БЕРТОЛЬД БРЕХТ (1898–1956) СИЧУАНДАН ЧИҚҚАН МЕҲРИБОН

bertold_brext

(пьеса-парабола)

Рус тилидан
Жамол Камол
таржимаси

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:

ВАН – мешкоб
УЧ ФАРИШТА
ШОЙ ДА (ШЕН ДЕ)
ЯН СУН –  ишсиз учувчи
ЯН ХОНИМ – унинг онаси
БЕВА ШИН
САККИЗ КИШИДАН ИБОРАТ ОИЛА
ДУРАДГОР ЛИН ТО
УЙ ЭГАСИ МИ ДЗЮ ХОНИМ
ПОЛИЦИЯЧИ
ГИЛАМФУРУШ
УНИНГ ХОТИНИ
ҚАРИ ФОҲИША
ЁШ ФОҲИША
САРТАРОШ ШУ ФУ
БОНЗА
ОФИЦИАНТ
ИШСИЗ
ПРОЛОГДА ЙЎЛОВЧИ-ЎТКИНЧИЛАР

Воқеа ярим европалашган Сичуан марказида кечади. Ер юзида одамни одам эксплуатация қиладиган ҳамма жойлар Сичуан вилояти тимсолида умумлаштириб олинган, Сичуан ҳозир шундай жойлар сирасига кирмайди.

ПРОЛОГ
Сичуан марказида бир кўча. Оқшом. Мешкоб Ван томошабинларга ўзини танитади.
ВАН. Мен шу ерлик мешкоб – Сичуан марказида сув сотаман. Касбим оғир. Сув камайса, олисдан ташиб келишга тўғри келади. Сув камайса, чақаси оз тушади. Умуман вилоятимизда йўқчилик авжига чиққан. Ҳамманинг умиди фақат фаришталардан, ҳамма шундоқ дейди. Энди менинг севинчимни тасаввур қилаверинг, қорамол билан савдо қилувчи ошнам – у ҳар гўрда бўлади – айтдики, бир неча машҳур фаришталар йўлга чиқишганмиш. Улар Сичуанга ҳали замон келиб қолишса, ажабмас. Кўкка кўтарилаётган арзу додлардан осмону фалак ҳам ташвишга тушганмиш. Мана, мен сирасига учинчи кун, айниқса, оқшомлари меҳмонларга биринчи бўлиб пешвоз чиқиш учун ана шу шаҳар дарвозаси олдида тураман. Бу ишни орқага суролмайман. Нега десангиз, уларни олий мартабали зотлар дарров ўраб олишади, кейин яқинлашиб бўлмайди. Ҳа, дарвоқе, уларни қандай қилиб таниб олсам экан? Бир йўла ҳаммаси келишмаса керак. Жудаям эътиборни тортмаслик учун битта-битталаб келишса керак. Манавилар фаришталарга ўхшамайди, ишдан қайтишаяпти. (Ён веридан ўтаётган ишчиларга тикилиб қарайди) Юк ташийвериб, елкалари қапишиб кетган. Манави-чи? Қанақасига фаришта бўлсин – бармоқлари сиёҳга ботган. Нари борса, цемент заводида хизматчидир. Ҳаттоки, мана бу икки жаноб ҳам… (Ёнидан иккита эркак ўтади) чамамда, фаришта эмас. Юзлари, бировларни уриб-калтаклашга ўрганган одамлардек бешафқат, фаришталарга бировларни уриб-калтаклашнинг нима ҳожати бор! Мана, тағин учтаси! Булар – бошқа гап. Миқти гавдали, бир иш билан машғул бўлишгани ҳам маълум эмас, кавушлари чангга ботган, демак, олисдан келишаяпти. Ўшалар, ўшаларнинг худди ўзи! О, оқилу донолар, амрингизга мунтазирман!
(Тиз чўкиб, ер ўпади).
БИРИНЧИ ФАРИШТА (қувониб). Бизни бу ерда кутишаяптими?
ВАН (уларга сув тутиб). Кўпдан кутишаяпти. Аммо ташрифингиздан ёлғиз хабардор – мен.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Тунаш учун бизга жой керак. Балки сен айтарсан, қаерда тунасак бўлади?
ВАН. Қаерда дейсизми? Истаган жойингизда! Бутун шаҳар изму ихтиёрингизда, оқилу донолар. Қаерни хоҳлайсиз?
Фаришталар бир-бирларига маъноли қарашади.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Масалан, энг яқин уйга жойлаша қолсакмикин дейман, ўғлим! Энг яқинига жойлашишга бир уннаб кўрайлик!
ВАН. Мен боёнларимиздан биттасининг уйини танлаб, бошқасидан балога қолмасам эди, деб қўрқаман.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бас, шундоқ экан, сенга амр этамиз, энг яқинидан бошлайвер!
ВАН. Бу уйда Фо жаноблари яшайдилар! Бир дақиқа сабр… (Югурганча уй ёнига бориб, эшикни қоқади)
Эшик очилади, лекин Ван рад жавоби олгани маълум бўлади. У чўчинқираб, изига қайтади.
ВАН. Омадимиз келмади! Фо жаноблари уйда йўқ эканлар, хизматкорлар у кишининг буйруғисиз бирор иш қилишолмайди, хўжайинлари бағоят қаттиққўл! Ўзлари ҳам эшикдан кимларнинг қайтиб кетганини эшитиб, роса жаҳлга минсалар керак, шундоқ эмасми?
ФАРИШТАЛАР (кулимсираб). Албатта.
ВАН. Яна бир дақиқа сабр! Шундоқ ён томондаги уй бева хоним Суга тегишли. У жуда хурсанд бўлади. (уйга қараб югуради, аммо, афтидан, яна рад жавобини олади) Мен яхшиси нариги томонга ўта қолай. Бева битта ҳужрам бор, у ҳам ивирсиб ётипти, дейди. Мен ҳозироқ Чен жаноб­ларига мурожаат қиламан.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бизга кичик ҳужра ҳам бўлаверади. Айт, биз ўшани ижарага оламиз.
ВАН. Ҳатто ивирсиган, ичи тўла ғиж-ғиж ўргимчак бўлса ҳам-а?
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Зиёни йўқ! Ўргимчак бор жойда пашша бўлмайди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (очиқ чеҳралик билан Ванга). Ўғлим, жаноб Ченми ёки бошқа бировнинг эшигига борақол, ростини айтсам, ўргимчакларни жиним суймайди.
Ван қай бир эшикни қоқиб ичкари киради.
УЙ ИЧИДАН ОВОЗ. Фаришталарингни бошимга ураманми! Шусиз ҳам ташвишим ошиб ётипти!
ВАН (фаришталарнинг ёнига қайтиб). Чен жанобларининг кайфияти бузуқ, уйи тўла қариндошлар, у сизга кўринишга истиҳола қилаяпти, азизлар. Чамамда, бу албатта ўзаро гап, улар орасида ёмон одамлар борга ўхшайди. У ўшаларни кўриб қолишингизни истамайди шекилли. Қаҳри-ғазабингиздан қўрқади. Ҳамма бало шунда.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Наҳотки биз шу қадар даҳшатли бўлсак?
ВАН. Ёмонлар учун даҳшатлисиз, шундоқ эмасми? Мана, масалан ўн йилдирки Кван вилоятини сув босиб, халойиқ зарар кўради, сабабки, Худонинг қаҳрига учраган!
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Йўғ-ей? Нега энди?
ВАН. Негаки, у ерда нуқул даҳрийлар яшайди.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бекор гап! Тўғриси, улар тўғонни тузатишмаган.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Секинроқ! (Ванга) Ўғлим, сен ҳали ҳам умид қиласанми?
ВАН. Шундоқ дегани қандай тилингиз боради? Яна битта уй нарига ўтсак, бас, олам гулистон, сиз учун ётоқ муҳайё. Ҳамма кўзи тўрт бўлиб сизни кутиб турипти. Фақат омад келмаяпти, холос, тушундингизми? Хўп, мен югурдим! (Секин нари кетади ва қаёққа боришини билмай, кўча ўртасида қаққайиб туриб қолади)
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, мен айтмабмидим?
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Барибир, фикри ожизимча, бу оддий бир тасодиф.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Шун вилоятида тасодиф, Кванда тасодиф ва Сичуанда тасодиф. Ер юзида энди ҳеч ким Худодан қўрқмайди – сиз ана шу ҳақиқатни тан олишдан қўрқасиз. Иқрор бўлаверинг, ишингиз чиппакка чиқди!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Биз ҳали яхши кишига дуч келишимиз мумкин. Ҳар дақиқада! Дафъатан чекиниш ярамайди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Қарорда нима дейилган эди: инсон деб аталишга лойиқ инсонлар ерда етарли экан, дунё дунёлигича қолади. Мешкоб, янглишмасам, ана шундай инсонлардан. (Ҳамон аросатда турган Ванга яқинлашади)
ИККИНЧИ ФАРИШТА. У янглишди. Мешкоб ҳали бизга сув тутганида, мен бир нарсани пайқаган эдим. Мана унинг кружкаси! (Уни биринчи фариштага кўрсатади)
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Тагида яна тагламаси бор.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Қаллоб!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Майли, бу ҳисобга кирмайди, битта нотавон учраса, нима қипти? Биз ҳали инсонга муносиб ҳаёт кечиришга қодир бўлганларни албатта учратамиз. Биз уларни учратишимиз шарт! Мана, икки минг йилдирким, фарёду фиғонлар фалакнинг қулоғини қоматга келтиради, шундоқ давом этавериши яхши эмас! Бу дунёда ҳеч кимса яхши одам бўлолмайди! Биз, ниҳоят, илоҳий фармойишларга амал қиладиган инсонларни топиб кўрсатишимиз керак.
УЧИНЧИ ФАРИШТА(Ванга). Балки, бошпана топиш жудаям мушкулдир?
ВАН. Сиз учун мушкул эмас! Узр! Дарҳол топилмаганига айбдор – мен, ёмон излаяпман.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Гап, албатта, бунда эмас. (Изига қайтади).
ВАН. Улар пайқаб қолишди. (Ўткинчига) Муҳтарам жаноб, безовта қилаётганим учун афу этасиз. Биласизми, Сичуан халқи шунча йиллардан буён ана келади, мана келади деб орзиқиб кутаётган уч қодир фаришта ниҳоят қадам ранжида этишди, улар бошпанага муҳтож. Ҳой, сабр қилинг! Ишонмасангиз, мана, ўзингиз кўринг! Бир қарасангиз, кифоя! Худо ҳақи, ёрдам қилинг! Омадингиз келипти, фойдаланиб қолинг! Бошқалар илиб кетмасидан олдин фаришталарни уйингизга таклиф қилинг, рози бўлишади.
Ўткинчи йўлида давом этади.
(Бошқа бир ўткинчига мурожаат қилади). Муҳтарам зот, эшитдингизми? Балки сизда бошпана бордир? Кошона бўлиши шарт эмас. Ҳамма гап – яхши ниятда.
Иккинчи ўткинчи. Фаришталаринг қанақа фаришта ўзи, пешонасига ёзиб қўйганми? Уйимдан жой бериб, балога қолиб ўтирмай тағин. (Тамаки дўконига киради).
ВАН(югурганча, фаришталар ёнига қайтади). У рози бўладиганга ўхшайди. (Ўз кружкасининг ерда ётганини кўриб, фаришталарга ҳайрон бўлиб қарайди, сўнг кружкани қўлига олиб, яна югурганича кетади.)
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бу жилла хушхабар эмас.
ВАН(тамаки дўконидан чиқиб келган ўткинчига). Хўш, бошпана берасизми?
Иккинчи ўткинчи. Уйим борлигини қаёқдан биласан, балки меҳмонхонада яшарман?
БИРИНЧИ ФАРИШТА. У барибир топа олмайди. Сичуанни ҳам рўйхатдан ўчиришга тўғри келади.
ВАН. Уч қодир фаришта! Ишонинг, сўзларим чин! Ибодатхонадаги ҳайкалларнинг худди ўзи! Агар фурсатни бой бермай, уларнинг олдига бориб, таклиф этсангиз, балки рози бўлишар.
Иккинчи ўткинчи (кулиб). Сен жойлаштирмоқчи бўлган кимсалар пихини ёрган муттаҳамлар бўлса керак. (Кетади).
ВАН (унинг ортидан сўкиниб). Муттаҳам чайқовчи! Худодан қўрқмайсанми? Бағритошлигинг учун жаҳаннам оловида ёнасан! Фаришталар сендақаларга тупуришади! Шошма, ҳали пушаймон ейсан! Етти уруғингга қадар жазога дучор бўласанлар! Сендақаларни деб бутун Сичуан маломатга қолди. (Пауза) Энди ёлғиз Шен Де қолди, у “йўқ” деёлмайди-ку. (Чақиради) Шен де!..
ШЕН ДЕ юқоридаги дераза ойнасидан қарайди.
Улар келиб қолишди, мен уларга бошпана тополмаяпман. Сен бир кечага қабул қилолмайсанми?
ШЕН ДЕ. Қабул қилолмасам керак, Ван. Мен меҳмон кутаяпман. Наҳотки, сен уларга бошпана тополмадинг?
ВАН. Ҳозир бу гапнинг мавриди эмас. Бутун Сичуан – бошдан-оёқ маразлар макони.
ШЕН ДЕ. Бўлмаса-чи, у келса, мен бекиниб тураман. Шунда балки кетиб қолар. Шу етмагандай, мен билан сайр қилишни ҳам истаб қолипти.
ВАН. Биз тепага чиқиб турсакмикин-а?
ШЕН ДЕ. Фақат баланд овозда гаплашманглар. Улар билан очиқчасига гаплашса бўладими?
ВАН. Худо асрасин! Улар сенинг ҳунаринг тўғрисида ҳеч нарса билмасликлари лозим. Йўқ, яхшиси, биз пастда кутиб турамиз. Ҳойнаҳой, сен у билан кетиб қолмайсанми?
ШЕН ДЕ. Ишим чатоқ, эртагача ижара ҳақини тўламасам, мени уйдан ҳайдашади.
ВАН. Шундай пайтда ҳисоб-китоб қилиб ўтиришинг яхши эмас.
ШЕН ДЕ. Қайдам. Афсуски, подшомизнинг туғилган кунида ҳам қорин қурғур қулдирайверади. Ҳа, майли, уларни қабул қиламан.
У чироқни ўчиради.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Афтидан, яна омадимиз юришмади.
Фаришталар Ваннинг ёнига келишади.
ВАН (ортида турган фаришталарни кўриб, сесканиб тушади). Бошпана топилди. (Юзидаги терларни артади).
Фаришталар. Ростми? Ундоқ бўлса, бора қолайлик.
ВАН. Бирпас сабр қилинг. Ҳужрани йиғиштириб бўлишсин.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бўлмаса, шу ерда кута турамиз.
ВАН. Бу ер серқатнов жой экан. Яхшиси, нариги томонга ўта қолайлик.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Биз одамларга разм солиб қарашни яхши кўрамиз. Нафсиламрни айтганда, бу ёққа келишимиздан ҳам муддао шу.
ВАН. Тўғрику-я, лекин бу ер елвизак жой экан.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. О, биз чиниққан одамлармиз.
ВАН. Балки сиз тунги Сичуанни томоша қилмоқчидирсиз?  Жиндак сайр қилиб келмаймизми?
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бугун биз етарлича йўл босдик. (Кулимсираб). Бордию бу ердан кетишимизни истасанг, буни очиқ қилиб айтавер.
Нари кетишади.
Хўш, энди хурсандмисан?
Улар бир уйнинг зинапоясига бориб ўлтиришади.
ВАН(улардан бир неча қадам нарида, ерга ўтиради, нафасини ростлаб). Сиз кимсасиз бир қизникида турасиз. Сичуанда у яхши одам саналади.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Жуда соз!
ВАН(томошабинларга). Мен кружкамни олганимда улар менга ғалати қилиб қарашди. Пайқашган бўлса-я? Мен энди уларнинг кўзига қандай қарайман?
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Жуда чарчабсан.
ВАН. Ҳа, сал-пал. Югур-югурдан…
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, бу ерда одамлар ёмон яшашадими?
ВАН. Яхшилар ёмон яшашади.
БИРИНЧИ ФАРИШТА(жиддий). Сен ҳамми?
ВАН. Нима демоқчисиз, мен билиб турибман. Мен яхши одам эмасман. Аммо менга ҳам осон тутманг.
Шу орада Шен Де уйи олдида бир эркак пайдо бўлади. У бир неча бор ҳуштак чалади. Ван ҳар гал бир сесканиб тушади.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (Ванга секин). Назаримда, у кутмасдан кетиб қолди.
ВАН(довдираб). Ҳа, ҳа.
(Ўрнидан туриб, кўза ва кружкасини қолдириб, майдонга қараб чопиб кетади).
Шу пайт қуйидаги воқеалар рўй беради: кўчада кетаётган эркак кетиб қолади, Шен Де уйидан чиқиб “Ван” деб секин чақирганча, кўчада уни излайди. Ван ҳам “Шен Де” деб секин чақиради, аммо унга ҳеч ким жавоб бермайди.
ВАН. У мени алдади. Ижара ҳақига пул ишлайман деб кетиб қолди, энди оқилу доноларни қаерга жойлаштиришга ҳам ҳайронман. Улар чарчаган ва кутишаяпти. Мен уларнинг олдига бориб, яна “Бошпана йўқ” деб қандоқ айтаман? Ўз уйим – сув оқадиган қувур, уни уй қаторига қўшиб ҳам бўлмайди. Бунинг устига, фаришталар ўзлари қаллоблигини пайқаган бир кимсаникида туришни албатта исташмайди. Энди ўлсам ҳам, уларнинг олдига қайтиб бормайман. Вой, у ерда идишим қолди-ку. Нима қилсам экан? Йўқ, бориб, уни ололмайман. Яхшиси, шаҳардан бош олиб кетаману уларга қорамниям кўрсатмайман. нега десангиз, ўзим сажда қилиб, сиғиниб юрган зотларга ёрдам беролмадим.
(Югурганича кетади. Унинг қораси ўчар-ўчмас, Шен Де қайтиб киради, Ванни излаб, фаришталарга кўзи тушади.)
ШЕН ДЕ. Бу сизмисиз, оқилу донолар? Менинг исмим Шен Де. Менинг кулбамга қадам ранжида этсангиз, хурсанд бўлардим.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Дарвоқе мешкоб қаёққа ғойиб бўлди?
ШЕН ДЕ. Чамаси, биз у билан йўлни адаштириб қўйдик.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. У сени келмайди деб ўйлаб, бизнинг олдимизга қайтиб келишга чўчиди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (кўза билан кружкани ердан олиб). Буларни сенга қолдирамиз. Булар ҳали унга керак бўлади.
Шен Де бошлаб, улар уйга киришади. Саҳна қоронғулашиб, яна ёришади. Тонготарда фаришталар уйдан чиқиб келишади. Шен Де олдинга тушиб, чироқ билан уларнинг йўлини ёритади. Улар хайрлашадилар.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Азизам Шен Де, меҳмондорчилик учун ташаккур. Бизга фақат сен бошпана берганингни сира унутмаймиз. Мешкобга идишларини бериб, яхши одамни бизга топиб бергани учун ташаккуримизни айтиб қўй.
ШЕН ДЕ. Мен яхши одам эмасман. Очиғини айтсам, Ван сизга деб бошпана сўраганда, мен иккиландим.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Иккиланиш, агар у енгиб ўтиларкан, зиён қилмайди. Билиб қўй, сен бизга фақат тунаш учун жой бермадинг, кўпроқ нарса бердинг. Кўпчиликда, ҳаттоки биз фаришталарда ҳам – Ер юзида яхши одамлар қолдимикин, деган шубҳа пайдо бўлди. Ана шуни аниқлаш учун йўлга чиқдик. Биз мамнуният билан яна йўлга тушамиз, негаки, битта яхши одамни учратдик.  Хайр!
ШЕН ДЕ. Сабр қилинг, оқилу донолар, мен яхши киши эканлигимга унчаям ишонмайман. Тўғри, мен яхши одам бўлишни истардим, лекин ижара ҳақини қандай тўлайман? Иқрорман, мен тирикчилик деб ўзимни сотаман. Лекин шу йўл билан ҳам тирикчилик қилиш қийин, нега десангиз, бу йўлни тутганлар оз эмас. Бас, шунинг учун, мен ҳамиша ҳамма нарсага тайёрман. Хўш, айтингчи, ҳамма нарсага тайёр бўлмаган ким бор? Албатта, мен катталарни иззат-ҳурмат қилиш, ёлғон сўзламаслик каби илоҳий фармойишларни жон деб бажо этардим. Бировнинг уйига кўз тикмаслик – мен учун қувонч, битта эркакка содиқ бўлиш – менга роҳат. Мен яна бошқанинг кучидан фойдаланиш, ғариблар кўнглига озор беришни ҳам истамасдим. Аммо не илож? Самовий фармойишларни бузиб ҳам, зўрға кун кўрамиз.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Булар ҳаммаси, Шен Де, яхши кишининг шубҳа-гумонлари.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Хайр, Шен Де! Мешкобга самимий салом деб қўй. У бизга дўст эди.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. У бизни деб заҳмат чекди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бахтинг ёр бўлсин!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Энг муҳими, раҳмдил, меҳрибон бўлиб қолавер! Хайр, Шен, Де!
Ўгирилиб, кета бошлайдилар, “хайр” маъносида бош силкийдилар.
ШЕН ДЕ (қўрқиб). Аммо мен ўзимга ишонмайман, оқилу донолар! Ҳамма нарса шундоқ қиммат-қирон бўлиб турганда, қандай қилиб мен раҳмдил бўлай?
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бу ўринда, афсуски, биз ожизмиз. Иқтисод масалаларига аралаша олмаймиз.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Тўхтанглар! Жиндак сабр. Бироз маблағи бўлганда, унинг яхши одам бўлиб қолиши балки осонроқ бўларди.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Унга ҳеч нарса беролмаймиз, ҳаққимиз йўқ. Буни тепадагиларга тушунтириб бўлмайди.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Нега бўлмас экан?
Шивирлашадилар, қизғин тортишув.
(Шен Дега, хижолатомуз). Эшитишимизча, ижара ҳақи тўлашга қийналиб қолибсан. Биз жилла қашшоқ-бечоралар эмас. Бошпана ҳақи тўлашга қурбимиз етади. Мана, ол! (Унга пул узатади.) Фақат пул берганимиз ҳақида бировга оғиз очма. Гапни чуватиб юришади.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Чуватганда қандоқ!
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Йўқ, бунга йўл бор. Биз қоидани бузмадик, бошпана учун ҳақ тўладик, холос. Қарорда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Хўп, хайр!
Фаришталар бир зумда ғойиб бўлишади.

I

Кичик тамаки дўкони.
Дўкон ҳали яхши жихозланмаган, берк.
ШЕН ДЕ (томошабинларга). Мана, фаришталарнинг кетишганига ҳам уч кун бўлди. Улар бошпана ҳақи тўлашди. Бир пайт, нима беришди экан деб бундоқ қарасам, қўлимдан минг кумуш доллардан зиёд ақча. Мен ана шу ақчага тамаки дўкони сотиб олдим. Кеча бу ёққа кўчиб ўтдим, кўп хайрли ишлар қиламан, деган ниятим бор. Масалан, шу дўконнинг собиқ эгаси Шин хоним. У кеча келиб, болалари учун гуруч сўради. Мана, у бугун ҳам майдонни кесиб, хурмачасини қўлтиқлаб, бу ёққа келаяпти.
Шин киради. Улар таъзим адо билан саломлашадилар.
Ассалому алайкум, Шин хоним.
ШИН. Ваалайкум ассалом, Шенбону. Янги уйда кайфиятингиз нечук?
ШЕН ДЕ. Дуруст. Болаларингиз бу кеча яхши ухлашдими?
ШИН. Бегона уй – бегона экан! Ўша чолдеворни уй дейишга ҳам тилинг бормайди. Кенжатойим ҳалитдан йўталаяпти.
ШЕН ДЕ. Бу яхши эмас.
ШИН. Сиз нима яхши эмаслигини яхши билмайсиз, негаки ўзингиз яхши яшайсиз. Аммо бу дўкончада бир нималарни татиб кўришингизга тўғри келади. Унутманг, бу ер – камбағаллар маҳалласи.
ШЕН ДЕ. Ҳа, лекин тушликда, ўзингиз айтганингиздек, цемент заводи ишчилари ҳам кириб туришади, шундоқ эмасми?
ШИН. Улардан бўлак ҳеч ким ҳеч нарса сотиб олмайди, ҳаттоки қўшнилар ҳам.
ШЕН ДЕ. Дўконни сотганда бу ҳақда лом-мим демагансиз.
ШИН. Етишмай тургани – шу таъна қилишингиз эди! Болаларимни уйдан маҳрум қилганингиз озмиди! Яна исқирт дўконча, камбағаллар маҳалласи деб жириллайсиз. Ноинсоф!..(Йиғлайди)
ШЕН ДЕ (шоша-пиша). Мен сизга ҳозир гуруч келтираман.
ШИН. Мен яна жиндак пул қарз сўрамоқчи эдим.
ШЕН ДЕ (хурмачага гуруч солаётиб). Бунинг иложи йўқ, қўлимга ҳали бир чақа ҳам тушмади.
ШИН. Менга пул керак. Бўлмаса, қандоқ яшайман? Сиз бор нарсамни олдингиз, энди тупроққа қориштирмоқчимисиз? Мен болаларимни келтириб оёғингиз остига ташлайман, қонхўр!(Шен Денинг қўлидан хурмачани тортиб олади).
ШЕН ДЕ. Жаҳлингиз чиқмасин, гуручни тўкасиз!
Ўрта яшар эр-хотин ва қашшоқ кийинган бир киши киради.
Хотин. Азизим Шен Де, биз омадинг келибди деб эшитдик. Корчалон хотин бўлибсан! Биласанми, жоним, бизнинг бошпанамиз йўқ. Тамаки дўконини ёпишга тўғри келди. Бир кеча сеникида тунасак, қандоқ бўларкин, деб келаяпмиз. Жиянимни эсласанг керак-а? Мана у, биз ҳамиша биргамиз.
ЖИЯН (дўконни кўздан кечириб). Яхшигина дўконча экан!
ШИН. Булар ким бўлди?
ШЕН ДЕ. Мен қишлоқдан шаҳарга келганимда дастлаб шуларникида ижарада турганман. (Томошабинларга). Чўнтагимда пулим тугагач, мени кўчага ҳайдаб чиқаришган. Улар чамамда мендан “йўқ” жавобини кутиб, чўчиб туришибди. Шўрликлар!

Улар уйсиз, бенаво,
Юрак-бағри эзилган.
Уларга мадад керак,
Қандоқ қилиб йўқ дейсан?

(Келганларга очиқ чеҳра билан.) Марҳамат қилинглар! Сизларни жон деб қабул қиламан. Лекин, ростини айтсам, дўкон ортида кичик бир ҳужрам бор, холос.
ЭРКАК. Бизга бўлаверади. Сен ташвиш чекма. (Шен Де уларга чой қуйиб тутади). Биз халал бермаслик учун мана шу ерга жойлаша қоламиз. Назаримда, илк бор бизникида турганингни эслаб, тамаки савдосини танлабсан, шундоқ эмасми? Биз баъзи маслаҳатлар билан сенга кўмаклашсак, деймиз. Бу ерга ана шу мақсадда келдик.
ШИН (мазах қилиб). Балки энди харидорлар ҳам келишар.
ХОТИН. У бизга шаъма қилаяпти шекилли?
ЭРКАК. Секинроқ! Мана, харидор ҳам келиб қолди.
Жулдур кийимли киши киради.
ЖУЛДУР КИЙИМЛИ. Кечирасиз. Мен ишсизман.
Шин кулади.
ШЕН ДЕ. Келинг, хизмат?
ИШСИЗ. Мен эртага дўконни очасиз деб эшитдим, мол ёйганда орасидан бирор чиқити чиқиб қолармикин, деб ўйладим. Ортиқча сигаретингиз йўқми?
ХОТИН. Уялмай тамаки сўрайди-я! Нон сўраса ҳам гўрга эди!
ИШСИЗ. Нон қиммат. Бир-икки тортсам, бас, бошқа одамга айланаман – қўяман. Тинкам қуриди.
ШЕН ДЕ (унга сигарета тутиб). Бошқа одамга айланиш – бу жуда яхши гап. Менинг биринчи харидорим бўлинг. Қадамингиз қутлуғ бўлсин.
Ишсиз дарҳол чекади ва йўталиб ташқарига чиқади.
ХОТИН. Тўғри иш қилмадинг, азизим Шен Де!
ШИН. Шундоқ савдо қилсангиз, уч кун деганда хонавайрон бўласиз.
ЭРКАК. Гаров ўйнайман, унинг киссасида пули бор эди.
ШЕН ДЕ. Лекин у ҳеч вақойим йўқ деб айтди.
ЖИЯН. Алдаган бўлса-чи?
ШЕН ДЕ (жаҳли чиқиб). Алдаганини мен қаёқдан билай?
ХОТИН (бошини чайқаб). У “йўқ” деёлмайди! Сен жуда раҳмдилсан, Шен Де. Дўконни қўлдан бериб қўймайин десанг, биров бирор нима сўраганда “йўқ” деб жавоб беришга одат қил.
ЭРКАК. Бу дўкон меникимас, бир қариндошники, у мендан ҳисоб сўраб туради, деб айт. Шу гапни айтиш қийинми?
ШИН. Ўзингни олийҳиммат қилиб кўрсатишни истамасанг, қийин­чилиги йўқ.
ШЕН ДЕ (кулиб). Койийверинглар! Мен ҳам шартта айнайман-да, бошпана ҳам бермайман, гуручни ҳам тортиб оламан.
ХОТИН (қўрқиб). Ҳали гуруч ҳам сеникимиди?
ШЕН ДЕ (томошабинларга).
Улар – ёмонлар,
Улар хуш кўрмайди бирор кимсани.
Улар бир кимсага бермас бир коса таом.
Улар ўзларини билишар фақат,
Бунинг-чун ким айбдор этар уларни?

Пакана бир киши киради.
ШИН (уни кўриб, кетишга ошиқиб). Эртагаям бирров кираман. (Кетади)
ПАКАНА (унинг изидан қичқириб). Тўхтанг, Шин хоним! Сизда ишим бор!
ХОТИН. Нега у ўралашади? Сенда ҳақи қолганми?
ШЕН ДЕ. Хақи қолмаган, лекин у – оч. Очлик билан ҳазиллашиб бўлмайди.
ПАКАНА. У туёқни шиқиллатиб, қочиб қолиш кераклигини яхши билади. Дўконнинг янги хўжайини сиз бўласизми? Токчаларга мол теришга ҳам улгурибсиз! Айтиб қўяй, токчаларни мен ясаб берганман! То ҳақини тўламас экансиз, улар меники бўлиб қолаверади! Бояги тавия ҳақимни тўламаган. (Бошқаларга). Мен дурадгорман.
ШЕН ДЕ. Мен дўконнинг бутун асбоб-ускунаси ҳақини тўлаганман, токчалар ҳам шунга кирмайдими?
ДУРАДГОР. Бекор гап! Ҳамма ёқда алдоқчилик! Сиз ана у Шин билан тил бириктириб олгансиз! Мен юз кумуш доллар ҳақимни талаб қиламан, уни олмас эканман, Лин То отимни бошқа қўяман.
ШЕН ДЕ. Пулим бўлмаса қаёқдан тўлайман?
ДУРАДГОР. Ундоқ бўлса, мен уларни “ким ошди” қилиб сотаман! Ҳозироқ сотаман! Ё ҳақимни тўлайсиз, ё ҳозироқ сотаман!
ЭРКАК (Шен Дега шивирлаб). Қариндош!
ШЕН ДЕ. Келаси ойгача сабр қилолмайсизми?
ДУРАДГОР (қичқириб). Йўқ!
ШЕН ДЕ. Жудаям бағри тош бўлманг, жаноб Лин То. Мен ҳамма билан бир йўла ҳисоб-китоб қилолмайман-ку. (Томошабинарга).

Жиндак ҳиммат бўлса, кучга куч қўшилади.
Мана арава от, ўтга бўйнин чўзади.
Қўйиб беринг –
Аравани яхши тортади.
Саратонда бир оз сабр этсангиз борми,
Сумбулада шарбатларга тўлар шафтоли.
Не бўларди агар ҳиммат бўлмаса, дунё?
Жиндак сабр –
Ҳосил бўлур буюк муддао.

(Дурадгорга). Ҳиммат қилинг, жаноб Лин То!
ДУРАДГОР. Хўш, менга, менинг оиламга ким ҳиммат қилади? (Токчалардан бирини девордан узиб, гўё уни ўзи билан олиб кетмоқчи бўлади) Пулини тўланг, йўқса токчаларни олиб кетаман!
ХОТИН. Азизим Шен Де, шу ишни қариндошингга топшира қолсанг, нима қилади? (дурадгорга). Нархини ёзинг, Шен Денинг амакиваччаси тўлайди.
ДУРАДГОР. Биламиз унақа амакиваччаларни!
ЖИЯН. Нега аҳмоққа ўхшаб тиржаясан? Мен уни шахсан танийман!
ЭРКАК. Бу одам эмас, тиғи паррон!
ДУРАДГОР. Бўпти, ҳисобни унга бериб қўйишсин. (Токчани тўнкариб, унга ўлтириб, ҳисоб ёзади).
ХОТИН. Агар қўйиб берсанг, устингдаги кўйлагингни ҳам ечиб олади. Ҳақлими, ҳақсизми, даъволарини рад қилавер, йўқса, даъволардан бошинг чиқмай қолади. Ахлат қутисига бир бурда эт ташлаб қўйсанг, бутун маҳалла итлари ҳовлингга келиб, бир-бири билан ғажишади. Ахир, суд-маҳкама деган нега керак?
ШЕН ДЕ. У ўз ҳақини сўраяпти. Унинг оиласи бор. Пулим йўқлиги алам қилади, бўлмаса, тўлардим. Ахир, фаришталар нима дейди?
ЭРКАК. Сен бизга бошпана бердинг, шунинг ўзи етиб ортади.
Чўлоқ эркак билан ҳомиладор аёл киради.
ЧЎЛОҚ (эр-хотинга). Ийе, шу ердамисизлар! Азиз қариндошлар деганича бор! Бизни кўчага ташлаб келаверибсизлар-да, баракалла-ей!
ХОТИН (Шен Дега, уялинқираб). Бу менинг иним Вун ва келинимиз. (Иккаласига.) Гинахонликни қўйиб, мана бу бурчакка ўтинглар, қадрдонимиз Шен Дега халал бермайлик. (Шен Дега.) Менимча, уларни қолдиришга тўғри келади – келиннинг бўйида беш ойлик боласи бор. Ёки сен бошқача фикрдамисан?
ШЕН ДЕ. Йўқ-йўқ, марҳамат, қолаверишсин!
ХОТИН. Раҳмат айтинглар. Пиёлалар анави ерда. (Шен Дега.) Булар қаёққа бош суқишни билмай, тентираб юришган эди. Яхшиям дўконинг бор экан!
ШЕН ДЕ (табассум билан чой тутиб, томошабинларга). Яхшиям, дўконим бор экан!
Уй эгаси Ми Дзю хоним қоғоз кўтариб киради.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Шен Де бону, мен уй эгаси Ми Дзю хоним бўламан. Биз бир-биримиз билан чиқишамиз деб умид қиламан. Мана, ижара ҳақида шартнома. (Шен Де шартномани ўқийди.) Кичик савдо дўконининг очилиши – ажойиб сана, шундоқ эмасми, жаноблар? (Дўконни кўздан кечиради.) Токчаларда ҳали мол сийрак, аммо зиёни йўқ, ҳаммаси вақти-соатида бўлади. Сиз, ишонаманки, бир неча тавсиянома кўрсата оласиз?
ШЕН ДЕ. Бу шунчалик зарурми?
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Ахир, мен сизни яхши танимасам…
ЭРКАК. Биз Шен Дега кафилмиз. Уни шаҳарга келганидан буён биламиз ва унинг учун ҳар дақиқа бошимиз билан жавоб беришга тайёрмиз.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Сиз ким бўласиз?
ЭРКАК. Тамаки савдогари Ма Фу.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Дўконингиз қаерда?
ЭРКАК. Ҳозир дўконим йўқ. Биласизми, мен уни яқинда сотдим.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Шунақа денг? (Шен Дега). Бошқа ҳеч кимса сизга кафолат беролмайдими?
ХОТИН (шивирлаб). Амакиваччанг! Амакиваччанг!
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Мен сизни уйга қўйишим учун кимдир кафолат бериши керак. Азизим, бу жудаям эътиборли уй. Акс ҳолда, мен сиз билан шартнома тузолмайман.
ШЕН ДЕ (секин, ерга қараб). Менинг амакиваччам бор.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Вой, амакиваччангиз борми? Шу ерда, шаҳардами? Бўлмаса, тўппа-тўғри унинг олдига бора қолайлик. У нима иш қилади?
ШЕН ДЕ. У бу ерда эмас, бошқа шаҳарда яшайди.
ХОТИН. У Шун шаҳрида яшайди, деб айтгандинг шекилли?
ШЕН ДЕ. Жаноб Шой Да. У Шун шаҳрида яшайди!
ЭРКАК. Ҳа, ҳа, мен уни яхши биламан. Баланд бўйли, қотмадан келган.
ЖИЯН (дурадгорга). Сиз ҳам, чамамда, токчалар тўғрисида Шен Де бонунинг амакиваччаси билан битишдингиз, шундоқ эмасми?
ДУРАДГОР (тўнғиллаб). Ҳозир унга ҳисоб ёзаяпман. Мана! (Ҳисобни беради) Эртага эрталаб яна келаман! (Кетади.)
ЖИЯН (кўз қири билан уй эгаси хонимни таъқиб этиб, дурадгорнинг изидан қичқиради). Хотиржам бўлинг, амакиваччаси ҳаммасини тўлайди!
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ (Шен Дега синчковлик билан тикилиб). Ҳа, майли! Сиз билан танишсам, хурсанд бўламан. Оқшомингиз хайрли бўлсин, бону. (Кетади).
ХОТИН (бироз жимликдан сўнг). Энди ҳаммаси очилади! Ишонавер, у эртага эрталаб сен тўғрингда бор гапни билиб олади.
КЕЛИН (жиянга, секин). Бу ерда узоқ туриб бўлмайди.
Бир чолни етаклаб, бола киради.
БОЛА (елкаси оша кўрсатиб). Улар шу ерда.
ХОТИН. Салом, бобожон. (Шен Дега). Жудаям меҳрибон чол! Бизни деб роса ташвиш чеккан бўлса керак. Болани қаранг, кап-катта йигит бўлиб қолибди. Уч кишининг овқатини ейди азамат. Яна кимни бошлаб келдиларинг?
ЭРКАК (ташқарига қараб). Қиз жиянимиздан бўлак ҳеч кимни.
ХОТИН (Шен Дега). Ўзи ёшгина, яқинда қишлоқдан келган. Сенга оғирлиги тушмаса керак? Сен бизникида турганингда уйимиз бозор эди, шундоқ эмасми? Лекин кўпайгандан кўпаявердик. Кўпайганимиз сари маишатимиз оғирлашаверди. Келинглар, энди эшикни тамбалаймиз, бўлмаса, тинчлик беришмайди. (Эшикни қулфлайди.)
Ҳамма ўтиради.
Энг муҳими – сенинг ишингга халал бермаслик. Йўқса, бу уйда қозон қайнамайди. Шундоқ тартиб жорий қиламиз: кундузи ёшлар кетади, фақат бобом, келин ва мен қоламиз. Бошқалар кундузи кўпи билан бир икки бор бош суқишади, қалай? Хўп, энди чироқни ёқиб, яхшироқ жойлашиб олинглар.
ЖИЯН (муғомбирона кулиб). Бугун кечаси амакивачча, даҳшатли Шой Да жаноблари бостириб келмаса, гўрга эди.
Келин кулади.
АКАСИ (сигаретга қўл чўзиб). Битта олсак, зиён қилмас!
ЭРКАК. Бемалол.
Ҳамма сигарета олиб чекади. Ака даврада шароб тўла кўзани юргизади.
ЖИЯН. Амакивачча тўлайди!
ЧОЛ (Шен Дега, жиддий). Ассалому алайкум!
Шен Де хижолат чекиб, таъзим қилади. Унинг бир қўлида дурадгор берган ҳисоб қоғози, иккинчи қўлида ижара ҳақидаги шартнома.
ХОТИН. Бир нима куйлаб, бекани хурсанд қилмайсизларми?
ЖИЯН. Бобомиз бошласин!
Улар куйлашади.
Тутун ҳақида қўшиқ
ЧОЛ:
Соч-соқолим оппоқ оқармагунча,
Ўйлардим менга чин ақл бўлса, бас.
Энди биламанки, ҳеч қандай ақл
Менинг оч қорнимни тўйдира билмас.

Шунинг-чун дейманки: унут барини!
Кулранг тутунга боқ, таралур қандай.
У совуқ самога учар, бир куни
Таралиб кетасан сен ҳам тутундай.
ЭРКАК:
Ҳалол меҳнат қилсанг теринг шиларлар,
Қинғир йўл танладим, лекин алъомон,
Шунда ҳам ғов бўлиб, йўлим тўсдилар,
Энди аросатда турибман ҳайрон.

Шунинг-чун дейманки: унут барини!
Кулранг тутунга боқ, таралур қандай.
У совуқ самога учар, бир куни
Таралиб кетасан сен ҳам тутундай.
ҚИЗ ЖИЯН:
Умид ёшни севар, унга вақт керак,
Лекин чил-чил синар охир-оқибат.
Ёшларга йўл очиқ, йўллар эшиклар
Бизни йўқлик сари етаклар фақат.

Шунинг-чун дейманки: унут барини!
Кулранг тутунга боқ, таралур қандай.
У совуқ самога учар, бир куни
Таралиб кетасан сен ҳам тутундай.

ЖИЯН (акасига). Шаробни қайдан олдинг?
КЕЛИН. У бир қоп тамакини гаровга қўйди.
ЭРКАК. Нима-нима? У тамаки бисотимизда сўнгги мол эди. Биз бош пана ҳақи тўлаш учун ҳам унга қўл теккизмаган эдик. Чўчқа!
АКА. Хотиним совуқ қотиб ўтиргани учун мени чўчқа деб атайсанми? Ўзинг ҳам ичдинг-ку! Қани, кўзани бу ёққа чўз!
Улар талашадилар. Токчалар тамакиси билан қулайди.
ШЕН ДЕ (уларга ёлвориб). О, дўконни аянглар, бузиб қўясиз! Бу – фаришталар туҳфаси! Нима истасаларинг, олинглар, лекин дўконни бузманг­лар!
ХОТИН (заҳарханда қилиб). Дўкон мен ўйлаганимдан кичикроқ экан. Уни холамга ва бошқаларга мақтаб ўтирибман денг. Агар улар ҳам келишса борми, нақ зиндонга айланади-қўяди.
КЕЛИН. Дўкон ойим назаримда қовоқларини солиб олдилар.
Ташқаридан овозлар эшитилиб, эшик қоқилади.
ҚИЧҚИРИҚЛАР. Очинглар! Биз келдик!..
ХОТИН. Хола – бу сизмисиз? Вой, энди нима қилдим?
ШЕН ДЕ. Шўрлик дўконгинам! О, менинг умидларим! Очилдингу дўконга ўхшамай қолдинг. (Томошабинларга.)

Қутқазувчи қайиқча
Денгизга чўкар шу он.
Чўкаётганлар унга
Ёпишганлар кўп ёмон…

ҚИЧҚИРИҚЛАР (ташқаридан). Очинглар!

(Давоми бор)

2018/11

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi