“ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ФИЛЬМ”НИНГ ЖАҲОН КИНОСИДАГИ ЎРНИ

cinema audience

 

Бугунги кун дунё кино санъатида асосан икки турдаги фильм етакчилик қилади: биринчиси оммабоп фильмлар, икинчиси муаллифлик фильмлари. Бугунги кунда оммабоп фильмлар кино саноатининг катта қисмини эгаллайди.  Шунга қарамай, интеллектуал кино – муаллифлик киноси  ўз йўлидан оғишмай,аксинча, тинимсиз янгиланишлар жараёнида тараққий этиб келмоқда.

Муаллифлик киноси нима ўзи? У бошқа турдаги фильмлардан нимаси билан фарқланади? Умуман, интеллектуал кино инсониятга нима беради?

Бугунги кунда санъатнинг барча соҳаларига оммавийлик ўз таъсирини кўрсатиб бўлди. Шу жумладан, кинога ҳам. Бироқ,  оммабоп фильмларга  рақибан хослар киноси – интеллектуал кино катта бир оқим сифатида қудратга эга бўлди.  Муаллифлик киноси  инсонни ташқаридан эмас, ичкаридан таҳлил этишга киришди. Бунинг учун  “кино тили”нинг янгича шакллари, ифода ва тасвир усулларини излашга киришди.

Муаллифлик киноси илк бор Европада ривожланди. Шу боис уни “Европача интеллектуал муаллифлик кинематографи” деб атайдилар. У дунёнинг бошқа кинематография мактаблари ривожига ҳам туртки берди ва халқаро воқеликка айланди. Ҳозирда кенг тарқалган “Мустақил америкача кино” атамаси ҳам муаллифлик киносининг минтақавий мактабларидан биридир. Муаллифлик киноси – мавзу жиҳатидан оригиналлик ва индивидуалликка асосланадиган, тасвир услуби, монтаж усуллари  режиссёрнинг бадиий ва ғоявий мақсади ифодаланадиган кинофильм туридир.

“Муаллифлик киноси” назариясига “Cahier du Cinema” журнали танқидчилари асос солдилар. 1954 йилда “Муаллифлик киноси” атамаси илк бор ушбу журналда кинотанқидчи ва бўлажак режиссёр Франсуа Трюффонинг “Француз киносидаги ягона тенденция” номли мақола-манифестида тилга олинади. “Муаллифлик назарияси” пайдо бўлгунига қадар сценарий муаллифи, режиссёр, сценарий муаллифи, композитор ва актёрлар ҳамкорлигида яратиладиган фильмлар киномаҳсулотнинг асосий шакли бўлиб келган. Муаллифлик киносида режиссёр бутун кино жараёнининг ҳал қилувчиси ва кинофильм муаллифи сифатида майдонга чиқади. Режиссёрнинг “мен”ини кўрсатувчи визуал услуб, муайян мавзулар, сюжет, актёр ижроси ва жанр унсурларига “муаллифлик нуқтаи назари”  муаллифлик киноси ва унинг назариясига асос бўлди. Кинофильм устида бутун бошли жамоа ишлашига қарамай, фильмни суръатга олиш гуруҳининг бутун фаолияти худди мусаввирнинг картинаси ёки ёзувчининг романи каби режиссёрнинг мақсадини ифодалашга хизмат қилади.

Муаллифлик киноси Европада Арт-синема, россиялик киночилар орасида Арт-хаус деб аталади. Илмий тадқиқотларда кино санъати муаллифлик фильмларидан ташқари, голливудча ва миллий кинематографик мактабларга ажратиб ўрганилади.

Муаллифлик киносининг умумий моҳияти бевосита режиссёрнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ. Муаллифлик киносининг моҳияти шундайки, режиссёр-муаллифлар одатда сценарийнавис, продюссер ва монтаж усталарини ўз атрофида бирлаштиради.

Бу йўналишда буюк натижалар кўрсатган режиссёрлар номларининг умумий жамланмаси “канон” дейилади. Кинематография тарихида “муаллифлик канонлари”нинг ҳам бир нечта гуруҳлари мавжуд. Арт-синеманинг юқори муваффақиятларига эришган ва халқаро воқелик сифатида эътироф этилган “йирик канон” – Феллини, Антониони, Бертолуччи, Пазолини, Висконти, Бергман, Годар, Трюффо, Рене, Тарковский, Вендерс, Херцог, Фассбиндер, Бунюэль, Занусси, Вайда каби буюк режиссёрлар номлари билан боғлиқ.

Иккинчи йирик канон Хичкок, Хоукс, Фуллер, Сигел, Сёрк, Корман каби режиссёрларнинг ижодини қамраб олади.

Ларса фон Триер, Гринуэй, Тарантино, Линч, Жармуш, Кустурица, Ханеке, Муратова, Сокуров, Иоселиани, Альмодовар каби замонавий режиссёрлар гуруҳи учинчи йирик канонни ташкил этади.

Арт-синема моделида сезиларли даражада голливудча моделнинг маданий ва иқтисодий таъсири борлигини инобатга олиш лозим. “Арт-синема институтция каби” номли мақола муаллифи Стив Нил буни ХХ асрнинг биринчи ўттиз йиллигида Франция, Италия ва Германия кинематографияси мисолида аниқ кўрсатиб ўтган, Жумладан, у ҳар бир миллий кино саноат томонидан ишлаб чиқилган фильмлар бозорда ўз ўрнини топиш учун Голливуд билан рақобатлашиб, ҳар қандай вазиятда ўз маҳсулотини голливудча маҳсулотдан алоҳида ажратиб кўрсатишга интилади. Буни амалга оширишнинг энг самарали усулларидан бири – юксак санъатга ва ушбу мамлакатнинг махсус маданий анъаналарига мурожаат этишдир”, деб ёзади.

Муаллифлик киноси тарихи бир неча лавҳаларга бўлинадики, улар орасида сабаб-вақт боғлиқлиги мавжуд эмас. Бироқ, уларнинг барида персонажнинг ички ҳолатига сезиларли эътибор қаратилади. Тўғри, оммавий кино ҳам маънавий мақсадда изланади, инсонинг шахсий олами тасвирига  эътибор қаратади. Лекин унда фильм охирига қадар муаммо ўз ечимини топади. Муаллифлик киносида инсон ёки у билан боғлиқ мураккабликлар фақатгина тадқиқ этилади. Образнинг тақдирига аниқ ечим кўрсатиш бундай фильмга хос эмас.

Муаллифлик фильмларининг сюжетида персонажлар характериниг ички ривожини кузатиш, таҳлил этиш муҳим ўрин тутади. Картинада вақт бўйича тафовутлар, нохронологик тартибда жойлаштирилган эпизодлар, ҳикоянинг асосий чизиғидан узоқ вақтга чекинишлар бўлиши мумкинки, бу томошабинни шахсий тушунча ва маъно интерпретациясига ундайди.

Муаллифлик фильмлари кино соҳасидаги экспериментал ва авангард йўналиш сифатида баҳоланади. Кинематографик авангарднинг туғилиши Жорж Мельес, Дэвид Гриффит ва Сергей Эйзенштейн ижоди билан боғлиқ. Айнан уларнинг ишларида “кино тили” деб аталувчи тушунча кузатилади. Ушбу кинода ҳам режиссёр шахси мутлақ, принципиал аҳамиятга эга бўлса, унинг ғоялари ва эстетик идеалларининг ифодаси эса фильм асосини ташкил этади. Ўша даврда, кейинчалик “Янги тўлқин” арбоблари “муаллифлик киносининг характерли аломатлари” деб белгилаган хусусиятлар аниқланади. ХХ асрнинг 20-30 йилларидаёқ фильмлар оммавий аудитория учун мўлжалланган кўнгилочар кино ва интеллектуал аудиторияга мўлжалланган жиддий кино санъатига бўлиниши мумкин эди. Англияда Альфред Хичкок ва Айвор Монтегюлар “Фильмлар жамияти”ни тузиб, фильмлар сотиб олар эди. Уларнинг фикрича, бу фильмлар “бадиий ютуқлар” эди. 1940 йилларда АҚШда Арт-хаус тушунчаси юзага келиб, мустақил равишда фильм ишлаб чиқариш компаниялари фильмларини намойиш этишга ихтисослаштирилган кинотеатрлар шундай аталарди.

Кинематография тараққиётида кўплаб кашфиётлар авангарднинг кириб келишига йўл очган. Авангард қандай шаклда юзага келмасин, ривожланишнинг табиий ва зарур босқичи сифатида анъанавий-эстетик меъёрлар билан бир қаторда, мавжуд бадиий амалиёт шакллари ва методларини ҳам вайрон қиладики, бу ўз-ўзидан бадиий ифоданинг янги шакллари пайдо бўлишига имкон беради. Шу сабаб, авангард фаол кириб келади. 1920 йиллар киноавангардининг бадиий амалиёти “Янги тўлқин” неоавангардини юзага келтиради. “Янги тўлқин” муаллифлик киносида анъанавий кинонинг мумтоз ютуқлари сақланган ҳолда, “кино тили”нинг янгиланиш жараёни, бадиий новаторлик содир бўлади. “Авангард фильм” тушунчасига биринчилардан бўлиб, Луи Деллюк ўзининг фильмлари ва назарий ишлари орқали аниқлик киритади. У фотогения, яъни, “киноифодавийлик назарияси”ни илгари сурган. Деллюк фильм яратишда анъанавийлик ва томошабопликка урғу бериш ўрнига, персонажнинг ички интилишини ифодалашни таклиф этади.

ХХ асрнинг биринчи чорагида муаллифлик фильми композиясининг муҳим тамойили сифатида ички монолог назариясига юзага келади. У муаллифлик киносининг кейинги тарихида ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолди ва ривожланишда давом этди. Ушбу назария доирасида воқеалар яхлитлиги ва тадрижийлиги эмас, муаллиф ёки қаҳрамон ҳиссиётлари, ўй-фикрларининг мантиғи ва ҳаракатини аниқ ифодалаш мумкин.

Кинематографиянинг бу каби экспериментлари муаллифлик фильмининг “материал”и ва “усул”ини янгилади ва бойитди. Яъни, ижодкор фильм учун сўздан тортиб, образгача бўлган барча нарсани эстетик таъсир этувчи усулда етказишни асосий ўринга чиқарди.

Шуҳрат  ОМОНМУРОДОВ ЎзДСМИ “Овоз режиссёрлиги
ва операторлик маҳорати” кафедраси ўқитувчиси

 

4 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi