Алишер НАВОИЙ (1441–1501)

alisher_navoiy

НЕ ЛУТФ ЭДИКИ…

Не лутф эдики, мени нома бирла ёд эттинг,
Не нома эрдики, ғамгин кўнгулни шод эттинг.

Тилим қалам тилидек шукрдин эрур ожиз,
Бу нома бирлаки бу нотавонни ёд эттинг.

Ўқурда оқти ёшим ихтиёрсиз, гўйиё
Ки, ҳажр дудасидин номаға мидод эттинг.

Етурди жисмима руҳ, эй қуёш, магарки
Масиҳ муаллим эрди дамеким ани савод эттинг.

Жавоҳиреки йибординг бу номуродинг учун,
Кўнгул харобасини махзани мурод эттинг.

Не суд, бўлса амал номаси қора гар худ
Отинг нишон уза Жамшид ё Қубод эттинг.

Навоий, жисминга руҳ ул қуёш ҳадиси эмиш,
Масиҳ нутқиға йўқ ерда эътиқод эттинг.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 353-ғазал)

ЛУҒАТ:

Лутф – иноят, меҳрибонлик, марҳамат, шафқат
Ҳажр – ҳижрон, айрилиқ
Дуда – куя, қурум, тутуннинг иси
Мидод – сиёҳ
Махзан – хазина
Суд – фойда
Нишон – белги, аломат; тамға, из; хат, мактуб
Худ – ўзи, ўзича
Ҳадис – сўз

Байтларнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

1. Сен томонингдан бу қандай марҳамат бўлдики, мактуб битиб, мени эсга олдинг, бу қандай нома эдики, у билан ғамгин кўнглимни шод этдинг.
2. Тилим сенинг шукрингни айтишда қаламнинг тилидек ожиз қолди, негаки мактуб орқали бу бечоранинг номини  ёд этдинг.
3. Мактубингни ўқиётганимда кўз ёшим беихтиёр оқди, назаримда мактубда сиёҳ ўрнига ҳижрон қурумидан фойдаландинг.
4. Эй қуёшим, бу мактубни ёзаётганингда Исо Масиҳ сенга устозлик қилдимикан, чунки уни ўқишим билан жисмимга жон кирди.
5. Бу ноумид (ёринг)га гўё жавоҳир юбориб, унинг вайрона қалбини орзу-умидлар хазинасига айлантиргандек бўлдинг.
6. Агар номайи аъмолинг қора бўлса, номингни нишон устига Жамшид ё Қубод деб ёзишдан не фойда?
7. Эй Навоий, сенинг жисмингга жон бағишловчи ўша қуёшнинг сўзларидир, сен эса Исо Масиҳнинг нутқига ўринсиз эътиқод этдинг (яъни бунинг сабабчиси Исонинг нутқи деб ўйладинг).

Ғазалнинг умумий мазмун моҳияти

Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ишқий мавзуда бўлиб, унда ёрдан мактуб олган ошиқнинг шукроналик туйғулари юксак пафос билан тасвирланади. Ошиқ учун ёрнинг уни эслаб, нома битгани чексиз марҳамат ва иноят бўлиб, бу билан ошиқнинг ғамгин қалби чексиз қувончга тўлади:

Не лутф эдики, мени нома бирла ёд эттинг,
Не нома эрдики, ғамгин кўнгулни шод эттинг.

Қаламнинг тили забун, боши эгик, ўз туйғуларини қоғоздан бошқага айта олмайди. Навбатдаги байтда шоир ошиқнинг ҳолатини қаламнинг шоирона тасвири билан қиёслаб, ажойиб поэтик лавҳа яратади:

Тилим қалам тилидек шукрдин эрур ожиз,
Бу нома бирлаки бу нотавонни ёд эттинг.

Агар эътибор билан қаралса, ушбу байтда радд ул-қофия санъати (матлаъдаги қофияни ғазалнинг кейинги байтларидан бирида такрорлаш) қўлланилаётганини кузатиш мумкин. Шоир матлаънинг биринчи мисрасида қофия бўлиб келаётган “ёд эттинг” бирикмасини иккинчи байтнинг иккинчи мисрасида айнан такрор ҳолда қўллайди. Юзаки қараганда оддий такрордек кўринган бу ҳолат замирида аслида сўзнинг маъно товланишлари намоён бўлаётганлигини кузатиш мумкин. Биринчи байтдаги “ёд эттинг” қофиясида хотирга олмоқ, эсга олмоқ тушунчаси умумий ҳолда баён қилинган бўлса, иккинчи байтда энди ушбу тушунча конкрет моҳият касб этади: Бу нома бирлаки бу нотавонни ёд эттинг…
Кўзга тутун иси кирса, у ёшланади. Ёр ўз мактуби учун ҳижроннинг куюндисини сиёҳ қилган чамаси, ошиқ мактубни ўқигани сари кўзи ихтиёрсиз равишда ёшланаверади:

Ўқурда оқти ёшим ихтиёрсиз, гўйиё
Ки, ҳажр дудасидин номаға мидод эттинг.

Ошиқнинг ҳижрондан озурда бўлган жонсиз танасига ёрдан мактуб келгач, жон киргандек бўлади ва энди ошиқ ёрга мактуб ёзишда Исо Масиҳ устозлик қилганмикан, деб ўйлай бошлайди:

Етурди жисмима руҳ, эй қуёш, магарки
Масиҳ муаллим эрди дамеким ани савод эттинг.

Маълумки, Исо Масиҳ мумтоз адабиётимизда энг кўп қўлланилган бадиий тимсоллардан бўлиб, Алишер Навоий ижодида жон бахш этувчи, тирилтирувчи, қуёшга фанолик рамзи сифатлари билан боғлиқ ҳолда талқин қилинади. Буюк мутафаккирнинг “Тарихи мулуки Ажам” асарида маълумот берилишича, Исо (а.с.) осмоннинг тўртинчи қаватига кўтарилган. Шарқ илми нужумига кўра эса, тўртинчи қават осмонда қуёш жойлашган. Шу маънода аксарият ҳолларда Исо Масиҳнинг номи қуёш билан биргаликда тамсил қилинади. Навоийнинг ушбу байтда ёрга “қуёш” деб мурожаат қилиши тасодифий бўлмай, ана шу ҳолат билан боғлиқ. Мазкур фикрларнинг ғазалнинг айнан тўртинчи байтида келтирилаётганлиги ҳам муайян бадиий эстетик функцияга эга.
Мақтаъдан олдинги байтда Навоий бадиий услубининг юксак кўриниши намоён бўлади: лирик чекиниш ва мавъиза йўсинида айтилган фикр ғазалнинг умумий руҳига ҳамоҳанг тарзда янграйди:

Не суд, бўлса амал номаси қора гар худ
Отинг нишон уза Жамшид ё Қубод эттинг.

Агар амалларинг номаси (номайи аъмолинг) қора бўлса, номингни ушбу нома устига Жамшид ёки Қубод деб ёзсанг ҳам бефойдадир. Байтда Жамшид ва Қубод исмларининг талмиҳ тарзида келтирилиши тасодифий бўлмай, ушбу шахслар эронийларга мансуб сулолаларнинг қудратли ҳукмдорларидандир. Улардан Жамшид 700 йил ҳукмронлик қилган бўлиб, унинг даврида бирорта ҳам табиий офат юз бермаган, касаллик ва ўлим буткул барҳам топган. Манманликка берилиб кетгани учун тахтига завол етиб, Заҳҳок томонидан ўлдирилган. Қубод эса сосонийлардан бўлиб, Анушервони Одилнинг отаси сифатида ном қолдирган. Кўплаб бинолар қурдирган. Навоий ушбу байтда агар улардек қудратли подшоҳ бўлсанг ҳам, ёмон амаллар билан номанг юзини қора қилган бўлсанг, охир-оқибат залолатга юз тутасан демоқчи.
Мақтаъда Навоий қуёш умумлашма тимсоли орқали Пайғамбаримиз (с.а.в.)га ишора қиладики, бу билан бевосита ғазалнинг тўртинчи байтидаги фикрга якун ясагандек бўлади: Эй Навоий, сенинг жисмингга жон киргазган ул Зотнинг сўзлари эди, сен эса бу жонпарварликни Исонинг нутқидан деб ўйладинг:

Навоий, жисминга руҳ ул қуёш ҳадиси эмиш,
Масиҳ нутқиға йўқ ерда эътиқод эттинг.

Ғазал рус тилига Елена Аксельрод томонидан таржима қилинган. Мутаржим ғазал таржимасида умумий ҳолатда муваффақиятга эришган деб айтиш мумкин. Гарчи “ёд эттинг” радифини “поверь мне” тарзида ўгирган бўлса-да, таржиманинг шаклий хусусиятлари (ҳажми, қофияланиш тизими)да аслиятга яқинлашишга уриниш сезилади. Е.Аксельрод ғазалнинг умумий мазмунини рус китобхонига етказишда ҳам мақсадга эришган: байтлар таржимасида мазмундан чекиниш ҳоллари деярли кузатилмайди.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Елена Аксельрод

Я возрожден твоим письмом, о, как я рад, поверь мне,
Исчезла грусть, не надо мне других наград, поверь мне.

Язык бессилен мой, перо об этом лучше скажет –
Как ослабел я, как устал от всех утрат, поверь мне.

Когда читал твое письмо, я слезы лил невольно,
Настроен в мускусе твоем разлуке чад, поверь мне.

Чтоб в тело бренное мое ты душу вновь вдохнула,
Тебе Мессия диктовал, пришел в твой сад, повер мне.

Мне,  сырому, прислала ты слов драгоценных жемчуг,
Руины сердца превратив в желаний клад, поверь мне.

Коль книга дел твоих черна, то не прибавит пользы,
Указ подпишешь ты «Джемшид» или «Кубад», поверь мне.

О Навои, ты был спасен письмом прекрасной пери,
Мессию славишь за письмо ты невпопад, поверь мне.

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Қосимбой Маъмуров

WHAT  AMERCY IT  WAS …

What mercy it is, with a letter you remembered me,
What a letter it is, with it you made my sad soul happy.

My tongue is as weak as pencil to praise your fame,
With this letter, do remember your humbler’s name.

As I was reading your letter my tears ran mindless,
As if in the letter you used separation ink, God bless.

O sun, while writing this letter did Jesus supervise you?
For when I was reading iоt I felt forever resurrected too.

As if to your hopeless beloved, the pearls you sent,
And his ruined soul into hopes treasury you turned.

If your letter of affairs intends evil, do save God,
No use to sign it with names Jamshid or Qubod.

O Navoiy, it is the sun’s words that cured your pain,
But you’ve made your faith in Jesus verses in vain.

2018/12

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi