Лион ИЗМАЙЛОВ (1940 йилда туғилган) ҲАЖВИЯЛАР

Lion_izmaylov

Рус сатираси устаси, ёзувчи, шоир, телебошловчи. Илк ҳажвиялари 1969 йили “Литературная газета”да эълон қилинган. Бугунда Л.Измайлов қаламига мансуб ҳангомалар Е.Петросян, Я.Арлазоров, Е.Шифрин, В.Винокур сингари таниқли қизиқчилар томонидан саҳнада ижро этилмоқда. Л.Измайловнинг ўзи ҳам 1979 йилдан бери саҳнада ҳажвиялар ўқийди.

ЎЙИНДАН ЎТ ЧИҚДИ

Бу аҳмоқона ҳазилларнинг менга нима кераги бор? Бу юмор менга нимага керак? Ким мендан ҳазиллашишни сўраяпти, бошимга ғалва орттиришни ким илтимос қиляпти?
Шереметьево аэропортида ким менинг тилимни қичитди, деб сўраш керак. Божхона олдида хотинимга дедим: “Қулоқ сол, гранаталар жомадонимга сиғмаяпти, бир жуфтини сен олволақол”. Ахир мен улар эшитсин учун айтдим, улар эшитишди ҳам.
Икки соат ҳаммани титратишди, айниқса мени. Милиция, хавфсизлик хизмати. Рейсни олти соатга кечиктиришди. Мен уларга жанговар гранаталарни эмас, мевани назарда тутганлигимни қанча тушунтиришга уринмай фойдаси бўлмади… Дум-думалоқ, лимонга ўхшаш мева-ку ахир… Тфу, сенга! Уни ейишади. Барча пасталарни сиқиб чиқаришга мажбур қилишди. Яримта олиб кетаётгандим – кўзимни олдида текшириш учун ичишди. Итга ҳам беришди. У кейин вангиллаб қўшиғини бошлади, йиғлади.
Йўловчилар буларнинг ҳаммаси мен туфайли эканлигини билишгач, каминани ўн минг метр баландликдан, самолёт бортидан улоқтиришга ҳаракат қилишди. Ахир мен ҳазиллашдим! Кимдир кулса ҳам кошки эди.
Энди аэропортда жим кетаман, оғзимниям очмайман, ўзимни кар-соқовдек тутаман.
Шу менга керакмиди?

Бу ёқда, ишхонамизда эса йиғилиш бўлди. Холдингимизнинг президенти келди. Корхонамиз жамоаси билан учрашди. Директоримиз билан президиумга чиқишди. Улар курсиларга ўтиришаётганда мен ҳам уларнинг ёнида бўлишимга тўғри келди. Директоримиз ўтираётганда, чидаб турдим, холдинг президенти ўтираётганда эса ортиқ чидолмаслигимни ҳис қилдим, қитмирлигим тутди. У ҳаммага “Ўтиринглар”, деди ва ўзи ҳам курсига чўка бошлади. Ўзимни тутолмадим, курсини олиб қўйдим. Президент йиқилаётиб, стол ёпқичини ушлаб тортганди, сув идиш ва стакан бошига тушиб, жаранглаб кетди. Ҳамма кулиб юборди. У менга пастдан, ёнбошлаб ётган ҳолда қараб:
– Нима, сиз жиннимисиз? – деб сўради.
– Нима, билиняптими? – дедим.
– Бир қарашдаёқ, – дейди.
Хўш, мени ким мажбур қилди? Асосийси, ўзимизникилар билишади, ҳеч ким олдимдаги стулга ўтирмайди, бу эса, қаердан бундай ақлли чиқиб қолди?
Мен ишдан ҳайдаса керак деб ўйловдим.
– Йўқ, – дейди, – ишдан бўшатмайман, ундай қилсам ҳазилни тушунмас экан, дейишлари мумкин.
Бир гал футболда ўтиргандим. Атроф худди отхонадагидек, яъни, ҳамма ёқда МҲСК ишқибозлари. Ўйиннинг энг қизиқ пайтида “Спартак” – чемпион, деб бақиришим шартмиди?
Айтсам ишонмайсиз, атроф бирдан сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Ҳаммаси гўё қотиб қолишди, яъни бутун стадион бақир-чақир, менинг атрофимда эса ўлик сукунат!
Ичимда иккигача санадим ва шартта полга ётдим. Худди шу дамда улар менга ташланишди. Ҳаммаси! Бирдан! Устимда шунақа уюм пайдо бўла бошлади-ки… Мен ўриндиқлар остидан силжиб жуфтакни ростладим, у ерда милиция яна ярим соат ола таёғи билан дағдаға қилди.
Ўзингиз айтинг, шу менга керакмиди? Бунинг устига ўзим “Локомотив”нинг ишқибозиман.
Энди қаранг, икки йигит билан қурилишда ўтирибмиз, ичяпмиз. Шиша бор, бодринг, помидор. Олдимизда ўра, ичида цемент, тўғри қуруқ цемент. У тарафдан бир эркак келди.
– Мактабга қандай борсам бўлади? – деди.
Мен аҳмоққа, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, шу керакмиди?.. Ҳатто шу атрофда мактаб борлигини билмасдим.
– Бу ёққа кел, ҳозир тушунтирамиз, кўрсатамиз қаёққа боришни, – дедим.
У олдинга икки қадам босди ва цемент ўрага гурсиллаб тушди. У ёқдан туриб бақирди, ҳақорат қилди. Биз ичиб бўлдик, газакни еб тугатдик ҳамки у ҳамон бақирарди. Энди кетмоқчи бўлганимизда… Биз уни ўрадан бунчалик тез чиқади деб ўйламагандик. Қарасак, биз томонга нимадир келяпти, ҳамма ёғи кулранг. Мен-ку биз уч кишимиз қочиб қоламиз деб ўйлагандим. Йўқ, қочолмадик. Ўша киши учовимизниям ўрага отди. У цемент ўрага фақат менигина ташламаганига хурсанд бўлдим.
Биз кейин унинг бир ўзи ўрадан қандай қилиб бунчалик тез чиққанлиги ҳақида ўйладик. Биз уч киши бўлсак ҳам эрталабгача қолиб кетдик. Эҳтимол, йигитлар ярим кечаси мен билан можаро қилиб, мактабни қаердалигини кўрсатишни талаб қилганликлари учун қолиб кетгандирмиз.
Майли, давом этамиз. Танишим Серёжага “Эшит, уйингга қўнғироқ қилдим, гўшакни қандайдир эркак олди ва сеникидан бошқача овозда жавоб қайтарди” деб айтишни менга нима кераги бор эди?
Мен шунчаки ҳазиллашувдим, у бўлса уйига телефон қилиб ўтирмай бирдан бостириб борди ва қўнғироқниям босмай ичкарига кирди. Ваннахонада майкали эркакка дуч келди. Уни ўлдириб қўяй деди. Ахир, хотини худди шу вақтда чилангар чақиришини мен қаердан билибман. У ваннахонада сув жўмрагини тузатаётган эди. Ана шундан кейин икки ойгача ҳеч нарса тузатмай ётди. Танишим Серёжа ҳам икки ойча ишламади, қанча тергов остида юрган бўлса, шунча ишламади.
Менга бу ҳазил нимага керак эди?
Ўтган йили кун бўйи ҳар соатда нотаниш эркакка қўнғироқ қилиш ва “Станислав Сигизмундовични мумкинми?” деб сўрашнинг менга нима кераги бор эди?
Кечга бориб у бутунлай ваҳшийлашди. Гўшакка “Бу ерда Станислав ҳам, Сигизмундович ҳам йўқ! Милицияга шикоят қиламан!” деб бақирди.
Тунги ўн иккида эса унга охирги марта қўнғироқ қилдим ва дедим:
“Кечирасиз, Станислав Сигизмундовичман. Айтингчи, менга ҳеч ким қўнғироқ қилмадими?”
Мен ўзим, онам, катта бувим ва бошқа қариндошларим ҳақида қандай сўзларни эшитганимни тасаввур қиласизми? Унинг юзини тасаввур қиласизми?
Энди, ярим йилга телефонимни узиб қўйишганда менинг юзимни тасаввур қилинг.
Билмадим, кимгадир ҳазил яшаш учун ёрдам беради, аммо менга эмас.
Хотиним билан дўстларимизникига меҳмонга бордик. Аёли уйда экан, эри ҳали ишдан қайтмабди. Мен ўйланиб қолдим.
– Келинглар, – дедим, – у билан ҳазиллашамиз. Хотиним ошхонага беркинади, мен трусикда гўё сенинг ўйнашингдек шкафга беркинаман. У келади, сен қўрқиб кетгандек дейсан: “Эҳ! Келдингми? Мен бунчалик эрта келишингни кутмагандим”. Бу гаплардан кейин шкафда ғимирлаб қўяман. У шкафда бегона одам борлигини пайқайди. Ташланади, эшикни очади, шунда мен унга “Ҳазил! Дўстим!” дейман. Роса кулги бўлади-да.
Худди шунақа қилдик. Эр келди, хотин қўрқиб кетди, келишилган гапни айтди, мен ғимирлаб қўйдим. У шкафга ташланди, эшикни очди, у ер эса қоронғи, яримяланғоч эркак турибди, мен гапириб улгурмадим, башарамга қараб тепди! Шунда хотиним ошхонадан чиқди. “Э-э, ҳали гуруҳ бўлиб келибсизлар-да!” деб бақирди ва яна тепди, бу гал пешонамга.
Эҳтимол, ким учундир кулгили бўлгандир, аммо мен учун эмас. Хотинларимиз-ку кулиб ичаклари узилай деди, мен бўлса оғриқдан инградим.
Бунақа ҳазилдан фақат зарар етади, холос.
Сочида дам олдик, мен хотиним билан, Володя эса жазмани билан. Пляжда ўтирибмиз, яхши ўтирибмиз, кабоб еяпмиз, вино ичяпмиз, аммо нимадир етишмайди. Қандайдир зерикарли. Пляж радиоузелига бориб бошловчи билан келишиб қайтдим, ўтирибмиз, ичяпмиз.
Қўққисдан эълон эшитилди: “Диққат! Жаноб Владимир Стаценко, хотинингиз, қайнонангиз ва болаларингиз келишди ва сизни излашяпти”.
Қиз қотиб қолди, Володя бошини ушлади ва яримяланғоч ҳолда аэропорт томон интилди. Аввал мен унинг ортидан чопдим ва бақирдим: “Ҳазиллашдим, бу ҳазил!”. Кейин у мени қувлади, ўлдирмоқчи бўлди. Шунинг учун эртаси куни хотини ва қайнонаси ҳақиқатдан ҳам келганда у сира эътибор бермади, яна ҳазиллашишяпти, деб ўйлади. Жанжал, ажрашиш. Аммо кейин ҳаммаси жой-жойига тушди. Володянинг жазманини чўктириб юборишларига оз қолди. Мен иккита тишимдан айрилдим. Стаценко ҳозиргача бахтли яшаяпти, аммо мени кўришниям, эшитишниям истамайди.
Аммо ҳазил боис юракдан ёзилдик-да.
Ҳа, мана бу ҳолат-чи? Менга таниш артист бор, Петров. Биз дўстларимиз билан ресторанга бордик. Мен, албатта, олдиндан тайёргарлик кўрдим, бир пародиячидан матнни сухандон овози билан тасмага ёзиб беришни сўрадим. Ресторанда ўтирибмиз, газак қиляпмиз, радиода мусиқа янграб турибди. Бирдан сухандон эълон қилаётганини эшитдик: “Россия федерацияси Президентининг фармонига биноан Петров Сергей Афанасьевич ва яна фалончи-фалончиларга халқ артисти унвони берилади”.
Бизнинг Сергей Афанасьевич ирғиб туриб, қичқирди:
– Эшитдингларми?! Бу мен ҳақимда! Эшитдингларми?
Биз дедик:
– Эшитдик, кар эмасмиз-ку! Буни ювиш керак. Халқ артисти беришди.
У бўлса хизмат кўрсатган ҳам эмасди.
Ҳаяжонланди, бақирди:
– Шампан виноси ҳаммага! Икра… коняк ҳам.
Биз саккиз киши эдик.
Эрталабгача маишат қилдик. У ҳамма учун тўлади.
Эртасига мен таътилга чиқдим ва Анталияга жўнаб кетдим. Эҳ, у роса жириллади. Ҳамма дўстларига пулни қайтаришни талаб қилди. Уйимнинг атрофида бир ойча қоровуллик қилди, мени қўққисдан машинада уриб юборишни хоҳлади. Яхшиямки, икки ойдан кейин унга ҳақиқатдан ҳам хизмат кўрсатган унвони берилди.
Мен унга қўнғироқ қилдим. “Ювамизми?” деб сўрадим ва шартта гўшакни қўйдим, биламанки у ҳали олдинги ўйин учун ҳам ҳамма билан ҳисоблашолгани йўқ.
Буларнинг бари нимага керак? Нима учун мен дўстим Славикнинг туғилган кунида унга ўтган йилги лотерея чиптасини совға қилдим?
Эртасига у хушёр тортган ва чиптани ҳозирги лотерея ютуқлар жадвали бўйича текширган. Энди тасаввур қила олармикинсиз, ўша чипта бўйича Славик уч миллион сўм ютган.
Аввал у гангиб қолди, кейин кун бўйи тўйиб ичди. Иккинчи куни хотинига деди:
– Мен лотереяга уч миллион сўм ютдим, нарсаларингни йиғиштир.
– Нима, чет элга кетамизми?
– Йўқ, нарсаларингни йиғиштир ва онангникига жўна.
Учинчи куни Славик ишхонасига келди, бошлиғининг жирканч башарасига тупурди ва ишдан бўшади.
Тўртинчи куни у газета ва лотерея чиптаси билан ютуқни олиш учун борди, у ерда унга бу чипта бўйича камзулнинг енгини, тешиккулчанинг тешигини ва ўлган эшакнинг қулоғини олиши мумкинлигини айтишди.
Бешинчи куни мен вақтида келиб қолиб унинг бўйнидан сиртмоқни олдим, шундан кейин эса у ўша сиртмоққа менинг бошимни тиқишга уриниб кўрди.
Жуда қизиқ ҳазил бўлди-да. Мана шунақа гаплар.

Рус тилидан Ҳабиб СИДДИҚ таржимаси

2018/11

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi