ИНГЛИЗ-АМЕРИКА АФОРИЗМЛАРИ

reading

Борди-ю кушхона деворлари шишадан бўлиб, ичкарида нималар бўлаётгани кўриниб турганида борми, дунёни гўштемаслар босиб кетарди.

Пол Маккартни

Агар бўйнинг кутилмаганда қайрилиб кетса, томоғингдан қил ҳам ўтмай қолса,  уйингга ўт тушса – буларнинг бари, шубҳасиз,  оғир талафот. Бошқалари эса шунчаки нохуш ҳодисалардир. Ҳаёт узоқ умрга ҳам етиб ортадиган, сира тугамайдиган  турфа  нохушликлардан иборат. Бўтқа ичидан ҳамиша бир нима чиқади, бўғзингга бир нима тиқилади, кўкрагингда нимадир тошдай туриб қолади. Бир-бирига ўхшамаган нохушликлар.  Уларни фарқлай билиш зарур.

Роберт Фулҳем

Аёл киши ёш экан, у ҳамиша диққат-эътиборда бўлади. Ҳамма вақт ғолибалик шоҳсупасида туради. У шуни хоҳлайди, шундай бўлишга интилади ва бундан бир олам завқ олади. Аммо кутилмаганда ўрта ёшлилар сафига қўшилади ва… эътибордан қолади. Кўплар уни сезмайди ҳам. У ҳавас қиларли даражада эркинликка муяссар бўлади. Энди у кўринмас одам каби дунёни бемалол кезиб юриши мумкин.

Дорис Лессинг

Бу дунёда бахтга эришишнинг бор-йўғи иккита усули бор – соф виждонли бўлиш ёки бу фазилатга мутлақо яқинлашмаслик.

Огден Нэш

Дунё дунё бўлганидан бери бирорта жангда ғолиблар бўлган эмас. Жанг майдони инсоннинг идрок кўзини очиб, унга хатоларини кўрсатади, холос. Ғолиблик ҳақидаги гаплар файласуф ва нодонларнинг шунчаки хомхаёли.

Уильям Фолкнер

Жамият қайнаётган шўрвага ўхшайди: шопириб турилмаса, қозон юзида кўпик кўпайиб кетади.

Эдвард Эбби

Яхши сўз ва револьвер билан  кўп нарсага эришиш мумкин. Бундай натижани қўлга киритиш учун яхши сўзнинг ўзи камлик қилади.

Ал Капоне

Жиннилик нисбий тушунча. Гап кимни ким ва қандай қафасга қамаб қўйганида.

Рэй Брэдбери

Бола катталар ҳам хато қилишлари  мумкинлигини тушунганида ўсмирга айланади. Буни кечириш кераклигини англаганида вояга етади. Ўзининг хатоларини сеза бошлаганида эса донолик остонасида турган бўлади.

Олден Ноулан

Китоб ўқир эканмиз, ундан олган таассуротларимизни хотирамизга шахсий қарашларимизга мослаб жойлаштирамиз. Унга аввал ўқиган китобларимиз ҳақидаги тасаввурларимизни, ҳаётий тажрибамизни қўшамиз. Сиз китобни худди хусусий шартларингизга мослаб ўқиётган бўласиз.

Анжела Картер

Сен ҳеч ким бир сўз ҳам демай турган жимжит жойга боргин-да, ўз сўзингни айт.

Эми Гудман

Баъзи одамлар ҳамма нарсани шахсан текшириб кўришни хоҳлайдилар. Шундай қилмасалар кўнгиллари ўрнига тушмайди. Бирор бир ғор оғзига электр тугмача ўрнатиб, унинг устига қизил бўёқ билан “Бу ёруғ оламда инсон ҳаётини тугатувчи тугмача” деб ёзиб қўйилса, бу бўёқ қуришга ҳам улгурмайди.

Терри Пратчет

Парижда мен француз тилида гапиришга ҳаракат  қилганимда, парижликлар менга ажабланиб қараб, афтларини бужмайтиришди. Мен бу хомкаллаларни ўз тилларини тушуниб олишларига мажбурлай олмадим.

Марк Твен

Бугун дунёнинг наинки бугунги ҳолатини,  унинг эртасини ҳам ҳисобга олмай туриб бирор қарорга келиш, уни қабул қилиш мумкин эмас.

                                                                                                Айзек Азимов

“Само-Ер” космик кемасида йўловчилар  йўқ – биз ҳаммамиз унинг экипажи аъзоларимиз.

Маршал Маклюен

Одамлар ҳақиқатни эмас, бемалол яшашлари учун асос бўладиган хомхаёлларни излайдилар.

Анаис Нин

Барча адабиёт ғийбатдан иборат.

Труман Капоте

Эркин жамият шундай жойки, у ерда машҳур бўлмаслик бағоят хавфсиздир.

Адлай Стивенсон

Қирғоқда кемаларга ҳеч нарса хавф  солмайди. Узоқ вақт хотиржам тураверишлари мумкин. Бу – яхши, албатта. Аммо кема қирғоқда сақлаб туриш учун қурилмайди-да.

Грейс Хоппер

М.Аҳмедов тўплаган.

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi