қараганда, Данцигдан бўлса керак, шундайми?

– Тўппа-тўғри, қимматли хоним. Она томондан шундай, ота томондан сал нисбий. Марҳум отамнинг бобоси, бадавлат савдогар, Данцигда туриб қолган, умуман Шопенҳауерларнинг келиб чиқиши ҳолландлардан, агар отамнинг ихтиёрида бўлса эди, унинг аждодлари инглизлар бўларди, чунки у бошдан-оёқ жентльмен, инглизларга хос барча одатларнинг ашаддий тарафдори ва қадрловчиси эди, ҳатто унинг Оливадаги боғ-уйи инглиз услубида қурилган ва ясатилган эди.

– Бизнинг уруғимиз, яъни Буффларнинг келиб чиқишини, – гапга аралашди Шарлотта, – инглизлардан дейишади. Тўғри, бунга тегишли далилларни тополмадим, ҳар ҳолда, аниқ сабабларга кўра, оиламиз шажараси билан тиришиб шуғулландим, генеологияни ўргандим, унча-мунча қизиқарли маълумотларни тўпладим, буларнинг ҳаммасини садоқатли Ҳанс Христианимнинг вафотидан кейин қилдим, чунки бу пайтда бунақа изланишларга вақт бор эди.

Аделнинг юзи бир зум ифодасиз қолди, негаки у “аниқ сабабларга кўра” сўзларининг бу масалага алоқасини дарҳол тушуниб етмади. Кейин бирдан миясига урди-да, хитоб қилди:

– О-о, сизнинг бу ҳаракатларингиз қандай аҳамиятли, қандай диққатга сазовор! Келажак авлод учун қандай масъулият билан ишлаяпсиз, шубҳасиз, авлодлар инсоният қалби учун ғоятда аҳамиятли, тақдир кулиб боққан инсоннинг келиб чиқиши, оилавий шажараси хусусида аниқ маълумотларга эга бўлишни истайди.

– Мен ҳам шунинг ҳаракатидаман-да, – деди Шарлотта ғурур билан, – хабарим бор, ҳозирги кунлардаёқ фан менинг келиб чиқишим билан қизиқмоқда, қўлимдан келганча уларга кўмаклашишни ўз бурчим деб биламан. Уруғимизнинг ўттиз йиллик уруш давридаги тармоғини аниқлашга муваффақ бўлдим. 1580 йилдан то 1650 йилгача Буцбахда бекат назоратчиси Симон Ҳайнрих Буфф яшаган экан. Унинг ўғли новвой бўлган. Бунинг ўғилларидан бири, Ҳайнрих капеллан[6] бўлган, бирмунча вақтдан кейин Мюнценбургда викарий[7] даражасига етган, шундан бошлаб Буффлар асосан диний ишлар билан машғул бўлишган ва Кренфельд, Штайнбах, Виндҳаузен, Райхельсҳайм, Гладербах ҳамда Нидервальштадтда округ консисторий[8]ларида хизмат қилишган.

– Булар муҳим, бебаҳо, олий даражадаги қизиқ маълумотлар, – деди Адель бир нафас билан.

– Адабий ҳаётдаги у қадар эътиборга молик бўлмаган nouveautes[9] сизни унчалик қизиқтирмаса-да, – жавоб берди Шарлотта, – мендаги маълумотлар диққатингизни тортишига ишонгандим. Туғилган кунимга тегишли битта хатоликни йўл-йўлакай тўғрилашга эришдим: ҳамиша менинг туғилган кунимни ўн биринчи январда нишонлардик, Гёте ҳам шунга риоя қиларди, эҳтимол, ҳозир ҳам шундай қилар. Бироқ аслида мен ўн учинчи январда туғилган ва эртасига чўқинтирилган эканман, бу Вецлардаги черков китобида аниқ қайд этилган.

– Қўлдан келадиган ҳамма нарсани қилиш керак, – деди Адель, – мана шу масалага оид ҳақиқатни ошкор қилиш учун бор имкониятимни сарфлайман. Аввало, яширин маслаҳатчини бундан хабардор қилиш лозим, бунга сизнинг ташрифингиз яхшигина йўл очиши мумкин. Айтинг-чи, анави қизлик қўлларингиз билан, ўша ўчмас кунларда унинг нигоҳи остида тиккан кашталарингиз, битмай қолган муҳаббат қасри сингари эсдалик буюмлар нима бўлди, Худо ҳаққи, улар ҳалиям борми? Афсуски, биз суҳбатдан четга чиқиб кетдик.

– Улар мавжуд, – жавоб берди Шарлотта, – аслида арзимас бўлган бу буюмларни сақлаб қўйишга ўзим ғамхўрлик қилдим. Уларни укам Георг­нинг қарамоғига топширдим, у раҳматли отам ҳали ҳаётлигидаёқ амтман лавозимини эгаллаган ва Немис диний жамоаси уйида унинг вориси бўлган эди. Менинг илтимосим билан бу сувенирларни у сақлаб қўйган: битмай қолган қаср, гулчамбарга тикилган бир-иккита ҳикматли гаплар, майда мунчоқ қадаб тикилган бир нечта ҳамён, расм альбомига ўхшаш майда-чуйдалар. Шу нарсалар, бутун уй, ҳовли, икковимиз кўпинча бирга ўтирадиган пастдаги емакхона, деразаси кўчага қараган, девордаги гулқоғозларида мажусийларнинг худолари расми туширилган, биз “ҳашамдор хона” деб атайдиган бурчакдаги хона, унинг деворига илинган, циферблатида табиат манзараси акс этган қадимий курант, – унинг чиқ-чиқи ва занг уришини у кўпинча тинглаб ўтирарди, – келажакда музей ашёлари қимматини олади, деган фикр билан ҳисоблашгинг келади кишининг. Ана шу хона, емакхонага нисбатан музей учун кўпроқ тўғри келади, агар менинг фикрим эътиборга олинса, бу эсдалик буюмлар рамкали шиша остида сақланади.

– Келгуси авлод, – ғурур билан деди Адель, – бутун келгуси авлод, нафақат ватандошлар, балки чет эллик зиёратчилар ҳам сизнинг бу ғамхўрлигингиз учун миннатдор бўлишади.

– Умид қиламан, – деди Шарлотта.

Суҳбат узилиб қолди. Меҳмоннинг билимдонларча сўзамоллиги афтидан ниҳоясига етди. Адель соябонининг учи билан полга чизиб ўтирган жойга тикилиб қолди, Шарлотта уни энди туриб кетса керак, деб ўйлади-ю, аммо суҳбатни кўпроқ  давом эттиришни хоҳларди. Қиз аввалгидек ҳаяжон билан гап бошлаганидан у ҳатто мамнун бўлди.

– Қимматли хоним, ёки энди сизни, муҳтарама дугона, деб атайверайми? Юрагим менга қаттиқ таъна қилмоқда, бу таъналардан энг аччиғи шуки, мен сизнинг даврингиз тортиқ қилган нарсаларни ғоятда бепарво қабул қиляпман, бундан ҳам аччиқроғи – мен бу ҳадядан ёмон фойдаланаяпман, имкониятни жинояткорона қўлдан чиқариб юбораяпман. Бир халқ эртаги беихтиёр ёдимга тушаяпти – биз немис ёшлари халқ эртакларининг сеҳрига беҳад шайдомиз – бир одамга сеҳр йўли билан учта эзгу истагини амалга оширишга йўл очилганда, у ҳар учала гал ҳам энг муқаддас, энг муҳимларини эслолмайди-да, арзимас, беҳуда тилакларни айтади. Шунга ўхшаб мен ҳам бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида валдираб, юрагимнинг тубида ётган энг эзгу истакни – тан олишга рухсат этинг – сизнинг ҳузурингизга мени етаклаб келган нарсани хаёлдан қочирдим, чунки сизнинг маслаҳатингизга, кўмагингизга ишониб, умид боғлаб келганман. Музалар жамиятимизнинг болаларча ташвишлари билан сизни банд қилишга журъат этганим учун ҳайрон бўлишингиз, мендан ранжишингиз мумкин. Агар мен сизга тўкиб солмоқчи бўлган қўрқув ва ташвиш бўлмаганида эди, бундай журъатга ботинолмасдим.

– Бу қанақа ташвиш, болагинам, ким ёки нима сизни ташвишлантиряпти?

– Мен учун қимматли инсон қалби, ҳурматли хоним, суюкли дугонам, менинг ягонам, бебаҳоим, энг дилбар, энг асил, бахтли бўлишга энг муносиб хилқат, ноҳақлик тўрига ўралган, ҳеч бир кераги йўқ, аммо афтидан бартараф қилиб бўлмайдиган қисмат чизиғига тушиб қолган қиз, бир сўз билан айтганда: Тиллемуза.

– Тиллемуза?

– Кечирасиз, бу жондек дугонамнинг лақаби. Олдин ҳам у ҳақда эслатган эдим – Оттилия фон Погвиш.

– Ҳа-а. Фройлайн фон Погвишни қанақа қисмат тўри ўраб олган дейсиз?

– Уни ҳадемай унаштиришади.

– Хўш… Ким билан унаштиришади, айтоласизми?

– Камерал маслаҳатчи жаноб фон Гёте билан.

– Нималар деяпсиз? Август биланми?

– Ҳа, даҳо ва Вульпиус хонимнинг ўғли билан. Яширин маслаҳатчи хонимининг вафоти бу никоҳга йўл очди, у ҳаёт бўлганида Оттилиянинг оила аъзолари ва юқори давралар бунга йўл қўймаган бўларди.

– Бу никоҳнинг хавфлилиги нимада деб ўйлайсиз?

– Бу ҳақда маълумот беришга имкон беринг, – ўтинди Адель. – Сизга сўзлаб, тўлиб кетган юрагимни бўшатишга, йўлини йўқотган, суюкли хилқат учун сиздан йўл-йўриқ сўрашга изн беринг, гарчи у шундай кўмакка муҳтож ва лойиқ бўлса-да, менинг бу ғамхўрлигимдан аччиғи чиққан бўларди.

Шундай қилиб, кўзининг ғилайлигини яшириш учун назарини тез-тез шифтга қаратганча, фройлайн Шопенҳауер катта, кенг оғзининг четлари бироз намланиб, қуйидагиларни ҳикоя қилишга тушди.

 

 

Бешинчи боб

 

Аделнинг ҳикояси

 

Менинг Оттилиям ота томондан ҳолштайн-прусс офицери оиласидан келиб чиққан. Онасининг, асли Ҳенкель фон Доннерсмак, жаноб фон Погвиш билан никоҳи қалбларнинг иттифоқи бўлиб, афсуски, унда ақл иштирок этмаган эди. Ҳар ҳолда бу Оттилиянинг бувиси, ўтган асрнинг ашаддий зодагони графиня Ҳенкелнинг фикри эди: у ақли расо, қатъиятли, ҳеч қачон бўш келмайдиган, тили заҳар, бекорчи гапларга ўрин қолдирмайдиган аёл эди. У қизининг яхши бўлса-да, бироқ бемулоҳаза ташлаган қадамига бир умр норози бўлди. Жаноб фон Погвиш камбағал эди, унинг бир тармоғи бўлган Ҳенкеллар ҳам бундан аъло эмас эдилар. Шу сабаб бўлиб графиня­ Йена жангидан икки йил олдин валиаҳд шаҳзодамизнинг рафиқаси, шарқлик малика хизматига, уй муаллимаси бўлиб ишга кирди. У қизи учун ҳам худди шундай лавозимни топишга ҳаракат қилди ва бунга деярли эришди ҳам, шу билан бирга, борган сари ўсаётган моддий етишмовчилик дастидан қизининг бахти мана-мана инқирозга юз тутай деб турганлигидан ўзига ёқмаган ушбу никоҳни бекор қилиш учун ҳам жон-жаҳди билан тиришди. Прусс зобитининг арзимас маоши уларнинг ўз мартабалари даражасида турмуш кечиришларига камлик қиларди. Лоақал бир амаллаб бўлса-да, оёққа туришга уринишлари пулга бўлган янада каттароқ эҳтиёжларни келтириб чиқарди. Хуллас, эр-хотинлар орасида тез-тез бўлиб турган жанжаллар она режаларининг тантана қилишига йўл очди: иккала томоннинг ҳам розилигига кўра дастлаб суд аралашувисиз ажрашишга қарор қилишди.

Иккита гулдек қизалоқлари, Оттилия ва унинг сингилчаси Ульрикани ўзидек бахтсиз турмуш ўртоғи қўлида қолдирган эрнинг, отанинг кўнглига бир қур назар ташлайдиган одам топилмади. Эҳтимол, унинг бундай аянч­ли қарорга келишига севимли, ягона отамерос лавозими – ҳарбий хизматдан айрилиб қолишдан қўрққани сабаб бўлгандир. Хотини бўлса қон қақшади, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, зарурият олдида енгилган лаҳзаларидан бошлаб у бирор зум бахтли яшамади. Қизларга келсак, гўзал, олийжаноб оталарининг тимсоли уларнинг қалбида бир умрга муҳрланиб қолди, айниқса, ўта таъсирчан, романтик қалбли каттаси, Оттилиянинг бутун туйғулар олами, атрофда кечаётган воқеалар, давр ғояларига бутун муносабати, – ҳали булар ҳақида ҳикоям давомида билиб оласиз, – ғойиб бўлган отаси ҳақидаги хотиралари билан белгиланади.

Фон Погвиш хоним эри билан ажрашгандан сўнг бир неча йил танҳоликда, ҳеч кимга қўшилмай Дессауда яшади, у ерда у тушкунлик ва шармандали кунлар – Буюк Фридрих армиясининг мағлубияти, Ватан инқирози, жанубий ва ғарбий немис князликларининг ёвуз корсикалик қўлига ўтиши сингари воқеаларнинг гувоҳи бўлди. 1809 йилда, ниҳоят кекса графиня унга ваъда берган саройдаги лавозимни елиб-югуриб ундиришга муваффақ бўлгач, у Ваймарга кўчиб келиб, ҳерцогиня Луиза хизматига ишга жойлашди.

Оттилия ўша пайтда ўн уч ёшлардаги, ўзига хос мафтункор қиз эди. У нотинч, ўзгарувчан муҳитда ўсиб улғайди. Сарой хизмати уйдаги тартибга мос келмасди. Онанинг доимий бандлиги боис қизлар аксарият ўз ҳолларига ташлаб қўйиларди. Оттилия дастлаб сарой болохонасида, ке­йин бувиси билан яшади. Кундузлари навбати билан онаси, кекса графиня ёнида, дарсда ва дугоналари ёнида бўларди, уларнинг орасида мен ҳам бор эдим, ёшим улардан бироз каттароқ эди. Оттилия, кўпинча, обер-камергер Эглоффштайн хоним ҳузурида овқатланар, унинг қизлари эса, менинг энг яқин дугоналарим эди. Биз ҳаммамиз қалбан бир иттифоққа бирлашдик, бу иттифоқнинг муддати йиллар билан ўлчанмайди, негаки бу йиллар жиддий ҳаётий ўзгаришлар даври бўлиб, шу жараёнда биз ҳам пати чиқмаган палапонлардан тажрибали инсонларга айландик. Маълум маънода – самимий дўстлигимиз менга ана шундай эътирофга йўл очади – Оттилия ўзига хос ёрқин феъл-атвори ва эрта шаклланган эътиқоди билан иттифоқимизнинг қалби ва етакчисига айланди.

Биринчи навбатда бу сиёсатга тегишли. Тўғри, ҳозир анави зўравон газанда бошимизга солган оғир синовлар ва изтироблардан сўнг ҳаётда яна тинчлик бирмунча тикланди, бу муқаддас иттифоқ томонидан қўриқланмоқда, сиёсат энди шахсий ва ижтимоий онг устидан ўз ҳукмини ўтказмаяпти ва инсоний ҳис-туйғуларга кенг ўрин қолдирмоқда, илгари эса бутун руҳий оламни ўз ҳукмига ўтказган эди. Оттилия, уни мавжуд муҳитдан узил-кесил ажратиб юборган тушунча ва руҳияти билан сиёсатга бутунлай берилиб кетди. Бироқ у ўз мухолифатини бирор кишига, ҳатто энг яқин дугонаси бўлсам-да, менга ҳам ошкор қилишга журъат этмас эди, кейинроқ ўз ҳиссиётлари ва ўй-фикрларини менга сингдиришга эришди, мени ҳам ўз эътиқоди ва орзу-умидлари оламига олиб кирди, иккаламиз биргаликда сирнинг сеҳрли жозибасидан роҳатланардик.

Қанақа сир дейсизми? Райн иттифоқи таркибига кирган давлат ҳерцоги ғолиб авлиё сифатида афв этилган, содиқ вассал сифатида давлатни бошқарарди; ҳамма буюк жаҳонгир олдида бош эгар ва унинг жаҳон тақдирини ҳал қилишдаги вазифасига, қитъанинг хўжайини эканлигига, иштиёқ билан бўлмаса-да, ҳар ҳолда итоаткорлик билан ишонарди – менинг Оттилиям бор вужуди билан Пруссия тарафида эди. Прусс армиясининг мағлубиятидан эсанкираб қолмасдан, шимолий-немис наслининг саксония-тюрингияликлардан афзал эканлигини миясига сингдириб олган ва унинг таъбири билан айтганда, “шулар орасида яшашга мажбур”лигидан куюнар, қалбида уларга нисбатан аччиқ нафратни сақлар, бу фақат менгагина аён эди. Бу ёқимтой қизгинанинг қаҳрамонона қалбини битта идеал: прусс зобити эгаллаган эди. У сажда қиладиган бу тимсол хотираларида ярқ этиб ёниб-ўчиб турадиган йўқотган отаси эканлигини айтиб ўтириш ортиқча бўлса керак. Лекин, ҳар ҳолда бу ерда фақат унинг ўзига тегишли бўлган, қалбини аллалайдиган, бўлғуси воқеаларни олдиндан ҳис этадиган туйғулар ва ўй-хаёллар ҳам бўлгандирки, буларни биз ҳали хаёлимизга ҳам келтирмасдик, у бўлса аллақачон улар билан алоқага киришган ва хаёлан ўша воқеаларда доҳиёна бир тарзда иштирок этган ва охири ҳам мен ўйлаганимдек доҳиёна бўлиб чиқди.

Қандай воқеаларни кўзда тутаётганимни осонгина англаб оласиз. Унинг ватанида фожиадан кейин юзага келган маънавий уйғониш ва янгиланишлар; ўша фожиага сабабчи бўлган, эҳтимол, келтириб чиқарган мафтункор, такомиллашган, аммо бироз заифлашган тамойилларга нисбатан қаттиқ нафрат, уларни қоралаш, йўқ қилиб ташлашга интилиш назарда тутилаяпти. Эътиқод ва одатларнинг ҳар қандай маза-бемаза қолдиқларидан қаҳрамонона тозаланган халқ танаси четдан келган ҳукмдорларни йўқ қилиш ва озодликнинг тантана қилишига йўл очувчи бўлғуси шон-шуҳрат учун тобланди. Бартараф қилиб бўлмайдиган қийинчилик – очарчилик бошланди, ана энди қашшоқлик тавба-тазарруни келтириб чиқарди ва унга руҳонийларнинг иккита хислати: зоҳидлик ва итоат қилиш қўшилди. Бу энди воз кечиш, ўзини қурбон қилишга тайёрлик, машаққатли фидокорлик, ватан учун яшашга дахлдор туйғулар.

Жимгина кечаётган бундай маънавий жараёнлар, шунингдек, армиянинг улар билан бирга қадам-бақадам қайта тикланиши ҳақидаги хабарлар, гарчи забт этувчи томонидан қўйилган мажбуриятлар ва солиқлар туфайли норозиликлар ҳам бўлиб турса-да, ғолиб давлат таркибига ортиқча иккиланишларсиз, ҳатто ишонч билан қўшилган бизнинг кичкина дунёчамизга етиб келмас эди. Бизнинг давримизда, бизнинг жамиятимизда буларни ёлғиз Оттилиягина сукут сақлаганча тантанавор ҳис этарди. Бироқ биздан узоқдами, яқиндами, ўзларини ёш авлод қаторида ҳисоблаб, ёшларга етакчилик қилувчи олимлар топилиб қолдики, улар янгиланиш ғояларини тарқатувчилар ҳисобланишади. Улардан биттаси билан дугонам ўртасида тез орада фикрлар ва туйғулар алмашинуви бошланиб кетди.

Йенада Ҳайнрих Луден деган профессор, энг соф ватанпарварлик ғояларига эга бўлган инсон яшарди. Ўша шармандали вайронагарчилик юз берган кунда шўрлик профессор бутун бор-будидан, илмий материалларидан айрилиб, ёш хотини билан мутлақо бўм-бўш, совуқ ва чиқиндиларга тўлиб-тошган бошпанага қайтишга мажбур бўлган. Бироқ бундай хўрликлардан унинг руҳи тушмади ва у баралла айтдики, Йенадаги жанг ғалаба билан тугаса, қуён бўлаётган душман кетидан тантана қилсак бўлди, ҳар қандай йўқотишни, очлик-яланғочликни қувонч билан енгган бўлардик, хуллас, ватанга бўлган ишончини ўз талабаларига ҳам тўлиб-тошиб изҳор қилди.

Бундан ташқари, Ваймарда асли мекленбурглик йигирма бир яшар Пассов деган йигит, гимназия профессори ҳам бор эди, у ўта билимдон, дунёқараши кенг, фикрини ўтказа оладиган, шу билан бирга, асл ватанпарвар ва эркпарвар эди. У юнон тили, эстетика, тил фалсафаси фанларидан дарс берар, менинг акам Артур ҳам ўша кезда унинг ёнида яшаб, ундан privatum[10] сабоқ оларди. У дарсларини ўзига хос ғоялар билан жонлантирарди, яъни фанни ҳаёт билан боғлаш, қадимиятга топиниш ўрнига немис-ватанпарварлик ва эрксеварлик ғояларига ўтишни, бошқача қилиб айтганда: антик дунё руҳини жонли талқин қилиб, ҳозирги сиёсий ҳаётимиз учун ундан амалий фойда чиқаришни тарғиб қиларди.

Ана шундай инсонлар билан Оттилия енг ичида махфий алоқа боғлади, айни пайтда у ўзини императорга олий даражадаги садоқатли, франкофил жамиятининг келишган вакили сифатида тутарди. Менга шундай туюлардики, мен ҳам дугона ва ишончли киши сифатида дахлдор бўлган иккиюзлама ҳаётидан у гўё лаззатланиб, романтик ҳузур-ҳаловат топгандек кўринарди. Бу зиддиятлар ҳузур-ҳаловати бўлиб, худди шу нарса, менимча, ҳиссий саргузаштлар йўлида муҳим, ҳал қилувчи роль ўйнади, мана энди тўрт йилдан бери менинг қушчам тўрдан чиқолмай овора, мен уни қутқазиш учун бор-будимдан воз кечган бўлардим.

Россияга юриш бошланганининг бир йиллигидан бери Август фон Гёте Оттилияга севги изҳор қилишдан тўхтамайди. Ўшандан бир йил олдин у Ҳайделбергдан қайтиб келиб, сарой ва давлат хизматига киришди, уни камер-юнкер[11] ҳамда ҳерцогликка қарашли камер-коллегия[12]сининг ҳақиқий ассессори лавозимларига тайинлашди. Аммо, ҳерцогнинг кўрсатмаси бўйича ушбу лавозимлар остида кўзда тутилган ҳақиқат олдиндан белгилаб қўйилган эди: бу вазифалар Августнинг улуғ отаси олдидаги фаолиятига тўсиқ бўлмаслиги лозим эди, у отасини ҳар қандай кундалик турмуш ташвишларидан ва жонга тегадиган хўжалик ишларидан озод қилиши, ҳар хил ижтимоий маросимларда ва ҳатто Йенага текшириш учун қилинадиган сафарларда унинг ўрнига вакил бўлиши, коллекцияларига қараши, унга котиблик қилиши зарур эди, чунки айни ўшанда доктор Ример марҳума яширин маслаҳатчи хонимининг надимаси фройлайн Ульрихга уйланиш учун кетган эди.

Ёш Август бу топшириқларни жуда ўрнига қўйиб, булар отаси ва хонадонига тегишли бўлганлиги боис учига чиққан расмиятчилик билан, бағритошлик – мен ҳозир бундан бошқа сўз тополмайман – ҳа, бағритошлик билан бажарарди, таъкидлаб айтаман: бу унинг феъл-атворига мос, атайлаб қилинган бағритошлик. Очиғини айтсам, мен бу кимса табиатининг ички сир-асрорларига чуқур кириб боришга шошилмайман, аллақандай ачиниш ва нафратни ўзида жамлаган қўрқув туфайли буни кейинга сураман. Бу йигитнинг бунақа қилиқларидан таъсирланган биргина мен эмасман. Ример, масалан, ўзи менга иқрор бўлди: у ўшандаёқ унинг олдида чинакам даҳшатни ҳис этган, собиқ ўқувчисининг ота-онаси хонадонига қайтиб келиши Римернинг мустақил яшаш режасини янада тезлаштирган.

Ўша кезларда Оттилия саройда кўрина бошлаган, афтидан Август ўша ерда у билан танишган. Бу танишув Фрауенпланда, яширин маслаҳатчи бир неча йил давомида уйида ташкил этган концертлар ёки уларнинг репетициялари вақтида юз берган бўлиши ҳам мумкин. Дугонамнинг мафтункорлиги ва туғма фазилатларига унинг ажойиб жарангдор овози ҳам киради, мен буни ундаги мусиқага ошно қалбнинг сози ёки жисмоний ифодаси деган бўлардим, бу истеъдодни у, Гётенинг уйида ҳафтада бир марта ташкил этиладиган ва якшанба кунлари унинг меҳмонлари олдида қўшиқ куйланадиган кичкина хорда шакллантирган эди.

Бундай ёқимли лаҳзалар яна улуғ шоир билан шахсий мулоқотлар орқали тўлдирилар эди, ишонч билан айтаманки, шоир унга бошиданоқ қаттиқ эътибор қилар, у билан гап сотар, ҳазиллашар, шоир таъбири билан айтганда, бу “амазонка”га оталарча кўнгил яқинлигини яшириб ўтирмасди…

Ҳали сизга унинг ташқи қиёфасига хос жозибадорликни тасвирлаб берганим йўқ – қандоқ тасвирлайин, бунга сўз топилмайди ахир, шундай бўлса-да, у қизнинг ўзига хос мафтункорлиги ҳикоямда жуда катта роль ўйнайди. Чарақлаган кўк кўзлар, қуюқ малла сочлар, кўпроқ хипчабел, ўта хушбичим, Юнонаникидан қолишмайдиган хушқомат – қисқаси, ким ҳис-туйғулар ва шеърият оламига эҳтиром кўрсатса, бу қиёфа ҳам ўшандай одамнинг дидига мос келади. Бошқа гап айтмайман, фақат шуни эслатмоқчиманки, худди шунга ўхшаган олийзот қизни бир сафар ўша машҳур унаштиришгача олиб боришди, иш ниҳоясига етмади-ю, аммо, шубҳасиз, бу нарса ижтимоий табақаларнинг ҳимоячиларини хафа қилди.

Мана энди, қачондир қочиб кетган куёвнинг ўғли, ёш дворян уруғидан никоҳсиз туғилган зурриёт гўзал Оттилияга, фон Погвиш-Ҳенкель-Доннерсмаркка суйкалиб юрибди, бир тўда зодагонлар ўша пайтда, Франкфуртда бўлгани каби яна ғазабланишди; бироқ энди буни ҳеч ким очиқчасига изҳор қилмаяпти, сабаби эндиги ҳолат алоҳида имтиёзли, махсус ҳақ-ҳуқуққа эгаки, булар янги қиёфа касб этган дворян томонидан қаттиқ назорат қилинади. Ота мана шу ҳуқуқлардан онгли равишда, ишонч билан ўғли учун фойдаланишга ўзида истак сезди. Булар менинг шахсий фикрларим, аммо бу фикрлар воқеаларнинг боришини дард билан аниқ кузатишларга асосланган, бу гапларнинг ҳаммаси рост. Гап шундаки, биринчи бўлиб Оттилия билан отаси қизиқди, унинг қизга хайрихоҳлиги ўғлининг эътиборини тортди, бу эътибор тезда эҳтиросга айланди, шу билан у диди отасининг дидига мос келишини намойиш қилди. Гўё уларнинг дидлари бошқа соҳаларда ҳам мос келишини у очиқчасига такрорлади, аслида эса, ҳаммаси тақлид ва тобеликдан ўзга нарса эмас, гап орамизда қолсин-у, унда дид деган нарсанинг ўзи йўқ, унинг аёлларга муносабати бунинг ёрқин исботидир. Майли, бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз, қанча кейин бўлса, шунча яхши! Яхшиси ҳозир Оттилия ҳақида гапираман.

Дилбар қизнинг жаноб фон Гёте билан учрашган пайтдаги ҳолатини тавсифлаш учун “кутиш” сўзи айнан тўғри келади. Ёшлигиданоқ унга йигитлар мулозимат қилишган, алоҳида эътибор кўрсатишган, уларга ярим ҳазил жавоб қайтарган, бироқ у ҳеч кимни севмаган эди, биринчи муҳаббатини кутарди. Унинг қалби гўё ҳаммаёқни забт этувчи илоҳий бир кучни кутиб олиш учун безанган эди ва мана шу ноодатий, ўзига хос улуғвор талабгор томонидан унга ўтган ҳиссиётларда у ўшанинг қудратини кўрарди. Улуғ шоирга нисбатан Оттилиянинг ҳурмати, шубҳасиз, баланд эди, шоирнинг унга кўрсатган хайрихоҳлигидан беҳад яйрарди – у ўғилнинг отаси томонидан очиқчасига маъқулланган ва гўё унинг томонидан қилинган талабини рад қила олармиди? Ўғлининг ёшлиги орқали, ўғлида қайтадан дунёга келган ота гўё ўзи унга талабгор бўлди. “Ёш Гёте” уни севарди – Оттилия уни манглайимга ёзилгани шу, деб дарҳол қабул қилди, ҳеч иккиланмай унга севги билан жавоб қайтарди.

Назаримда, қисмати унга ҳозирлаган ўша тимсолни севиб қолиш қанчалик номувофиқ туюлса, у бунга янада кўпроқ ишонарди. Унинг муҳаббат ҳақида билгани шу эдики, у ўзига бек, ўзига хон, қайсар, мулоҳазакорликни писанд қилмайдиган, ақл ҳукми устидан мустақил равишда ўз ҳақ-ҳуқуқини ўтказадиган кучдир. Унинг тасаввуридаги шаҳзодаси бошқача: кўпроқ ўзига ўхшаб кетадиган, очиқкўнгил, Августга нисбатан қувноқроқ, енгилроқ, хушчақчақроқ эди. Унинг хаёлидаги тимсолга Августнинг жуда кам мос келиши, ҳис-туйғуларининг ростлигига романтик исбот бўлиб туюлди.

Август болалигида ҳам у қадар диққатни тортмаган, ўсмирлигида ҳам унчалик умидбахш бўлмаган. Уни узоқ яшамайди, деб тахмин қилишган, ақлий қобилиятига келадиган бўлсак, хонадон дўстларининг фикрига кўра, унга беҳад катта умид боғлаб бўлмайди. Болалигида касалманд бўлса-да, кейин кенг елкали, бўй-басти келишган йигит бўлиб улғайди – шу билан бирга, бироз вазмин, тунд қиёфали, айтиш мумкинки, бироз рангсиз, бунда кўзларини назарда тутаяпман, агар улар кўпроқ ифодага, кўпроқ ўз нигоҳига эга бўлганда эди, чиройли бўлармиди ёки тўғрироғи, чиройли бўлишга муваффақ бўлармиди. Мен унинг шахси ҳақида, ўзимдан уни узоқлаштириш, у ҳақда беғараз фикр юритиш мақсадида ўтган замонда гапираяпман. Бироқ барча айтганларим Оттилия билан эндигина танишган пайтдаги йигирма етти яшар ёшгина йигитга тегишли. У ёқимли, ширин сўз суҳбатдош эмас эди. Унинг бутун руҳиятини бадқовоқлик, ичидагини юзага чиқаришдан ҳадиксираш, қандайдир тушкунлик, тўғрироғи, теварак-атрофини бўм-бўш қилиб қўядиган умидсизлик десак, ҳақиқатга яқин бўлар, эгаллаб олган эди. Назаримда, бундай феъл-атвор, бераҳмларча ўз-ўзидан воз кечиш, отаси билан узлуксиз, ҳолдан тойдирадиган даражадаги қиёслашлар туфайли қўрқув оқибатида юзага келган эди.

Буюк инсоннинг ўғли бўлиш – бу улкан бахт, бебаҳо имтиёз, шу билан бирга, оғир юк, ўз “мен”ингни тинимсиз таҳқирлаш, ерга уришдир. Ота ўғлига альбом совға қилган бўлиб, улар бирга йиллар давомида қаерда бўлишса, Ваймардами ёки саёҳатга борган жойлари – Ҳалле, Ҳельмштедт, Пирмонт, Карлсбаддами, Германиянинг, ҳатто чет элнинг машҳур кишилари ўз дастхатларини альбомга туширишган эди. Бу ёзувлар орасида ёш йигитнинг шахсий фазилатларини кўрсатадигани деярли йўқ, ҳаммасида битта, яъни отасининг ўғли, деган хирахандон фикр ҳукмрон эди. Файласуф профессор Фихтенинг: “Давримиз ғурурланадиган ягона инсоннинг ягона ўғлидан миллатимиз кўп нарса кутади” деган сўзлари ёш қалбни қанчалик кўкларга кўтарса, шунчалик гангитиб қўйиши мумкин эди. Бир француз дипломати бу альбомда ёзиб қолдирган кичкинагина жумланинг таъсири қандай бўлиши мумкин: “Улуғларнинг ўғиллари келажак авлод учун камдан-кам ҳолларда аҳамиятли бўлишади”. Бу сўзларни истисно сифатида қабул қилиш керакмиди? Шундай ҳам дейлик. Аммо уларни Данте жаҳаннамнинг эшигига ёзиб қўйган сўзлар маъносида ўқисак табиийроқ бўларди.

Август ҳаддан ортиқ қиёслашдан дағал бир қайсарлик билан қочишга ҳаракат қиларди. У ҳар қандай поэтик шуҳратпарастликни, бадиий ижод олами билан ҳар қандай алоқани илтифотсизлик билан ўзидан нари итарар, ўзини фақат кундалик ишларга қодир одам, бекам-кўст хизматчи, сарой амалдори қилиб кўрсатишга уринарди. Олий даражадаги юкинишдан қатъий ва мутлақ воз кечишини сиз эҳтимол диққатга сазовор, ҳурматга лойиқ ғурур деб ўйлашингиз мумкин, агар ўша улуғликнинг куртаклари унда озми-кўпми бўлган тақдирда ҳам машъум қиёслашдан қочиш мақсадида уларни яшириш ва синдиришга ҳаракат қилди. Бироқ унинг ўз-ўзига ишончсизлиги, одамовилиги, норозилиги, жаҳлдорлиги ундан одамни нари итарар ва уни мутлақо мағрур деб бўлмасди. Бемалол айтиш мумкин: у мағрур эмас, ғурурининг синганидан азоб чекарди. Ҳозирги ижтимоий мавқеига улуғ номи орқасида келган, нафақат келган, балки тиқиштирилган имтиёзлар туфайли эришган эди. У имтиёзларни ҳечам маъқулламаса-да, улардан фойдаланар, воз кечолмас, уларни ўз эркаклик қадр-қиммати учун ҳақорат эканлигини ҳис этарди. Илм эгаллашга уни мажбур қилишмаган, билими юзаки эди. Эгаллаб турган лавозимларига ҳали билим ва қобилиятини намойиш қилмай туриб, олдиндан тайинлаб қўйилган эди. У бу мавқега ўз билими билан эмас, балки улуғнинг арзандаси бўлгани учун етишганини яхши биларди. Бошқа одам бўлганда бунақа кўтарилишдан мағрурона шодланган бўларди, у эса бундан изтироб чекиш учун яратилган эди. Шуниси борки, қисмати унга тортиқ қилган бундай эътирофга лойиқ имкониятдан ҳар ҳолда воз кечмади.

Бошқа жиҳатни ҳам ёддан чиқармайлик! Август нафақат отасининг ўғли, онасининг, Вульпиус хонимнинг ҳам ўғли эканлигини унутмайлик, бу нарса унинг оламга муносабатига-ю, ўз қадр-қимматини ҳис этишига ўзига хос номувофиқликнинг келиб чиқишидаги катта фарқ – у томоннинг юксаклиги ва бу томоннинг бетартиб чатишма уруғи ўртасидаги зиддиятни келтириб чиқармаслиги мумкин эмас эди. Ҳерцог дўстининг, яъни унинг отасининг илтимоси билан ўн бир яшар болага илтифот кўрсатиб, махсус буйруқ билан унинг қонуний туғилганини, шу билан дворянлар табақасига мансублигини расмийлаштирди, аммо бу билан ҳеч нарсани ўзгартиролмади, шунингдек, олти йил кейин ота-онасининг никоҳдан ўтишгани ҳам фойда бермади. “Ишқ фарзанди” – бу тушунча одамларнинг миясига қандай ўрнашган бўлса, “буюкнинг ўғли” тушунчаси ҳам худди шундай ўрнашиб қолди. Бир марта у, ўн уч яшар болакай, Амур либосида ҳерцогинянинг таваллуд куни муносабати билан унга гул тақдим қилиб, қасида ўқиганида асилзодаларнинг ғазабига дучор бўлган эди. Ишқ фарзанди, яна Амур либосида, асилзода инсонлар орасида пайдо бўлишга ҳаққи йўқ, дея очиқ-ойдин эътироз билдирилган эди. Бу гаплар унинг қулоғига етиб бордими-йўқми, билмайман. Бироқ бу тахлит қарама-қаршиликларга у кейинги ҳаётида кўп бора дуч келган бўлса керак. Отасининг обрў-эътибори ва ҳерцогнинг марҳамати билан ҳимояланган унинг ижтимоий мавқеи оғизга тушган, аммо бу мужмал мавқе эди. Унинг дўстлари ёки шундай деб аташ мумкин бўлган одамлар гимназияда, унинг хизмат жойида топилса-да, чин дўсти йўқ эди. У ҳеч ким билан дўстлашолмас, ичимдагини топ, ўзининг юксак ва шубҳали маънодаги алоҳида мавқеига берилиб кетган эди. У турфа хил кишилар, онасининг атрофидаги лўли тахлит одамлар, кўплаб актёр оғайнилари, ичишни ёқтирадиган ёшлар билан алоқа қилар, унинг ўзи ҳам спиртли ичимликка ружу қўйган эди. Ҳурматли баронессамиз фон Штайннинг айтишича, ўн бир яшар бола онасининг чапанича даврасида нақ ўн етти бокал шампань виносини кўрдим демаган, фон Штайн хоним ўз уйида уни винодан базўр тўхтатган экан. Бола ҳақида бундай дейиш ғалати туюлса-да, қўшимча қилди у, бироқ Август афтидан ғамини унутиш учун ичарди, бу ғам ҳам асоссиз эмас ҳар ҳолда, негаки у бир куни отасининг йиғлаётганини кўрган ва бу ҳолат болага қаттиқ руҳий зарба бўлган. Бу 1801 йилдаги устознинг оғир бетоблик пайтида юз берган, у стенокардия билан оғриб, кетиб қолишига бир баҳя қолган. Соғайиши қийин кечиб, мадорсизликдан йиғлаган, ўшандан кейин ўғли ўн етти бокаллаб ичишни бошлаган. Ота бунга кўпам эътибор қилмаган, чунки унинг ўзи Яратганнинг неъмати, дея винони берилиб ичган ва гоҳида ўғлига ҳам манзират қилган. Биз, четдаги одамлар, Августнинг феъл-атворидан кўплаб ёқимсиз иллатларни – жиззакилик, тундлик, одамовилик, қўпол қилиқларни унинг Бахус[13] инъомига ёшликдан берилганидан, – афсуски, бу борган сари кучайди – изламай иложимиз йўқ.

Шундай қилиб, дилбар қиз Оттилия, йигитнинг унга қилган, унча ҳам ёқимли ва дилтортар бўлмаган изҳорларида ўзининг азалий тақдири мужассам топганини кўрди. Унинг назарида бу иш ақлга тўғри келмаса ҳам, ёки тўғрироғи, мен айтганимдек, ақлга тўғри келмагани учун ҳам, у Августнинг севгисига рози бўлди. Йигитнинг ҳаётидаги фожиавий нохушликларни англаб етишида унга хос олийжаноблик, поэтик туйғу кўмак берди. У меҳрибон фаришта сифатида Августнинг ичига кириб олган шайтондек ғолиб чиқдим, деб тасаввур қилди. Эслатиб ўтганимдек, у ўзининг икки хил ҳаётидан – ваймарлик асилзода қиз ва махфий прусс ватанпарвари – романтик жозиба топа олди. Августга бўлган муҳаббат унга бу жозибани янги, чуқурлашган шаклда англаб етишга имкон берди; унинг дунёқараши билан йигит мансуб бўлган хонадон дунёқараши ўртасидаги зиддият унинг ҳис-туйғуларидаги ғайритабиийликни янада ўткирлаштириб, буни айнан чин муҳаббат деб ҳисоблашга мажбур қилди.

Бизнинг маънавий қаҳрамонимиз, Германиянинг фахри на мард ватанпарварларнинг Ватан мағлубияти учун чеккан ғам-ғуссаларига, на қалбларимизда тўлиб-тошган завқ-шавққа шерик бўлганини айтмасам ҳам бўлади; озодлик ва кураш соати етиб келганда эса, совуққонларча ўзини четга олди, айтиш мумкинки, душманнинг кўзи олдида бизни тарк этди. Худди шундай бўлган эди. Буни яхшиси унутмоқ, касалликни бошдан кечиргандек ўтказиб юбормоқ, унинг даҳолиги ҳурмати, қалбдаги улуғ инсонга муҳаббат ҳурмати ичга ютмоқ лозим. Йена ёнидаги талатўп унга ҳам катта талафот етказди, аслида, бунга дастлаб ғолиб французлар эмас, балки ҳали жанг бошланмасданоқ Ваймарни эгаллаб турган прусслар айбдор эди, улар унинг боғ уйига бостириб кириб, эшиклар ва мебелларни синдириб, ўтда куйдиришган. Ундан кейин юз берган ҳодисадан ҳам у ўз улушини олган. Айтишларича, бу бебошликдан у нари-бериси билан икки минг талер зарар кўрган, винонинг ўзидан ўн икки челакдан ортиқ ичилган, босқинчилар ҳатто унинг ётоқхонасига ҳам киришган. Бироқ унинг мол-мулки талон-торож қилинмади, чунки уйни махсус қоровул қўриқларди, уникида маршаллар Ной, Ожеро, Ланн, кейинроқ, Гётега Венеция давридан яхши таниш бўлган мосье Денон, император музейларининг бош инспектори, Наполеоннинг санъат масалалари, яъни босиб олинган мамлакатлардан ўзлаштирилган санъат асарлари бўйича маслаҳатчиси истиқомат қилишарди.

Бу одамни ижарачи сифатида ушлаб туриш устозга жуда ёқарди, аммо у, пировардида ҳамма нарсани шундай кўрсатишга ҳаракат қилдики, гўё унга ҳеч нарсанинг алоқаси йўқдек эди. Беҳад қаттиқ азият чеккан профессор Луден, ўша даҳшатли воқеалардан бир ой кейин у билан Кнебелникида учрашганини бир куни менга айтиб берган эди. У ерда ўша улкан бахтсизлик ҳақида сўз очилган, жаноб фон Кнебель бир неча бор: “Бу даҳшат! Бу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодиса!” дея хитоб қилган, Гёте бўлса бир-икки оғиз тушунарсиз сўзларни минғирлаган ва Луденнинг, зоти олийлари фожиали ва мусибатли кунларни қандай ўтказдингиз, деган саволига: “Мен ҳечам шикоят қилмайман. Ўзимни баайни баланд қоя тепасидан туриб қутураётган денгизни кузатиб ўтирган, гарчи кема ҳалокатига учраётганларга ёрдам қўлини чўзолмаса-да, лоақал ўша тўлқинларга ем бўлмаган одамдек ҳис қилдим – қайсидир антик дунё донишмандининг сўзларига қараганда… бу ҳолат ҳар ҳолда ёқимли”, дейди. У ўша донишманднинг номини тополмай шу ерда тутилиб қолади. Ким назарда тутилганини билса-да, Луден айтишдан тийилади, аммо Кнебель, ҳозиргина ғазаб отига миниб турган бўлса-да, гапга қўшилади: “Лукреций айтган!” “Тўппа-тўғри, Лукреций айтган”, – тасдиқлайди Гёте ва: “шу тахлит мен хотиржам кузатиб ўтирдим, қий-чув, тўс-тўполон ёнимдан ўтиб кетаверди”, деб гапини тугатган. Луденнинг куйиб-пишиб айтишича, маълум маънода қониқиш билан айтилган бу сўзлардан унинг эти жимирлаб кетибди. Ўша суҳбат асносида Луден яна бир неча бор ҳайратдан ёқа ушлаган, негаки у Ватан бошига тушган бахтсизлик ва фалокат ҳақида, ёруғ кунлар келишига ўзининг юксак ишончи ҳақида гапирганида, Кнебель “Яшанг! Тўғри!” деб уни қўллаб-қувватлаб турган, Гёте бўлса, парво ҳам қилмасдан, миқ этмай ўтираверган. Шу билан майор ҳаяжонли хитобларидан сўнг гапни қандайдир адабий мавзуга бурган, Луден эса дарҳол ғойиб бўлган.

Ҳурматли профессор менга мана шуларни айтиб берди. Гёте гимназия ўқитувчиси доктор Пассовни қарашлари учун тавбасига таянтирганини айтмайсизми, буни ўз қулоқларим билан эшитдим, чунки суҳбат онамнинг салонида бўлган, у пайтда мен кичкина қизча эдим, ўша ерда юргандим. Гапга чечан Пассов, антик дунёни кашф этиш ва юнон руҳини лоақал айрим одамлар онгига сингдириш, немис халқи буткул йўқотган нарсани қайта тиклаш, яъни озодлик ва Ватан ғоялари билан уларни илҳомлантиришга бутун фикр-зикри билан берилганини беҳад таъсирланиб тушунтирди. (Эслатиш лозимки, бунақа одамлар улуғ шоир олдида соддаларча самимият билан қалбларини очишади, чунки улар учун соғлом ва фойдали туюлган ғояларга кимдир эътироз билдириши мумкинлиги хаёлларига ҳам кириб чиқмайди, ҳатто салгина бўлса ҳам тасаввур қилишолмайди. Улуғ инсоннинг уларни қўллаб-қувватлашга мутлақо рағбати йўқлигини, унинг ҳузурида бунақа мавзуларни кўтариш жоиз эмаслигини тушуниб етгунларича хийла вақт керак бўлади). “Гапимни эшитинг! – деди у ниҳоят. – Антик дунё ҳақида нималаргадир ақлим етади, аммо улардан ўрганмоқчи бўлганингиз эрксеварлик ва ватанпарварлик тушунчасининг ҳар дақиқада карикатурага айланиш хавфи бор!” У “карикатура” сўзини қанчалик муздек алам билан айтганини, бу сўзнинг унинг оғзидан аччиқ танбеҳ бўлиб янграганини зинҳор унутмайман. “Бизнинг бюргерларга хос яшаш тарзимиз, – давом этди у, – қадимгиларникидан тамоман фарқ қилади, давлатга муносабатимиз-ку умуман ўзгача. Немислар ўз қобиғига ўралиб ўтирмасдан, бутун дунёни ўз бағрига олмоғи ва кейин унга таъсир ўтказмоғи лозим. Мақсадимиз ўзимизни бошқа миллатлардан душманларча четга тортиш эмас, балки бутун дунё билан дўстона алоқа ўрнатиш, ҳатто туғма ҳис-туйғулар, ҳақ-ҳуқуқлар ҳисобига бўлса-да, ўзимизда яхши ижтимоий фазилатларни тарбиялаш бўлмоғи зарур”. У охирги сўзларни ўзи ўтирган столга кўрсаткич бармоғи билан тақиллатиб урганча амрона баланд овозда айтди ва қўшимча қилди: “Бошлиқларга қарши туриш, биз юнон ва лотин тилларини билганимиз учунгина ғолибга нисбатан қайсарлик қилиш, у бу ҳақда оз билади ёки умуман ҳеч нарса билмайди, деб ўйлаш, бу болаларча бемаънилик. Бунақа профессорларча гердайиш нафақат ўзини-ўзи кулгига қўяди, балки ўзига зарар ҳам келтиради”. Шу ерда у бироз тин олди. Кейин батамом довдираб қолган ёш Пассовга томон бурилди-да, анча илиқ, аммо сўник оҳангда хулоса қилди: “Жаноб доктор, мен сизни зинҳор хафа қилишни истамасдим. Биламан, ниятларингиз холис. Аммо ниятларнинг тоза ва холис бўлишининг ўзи етарли эмас, одам ўз интилишларининг натижаларини олдиндан кўра билиши лозим. Сизнинг ниятларингиз эса, мени даҳшатга солади, чунки улар, бир кун келиб немисларни энг шармандали бебошликларга олиб келадиган ярамасликларнинг ҳозирча олийжаноб, содда кўринишларидир, агар ўша ярамасликлар сизнинг қулоғингизга етиб борадиган бўлса, ўзингиз ҳам гўрингизда бир ағдарилиб тушган бўлардингиз”.

Хона бўйлаб тилсиз фаришта учиб ўтгандек ҳамманинг донг қотиб қолганини кўз олдингизга келтиринг! Хотиржам суҳбатни изга солиш учун онам қанча ҳаракат қилмади, дейсиз! Бироқ у ўзгармади, сўзлари ва сукути билан қалбларимизни, дилимизда ардоқлаган туйғуларимизни яралаб, у ўзини ўшандай тутган эди. Буларнинг ҳаммасини унинг император Наполеон олдида сажда қилиши билан боғлаш мумкин, у 1808 йилда, Эрфуртда шоирни Фахрий легион ордени билан мукофотлаган, ўшандан буён у буни энг суюкли ордени ҳисоблайди. У император тимсолида бутун дунёда тартиб ўрнатувчи Зевсни кўрди, ўз немис давлати таркибида эса, жанубий ҳамда асл немис вилоятларининг Райн иттифоқида бирлашувини тасаввур қилдики, бу қандайдир янги, умидбахш туйғу эди, бундан у катта фойда кутарди, агар немислар ҳам, кўп жиҳатдан шоирнинг ўзи бурчли бўлган француз маданияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйса, руҳий-маънавий оламида кўтарилиш ва тиниқлашув юзага келган бўларди.

Ёдингизда бўлсинки, Наполеон Гётени Парижга кўчиб ўтишга таклиф қилган, ҳатто мажбурлаган, Гёте ҳам анча вақт ўтсамми-йўқми, деб бу масалани тарозига солиб кўрган, у ердаги турмуш шароитлари ҳақида жиддий маълумотлар тўплаган. Эрфурт воқеаларидан кейин у ва Цезарь ўртасида шахсий алоқалар ўрнатилган. Наполеон у билан худди тенгдошидек муносабатда бўлар, устознинг ҳам, чамаси ишончи комил бўлганки, унинг фикрлаш оламига, немис руҳига у ҳеч қандай хавф солмайди, гарчи бутун дунё унинг олдида титраб қақшаса-да, Наполеон даҳоси шоирнинг даҳосига душман эмас.

Бундай ишонч ва дўстликни худбинлик деб аташ мумкин, лекин биринчидан, бундай одамнинг худбинлиги шахсий иш эмас, балки қандайдир юқорироқ, барчага тегишли жиҳат воситасида тасдиқлангандир; иккинчидан, Гёте шундай маслаги ва қарашлари билан якка-ёлғизмиди? Мутлақо, шафқатсиз протектор томонидан кичкинагина мамлакатимиз елкасига юкланган оғир қийинчиликларга қарамасдан, у ёлғиз эмасди. Масалан, вазиримиз Фойт, ҳамиша, Наполеон ҳадемай сўнгги душманини енгади-да, бирлашган Европа унинг қўли остида тинч ҳаёт гаштини суради, деб ҳисобларди. Бу фикрни мен кўп бора унинг оғзидан эшитганман, аниқ эсимда, 1813 йилда у Пруссиядаги намойишларга норозилик билдирган, бу мамлакатни partout[14] Испанияга айлантириб юборади, бу invito rege[15], деган эди.  “Шўрлик қирол! – хитоб қилган эди у. – Минг афсус, у бутунлай айбсиз бўла туриб энди бошига қандай жазолар ёғилади. Биз, қолганлар эса, хотиржамлик, бетарафлик, император Наполеонга садоқатни сақлаш учун бутун ақлимиз ва ҳушёрликни ишга солишимиз лозим, фақат шу йўл билан ҳалокатдан омон қоламиз”.

Мана, ҳозиргача тепамизда турган оқил, виждонли давлат бошлиғининг фикри. Ҳерцог зоти олийлари-чи? Москвадан кейиноқ, император зудлик билан янги қўшин ташлагач, бизнинг ҳукмдоримиз унга Эльбагача ҳамроҳлик қилади, мақсади бизнинг умидларимизга хилоф равишда унга қарши бирлашган прусслар ва русларни тор-мор қилиш эди, биз бўлсак, Пруссия қироли бу гал ҳам Наполеон билан бирга босқинчиларга қарши оёққа туради, деб ўйлаган эдик, бу юришдан ҳам Карл Август кўтаринки руҳда, унинг таъбири билан айтганда, унга Тангридан руҳ олган Муҳаммад бўлиб туюлган “чинакам ғаройиб инсон”га мафтун бўлган ҳолда қайтиб келди.

Аммо Лютцендан сўнг Лайпцихга навбат келди ва Тангридан руҳ олиш борасидаги гаплар барҳам топди; қаҳрамонга мафтунлик ўрнини бошқа, яъни озодлик, Ватан туйғусидан илҳомланиш, қисқаси, Пассов қарашлари эгаллади. Қараб туриб ҳайрон қоласан киши, одам қандай қилиб, ўзи ишонган кишининг бахтсизлигига, ташқи воқеаларга қараб тез ва осонгина ўзгара қоларкан. Янада ҳайрон қоларлиси, янада ақлга сиғмайдигани шуки, воқеаларнинг бориши буюк, машҳур зотларнинг башоратчилик қобилиятига эга бўлган кичкина одамлар олдида ноҳақ бўлиб чиқмасликларини исбот қилади. Гёте ҳамиша такрорларди: “Содда одамлар-эй, занжирларингни шақирлатаверинглар, бу одам сизлар учун қўл етмасдир”. Ана энди кўринг: занжирлар узилди, ҳерцог ўрисларнинг мундирини кийди, биз Наполеонни Райндан нарига қувиб юбордик, устоз “соддалар” дея масхара қилганлар – Луден ва Пассовлар, унинг олдида ҳақ ва ғолиб бўлиб туришди. Ўн учинчи йил Луденнинг Гёте устидан ғалабаси йили бўлди, буни бошқача таърифлаб бўлмайди. У ўз қилмишидан уялиб, пушаймон бўлиб, Берлин учун “Эпименида” номли мадҳиясини ёзди, унда қуйидаги сатрлар бор:

Лоқайд хотиржамлик уятга қўйди

Сиз учун ўртансам бир даврон экан.

Сиз чеккан изтироб, азоблар боис,

Сизлар бугун рости юксаксиз мендан.

 

Темир қисматингиз Сизни  қўллади,

Тубсиз қаърдан сақландингиз мардона.

Ярим дунё эгаллаган фотиҳ зот,

Энди жарга қулаб кетди ордона[16].

 

Кўряпсизми, у ўз императорини, дунёни бирлаштирувчи пэр[17]ини тубсиз жарликка қайта ташлаяпти, ҳеч бўлмаганда мадҳияда, чунки, менимча, ичида мудом “соддагиналар”ни такрорлаётган бўлса керак.

Унинг ўғли Август, Оттилиянинг севгилиси, сиёсий қарашларда батамом отасига ўхшади, ундан бир туки ўзга бўлмади. У ўзича, бир хил маданиятга эга бўлган бутун Германияни бирлаштирувчи Райн иттифоқининг ашаддий тарафдори эди, шимолий ва шарқий варварлардан очиқчасига нафратланар, бу ҳолат, кекса Гётега нисбатан унга номуносиб эди; негаки унинг табиатига аллақандай варварларга хос, нима десам экан, қандайдир бесўнақай, ҳатто дағал тундлик билан қоришиб кетган, олийжанобликдан кўра кўпроқ кўнгил ғашлигига ўхшайдиган белгилар хос.

Император 1811 йилда бизга, Ваймарга, юксак билимли, келишган зодагон барон Сент-Эньонни элчи қилиб юборди. Тан олиш керак, у инсофли, Гётени беҳад қадрлайдиган киши бўлиб, Гёте кўп ўтмай у билан дўстлик алоқаларини йўлга қўйди. Август ўз навбатида бароннинг котиби жаноб фон Вольбок билан дарҳол дўстлашиб олди. Буни сизга эслатаётганимнинг сабаби, биринчидан, унинг қандай давралардан дўстлар орттирганини сизга кўрсатиш, иккинчидан, жаноб фон Вольбок деганимиз, 1812 йил декабрида Наполеон Москвани ташлаб қочиб келаётиб, Эрфурт орқали ўтганда император номидан Гётега салом йўллаган эди. Бу ҳам Август учун кўп нарсани ифодалар эди, чунки у ҳамиша Наполеонга Худога сиғингандек сиғинар, бу ҳолат, менинг назаримда, ҳеч қандай руҳий-маънавий асосга эга эмас эди. Ҳозир ҳам у Наполеон портретлари ва унга дахлдор ёдгорлик буюмларини йиғади, отаси ҳам унинг коллекциясини Фахрий легион ордени билан тўлдирди, энди уни тақиб юриш ноқулай бўлиб қолган.

Ҳар хил оҳангда тепадиган икки юракда, мен сизга айтсам, камдан-кам ҳолларда муҳаббат ришталари боғланади. Август худди Наполеонга сажда қилгандек, Оттилияга сажда қилди, ҳа, ҳар қанча ғалати туюлса-да, бу қиёсга мурожаат қилмай иложим йўқ, шўрлик дугонам бўлса, фикрлар ва қарашларни кулиб туриб оёқости қиладиган муҳаббат илоҳининг мутлақ қудратига ишонган ҳолда унинг оғир-вазмин мулозиматларини мулойимгина қабул қилди, мен бунга титраб-қақшаб, қўрқув билан қараб турдим. Бунда Августга нисбатан унга оғирроқ бўлди: Август ўз қарашларини очиқ-ойдин изҳор қила олар, у бечора эса уларни яширишга мажбур эди. Бироқ, ўзининг муҳаббати деб ҳисоблаган нарсани, улуғ шоирнинг ўғли билан кечадиган сентиментал зиддиятларга тўла кечинмаларини яширмасди, бизнинг кичкина дунёчамизда, ҳис-туйғулар ҳамманинг назарида бўладиган ва қадрланадиган жойда буни яширишга ҳожат ҳам йўқ эди. Мен унинг энг ишончли кишисига айланган эдим, кечинмаларининг барча босқичлари ва эпизодларига садоқат билан гувоҳ бўлардим. У онасига ҳам бемалол дилидагини айта оларди, фон Погвиш хоним ҳам шундай руҳий ҳолатларни бошидан кечираётгани боис қизининг иқрорларини аёл ва дўст сифатида қабул қиларди. Онанинг диққати хушбичим граф Эдлингда эди, жанублик ҳофмаршал ва вазир, қизларининг васийси, хонадоннинг дўсти, эҳтимол, тез орада оила аъзосига ҳам айланса керак. Фон Погвиш хоним ушбу одамнинг вафосига ишонар, бунга асослари ҳам йўқ эмасди, унинг қатъий фикрини кутар, аммо ҳозирча у жим эди. Шундай қилиб, Амур она ва қизга тўлиб-тошиб ётган кундалик қувончу ғам-андуҳлар, умиду ноумидликлар ҳақида биргаликда дил изҳорларини тўкиб солишга шароит яратарди.

Август билан Оттилия саройда, театрда, отасининг уйида, асилзодаларнинг йиғинларида кўришиб туришарди. Бироқ севишганлар одамлардан четда, хилватда ҳам учрашишарди, Ильм дарёси соҳилидаги уйли боғ, Гётега ва Оттилиянинг бувисига тегишли иккита боғча улар учун овлоққина гўша эди. Бу учрашувларда мен мудом қушчамга ҳамроҳлик қилардим, у бу жойларни қанчалик бахтиёр хўрсинишлар билан тарк этар ва кўмагим учун мени бағрига босиб миннатдорчилик билдирардики, бундан ҳайрон қолмай иложим йўқ эди; бу учрашувларнинг нечоғлик самарасиз, суҳбатларининг маънисиз, ясама туюлишини мен ўртада воситачи сифатидагина ҳис этмасдим. Бу ланж, дудмал суҳбатлар аллақандай рақслар, саройдаги ғийбатлар, ўтган ёки бўладиган кўнгилочар саёҳатлар атрофида айланар, гап йигитнинг отаси олдидаги хизматларга бориб тақалсагина,  суҳбат бироз жонланар эди. Аммо Оттилия бу зерикиш ва ноқулайликни тан олгиси келмасди. У бундай зўрма-зўраки суҳбатлар ва сайрлар чоғида юраклар бир-бирига қўшилиб кетади, деб хаёл қилар ва ҳаммасини онасига айтиб берар, онаси ҳам ўз навбатида, граф тез орада унга қатъий фикр айтар, ҳамма нарса шунга қараб бормоқда, деярди.

Аҳвол мана шундай кечаётган пайтда қизгинанинг ҳаётига бир воқеа кириб келди, бу ҳақда мен ички бир титроқ ва ҳаяжонсиз гапиролмайман, чунки бу воқеада иккаламиз учун ҳам давримизнинг бутун улуғлиги ва гўзаллиги ўз мужассамини топган эди.

Ўн учинчи йилнинг тонги отган, Пруссияда юз бераётган ажойиб воқеалар ва ватанпарварларнинг тантана қилишлари, уларнинг бетайин қирол устидан ғалабалари, кўнгилли корпусларнинг юзага келиши, уларга қўшилишга интилаётган энг олийжаноб ёшларнинг ҳатто билим олиш ва роҳат-фароғатдан ҳам воз кечиб, Ватан учун жонларини тикишга тайёрликлари – буларнинг ҳаммаси ҳақида, айтиб ўтганимдек, бизгача дастлаб мужмал, ноаниқ хабарлар келарди. Ташлаб кетган отасининг муҳити билан дугонам қалбан сезиларли алоқа боғлагани, Пруссиядаги қариндошлари уни янгиликлар билан таъминлаб туришлари ҳақида сизга гапирган эдим. Бечора қизгина, бизнинг жимжитгина дунёчамизда яшаб туриб, аллақачон сезган, аллақачон тахмин қилган, энди тайёрланаётган ва юз бериб улгурган воқеаларни эшитиб, титраб-қақшаб, куйиб-ёниб кетди. Қони ва руҳи билан у дахлдор бўлган қаҳрамон халқ француз жабр-зулмининг шармандали изларини елкасидан улоқтириб ташлаш учун оёққа турган эди! У бутун қалби билан тантана қилар эди, унинг халқи намуна бўлиб Германияни ор-номус ва эрк учун курашга етаклаганидек, мени ҳам ўз ортидан эргаштириб, нафрати ҳамда ёрқин умидларини у билан тўлиқ бўлишишга мажбур қилди. Ҳар ҳолда энди у шаҳарда илгаригидек ёлғиз эмас эди. Бу ерда, Наполеоннинг Райн иттифоқи осмони остида ҳам Ватан озодлиги учун кураш учқунлари ялтирай бошлади, камерҳер фон Шпигель, йеналик маслаҳатчи фон Фойт сингари ёш дворянлар, пруссларни Ваймарда кечаётган аҳволдан хабардор қилиб туриш мақсадида улар билан хавфли алоқага киришишди. Кўп ўтмай Оттилия улар билан топишиб, махфий равишда уларнинг ҳаракатларида қизғин иштирок эта бошлади. У ўз ҳаётини хавф остига қўйди, мен ҳам бир томондан уни қайтариш учун, бошқа томондан ўз ихтиёрим билан сиёсий сирларда унинг ишонган кишисига айландим, худди Август фон Гёте билан учрашувларида дугонамнинг қизлик сир-асрорларига шерик бўлганим сингари. Улардан қайси бири мени кўпроқ қўрқитаётгани ва ташвишга солганлигини ҳозир аниқ айтолмайман.

Маълумки, дастлаб ҳарбий ҳаракатлар кам умид уйғотди. Тўғри, Ваймар кўчаларида прусс ҳарбий кийимидагиларни кўриш Оттилияга насиб қилди, апрелнинг ўн олтинчисида, худди ҳозир юз бергандек эсимда, гусар ва егерларнинг отлиқ бўлинмаси шаҳримизга бостириб кириб, бу ерда ижарада яшаётган француз аскарларини асир олиб, уларни ўзлари билан ҳайдаб кетишди. Императорнинг отлиқ аскарлари бундан хабар топиб, Эрфуртдан етиб келишди, бироқ бу ерда пруссларни тополмай, қуруқ қайтиб кетишди: кейин маълум бўлдики, шошилишган экан. Эртасига тонгда – Оттилиянинг қувончини кўз олдингизга келтиринг! – халқ қувонч билан кутиб олган кичик Блюхернинг эскадрони, гусарлар ва яшил егерлар тантана билан шаҳарга кириб келишди. Ўйин-кулги, ичкиликбозлик бошланди, бундай беғам-бепарволикдан кўплар хавотирга тушишди ва кўп ўтмай бутун қувонч елга учди. “Французлар!” деган қичқириқ эшитилди ва халоскорларимиз зиёфатни қўйиб, қуролларга ташланишди. Пруссларга нисбатан сон жиҳатдан анча кучли бўлган генерал Суон армияси шаҳарга ҳужум қилди, жанг узоқ давом этмади ва французлар шаҳарни қайтадан эгаллаб олишди. Биз ҳозиргина вино ва егуликлар билан меҳмон қилаётган қаҳрамонларимизнинг қон тўкишларини кўриб кўз ёши тўкканча хоналарга беркиниб олиб, бурғу овозлари ва отишмаларга тўлиб-тошган кўчадаги тўс-тўполонни парда ортидан кузатиб ўтирардик; ҳарқалай жанг кўп ўтмай парк ва шаҳар четига чекинди. Ғалаба душман томонда қолди. У бундай ғалабаларга ўрганиб қолган эди, афсуски, буни ғалаённи бостиришдаги ғалаба деб ҳисоблашди, устига-устак бу болаларча ва аҳмоқона бир ҳолат эдики, бу унинг тезда бостирилишида ўз исботини топди.

Хотиржамлик ва тартиб, у ким томонидан ўрнатилишидан қатъи назар, ёқимли. Биз французларни жойлаштириш ташвишига тушдик, шаҳар кучи ва имконияти етгунча уларни жой билан таъминлади, улар айни пайтда ва яна узоқ вақт шаҳримиз елкасида юк бўлиб ётди. Лекин тинчлик тикланди, кўча ҳаракати кеча-ю кундуз эркин эди, аҳоли душманнинг наридан-бери ҳимояси остида ўзининг кундалик ишларига қайтиш имкониятига эга бўлди.

Эртасига Оттилия мени сайрга таклиф қилди, бунга уни қанақа сирли куч, қанақа олдиндан ҳис этиш туйғуси мажбур қилди, билмайман. Ёмғирли кеча ўрнини майин, ёқимли апрель куни эгаллаган, қуёшли ҳаво баҳор умидлари билан нафас оларди. Кечагина жанг даҳшати чулғаган кўчаларда унинг изларини сесканиш билан кузатганча бемалол айланиш учун кишида аллақандай иштиёқ бор эди, ўқлардан илма-тешик бўлган уйлар, у ер-бу ерда қотиб қолган қон изларига кўзимиз тушганда биз аёлларнинг ҳайратланишимиз, бундан ҳам кўра, эркакларимизнинг жасорати ва мардлиги олдида бош эгишимиз ўша иштиёққа аралашиб кетарди.

Ям-яшил кенгликларга етиш учун биз, дугоналар, сарой ва бозор майдонидан чиқиб, кўтарма ёнидан айланиб ўтдик, кейин Ильм томон юриб, унинг соҳили бўйлаб майсазор ва бутазор орқали ёлғизоёқ йўлдан бориб, дарахт пўстлоғидан ясалган уйча ёнидан ўтдик-да, Рим вилласига етдик. Топталган ўт-ўланлар, у ер-бу ерда қолиб кетган қурол ва мундир бўлаклари жанг, қочиш ва таъқиб қилиш шу ергача етиб келганидан гувоҳлик бериб турарди. Биз бўлиб ўтган ва эҳтимол яна бўладиган воқеалар, саксония шаҳарларининг руслар томонидан эгалланиши, Эрфуртдаги император истеҳкоми ҳамда бостириб келаётган прусслар ва руслар оралиғида қисилиб қолган Ваймардаги оғир муҳит, ҳерцог зоти олийларининг ноқулай аҳволи, улуғ князнинг бетараф Богемияга ва француз элчисининг Готага кетиши ҳақида сўзлашдик. Ёдимда бор, Август ҳақида, унинг отаси ҳақида ҳам гаплашдик, яқинларининг қистови билан шоир хавфли шаҳардан чиқиб кетган: кеча тонгда, Блюхер қўшинлари шаҳарга кириб келиши арафасида у извошда Карлсбадга жўнаб кетган, эҳтимол уларга дуч келган ҳам бўлиши мумкин.

Кимсасиз жойларда юришда давом этаверишдан қўрқдик ва орқага қайтмоқчи бўлдик, шу аснода ярим чақириқ, ярим инграшга ўхшаш овоз қулоғимизга чалинди, турган жойимизда қотиб қолдик. Қулоқ солиб турдик-да, сесканиб кетдик: йўл бўйидаги бутазор ичидан ўша нолиш, ўша чақириқ эшитиларди. Оттилия қўрққанидан қўлларимни қисиб олди, кейин қўйиб юборди, қўрқувдан титраганча, “ким у?” дея такрор-такрор сўраганча икковимиз гуллаган бутазор оралаб йўналдик. Бизнинг ҳайратимиз, ачинишимиз, довдирашимизни қай сўз билан ифодалай? Бутазор орасида, ҳўл ўтлар устида ниҳоятда кўркам йигит, ярадор жангчи, қаҳрамонона ҳужум иштирокчиси ётарди; жингалак малларанг сочлари чалкаш-чулкаш бўлиб бошига ёпишиб кетган, нозиккина кўркам юзидаги соқоли эндигина сабза урган, ёноқларидаги талвасали қизиллик манглайидаги сомондай сариқ рангпарликка даҳшатли тарзда зид эди, лойга булғаниб ярим қуриган жойлари қотиб қолган мундири ифлос бўлиб кетган, пастки томони ярим қотган қонга беланган эди. Даҳшатли, шу билан бирга, кўтаринки, қалбни ҳаяжонга солувчи манзара! Қаттиқ қўрқув ва ҳамдардлик билан унинг яраси, аҳволини суриштириб саволларга кўмиб ташлаганимизни сиз яхши тасаввур қилоласиз.

– Сизларни менга Худонинг ўзи етказди, – деди у дағал шимолий немис лаҳжасида, аммо ҳар бир ҳаракат қилганида оғриқдан чиройли юзи буришиб кетганида такиллаган тишлари орасидан ҳавони тортарди. – Кечаги олишув чоғида бўксамга ўқ тегиб, бирданига оёғим ишламай қолса бўладими, вақтинча одатдаги тикка туриб юришдан воз кечишимга тўғри келди, бу ерга эмаклаб етдим, бу ер бугун кечки ёмғир томчилашидан бироз зах тортган демаса, анчагина қулай, кеча эрталабдан бери шу ерда ётибман, яхшиси тўшакда ётсам бўлардику-я, андак иссиғим ҳам борми дейман.

Қаҳрамонимиз ўз аянчли аҳволини мана шундай, талабалардек баён қилди. У ростдан ҳам талаба экан.

– Ҳайнке, Фердинанд, – деди у чучук тилда. – Бреслаулик юрист, кўнгилли егер. Хонимлар энди мени нима қилишмоқчи?

Дарҳақиқат, нимадир қилиш керак, бундай пайтда дарҳол тўғри маслаҳат топила қолмайди. Бу саргузаштдан довдираб қолишимиз, эркатойимиз, прусс қаҳрамони билан учрашувимиз, дабдурустдан, шундоқ яқин, моддий, бесаранжом воқеликда мешчанларга хос Ҳайнке исмли бу йигитнинг олдимиздан чиқиши бизни эс-ҳушимиздан, аниқ бир қарорга келишдан маҳрум қилган эди. Нима қилмоқ керак? Иккита ёш қизнинг кўз олдида ётган, бўксасидан яраланган, бунинг устига беҳад чиройли йигитга қўл теккизишдан тортиниб туришларини сиз тушунасиз, албатта. Уни кўтариб олиб кетайликми? Қаёққа? Французлар билан тўлиб-тошган шаҳарга олиб боролмаймиз-ку ахир. Ҳар қандай яқинроқ, вақтинчалик бошпанага ҳам, майли у дарахт пўстидан ясалган уй бўлақолсин, етиб боришга на унинг, на бизнинг кучимиз етмасди. Тўғри, унинг гапига қараганда, ярасининг қони тўхтаган, лекин оёғи қаттиқ оғрирди, биз суяган тақдиримизда ҳам ўзи юриши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. Бизнинг қўлимиздан келадигани қаҳрамонни шу жойда, бирорта бутанинг панасида қолдириш, – у ҳам шу фикрда эди – шаҳарга зудлик билан қайтиб бориб, ишончли кишиларга топилдиғимиз ҳақида хабар бериш ва бамаслаҳат керакли ёрдамни уюштириш эди, холос. Ёлғиз иккаламизнинг қўлимиздан бир иш келиши қийин эди. Фердинанд қўлга тушиб қолишдан қўрқарди, миясида нуқул тезроқ тузалиб, душманнинг бошини янчиш, Ватанни озод қилиб, Парижнинг кулини кўкка совуриш учун қайта хизматга ва жангга киришиш хаёли ҳукмрон эди.

Уни қутқазиш йўлидаги қийинчиликларга қарамасдан, у мана шу режаларини ияги совуқдан титраб баён қилди. Уни қийнаётган чанқоққа қарши Оттилия сумкачасидан бир нечта ялпизли конфет олиб берди, у буларни дарҳол ҳузур қилиб сўришга тушди. Ёнимда олиб юрган ҳидлайдиган тузли шишачани у эркакларга хос ғурур билан рад этди, аммо елкамизга ташлаб олган шол рўмолларни олди, биттасини ёстиқ қилдик, иккинчисини устига ёпиб қўйдик, хайрлашаётиб у бизга шундай деди:

– Ҳа, энди хонимлар, нима қилсанглар қилингларки, мени шу ботқоқликдан қутқазинглар! Афсуски, сизлар билан мулоқот қилишдан ҳозирча маҳрумман.

Ҳаёт ва мамот ўртасидаги қаҳрамон борган сари бўшашиб шу сўзларни айтди. Биз кетиш олдидан унга тиззаларимизни букиб хайр-хўш қилдик, у бунга жавобан оёқларини бир-бирига уриб салют бергандек ҳаракат қилди ва биз кетдик.

Шаҳарга қандай етиб келганимизни тасвирлашга сўз ожиз. Қувонч, қўрқув ва кўтаринкилик қанотида бўлсак-да, бирор одам бунақа ҳис-ҳаяжонни пайқаб қолмаслиги учун ўзимизни қўлга олишимиз лозим эди. Бу ажойиб инсонни асраб қолиш режасини ўзимизча тузишга қурбимиз етмасди. Уни иккинчи кеча очиқ осмон остида ўз ҳолича қолдирмаслик ва бирор бошпанага жойлаштириб, яхши парваришни ташкил этиш – гангиган миямизда кезаётган ягона фикр шу эди. Шу билан бирга, унга қарашда ўзимиз ҳам албатта иштирок этишимиз зарур, деган қатъий қарорга келдик.

Оналаримизни сиримиздан воқиф қилиш фикри туғилди, аммо биз уларнинг кўмагига ишончимиз комил бўлса-да, улар қандай маслаҳату қандай ёрдам беришлари мумкин эди? Эркакларнинг мададисиз ишимиз битмасди, қарашлари биз билан мос инсон, камерҳер жаноб фон Шпигелга маслаҳат солишга қарор қилдик, у ўша ҳалокатли прусс ҳужумининг ташкилотчиларидан бири эди, шубҳасиз, ўша тўқнашув қурбонларидан бирига ёрдам беришдан бош тортмасди. Айнан ўша кунлари у озодликда эди, у ва унинг дўсти Фойт бир неча кун кейинроқ бир манфаатпараст қўшнисининг чақуви орқасида қамалишди, икковлари ҳам, агар Ваймарга келган Наполеон ҳерцогиня Луизага ҳурмати туфайли уларнинг гуноҳидан ўтмаганида эди, таптортмас ватанпарварликлари боис бошларидан жудо бўлишарди.

Бу энди шунчаки омади гап. Бундан кейин майда-чуйда деталларга тўхтаб ўтирмайман; қисқаси, фон Шпигель ишончимизни оқлади ва зудлик билан, бор кучини ишга солиб, зарур чораларни кўрди. Махфий тарзда паркка бўлак-бўлак қилинган замбил келтирилди, қисқа муддатда қуруқ кийим-кечак, егуликлар билан таъминланди, жарроҳ ярадорга биринчи ёрдам кўрсатди, қош қорайган пайтда фуқаро кийимидаги йигит шаҳар чеккасидаги Бастилия деб аталадиган саройга ҳеч бир қаршиликка учрамайгина келтирилди, камерҳер бошқарувчи билан келишиб, у ернинг чордоғидаги хоначани унга бошпана сифатида тайёрлаб қўйган эди.

Бутун дунёдан панада бизнинг мард дўстимиз бир неча ҳафта касаллик билан олишди, нега десангиз, йирингли яра устига зах жойда ўтказилган ёмғирли кеча туфайли қаттиқ йўтал билан бирга, катар[18] орттириб олган, оқибатда иситма ва оғриқ зўрайиб кетган эди. Агарда бемор ёш, яхши феъл-атворли, ҳамиша қувноқ кайфиятда бўлмаганида, тезроқ янгидан жангга киришиш иштиёқи билан ёнмаганида, доктор қийин аҳволда қолган бўлар ва эсон-омон тузалиб кетишига ҳеч қандай кафолат бўлмасди. Бемордан тинмай хабар олиб турган доктор ва уни егуликлар билан таъминлаб, парвариш қилиб турган бошқарувчининг меҳнатларини бўлишиш мақсадида Оттилия икковимиз ҳар куни лиқиллаб турган зинапоядан унинг хоначасига кўтарилардик, унга вино, шакарга ботирилган мевалар ва бошқа тансиқ нарсалар келтирардик, қизиқарли китоблар олиб келиб ўқиб берардик, аҳволи дуруст бўлса, у билан гап сотишиб ўтирардик, унинг учун хатлар ёзардик. У бизни ўз халоскор фаришталари ҳисобларди, негаки унинг мулоҳазакор-беғараз руҳдаги феъл-атвори ортида юмшоқ қалб яширинган эди. Агар у бизнинг эстетик қарашларимизга қизиқиш билдирмай, улар устидан кулса, хаёлида ўз ҳуқуқшунослиги, Ватан ташвиши ва тезроқ соғайишидан ўзга фикр бўлмаса, унда биз бажонудил тан оламиз: модомики шеърият ўз вужудингда мужассам экан, унинг устидан кулсанг, уни тушунмасанг ҳам майли – биз учун бу чиройли, очиқкўнгил, олийжаноб инсон шеъриятнинг чинакам тимсоли, орзу-умидларимизнинг рўёби эди. Бир куни, унинг ҳузуридан чиқиб, зинапоядан тушаётганимизда Оттилия мени жимгина бағрига босди, мен ҳам бунга жавобан уни қучоқлаб қаттиқ ўпдим, бу изҳордан ўрта асрдан қолган зинапояда ҳаётимиз қил устида қолиши мумкин эди.

Бу ҳис-ҳаяжон ва кўтаринкиликка тўла ҳафталар эди; улар бизнинг қизлик ҳаётимизга ажойиб мазмун олиб кирди, негаки бир неча ташвишли кунлардан сўнг ёш қаҳрамоннинг борган сари соғаяётганини кўриш қувончли эди, унинг ҳаётини сақлаб қолиш бизнинг ватан олдидаги хизматимиз эди-да. Биз худди туғишган опалардек қувончимизни, шу билан бирга, ёқимтой тарбияланувчимизга нисбатан қалбимизда туғилган ҳиссиётларимизни бир-биримизга изҳор қилардик. Иккаламизнинг қалбларимиздаги раҳм-шафқат ва ватанпарварликка яна қандайдир нозик, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган туйғулар аралашганини ўзингиз сезиб, билиб оласиз; менинг ҳис-туйғуларим бу ерда ҳам жозибали Оттилиянинг туйғуларига йўлбошчилик қилди, яъни уларга ён берди – шундай бўлиши керак эди. Мен шўрликкинага Фердинанднинг оддийгина ташаккури насиб қилди, холос. Аммо унга ярашиб турган руҳан камсуқумлиги, шундан келиб чиқадиган фазилатларга тўлиқ бепарволиги – мен буларни ташқи гўзаллик билан алмаштирдим-да, аввал бошиданоқ ҳеч нарсага умид боғламай, бу романда бор-йўғи ишончли киши роли билан чекланиб ақлли иш қилдим. Менинг табиатим унга қаршилик қилмади, рашк қилишдан мени нафақат дугонамга бўлган муҳаббатим, нафақат унинг нафосатидан дўстона фахрланишим, нафақат Фердинанднинг икковимизга ҳам бир хил муомалада бўлгани сақлаб қолди; мен инсон қалбига хос кечирувчанлик билан сезардимки, у ҳеч қачон дугонамга нисбатан дўстона-эркин оҳангни ўзгартирмайди; бундан ташқари, тағин бир учинчи фикр ҳам менга кўмакка келди: яъни бу янги, кутилмаган ҳодиса Оттилияни Август фон Гёте билан сирли, бахт келтириши гумон бўлган иттифоқдан чалғитиши мумкин эди. Шунинг учун у менинг бўйнимга осилиб, Фердинандга нисбатан туйғуларида қандайдир ўзгача, қалбида шу пайтгача туғилмаган нимадир борлигини, ҳаёт унга дўстлик билан чинакам муҳаббатни фарқлашни ўргатганини изҳор қилганида беҳад хурсанд бўлганимни, қониқишимни яшириб ўтирмадим. Ҳайнкенинг дворянлар тоифасидан эмас, балки силезиялик оддий мўйнафурушнинг ўғли эканлигини, Оттилия фон Погвишга мутлақо жуфт бўлолмаслигини билиб қувончим сўниб қолди. Шуни анг­лаб етгани учунгина у Оттилияга нисбатан дўстона-эркин муносабатини ўзгартирмадими ёки ўзга сабабданми, бу энди бошқа масала.

Фердинанднинг соғайиши арафасида асилзодалар фасли ниҳоясига етди, гарчи театр эшиклари ҳали очиқ бўлса-да, бироқ саройдаги, кейинги пайтларда фақат француз зобитлари етакчилик қилган тантанали зиёфатлар, баллар аҳён-аҳёндагина ўтказиладиган бўлди. Августни ҳам қишки пайтлардагига нисбатан камроқ кўрардик, паркдаги учрашув ва сайрлар бутунлай тўхтамаган бўлса-да, анча камайган, негаки отасининг сафарга кетгани боис уйдаги ишлари кўпайган эди. Фердинанд воқеаси ғамхўрлик билан сир сақланди, бир нечта шундан хабардор кишилардан ташқари каптархонадаги топилдиғимизни ҳеч ким билмасди. Бироқ Оттилия бу ҳақда камер-ассессорга айтиш истагини ҳис этди – аввало, дўстлик ва ўзаро ишонч юзасидан, кўпроқ, эҳтимол менга шундай туюлгандир, қани у бизнинг саргузаштларимизни қандай қабул қиларкин, юзида қандай ўзгариш бўларкин, деган қизиқувчанлик туфайли. У бу хабарга бепарво қаради, айниқса, Ҳайнкенинг оддий фуқаро оиласидан эканлигини билгач, ҳатто масхаралади. Бу унинг деярли қизиқиш билдирмаганини, тўғрироғи, воқеадан ўзини четга олишни истаганини англатарди, шу боисдан бу ҳақда жуда кам, тасодифан гапирилмаса, умуман тилга олинмасди, Август қаҳрамонимизнинг соғайиши ва бу шаҳарда уч-тўрт кун бўлиши ва тез орада кетишидан атайлаб бехабар эди ёки кам биларди.

Бу ҳикоям билан мен воқеаларнинг боришини олдиндан пайқадим. Фердинанд биз кутганимиздан ҳам тезроқ тўшакдан турди ва оёғини машқ қилдириб, кулбачаси бўйлаб қўлтиқтаёқда юра бошлади. Ёқимли баҳор қуёши унинг халоскор қамоқхонасига фақат туйнук орқали мўраласа-да, ўз ишини қилди, уни руҳлантирди ва жонлантирди, баҳордан янада кўпроқ завқлансин учун турар жойни ўзгартиришга қарор қилишди: бошқарувчининг Кегельплацда, сарой сайсхонасининг орқасида этикдўзлик устахонасини юргизиб турган жияни ўша ердаги битта хонани бизнинг беморимизга беришга рози бўлди ва дастлабки июнь кунларидан бирида у романтик бошпанасидан ўша ёққа кўчиб ўтди, у ерда дарё бўйида скамейкада ўтирволиб қуёшда исиниши, яшил кенгликларни, Овчилар уйчаси атрофидаги дарахтзорларни, Тифурт хиёбонини завқланиб томоша қилиши мумкин эди.

Ўша кунлари бахтимизга вақтинчалик сулҳ тузилиб, ёзнинг охиригача бўлса-да, тарихий воқеаларда танаффус насиб этди, мен афсуски демаяпман, чунки ундан кейин юз берган воқеалар даҳшатли қийинчиликлар ва изтироблар ичра кечган бўлса-да, озодлик ва шон-шуҳратга етказди. Бу орада шаҳримиздаги ҳаёт анча изга тушиб қолди, ҳарбийларни жойлаштиришнинг охир-кети кўринмаса-да, буни ҳам бир амаллаб уддаладик. Аслзодаларнинг ўйин-кулгилари, ҳар замонда бўлсаям баҳорнинг охирларига келиб яна бошланди, ёноқларига қон югуриб, анча тўлишган бизнинг жангчимиз фуқаро кийимида эҳтиёткорликни қўлдан чиқармай ўйин-кулгиларда иштирок этиб турди: менинг онам, Оттилиянинг онаси, Эглоффштайнлар ҳузурларида, фон Вольцоген хонимнинг салонида ва бошқа уйларда қаҳрамонимиз билан бирга кўплаб қувончли, шу билан бирга, мазмунли соатларни ўтказдик, ёшлик гўзаллиги ва рицарларга хос эркинлиги туфайли ҳамма жойда уни ҳурмат билан қучоқ очиб кутиб олишарди. Чунончи, доктор Пассов унинг учун ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам уришга тайёр эди, чунки унда ўз таълимотининг моҳиятини, яъни эллинларга хос гўзаллик билан ўз юртига хос жанговар эрксеварликнинг уйғунлигини кўрди.

Фердинандга келсак, у ҳамма билан бир хил қувноқ муносабатда бўлар, биз билан, яъни Оттилия билан муомаласи жаноб фон Гётенинг рашкини қўзғаши даргумон эди, худди тун билан кундек бир-биридан фарқ қиладиган бу икки йигит бирор кун учрашиб қолишадиган бўлса ҳам Оттилия бунга йўл қўймаган бўларди. Аниқки, у қаҳрамонимизга нисбатан қалбида туғилган ҳис-туйғулар учун тунд ошиғи олдида ўзини айбдор сезарди, буни у дўстлик бурчига хиёнат деб биларди, уларнинг учрашувларидан унинг виждони қийналган бўларди. Бу воқеага шундай назар билан қарашга ундаган маънавий маданияти мени ҳар қанча ҳайратга солса ҳам, барибир, хавотир ичида шу хулосага келдимки, менинг умидларим ушалмайди ва Ҳайнке воқеаси Буюкнинг ўғли билан боғланган ришталарни узмайди.

– Ҳа, Адель, – деди у менга бир куни, кўк кўзлари хира тортиб, – мен Фердинанд тимсолида бахт, зиё, қалблар уйғунлигини тушуниб етдим. Бироқ уларнинг таъсири қанчалик улуғвор бўлмасин, биздаги олийжаноб­лик олдига зулмат ва изтироблар қўядиган талаблар анча чуқур, қалбим тубида мен ўз қисматимни кўряпман.

– Сени Яратганнинг ўзи асрасин, азизам! – дея олдим, холос, баайни дийдаси қотиб қолган қисматга дуч келгандек, ичим музлаб кетди.

Ҳайнке кетди. Биз уни яна кўришимиз лозим эди, лекин бу гал, етти ҳафта биз билан бўлгач, дастлаб ўз юрти Силезияга, мўйнафуруш оиласидаги яқинларини кўриш учун жўнаб кетди, у ерда ярасининг тўлиқ тузалишини кутиб, кейин дарҳол тағин армияга ўзини отмоқчи эди. Оттилия икковимиз бу йўқотишга аччиқ кўз ёши тўкдик, аммо икковимиз бундан буён у билан дўстлигимизни мудом хотирамизда сақлаймиз, дея бир-биримизга қасамёд қилдик. Унда бизнинг идеалимиз, “Лира ва қилич” қўшиғида куйланган алангали немис йигити бутун қони-ю, тани билан ўз мужассамини топган эди, қон ва тан идеалга ҳамиша зид бўлганлиги ва эс-ҳушни жойига келтириб қўювчи таъсири борлиги боис, очиғини айтадиган бўлсам, айрилиқнинг ўзига яраша хайрли томони ҳам бор, у бутун софлиги билан намоён бўлишда идеалга имкон яратади. Охирги пайтларда Фердинандни биз оддий фуқаро кийимида кўрган эдик, энди эса у хаёлимизда, биз уни илк марта кўрганимиздагидек фахрий ҳарбий либосда жонланарди – мундоқ ўйлаб қарасанг, ҳарбий форма эркак кишининг обрў-эътиборини ошириши – бу, катта имтиёз. Қисқаси, унинг тимсоли бизнинг тасаввуримизда кундан-кунга ёруғроқ бўла борди, бошқасининг, яъни Августнинг тимсоли эса, ҳозир буни билиб оласиз, борган сари қора булут билан қопланарди.

Учинчи августда вақтинчалик сулҳ тугади, бу орада Пруссия, Россия, Австрия ва Англия француз императорига қарши бирлашиб олишди. Ваймаримизга прусс лашкарбошилари Блюхер, Бюлов, Клайст, Йорк, Марвиц, Тауерцинларнинг ғалабалари ҳақида узуқ-юлуқ хабарлар келиб турарди. Фердинандимиз ҳам қаердадир шу ғалабаларга ҳисса қўшаётгандир, деган фикр қалбларимизни ғурур ҳиссига тўлдирарди, бироқ, эҳтимол Ватан учун тўкилган унинг ёш қони яшил кенгликларни қизилга бўягандир, деган хаёл дилларимизни хира қиларди. Биз деярли ҳеч нарса билмасдик. Шимолий ва шарқий варварлар яқинлашиб келишмоқда – биз билган хабарнинг бор-йўғи шу эди. Улар қанчалик яқин келишса, “варвар” деган ном шунчалик кам тилга олинарди, французлардан кескин юз ўгирган аҳоли ҳамда аслзодаларнинг умид ва ҳурмат-эътиборлари уларга шунчалик кўп қаратиларди: қисман шунинг учунки, одамлар шарқий жангчиларда ғолибларни кўра бошладилар, уларни итоаткорлик билан олдиндан юмшатишга умид боғладилар, аслида бунинг сабаби шуки, одам деганлари қарам мавжудот, у мавжуд шарт-шароитлар ва воқеалар билан ички уйғунликда яшаш талабига бўйсуниб келган, энди бўлса, қисматнинг ўзи одамларни аввалги қарашларини ўзгартиришга ундади чоғи. Шундай қилиб, маданиятга қарши қуролланган варварлар бир неча кун ичида халоскорларга айланиб қолишди, уларнинг ғалабалари ва муваффақиятли ҳужумлари Ватан ва озодлик учун оммавий кўтаринкиликнинг ва француз босқинчиларига қарши нафратнинг юзага чиқишига йўл очди.

Октябрнинг ўрталарида Ваймар кўчаларида қўрқув аралаш ҳаяжон билан казакларни кўрдик. Француз элчиси қочиб кетди, агар унга бемалол жўнаб қолишга изн берилган бўлса, бунинг сабаби фақат шундаки, қисмат нимани ҳозирлаётгани ҳали номаълум эди, куч ва муваффақият билан ҳамжиҳатликка эришиш учун ўзини қандай тутиш кераклигини ҳеч ким билмасди. Йигирма биринчи октябрга ўтар кечаси шаҳримизга беш юзта хунн отлиқлари бостириб киришди ва уларнинг қўмондони, Гайсмир деган одам, шапкасини қулоғигача бостириб кийиб олганча тунда саройда, ҳерцогнинг тўшаги ёнида туриб, унга иттифоқчиларнинг Лайпцихдаги ғалабаси ҳақида хабар қилади. Уни шоҳ Александр ҳерцог оиласини ҳимоя қилишга юборганини айтади. Шунда зоти олийлари кимнинг фурсати етганини, ақлли ҳукмдор воқеалар устидан ҳукмронликни қўлдан чиқармаслик учун ўзини қандай тутиши кераклигини англаб етди.

Азизим, бу қандай кунлар эди-я! Шаҳарнинг теварак-атрофида кетаётган жангларнинг шовқин-сурони даҳшат солиб кўчамизгача етиб келган эди. Французлар, райнликлар, казаклар, прусслар, мадьярлар, кроатлар, славенлар – ёввойи башаралар алмашинар, бунинг ниҳояси йўқдек эди, французлар Эрфуртга чекиниб, қароргоҳларини ташлаб чиқишга улгурмаслариданоқ у ерни иттифоқчилар эгаллаб олишди, бизнинг устимизга тураржойталаб ҳарбийлар ёғилишди, каттами-кичикми, ҳар бир хонадонни ҳаддан ташқари оғир талаблар билан эгаллаб олишди. Одамлар билан тўлиб-тошган шаҳар қанча-қанча дабдаба-ю, улуғларни кўрмади дейсиз. Россия ва Австрия подшолари, прусс валиаҳд шаҳзодаси саройни эгаллаб олишган; кўп ўтмай канцлер Миттернах ҳам қўшилди, ҳаммаёқда амалдорлар ва генераллар ғиж-ғиж эди, ҳеч нарса талаб қилиб бўлмайдиган энг камбағаллар бор-йўғи томоша билан чекланишарди, холос. Биз, бир чеккада сиқилиб қолганларнинг эса ош-овқат ташишдан бошқа ишимиз йўқ эди, ҳамма иш билан, сон-саноқсиз талабларни бажариш билан банд бўлганлигидан, нафас олишга вақти бўлмас, шу боисдан қўшниси ҳақида қайғуришга ҳеч кимнинг кучи етмас эди, биз одатда, юртдошларимизнинг аҳволидан жуда кечикиб хабар топардик.

Гарчи кўргиликлар юки кўринишдан ҳамманинг елкасига бирдек тушаётган бўлса-да, бахтсизлик ва жабр-зулм бошига тушган одамлар орасида фарқ бор эди: умумий ватанпарварлик ишининг ғалабаси учун қувонаётганлар бу қийинчиликларни осонроқ, қувноқроқ бошдан кечиришарди. Бу ғалаба казаклар, бошқирдлар, шарқлик гусарлар, ёввойи, тартибсиз дўстлар мадади билан қўлга киритиладими, бунинг фарқи йўқ эди. Ғалаба барча азоб-уқубатларни қайта-қайта ювиб кетар ва уларга бардош беришга куч бағишларди. Менинг онам ва Оттилиянинг онаси ҳам ўз хонадонларида генераллар ва уларнинг адьютантларини сақлаш, уларга хизмат қилишга мажбур бўлишди, бизлар, уларнинг қизлари, том маънода бу гердайган жанобларнинг чўриларига айландик. Суюкли дугонам пруссларга бўлган ҳурматини энди ортиқ яширишга мажбур эмас эди. Ҳар қанча азобларга қарамасдан, қувончдан яйраб-яшнаб юрар, кўпинча, тушкунликка тушиб юрадиган мени ҳам улуғ, ёруғ кунлардан ўзи билан бирга завқланишга мажбур қилар, бу кунлар иккаламизга ҳам севимли, ёрқин сифатларни, яъни биз қутқарган, ҳозир биз билмайдиган манзилларда озодлик учун қонли курашни ниҳоясига етказишда кўмакдош бўлган қаҳрамон йигит сифатларини бахш этди. Анча-мунча бежаб-бўяб кўрсатилганига қарамасдан, жамоатчилик, умумхалқ кайфиятидан андак фарқланадиган бизнинг туйғуларимиз, аҳволимиз ҳақидаги гаплар мана шулар. Оттилиямни  ғайриоддий, юрагимга ҳамиша қўрқув соладиган муносабатлар боғлаб турган машҳур хонадондаги аҳвол бутунлай ўзгача эди! Германиянинг улуғ шоири ўша кезларда шаҳардаги, ҳерцогликдаги, эҳтимол, юксак туйғулар чулғаган бутун мамлакатдаги энг бахтсиз одам эди. Олтинчи йилда унинг бахтсизлиги бунинг ярмича ҳам бўлмаган эди. Ҳурматли баронессамиз Штайн уни тушкунликка тушган деб ўйлади. У ҳаммага ўзи билан сиёсий мавзуда гаплашмасликни маслаҳат берарди, чунки юмшоқ қилиб айтганда, Гёте ялпи қувонч, завқ-шавққа қўшилмасди. Бизнинг қайта тикланиш йилимизни, чинакам аҳамиятли, тарихимизда ярқираб турадиган йилни у “ғамгин”, “энг даҳшатли” йил деб ҳисоблади. Аслида, бу йилнинг рад қилиб бўлмайдиган даҳшатлари ҳаммамиздан ҳам кўра унга камроқ дахл қилди. Апрелда, уруш саҳнаси бизга яқинлашиш хавфи туғилган, прусслар ва руслар теварак-атрофни эгаллаб олиб, Ваймар уруш алангаси, талон-торож исканжасида қолиш арафасида турганда, Август билан онаси олтмиш уч ёшли, гарчи ҳали бақувват бўлса-да, тез-тез оғриб турадиган, аллақачон тинч, хотиржам ҳаётга одатланиб қолган одамнинг олтинчи йилгидан ҳам баттарроқ азобларга дуч келишини исташмади. Улар уни зудлик билан ўзининг севимли манзили Богемияга, Теплицга жўнатиб юборишди, у ерда бемалол хотираларининг учинчи жилдини охирига етказиши мумкин эди. Бу пайтда она-бола даҳшатли кунларни кутиб олиш учун уйда қолишди. Буларнинг ҳаммасига майли деймиз, ҳеч бир эътирозим йўқ, мен-ку эътироз билдирмайман. Унинг жўнаб кетганини қоралайдиган, буни каттакон жанобнинг худбинларча ўзини авайлаши деб ҳисоблайдиган одамлар бор эди. Бироқ шундоққина Ваймар бўсағасида унинг извошини учратган ва “Фауст” ижодкорини дарҳол таниган Блюхер армияси уни шунчаки сайр қилишга кетаётгандир, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Улар уни ўраб олишиб, ҳеч нарсадан хабарлари йўқ шоирдан қуролларига оқ фотиҳа беришни чин кўнгилдан илтимос қилишган, бироз қаршилик кўрсатиб тургач, у илтимосларини бажарган – зўр манзара-а, нима дедингиз? Фақат жиндак қийин ҳолат, унинг тагида ётган озгина тушунмовчилик дастидан бироз оғир.

Ёзнинг охиригача шоиримиз Богемияда бўлди. Кейин, у ерда ҳам нотинчлик бошлангач, уйга қайтди, бор-йўғи бир неча кунга, холос; жануби-шарқдан Ваймарга австрияликлар яқинлашаётганини эшитгач, Август уни яна сафарга жўнатиб юборди: у Илменауга кетиб, у ерда сентябрнинг бошларигача турди. Ўшандан буён у орамизда яшаяпти, уни қадрлайдиган ҳар бир одам айтиши мумкинки, барчамизнинг бошимизга тушган уқубатларга у ҳам тенгма-тенг бардош берди. Бу келгиндиларни жойлаштиришнинг энг оғир даври эди, ҳамма тинчлик-осойишталик тилаган унинг башанг уйи ҳам карвонсаройга айланган эди: ҳафта давомида уникида ҳар куни йигирма тўрт киши овқатланарди. Уникида Австрия артиллерия бошқармаси бошлиғи граф Колларедо турарди. Эшитган бўлсангиз керак, ўз вақтида бу ҳақда кўп гапирилди: аллақандай ғофилликданми ёки атайлабми, эҳтимол шунга ишонишганми, граф ва Гётега ўхшаган улуғлар омманинг қизиқишларига бегона бўлган, алоҳида муҳитда яшашади, дейишаркан-а? – Гёте графни кутиб олиш учун Фахрий легион орденини тақиб чиққан, “Фу, жин урсин! – дея хитоб қилган Колларедо. – Шунақа нарсани ҳам одам тақиб юрадими?” Гётега шундай деган-а! У графга ҳеч нарса демаган. Аммо кейин бошқаларга: “Нима, энди император урушда енгилди, деб у берган орденни тақмайинми?”, деганини эшитишган. У ва эски дўстлари бир-бирларини тушунолмай қолишди. Австрияликдан сўнг уникига вазир фон Ҳумбольд келди, бу унинг руҳан яқин, йигирма йиллик дўсти, эски удумларга риоя қилишда Гётедан ҳам ошиб тушадиган космополит, ўз юртидан кўра чет элларда яшашни афзал кўрадиган одам. Олтинчи йилдан бошлаб Ҳумбольд пруссияликка, одамлар айтганидек, бошдан-оёқ яхшигина пруссияликка айланди. Наполеон шундай қилди. У немисларни тубдан ўзгартирди, унга қойил қолиш керак. Холис ниятли қарашларнинг сутини аждаҳонинг куйдирувчи қонига айлантирди, бўшанггина гуманист фон Ҳумбольдни шиддаткор ватанпарвар ва озодлик учун курашчига айлантирди. У бизнинг қарашларимизни ўзгартириб, ўзимизни ўзимизга қайтарганини Цезарнинг айби деб ҳисоблаймизми ёки хизмати дебми? Билмай қолдим.

Ўша пайтда Пруссия вазири билан буюк шоир ўртасидаги суҳбат тафсилотлари асилзодаларнинг қулоғига етиб келиб, оғиздан-оғизга ўтган. Берлин ҳавосидан тўйиб шимирган Ҳумбольд Шиллер ва Гётенинг ўғиллари ҳам ёш Кернерга ўхшаб қилични қўлга олиб, умумнемис ишининг ҳимоясига киришишса керак, деб баҳордан бошлаб кутган эди. Энди бўлса, у эски дўстининг кайфияти ва Августнинг режаларини суриштириб билиб олганидан сўнг ҳамма беҳад улуғ, беҳад ажойиб деб ҳисоблаган буниси тунд бепарволик билан, униси аянчли ғазабнок ишончсизлик билан қарашларини билиб олди. “Озодлик? – сўради у Ҳумбольддан аччиқ киноя билан. – Бу ҳалокатга элтувчи озодлик. Бундаги дори-дармон касалликдан ҳам ёмонроқ. Наполеон енгилдими – э, йўқ, ҳали бунгача бориб етгани йўқ. Тўғри, у ҳозир заҳарланган буғуга ўхшайди, лекин бу ҳолатдан юпанч топаяпти, бир кун келиб итлар тўдасини елкасидан ирғитиб ташлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айтайлик, енгилди – хўш, кейин-чи? Халқ уйғонди ҳам дейлик, нима қилиш кераклигини ўзи биладими? Буюк инсоннинг ҳалокатидан сўнг нима юз беришини бирорта одам англаб етадими? Французлар эмас, руслар бутун дунёга эгалик қилсинми? Казакларнинг Ваймарда туриши ҳам, бундоқ олиб қарасанг, кўнгилга ўтиришадиган ҳолат эмас. Ёки уларнинг қилаётган ишлари французларникидан афзалроқми? Душмандан кўра ўз дўстларимиз бизни кўпроқ қийнашаяпти. Аскарларимизга зўр-базўр етиб бораётган от-араваларни улар тортиб олишмоқда, жанг майдонидаги ярадорларимизни иттифоқчилар талашмоқда. Бу ҳақиқатни сентиментал сўзлар билан бўяб-бежашмоқда. Сиёсатдан бели букилган халқ, шу жумладан, унинг шоирлари ҳам ёқимсиз, мутлақо ярамас бир асабий ҳолатга тушиб қолган. Қисқаси, бу даҳшатли ҳолат!”

Ҳурматли хоним, дарҳақиқат, бу даҳшат эди. Энтузиазмни ўсал қиладиган нарса шу эдики, улуғ шоирнинг ваҳимаси кундалик барча воқеаларни, уларнинг моҳиятини қамраб олган эди. Ҳақиқатдан ҳам, французларнинг чекиниши ва уларни таъқиб қилиш хунукдан-хунук вайронагарчилик ва ялпи қашшоқлашувга олиб келди. Энди шаҳримизда ғўдайган прусс полковниги, шунингдек, рус ва австриялик лашкарбошилар хўжайинлик қилишар, халқ шу ерда яшаётган ҳамда ўтиб кетаётган турли миллат ҳарбийлари жабр-зулми остида эзилиб кетган эди. Қамалдаги Эрфуртдан бизнинг лазаретларимизга ярадорлар, майиб-мажруҳлар, иситма ва дизентерия билан оғриганлар оқиб кела бошлашди, кўп ўтмай эпидемия шаҳар аҳолиси ўртасида ҳам тарқалди. Ноябрда бизда беш юзта терлама билан оғриганлар бор эди – бу олти минг аҳолиси бўлган шаҳардаги аҳвол! Врачлар етишмасди, ҳамма докторларимиз касал бўлиб ётиб қолишган эди. Ёзувчи Йоҳаннес Фальк бир ойда тўртта боласидан айрилди, сочлари оқариб кетди денг. Айрим хонадонларда эса бирорта жон зарар кўрмади. Касаллик юқтиришдан қўрқув, ваҳима ҳаммамизни ерга михлаб қўйди. Ҳар куни икки марта шаҳар қайнатилган мум билан дудланарди, шунга қарамасдан кўчаларда тобутлар ва мурдалар ортилган араваларнинг кети узилмасди. Очлик туфайли ўз жонига қасд қилганлар кўпайиб кетди.

Воқеаларнинг ташқи томондан кўриниши, таъбир жоиз бўлса, ҳақиқий аҳвол мана шундай эди, кимки ундан юқори кўтарилиб, Ватан ва озодлик идеалларини чуқур ҳис этолмаса, шўри қуриди. Ҳар қалай бу кўпларнинг қўлидан келди: профессор Луден, Пассов, Оттилия ҳаммага ўрнак бўлди. Шоирлар султонининг бундай идеалларни ҳис этолмагани ва буни  истамагани ҳам ташвишларимиз ичидаги энг аччиғи эди. Унинг нуқтаи назарини ўғлига қараб аниқ билар эдик – ахир у ҳамиша отасининг акс садоси эди-да, отасининг фикрларини бу тахлит болаларча кўр-кўрона такрорлашида кўнгилни аллақандай юмшатадиган, шу билан бир вақтда, ғайритабиий, одамни титратадиган алланима бор эди, сўзлари билан бизни ранжитгани ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Отасининг Ҳумбольдга ва бошқаларга давримиздаги ғам-алам, адашишлар ҳақида, шунингдек, ундаги бемаънилик ва майнавозликлар ҳақида айтган гапларини гўё ўз фикридек дадил такрорлаганида, Оттилия бошини эгганча, аҳён-аҳёнда нигоҳини унга қаратиб, кўзлари ёшга тўлиб тингларди.

Тўғри, одам истаса, оёққа қалқиган, эс-ҳушини йўқотган, оммавий қўзғалишдан ҳаяжонга тушган ва руҳан қашшоқлашган кишиларнинг аҳволидан бемаъниликлар ва кулгили ҳолатларни топса бўлади. Берлинда Фихте, Шлайермахер ва Иффланд тишларигача қуролланиб, қиличларини тош йўлга жаранглатиб урганча айланиб юришарди. Жаноб фон Коцебу, машҳур драматургимиз, амазонкалар гуруҳини ташкил қилмоқчи бўлди, Оттилия, агар имкон топса, ўшаларга жон деб қўшилишига ишончим комил эди, гарчи миям жойидалигида, бу фикр менга мутлақо ғайриодатий туюлаётган бўлса-да, эҳтимол, у мени ҳам ўзига қўшиб олган бўлармиди. У пайтда яхши дид етакчилик қилмасди, йўқ, кимки фақат унга, фақат маданият, мулоҳазакорлик, ўз-ўзига танқидий муносабатга диққатини қаратадиган бўлса, унга жуда қийин бўлади. Бундай одам, масалан, ўша вақтда дунёга келган, гарчи ўз даврида шунчаки ҳис-ҳаяжон қўзғаб, кўзларга ёш индирган бўлса-да, ҳозир ярамас туюладиган шеърларга эътибор қарата олмасди. Бутун халқ шеър ижод қилар, апокалипсис[19]лар, башоратлар ичра сузиб, уларга кўмилиб, нафрат ва қасоснинг қонли тўрига ўралашиб ётарди. Қандайдир руҳоний улуғ армиянинг Россиядаги мағлубияти ҳақида бутунлай ахлоқсиз сатира яратибди. Ҳурматли хоним, илҳомланиш – яхши нарса, аммо унда маданият белгиси мутлақо кўринмаса, ғоят шодланган фуқаро, тарихий фурсат унинг тубан инстинктларига йўл очиб берганлиги учунгина душманнинг иссиқ қонида чўмилаётган бўлса, бу энди, шубҳасиз, жуда ёқимсиз ҳолат. Тан олиш керак: яқиндагина уни кўрганлари заҳотиёқ қўрқув ва эҳтиромдан жон таслим қилишга тайёр инсон устидан кулиш, таҳқирлаш, ҳақорат қилиш мақсадида тўқилган қофиябанд оқимлар мамлакатни тўлдириши – бу энди ҳазилга ҳам, жиддийликка ҳам кирмайди, муҳими, мулоҳазакорлик ва одоб доирасидан мутлақо йироқ, устига-устак бундай памфлетлар золимдан кўра кўпроқ халқ ичидан чиққан инқилоб фарзандига, янги давр ижодкорига қаратилган эди. Бу қовушмаган, беибо, ҳақорат ва туҳматларга тўла “Келгинди Наполеонча” сингари ҳақоратномалар ҳатто Оттилияни ҳам хижолатдан лабини тишлаб қолишга мажбур қилди, мен буни сездим. Немис маданияти ва илмининг султони, Ифигениянинг куйчиси, ўз халқи ақл-идрокининг бундай аҳволидан қандай қилиб куюнмай ўтира оларди? “Қутурган Лютцовнинг[20] таъқиби”га ўхшамаган нарса билан ҳеч кимнинг бир пуллик иши йўқ” дея зорланарди у ўғлининг тили билан. Бундан биз озор чекдик, унинг қоғоз булғайдиган қонхўрлар билан бирга озодликнинг талантли куйчиларини, Клайст ва Арндни ҳам рад қилганини, уларнинг ижод маҳсулларини аҳмоқона намуна деб атаганини, афтидан, биз тушунишимиз зарур эди, ахир у ўз қаҳрамонининг ҳалокатига сабаб чек-чегарасиз тартибсизлик ва жаҳолат деб билди-да.

Кўряпсизки, улуғ инсонни қўлимдан келганча ҳимоялашга, унинг ўша кезлардаги совуққонлиги ва бепарволигини кечиришга уринаяпман – бундай қилишни жуда истаётганимнинг сабаби у ижодкор сифатида аллақачон оммадан бегоналашиб, маълум маънода масофа сақлашга одатланган бўлишига қарамай, ўз қарашлари билан яккаланиб қолиши ўзига ҳам анча-мунча ғам-ташвиш келтирган бўлса керак, деган ўйга бордим.

Бироқ у ўша пайтлар ўғли учун қилган иши, шусиз ҳам тунд феъл-атворли Августга – шу билан бирга, Оттилиянинг севгисига шундай оғир, шундай азобли оқибатларни келтириб чиқарганини кечиролмайман, ҳеч қачон кечиролмайман.

Гап шундаки, ўша улуғ ва даҳшатли йилнинг ноябри охирида ҳерцог прусслардан ибрат олиб, кўнгиллилар отрядлари тузиш учун халққа мурожаат қилди, Йена профессорлари ва талабаларининг жанговар кўтарилишлари бунга туртки берди, мушкетларни қўлга олишга зориқиб турганлар ҳерцогнинг маъшуқаси, гўзал Ҳайгендорф хоним, асли Ягеман, тимсолида жўшқин тарафдорни топишди – шуниси борки, ҳерцогнинг бошқа маслаҳатчилари бунга қарши бўлишди. Вазир фон Фойт бундай ёшлик оловини яхшиси ўчиришни маъқул ҳисоблади. Зиёли одамларнинг ҳарбийча юришлари маъқул эмас, буни деҳқон болалари ҳам қилишса бўлади, улар яхшироқ эплашади, деди у,  кўнгиллиларга қўшилаётган талабалар эса, жуда етук илмли, умидли ёшлар, уларни тўхтатиш зарур.

Шоиримиз ҳам шу фикрда эди. У кўнгилли отрядлар тузишга норози бўлди, фаворитка[21] ҳақида шунақа сўзларни ишлатдики, буларни сизга айтолмайман. Доимий хизматдаги аскарларни ҳурмат қиламан, деди у, лекин кўнгиллилар ҳаракати кичкина уруш, ўз жонини гаровга қўйиш дегани бўлади, армия сафларидан ташқаридаги ҳаракат – бу ўзига ортиқ даражада ишониш ва ўзбошимчалик. Баҳорда у Дрезденда Кёрнерларникида бўлган, уларнинг кенжа ўғиллари Лютцовнинг отлиқ аскарларига қўшилган, юрак-юрагидан императорга содиқ бўлган курфюрст[22]дан рухсат сўрамаган. Бу исёнкорликдан ўзга нарса эмас, ҳаваскор аскарнинг ўзбошимчалиги бошлиқларга ташвишдан ўзга нарса келтирмайди.

Буюк инсонимиз мана шунақа. Агар унинг мунтазам ва кўнгилли армияни қарама-қарши қўйиши бироз сунъий, бироз муболағали бўлса-да, юрагининг тубида у ҳамиша ватанпарварлик ишига қарши эди, барибир, битта нарсани тан олиш лозим: кўнгиллилар масаласида ғоя эмас, балки иш нуқтаи назаридан у тамоман ҳақ эди. Уларнинг таълим олиши ҳам юзаки бўлди, очиғини айтганда, улардан ҳеч бир наф келмади, амалда улар ортиқча бўлиб чиқишди. Кўнгиллилар орасида дезертирлар кўпайди, улардан чиққан зобитлар нўноқ эди, кўнгилли полкларнинг байроқлари одатда аслаҳахонада турарди, Франциядаги ғалабадан сўнг ҳерцог ёш йигитларни ташаккурнома билан уй-уйларига тарқатиб юборди ва шу билан уларнинг жанговар фидокорликлари ҳақидаги оммавий-поэтик тасаввурлар ҳисобга олинди. Ўтган йили Ватерлоода улар умуман чақирилмади. Булар энди майли. Энтузиазмдан йироқ бўлган шоиримиз бу ишни аниқ ва ҳушёр тасаввур қилса, агар у аввалбошданоқ кўнгиллилар ҳаракатига қарши бўлса, ишратпараст ва ҳарбий ишлар жинниси Ҳайгендорф хонимни койиб юрса – тўғриси, мен унинг бу аёл ҳақидаги номақбул сўзларини эслолмайман – бунинг сабаби асосан шуки, у қалбининг туб-тубидан озодлик урушларига ва кўнглида туғилган ғалаёнларга қарши бўлган, – чандон аччиқ бўлса-да, бу ҳақиқатни тан олмай илож йўқ.

Қисқаси, олий даражадаги чақириқ эълон қилинди, кўнгиллиларни рўйхатга олиш бошланди, эллик етти нафар отлиқ егерлар, пиёдалар тўқсон еттита. Ҳамма йигитларимиз, ёш дворянлар рўйхатдан жой олишди. Бу юқоридаги хўжайинлар томонидан рағбатлантирилган маъқул иш эди, айнан шундай ҳодиса бўлгани, яъни ватанпарварлик бурчи зодагонларча кўриниш олгани беҳад ажойиб иш бўлди. Август фон Гёте ҳам иложсиз шу сафга қўшилди, бу ерда гап шахсий қарашлар, мартаба ҳақида эмас, балки ор-номус ҳақида борарди, тўғри, у рўйхатга жуда кеч, отасига айтмасдан пиёда егерларнинг эллигинчиси бўлиб ёзилди. Шу воқеадан сўнг кўп ўтмай улар ўртасида қаттиқ тортишув бўлиб ўтган. Айтишларича, отаси ўғлининг қилган ишини аҳмоқлик ва масъулиятсизлик деб ҳисоблаган, унинг бу ташлаган қадами ҳар қандай мақсаддан келиб чиққан бўлиши мумкин, фақат ватанпарварлик туйғусидан эмас, деган ва аччиғидан у шўрлик билан бир неча кун гаплашмаган.

Ўғли бўлмаса у қийналиб қолган бўларди, бунга шубҳа йўқ, атрофидаги ноқулайликларга тоқат қилолмасди. Доктор Ример Ульрихга уйланиб, хонадонни тарк этгандан бери (аслида бир жиҳатдан бунга Августнинг бу хушмуомала инсонга димоғдорлик билан, қўпол муносабатда бўлгани сабаб эди) шоир ҳузурида котиблик ишларини Жон деган одам бажарадиган бўлди, у вақтинчалик ишга олинган, ўғил отасига ёзув-чизув ишларида керак бўлади. Ҳақиқатнинг яна бир томони борки, ўғилни жўнатиб юбориш зарурати кўнглида ҳазм қилиб бўлмайдиган нотинчлик туғдирдики, ана шу ҳазм қилиб бўлмаслик унинг кўнгиллилар ҳаракати ғоясига қарши муносабати, унинг учун янги руҳ тимсоли бўлган ана шу ҳаракат билан боғлиқ ҳамма нарсани ёқтирмаслиги билан айнан мос келади. У Августнинг урушга кетишини зинҳор-базинҳор истамасди, бунга қаршилик қилиш учун у дарҳол қўлидан келган ҳамма ҳаракатни қилди. Вазир Фойтга, ҳатто ҳерцог зоти олийларига ҳам мурожаат қилди. Уларга ёзилган, мазмунини биз Август орқали билиб олган хатларни “тассомонанд”дан[23] ўзга ном билан атаб бўлмайди – хатлар унинг иккинчи “мен”ининг ҳаддан ташқари енгилтабиатлиги билан тўлиб-тошган эди. “Ўғлимдан айрилиш, – деб ёзган эди у, – бегона одамни менинг ижодхонам, ёзувларим, бутун шарт-шароитларим ичига олиб кириш заруриятини туғдиради, бу менинг аҳволимни, бутун ҳолатимни чидаб бўлмас кўйга солиши мумкин”. Бу ҳазм қилиб бўлмайдиган иш эди, аммо у тарози палласига ўз ҳаётини, ўз азим ҳаётини қўйдики, у палла ғир этиб пастга йўналди, вазир ҳам, ҳерцог ҳам унинг истакларини қондиришга шошилишди. Августнинг номи кўнгиллилар рўйхатидан дарҳол ўчирилмади, бу унинг обрўсини тушириши мумкин эди. Фойтнинг тавсияси бўйича Август камерал маслаҳатчи Рюльман билан бирга Франкфуртга, иттифоқчиларнинг штаб-квартирасига, кўнгиллиларнинг озиқ-овқатларига сарфланадиган пулни муҳокама қилиш учун бориб келиши, у ердан қайтгач, кўнгиллиларнинг номигагина бошлиғи, валиаҳд шаҳзода Карл Фридрих ҳузурида худди ўшандай номигагина адъютант лавозимини эгаллаши, шу билан отасининг ихтиёрида қолиши лозим эди – қизиғи, бу тавсияни он ҳазратлари битта туки ҳам қийшаймасдан маъқуллади.

Шундай бўлди, Худо шуни хоҳлаган экан, шу воқеа содир бўлди! Ўн тўртинчи йил январь ойининг охирида, сафдошлари шаҳар черковида қасамёд қабул қилишган кунда Ваймарда бўлмаслик учун Август янги йилдан сўнг Франкфуртга жўнаб кетди. Кўнгиллилар Фландрияга кетганларидан кейин бир ҳафта ўтгач, у қайтиб келди-да, валиаҳд шаҳзода ҳузурида адъютант вазифасини эгаллади. Бу ҳам шаҳзода сингари егер либосини кийди, отаси буни “бурғу овозига эргашиш” деб атади. “Менинг ўғлим бурғу овозига эргашди” деди ва ўзини гўё ҳамма ишлар жойидадек тутди. Эҳ, афсуски, бундай эмас эди. Ҳамма уйда қолган йигирма тўрт яшар йигитнинг устидан кулди, немис халқининг янги ватанпарварлик ташаббусини ўзи қўллаб-қувватламагани етмагандек, ўғлини ҳам бу йўлдан қайтарган отадан бутун халқ норози бўлди. Барча тенгдошлари, хавф-хатарни матонат билан енгаётган барча кўнгиллилар олдида Августнинг аҳволи нечоғлик ноқулай бўлиши олдинданоқ маълум эди. Ахир қайтиб келишганларидан кейин улар ҳам унинг муҳитида ҳаёт кечиришади-ку. Улар билан Август ўртасидаги муносабатлар энди дўстона бўла оладими? Улар энди уни ҳурмат қилишадими, дўстлик назари билан қарашадими? Қўрқоқ деган тавқи лаънат ҳавода муаллақ турарди. Мен шу ерда қисматнинг нобарорлиги борасида бир аламли фикримни қистириб ўтишдан ўзимни тиёлмайман: бир одам учун ишлар осон, жазосиз кўчса, бошқа биров учун катта гуноҳ хисобланади ва у жазога тортилади, албатта, бу одамларнинг хилма-хиллиги билан белгиланади ҳамда бизнинг ахлоқий ва эстетик қарашларимиз бировга қора чаплаб, бошқасини олқишлашга олиб келадиган ички шахсий сабабларга боғлиқ, бошқача айтганда, битта нарса бир одамда ғашимизни келтирса, бошқасида табиий ҳолдек туюлади. Менинг бир акам бор, қимматли хоним, исми Артур, ёш олим, файласуф; болаликдан уни тижорат ишларига тайёрлашган, шу боисдан кўп нарсаларни ўзи мустақил ўрганишга мажбур бўлди. Гап орасида айтиб ўтган эдим, у доктор Пассовдан юнон тилини ўрганди. Фикри ёруғ одам, шубҳасиз, фақат дунёга ва инсониятга баҳо беришда андак дарғазаб. Унинг келажаги порлоқ деб башорат қилувчиларнинг кўпини биламан, кўпроқ унинг ўзи ҳақида фикри шундай. Хўш, шундай қилиб, акам Артур ҳам илм йўлидан кечиб, Ватан учун урушга ўзини урганлар авлодига тегишли, бирорта жон ундан буни кутмаган, у шундай ишни қилади, деб ҳеч ким ўйламаган эди, оддийгина сабаби шундаки, урушда жасорат кўрсатиш ҳақида Артур Шопенҳауердан ҳам кўра камроқ ўйлаган, мутлақо ўйламаган одам топилмасди. У кўнгиллиларни қурол-аслаҳа билан таъминлашга пул берган; уларга қўшилиш хаёлида ҳам йўқ эди, бу ишни совуққонлик билан ўзи “табиат фабрикасининг ишончли моллари” деб атайдиган одамларга қўйиб берган эди. Ҳеч ким бунга ҳайрон бўлмади. Унинг ишига одамлар ниҳоятда бепарво муносабатда бўлишди, бу сўзсиз маъқуллашнинг айни ўзи эди, шунда менга кундек равшан бўлдики, биз ахлоқ ва эстетик жиҳатдан кўнглимизни хотиржам қиладиган нарсаларнигина, яъни ўзаро уйғунлик ва ўз-ўзидан қониқишни маъқуллар эканмиз.

Лекин Августнинг худди шундай ҳаракати борасида ғийбатлар, ғиди-биди гапларнинг кети узилмасди. Ҳурматли фон Штайн хонимнинг гаплари ҳозир ҳам қулоқларим остида жаранглайди: “Гёте ўғлини кўнгиллиларга қўшилишга қўймади! Хўш, бунга нима дейсизлар? Табақамиздаги ёш йигитлардан фақат ўша уйда қолди”. Шиллер хонимнинг гаплари ҳам ёдимда: “Агар Карлим урушга кетаман деса, ҳеч қачон, ҳеч бир нарса эвазига монелик қилмасдим! Унинг бутун ҳаёти зил кетган бўларди, бола тушкунликка тушиб қоларди”. Бизнинг бечора дўстимиз тушкунликка тушмадими? У мудом шунақа эди. Аммо ўша машъум кундан бошлаб ундаги тундлик янада ошди ва унинг табиатида мавжуд бўлган емиришга мойиллик кўзга ташланувчи шаклларни ола бошлади: ичкиликка ҳаддан ташқари ружу қўйиш, (узр, айтишга мажбурман) ёмон хотинлар билан алоқа қилиш; у ҳамиша ўз истакларини амалга ошириб келарди, тоза қалбда савол туғилади, бу феъл-атвор ундаги хафақонлик ҳамда унинг соясида туғилган Оттилияга муҳаббат билан қандай чиқишди экан? Сиз мендан сўраган экансиз – сўрамасангиз, ўз мулоҳазаларимни айтишдан тортинган бўлардим, – бундай бебошликларда юқори доирадагилар шубҳа остига олган эркаклик ғурурини устун қўйиш, лоақал номақбул иш билан бўлса ҳам шу ғурурни намойиш этиш истаги бор. Унинг қилиқлари борасидаги менинг туйғуларим, агар бу ҳақда гапириш ўринли бўлса, аралаш-қуралаш эди. Август ҳақида ўйласам, дилимда ачиниш ва нафрат кураш тушарди; унинг улуғ отасига бўлган ҳурмат билан бир қаторда, ўз тенгларига эргашишни истаган итоаткор ўғилга қилинган, давр руҳига мос келмайдиган монелик ўртасида низо келиб чиқди. Буларга яшириқча яна бошқа умид ҳам аралашдики, Августнинг беибо қилмишлари, изтиробли қиёфаси, бутун шаҳарга маълум бўлган бебошликлари суюкли дугонамни зора ундан совутса, деярдим. Оттилия бу нолойиқ, хавф туғдириши мумкин бўлган муносабатдан воз кечса, қилиқлари унинг муқаддас қарашларига тамоман зид бўлган, яқинлиги обрў-эътибордан мосуво қиладиган йигитдан юз ўгирса, ичимни кемираётган ташвишдан қутуламан, деб ўйлардим. Ардоқли хоним, менинг умидларим ушалмади. Ватанпарвар Фердинанд Ҳайнкени қадрловчи Оттилия Августга ёпишиб олди, у билан дўстлик ришталарини қаттиқ тутди, уни кечирди, юқори давраларда ҳар жиҳатдан ҳимоясига олди. Унга Август ҳақида бирор ёмон гапни етказишса, бунга ишонишдан бош тортарди ёки бу шайтон юракка солган андуҳ, мен уни шундан ҳимоя қилишга сафарбар этилганман, деб бағрикенглик билан талқин қиларди. “Адель, – деярди у, – менга ишон, одамлар уни ҳар қанча ёмонлашса ҳам майли, мен уни мутлақо ёмон деб ҳисобламайман. Улардан нафратланаман, унинг ҳам мен билан ана шу нафратни бўлишишини истайман, шунда у уларнинг ғийбат тегирмонларига камроқ сув қуйган бўларди. Совуқ, ичиқора одамлар билан яккаланиб қолган инсон ўртасидаги курашда сенинг Оттилиянг ҳамиша кейингини ҳимоя қилади. Шундай отанинг ўғлига хос маънавий олийжанобликка шубҳа билан қараб бўладими? Бунинг устига, у мени севади, мен эса, Адель, унинг севгиси олдида қарздорман. Мен улкан бахтни, Фердинанд билан улкан бахтимизни татиб кўрдим, агар мен ўша бахт билан хотираларимда лаззатланишда давом этаверсам, бу менинг Август олдидаги айбим, бурчим ҳисобланадики, буни ўташга унинг ғамгин нигоҳи чақириб туради. Ҳа, мен унинг олдида қарздорман! Агар у ҳақда айтилаётган гаплар тўғри бўлса, уни шу йўлга итараётган нарса менинг айбим билан юз берган умидсизлик эмасми ахир? Менга қара, Адель, у менга ишонган пайтларда бошқача эди-ку!”

Мана шунақа сўзлар билан у менга бир неча марта мурожаат қилди, бу ерда ҳам мени турфа хил зиддиятли хаёллар банд этган эди. Унинг бу шўрликдан воз кечолмаётганини кўриб даҳшатга тушардим, Августнинг буюк отаси хоҳлагани учун ўзини унга бағишлаш фикри Оттилиянинг кўнглига худди балиқ тутадиган қармоқдек ёпишиб олган эди. Шу билан бирга, унинг сўзлари қалбимга ширин таскин ва маънавий хотиржамлик бағишларди, агар унинг Пруссияга садоқати, жанговар-ватанпарварлик руҳи бу нозик, оппоқ вужудда дағал, бераҳм қалб яшаётгани ҳақида гоҳида мени даҳшат ичида ўйлашга мажбур қилса, унда унинг Августга муносабати, гўзал, содда ва қаҳрамон Ҳайнкемиз тимсолига бўлган майли учун унга таъна қилувчи виждонининг овози мени унинг қалбидаги етук олийжаноблик, нозик хислатни ҳис этишга ундади; бунинг учун Оттилияни янада қаттиқроқ севдим, шубҳасиз, бу нарса менинг хавотиримни икки карра оширди.

Ўн тўртинчи йилнинг майида Август билан боғлиқ кўнгилсизликлар чўққисига етди. Ҳарбий юришлар тугади, Париж олинди, йигирма биринчи май куни ваймарлик кўнгиллилар қайтиб келишди, Ватан олдида беҳад улкан хизматлар қилишмаган бўлса-да, ҳар ҳолда шон-шуҳратга бурканиб қайтишдики, ҳамма уларни тантанали кутиб олди. Мен ҳамиша мана шу дақиқалардан қўрқардим, хавотирларим тасдиқланди. Жангчилар уйда қолган тенгдошларига ўз нафратларини тортинмасдан, очиқчасига, дарғазаб бўлиб изҳор қилишди. Буни кўриб тағин бир марта ишонч ҳосил қилдимки, одамлар ўз хатти-ҳаракатларини асослаш учун келтирган далилларининг ҳақиқийлигига ишонмай тўғри қилган эканман. Улар ўзларича эмас, балки ҳаракат қилишнинг аниқ бир шартли кўламини қўлларига берадиган шарт-шароитга қараб иш қилишади. Агар шарт-шароит золимликка йўл очса – янада яхши. Улар бу очилган йўлдан яхшигина фойдаланишади, бунга ҳеч бир иккиланмаса бўлади: кўпчилик одамлар шарт-шароитлар улардаги дағаллик ва жоҳилликка йўл очишини, бошқаларни таҳқирлашга имкон яратишини кутиб туришади. Августда кўнгилли егерлар кийимидаги тенгдошларини кутиб олишга соддадиллик ёки қатъийлик етишмадими? Бунга у фахрий бошлиқ зоти олийларининг адъютанти сифатида тўла ҳуқуққа эга эди. Айниқса шу туфайли – буни ҳам тушунса бўлади – жангчиларимизни киноя ва аламли кесатиқлар қилишга мажбур қилди. Теодор Кёрнер бекорга мана бу сатрларни ёзмаган эди: “Иссиққина уйда, оқсоч қиз қучоғида ётган, хушомадгўй болага нафратлар бўлсин! Эҳ, сен шўрликкина лапашанг!” Бу сатрлар айнан шу ҳолатга тўғри келганлиги учун бемалол иқтибос олинган. Айниқса, ротмистр фон Вертерн-Визе ҳар қандай қўполликни рағбатлантирувчи бундай ҳолатдан бирор фойда чиқаришга ҳаммадан кўп ҳаракат қилди. У Августнинг шубҳали келиб чиқишига ҳам шама қилди, унинг фикрича, боладаги қўрқоқлик ва йигитларга хос бўлмаган хатти-ҳаракат шу билан боғлиқ эмиш. Жаноб фон Гёте ўшангача қўлга олинмаган қиличи билан унга ташланди, лекин одамлар уларни ажратиб қўйишди. Бу тўқнашувнинг натижаси дуэлга чақириш билан тугади.

Бу пайтда жаноб яширин маслаҳатчи шаҳар яқинидаги Берка сиҳатгоҳида эди ва “Эпименида”ни ёзаётганди. Берлинлик интендент[24] Иффланд ундан Пруссия қиролининг қайтишига бағишлаб мадҳия ёзишни илтимос қилган эди, бу шоир учун шундай эътиборга лойиқ ва ўзига тортадиган таклиф бўлиб туюлдики, ер юзидаги бирорта мадҳияга ўхшамайдиган, кўп маъноли-антиқа, соф ўзига хос фалсафий аллегория яратиш мақсадида ўзининг барча бошқа поэтик режаларини бир четга йиғиштириб қўйди. “Ҳузур лаҳзалари учун хижолатдаман”, деб ёзди у ва: “Ахир у чоҳга қайта қулаши керак” дея давом этди. Шу аснода унинг бир мухлиси, сарой хонимларидан бири фон Ведель хонимдан мактуб келиб қолди, унда Августнинг аҳволи, ротмистр билан тўқнашуви ҳақида хабар қилинган ҳамда бу қандай оқибатга олиб келиши борасида огоҳлантирилган эди. Обрў-эътиборли ота дарҳол кескин чораларни кўрди. Танишларини ишга солиш, ўғлини илгари урушдан олиб қолганидек, дуэлдан озод қилиш учун ўз имкониятларидан фойдаланиш, буларнинг бари, унга қандайдир ҳузур бағишларди, Августнинг ҳаёти учун ғамхўрлик қилиш бир баҳона эди, назаримда, чунки у ҳамиша асилзодаларча имтиёзларни, бежама адолатсизликни ёқтирарди. У огоҳлантирган аёлдан орага тушишини илтимос қилди, биринчи вазирга хат ёзди. Обрўли амалдор, яширин маслаҳатчи фон Мюллер Беркага келди, музокарага валиаҳд шаҳзода, ҳатто ҳерцогнинг ўзи аралашди, ротмистр кечирим сўрашга мажбур бўлди, жанжал бости-бости қилинди. Олий даражадаги ҳомийлар соясида Августнинг димоғи кўтарилиб кетди, танқидий овозлар пасайди, бироқ бутунлай ўчмади. Амалга ошмай қолган дуэль унинг эркаклик мартабасига бўлган ҳурматсизликни янада оширди, олий даврадагилар елка қисиб қўяқолишди, ундан ўзларини четга олишди, тенгдошлари билан бемалол юракдан мулоқот ҳақида энди ўйламаса ҳам бўларди. Гарчи жаноб фон Вертерн бемулоҳаза қилинган шамаси учун юқоридан яхшигина шапалоқ еб, ҳатто қамоқда ўтириб чиққан бўлса-да, Августнинг шубҳали келиб чиқиши ҳақидаги фикр, яъни, агар таъбир жоиз бўлса, чала зотли эканлиги одамларнинг ўй-хаёлида яна юзага қалқиб чиқди ва унинг қилиқларини талқин қилишга туртки берди: “Одамни қадам ташлашидан билса бўлади” ёки “Энди нимаям деймиз” деган гаплар қулоққа чалинарди. Шуниям эслатиб ўтиш керакки, яширин маслаҳатчининг хоними ўз яшаш тарзида замон руҳиятини кам ҳисобга оларди, унинг кўнгилочишларга ўчлиги турли ғийбатларга, албатта, беғараз, аммо ёқимсиз-кинояли гап-сўзларга йўл очарди…

Охир-оқибат Оттилиянинг ғамнок ошиғи бу гапларни кўнглига жуда яқин олгани унинг ор-номус масалаларида инжиқлигини кўрсатарди, у буни бизга ғалати бир тарзда, орқаворатдан: яъни Эльбанинг тутқуни, мағлуб қаҳрамонга нисбатан борган сари ўсиб бораётган, эҳтиросли сиғиниши билан намоён қилди. Ўз-ўзидан тушунарлики, Август ўз ғурури ва қатъийлигини ўшанга садоқат ҳамда яқиндагина Наполеоннинг таваллуд кунини нишонлаб, бу кунни йилнинг энг тантанали куни деб ҳисоблаган, энди эса буни унутишга улгурган “маслагидан қайтганлар”га нафрат билан қондирди; чунки у билан бирга ва унинг учун азоб чекди-да! Унга қарши урушмаслик учун юришга қўшилмагани туфайли эшитган киноя ва кесатиқларга итоаткорона бардош бермадими? Куннинг авзоси-ю, қонун-қоидаларидан юқори турувчи отаси олдида у, шубҳасиз, ўзининг ҳақоратланган ор-номусини императорга содиқларча таҳсин ўқиш орқали оқлаш имконига эга эди: у бундай қилиғини бизнинг олдимизда ҳам ҳеч тортинмасдан, қатъий туриб қилаверди, бундай нутқлари билан Оттилиянинг қарашларини оёқости қилаётгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади. Гарчи Оттилия сабр-тоқат билан, чиройли кўзларида ёш билан унинг қўпол қилиқларига чидаса-да (Август бу қилиқлари билан ўзи енгил тортар, бошқаларга озор етказаётгани парвойига келмас, эҳтимол, бундан янада илҳомланарди), менинг яширин истакларим амалга ошадигандек туюларди, пок виждонли дугонамнинг Августга нисбатан туйғулари бундай синовларга дош бериши гумон эди. Августнинг Наполеонга сажда қилиши остида яна нимадир яшириниб ётар ёки тўғрироғи, яшириниб ётганга ўхшар, шу қобиққа ўралиб олиб, вақти-вақти билан яққол юзага чиқарди, яъни тағин орамизда пайдо бўлиб қолган ёш Ҳайнкедан рашк қиларди, Август уни бизнинг кўз олдимизда қадимги тевтон қабиласининг янги замон Цезарига қарши кўр-кўрона курашаётган варварларга қўшилган вакили деб ҳақорат қилди.

Ҳа, бизнинг топилдиғимиз яна, аниғи иккинчи марта Ваймарда эди. Лайпцих жангидан сўнг у бир неча ҳафта прусс қўмондонининг адъютанти сифатида шаҳримизда хизмат қилди, асилзодалар даврасида бўлиб, ҳамманинг эътиборини қозонди. Энди бўлса, Париж қўлга олингач, Франциядан кўкрагида Темир хоч ордени билан қайтди; кўкрагидаги бу муқаддас нишон қизлик қалбимиз, айниқса, Оттилия қалбида ажойиб йигитга нисбатан юксак фахр оловини янгидан алангалатди. Биз билан учрашган пайтдаги ўзининг самимий миннатдорликни ифодаловчи дўстона, бироқ андак вазмин муносабати билан бу оловга бироз сув сепарди, бундай муносабат – тан олмай иложимиз йўқ эди – биз унга билдирган туйғуларга тўла мос келмасди. Кўп ўтмай бунинг оддий – яшириб ўтирмайман, – бизни ҳушёр торттирган ечими топилди. Фердинанд, билмадим қандай сабаблар билан биздан яшириб келган сирини ошкор қилди: ўз юртида, прусс Силезиясида, уни суюкли қаллиғи кутаётган эмиш ва уйига қайтганиданоқ улар никоҳдан ўтишармиш.

Бу хабарни эшитган лаҳзада биз дугоналар қалбида туғилган енгил саросимани сиз тушунасиз, албатта. Мен умидимиз пучга чиққани ҳақида гапирмаяпман, бундай ҳиссиёт бизда бўлмаслиги лозим эди, негаки Ҳайнкега муносабатларимиз идеал ҳайратга йўғрилганди, тўғри, унинг халоскорлари сифатида маълум маънода унга нисбатан озроқ ҳуқуқ ҳам аралашган эди. Биз учун у шахсдан ҳам кўра жонли тимсол эди, ушбу тушунчалар бир-биридан кескин фарқ қилмай, бир-бирига мутаносиб бўлганликлари боис, охир-оқибат шахснинг ижобий фазилатлари жонли тимсол бўлишга йўл очади. Нима бўлганда ҳам, ёш қаҳрамонга бўлган туйғуларимиз, тўғрироғи, Оттилиянинг туйғулари – аслида мен бу ерда иккинчи даражалиман – аниқ истаклар ва умидлар билан сира боғлиқ эмас эди: ахир Фердинанднинг қуйи табақага мансублиги, яъни мўйнафуруш оиласидан келиб чиққанлиги боис бундай умидларнинг бўлиши мумкин эмас-да. Табақа нуқтаи назаридан, кўпинча бундай фикрларга мен борсам дуруст, деган ўйга борардим, ўйга толган пайтларимда, дугонамнинг у етолмайдиган гўзаллиги менинг хунук­лигимни тўлдирса-ю, йигитни менга уйланишга ундаса, дея орзу қилардим ва шу заҳотиёқ бундай никоҳ келтириб чиқариши мумкин бўлган даҳшатли хавф-хатарларни англаб етардим, гарчи бундай хаёллар маълум даражада гаштли туюлса-да, уларни миямдан нари қувардим… ўз-ўзимча, менинг хаёлий орзуларим Гёте учун ҳис-туйғулар ва урф-одатлар омухталигидаги лирик асар яратишга мавзу бўлар, деб ўйлаб қўярдим.

Қисқаси, бу ерда биз ўзимизни қадрли инсон томонидан алданган ҳис этганимиз ёки ҳис этишимиз мумкинлиги ҳақида гап бўлиши мумкин бўлмаганидек, умиднинг пучга чиқиши ҳақида ҳам гап-сўз бўлмаслиги лозим эди! Унинг иқрорини қувонч билан, унга бахт тилаган ҳолда кутиб олдик, тўғри, у бизни шунча вақт аяганидан кўнглимиз бироз хижил бўлса-да, бу янаям узоқ чўзилса эди, деган ўй ҳам ўтди хаёлимиздан. Албатта, Фердинанднинг унаштирилганлиги, энди боши очиқ эмаслигини билганимиздан сўнг бизда саросима ва таажжуб, озми-кўпми изтироб бўлмади, деёлмаймиз, у билан бўладиган дўстона мулоқотларимизга қандайдир ширин ҳислар ато қиладиган ноаниқлик, хира умид-орзулар ғойиб бўлди. Биз ҳеч бир шартлашмаган ҳолда, худди яшириқча келишиб олгандек, бундай аламдан халос бўлишга ҳаракат қилдик ва ҳеч иккиланмай унинг қаллиғини ҳам ўзимизнинг эъзозли ширин хаёлларимизга аралаштира бошладик, ўшандан бошлаб ёш қаҳрамонимизга ва унинг қаллиғига хаёлда ҳурмат кўрсата бошладик, бу немис қизининг фазилатларига шубҳа билан қарашни хаёлимизга ҳам келтирмадик, унинг қиёфаси худди Туснельда тимсоли ёки Гётенинг Доротеяси сингари, шубҳасиз, қоракўз эмас, балки кўк кўзли бўлиб тасаввуримизда қолди.

Худди Ҳайнке биздан унаштирилганини шунча вақт сир тутганидек, биз ҳам буни Августдан яширганимизни қандай изоҳлашни билмайман. Оттилия шуни хоҳлади, бунинг сабабларини муҳокама қилмадик. Очиғини айтсам, бу мени ҳайрон қолдирди, ахир у хафақон жазмани олдида ёш жангчига нисбатан ватанпарварлик ҳурмат-эҳтироми учун ўзини гуноҳкордек ҳис қиларди, аммо бу ҳурмат-эҳтиром табақалар нуқтаи назаридан ҳам Август учун хавфли эмас эди, уларни бирон бир мақсад ёки режани кўзлаган қараш деб аташ ҳам шарт эмас эди, гарчи бундай янгилик, шубҳасиз, Августнинг руҳий мувозанатини тиклаши, эҳтимол, уни Фердинанд билан хийла дўстона муносабатда бўлишга етаклаши мумкин бўлса-да, Оттилия буни сир тутди. Камер-ассессорнинг Фердинандга ичиқоралик, душманлик назари билан қараши унга бор-йўғи таскин берарди, холос. Бундан ташқари, ундаги ғазабноклик охир-оқибат яхшиликка олиб бормайди, бундай ҳақоратланишдан безган Оттилия охири ундан юз ўгиради, дугонамнинг руҳий хотиржамлиги учун мен шуни орзу қилардим.

Қадрли суҳбатдошим, аҳвол мана шунақа эди. Дастлаб, қисқа муддатга бўлса-да, ишлар мен хоҳлагандек кетди. Бизнинг жаноб фон Гёте билан учрашувларимиз ва мулоқотларимиз борган сари носамимий ва жанжалли тус ола борди, жанжал кетидан жанжал чиқарди. Ўзи ҳақидаги гап-сўзлардан ғам-андуҳ исканжасида қолган Август, дўстлигимизга хиёнат қилдинглар, мени кап-катта аҳмоққа, қип-қизил жиннига чиқариб қўйдинглар, деб бизга таъна-маломат ёғдиришдан чарчамасди. Ҳайнке билан Силезия кечинмалари ҳақида ҳалигача унга ҳеч нарса демаган, садоқати туфайли ҳақоратланган Оттилия мени қучоқлаганча кўз ёш тўкарди ва ниҳоят мана портлади, бунда одатдагидек сиёсий ва шахсий томонлар аралашиб кетди: бир куни кечқурун графиня Ҳенкелнинг боғида Август тўлиб-тошиб Наполеонни кўкларга кўтара бошлади, шу аснода рақибларини ҳам танқид қиларкан, ишлатган сўзлари очиқдан-очиқ Фердинандни ҳам четлаб ўтмади. Оттилия унга эътироз билдирди, одамхўр Наполеонга нафратини яшириб ўтирмади, унга қарши бош кўтарган ёшларга қаҳрамонимизга хос хислатларни ёпиштирди, мен уни маъқуллаб турдим, қаҳр-ғазабдан оқариб кетган Август бўғиқ овоз билан, энди орамизда ҳеч нарса қолмади, сизлар энди мен учун йўқсизлар, деди-да, ғазабланганча боғни тарк этди.

Бўлиб ўтган воқеадан қаттиқ ларзага келган бўлсам-да, орзуим ушалган эди, буни Оттилиядан яшириб ҳам ўтирмасдан, бутун сўзамоллигимни ишга солиб, жаноб фон Гёте билан алоқаси узилгани учун тасалли бердим, у билан муносабатлар ҳеч қачон яхшиликка олиб келолмайди, дея уни ишонтиришга уриндим. Лекин менга гапириш осон эди! Шўрлик дугонам эса, даҳшатли аҳволда қолган, уни кўриб мен ҳам қийналиб кетган эдим. Ўйлаб кўринг! У чин кўнгилдан севган йигит бошқага насиб қилди, ажойиб бир нажоткор сифатида ўз ҳаётини қурбон қилишга тайёр турган йигити бўлса, ундан юз ўгирди, даҳшатли сўзлар билан дўстликни оёқости қилди. Бу ҳам етмагандек, ёлғиз қолган қиз ўзини онасининг бағрига ташлаганида, бу қалб ҳам ўз навбатида шафқатсиз умидсизликдан яраланган қизга мададкор бўлишга қурби етмас, ўзи таскинга муҳтож эди. Август билан бўлган таҳқирловчи воқеадан сўнг, менинг маслаҳатим билан Оттилия бир неча ҳафтага Дессаудаги қариндошлариникига кетди, аммо орқасидан чопар жўнатишди, у оёғини қўлига олганча уйига қайтиб келди. Жуда ёмон иш бўлган эди. Граф Эдлинг, хонадоннинг меҳрибон дўсти, ҳомийси ва ота ўрнидаги, Погвиш хоним барча асосларга эга бўлган ҳолда қаттиқ ишонган одам, ҳеч кутилмаганда, қилаётган иши ҳақида бир оғиз индамасдан, молдавиялик йўловчи княгиня Стурцага уйланди-олди!

Қанақа кузу қанақа қиш бўлди дейсиз, ҳурматли хоним! Бундай деяётганимнинг сабаби Наполеоннинг февралдаги, Эльба бўйидаги иккинчи мағлубияти эмас, балки қисматнинг она ва қиз бошига солган, уларнинг ҳис-туйғулари ва обрў-эътиборларини синовдан ўтказган қақшатқич кўргиликларидир. Фон Погвиш хоним саройда граф билан, унинг ёш хотини билан кундалик учрашувлардан қочолмас, юрагида минг азоб билан унга табассум қилишга, шу билан бирга, умидларининг поймол бўлганини билган асилзодаларнинг намойишкорона жилмайишларига чидашга ҳам мажбур бўларди. Инсон кучи етмайдиган бундай синовда онасига мададкор бўлиши учун чақирилган Оттилиянинг ўзи асилзодаларнинг қизиқувчанлигига дош беришга мажбур бўлди, чунки жаноб фон Гёте билан ораларига совуқлик тушганини, у Оттилияни назар-писанд қилмай қўйганини, ҳатто қўпол муомала қилишини ҳамма сезиб қолган эди. Мен бўлсам, ўзим ҳам бўм-бўш бўлиб қолган қалбим билан мана шу ихтилофлар ичида бирор ечимни топишга ҳаракат қилардим, чунки рождестводан олдин Фердинанд бизни тарк этди ва ўзининг Туснельдаси ёки Доротеяси – аслида унинг исми Фанни эди – билан қовушиш учун Силезияга жўнаб кетди, табиат унга ишонишимда менга қанчалик панд берган, мени бор-йўғи ишончли киши сифатида чегаралаган бўлмасин, уни йўқотганим туфайли етарлича изтиробларни ҳам менга раво кўрди, кўнглимда эса, буларга маълум маънодаги енгил тортиш туйғуси, енгил қониқишга ўхшаган нарса аралашиб кетди. Ахир хунуккина қизга йигитнинг ҳузурида тенг бўлмаган бахтни бўлишгандан кўра гўзал дугонанинг ёнида ўтирволиб ғойиб бўлган қаҳрамон ҳақидаги хотираларга берилиш яхши-да – биз энди ўшандай ширин хотиралар билан яшай бошладик.

Шундай қилиб, йигитнинг жўнаб кетгани ва учинчи бир қиз билан оила қургани менга хотиржамлик бағишлаган бўлса, Август билан ораларининг очиқ бўлгани Оттилияни ҳам худди шундай хотиржам қилди. Ҳа, асилзодалар даврасидаги гап-сўзларга қарамасдан, Оттилия бу узилишни бахт ва озодлик деб ҳисоблашини, энди у, ҳамиша уларга йўлдош бўлган жанжаллардан беғам-бепарво дам олиши мумкинлигини менга айтди.

Энди у Фердинанд ҳақида бемалол тотли хаёлларга берилиши ва бахтсиз онасига мадад бериши мумкин. Буни эшитиш қулоққа ёқарди, шундай бўлса-да, мендаги иккиланиш ва хавотир ҳеч чекинай демасди. Август – Гётенинг ўғли, бу унинг асосий фазилати. У деганда биз улуғ шоирни тушунишимиз лозим эди, шубҳасиз, ўзининг рухсатисиз юз берган бу узилишни ота маъқулламаган ва албатта уларни яраштириш учун бор имкониятларини ишга солган бўларди. У бу никоҳни хоҳлашини билардим, шу ҳақда ўйлаган сайин даҳшатга тушардим. Ўғилнинг Оттилияга нисбатан хирагина эҳтироси отадаги истак ва ироданинг натижаси эди, холос. У ота­сининг дидидаги қизни севарди, унинг севгиси тақлид, мерос, итоатгўйлик эди, ундан воз кечиш эса, ўткинчи мустақилликнинг намоён бўлиши, исён эдики, унинг қаршилик кўрсатиш қудратига, афсуслар бўлсинки, мен у қадар ишонмаган эдим. Оттилия-чи? Бундай отанинг ўғлидан у ростдан ҳам юз ўгирганмиди? Мен уни ҳақиқатдан ҳам қутқазилган, деб ҳисоблай олармидим? Бунга ишонмасдим, бу ҳам бекорга эмас экан.

Августнинг ҳаёт тарзи ҳақидаги тез-тез қулоққа чалинаётган миш-мишлар ва хабарларни эшитганда Оттилиянинг ғамга чулғаниши мени, ишонмай тўғри қилган эканман, деган фикрга олиб келарди. Ҳамма нарса шундай тўғри келдики, йигитнинг маънавий асослари зил кетди, у бепарволикка юз тутди, бузуқилик гирдобида қолди, аслида, у илгаридан шубҳали қилиқларга мубтало, одамда табиатан хавфли ҳис-туйғу уйғотадиган нусха эди. Юрагидаги кўнгиллилар ҳаракатидан қолган машъум доғ, Оттилия билан алоқанинг бузилиши, отаси билан, шунингдек, ўз-ўзи билан юз берган ички, эҳтимол, ташқи тўқнашувлар: мен буларни асилзодаларимизнинг ғийбатларига сабаб бўлаётган Августнинг ахлоқсиз ҳаётини оқлаш учун эмас, балки буни қандай бўлмасин тушунтириш учун санаб келтиряпман. Августнинг суюқоёқлиги ҳақида кўплардан, жумладан, Шиллернинг қизи Каролина ва унинг укаси Эрнстдан ҳам эшитдик, улар ёш Гётенинг чидаб бўлмас инжиқ табиати ва хурмача қилиқларидан шикоят қилишди. Айтишларича, у ичкиликка беҳад ружу қўйган, бир куни кечаси маст ҳолда бир муштлашишга аралашиб қолиб қамоққа ҳам тушган, уни отасининг номи туфайлигина озод қилишган ва шу туфайли ишни бости-бости қилиб юборишган. Унинг аёллар билан, бузуқ хотинлар билан алоқаси бутун шаҳарга достон бўлган. Минераллар ва маъданларни тўплаш учун яширин маслаҳатчи ажратган, кўтарма ёнидаги боғдаги павильон (Август ҳам отасига тақлид қилиб ўзича коллекция қилишга ишқибоз бўлган), гап-сўзларга қараганда, кўпинча, ножўя ишлар манзилиги айланган. Бир аскарнинг хотини билан дон олишгани қулоққа чалинди, хотин уйга мўл-кўл совға-саломлар келтиргани учун эри бу ишга панжа орасидан қараган. Бу бўйи дароз, бесўнақай, ҳар ҳолда у қадар хунук бўлмаган аёл эди. Август унга гўё: “Сен ҳаётим нурисан” деган эмиш, аёл мақтаниш учун бу сўзларни оғзидан гуллаб қўйган ва асилзодаларимиз буни эшитиб, роса кулишди. Шунингдек, ҳам шармандали, ҳам кулгили бир воқеа устидан ҳам одамлар кулишди: гўё бир куни кечаси кекса шоир боғда бехосдан бу жуфтни кўриб қолган ва: “Болалар, бемалол, тортинманглар!”, деган эмиш ва тезгина кўздан ғойиб бўлганмиш. Бу гапнинг қанчалик тўғрилигига кафолат беролмайман, менимча, бу ҳақиқатга яқин, чунки бу ерда гап, андиша билан айтганда, улуғ инсоннинг маълум маънода ахлоқий кўнгилчанлиги ҳақида бормоқда, бунинг учун унга кўплар таъна ҳам қилишади, бироқ мен бирор ҳукм чиқаришдан тийиламан.

Битта нарсани айтишга журъат қилишимга изн беринг, бу ҳақда мен кўп бош қотираман – ҳар ҳолда бутунлай тоза виждон билан эмас, тўғриси, иккиланишлар остида – менга ёки умуман бирор одамга шу тахлит мулоҳазаларга берилиш муносибми, билмайман. Назаримда, ўғилда омадсиз ва ҳалокатли бир тарзда намоён бўлган айрим белгилар, гарчи улардаги ўхшашликни аниқ илғаш осон бўлмаса-да, улуғ отага хос белгиларнинг такрорига ўхшайди, ортиқ даражадаги ҳурмат-эҳтиром бундай фикр билдиришдан бизни чўчитиши мумкин. Чунки отада бу белгилар ёруғ, маҳсулдор, баландпарвозлик, улар одамларга қувонч бағишлайди, ўғилга мерос бўлиб ўтганлари эса, қўпол, нурсиз, бўм-бўш бир тарзда ўзини кўрсатади ва  ахлоқий жиҳатдан ярамаслиги билан очиқ ва ҳаёсизларча кўзга ташланади. Масалан, беҳад ажойиб, кишини сеҳрловчи, ҳа, маънавий жиҳатдан сеҳрловчи “Ҳамроз диллар” романини олайлик. Бевафоликка бағишланган ушбу буюк ва ўта нафис асарни фикри тор одамлар маънавиятсизликда айблаган ҳолатлар ҳам бўлди, аммо, шубҳа йўқки, мумтоз сўзнинг қадрини биладиган ва ҳис этадиган ҳар қандай одам бундай таъна-дашномларни бемаъни иккиюзламачилик сифатида инкор қилади ёки елка қисиб қўяқолади. Аммо, қимматли хоним, охир-оқибат на униси, на буниси бўлди. Виждонан олиб қарасак, мазкур буюк асарда ҳақиқатан ҳам маънавий жиҳатдан қандайдир шубҳали, одобдан ташқари, бунинг устига – ушбу сўзим учун мени маъзур тутасиз! – мунофиқона, муқаддас никоҳни ноинсофларча масхаралаш, очиқ айтилмаса-да, тақдири азалга фаталистларча ишонч мавжуд. Ҳатто ўлим ҳам, буни қаранг, биз табиий ҳолат, табиатнинг маънавий эркинлиги деб қарайдиган ўлим бу ерда ўз майлича юз берувчи, севги орзу-истакларининг сўнгги ширин паноҳи сифатида талқин қилинмайдими? Роман тарзида инсониятга тортиқ бўлиб келган белгилар Августнинг тийиқсиз ахлоқсиз ҳаётида бузилган шаклда намоён бўлган, деб қаралса тўғри бўлади, бундай дейиш қанчалик бемаъни, қанчалик ҳақоратли туюлишини биламан, албатта. Бундан олдин ҳақиқатни танқидий таҳлил қилиш билан боғлиқ бўлган виждон азоби ҳақида ҳам гапирган эдим, бундан муаммо келиб чиқади: ҳақиқатнинг ичига кириб бориш шартми, у билишимизнинг қонуний мақсадими ёки дунёда ман этилган ҳақиқатлар ҳам борми?

Оттилия бўлса, жаноб фон Гётенинг қилғилиқларини эшитиб, шундай ҳаяжонга тушди, шундай дили оғридики, у билан энди қизиқмай қўйганлигига ҳам ишонолмай қолдим. Унинг аскар хотинига нисбатан нафрати шубҳасиз эди, бу нафратга бошқача бир ном ҳам топса бўларди. Кўнгил берган одами бошқа аёлларга ҳиссий илтифот кўрсатиб, маълум даражада, майли ярамас бўлса ҳам, чин устунликни улардан топса, тоза қалбли аёлнинг бунга муносабати – бу энди, сўзсиз, маънавий ҳалокат. Нафратланиш ва жирканиш ҳисси тарк этилган қизга ўз қадр-қимматини йўқотиш имконини бермайди, аммо ҳасаднинг рашк деб аталмиш махсус кўриниши уни иродасидан ташқари ҳолда, ўша нафратга лойиқ нусхани ўз даражаси қаторига кўтаришга, унда нафратнинг тенг ҳуқуқли – бир хил жинсдалиги туфайли тенг ҳуқуқли объектини кўришга мажбур қилади. Шу билан бирга, қалбимизда уйғотадиган жирканиш ҳиссига қарамасдан, эркакнинг бадахлоқлиги, барибир тоза қалбли қиз учун шундай чуқур, даҳшатли жозибадорликка эга бўлиши мумкин эканки, бу нарса ўчаёзган туйғуни янгидан ўт олдира олиши, орзу йўлида фидокорлик кўрсатишга мажбур қилиши, ўз азоблари эвазига эркакни иккинчи, энг яхши “мен”ига қайтариши мумкин.

Қисқаси, суюкли дугонам Августнинг яна ярашишга интилишига хайрихоҳлик кўрсатиши мумкинлигига, шунингдек, Августнинг эртами-кечми Яратганнинг иродасига бўйсуниб, бу интилишга жазм қилишига унчалик ишонмаган эдим, негаки у Оттилия билан орани очиқ қилиш орқали бу иродага шак келтирган эди-да. Мен нимани кутган, нимадан хавфсираган бўлсам, ўша юз берди. Ўтган йилнинг июнида – бу оқшом худди кечагидек ёдимда – биз тўрт киши саройнинг кўзгулар галереясида турардик: Оттилия, мен, дугонамиз Каролина Ҳиршал ва жаноб фон Гросс, – кўпдан бери атрофимизда ўралашиб юрган Август, ҳе йўқ, бе йўқ, бизга яқинлашди-да, қаторимизга қўшилиб, суҳбатга аралашиб кетди. Дастлаб у ҳеч кимга алоҳида мурожаат қилмади, бироқ кейин – бу беҳад таранг, ҳар биримиздан анча-мунча довдираб қолмаслик қудратини талаб қилувчи вазият эди – айнан Оттилияга қандайдир саволлар берди. Суҳбат одатдаги асилзодаларга хос оҳангда, уруш ва тинчлик, ҳалок бўлганлар рўйхати, Августнинг отаси ёзган мемуарлар, прусс бали ва унинг котильони[25] атрофида давом этди, бироқ Августнинг кўзларида унинг ва бизнинг сўзларимизга мутлақо мос келмайдиган муҳаббат олови ёнарди, хайрлашаётиб биз унга тиз букиб хайр-хўш қилганимизда (биз аллақачон кетишга чоғланган эдик) бу олов янада алангаланди.

– Кўзлари қандай ёнганини кўрдингми? – сўрадим Оттилиядан зинапояда.

– Ҳа, кўрдим, – жавоб берди у, – бу мени ташвишга солди. Ишон менга, Адель, мен унинг аввалги муҳаббатимизга қайтишини истамайман, эски азобларимни бепарволикка алмаштирсам, хотиржам яшайман.

У шундай деган эди. Аммо тўсиқ олиб ташланди, низо барҳам топди. Театрда ҳам, йиғинларда ҳам жаноб фон Гёте яқинлашиш йўлларини қидирди; агар Оттилия у билан ёлғиз қолишдан қочса, Август унга баттар интиларди, шунда дугонам менга иқрор бўлдики, илгариги вақтларни ёдга солувчи унинг нигоҳи буни алланечук ҳаяжонга солармиш, Августнинг чеҳрасидаги чексиз бахтсизлик ифодаси қизнинг юрагидаги эски айбдорлик туйғуларини янгилармиш. Мен унга мана шу қўрс, маънавий қашшоқ одам билан яқинлашиш орқасида келиб чиқадиган фалокат ҳақида, у билан дўстлашиш ақлга тўғри келмаслиги ҳақида ўз хавотиримни айтиб, негаки бу одам – агар дугонамнинг гапларига ишонсам, – Оттилия унга берадиганидан кўпроқ нарса талаб қилишини эслатган эдим, Оттилия шундай жавоб қилди: “Ташвиш чекма, азизим, мен озодман ва бир умр шундай қоламан. Мана қара, у менга “Пинтонинг йигирма бир кун ичидаги фантас­тик саёҳати” китобини ўқишга берди, мен уни ҳатто очиб ҳам кўрмадим. Агар шуни Фердинанд берганида сув қилиб ичиб юбормасмидим?” Бу айни ҳақиқат. Оттилия уни севмаслигига ишонардим. Бироқ бу тасалли бўла оладими, кафолат бера оладими? Ахир кўрдим-ку, худди қушча илонни орзу қилгандек, Оттилия унинг хаёли, уники бўлиш фикри билан банд эди.

Уни Августнинг хотини сифатида тасаввур қилсам, жинни бўлаёзаман, охир-оқибат фақат шундай бўлади шекилли-да. Бу қиз билан, менинг юрагимни тилка-пора қиладиган даҳшатли бир ҳолат юз берди. Бу яшамагур қизни хароб қилади, деган ишончим муддатидан олдин ўз тасдиғини топди, чунки ўтган йили кузда суюкли дугонам қаттиқ касал бўлди, чамаси касаллик ички ихтилофлар натижаси эди. У уч ҳафта сариқ бўлиб, каравоти остида қатрон бочкаси билан ётди, айтишларича, қатронга тикилиб ўтириш шу дардга қарши фойдали эмиш. У соғайиб, яна саройда учрашишганда, Август ҳатто унинг шунча кун кўринмаганини пайқамади ҳам, ҳолинг не деб қизиқмади ҳам. Миқ этиб оғиз ҳам очмади!

Оттилия ўзини йўқотиб қўйди, касаллик қайталаб, яна саккиз кун қатронга тикилиб ўтиришга мажбур бўлди.

– Унинг учун мен ҳар қандай ҳузур-ҳаловатдан кечган эдим, – деди у менга ёпишганча пиқиллаб йиғларкан, – у эса мени алдади!

Хўш, нима деб ўйлайсиз? Кейин нима бўлди? Икки ҳафта ўтгач, шўрлик қиз ранги қордек оппоқ, менинг олдимга келди, маъносиз нигоҳ билан айтдики, Август унга гўё аввалдан келишиб олингандек, икковларининг келгусидаги никоҳлари ҳақида бемалол, хотиржам гапирганмиш! Хўш, бу гап сизга қандай таъсир қилади? Бундан-да даҳшатлироқ ҳодиса бўладими? У қизга фикрини тушунтирмади, муҳаббатини илтижо билан билдирмади, у Оттилия билан турмуш қуриш ҳақида гаплашди деб ҳам бўлмайди, у буни шунчаки йўлакай эслатган, холос.

– Сен-чи? – қичқирдим мен. – Худо ҳаққи, Тиллемуза, азизам, сен нима деб жавоб бердинг?

Қимматли хоним, у иқрор бўлдики, гапиролмай, тили тутилиб қолганмиш.

Нима учун мен қисматнинг машъум кўргилигига тиш-тирноғим билан қарши турганим сабабини тушунасиз деб ўйлайман. Оттилиянинг йўлида бир аёл тимсолида ҳали охирги тўсиқ турарди, борди-ю жаноб фон Гёте онаси ва бувисидан Оттилиянинг қўлини сўраса, бу аёлнинг мавжудлиги жиддий ғов бўлиши мумкин эди: яширин маслаҳатчининг хоними, Крис­тиана Вульпиус эди бу аёл.

Ҳурматли хоним, июнь охирида у вафот этди. Бу тўғаноқ ҳам бартараф бўлди, бундан ташқари, унинг ўлими вазиятни янада кескинлаштирди, негаки энди Августнинг вазифаси ота уйига янги бекани олиб келиш бўлиб қолди. Аза ва жазирама ёздаги жимжитлик сабаб у Оттилияни камроқ учратди. Шу аснода бир воқеа бўлдики, бу ҳақда сизга батафсил маълумот бериш имконига эга эмасман, чунки ярим қувноқ, ярим махфийлик сирларига ўралган бу воқеа масалани ҳал қилганига ҳеч иккиланмаса ҳам бўлади. Август ойининг бошида кўтарма ёнида яширин маслаҳатчи, Германиянинг буюк шоири билан Оттилия ўртасида учрашув бўлган.

Такрорлайман, бу учрашув ҳақидаги муфассал маълумотлар менга қоронғи. Менга мутлақо ёқмайдиган ҳазилкашлик билан Оттилия бу ҳақда гапиришдан бош тортди; бу воқеани қандайдир ҳазилнамо тантанали сир қобиғига ўраш унга ёқади.

– Ахир у ҳам, – дейди у мен сўраб тиқилинч қилаверсам, – император Наполеон билан бўлган суҳбатини ҳаммага ёйишни ёқтирмайди, буни худди қаттиқ қўриқланаётган хазинадек бутун дунёдан, ҳатто яқинларидан ҳам бекитади-ку. Агар мен ҳам ундан ибрат олаётган бўлсам, мени кечир, Адель, у мен билан беҳад мулойим муносабатда бўлди, деган хабарим билан чекланиб қўяқол.

У Оттилия билан беҳад мулойим муносабатда бўлган – буни сизга сўзма-сўз келтираяпман, марҳаматли хоним. Шу сўзлар билан новелламни, кўриб турганингиздек, назокатли новелламни тугатаман, у сўзсиз унаштириш ёки шунга ўхшаш бирор ҳодисани башорат қилиш билан ниҳоясига етади. Агар бирор мўъжиза юз бериб, осмон қулаб тушмаса, сарой ва шаҳар рождество олдидан ёки янги йил киришига ўша ҳодисанинг гувоҳи бўлади.

 

Олтинчи боб

 

Фройлайн Шопенҳауернинг ҳикояси ҳеч бир узилишсиз, бир текис келтирилди. Аслида эса, саксония лаҳжасининг нуқси урган, катта сўзамол оғиздан чиқаётган сўзлар оқими икки марта – суҳбат ўртасида ва охирроғида – ҳар гал, эшикоға Магер томонидан узилди, у ўз бурчи тақозосидан қийналиб, узр сўрай-сўрай янги меҳмон келгани ҳақидаги хабар билан суҳбатхонага кирарди.

Биринчи марта Шарлоттанинг синглиси Риделнинг оқсочи келганини хабар қилди. Қиз пастдаги йўлакда кутиб турибди, деди Магер, зудлик билан  муҳтарама хонимнинг аҳволи ва кечикиш сабабини билмоқчи, чунки Эспленадада ҳамма хавотирда, тушлик ҳам совиб қолганмиш. Магер, машҳур меҳмоннинг синглисиникига бориши беҳад муҳим учрашувлар туфайли кечикаётганини, уларга халақит беришга ҳаққи йўқлигини қизга тушунтиришга бекорга уринарди… Оқсоч қиз бир муддат кутгач, ўзининг келганини Шарлотта хонимга етказишга Магерни мажбур қилди, чунки хонимга ҳамроҳлик қилиб, уни синглисининг уйига бошлаб бориш унга қатъий буюрилган, у ерда ҳамма безовта, ҳамма оч қолган.

Шарлотта қизариб кетди ва:

– Ҳа, яхши иш бўлмади! Соат неччи бўлди? Мен кетишим керак! Суҳбатни тўхтатишга тўғри келади, – дея аниқ қарор билан шошилиб ўрнидан турди.

Таажжубки, шу сўзлардан сўнг у дарҳол қайта жойига ўтирди-да, тамоман тескари фикрни айтди: – Яхши, Магер, – деди у, – биламан, бу ерга яна кириб келиш сиз учун осон эмас. Қизгинага айтингки, у сабр қилиб ўтирсин ёки кетаверсин – яхшиси кетақолсин, синглимга айтсинки, улар тушликка мени кутиб ўтиришмасин, бу ердаги ишлар оёқлаганданоқ етиб бораман, мендан хавотир олиб ўтиришмасин. Мен вақт деган нарсани мутлақо унутиб қўйдим, умуман ҳамма ишлар мен ўйлагандек бўлмади. Нима бўлганда ҳам, мен оддий бир одам эмасман, мени кутаётган тушликдан кўра юксакроқ талаблар билан ҳисоблашмай иложим йўқ. Оқсоч қизга айтинг, у яқинларимга етказсинки, мен дастлаб бу ерда портретимни чизишлари учун ўтирдим, сўнг доктор Ример билан беҳад муҳим мавзуларда баҳслашдик, ҳозир эса, мана бу хонимнинг ҳикоясини тинглаяпман, дабдурустдан гапни бўлиб туриб кетолмайман. Қизга юксак талабларни эслатишни унутманг ва хавотир, ҳаяжон менга ҳам бегона эмаслигини айтиб қўйинг, ахир мен ўз бурчимни англаб етишим керак-ку, айтинг, улар ҳам шуни тушунишсин.

– Тушундим, айтганингиздек бўлади, хоним, – жавоб берди Магер қониқиш билан, вазиятни чуқур тушуниб, хонани тарк этаркан.

Бироз нафасини ростлаб олган фройлайн Шопенҳауер ҳикоясини, тахминан, қизлар паркдаги топилдиқдан сўнг қувонч қанотида шаҳарга югурган жойидан давом эттирди.

Магер иккинчи марта эшикни тақиллатганда ҳикоя аскар хотини ва “Ҳамроз диллар” романи воқеаларига етган эди. Бу гал тақиллаш жиддий эшитилди ва Магер эндиги ташрифи мутлақо қонуний, ҳеч қандай иккиланиш ва қаршилик бўлмаслиги керак деган юз ифодаси билан кириб келди ва қатъий ишонч билан эълон қилди:

– Камерал маслаҳатчи фон Гёте!

Бу хабарни эшитган Адель канапедан ирғиб турди, Шарлотта ўтирганча қолди, аммо бу унинг хотиржамлигидан эмас, балки куч-қувват уни тарк этганидан нишона эди.

– Lupus in fibula![26] – хитоб қилди фройлайн Шопенҳауер, – яратган Танг­рим, нима қилиш керак? Магер, камерал маслаҳатчи мени кўрмаслиги даркор! Бунинг йўлини қилинг, дўстим! Қандай бўлмасин мени бу ердан олиб чиқиб кетинг! Умидим Сиздан, бир иложини қилинг!

– Албатта, фройлайн, – ишонтирди уни Магер, – албатта. Ҳаммасини олдиндан иложини қилиб қўйганман, чунки юқори табақадагиларнинг назокатлилиги менга маълум, кўзда тутилмаган ҳодисалар ҳам бўлиб туришини биламан. Жаноб камерал маслаҳатчига, ҳурматли меҳмонимиз ҳозир бандлигини айтиб, уни пастдаги спиртли ичимликлар хонасига киритдим. У бир стакан мадера виноси сўради, мен унинг олдига очилмаган шишани қўйдим. Энди хонимларга суҳбатни тугатиш имконини бераман, сўнгра фройлайнни билдирмайгина зинапоядан кузатиб қўяман-да, жаноб камерал маслаҳатчига, ҳурматли хоним сизни қабул қилишга тайёр, деб айтаман.

Хонимлар Магерни бундай тадбиркорлиги учун мақташди, Магер чиқиб кетди. Адель дарҳол гапга киришди:

– Қимматли хоним, мен бу лаҳзанинг улуғлигини тасаввур қиламан. Ўғил шу ерда – демак, у отасининг элчиси. Бундан чиқадики, сизнинг келганингиз ҳақидаги хабар кимга кўпроқ тегишли бўлса, ўшанга аллақачон етиб борган, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас-да, шов-шув катта бўлган, Ваймар Фама[27]си илдам илоҳа. У сизга одам жўнатган, у зурриёти тимсолида ўзини намоён қилмоқда – мен беҳад ҳаяжондаман, бусиз ҳам бугунги воқеалар таъсирида кўз ёшларимни зўрға тутиб турибман. Бўлғуси суҳбат мен билан қилинган суҳбатдан кўра шу даражада муҳимроқ ва зарурроқки, камерал маслаҳатчи мадера билан таъминланган бўлса-да, ҳикоямни давом эттирай деб сўрашга ҳатто журъат қилолмайман, шубҳасиз. Буни хаёлимга ҳам келтирмайман, ҳурматли хоним, фикримни ҳозир ғойиб бўлиш билан исботлайман.

– Қолинг, болагинам, – қатъий оҳангда жавоб қайтарди Шарлотта, – агар шуни кўнглингиз тусаётган бўлса, жойингизга ўтиринг! – Кекса хонимнинг юзига нафис қизиллик югурди, самимий кўк кўзлари бесаранжом йилтиллади, бироқ у оромкурсида ўзини рисоладагидек тутиб, бемалол ўтирарди. – Меҳмон андак сабр қилса ҳеч гап бўлмас, – сўзида давом этди у, – тўғриси, сизни тинглай-тинглай у билан шуғулланаман, аслини олганда мен ўз ишларимда тартиб ва мунтазамлиликка риоя қилишга одатланганман. Илтимос, давом этинг! Сиз ўғилга қолган мерос, қандайдир улуғ истеъдод ҳақида гапираётувдингиз чоғи.

– Тўппа-тўғри, – эслади фройлайн Шопенҳауер жойига шоша-пиша ўтираркан. – Масалан, олайлик, бетакрор роман… – Аделмуза юқори суръатда, ўта жилвакор оҳангларда ва фавқулодда тезлик билан ҳикоясини охирлатди, бор-йўғи сўнгги сўздагина нафасини ростлади, шундаям бир сонияга, холос. Тўғрироғи, нафасни ростламади-ю, салгина оҳангни ўзгартириб, сўзида давом этди: – Қимматли хоним, сизнинг келганингиз ҳақидаги хабар менга етиб келганиданоқ, мана шу воқеаларни сизга тезлик билан етказиш истаги туғилди. Бу истак сизни кўриш ва сизга бўлган ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қилиш истаги билан қўшилиб, Лина Эглоффштайн олдида гуноҳкор бўлишимга олиб келди – ўз режамни яшириб, сизни кўриш бахтидан уни маҳрум қилдим. Қадрли, марҳаматли хоним! Сизга айтганим мўъжизани энди сиздан кутаман. Агар хавфи ва сохталиги менинг юрагимни эзаётган ушбу никоҳнинг олдини олиш учун сўнгги дақиқада осмон узилиб ерга тушмаса, унда ҳозир кўнглимдан лип этиб ўтганидек, эҳтимол, ўша нажотбахш лаҳзада сиз бунга қўрғон бўларсиз, Худо шунинг учун сизни бу ёққа бошқаргандир. Бир неча дақиқадан сўнг сиз ўғлини, бир неча соат ўтгач эса, буюк отасини кўрасиз. Сиз бунинг олдини олишингиз, таъсир ўтказишингиз мумкин, бунга ҳаққингиз бор! Сиз Августнинг онаси бўлишингиз мумкин эди – лекин унинг онаси эмассиз, чунки сизнинг машҳур ҳаётингиз, ўзингиз хоҳлаган, ўзингизга ёққан бошқа ўзандан кетди. Тоза ақл, илоҳий мустаҳкам ирода, тўғри ва маъқул ишнинг этагидан тутганингиз сизга кўмак берди, – бу ерда ҳам шуларни ишга солинг! Оттилияни қутқазинг! У сизнинг қизингиз бўлиши мумкин эди, ҳатто сизга ўхшайди ҳам, шунинг учун қачонлардир сиз юксак мулоҳазани қарама-қарши қўйган хавф энди унга таҳдид қилиб турибди. Сизнинг ёшлик тимсолингиз такрорланган қизга она бўлинг, негаки бу ўшанинг ўзи, шу боисдан ҳам у ўғли орқали отаси томонидан севилган. Гёте “амазонка” дейдиган қизгинани ҳимоя қилинг, бир вақтлар отасига қўллаган усулингизга суянган ҳолда уни ҳимоя қилинг, у ҳашамат қурбони бўлмасин, бу менинг юрагимга ваҳима солади! Сиз ўткир ақл билан танлаган эрингиз оламдан ўтган, Августнинг онаси бўлган аёл ҳам бу дунёда йўқ. Сиз отаси билан ва  ўғлингиз бўлиши мумкин бўлган йигит билан ҳамда сизнинг ёшлик тимсолингизни такрорлаган гўзал қиз билан ёлғизсиз. Сизнинг сўзингиз она сўзига тенг, уни сохталик ва ҳалокатга қарши қўйинг! Сиздан илтимос қиламан, ўтиниб сўрайман!

– Болагинам! – деди Шарлотта. – Мендан нимани талаб қиляпсиз? Нимага аралашишимни сўраяпсиз? Сизнинг ҳикоянгизни турфа хил ҳиссиётлар, аммо қизғин хайрихоҳлик билан тинглаганимда, талаб деб бўлмайди албатта, бунақа ишончни кутмаган эдим. Сиз мени нафақат илтимосингиз билан, балки уни асослаш усулингиз билан ҳам саросимага солиб қўйдингиз. Сиз мени… кекса бир аёлга ўзимнинг такроримни кўрсатиб… шундай муносабатларга аралашишга мажбур қилмоқдасиз. Сиз чамаси, яширин маслаҳатчи хонимининг вафоти мен бир умр кўрмаган улуғ инсонга нисбатан менинг муносабатимни ўзгартирган, деб ўйлаяпсиз, бунинг устига, мени унинг ўғлига она ўрнини босади, деган фикрдасиз… Кечирасиз, бу бўлмағур фикр мени қўрқитаяпти! Назаримда сиз, гўё мен бу саёҳатни уни деб… Эҳтимол сизни нотўғри тушунгандирман. Кечирасиз! Мен бугунги таассуротлар ва ташвишлардан толиққанман, маълумингизким, ҳали яна униси ҳам, буниси ҳам олдинда турибди. Саломат бўлинг, қизим, очиқкўнгиллигингиз учун миннатдорлигимни қабул қилинг! Бу хайрлашувни рад жавоби деб ўйламанг! Ҳикоянгизни эътибор билан тинглаганимнинг ўзи сиз бепарво қалбга мурожаат қилмаганингизнинг исботи бўлиши мумкин. Сизга ёрдам беришимга, маслаҳат беришимга имкон ҳам туғилиб қолса ажаб эмас. Ўзингиз тушунасиз, мен кутаётган хабарни олгунимга қадар сизга фойдам тегадиган вазият туғиладими-йўқми, билмайман…

У жойидан турмади, Адель сакраб туриб, саройдагиларга хос реверанс қилгач, самимий жилмайиб унга қўлини узатди. Унинг боши қалтирарди, худди шундай ҳаяжонланган ёш қиз эгилиб унинг қўлини ўпди. Кейин Адель кетди. Шарлотта қабулхонасидаги оромкурсида бошини эгганча бир неча дақиқа ўтирди, Магер келиб хабар қилди:

– Камерал маслаҳатчи жаноб фон Гёте!

Август кириб келди, лабларида хижолатомуз табассум қалқиб турар, яқин жойлашган жигарранг кўзларини қизиқувчанлик билан Шарлоттага тиккан эди. Бу ҳам нигоҳини табассум билан юмшатишга уринганча унга қаттиқ тикилди. Юраги қинидан отилиб чиққудек эди, қизариб кетган ёноқлари, – майли, буни толиқишдан деб ўйлай қолайлик, – бунга қўшилиб, кулгили ҳолат юзага келган, бироқ ишонамизки, айни пайтда кузатувчининг унча тиниқ бўлмаган назари билан қарасак, ёқимли эди. Олтмиш уч ёшдаги бунақа ўқувчи қизни бирор жойдан топиб бўлмаса керак. Йигитнинг ёши йигирма еттида, демак ўшандагидан тўрт ёшга катта. Негадир Шарлоттага уни ўша ёздан фақат тўрт йил ажратиб тургандек туюлди, манави ёш йигит ўшандаги Гётедан тўрт ёш катта эди. Янаям кулгилиси – қирқ тўрт йил ўтган ахир. Бир дунё вақт, бутун бир умр, узоқ, бир хилдаги, барибир, тинимсиз ҳаракатдаги, бой ҳаёт, – бой, болаларга бой ҳаёт, ўн бир марта оғир ҳомиладорлик, ўн бир марта туғиш, ўн бир йил бола эмизиш, икки марта фарзанддан жудо бўлиш, касалманд туғилган болаларни ерга топширишга мажбур бўлди. Ундан кейин ёлғизликда ўн олти йил умр кечириш, бевалик ва фахрий кексалик даври, унинг ёнидаги жойни бўш қолдириб, ундан олдин эри ўлиб кетди, эрсиз, отасиз ёлғизликдаги муносиб қартайиш; меҳнат, бола туғишлардан холи, ўтган замондан кўра анча кучли ҳозирги кундаги ҳаётий бекорчилик фурсати; мумкин деган фикрни рад қилиб ташлаган ҳақиқатдан холи, яъни хотирлаш учун, ҳаётнинг “агар мана бундай бўлганда-чи” деган рўёбга чиқмаган лаҳзалари учун, уларнинг ўзгача қадр-қиммати – оддий халққа хос бўлмаган, хаёлий, мавжудликка, оналикка дахлдор бўлмаган, балки рамз ва афсонага айланиб, инсонлар тасаввурида йиллар давомида юксакроқ аҳамият касб этган қадр-қимматини англаб етиш учун, хаёлот оналик даврига нисбатан кенгроқ қанот қоқадиган бекорчилик фурсати…

Ҳа, вақт – биз ҳам унинг фарзандларимиз! Биз у билан бирга сўлдик, тепадан пастга тушдик, лекин ҳаёт ва ёшлар ҳамиша тепада бўлишди, ҳаёт ҳамиша ёшлигича қолаверди, ёшлар ҳамиша биз, ёшини яшаб ўтганлар ёнида яшашди: биз улар билан бирга, ҳали бизнинг ҳам давримиз ҳисобланган, аллақачон уларники бўлган даврда яшадик, уларга қараб суюндик, биз туққан, ёшлигимизни такрорлаган ёшларнинг ажин тушмаган пешоналаридан ўпдик… Мана бу турган бола ундан туғилмаган, ундан туғилиши ҳам мумкин эди, буни инкор қилиши мумкин бўлган аёл оламдан ўтгандан буён, нафақат Шарлоттанинг ёнидаги, балки бунинг отасининг, ўша даврдаги йигитнинг ёнидаги жой ҳам бўшаб қолгандан буён буни айниқса тасаввур қилиш осон. У бошқа аёл дунёга келтирган болага синовчан боқди, жиддий танқидий назар билан унинг жуссасини чамалади, эҳтимол, Шарлотта уни яхшироқ қилиб дунёга келтирган бўларди? Йўқ, хоним ўз ишининг уддасидан яхши чиққан, у хушбичим, айтиш мумкинки, ҳатто чиройли ҳам. У Кристианага ўхшармикан? Шарлотта уни сира кўрмаган. Тўлаликка мойиллик, чамаси, ундан ўтган, гарчи бўйи бу камчиликни яшириб турса-да, у ёшига нисбатан анча гавдали, отаси ўша паллада бўй-басти келишганроқ эди, ўтмиш ўз болаларига бошқача зеб берган, улар одамшаванда, ярашиқли кийинишар эди. У пайтда йигитлар жингалак сочларига пудра сепиб, гарданларидаги бир тутам сочни ўриб юришарди. Манавининг бўлса, очиқ бўйни кружева ёқали кўйлагидан яп-яланг кўриниб турар, қизғиш-жигарранг жингалак сочлари инқилобдан сўнгги эркинликда, ҳозирги одатга кўра пудра сепилмаган, ярим манглайини бекитиб, жингалак бакенбардлар тарзида типпа-тик ёқасига томон чўзилиб кетган, ёш, мулойим ияги деярли кулгили виқор билан ёқасига тиралган эди. Бу турган йигит ёқасининг очиқ жойини тўлдириб турган баланд бўйинбоғида салобатлироқ, вазминроқ, тўғриси, расмийроқ таассурот қолдирарди. Расм бўлганидек олди кенг очилган, кифти баланд кўтарилган енглик, бир енгига мотам тасмаси боғланган жигарранг фрак хийла барваста қоматни яхши, маҳкам қисиб турарди. У билагини белига тираб, цилиндрининг очиқ томонини ўзига қаратиб ушлаганча қоматини тик тутиб турарди. Шу билан бирга, бутун бенуқсон романтик бекам-кўстликни унутишга мажбур қиладиган қандайдир ёт, оддий халқ нуқтаи назарида унчалик муносиб бўлмаган, ҳечам тўғри келмайдиган нимадир бор эди: бу унинг мулойим, ҳорғин, айтиш мумкинки, аллақандай жоиз бўлмаган шукуҳ билан боқувчи нам кўзлари эди. Бу, қачонлардир ҳерцогиняга табрик шеърларини тақдим қилишга журъат қилиб, умумий норозиликка сабаб бўлган Амурнинг кўзлари, “ишқ фарзанди”нинг кўзлари эди.

Ранги айнан такрорланган бу жигарранг кўзларнинг сал-пал фарқ қилиши, уларнинг яқин жойлашганлиги, йигит хонага кириб, эгилиб саломлашгач, Шарлоттага яқинлашган бир неча сония ичида Августнинг отасини эслатиб уни ҳаяжонга солди. Бу қанчалик шак-шубҳасиз бўлса, шунчалик исботи қийин бўлган, бироқ тан олинган ўхшашлик эди: манглайининг торлиги, бурнининг у қадар диққатни тортмаслиги, оғзининг кичиклиги ва аёлмонандлигига қарамасдан, бу ўхшашлик тушкун кайфиятдалигини англаган ҳолда тортиниб, ғамгин, гўё узр сўрагандек туришида кўзга ташланарди, бундан ташқари, гавдасини тик тутиши, бироз орқага ташланган тўғри кифтлари, ҳатто борди-ю бу тақлид бўлганида ҳам, ўхшашликни инкор қилиб бўлмасди. Шарлотта беҳад ҳаяжонланди. Ҳаётнинг бундай ҳадиксираб қилган асоссиз уриниши – такрорланиб, вақтнинг юзасига қалқиб чиқиб, кўз олдингда қайта намоён бўлиши, ширин хотираларни уйғотиши, унинг ёшлик ва мавжудликни сақлаб қолиши билан ўтмишга тенглашиши кекса аёлни шунчалик ҳаяжонга солдики, Кристиананинг ўғли унинг қўли устига эгилганида – ундан вино ва одеколон ҳиди анқиди – Шарлоттанинг нафас олиши қисқа, бўғиқ ҳиқиллашга айланди.

Дарҳол унинг хаёлига, бу тимсолдаги ёшликда дворянлик мавқеи мужассам, деган фикр келди.

– Жаноб фон Гёте, – деди у, – ҳузуримга хуш келибсиз! Мен сизнинг эътиборингизни қадрлайман ва Ваймарга келганимданоқ ёшликдаги дўстимнинг ўғли билан танишаётганимдан беҳад мамнунман.

– Илтифотли қабул учун миннатдорман, – жавоб берди у назокат билан жилмайиб, шунда унинг майда, оппоқ, соғлом тишлари бир зумга ялтираб кетди. – Мени отам юборди. Сизнинг мазмундор мактубингиз унга етиб борди, сизга ёзма жавоб бериш ўрнига, ҳурматли хоним, у мен орқали шаҳримизга хуш келибсиз, дейишни маъқул кўрди, сизнинг ташрифингиз ҳаммага ҳаётий таъсир кўрсатиши шубҳасиз, деди у.

Шарлотта хижолат бўлиб ва тўлқинланиб кетганидан кула бошлади.

– О, бу толиққан, кекса аёлдан жуда кўп нарса кутилади, дегани, – деди у, – хўш, қимматли яширин маслаҳатчининг аҳволлари қалай? – қўшиб қўйди у ва Ример билан бирга ўтирган стуллардан бирини кўрсатди. Август стулни олди-да, такаллуф билан унинг ёнига ўтирди.

– Эътиборингиз учун раҳмат, – деди Август. – Ёмон эмас. Шикоят қилишимизга ўрин йўқ. Умуман унинг аҳволи яхши. Ташвишланишга, тўғрироғи, ғамхўрликларга ҳамиша сабаб топилади, албатта, саломатлигининг тез-тез ўзгариб туриши ўзини намоён этади, мунтазам эҳтиёт чораларини кўриб турамиз. Ўзингиздан ҳам, ўз навбатида, сўрашга изн беринг, қимматли хоним, сафарингиз қандай ўтди? Бехатар етиб келдингизми? Меҳмонхона сизни қониқтирдими? Бу ҳақдаги хабарлар отамни жуда мамнун қилади. Эшитишимга қараганда, бу саёҳат ҳурматли синг­лингиз, камерал маслаҳатчи хоними Ридель билан дийдор кўришиш учун қилинган экан. Сизнинг ташрифингиз, юқори ва қуйи, ҳамма томонидан қадрланадиган хонадонда жуда катта қувончга сабаб бўлади. Ишонч билан айтишим мумкинки, жаноб камерал маслаҳатчи билан ҳам шахсий, ҳам хизмат масалалари юзасидан бир-биримизни тўлиқ тушунамиз.

Шарлотта унинг сўзлаш тарзини ёшига номувофиқ расмиятчилик деб ҳисоблади. “Ҳаётий таъсир кўрсатади” деганининг ўзи ноодатий эди; “жуда катта қувонч”, “тўлиқ тушуниш” ҳам унинг кулгисини қистатган эди. Бунақа бирикмаларни Ример қўлласа бўлади, улар ёшгина йигит оғзидан хийла ғалати, ўта расмийлиги боис ғайритабиий эшитилади. Шарлотта сездики, бу одат тусига кирган сўзлаш тарзи бўлиб, сўзловчи унинг ўта баландпарвозлигини сезмайди, шунингдек, у Шарлоттанинг юзи беихтиёр бужмайганини ҳам сезмади, негаки бунинг сабабини фаҳмлашдан йироқ эди. Шарлотта унинг сўзларидаги сунъийликни саргузаштлари ҳақида билганлари, анави Аделнинг катта нам оғзидан эшитганлари билан солиштиришга уринди.

У Августнинг винога ружу қўйгани, аскарнинг хотини ҳақида, бир марта қамалгани, унинг дағаллиги сабаб Римернинг кетиб қолгани ҳақида ўйлади; ўша машъум кўнгиллилар воқеасидан кейин сунъий қайта тикланган сохта ижтимоий мавқеи ҳақида, уни қўрқоқликда, номардликда айблашгани, таъна-маломатлар юкини кўтаришга мажбур бўлганини эслади; буларнинг ҳаммасининг устига Оттилияга, малла сочли, ёқимтой “амазонка”га бўлган номаълум интилиши ҳақидаги ўйлар қалқиб чиқди. Аслини олганда, бу севги унинг ўзига хос сўзлаш тарзига ҳечам зид келмас, балки, Шарлоттанинг назарида, турли йўллар билан, бироқ барибир бевосита ўша севги билан боғлиқ, у билан мувофиқ келарди. Шу билан бирга, бу севги унга, кекса Шарлоттага ҳам дахлдор, тўғрисини айтганда, унинг иккинчи, кенг тарқалган “мен”и билан қандайдир ўта таъсирли, вазиятни мураккаблаштирадиган бир тарзда дахлдор эди, чунки ўғилнинг ва ошиқнинг характер-хусусиятлари бирга қўшилиб кетган, гарчи ўғил ўғил даражасида қолган бўлса-да, бу дегани: у ўзини отасидек тутарди. “Ё Худойим!” – ўйлади Шарлотта унинг анча-мунча чиройли ва ўхшаш чеҳрасига назар соларкан, – “Ё Худойим!” Ушбу илтижоли нидода манави йигит таъсирида унда кўз очган ҳаяжон ва мулойим бир меҳр ўз мужассамини топган, шунингдек, у Августнинг фикр ифодалаш тарзидаги кулгили ҳолатга ҳам тегишли эди.

Бундан ташқари, у ўзига топширилган вазифани, айрим ҳолатларга аралашиб, маълум бир ишларни тўхтатишни, ё ошиқни “амазонка”дан ёки бўлмаса “амазонка”ни ошиқдан ажратиш ҳақидаги унинг юрагигача етиб борган илтимосни ўйлади. Бироқ, очиғини айтганда, унда бу ишга қизиқиш ҳам, интилиш ҳам йўқ эди, чунки “амазонка”ни “қутқазиш” мақсадида унга қарши фитна уюштиришни у ортиқча талаб деб ҳисобларди. “Амазонка”нинг очиқ-равшан вазифаси аскар хотини ва ўшанга ўхшаганларни майдондан суриб ташлаш бўлса, бу ҳаракатда у, яъни кекса Шарлотта тўлиқ “амазонка” тарафида бўлади.

– Жаноб камерал маслаҳатчи, – деди Шарлотта, – шундай иккита обрўли инсон, сиз ва менинг куёвим бир-бирларингни қадрлаганларинг мени қувонтиради. Ҳар ҳолда, мен буни биринчи марта эшитаётганим йўқ. Синглим ёзма шаклда ҳам (у Август нутқининг кулгили баландпарвозлиги устидан кулиш учун шундай сўзлади) менга бу ҳақда айтган эди. Шу мавзуда сўз очганингиз муносабати ила, сизни яқинда саройдаги хизматингизда юқори  кўтарилганингиз билан табриклашга рухсат этинг.

– Беҳад миннатдорман.

– Сиз албатта бундай илтифотга муносибсиз, – давом этди Шарлотта. – Сизнинг ишчанлигингиз, ҳерцог учун, давлат учун хизмат қилишга жиддий ёндашишингиз ҳақида кўп бора эшитганман. Агар шундай хулоса чиқаришга ҳаддим сиғса, сизга ёшингизга нисбатан кўп вазифа юкланган. Агар адашмасам, сиз бу вазифалардан ташқари яна отангизнинг ишларига ҳам яқиндан ёрдам бераркансиз.

– Бундай имкониятга эга бўлганимдан беҳад хурсанд бўлмоғим керак, – жавоб берди у. – Биринчи ва бешинчи йилда қаттиқ оғриганидан кейин унинг ёнимизда эканлигига мўъжизадек қарашга одатланганмиз. Иккала сафар ҳам мен жуда ёш эдим, аммо ўшандаги даҳшатни яхши эслайман. Биринчи марта стенокардиянинг хуружи уни сал бўлмаса гўр лабига олиб бориб қўювди. Касаллик ўқтин-ўқтин йўталга қўшилиб, отам тўшакда ётолмай қолди, ётса нафаси қисиб қоларди. У дардни оёқда туриб енгишга уринди. Асабийлик анча вақтга чўзилди. Бундан ўн бир йил олдин у томир тортишиш билан кечган иситмага йўлиқдики, узоқ вақт биз унинг ҳаёти учун титраб турдик. Йеналик доктор Штарк уни даволаган эди. Танг ҳолатдан кейин тузалиши бир неча ойга чўзилди ва доктор Штарк унга Италияга саёҳат қилишни тавсия этди. Аммо отам унинг ёшида бунақа сафарга журъат қилолмаслигини айтди. Ўшанда у эллик олти ёшда эди.

– Бу – қариликни жуда эрта бўйнига олди, дегани.

– Сиз ҳам шу фикрдамисиз? Ўтган ва ундан олдинги йили ўзини жуда яхши ҳис қилган “Райнбўйи Италияси”га боришни ҳам рад қилди, чамамда. Унинг йўлда бахтсиз ҳодисага йўлиққани ҳақида эшитган бўлсангиз керак-а?

– Йўқ, эшитмадим. Унга нима бўлган эди?

– О, ҳалиям охири бахайр бўлди. Шу ёзда, онамнинг вафотидан кейин…

– Қимматли жаноб фон Гёте, – қўрқиб унинг сўзини бўлди Шарлотта, – ўзингиз эслатмасангиз… қандай қилиб ёдимдан кўтарилибди… бундай оғир жудолик боис сизга ўзимнинг чуқур таъзиямни билдиришни унутибман. Аммо сиз, кекса дўстингизнинг юракдан чиққан изҳорига ишонасиз, шундайми?

Август қоп-қора, мулойим боқувчи кўзлари билан унга назар ташлади ва тағин ерга қаради.

– Чин юракдан раҳмат, – дея ғудранди у.

Бир неча мотам сониялари жимликда кечди.

– Ҳар ҳолда, – деди Шарлотта кейин, – бундай оғир зарба қимматли яширин маслаҳатчимизнинг саломатлигига у қадар жиддий таъсир қилмаган, деб ишонса бўлар.

– Онам касал бўлган охирги кунларда отамнинг ҳам соғлиги ёмонлашди, – жавоб берди Август. – Онам оғирлашиб қолгач, у ишлаб ўтирган Йенадан шошилинч қайтиб келди, онам дунёдан ўтган куни отам иситмалаб, тўшакка михланиб қолган эди. Эшитган бўлсангиз керак, онам оёқ-қўлларининг чангак бўлиб қолишидан жуда қийналиб ўлди. Мени ҳам унинг ёнига киритишмади, дугоналаридан ҳам бирортаси ёнида ўтирмади. Римернинг хотини, Энгельс, Вульпиуслар – ҳаммалари қочиб кетишди. Чамаси, унинг аҳволига чидаб бўлмасди. Четдан иккита қаровчи аёлни чақиришди, ўшаларнинг қўлида жон берди. Бу афтидан… бу ҳақда бир нарса деёлмайман, қандайдир аёллар дарди эди, бўйидан тушишми ёки бола ўлик туғилганми, хуллас, ўлимга олиб келган дард. Менга шундай туюлди. Эҳтимол, чангак бўлиб қолгани унинг касаллигини шу маънода тушунишимга мажбур қилгандир, шу билан бирга, мени хушмуомалалик билан у ерга киритмаганлари шу гумонимни янада тасдиқлади. Агар отамнинг ўзи ўшанда тўшакка михланиб қолмаганида, уни ҳар қандай ғам-андуҳли ҳодисалардан четда юришга мажбур қиладиган таъсирчан асаб тизимини ҳимоя қилишимиз жуда қийин бўларди. Шиллер жон бераётганида ҳам у тўшакда ётган эди. Ўлим ва қабрга яқинлашишдан уни табиатнинг ўзи асрайди – бунда мен қисмат ва ироданинг ўзаро алоқасини кўраман. Сиз билсангиз керак, унинг тўртта опа-укалари гўдаклигида ўлиб кетишган. Отам яшаяпти, бардам-бақувват десак ҳам бўлади; лекин у ёшлигидан бошлаб бир марта эмас, бир неча марталаб гўр оғзига бориб қолиш даражасида касал бўлган, бунда мен Вертер даврини кўзда тутяпман, – у ҳушёр тортиб, тутилиб қолди ва қўшиб қўйди. – Жисмоний танглик демоқчиман, ўсмир боланинг қон тупуриши, эллик ёшидаги оғир касалликлар, уни Богемия курортларининг кунда-шундасига айлантириб қўйган зардобнинг баданга тарқалиши, буйрак санчиғи каби дардларни, ҳеч бир сабабсиз-несиз ҳаёти қил устида қолган кезларни-ку, айтмаса ҳам бўлади, бутун Ваймар ҳар куни уни йўқотишдан қўрқиб, титраб-қақшаб турарди. Бундан ўн бир йил олдин Шиллер вафот этганида барча нигоҳлар ташвиш ичида унга қаратилган эди. Онам шундай касалманд одам ёнида ҳамиша гул-гул очилиб юрарди, лекин у ўлиб кетди, бу – яшаяпти. Ҳар қанча ташвиш тортишимизга қарамасдан у ҳаётнинг этагидан маҳкам тутган, гоҳида у ҳаммамиздан кўра узоқроқ яшаса керак, деб ўйлаб қоламан. У ўлим ҳақида билишни ҳам истамайди, уни инкор қилади, унинг устидан жимгина олдинга тикилади. Агар мен унинг кўз олдида ўлсам бу нарса қандай осон юз бериши мумкин, гарчи мен ёш, у кекса бўлса-да, лекин менинг ёшлигим унинг кексалиги олдида нима деган гап! Мен унинг ҳаётидаги бор-йўғи тасодифий, арзимас бир ўсимта, борди-ю мен ўлсам, бу ҳақда у миқ этмаган бўларди. У шундай қилади, мен уни биламан. Таъбир жоиз бўлса, унинг ҳаёт билан мулоқоти хавфли дўстликка ўхшайди, у ҳар қандай хунук, ваҳимали кўринишлар, жон бериш, тобутга қўйилиш манзараларидан ўзини астагина четга олади. Дафн маросимларига боришга ўзини ҳеч қачон мажбур қилмаган, Ҳердерни, Виландни, руҳан беҳад боғланиб қолган ҳерцогиня Амалияни тобутда кўришни истамаган. Уч йил бурун Османштедтда, Виланднинг дафн маросимида мен ундан вакил бўлиб қатнашиш шарафига муяссар бўлган эдим.

– Ҳм, – деди Шарлотта ичида деярли ғазабга айланган норози оҳангда. – Дафтарчамга, – деди у сал кўзларини қисиб, – ўзимга ёққан фикрлар ёнига бир жумлани қўшиб қўйгандим. Мана у: “Сен ҳар қандай бошқа тимсоллар каби ўлимнинг ўзгарувчан тимсоллари билан ер юзида одатдагидек хотиржам яшаб келдинг-ку, энди қачондан бери ўлим сени даҳшатга соладиган бўлди?” Бу “Эгмонт”дан олинган.

– Ҳа, Эгмонт, – дея такрорлади Август. Кейин бошини қуйи эгди, дарҳол яна кўтарди-да, Шарлоттага қаттиқ тикилиб, синовчан назар солди, сўнг яна ерга қаради. Шундан сўнг Шарлотта, мен қарши курашаётган ҳис-туйғуларни у атайлаб қайта қўзғатмоқчи бўлди, бундай тез назар ташлаб олиши ўз ютуғининг тасдиғини кўриш бўлса керак, деган хаёлга борди. Сўнгра Август суҳбат маромини тез ўзгартирди ва сўзларини силлиқлашга шошилди чоғи, шундай деди: – Албатта, отам онамни тобутда кўрди ва у билан юракларни тилка-пора қиладиган бир ҳолатда видолашди. Бизда онамнинг ўлимига бағишлаб ёзган шеъри бор. Унинг жони узилгандан кейин бир неча соат ўтгач бу шеърни, афсуски менга эмас, хизматкорга айтиб туриб ёздирган, мен бошқа юмушлар билан банд эдим, ўзи тўрт мисра шеър, аммо жуда таъсирчан:

 

Эй қуёш, сен энди уринма бекор

Қора булутлардан чиқма чарақлаб.

Ҳаётимнинг қолган кунлари буткул,

Ўтар уни мудом йиғлабу йўқлаб.

 

– Ҳм, – деди яна Шарлотта ва нима дейишни билмай бош ирғади. Кўнглидан кечдики, шеър бир томондан у қадар аҳамиятли ҳам эмас, иккинчи томондан муболағадан ҳам холи эмас. Шу билан у яна шубҳалана бошлади, – Августнинг унга тикилган нигоҳида бунинг тасдиғини кўрди, – гўё Август, у овоз чиқариб айтмаган, фақат хаёлидан ўтган, бир-бирларининг кўзларидан уқиб олишлари мумкин бўлган бу хулосани зўрлаб билиб олмоқчидек эди. Шунинг учун Шарлотта нигоҳини пастга олди ва тушунарсиз бир мақтовни ғўлдиради.

– Ушбу шеърнинг борлиги жуда муҳим-а, шундайми? – сўради Август, ҳеч нарса тушунмаган бўлса-да, – бунга роса қувонаман, мен уни кўп нусхада кўчириб, саройдагиларга тарқатдим. Улар буни ўқиб ғазабланишар, ўз эркинлиги ва бемалоллигидан, шубҳасиз, воз кечолмаса-да, отам онамга қанчалик садоқатли бўлганини билиб, эҳтимол уялишар, шундан ибрат олишар. Отам онамни қанчалар эъзозлаганини, унинг хотирасини нечоғлик қадрлашини, улар ғазаб-нафрат, ғийбатлар билан таъқиб қилган аёлнинг хотирасини ардоқлашини кўриб қўйишсин. Хўш, нима учун таъқиб қилишди? – сўради қизишиб. – Шунинг учунки, у саломатлиги кўтарган кезларда кўнгил ёзишни, рақс тушишни хуш кўрар, қувноқ давраларда бир-икки стакан ичарди. Қулай сабаб-а? Отам бунга кулиб қўяқолар, гоҳида менинг ҳузуримда онамнинг бироз қўполроқ қувноқлиги учун ҳазиллашар, бир марта ҳатто онамнинг атрофида сеҳрли бир қувноқлик ҳукм суриши ҳақида кичкина шеър ҳам ёзган эди, бироқ бу очиқкўнгиллик билан, уни рағбатлантириш руҳи билан йўғрилган эди. Сирасини айтганда, у уйда, бизнинг ёнимизда бўлишдан кўра кўпроқ сафарларда, Йенада, курортларда бўларди. Шундай вақтлар ҳам бўлардики, менинг туғилган кунимга тўғри келадиган рождествода келолмай, Йенадаги саройда, ўз ишлари билан қолар, фақат совға жўнатиш билан чекланар эди. У узоқдами, яқиндами, фарқи йўқ, онам унинг жисмоний саломатлиги учун шунчалик куюнардики, қимматли асарларини ёзишига халақит берадиган ҳар қандай ташвишлардан уни ҳимоя қилиб, уйдаги юмушлар юкини бутунлай ўз гарданига оларди, тўғри, у отамнинг ижодини тушунишни даъво қилмасди, – бошқалар уни қанчалик тушунади? – бироқ уларни ҳурмат қиларди, отам буни жуда яхши биларди ва бунинг учун ундан миннатдор бўларди. Саройдагиларимиз ҳам агар отамнинг асарлари моҳиятига етишганда эди, онамга миннатдорлик билан муносабатда бўлган бўлардилар, йўқ, бунга уларнинг разил табиати йўл бермади, улар онамнинг устидан кулишни, у назокатли эмас, семиз, ёноқлари қип-қизил, француз тилини билмайди, деб уни ғийбат қилишни афзал кўришди. Бироқ буларнинг бари ҳасад, ёвуз ичиқораликдан ўзга нарса эмас, чунки онамга улкан бахт насиб қилган эди, у хонадоннинг қалби, улуғ шоирнинг, улкан давлат арбобининг хотини эди, Ҳасад ва фақат ҳасад! Шунинг учун онамнинг вафотига шу шеър битилганидан қувонаман, негаки саройдаги зодагонлар буни кўриб аламдан кўкариб ўлади, ахир шеър шундай ажойиб, мазмундор-да, – хитоб қилди у муштларини қаттиқ тугиб, ғазаб, нафратга тўлганча. Кўзлари хира тортиб, манглай томирлари бўртиб кетди.

Шарлотта кўз олдида забти тор, жанжалга мойил одам турганлигига амин бўлди.

– Ардоқли жаноб камерал маслаҳатчи, – деди у ва эгилиб Августнинг титраётган муштига қўлини қўйди-да, қисилган бармоқларни меҳрибонлик билан ёзди, – ардоқли жаноб камерал маслаҳатчи, мен бутун қалбим билан сизни тушунаман, айниқса, раҳматлик онангизнинг хотирасини шу қадар қадрлашингиз, шундай улуғ отангиз билан фахрланиш туйғусини изҳор қилишдан чарчамаслигингиз мени мамнун қилди. Сизга тақдир насиб этган шундай отанинг ўғли бўлиш, бу – найрангбозлик эмас. Сиз олийжаноблик билан, зодагонларнинг фикрларига қарама-қарши ўлароқ, ҳаммамизга ўхшаган, яъни умумий андазага кўпроқ тўғри келадиган суюкли онангизнинг хотирасини шу қадар ардоқлашингизни мен сиздаги энг яхши хислат деб ҳисоблайман, чунки мен ҳам онаман, ёшимиз нуқтаи назаридан сизнинг ҳам онангиз бўлишим мумкин эди. Энди ҳасадга келсак! Худо гувоҳ, фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Мен ундан ҳамиша нафратланганман, ҳамиша ундан иложи борича ўзимни олиб қочганман – бемалол айтишим мумкин: бунинг уддасидан чиққанман. Бировнинг қисматига ҳасад билан қараш – қанчалар тубанлик! Ҳаммамиз ҳам бандалар бошига тушадиган кулфатларни тотиб кўрамиз-ку; бошқаларнинг қисматига ҳасад қилиш қанчалар хато, қанчалар бемаънилик ахир! Чинакам жирканч, нолойиқ туйғу. Биз ўз қисматимизнинг моҳир устаси бўлишимиз, бошқаларнинг ишларига беҳудага аралашавериб ҳолдан тоймаслигимиз лозим.

Август хижолатомуз жилмайиб, Шарлотта унга кўрсатган оналик меҳри учун миннатдорлик белгиси сифатида сал эгилди ва ёзилган қўлини кўксига қўйди.

– Сиз ҳақсиз, қимматли хоним, – деди у, – онам жуда кўп азият чекди. Гўрида тинч ётсин. Лекин нафақат онам учун қаттиқ хафаман. Отам учун ҳам қайғураман. Энди, ҳаёт ўтиб кетаётгани сингари ҳаммаси ўтиб кетди, тинч-осойишта палла келди. Халал берадиган мушкулот ер остига кетди. Бироқ у бир вақтлар қанчалар халақит берди, мунофиқлар, ахлоқпарастларни жонидан тўйғазди, отам уларнинг хоҳишлари билан ҳисоблашмай, уларнинг ахлоқ қоидаларига зид ўлароқ оддий халқдан чиққан қизни ўзига тенг кўриб, уларнинг кўз олдиларида у билан яшай бошлагани учун отамни ҳақорат қилишди, орқаворатдан ғийбат қилишди! Улар имкон топган заҳоти буни менга ҳам сездириб қўйишга интилишди, менга кўз остидан қараб устимдан кулишди, таъна ва афсус билан елкаларини қисиб қўйишди, гўё мен мавжудлигим учун бу эркинликдан миннатдор бўлишим керакдек! Гўё отамдек инсон ўз хоҳиш-иродаси билан яшашга ҳаққи йўқдек, гўё у фақат қотиб қолган ахлоқий қоидаларгагина риоя қилиши зарурдек… Бу насроний ватанпарварлар ва саховатпеша маърифатпарварлар ҳеч ён беришни исташмади, гарчи эркин ва автоном гўзаллик қонунини нафақат санъат, балки ҳаётнинг ўзи илгари суриб турган бўлса-да, улар даҳо ва ахлоқ ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида айюҳаннос солишди, бунга уларнинг фаҳм-фаросатлари етмади, тафовут ҳақида, нохуш қилиқ ҳақида дод-вой қилишди. Хотинларнинг ғийбати! Ҳар ҳолда улар инсон шахсини тан олишмаса ҳам, даҳо шоирнинг ҳуқуқларини эътироф этишлари керак эди-ку? Худойим, ўзинг асра! “Майстер”ни фоҳишалар уяси, “Рим элегиялари”ни заиф ахлоқ ботқоқлиги, “Худо ва баядера” ҳамда “Коринфлик келин”ни беадаб иборалар йиғиндиси деб аташди. “Вертер”ни энг зарарли ахлоқсизлик дея айблашганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.

– Бу мен учун янгилик, жаноб камерал маслаҳатчи, наҳотки шунга журъат қилган одам…

– Топилди, қимматли хоним, топилди. “Ҳамроз диллар”ни ҳам шу тахлит айблашди, бу романга бадахлоқ асар деган тамға босишди. Агар сиз одамларда бирор нарсага журъат етишмайди, деб ўйласангиз, демак, сиз одамларни яхши билмайсиз. Агар булар оддий, бемулоҳаза оми халқ бўлса эди. Йўқ, классицизмга, эстетик автономияга қарши бўлганларнинг ҳаммаси – марҳум Клопшток, марҳум Ҳердер, Бюргер, Штольберг, Николаи ва шуларга ўхшаганлар, ҳаммалари отамни руҳан эзишди, ноқонуний иттифоқлари учун онамга ола қарашди. Нафақат консисториянинг[28] президенти, отамнинг дўсти, мени диндорлар сафига қўшишдан бош тортмаган Ҳердер, ҳатто отам билан бирга “Ҳикматлар”ни чиқарган марҳум Шиллер ҳам, буни аниқ биламан, онамдан жирканиб юз ўгирган, ўзига ўхшаб дворян қизни эмас, балки ўз даражасидан паст қизни олгани учун отамни зимдан айблаган эди. Ўз даражасидан паст эмиш! Гўё менинг отамдек инсон у ёки бу даражадаги одамлар тоифасидан бўлса, ахир у ягона-ку! Бундай одам руҳан ҳар қандай ҳолатда ўз даражасидан пастга тушиши лозим, демак табақага айиришнинг нима кераги бор? Ахир Шиллернинг ўзиям наслий асилзодаликдан кўра руҳий асилзодаликнинг устунлигини афзал кўрарди-ку, у буни отамдан кўра кўпроқ уқтирарди. Унда у нега отамга ғамхўрлик қилиш орқасида руҳий асилзодаликка ҳалол меҳнати билан эришган онамдан юз ўгирди экан?

– Қимматли жаноб камерал маслаҳатчи, – деди Шарлотта, – гарчи эстетик автономия нима эканлигини билмасам-да, сизнинг фикрингизга тўлиқ қўшиламан, шунинг учун ўзимга унчалик тушунарли бўлмаган бу масалада ўйламасдан маъқулласам, мени Клопшток, Ҳердер ва Бюргер сингари улуғ инсонлар билан, айниқса, одоб ва ватанпарварлик масалаларида фикрим тескари келиб қоладими, деб қўрқаман. Бундай бўлишини истамасдим. Бироқ бундай эҳтиёткорлик, Германиянинг улуғ шоири шаънига доғ туширишга, қимматли яширин маслаҳатчимизни руҳан эзишга журъат қиладиган одамларга қарши сизнинг тарафингизда туришимга халақит бермайди.

Август эшитмади. Янгидан бостириб келган ғазаб исканжасида ўзининг гўзаллик ва ёқимтойлигини йўқотган қора кўзлари бежо алангларди.

– Ахир ҳамма ишлар рисоладагидай тўғри бўлмаганмиди? – бўғиқ овоз билан давом этди Август. – Отам онамни меҳроб олдига олиб бориб, қонуний хотини қилмадими, ахир бундан олдин мен отамнинг қонуний ўғли сифатида олий даражадаги ёрлиқ билан тасдиқланиб, керакли имтиёзларга эга бўлмадимми? Ҳамма гап шундаки, аслида наслий асилзодалар биздек руҳий асилзодаларга қарши ғазабдан ёрилиш даражасига етмоқда, ҳар қандай ярамас кавалерист арзимаган сабаб билан, ўз қарашларим ва отамнинг тўлиқ розилиги билан Европанинг энг улуғ ҳукмдорига қарши урушишга бормаганим учун мени масхаралашга, онамга тил теккизишга йўл қўяди. Бу зоти бузуқ дворянчанинг руҳий асилзодаликка қарши бунақа ҳаракати учун қамоқ жуда енгил жазо. Бунга жаллод керак, бунга қиздирилган темир керак…

У ғазабдан кўкариб, ўзини йўқотган ҳолда мушти билан тиззасига урди.

– Қимматли жаноб камерал маслаҳатчи, – аввалгидек юпатувчи оҳангда деди Шарлотта ва унга томон эгилди, сўнгра унинг ғазабланганидан кучайган вино ва одеколон ҳидини сезиб, ўзини яна орқага олди. Титраётган мушт қайтадан очилишини кутиб турди ва ярим қўлқопдан чиқиб турган бармоқларини меҳрибонлик билан Августнинг қўли устига қўйди. – Шунча қизишишнинг нима кераги бор? Мен сизни унчалик ҳам тушунмаяпман, менимча, биз шубҳа-гумон ва кераксиз хаёллар ичида йўқолиб кетяпмиз. Мавзудан четга чиқиб кетдик. Ёки тўғрироғи, сиз четга чиқдингиз. Мен тинмай ўзимча сиз боя эслатганингиз қимматли яширин маслаҳатчимиз йўлиққан фалокат ҳақида ўйлаяпман, агар сизни тўғри тушунган бўлсам, у фалокатдан ҳарқалай омон қолган, шундайми? Акс ҳолда мен аллақачон бу воқеани аниқлаштириб олган бўлардим. Нима бўлган эди ўзи?

Август яна бир неча марта чуқур-чуқур нафас олди ва аёлнинг меҳрибончилигига жилмайиб қўйди.

– Нима бўлган дейсизми? – сўради у. – А-а, ҳеч қандай қўрқинчли ҳодиса юз бергани йўқ. Сизни хотиржам қилсам бўлади. Йўлдаги нохуш ҳодиса… Воқеа бундай бўлган: шу ёзда отам қаёққа боришни анчагача ҳал қилолмай турди. Богемия курортлари жонига теккан, энг қайғули 1813 йилда у ерда сўнгги марта бўлган эди, ўшандан бери Теплицга назар солмаган, бундан афсусланмай илож йўқ, чунки сув билан уйда даволаниш курортнинг ўрнини босолмайди, Берка ва Теннштедт ҳам худди шундай. Яқинда у фойдаланган Теннштедтнинг олтингугуртли ванналарига нисбатан Карлсбад суви қўлидаги ревматизми учун фойдалироқдир эҳтимол. Аммо Карлсбаддан унинг кўнгли қолган эди, негаки ўн иккинчи йилда ўша ернинг ўзида буйрак санчиқлари хуруж қилган, бу илгари бошидан ўтказган хуружлардан энг оғири бўлган эди. Шунда унинг ёдига Висбаден тушиб қолди: ўн тўртинчи йилнинг ёзида у илк бора Райн, Майн ва Неккер водийларига саёҳат қилди, бу саёҳат уни кутилганидан ҳам ортиқ  тетик­лаштирди, руҳини кўтарди. Узоқ йиллардан кейин у ўз она шаҳрида бўлди.

– Биламан, – бош ирғади Шарлотта. – Афсуски, у ўшанда меҳрибон онажонини, қимматли империя маслаҳатчиси хонимини учратолмаган, у оламдан ўтган эди! “Франкфурт почта хабарлари” газетаси ҳам ўшанда шаҳарнинг буюк фарзандининг ташрифи шарафига каттагина мақола эълон қилганидан ҳам хабарим бор.

– Ҳа, албатта! Айтмоқчиманки, у Висбаденда Cельтер ва тоғ ишлари бўйича маслаҳатчи Крамер билан бирга вақтини ёқимли ўтказиб, қайтиб келаётганида Франкфуртга кирган. Ўша ердан Муқаддас Рох ибодатхонасига борган, кейинроқ уйга қайтгач, ажойиб меҳроб эскизини чизган эди: Муқаддас Рох ёш зиёратчи сифатида ота уйини тарк этиб, бутун бойлиги, олтинларини болаларга бўлиб бермоқда. Сюжет беҳад оддий ва таъсирчан. Асарни профессор Мейер билан бизнинг йеналик танишимиз Луиза Зайдлер якунлашди.

 

(Давоми келгуси сонда.)

 

[1] Давоми. Бошланиши ўтган сонда.

 

[2] Муза – қадимги юнон мифологиясида санъат, адабиёт ва фан илоҳаси.

 

[3] Марҳумлар ҳақида гапирма ёки яхши гапни гапир (лот.).

 

[4] Амур – қадимги Рим мифологиясида ўқ-ёй билан қуролланган қанотли бола қиёфасидаги севги худоси.

 

[5] Чуқур маъноли хулоса (фр.).

 

[6] Капеллан – католикларда хонаки черков руҳонийси.

 

[7] Викарий – католик черковида поп ёки епископ ёрдамчиси.

 

[8] Консисторий – католик черковида папа раислигидаги кардиналлар кенгаши.

 

[9] Янгиликлар (фр.).

 

[10] Хусусий тарзда (лот.).

 

[11] Камер-юнкер – монархия давлатларида сарой аҳлларига берилган унвон ва шу унвондаги киши.

 

[12] Камер-коллегия – пул солиғини бошқарган муассаса.

 

[13] Бахус – қадимги Рим мифологиясида ўсимликлар, вино ва қувноқлик худоси. Узумчилик ва виночилик ҳомийси.

 

[14] Нима бўлганда ҳам (фр.).

 

[15] Қирол иродасига қарши (лот.).

 

[16] Ваҳоб Раҳмонов таржимаси.

 

[17] Пэр – Англия ва Францияда олий дворянлик унвони ва шу унвонга эга бўлган киши.

 

[18] Катар – шиллиқ пардаларнинг яллиғланиши.

 

[19] Апокалипсис – насронийларнинг охирзамон ҳақидаги ривоятларни ўз ичига олган диний китоби.

 

[20] Адольф фон Лютцов (1782-1834) – Наполеон давридаги прусс қўмондони.

 

[21] Фаворитка – севимли қиз, аёл, маъшуқа.

 

[22] Курфюрст – император сайлаш ҳуқуқига эга бўлган давлатманд князь.

 

[23] XVI асрда яшаб ўтган, васвослик дардига чалинган итальян шоири Торквато Тассога (1544 – 1595) ишора қилинмоқда.

 

[24] Интендент – армияда моддий таъминот хизматини бажарувчи ҳарбий ходим.

 

[25] Котильон – қадимги рақсларнинг бир тури ва уларнинг мусиқаси.

 

[26] Масалдаги бўри (лот.) – лотин матали, ўзбек тилидаги “Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади” мақолига тўғри келади.

 

[27] Фама – қад. юнон мифологиясида хабар илоҳаси.

 

[28] Консистория – черков ишларини бошқарувчи идора.

 

2018/2

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi