XX АСР ТУРК ШЕЪРИЯТИДАН

Poetry

ОШИҚ ВЕЙСАЛ (ШОТИР ЎҒЛИ)

 (1894–1973)

 

 МЕН КЕТАРМАН

 Мен кетарман, номим қолур,

Дўстлар мени хотирласин.

Байрам келур, тўйлар бўлур,

Дўстлар мени хотирласин.

 

Жон қафасда қолмас, учар

Дунё – сарой, қўнган кўчар.

Ой айланар, йиллар кечар,

Дўстлар мени хотирласин.

 

Жон бадандан айрилажак,

Мўри вайрон ёнмас ўчоқ.

Салом бўлсин қучоқ-қучоқ,

Дўстлар мени хотирласин.

 

Келмасам қандай кетардим?

Кундан-кунга ортди дардим.

Ғариб қолур ёрим, юртим

Дўстлар мени хотирласин.

 

Сўлар гуллар, турли чечак

Кимлар кулмиш, ким кулажак.

Мурод ёлғон, ўлимдир ҳақ,

Дўстлар мени хотирласин.

 

Вақт асрдир, оқшом бўлур,

Кўрки бошга нелар келур.

Вейсал кетар, номи қолур,

Дўстлар мени хотирласин!

 

 

АҲМАД ҚУДСИЙ ТАЖАР

 (1901–1984)

  ҚАЙДАСАН

 Кечалари бир сас бузар уйқуни,

Дилни ҳаяжонга кўмар: – Қайдасан?

Ахтараман йиллар бўйи мен уни,

Мен ошиқман бу чорловга, бу сасга.

 

Кундузлар судраклаб айлар дарбадар,

Бу сас шамолларга қоришиб кетар,

Ва шомлар ёнимда юриб баробар,

Ногаҳон ҳайқирар менга: – Қайдасан?

 

Барча севгиларни олиб дилимдан,

Борлиғимни ёлғиз унга бердим ман.

Етсин токи менга бир кун ботиндан,

То юракдан бир кун менга “Кел” десин.

 

 

АҲМАД ҲАМДИ ТАНПИНАР

 (1901–1962)

 

 МОВИЙ

 Мовий-мовий эди осмон,

Булутлари оппоқ-оппоқ,

Бепоёнлиғ ичра нолон

Не ажаб ёз эди ғамнок.

 

Ажаб, гўзал, сўнгра маҳзун

Нур ёмғири ила узун.

Бир туркуки ғамгин садо

Ва сен кулсанг гуллар пайдо.

 

Хуш булутлар эди оппоқ,

Соялари сирли порлоқ;

Тинмас эди ғир-ғир шамол

Гуллар тўшин айлаб хушҳол:

 

Бинафшаранг ойдин… чинор

Сояси-да қизарган зор,

Намозгарда боқишлари,

Саринликнинг ёқишлари…

 

Сабоҳларнинг ойнасида

Ногоҳ кулар пайдо ҳусн,

Икки боқиш орасида

Айлар мени телба ҳузн.

 

Қайдасан? Ким билсин ҳозир

Сенингдир яна оқшомлар;

Зинада қадаминг саси,

Бандаргоҳда шарпанг бор.

 

2018/11

Турк тилидан Йўлдош Эшбек таржимаси

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi