СИДДХАРТХА

Sidxarta

Ҳерман Ҳессе

БИРИНЧИ ҚИСМ

Брахман ўғли

Чароғон қуёшнинг нурлари акс этган дарё бўйида, қадрдон уйи, анжирзору палма дарахтларининг соясида ёш лочин брахманзода Сиддхартха дўсти брахман ўғли Говинда билан бирга улғайди. У дарёда чўмилган вақтда ёки муқаддас покланиш чоғида, ёхуд қурбонлик келтираётган дамда қуёш унинг оппоқ елкаларида олтиндек товланарди. Унинг болалик чоғлари қуюқ анбаҳозорларнинг тим-қора соясидан завқланиш, муқаддас қурбонликлар келтириш, онасининг майин аллаларини, олийжаноб ота­сининг ўгитларини ва донишманд брахманнинг салобатли нутқини тинг­лаш билан ўтди. Сиддхартха аллақачон донишмандларнинг суҳбатида бўлишни одат қилган, дўсти Говинда билан бирга нотиқликни, мушоҳада қилиш санъатини ва ўз ички оламининг яширин сирларини эгаллаганди. У каломлар каломи аумни сўзсиз айта олишни, уни сўзсиз нафас билан ичга олишни ҳамда сўзсиз нафас билан ташга чиқаришни ўрганган, руҳи бир нуқтага жамланиб, ўткир зеҳнли қалб нури нигоҳларида порларди. У аллақачон олам билан яхлит ўз фитратидаги яширин, қудратли Атманни англаганди. Ўғлининг билимга чанқоқлигини ва қобилиятини кўрган ота­сининг қалби қувончга тўлар, у келажакда Сиддхартхада брахманларнинг эътирофига муносиб буюк устоз ва коҳинни кўрарди. Онаси унга муҳаббат ила боқаркан, унинг қадам ташлаши, тик қомати, кўркамлиги, жасурлиги, ўтириб-туришлари, ҳар бир ҳаракати, одамларнинг уни иззат билан қарши олиши қалбига ҳузур бахш этарди. Сиддхартха қадди-қомати расо, худди шаҳзодалардек виқорли нигоҳ ташлаб ўтаркан, ёш брахман қизларнинг кўксида муҳаббат уйғонар, бироқ уни ҳаммадан кўра кўпроқ дўсти брахманзода Говинда севарди. У Сиддхартханинг кўзларини, овозини, юришларини, унинг олийжаноб хатти-ҳаракатини, Сиддхартха нима демасин, нима қилмасин – бари-барини севар, айниқса, унинг ақлини, оташин фикрларини, алангали иродасини ва юксак қисматини қадрларди. Говинда уни келажакда оддий брахман, ялқов коҳин, очкўз савдогар, шуҳратпараст, сафсатабоз, ёвуз ва маккор руҳоний ёки катта бир пода ичра қўй каби содда одам бўлмаслигини яхши билар, зотан Говинданинг ўзи ҳам атрофда бусиз-да тўлиб-тошган брахманларнинг сонини кўпайтиришни истамасди. У суюклиги, дўсти Сиддхартханинг изидан қолишни истамас, агар кун келиб Сиддхартха худолардан бирига айланса, агар кун келиб у олий нурга қовушса, унда Говинда унинг ортидан бир дўст, йўлдош, содиқ қул, қуролбардор ёхуд бир соядек эргашиб боради.

Ҳамма Сиддхартхани севар, у ҳамма учун бирдек қувонч келтирар, барчага бирдек ёқимли эди. Фақат у ўзи учун шодлик келтирмасди. Хурмо боғларининг пушти йўлакларида сайр этиб, бутазорларнинг қуюқ соясида ўйга толаркан, одатдаги покланиш учун сувга шўнғиганда ҳам, анбаҳзорларнинг қоронғи ўрмонида қурбонликлар келтирганда ҳам, чиройли хулқи ва гўзал ҳаракатлари ила атрофдагиларни мафтун этган, ҳаммага севинч ва шодлик улашган бу йигит ўз қалбида ҳеч бир шодлик ҳис қилмасди. Дарё сувларининг чайқалиши, олис юлдузларнинг ёғдуси, жазирама қуёшнинг нурлари унда чексиз ўй ва орзуларни пайдо қиларди. Бу орзулар қурбонгоҳлардан ўрлаган тутунларда, ригведа куйларининг хушбўй нафасида, кекса брахманларнинг ўгитларида бўлиб, унинг қалбидаги ҳузур- ҳаловатни ўғирларди. Сиддхартханинг ўз-ўзидан қониқмаслиги уни янги билимларга бошларди. Ота-онаси ва дўсти Говинданинг муҳаббати унга узоқ вақт ҳарорат бера олмаслигини, осудалик, ҳуррамлик, севинч манбаи бўла олмаслигини, кун келиб ҳаммаси муқаррар сўнишини тушуна бошлади. У отаси ва бошқа устозларидан энг зарурий, энг бебаҳо билимларни олиб бўлганини, улар ўз донишмандликларини унинг умид жомига тўккани, аммо бу жом ҳали тўлмаганини ҳис қилди. Ҳали ақл қонмаган, руҳ осойиш топмаган, юрак зарблари эса сокинлашмаган эди. Сув ила покланиш ҳузурбахш эди, бироқ сув гуноҳларни ювмас, ақл чанқоғини қондирмас, кўнгил ғашлигини аритмасди. Худоларга ибодат ва қурбонликлар ажойиб, лекин булар етарли эмасди, зотан қурбонликлар бахт келтирармиди? Худолар-чи? Ҳақиқатдан ҳам, Пражапати борлиқнинг яратувчисими? Ҳамма якка нарсаларнинг яккаси Атман уларда мавжудми? Балки худолар ҳам худди сену мен каби келиб-кетувчи вақтнинг ҳукми остидадир, балки улар ҳам яратилгандир ёхуд шаклдир. Агар шундай бўлса, келтирилган қурбонликлар кимга керак? Бу идрокнинг, ибодатнинг олий кўриниши бўла оладими? Кимга қурбонлик қилмоқ керак, кимга сиғинмоқ керак? Яккаю ягона Атмангами? Атманни қаердан топмоқ зарур? У қаерни макон этган? Унинг мангу юраги қаерда уради? Агар уни ҳар бир жонда мавжуд яширин, йўқ қилиб бўлмас “Мен”дан топмаса, яна қаердан излаш мумкин? Лекин яширин ва барча чегараларнинг сўнги бўлган “Мен” қаерда? Бу донишмандлар уқтирганидек, жисм ҳам, қон ҳам, тафаккур ҳам, онг ҳам эмас. Қаерда у? Қаерда? Яширин “Мен”га, ўзингга, ўз Атманингга кириш йўли борми? Ёхуд бундан ўзга йўл борми? Оҳ, ҳеч ким бу йўлни билмайди. На отам, на устозларим, на донишмандлар, на қурбонлик дуолари бу йўлни кўрсата олади. Улар, брахманлар, барча муқаддас китобларни билади, улар ҳамма нарсага керагидан ортиқ қайғуради, оламнинг яралиши, нутқнинг, озуқаларнинг пайдо бўлишини, сезгиларнинг тартибини, худоларнинг фаолиятини, яна жуда кўп нарсаларни билади. Зарурдан-зарур илмни билмай, бошқа нарсаларни билишнинг қиймати кимга керак?!

Албатта, муқаддас китобларда, айниқса, ведаларнинг Упанишада қўшиқларида энг сўнгги, энг яширин хилқат ҳақида куйланар ва бу қўшиқлар ҳаловат бахш этарди. “Бутун олам сенинг руҳингда” деб куйланарди уларда. Яна одам уйқудалигида ўз хилқатининг тўсиқларидан ўтиб, Атманда бўлиши ҳақида ҳам айтиларди. Буларнинг бари ғаройиб бўлиб, донишмандларнинг ҳикматлари минглаб асаларилар йиққан соф асал каби ўзида сеҳрли каломни мужассам этарди. Йўқ, беҳисоб брахманларнинг аждодлари тўплаган, ўз бағрида аллалаб улғайтирган бебаҳо билимларни рад этиб бўлмасди. Бироқ бу ҳадсиз билимга нафақат тушунувчи, балки бошидан кечирувчи, амал қилувчи, ўзининг ҳақиқий меросига айлантирувчи брахманлар, руҳонийлар, донишмандлар ёки чин дилдан тавба қилувчи гуноҳкорлар қани? Қани бу илмга ўзни бахш этувчи, уйғоқликда ҳам Атманда қолувчи, бу ҳолни тушда ҳам, ўнгда ҳам, ҳаётда, сўзда, амалда зуҳур этувчи?!

Сиддхартха жуда кўп авлиё брахманларни биларди. Отаси ҳам брахманлар орасида энг муносиб олим одам. Унинг сўзи, амали олийжаноб, камтар ва эзгу. Отасининг ҳаёти мусаффо, сўзларида донолик барқ урар, нигоҳларида эса юксак ақл яшириниб турар, бироқ у шу илми билан олий манзилга, руҳий ҳаловатга эришдими?! Зотан у нечун муқаддас чашмаларга, қурбонгоҳларга, ҳар куни такрорланувчи брахманларнинг дуоларига қайта-қайта талпинади?! Нечун у баркамол бўлса-да, ҳар куни муқаддас сув ила гуноҳларини ювади, ҳар куни такрор-такрор покланиш тўғрисида ўйлайди. Наҳот унда Атман йўқ, наҳот унинг қалбида азалий манба бўлмаса?! Айнан уни топмоқ зарур! “Мен”нинг азалий манбасини топмоқ керак, унга эришмоқ керак, зеро, қолган бошқа нарсалар беҳуда,  янглиш ва нотўғри йўлдир.

Сиддхартха ўйларининг, изтиробларининг, қонмас ташналигининг сабаби шундай эди. У тез-тез Упанишадаларнинг Чхандогиясидаги “Брахманнинг ҳақиқий исми Сатямдир. Буни чиндан билгувчи ҳар куни само оламида жилваланади” деган сўзларни такрорлар ва ҳар гал бу оламга яқин тургандек бўлар, бироқ унга эришиш, ташналигини қондириш насиб этмаганди. У билган ва эътироф этган донишмандлар, авлиёлар орасида ҳам бу самовий оламга етишган, унда мангу чанқоғини қондирган киши йўқ эди.

– Говинда, – деди Сиддхартха бир кун дўстига мурожаат қилиб, – Говинда, қадрдоним, кел, банян дарахти ёнига бориб, ўз руҳимизга сайр этишни машқ қиламиз!

Улар банян дарахтининг ёнига боришди. Бир-бирларидан йигирма қадам нарида тўхтаб ерга ўтиришди. Говинда эндигина ерга ўтириб, илоҳий сўз аумни айтиб улгурмаган ҳам эдики, Сиддхартха шивирлаб деди: “Аум – бу камон, руҳ – пайкон, брахман – бу пайконнинг нишони, қандай бўлмасин, уни ярадор этмоқ керак!”

Муқорабанинг одатдаги вақти якунлангач, Говинда ўрнидан турди. Қош қорайганди. Ҳали кечки покланиш ибодатини бажариш керак. Говинда Сиддхартхани чақирди, бироқ жавоб бўлмади. Сиддхартха чуқур ўйга ботганча ҳаракатсиз ўтирар, унинг олис нуқтага тикилган кўзлари, ҳатто лабининг четида кўринган тилининг учи ҳам қимир этмас, у гўё нафас олмаётгандек эди. У аумни мушоҳада этаркан, ўз қалбини пайкон мисоли брахманга йўллаб, узлатда шу кўйи ҳаракатсиз ўтирарди.

Кунларнинг бирида шаҳардан ёш ҳам, қари ҳам бўлмаган, озғин, буришиқ ва сўниқ юзли, қонталаш елкалари ва яланғоч бадани жазирама офтобнинг тиғида куйган, учта эркак жаҳонгашта зоҳид саманлар ўтди. Уларнинг учови ҳам ёлғизлик қуршовида, одамларга ҳузур бахш этувчи дунёга душман ва бегона, қоқсуяк шоқолларга ўхшарди. Улардан ҳатто узоқ шафқатсиз узлатни ҳам барбод этувчи, гўё босқон олови каби ота­шин сўзсиз эҳтирос ёғиларди. Кеч кириб, мушоҳада онлари битгач, Сиддхартха Говиндага деди:

– Дўстим, эртага тонг ёришгач, Сиддхартха саманлар сари йўл олади. У улардан бирига айланади!

Бу сўзни эшитган Говинданинг рангидан қон қочди. Чунки дўстининг юзидаги қотиб қолган ифодада камондан узилган ўқ каби ортга йўл йўқ эди. Говинда шу ондаёқ бу ибтидо Сиддхартханинг йўли эканлигини англади.

– Мана, унинг тақдир куртаклари. Демак, меники ҳам шу эрур.

Унинг юзи бананнинг қуруқ пўстлоғи каби оқариб кетди.

– О, Сиддхартха, отанг бу қарорга кўнадими? – деди у.

Сиддхартха унга чўчиб уйғонгандек қаради. У чақмоқ тезлигида Говинданинг кўнглидаги қўрқув ва мутеликни ўқиди.

– О, Говинда, – деди у астагина, – сўзларни беҳуда исроф этмайлик. Эртага қуёшнинг илк нурлари билан мен саманлик ҳаётини бошлайман. Бу ҳақда бошқа бирор сўз дема!

Сиддхартха похол бўйрада ўтирган отасининг ҳузурига астагина кирди ва унинг ортига келиб тўхтади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, отаси унинг ўткир нигоҳларини пайқади.

– Бу сенмисан, Сиддхартха? Гапир, нима учун келдинг?

– Ижозат берсангиз, шуни айтмоқчиманки, ота, – жавоб берди Сиддхартха. – Эртага тонг отгач, сизнинг уйингизни тарк этиб, зоҳидлар томон йўл оламан. Мен, албатта, саман бўлмоғим шарт. Ўтинаман, истагимни рад этманг!

Брахман жавоб бермади. У шу қадар узоқ сукут сақладики, оқибат кулба туйнугидан самода юлдузлар кўринди. То сукут бузилгунга қадар, юлдузлар янада ёрқинроқ нур сочди. Кўксига қўлини қовуштирганча, қимир этмай ўғил жим турар, ота ҳам похол бўйрада сукут сақлар, юлдузлар эса осмон узра сайр этарди. Ниҳоят, ота деди:

– Брахманга қаҳр ярашмайди. Бироқ кўксим ҳасратга тўла, бошқа бу каби сўзни сенинг тилингдан эшитишни истамайман!

Брахман аста ўрнидан турди. Сиддхартха қўлларини кўксига қовуштириб жим турарди.

– Нимани кутяпсан?– сўради ота.

– Ўзингиз биласиз! – жавоб берди Сиддхартха.

Хафа бўлган ота кулбадан чиқди ва ўрнига бориб ётди. Орадан бир соат ўтди ҳамки, отанинг кўзига уйқу келмади. У ўрнидан туриб, хона ичра у ёқдан-буёққа юрди ва ташқарига чиқди. У кулба туйнугидан кўксига қўлларини қовуштириб, ўша жойда қимир этмай турган ўғлини кўрди. Унинг очранг кўйлаги тун қоронғисида оқариб кўринарди. Хавотирланган ота ўз ўрнига қайтди.

Орадан бир соат ўтди. Ҳали-ҳамон уйқуси келмаган брахман ўрнидан туриб, безовталик ила ташқарига чиқди. Ой самода тик кўтарилганди. У туйнукка қараб, Сиддхартхани ўша жойда ва ўша ҳолда кўрди. Унинг яланғоч оёқларига ой нури тушиб турарди. Безовталанган ота ўз ўрнига қайтди. Орадан бир-икки соат ўтиб, яна ташқарига чиқди. Туйнукдан қаради. Сиддхартха тундаги юлдузлар ёғдуси ва ой нурида турарди. У тун бўйи такрор-такрор хонадан чиқар, жимгина кулба туйнугига боқар ва унинг юраги ғазабга, хавотирга, қўрқувга, оғриққа тўларди.

У сўнгги бор кун чиқмай туриб, тонг отар чоғда яна келди. У хонага кирди ва бир кунда улғайиб, бегонага айланган йигитни кўрди.

– Сиддхартха, – деди у, – нимани кутяпсан?

– Буни яхши биласиз.

– Сен яна тонг отиб, кун ботгунча шу ҳолда турмоқчимисан?

– Мен шу ҳолда туриб кутаман.

– Ахир толиқасан, Сиддхартха!

– Ҳа, толиқаман.

– Ухлашинг керак!

– Йўқ, мен ухламайман.

– Унақада ўлиб қоласан-ку!

– Ҳа, мен ўламан.

– Сен отангга итоат қилишдан кўра ўлимни афзал биласанми?

– Сиддхартха ҳамиша отасига итоат этган!

– Демак, қарорингдан қайтасанми?

– Сиддхартха отаси нима айтса, шуни бажаради!

Хонага қуёшнинг илк нурлари тушди. Брахман Сиддхартханинг тиззалари қалтираётганлигини сезди. Бироқ унинг юзида чарчоқдан асар ҳам йўқ эди. Унинг нигоҳи олис, жуда олисларга қадалганди. Шунда отаси Сиддхартха уни аллақачонлар тарк этганини, ҳозир у ўғли билан бирга эмаслигини англади. Ота Сиддхартханинг елкасидан оҳиста ушлади ва:

– Сен ўрмонга борасан ҳамда саман бўласан. Агар ўрмонда олий бахтга эришсанг, келиб менга таълим бергин. Агар мақсадингга эриша олмасанг, унда уйга қайт: бирга худоларга қурбонлик қиламиз. Борақол, онангни ўпиб қўй ва унга қаерга кетаётганингни айт. Мен эса дарёга бориб тонгги покланишни бажо келтираман! – деди.

У ўғлининг елкасидан қўлини астагина олди ва эшик томонга юрди. Сиддхартха қадам ташларкан, қалқиб кетди. У оёқларидаги оғриқни енгиш учун эгилди ва ўрнидан туриб, отаси буюрганидек онаси қошига йўл олди.

У тонгнинг заиф нурлари остида ниҳоятда толиққан ва қалтираётган оёқларини судраб, шаҳарни тарк этаркан, сўнгги кулба ёнида ёлғиз йўловчига ҳамроҳ бўлди.

– Келдингми? – деди Сиддхартха жилмайиб.

– Келдим!– деди Говинда.

(Давоми бор)

Рус тилидан Ойгул Асилбек қизи таржимаси

2 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi