ГЎЗАЛЛИК, ИШҚ ВА ИЗТИРОБ ШАРҲИ

fantasy_world_book_by_markvog-d5nsl4r

(Суҳравардийнинг “Мунис ул-ушшоқ”
рисоласининг қисқача таҳлили)

Шиҳобуддин Абу Ҳафс Абдулфутуҳ Яҳё ибн Ҳабаш Умар Суҳравардий (1152 – 1191) ишроқия фалсафий таълимотининг асосчиси, мутасаввиф (сўфийлик билан шуғулланувчи) ижодкор сифатида илм ва ижод аҳлини узоқ даврлардан буён таъсирлантириб келмоқда. Унинг “Ҳикмат ал-ишроқ” (Нур фалсафаси), “Кашфу-л-фазойиҳи-л-йўнонийа ва рашфу-н-насойиҳи-л-иймониййа” (Юнонлар кирдикорларини фош этиш ва иймон насиҳатларидан узоқ ҳузурланиш), “Калимоту-т-тасаввуф” (Тасаввуф сўзлиги), “Китоб ат-талвиҳот” (Ишоралар китоби), “Ҳайокил ан-нур” (Нур ҳайкаллари, шакллари), “Ал-Ламаҳот” (Лаҳзалар; Нуқтаи назарлар), “Ал-Алвоҳ ал-Имодиййа” (Таянч тушунчалар лавҳи. Шоҳ Имодуддинга бахшида), шунингдек, форс тилида яратилган “Партавномаи шоҳий” (Шоҳона нурнома) каби машҳур асарлари билан бирга “Мунис-ул-ушшоқ” (Ошиқлар дўсти) рисоласи ҳам муаллифнинг ўзига хос назарий-фалсафий фикрлари талқинига бағишланган бўлиб, мутасаввифларнинг мўътабар китоби ҳисобланган. Мумтоз адабиёт намояндалари унинг ғоя ва услуб­ларидан кенг кўламда фойдаланганлар. Буни биргина XVIII аср охири ва XIX аср бошларида яшаб ижод қилган хоразмлик шоир Шермуҳаммад Муниснинг ўз девонига айнан Суҳравардийнинг ана шу рисоласи номини қўйгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, “Мунис-ул-ушшоқ” номи ХII асрдаёқ мусулмон оламида машҳур эди.
Суҳравардийнинг йигирмадан зиёд асарлари орасида “Мунис ул-ушшоқ” (“Фи ҳақиқат ал-ишқ” деб ҳам юритилади) нисбатан қисқа, ўн икки бобдан иборат рисоладир. Бу асар дунёнинг бир қатор олимлари томонидан ўрганилган. Жумладан, француз олими Ҳ.Корбин, эрон олими Насруллоҳ Пуржаводий, мисрлик олим Абул-Ҳасан ад-Дайламийлар уни турли нуқтаи назарлардан тадқиқ этганлар ва унга жуда юқори баҳо берганлар. Асар матнини Европада айнан Ҳ.Корбин эълон қилган.
Асар тўла маънода рамзийдир. У тасаввуфдаги зот, тажаллий ва ҳол тушунчаларини бадиий талқин қилишга бағишланган. Унда оламдаги биринчи яратиқ сифатида Ақл эътироф қилинади. Лекин унинг рамзий маъноси Холиқ – Яратувчининг зотига мансублигини тушуниш қийин эмас. Асарнинг дастлабки саккиз бобида муаллиф Ақлнинг Ишқ, Гўзаллик ва Изтироб (форс тилида улар Меҳр, Некуий ва Андуҳ деб аталади) исмли уч фарзанд кўрганини айтиб, уларнинг қисматлари ва инсонга муносабатлари ҳақида қисқа баён қилади. Ҳар бири “ҳол тили” билан ўзи ҳақида сўзлаган бу уч оға-ини ва сўзлар тўғрисидаги ҳикоя “Мунис ул-ушшоқ”нинг кульминацион қисми ҳисобланади. Қолган бобларда Суҳравардий асосий қиссагўйлик чегарасидан чиқиб, гўзаллик табиати, ишқ ва руҳ ҳақидаги баъзи фикрларини ҳам қайд этади.
Кўпинча, тасаввуфий асарларда ишқ бирламчи ўрин эгаллайди. Суҳравардий бундай йўл тутмайди. Ҳикоянинг асосий қисмида Ишқ ўзининг икки биродари Гўзаллик ва Изтироб билан бир хил мақомга эга. Суҳравардий ўз ғояларини бадиий, поэтик тилда ифодаласа-да, унинг фикрлари кўпроқ фалсафага мойил. Бинобарин, унинг фикрича, Ишқ биринчи эмас. У Ақл исмли, уч оға-инининг отаси бўлган ёрқин моҳиятнинг бир нишонасидир. Ишқ, Гўзаллик ва Изтироб­ларнинг ўзаро муносабатларини тушунтирар экан, Суҳравардий фалсафий тушунчалар ва иборалардан фойдаланади. Ишқ, Гўзаллик ва Изтироблар Ақл моҳиятининг уч хусусиятини ёки жузъини намоён қилади. У бу моҳиятни Ҳақни ва ўз-ўзини англашга, аввал йўқ бўлиб, кейин бор бўлган мавжудотларни англашга қодир уч хоссаси билан изоҳлайди: Ҳақ таолони англашга тегишли бўлган хусусиятдан Гўзаллик, ўзини англашга тегишли хусусиятдан Ишқ ва аввал йўқ бўлиб, кейин бор бўлган мавжудотларни анг­лашга тегишли хусусиятдан Изтироб пайдо бўлади.
Бу ерда Суҳравардий баён қилаётган Ишқ, Гўзаллик ва Изтиробнинг намоён бўлиши ҳақидаги назария неоплатончилик қарашларидан келиб чиққан, яъни улар мажозни Ақлнинг тажаллиси сифатида талқин этадилар. Неоплатончилик назариясига кўра, Ақл аввало ўз манбасини (ҳақиқатини) танийди, сўнг эса ўзи ва бошқа нарсаларни таний боради. Бу таний бориш жараёнида яна бошқа нарсалар пайдо бўла боради. Суҳравардийнинг Ақл (Руҳ)нинг пайдо бўлиши ҳақидаги фикрлари Платоннинг қарашларига мос. Бироқ Ишқ, Гўзаллик ва Изтиробларнинг Ақлни англаш натижалари ҳақидаги фикрлари барча тафсилотлари билан унинг ўзига тегишли. Қолаверса, дастлабки ислом манбаларида Ишқ ва нафрат ёки Ишқ ва адоват пайдо бўлиши ҳақидаги фикрлар Гераклит Эфессийга мансуб фикрларга ўхшаб кетар эди.
Абул-Ҳасан ад-Дайламий ўзининг “Китаб атф ал-алиф ал-маълуф ала ал-лам ал-маътуф” асарида шундай ёзади: “Аввалгилардан аввалги моҳият ёки бошланғичларнинг боши Онг олами эди. Бизнинг инсоний ақлимиз, гарчи ўша Онг оламидан пайдо бўлган эса-да, уни идрок қилишга қодир эмас. Ўша Онг олами ҳақиқатан Ҳақнинг ўзи эди. Бу олам томонидан яратилган дастлабки яратиқ Ишқ ва Адоват эди. Ишқдан юксак осмон олами яралди. Уларнинг сўнггиси Ой доираси деб номланган осмон бўлди. Ой доирасидан тубандаги барча нарсалар, жумладан, бизнинг еримиз қарама-қаршиликдан пайдо бўлди”.
Кўриниб турганидек, Суҳравардийнинг ғоялари маълум маънода Герак­литга мансуб назарияларга ўхшайди. Албатта, Суҳравардийга кўра, Онг Олами Оллоҳ эмас, балки шунчаки тажаллий ёки биринчи яратиқ. Лекин, Гераклитга мос равишда, Суҳравардий Ишқни Ақл жузъи ёхуд унинг фарзанди сифатида тасвирлайди. Изтироб Суҳравардий фалсафасида маълум маънода Гераклит фалсафасидаги қарама-қаршилик каби роль ўйнайди. Бундан ташқари, Суҳравардий осмон ва ернинг пайдо бўлишини Ишқ ва Изтироб курашининг натижаси деб ҳисоблайди. Ҳ.Корбиннинг таъкидлашича, Суҳравардий мазкур рисоласининг бошқа ўрнида Гераклитнинг фикрларини эслатувчи, бундан фарқ қилувчи бир неча фикр билдиради. У Англаш Муҳаббат ва Ғазаб каби икки зид нарсани келтириб чиқаришини айтади. Шунингдек, бу ерда Англаш худди Гераклит фалсафасидаги Ақл Олами каби роль ўйнайди. Гераклитда Гўзаллик ҳақидаги фикрлар учрамайди, лекин бу тушунча неоплатончиликда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлгани маълум. Суҳравардий ҳам Гўзалликка катта маъно юклайди.
Гарчи Суҳравардийнинг бу назарияси фалсафий бўлса-да, у ўзининг бу фикрини исломий қарашларга мос равишда тақдим этишга уринади. Бошқача айтганда, Суҳравардий ўзининг Ишқ, Гўзаллик ва Изтироб ҳақидаги фалсафий қарашларини Қуръон тушунчаларига мувофиқлаштиришни хоҳлар эди ёки айтиш мумкинки, Қуръон таълимотидан фойдаланиб, ўзининг бу яратилмиш оламни тавсифлашга хизмат қилувчи Ишқ, Гўзаллик ва Изтироб ҳақидаги назарияларини баён қилишни хоҳларди. Суҳравардийнинг бу уч тушунчаси Қуръони Каримдаги Юсуф, Зулайҳо ва Яъқуб тимсоллари билан боғлиқлигини тушуниш қийин эмас. Суҳравардий ўқувчига ҳикоясининг бошидаёқ бу фикрини уқтириб, “Юсуф” сурасининг учинчи оятини зикр этади: “Биз сенга аҳсанул-қисасни ҳавола қилурмиз…”
Юсуф, Зулайҳо ва Яъқубни излаб йўлга тушишдан олдин Ишқ, Гўзаллик ва Изтироб инсоният отаси Одам (а.с.) билан алоқага киришадилар. Тангри Таоло Одам (а.с.)ни яратиб бўлиши хабари бутун борлиққа тарқалади ва барча фаришталарни уни кўриш иштиёқи чулғаб олади. Гўзаллик худди бир фариштадек бўлиб, Одам (а.с.)ни ҳаммадан аввал кўришга шошилди. У маркаби кибриёга миниб, Одам (а.с.)нинг ҳайъати ҳузурига интилди ва унга етиб, унинг ҳайъати ҳузурини бутунлай эгаллаб олди. Ишқ булар ҳақида билгач, Изтироб билан бирга Гўзаллик томон йўл олди. Улар изи­дан аҳли малакут ҳам йўл олади. Ишқ Гўзалликни кўргач, таъзим қилиб ўзини йўқотади, изтироб уни қўлларида кўтариб олади. Фаришталар эса Гўзалликка кўзлари тушиши билан таъзим билан ер ўпадилар. Шундай қилиб, фаришталарнинг Одам (а.с.)га таъзимлари Гўзаллик шарофати билан содир бўлади. Агар Гўзаллик Одам (а.с.) ҳайъати ҳузурида ҳижобини ечмаса, Одам (а.с.) ҳузурига Ишқ ҳам, Изтироб ҳам, фаришталар ҳам келмас эдилар, деб таъкидлайди Суҳравардий.
Одам (а.с.) ҳақидаги ҳикоядан сўнг Юсуф ҳақидаги ҳикоя келади. Навбат Юсуф (а.с.)нинг яратилишига етганда бир неча вақт муқаддам Одам (а.с.) ҳузурини тарк этган Гўзалликка бу ҳақда хабар берадилар. У Юсуф (а.с.) томон йўл олади ва у билан бирлашади. Ишқ ва Изтироб яна Гўзаллик томон шошадилар ва уни Юсуф (а.с.) ҳузурида топадилар. Изтироб бориб эшик қоқади, Гўзаллик ким келганини сўрайди. Ишқ ўзини танитади, Гўзаллик эса киборона уни ҳайдаб солади. Ишқ ва Изтироб Ҳайрат саҳросига чиқиб кетадилар. Саҳрода Изтироб Ишққа бир-биридан ажралиб, турли томонларга кетишни, бир неча муддатдан сўнг яна биродарига ўз хизматини таклиф этишни маслаҳат солади. Шу вақтдан бошлаб, уларнинг йўллари айро тушади: бири Канъонга, бири Мисрга равона бўлади.
Кўриб ўтилганидек, бунгача Суҳравардий Зулайҳо ва Яъқубни саҳнага олиб чиқмайди. Яъқуб Канъонда эди, Зулайҳо эса Мисрда. Изтироб ва Ишқ улар билан сафарда эканида учрашади. Шунинг учун Суҳравардий Ишқ, Гўзаллик ва Изтиробнинг дунёйи дундаги Юсуф, Зулайҳо ва Яъқуб ҳузурларидаги ўзаро муносабатларини баён қилишдан аввал уларнинг ке­йинчалик фоний дунёда содир бўлиши муқаррар воқеаларнинг фаришталар оламида башорат тасвири кўрсатилиши ҳақида сўз юритади. Бунга ўхшаш тарихни биз Қуръони Каримнинг ўзида, акаларининг Юсуфга муносабати ҳақидаги ўринда кўрамиз. Юсуф ҳузурида акаларининг таъзим билан ер ўпишлари бир неча йиллар олдин унинг тушида ўн бир юлдуз, Қуёш ва Ойнинг сажда қилгани билан кўрсатиб башорат қилинган эди.
Изтиробнинг йўли Канъонга яқин эди. Изтироб мақсадига эришиши биланоқ, унга боғланиб қолган Яъқубга рўбарў бўлди. Ишқнинг Мисрга етказувчи йўли узоқ эди. Мисрга етиши биланоқ, Зулайҳо ёнига борди. Зулайҳо унинг шаҳарга етиб келгани ҳақидаги хабарни билиши билан ўрнидан туриб, унинг ёнига йўл олди ва унга шундай савол берди: “Сен қаердан келдинг, қаёққа бораётирсан, исминг нима?”
Ишқ ўзини танитиб, шундай жавоб берди: “Мен муқаддас юрт Руҳ макони Гўзаллик саройидаман. Мен Изтироб билан қўшниман. Менинг машғулотим жаҳонгашталик ва мен ҳар лаҳзада бошқа-бошқа томонга юзланаман. Ҳар куни янги-янги манзилларда бўламан, ҳар тун қаерлардадир тўхтаб ўтаман. Араблар орасида бўлганимда мени Ишқ деб атайдилар, форслар орасида бўлганимда эса Меҳр деб номлайдилар. Осмонларда мени ҳаракатлантирувчи деб шарафлайдилар, ерда эса тинчлантирувчиман. Гарчи мен қадимий бўлсам-да, ҳамон навқиронман. Гарчи ҳеч нарсага эга бўлмасам-да, улуғ насабданман”.
Шундан сўнг Ишқ Зулайҳони руҳан ўзи Мисрга етиб келгунича босиб ўтган йўли ва унга мансуб малакут (фаришталар) оламига олиб чиқади. У дейдики, ўша оламнинг энг пастида, у бу ерга келгунича босиб ўтган йўлда Қалб мамлакати мавжуд, у тўққиз қаватли осмон устидадир. “Бу мамлакат дарвозасини Муассар Ақл деб номланувчи ёш мўйсафид қўриқлайди”. Ҳақиқатда эса бу мўйсафид Муассар Ақлдан бошқа ҳеч ким эмас. У соликка малакут олами йўлини кўрсатади. Шундан сўнг Суҳравардий Ишқ сиймоси орқали солик йўлидаги мақомларни таърифлайди ва унинг йўли беш ташқи ва беш ички сезгилар орқали ўтади. Шунингдек, озиқланиш, сабрга солувчи ва камолга етказувчи кучлар орқали йўлда ғазаб ва шаҳватнинг жиловини тортиш ва бу йўл осмон қаватларидан ўтиб олмагунча Қалб мамлакати дарвозасига ета олмайди. Шундан кейингина солик мўйсафидга юзланади ва у билан саломлашади. Мўйсафид уни оби ҳаёт булоғида чўмилтиради. Шу тарзда солик абадий ҳаётга эришади. Бу вақтга қадар у Қалб мамлакатига кирган эди. Ундан кейин бошқа мамлакатлар ҳам борки, Ишқнинг сўзларига кўра, уни таърифлаб бўлмайди, чунки “Сизнинг онгингиз уни идрок қила олмайди, сиз менга ишонмайсиз ва ҳайрат денгизига ғарқ бўласиз”.
Бу илоҳий руҳий сайрдаги танишувлардан сўнг Ишқ ва Зулайҳо ўртасида иккинчи суҳбат бўлиб ўтади. Унда Ишқ яна бир бор қандай қилиб бу ерга келиб қолгани, икки биродари: Гўзаллик ва Изтироб ҳақида изоҳ беради. Бу ҳикояни эшитган Зулайҳо Ишқни ўзига қабул қилади ва уни ўз ҳаётидан кўра кўпроқ қадрлайди. Шу даврда вақти-вақти билан Юсуф Мисрга келиб туради ва Зулайҳо унинг ташрифи ҳақида хабар топади.
Зулайҳо бу Ишқ воқеаси ҳақида ҳикоя қилади. Ишқ Зулайҳони дарвозадан олиб чиқади ва улар биргаликда Юсуф томонга йўл олишади. Зулайҳо Юсуфни кўргач, унга томон боришни истайди. Бироқ унинг юрак оёқлари ҳайрат тошига қоқилади. У сабр чегарасидан чиқиб кетади. Таъна қўлини узатади, ҳаё пардасини йиртиб, шу ондаёқ ғамга ботади.
Бу ўринда Суҳравардий улар орасида нималар бўлиб ўтгани, Юсуфнинг зиндонбанд этилиши ҳақида ҳеч нарса демасдан, Зулайҳо ва Юсуф қиссасини тўхтатади. Бунинг ўрнида у Изтироб саргузаштларини ҳикоя қилиш мақсадида қиссанинг хотимаси, яъни Яъқуб ва Юсуфнинг учрашуви воқеаларини тасвирлашга ўтади. Юсуф Мисрнинг катта амалдори бўлади ва бу хабар Канъондаги Яъқуб қулоғига бориб етади. Яъқуб ва унинг ўн бир ўғли Изтироб йўлбошчилигида Мисрга қараб йўл олади. Юсуф ва Зулайҳонинг тахтда бирга ўтиришганини кўрганда дастлаб Ишқ ва Гўзалликни бирга кўриб, Изтироб ерга йиқилади, кейин Яъқуб ва унинг ўн бир ўғли ҳам шундай қилади. Юсуф ўз отасига бу қачонлардир кўрган тушининг рўёбга чиқиши эканини айтади. Шу билан уч биродарнинг Юсуф, Зулайҳо ва Яъқуб билан дўстлашгани ҳақидаги ҳикоя ниҳоясига етади. Гўзаллик тахтга чиқади. Ишқ эса хизматкор каби унинг қаршисида тиззалаганча ўтиради. Изтироб эса шоҳ олдида мукка тушиб қолади.
“Мунис ул-ушшоқ” рисоласининг асосий қисми шу ўринда ниҳоясига етган бўлса-да, Суҳравардийнинг бош масаласи бўлган Гўзаллик ва Ишқ моҳияти ҳақидаги фикрлари айнан мана шу ердан бошланади. Рисоланинг бир бобида Гўзалликка қайси йўллар билан борилиши, Ишқ эса унга олиб борувчи йўл эканлиги ҳақида маълумот берилади. Навбатдаги бобда у ишқ ва эҳтиросни англаш билан ўзаро фарқлари хусусида тўхталади, кейинги бобида у “ишқ” сўзининг этимологияси ҳақида сўз юритиб, унинг ўзаги барча дарахтларнинг ҳаммаёғидан чирмашиб, уларни хароб қилувчи ўсимлик маъносини англатувчи “ашиқа” сўзи эканлигини таъкидлайди. Ниҳоят, сўнгги бобда азал ва абаднинг ҳукми билан Гўзаллик томонидан икки олам қўриқчиси қилиб тайинланган Ишқни у абадий ҳақиқат сифатида тақдим қилади. Гўзаллик қайси бир шаҳарга кирмасин, унга сигирни қурбонликка келтиришади. Бу ерда шаҳар орқали инсон танаси, сигир орқали инсоннинг (тубан) қалби англашилади.
Суҳравардий томонидан рисолага қўшилган тўрт боб, гарчи асар мавзусидан мутлақо ажралиб қолмаган бўлса-да, унинг яхлитлигига қайсидир маънода салбий таъсир кўрсатиб, уни композицион жиҳатдан бўшаштириб қўйган. Лекин, таъкидлаш лозимки, Суҳравардий бу асари билан форс мистик адабиётида ўзининг новатор ёзувчи эканини намойиш эта олган. Бу асарда Ишқ ва Гўзаллик ҳақидаги оригинал ғоя ва фикрлар, уларнинг моҳияти ифода этилган, шунингдек, махсус композициядан фойдаланилган, ғоя ифодасининг янги адабий усули қўлланган.
Биринчи диққат қаратилиши лозим муҳим жиҳат, бу Суҳравардий фикр­ларининг асоси ёхуд манбалари – Ишқ ва унинг Гўзаллик ҳамда Изтиробга муносабати ҳақидадир. Кўриб ўтганимиздек, Суҳравардий Ишққа психологик нуқтаи назардангина ва фақат руҳнинг ҳолати сифатида қарамайди, аксинча, уни, аввало, метафизика нуқтаи назаридан ва унинг ёнида яна икки метафизик ғоя, Гўзаллик ҳамда Изтироб билан бирга Ақлнинг уч жузъи сифатида тақдим қилади. “Ақл” сўзи бу ерда унинг дастлабки оддий маъносидан фарқли равишда махсус неоплатончилик ғояларига мос мазмунида қўлланган. Форс адабиётида “ақл” сўзи одатда дедукция (хусусий хулосалар чиқариш, истидлол), инсондаги фарқлаш хоссаси маъносида қўлланади ҳамда Ақл тасаввуфий ва мистик шеъриятда Ишқдан қуйи мақом тутади. Лекин бу асарда Ақл неоплатончилик таъбирида “Биринчи Эманация” (“садири аввал”) деб номланган Ҳақдан мажоз энг биринчи манба, порлоқ моҳият ёки бебаҳо пурнур дур сифатида талқин қилинади.
Бу фикрни ифодлаш учун форс мистик адабиётида кўпинча “руҳ” сўзи ёки “руҳи аъзам” бирикмаси қўлланади. Мисол учун Аҳмад Ғаззолийнинг “Савониҳ” асари биринчи бобида “Руҳ йўқликдан борлиқ майдонига келганида Ишқ борлиқ чегарасида Руҳ маркаби (от)ни кутиб турди”, дейилганини айтиш мумкин. Руҳ дейиш билан у Суҳравардий Ақл деб атаган ўша манбани назарда тутган эди. Аҳмад Ғаззолийдан келтирилган парчада Руҳ маркабига Ишқ минади. Бошқача изоҳга кўра, Руҳ моҳият, Ишқ тажаллийдир. Суҳравардий эса Ишқни Ақлнинг тажаллийси деб ҳисоблайди. Лекин Ғаззолий ва Суҳравардий мулоҳазаларида фарқ бор. Суҳравардийга кўра, Ишқ Гўзаллик ва Изтироб каби Ақлнинг фарзанди. Ғаззолийга кўра эса, Ишқ Руҳдан туғилмаган, ундан мустақил. Ҳақиқатда Ишқнинг мавжудлиги Ҳаққи мутлаққа боғлиқ. Бу фикр Платон, Форобий ва Ибн Синолар қарашларига мос келади. Бу олимлар дейдиларки, Ҳақ ўз зотида севувчи ва севилувчидир. Ҳақ зотига Ишқ ва Гўзаллик сифатлари мансубдир. Севгининг бундай талқини “ишқи зотий” номи билан форс шеъриятида ниҳоятда кўп учрайди.
Асардаги яна бир ўзига хос хусусият Суҳравардийнинг Ишқ ва Гўзаллик метафизик концепти қаторида Изтиробнинг бирга намоён бўлишидир. Изтироб Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн Ҳаким Термизийнинг (вафоти 937) “Китоб ар-риёза” ва Аб-ул-Қосим Абд-ул-Карим ибн Ҳавозан ал-Қушайрийнинг (986 – 1074) “Рисола” каби тасаввуфий китобларидаги каби сўфийлар ҳоли сифатида талқин қилинади, фақат у ҳеч қачон биринчи даражали ҳол саналмайди. Изтиробга диққат қаратган муаллифлар одатда уни кўнгил ҳоли сифатида талқин этадилар. “Ал-ҳузн ва асбобуҳу” деб номланган кичик рисолада Ибн Сино изтиробни руҳий дард ва қийналиш сифатида тушунтиради.
Лекин Суҳравардий уни метафизик омил сифатида илк яратиқ Ақлнинг тажаллийси сифатида ниҳоятда юқори ўринда ҳисоблайди. Бунинг сабаби, эҳтимол, шу билан белгиланадики, у ўзининг Ишқ ва Гўзаллик ҳақидаги қиссасини Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги Қуръони Карим қиссаси билан мувофиқ бўлишини хоҳлаганидир. Қуръон қиссасида Юсуф ва Зулайҳолардан кейинги ўринда Яъқуб образи муҳим саналади, у Юсуф айрилиғидан узоқ андуҳ чекади. Суҳравардий ўз қиссасида Ақлни уч фарзанднинг отаси қилиб олади ва илоҳий қиссадаги мазкур уч образ замиридаги хусусиятни Гўзаллик, Ишқ ва Изтироб образларида акс эттиради. Бинобарин, бунда Изтироб муҳимлиги нуқтаи назаридан Гўзаллик ва Ишқ даражасига кўтарилади. Суҳравардийнинг Изтиробни бундай даражага кўтариши форс адабиётида ундан олдин ҳам, кейин ҳам кузатилмаган бир ҳолатдир.

Нафас ШОДМОНОВ,
Қарши давлат университети профессори,
филология фанлари доктори,
адабиётшунос

4 Menga yoqdi
1 Menga yoqmadi