Луиш де Стау Монтейру. МАЙИЗХЎР ЭРКАК

Луиш де Стау Монтейру

 

Қўлим билан пайпаслаб, беш дақиқадан бери тинимсиз жиринглаётган будилникни қидираман. Топдим. Ҳар куни тунги столга стаканда сув қўйиб қўйишади. Ўша ердаги китоб билан стаканнинг орасида экан. Тугмачани босаман. Хонам тинчийди. Энди ухлай олмаслигим аниқ. Будилник деганига қуёш чиқадими, ёмғир ёғадими, бунинг сира аҳамияти йўқ, ҳар куни соат саккизда жиринглашини канда қилмайди.
Бу ҳол Фернанданинг менга бўлган муҳаббати, черков байрамлари муносабати билан ёзиладиган кечки таом ёки якшанба кунлари қўшниларнинг уйидан эшитиладиган пианино овози каби шахсий ҳаётимдаги ўзгармайдиган нарсалардан бири.
Начора. Эгнимдаги кийимларни полга ташлаб, оёқларим билан пойабзалимни қидираман. Улар шу ерда – кроватимнинг ёнида бўлиши керак. Ташқарида бўлса, қуёш нури деворларнинг ёриғи, чала супурилган кўчалар, аёлларнинг юзидаги ажинларга парво қилмай, шаҳарни эгаллаб бўлган. Шунақа. Соя бўлса, бу босимга дош бера олмай, ғойиб бўлади. Орадан чамаси бир соатлар ўтгач, шаҳардаги энг сўнгги соя Авенидидаги дарахтлар ва одамлар ғуж яшайдиган маҳаллаларнинг қалин деворлари орқасидагина қолади, холос.
Кунни ваннахонада, ойнага қараб қайсар Фернанда совға қилган “жилет” билан соқол олишдан бошлайман.
Бошимни чап ва ўнгга буриб, ўзимга қарайман. Хунук башаралигим рост. Фернанда бўлса мени севгани-севган. Минг уринмайин, бунинг сабабини тушуна олмайман.
Эҳ. Яна кесиб олдим.
Қутичани очиб, уйланмасимдан анча аввал сотиб олган кварцли тошни қидираман. Жойида йўқ. Гумдон бўлибди.
Нима ҳам қилардим. Қонни сочиққа артаман.
Зангорранг сочиқ меники. Исмим ип билан тикиб ёзилган. Фернанданинг сочиғи яшил, унинг ҳам исми ёзилган. Сочиқни қўлимга олиб, исмимни қидира бошлайман. Йўқ. Бошқа экан. Янги, оҳори тўкилмаган сочиқ. Менинг исмим бўлиши керак жойда “уники” деган оқ ҳарфли ёзувга кўзим тушади. Ёнига осиб қўйилган яшил сочиққа қарайман. У ҳам янги. Оқ рангли ёзувидан биламанки, у Фернанданики.
Демак, сочиқда менинг исмим йўқ. Эндиликда мен “у”ман. Бахтли оилавий жуфтлик деб аталувчи хаёлий иттифоқнинг эркак қисми. Қалай?
Иккала сочиқни полга ташлаб, юзимни юва бошлайман, қулоқларим орқасидаги совун кўпигини артиш ёдимдан чиқмайди.
Ўйлаб кўрилса, оиламизда нималар бўлаётганига сочиқлар айбдор эмас. Уларни полга итқитиш енгилтаклик. Қўлимга олиш учун энгашаман. Ҳар иккиси худди янги келин-куёвлардай, бири-бирига чирмашиб, мен қандай ташлаган бўлсам, шундай ётибди.
Эшик тақиллаб қолди. Кимлигини билмайман.
– Кирсам бўладими?
– Йўқ, бир дақиқа кутиб тур. Бандман.
Ёлғоним иш берди. Эшик очилмади. Фернанда эшик ортида кутиб турибди. Ойнадаги аксимга қараб жилмаяман. Аксим ҳам менга қараб жилмаяди.
Қайтиб кетаётган Фернанданинг оёқ товушларини эшитиш умидида жим тураман. Фойдасиз. У менинг чиқишимни кутиб турибди.
– Кирсам бўлар энди?
– Йўқ. Яна бир дақиқа.
Унитаздаги сувни тўкаман. Фернанда эшитсин деб.
– Мумкинми?
– Мумкин.
Сакраб ўтиб, ваннанинг сувини очаман. Фернанда кирганида юзимни юваётган бўламан – у мени ўполмайди.
Орқага қарамасам-да, кузатиб турибман: Фернанда ваннанинг қирғоғига ўтирди. Менга нимадир демоқчи. Юзидаги ифодага қараганда, бирор жиддий гап бўлиши мумкин. Эҳтимол, бизнинг бошқа-бошқа ётиш тўғрисидаги қароримиз ўз таъсирини кўрсатиб, ёнимга қайтмоқчидир?
– Ёдингдан чиқдими, бугун ҳафтанинг бешинчи куни-я.
– Эндигина ўрнимдан турдим. Бешинчи кунлигини эслашга улгурганим йўқ. Нима, бугун балиқ тановул қилинадиган кунми?
– Наҳотки бешинчи куни нима иш қилишинг кераклигини унутган бўлсанг?
– Тўхта, тўхта… Бешинчи кун. Тушлик қилишим, кечки таомни ейишим, ётиб ухлашим керак. Шунақа ишлар-да.
– Бир кунда ҳеч бўлмаса бир марта масхарабозлик қилмасанг бўлармиди…
– Қўлимдан келмайди. Балки ўзинг…
– Ҳазил-ҳузулингни йиғиштир. Бугун соат олтида Симойншларникида коктейлхўрлик.
– Ҳа, дарвоқе. Кечир, шундай муҳим воқеа ёдимдан кўтарилибди. Симойншларникидаги коктейлхўрлик дунё тарихини ўзгартириб юборади. Яхши ҳамки, эслатиб қўйдинг. Агар мен бормай қолсам, нима бўлишини тасаввур қиласанми ўзи?
– Сен бораман дегандинг.
– Наҳотки?
– Ҳа, шундай.
– Бу жуда муҳим, чиндан ҳам муҳим.
– Хўш, борасанми?
– Билмайман. Эҳтимол, кечгача ўлиб қоларман. Ёки ўғиллик бўларман.
Балким, устимдан машина ўтиб кетар. Ким билади дейсан, бориш истаги пайдо бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.
– Менга қўнғироқ қилиб, бориш-бормаслигингни айтиб қўйганингда, мен нима қилишимни билган бўлармидим…
– Борди-ю боролмасам, сен ўзинг менсиз ҳам боришинг мумкин. Симойнш сени еб қўймаса керак. Агар у шундоқ қилмоқчи бўлса, дарҳол, “Кечирасан, мен ҳалиги…” дейишинг мумкин.
– “Мен ҳалиги” нима?
– Сен менинг хотинимсан.
– Тўғри, аммо сен бошқача гап айтмоқчи бўлдинг.
– Шу айтганимни айтмоқчи эдим.
Ваннахонанинг эшигини очиб, ташқарига чиқаман. Орқамдан у ҳам чиқади ва тўғри ётоқхонамга киради. Кийина бошлайман. Ички кийимларимни кияётганимда ташқарига чиқиб турса керак деб ўйладим.
– Борасанми, йўқми?
– Қаёққа?
– Симойншларникига.
– Йўқ, бугун балиқ ейиладиган кун.
– Қачондан бери бундай нарсалар ҳақида ўйлаб қолдинг?
– Шу бугундан.
– Яна қанча ўйлайсан?
– Эртагача.
– Менга айт-чи, Симойншларникидаги коктейлнинг бугунги балиқ кунига нима алоқаси бор?
– Коктейлда дастурхонга сосиска тортилади.
– Жуда ҳозиржавобсан-да.
– Шунақа туғилган бўлсам нима қилай?
– Нонушта қиласанми?
– Йўқ. Ташқарига чиқиб турсанг бўлармиди. Кийинмоқчиман.
– Чиқиб туришим шартми? Ҳар ҳолда… хотинингман, ахир.
– Майли, қолақол.
Ич кийимимни ечиб, шимимни кияман.
– Бўлди, тайёрман.
Ётоқхонадан чиқиб, Фернанда билан ёнма-ён ташқарига чиқиладиган эшикка яқинлашаман.
– Симойншларникидаги коктейлхўрликка борадиган бўлдингми?
– Сен менинг боришимини хоҳлаяпсанми?
– Хоҳлаяпман.
– Ундай бўлса, мен бормайман.
Ўзимни бироз енгил ҳис этиб, ташқарига чиқаман. Дўкончага кириб, юз грамм майиз сотиб оламан. Уни чўнтагимга солиб, Шьяду томонга борадиган йўлдан аста одимлайман.
Фернандага имкониятимдаги барча нарсаларни ваъда қилиб бўлдим, мени тинч қўйса, бас. Ишончим комилки, иккимизни бу мавҳум ҳолатдан қутқарадиган бирон-бир йўл бўлиши керак. Бўлмаслиги мумкин эмас. Инсоният Ойга парвоз қилишга шай бўлиб турган бир пайтда, менинг ёқтирмайдиган хотиним ёнига, тоқат қилишнинг иложи йўқ ҳаётга, чидаб бўлмайдиган муҳитга қайтишим ақлдан эмас.
Инсон уйидаги муаммоларни ҳал этмай туриб, Ойга қандай қилиб учаркин?
Бўйинбоғни итлар ўйлаб топишмаган. Ҳайвонот боғини арслонлар қуришмаган. Инсон оёқ-қўлини маҳкам боғлайдиган қонунларни нега ўйлаб топди экан-а? Бу қонунлар одамларга хизмат қилиши керак эмасми? Бундай бўлмаса, бошқасини топиш мумкин-ку.
Чўнтагимга қўл солиб, бир дона майиз оламан. Жуда қуруқ. Бир неча донасини оғзимга ташлайман.
Ғирт аҳмоқона ҳолат. Бу қанақа оила бўлди – эр хотин билан бир тўшакда ётмайди, хотин бўлса бир вақтлардаги ҳаяжонли ўпишишларни қўмсагани-қўмсаган. Шу ҳам турмушми? Иккимизга ҳам ярашмайдиган қилиқ. Нима бўлаётганини мундоқ ўтириб, умумахлоқий меъёрлар асосида ўрганиб чиқилса бўлади-ку?
Менга тавсия қилишган адвокат сиёсатда ном чиқармоқчи бўлган католик экан. Назаримда, нуфузи баланд кишига ўхшайди. Маслаҳати арзонга тушмаса ҳам, у билан гаплашишим керак. Шундай қилишим зарур. Ахир, қолган умримни Фернандадан қочиб юриб ўтказмоқчи эмасман-ку.
Такрор айтаман: бу – иккимизга ҳам тўғри келмайди.
Чўнтагимдаги халтачадан яна бир-иккита майиз оламан. Атрофга назар ташлайман. Бирорта дўкон кўзга ташланмайди. Ишончим комил, шу яқин-атрофда – Мурувват майдонида дўкон бўлиши керак.
Кайфиятим бузила бошлайди. Фернандага адолатсиз муомала қиладиган бўлиб қолдим. Унга нисбатан сурбетларча муносабатда бўлаётибман. Тўғри гапни гапираётиб ҳам ўзимни ундан олиб қочаман, айни шу пайтда ўзимдан ҳам қочаман, чунки унга бўлган муносабатимдан уялиб кетаман.
Бизнинг муносабатларимизни белгилайдиган қонунларни Фернанда ўйлаб топмаган.
– Демак, сен менинг боришимни хоҳлайсан, шундайми?
– Хоҳлайман.
– Унда мен бормайман.
Бундай жавоб ғирт адолатсизлик, одобдан ҳам эмас.
Авваллари бундай эмас эдим, ахир. Менга нима бўлди ўзи?
Наҳотки ҳеч қандай ечим бўлмаса? Адолатли, муносиб ечим.
Наҳотки мен қолган умримни беодоб ҳазилларим билан Фернанданинг устидан кулиб ўтказсам, қадр-қимматимни йўқотаётганимни сезмасам?
Мен ўша адвокат билан, албатта, гаплашишим керак. Менинг унга мурожаат қилишим ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Чунки, бундай ҳолатларнинг содир бўлишига шу адвокат ва унга ўхшаганлар сабабчи. Агар улар ҳеч бўлмаса, менга ёрдам беришса, адолатли иш бўларди.
– Марҳамат, менга икки юз грамм майиз.
– Бир дақиқа, ушбу сеньорнинг харидини тортиб берай.
– Майиз қуруқ эмасми?
– Куни кеча олиб келишди, жуда зўри.
Еб кўраман. Мазаси яхши. Халтачани чўнтагимга солиб, қайтимни оламан.
Соат энди ўн бўлди. Шу яқин-атрофда қаҳва ичиб олсам зўр бўларди.
Эрталаблари бирор юмуш билан ўзимни банд қилишим қийин. Жуда ҳам қийин.Уйда эса қололмайман. Ҳар куни қиладиган ишим: кўчаларда сайр қилиш, ўтган-кетганга назар солиш. Бу лаънати байрамлар тезроқ тугаса-ю, одамлар ишларига қайтишса-чи.
Фернандага нисбатан адолатсизлик қилганим аниқ.
Эҳтимол, унга қўнғироқ қилишим керакдир? Ҳа, шундай қиламан. Қўнғироқ қилиб, Симойншларникига коктейлхўрликка боришимни айтаман. Инсоф билан айтганда, унинг аҳволи меникидан яхши эмас.
Оғзимга бир дона майиз соламан. Аввалгисидан кўра мазалироқ, ширинроқ. Қуруқ эмас.
Телефон будкасига кираман. Гапни нимадан бошласам экан-а? Агар эрталабки гапларим учун узр сўрасам, кўнглида умид учқунлари пайдо бўлади, бугун кечқурун бирга ётишимизга ҳаракат қилиб қолиши мумкин. Шуниси чатоқ. Аёл кишининг раъйига қарши боришдан ёмони йўқ. Бу – ўта оғир зарба. Ёш боланинг юзига шапалоқ тортиб юборгандай оғир. Январь ойида юз берган воқеа ҳали-ҳануз кўз ўнгимдан кетмайди. Бечора Фернанда ётоқхонасидан гулли ички кийимида, қунишганича чиқдики, унга қараб, бу ёруғ оламда унинг ҳеч кими йўқ, ҳаёт у учун тугаган, деб ўйлаш мумкин эди.
У ўзида бор нарсаларнинг ҳаммасини менга тақдим этиш учун келган эди, мен бўлсам, ҳаммасини рад этдим. Шу воқеани эсласам, ҳалигача баданларим жимирлаб кетади. Бошқа иложим йўқ эди-да. Севгидан эс-ҳушини йўқотган эр ролини ўйнаганимда-чи? Балким, ёлғонни қойиллатиб, Фернандани йўқ ёрқин келажакка ишонтирганимда бунчалик изтиробга қолмасмидим?
Эҳ, бор-йўғи икки юз грамм майиз олибман-а. Жуда ширин экан. Ярим кило олсам бўларкан. Аммо… ярим килоси халтаси билан чўнтагимга сиғмасди. Кейинги сафар икки юз эллик грамм оламан.
Уйга қўнғироқ қиламан.
– Фернанда, ўзингмисан? ( Ўзи бўлмай, ким ҳам бўларди? Эркак киши жавоб берганида, менга зўр дастак бўларди-да).
– Ўзимман.
– Симойншларникига коктейлга боришга қарор қилдим.
– Мени олиб ўтарсан? (Унинг овозида умид пайдо бўлганини сезиб турибман).
– Ўзинг боравер. Ўша ерда учрашамиз. Мен эртароқ, соат олтиларда бораман.
– Уйга келиб кийинмай, шундайлигингча борасанми?
– Ҳа, шундай. Уйга кириб ўтишга вақтим бўлмайди. Кирсам, коктейлхўрликка бормаслигим ҳам мумкин.
– Ҳар эҳтимолга қарши, қора костюмингни тайёрлаб қўяман. Тоза кўйлагинг кроватнинг устида бўлади.
– Шарт эмас. Шундайлигимча боравераман.
– Майли. Аммо кийимларингни, ҳарқалай, тахт қилиб қўяман.
– Кераги йўқ (Баҳслаша бошлаймиз).
– Сен режангни бироз ўзгартиришинг мумкин.
– Мен режамни ҳеч қачон ўзгартирган эмасман.
– Раҳмат. Кўришгунча.
– Кўришгунча.
Асабим ўйнаб кетди. Менга ғамхўрлик қилиш – унинг касали. Бирор ёққа боришимдан олдин костюмимни тайёрлайди. Кечқурун стол устига тарелкада майиз қўйишни ҳам канда қилмайди. Музлатгичда мен учун яхна ичимликлар доимо шай туради. Бир кунмас-бир кун менинг ўзгариб қолишимга умид қилиб яшайди. Наҳотки, у биз фикримизни ўзгартирадиган бўлсак, севги лаббай деб келиб қолади, деган хомхаёл билан банд бўлса? Ўзича нималарни хаёл қилмайди-я? Бир куни уйга қайтиб, унга “Менинг фикрим ўзгарди, сени яна яхши кўриб қолдим” дейишимни кутади. “Фернанда, азизам, мен яхшилаб ўйлаб кўрдим ва… сени яна севиб қолишга қарор қилдим. Шу дақиқадан эътиборан сени севаман. Йўқ, Фернанда, ҳозир эмас. Аввал мен дўконга кириб, икки юз эллик грамм майиз сотиб олишим керак. Шундан кейин сени, албатта, севиб қоламан…”.
Ўша нуфузли адвокатни топиб, гаплашишим керак.
Маълумотномадан қидириб, исми шарифини топаман. Тўртта телефон рақами бор экан: биттаси Байшеда, иккинчиси аэропортга яқин жойда, бошқаси Кашкайшеда. Тўртинчиси Келуш саройи атрофида. Нуфузли одамлиги билиниб турибди.
Байшедаги рақамни тераман.
– Алло. Бу жаноб…нинг офисими?
– Ҳа, шундай.
– Мен у киши билан учрашув белгиламоқчи эдим.
– Марҳамат.
– Бугун, соат бешда.
– Соат бешда дейсизми?
– Ҳа, шундай.
– Бўлади. Исмимни билмоқчимисиз?
– Албатта. Сиз ўзи касаба уюшмасиданмисиз?
– Қанақа касаба уюшмаси? Янглишяпсиз, менинг касаба уюшмасига мутлақо дахлим йўқ. Балким сиз, жаноб адвокат билан шартнома тузган уюшмани кўзда тутаётгандирсиз? Нима бўлганда ҳам, менинг касаба уюшмаси билан алоқам йўқ. Ассоциация дейсизми? Ниманидир адаштиряпсиз. Йўқ, у ҳам эмас. Мен сизларга биринчи марта мурожаат қилмоқдаман. Яхши, албатта бораман.
Котиба ғирт тентакка ўхшайди. Мени касаба уюшмасидан, қандайдир ассоциациядан ёки суғурта компаниясидан деб ўйлади.
Ҳай, майли, аммо бу галги майизга гап йўқ. Яна биттасини оғзимга соламан. Озроқ қолди. Кўпроқ олсам бўларкан.
Зинадан пастга юриб, Ларгу Триндаде Коэлью майдонига тушиб бораман. Кариока кафеси ёпиқ. Афсус. Бир рюмка виски бўлса зўр кетарди-да.
“Рампа” савдо марказининг пештахталари жуда гўзал. Америка журналларининг муқоваларида акс эттирилган енгил, ташвишсиз ҳаётни эслатади. Чарм костюмлар, тўқима свитерлар, гулли безакдор кўйлаклар.
Шундай пештахталарни яхши кўраман Улар шаҳарни замонавий ва космополитча қилиб кўрсатади. Афсуски, Конкордат келишуви бор-да. Бу келишув “Рампа” савдо маркази пештахталари кўринишига мутлақо мос келмайди. Бошқа мамлакатлардан келтирилган тўқима свитерларга ҳам.
Ёғоч билан безатилган офис салобатли кўринади. Қимматбаҳо креслолар малларанг чарм билан қопланган. Келиб-кетувчилар йўқ.
Креслолардан бирига чўкиб, журнални қўлимга оламан. Бундай журналларни ҳеч ким сотиб олмайди. Уларни почта орқали юборишади. Идиш-товоқ ювувчилар ҳам ўқишмайди.
Журнал Республика Президенти жаноби олийларининг Африкага визити ҳақидаги суратлар билан тўла. Қора танли эркак ва аёллар қўлларида байроқ билан Президентнинг машинасини кутиб туришибди. Аёллардан бирининг кўкраги белигача осилиб турибди. Бу суратни цензура қандай ўтказди экан-а, ё жаноб Президентни кутиб тургани учунми? Тушунмайман.
Яна бир-иккита майизни оғзимга соламан. Эрталабдан бери чўнтагимда юриб, эзилиб кетибди.
Яна қанча кутишим керак? Ахир, келиб-кетувчилар йўқ-ку? Жаноб адвокат сусткашмикин? Балким, “Дьяриу де Лижбоа”ни ўқиб ўтиргандир?
Кўрамиз.
Ўрнимдан туриб, тўқишга астойдил берилиб кетган котибага мурожаат қиламан.
– Мени кечирасиз, соат бешдан бери кутиб ўтирибман, беш ярим бўлди. Ортиқ кута олмайман.
– Яна беш дақиқа сабр қилинг. Жаноб адвокат бош директор билан ўта муҳим йиғилиш ўтказмоқда. Тугай деб қолди.
– Афсуски, бошқа кута олмайман. Мен бош директор бўлмасам-да, жуда банд одамман. Мен саноатчиман. Ишимни бошқа ҳеч ким мен учун қилмайди…
– Бошқа кута олмаслигингизни зудлик билан жаноб адвокатга айтаман.
Ўрнимдан туриб кута бошлайман. Муҳим йиғилиш тез орада тугашига ишончим комил.
Котиба қайтиб келди.
– Марҳамат, бу ёққа!.
Айтмабмидим.
Чоғроқ йўлакдан ўтиб, жаноб адвокатнинг хонасига кираман. Хона жуда ҳашаматли, эски замонларнинг оғир мебеллари билан безатилган.
Жаноб адвокат ҳайҳотдай ёзув столида ўтирибди. Кириб келганимга парво ҳам қилмади, кўзини столдан олмай қаерга ўтиришимни кўрсатди.
Ўтирганим йўқ. Бунақанги найрангларнинг кўпини кўрганман.
Адвокат бошини кўтариб менга қаради.
– Марҳамат, ўтиринг.
Ўтирдим.
Адвокат, худди хонада ҳеч ким йўқдай, ёзишда давом этди.
Ўрнимдан турдим.
Адвокат ручкани бир ёнга суриб қўйди.
– Эшитаман.
– Гап никоҳни бекор қилиш масаласида, жаноб адвокат.
– Никоҳни бекор қилиш масаласида дейсизми? Маъзур тутасиз, мен никоҳни бекор қилиш билан шуғулланмайман. Оилавий можароларга аралашишимга шахсий принципларим йўл қўймайди.
Жаноб адвокатнинг фикрини ўзгартиришга ҳаракат қиламан.
– Кечирасиз, гап шундаки, менга бу тўғрида айтишмади. Билганимда сизни асло безовта қилмаган бўлардим. Ўзимнинг ҳуқуқшуносим бор. У менинг фабрикаларим билан шуғулланади. Унинг иши асосан савдо-сотиқ масалалари бўлгани учун ҳам, ўзимнинг шахсий масаламда дўстимнинг тавсиясига биноан сизга мурожаат қилгандим.
– Фабрикаларим дейсизми? Сиз саноатчи экансиз-да?
– Мен миллий шляпа ишлаб чиқарувчи йирик саноатчилардан бириман, аммо бошқа соҳаларда ҳам манфаатларим бор. Нима бўлганда ҳам, сизни безовта қилганим учун узр сўрайман ва…
– Худо хайрингизни берсин, бир дақиқа. Мен ажралиш масалалари билан шуғулланмайман дедим, бу масалада маслаҳат бера олмайман деганим йўқ. Бошидан бошлаймиз. Никоҳингиз қайси йили рўйхатга олинган?
– 1948 йили.
– Фуқаролик никоҳими?
– Черков никоҳи.
– Ундай бўлса, сиз ҳеч қачон ажраша олмайсиз. Конкордате келишуви тўғрисида эшитмаганмисиз?
– Мен уни ўқиб чиққанман, аммо қонунни айланиб ўтишнинг бирор чораси йўқлигига ишонмайман.
– Чораси йўқ. Сизга очиғини айтиб қўя қолай: бўлганида ҳам, сизга бу тўғрида айтмаган бўлардим.
– Нега энди?
– Негалиги шундаки, мен ажралишларга мутлақо қаршиман.
– Сиз муаммо нимадалигини тушунмаяпсиз, чоғи? Мен сиз ажрашинг деяётганим йўқ, мен ажрашмоқчиман. Шундай экан, принципларингиз дахлсизлигича қолади. Очиғини айтсам, нега энди мен ва хотиним сизнинг принципларингиз учун жабр кўришимиз керак, буни мутлақо тушунмайман…
– Черковда никоҳдан ўтаётганингизда, сиз нима қилаётганингизни яхши билгансиз. Ўшанда нега фуқаролик никоҳини танламагансиз?
– Бунинг бир неча сабаблари бор. Уларни сизга айтишим шарт эмас. Аммо, эътибор берингки, мен католик бўлганим учун ҳам никоҳимиз черковда расмийлаштирилган.
– Католиклар учун ажралиш тақиқланганини билмайсизми?
– Ҳозир диний масалаларда баҳслашишнинг ўрни эмас, деган фикрдаман. Аммо, сизни ишонтириб айтаманки, мени масаланинг диний жиҳати эмас, ҳуқуқий жиҳати қизиқтиради.
– Шундай бўлсин ҳам дейлик. Лекин сиз диний қонунлар асосида никоҳдан ўтгансиз…
– Тўғри, шундай бўлган. Аммо католик черкови бағридан чиқишим билан мен ўзимнинг собиқ диним урф-одатларига амал қилишни тақа-тақ тўхтатаман. Нима бўлганда ҳам, мен бугун бу ерга фалсафий нутқ ирод қилиш учун келганим йўқ. Мен хотиним билан ҳуқуқий жиҳатдан ажрашиш учун нима қилишим мумкинлигини тушуниш учун келдим.
– Ҳуқуқий жиҳатдан? Бу билан нима демоқчисиз?
– Демоқчиманки, биз амалда аллақачон ажрашиб бўлганмиз…
– Нима ҳам қила олардингиз. Кутишга тўғри келади.
– Нимани кутишга?
– Кутасиз.
– Ундай бўлса, маъзур тутгайсиз, мен бошқа бир жойга бориб, ўша ерда кута қолай. Сизга қанча тўлашим керак?
– Сиз черков судига мурожаат қилиш эҳтимоли тўғрисида ўйлаб кўрганмисиз?
– Нимага асосланиб?
– Йўли бор. Жуда кўп. Ўйлаб кўриш керак.
– Ундай бўлса, бу иш билан мен учун шуғуллансангиз, сиздан бағоят хурсанд бўлардим.
– Эртага келинг. Йўқ, эртага шанба. Душанба куни. Бўладими? Тушликдан кейин ихтиёрингиздаман… Кўрамиз, нима иш қила олишимиз мумкинлигини. Котибам анкета тўлдиришга ёрдамлашворади. Ички ҳисобот учун керак…
Симойншларникига етиб келгач, шимимнинг чўнтагини пайпаслаб, икки дона майиз оламан.
Ичкарига кираман. Қўлимга дарҳол бокал тутқазишади.
Зангор кўйлакли сеньора: Сиз Годони кўргандирсиз?
Шу рангли кўйлак кийган бошқа сеньора: Қайси Годони?
Биринчи сеньора: Театрдаги…
Кулранг костюмли эркак: Шу кишини кутишяпти.
Симойнш: Сизга сосиска таклиф этишга рухсат этинг.
Қорамтир рангли тўқима кўйлак кийган сеньора: Жоним билан, аммо… иложим йўқ. Бугун – балиқ ейиладиган кун.
Мўйловли жаноб: Ҳа, Годо денг. Мен Родригеш билан бирга эдим… Сосиска дейсизми? Бажонидил.
Сочини бўяган қиз: Нуну Гонсалвишдан кейин Португалияда бирорта ҳам ҳақиқий рассом чиқмади. Мана шу бисквитларни тотиб кўринг, жуда ажойиб.
Ҳаракатлари шубҳали йигит: Нималар деяпсиз? Алмада-чи? Мариу Эллой-чи? Виейра да Силва, Соуза-Кордозуларчи?
Симойнш: Ким-ким?
Зангор кўйлакли сеньора: Ахир, Годо…
Кўриниши ўта муҳим жаноб: Бугунги ёшларни тушуниш қийин. Муҳим масалада фикр юрита олишмайди. Миллий тараққиёт режаси нима бўлади? Зайтун дейсизми? Билмадим, қаерда бор экан?
Ҳаракатлари шубҳали йигит: Вискининг баҳосига чидаб бўлмайди. Агар вазир бўлганимда борми, янги қонунни қабул қилдирган бўлардим.
Сочини бўяган қиз: Бахтимизга бизда энди куч-қувват берадиган воситалар бор. Яқин-яқингача биз Европада шундай воситалар бўлмаган яккаю ягона мамлакат эдик.
Кулранг костюмли эркак: Шунча йил бундай воситаларсиз яшабсиз. Уларнинг борлиги хаёлингизга ҳам келмаган бўлса керак? Нега энди бугун уларга эҳтиёж сезиб қолдингиз?
Зангор кўйлакли сеньора: Сиз Годонинг ишларига қаранг…
Кўриниши ўта муҳим жаноб: Годо қанчалар машҳур бўлмасин, яхши миллий мўйқалам соҳибларининг йўқлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Хорижликларнинг босими – бизнинг авлод учун шармандалик. Висенте яшаган эди-ку…
Симойнш: Яна бир қадаҳ, жаноб маслаҳатчи.
Кўриниши ўта муҳим жаноб: Яхши ичимликка йўқ дейдиганлардан эмасман. Ташаккур. Ажнабий сўзларнинг тилимизга кириб келиши ғашга тегади-да. Қўлимдан келганида, биласизми, нима қилардим…
Бу беҳуда гапларни тинглар эканман, беш ёки олти марта виски ичдим, икки тарелка сосискани паққос туширдим. Яна денг, балиқ ейиладиган куни. Фернанда ҳалигача келгани йўқ.
Сариқ кўйлакли қиз: Эҳ, Парижга қайтишни шу қадар хоҳлаяпманки. Бу ердаги нарсалар жонимга тегди.
Ҳаракатлари шубҳали йигит: Менга келсак, очиқ айтишим керак: ҳозир фақат Бартокни тинглай оламан. Бошқалари, назаримда, сунъий, инсоний аҳамиятга эга эмас. Сизлар қандай фикрдасизлар?
Суҳбатга қўшилмоқчи бўлдим. Бунинг учун уларнинг ҳар бирига ўхшаб, мен ҳам ўзим ҳақимда ўйлашим керак. Бўйнида йўл-йўл чизиқли галстуги бор эркакка ўхшаб.
Бўйнида йўл-йўл чизиқли галстуги бор эркак: Барток менга ёқади, аммо Балдини кўпроқ ёқади.
Ҳаракатлари шубҳали йигит: Балдини дейсизми? Фикрингизга қўшиламан. У жуда қизиқарли. Жуда ҳам. Инсоний, очиқ. Нима демоқчи бўлаётганимни тушунаяпсизми? Унинг ижоди – кенг очилган каттакон эшик, очиқ майдондаги бутхона. Инсон шарафига яратилган ҳақиқий ибодатхона. Фикримга қўшилсангиз керак?
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркакка айланган мен: Тўла қўшиламан. Оҳангдорлик нуқтаи назаридан унда тушуниш қобилияти кучли.
Йил давомида учинчи даражали шаҳарчада тўртинчи тоифага мансуб зиёфатларда муттасил қатнашган ёш дипломат: Мен бу тўғрида жуда кўп ўйлаганман, аммо фикримни сизларникидек аниқ-равшан ифодалай олмаганман.
Зангор кўйлакли сеньора: Мен сизга айтаяпман-ку, Годо…
Симойншнинг хотини: Ғофиллигимни тан олишим керак. Балдини тўғрисида мутлақо эшитмаган эканман. Унинг энг муҳим асари қандай номланади?
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркакка айланган мен: Мен сизга айтишим керакки, Балдини ҳеч қачон бирор нарса ёзган эмас. У – италия­лик пойгачи, ўзини доимо велосипедда учиб юргандек қилиб кўрсатади.
Ҳаракатлари шубҳали йигит: Бир дақиқа, узр, анави ерда қизиқарли бир нарса хусусида гаплашишмоқда.
Йил давомида учинчи даражали шаҳарчада тўртинчи тоифага мансуб зиёфатларда муттасил қатнашган йигит: Сўнгги бор Лондонда бўлганимда, у ерда аҳамиятга молик кўп нарсаларни кўрдим.
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркакка айланган мен: Ойнада ўз аксингизни кўргандирсиз?
Зангор кўйлакли сеньора: Наҳотки ичимизда бирор киши Годони бориб кўрмаган бўлса?
Ўта муҳим жаноб: Лондонда бу йигитча нимани топди экан?
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркак: Дипломатларнинг багажидан давлат сирини топган бўлиши мумкин.
Ҳаракатлари шубҳали йигит тўртинчи тоифага мансуб зиёфатларда муттасил қатнашган ёш дипломатга бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркак хусусида: Унга мутлақо тоқат қилиб бўлмайди. Мутлақо. Унингча, мен Балдинининг кимлигини билмас эмишман. Балдинига мен шунчаки, қани қаергача бораркин, деган маънода ютқизганман. Ҳаммасидан ёмони, у мени лақиллатдим, деб ўйлаяпти. Мен учун ҳисобга олиб қўйиш зарур бўлган яхшигина сабоқ бўлди: нотаниш одамлар билан ҳамиша эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак.
Париждан қайтиб келган, у ерда ўн тўртта детектив асар ўқиган, 14 та 14-даражали кечки зиёфатларда иштирок этган ёш дипломат:
– Симойншларникидаги коктейл – ғаройиб воқеа. Ҳақиқий винегрет. Кимларни учратмайсан-а… Бу ер менга Парижни эслатади.
Ўта муҳим жаноб: Дилдан тан олишим керакки, мен дипломатларга ҳамиша қойил қоламан. Табиийки, мен ҳам, имкониятларимдан келиб чиқадиган бўлсак, дипломатман. Сизлар Шарқ ва Ғарбда катта сиёсатнинг муҳим масалаларини ҳал қилишингизга ҳеч нарсани қиёслаб бўлмайди.
Ҳозиргина вазирликдан қайтиб келган, у ерда кун бўйи Португалияга доир бирорта муҳим ахборотни қўлга киритмоқчи бўлган, охир-оқибат бундай ахборотни “Либерте де Лиль”нинг тўртинчи саҳифасидан топган ёш дипломат: Менинг вазифам – қилган меҳнатингга арзимайдиган иш. Биров раҳмат демайдиган юмуш. Баъзилар бўлса бизнинг ҳаётимиз нуқул коктейллару дабдабали зиёфатларда ўтади, деб ўйлашади.
Зангор кўйлакли сеньора: Эдуардо, сиз чиндан ҳам Парижда Годони кўрдингизми?
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркак: Хўш, Шарқ ва Ғарбда муҳим масалаларни кимлар ҳал қилишар экан?
Ўта муҳим жаноб коктейль маросимига ҳозиргина кириб келган ёш дипломатнинг елкасига қўлини қўйганча кулиб: Шундай дедик-қўйдик-да. Мен ёш йигитча билан унинг ишлари тўғрисида гаплашдим. У – дип­ломат.
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркак ролини ўйнашдан чарчаган мен ёш дипломатга мурожаат этиб: Марҳаматингизни аямайсиз деган умиддаман, йигитча. Сиздан илтимос, шу ойнинг охиригача Ғарбда бирор масалани ҳал қилмай турсангиз.
Ёш дипломат кулиб: Сизга ваъда бераман.
Суҳбатдошлардан узоқлашаман.
Ёш дипломат ўта муҳим жанобга мурожаат қилиб: Бунақа нусхаларни жиним ёқтирмайди. Улар ўзларини ҳаммадан ақлли деб ўйлашади, бошқаларни мазах қилишади. Ҳаммани танқид қилишади, мундоқ ўйлаб кўрсангиз, ўзлари бирор ишнинг уддасидан чиқишмайди.
Ўта муҳим жаноб ўзининг бутун ҳаётий тажрибасини ошкор қилувчи табассум билан: Ёш дўстим, менингча, уларнинг ўзларини бундай тутишларига сабаб –ҳасад. Дипломатия борасида бирор малакага эга бўлишмагани учун, ғазабларини ошкора тўкиб солишади. Тушунаяпсизми?
Ёш дипломат маъюс кулганича: Балким сиз ҳақдирсиз. Аммо жиддий ўйлаб кўрилса, бу – жуда қайғули …

(давомини 11-12 сонларда ўқинг)

Рус тилидан Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ таржимаси

2 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi