Ular ham shu oyda tug'ilganlar...

1 ФЕВРАЛЬ

1944 йил. Ойдин НОРБОЕВА, таниқли ўзбек театр ва кино актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти (1978). Театрдаги Ақиқа (“Қонли сароб”), Унсин, Нури (“Қутлуғ қон”), Гули (“Алишер Навоий”), Дездемона (“Отел­ло”), Камола (“Ганг дарёсининг қизи”) ва бошқа образлари, “Сурайё”, “Фидойи”, “26-си отилмасин”, “Рустам ва Суҳроб” каби фильмлардаги ижролари билан танилган.

2 ФЕВРАЛЬ

1875–1962 йиллар. ФРИЦ КРЕЙСЛЕР, машҳур австриялик композитор, скрипкачи, ХХ аср жаҳон мусиқасининг атоқли вакилларидан бири. Скрипка учун мўлжалланган Бетховен ва Брамс концертларига хотима, “Рангин олмалар”, “Сисси” оперетталари, “Хитойча тамбурин”, “Кичик венача марш”, “Муҳаббат азоблари” сингари мусиқий асарлари шуҳрат қозонган.

3 ФЕВРАЛЬ

1809–1847 йиллар. ФЕЛИКС МЕНДЕЛЬСОН, буюк немис композитори, пианиночи, дирижёр, қарийб барча мамлакатларда янгровчи “Никоҳ марши”нинг муаллифи. Мендельсон машҳур Лейпциг консерваториясига асос солган. Скрипка ва оркестр учун, 2 та фортепиано ва оркестр учун концертлари, “Сўзсиз қўшиқлар” фортепиано асари, “Павел” ва “Илия” ораториялари, “Комачонинг тўйи”, “Икки жиян ёки бостонлик тоға” ва бошқа опералари дунё мусиқасининг мумтоз намуналарига айланган.

1899–1966 йиллар. Лао ШЭ (Шу ЦИНЧУНЬ), таниқли хитой адиби, драматург, публицист. “Донишманд сўзлайди”, “Сяопонинг таваллуд куни”, “Самовий туҳфа тарихи”, “Рикша”, “Чжан Цзичжун”, “Оловли дафн”, “Қирмизи байроқ остида” ва бошқа асарлар муаллифи. Ўзбек тилида “Мушуклар салтанати” ва “Бева аёл қиссаси” асарлари нашр қилинган.

4 ФЕВРАЛЬ

1945 йил. Пўлат БУЛБУЛ ўғли, озарбайжонлик атоқли эстрада хонандаси, актёр, композитор, педагог, санъатшунослик фанлари доктори, профессор. У озар анъанавий мусиқаси – муғомларни қайта тиклашда жонбозлик кўрсатган. “Турналар”, “Долалай”, “Ҳаммаси ўтади”, “Биринчи нигоҳ”, “Бахт бизга яқин”, “Сен ва мен”, “Бинафшалар” каби қўшиқлари санъат ихлосмандларига яхши таниш.

6 ФЕВРАЛЬ

1932–1984 йиллар. Франсуа ТРЮФФО, таниқли француз кинорежиссёри, сценарийнавис, киноактёр. “Ёввойи гўдак”, “Америка туни”, “Яшил хона” ва бошқа картиналарда турфа қаҳрамонларни гавдалантирган. Режиссёр сифатида “Ташриф”, “Тўрт юзта зарба”, “Жюль ва Жим”, “Йигирма йиллик муҳаббат”, “Пинҳона бўсалар”, “Оилавий ўчоқ”, “Сўнгги метро” сингари ранг-баранг мавзу ва жанрдаги фильмларни суратга олган.

7 ФЕВРАЛЬ

1812–1870 йиллар. Чарльз ДИККЕНС, буюк инглиз адиби, жаҳон адабиётининг атоқли сиймоларидан бири. “Оливер Твистнинг саргузаштлари”, “Дэвид Копперфилд”, “Катта умидлар”, “Рождество қўшиғи”, “Мартин Чезлвитнинг ҳаёти ва саргузаштлари”, “Совуқ хонадон”, “Эдвин Друд тилсими”, “Мураккаб замон”, “Бизнинг умумий дўстимиз” ва бошқа асарлари дунё китобхонлари томонидан севиб ўқилади.

8 ФЕВРАЛЬ

1828–1905 йиллар. Жюль ВЕРН, машҳур француз ёзувчиси, илмий-фантастик роман жанри асосчиларидан бири. “Ҳаво шарида беш ҳафта”, “Ой атрофида”, “Ўн беш ёшли капитан”, “Капитан Грант болалари”, “Сув остида 80000 километр”, “Антифер тоғанинг ажойиб ва ғаройиб саргузаштлари” каби қисса ва романлари оламшумул машҳурликка эришган, улар асосида кинофильм ва спектакллар яратилган. Ёзувчининг “Клодиус Бомбарнак” романида Ўрта Осиёнинг тарихи, географик ўрни ва иқлими, аҳоли турмуш тарзи, урф-одатлари тасвирланади, кўҳна Бухорога “Туркистон Рими” дея таъриф берилади (ваҳоланки, адиб Ўрта Осиёда ҳеч қачон бўлмаган).

11 ФЕВРАЛЬ

1847–1931 йиллар. Томас ЭДИСОН, америкалик ихтирочи, йирик электротехника компаниялари соҳиби, Нобель мукофоти лауреати (1915). Эдисон ахборотларни телеграф орқали узатиш тизимини лойиҳалаштирган, ёзув машинкасини такомиллаштирган, фонограф ва чўғланма лампани ихтиро қилган. Бундан ташқари, А.Белл яратган телефонни ривожлантириб, мулоқотга биринчи марта “Алло” сўзини киритган. Унинг лойиҳаси асосида Нью-Йоркда илк бор барча бирдек фойдаланувчи ўзгармас ток электр станцияси қурилган.

12 ФЕВРАЛЬ

1881–1931 йиллар. Анна ПАВЛОВА, буюк рус балет раққосаси. 1906–1913 йиллари Санкт-Петербург Мариин театрининг етакчи балеринаси сифатида ижод қилади, Биринчи жаҳон уруши бошлангач, Буюк Британияга кўчиб кетиб, ўз труппаси билан дунёнинг турли мамлакатларини кезиб чиқади. Унинг “Букри тойчоқ”, “Уйқудаги гўзал”, “Раймонда”, “Жизель”, “Миср тунлари” каби рус ва жаҳон балетининг мумтоз намуналаридаги ижролари бадиий-эстетик жозибаси билан дунё балет санъатини янги поғоналарга кўтарган.

15 ФЕВРАЛЬ

1906–1944 йиллар. Муса ЖАЛИЛ, атоқли татар шоири. Иккинчи жаҳон урушининг оғир азобларини бошдан кечирган, фашист зиндонларида турли қийноқларга солиниб, душманларни лаънатловчи ўтли шеърлар ёзган. “Кечир, юртим!”, “Ишонма” каби шеърлари, “Биз борамиз”, “Хат ташувчи”, “Окопдан хатлар”, “Маобит дафтари” сингари тўпламлари, “Олтин соч” (бастакор Жиганов билан ҳамкорликда), “Элдор” опера либреттолари татар халқининг маданий меросига айланган. Шоирнинг “Маобит дафтари” шеърий тўпламини Мамарасул Бобоев ўзбек тилига таржима қилган.

20 ФЕВРАЛЬ

1904–1988 йиллар. ЧУСТИЙ (Набихон Нуриллахўжа ўғли), таниқли ўзбек шоири, мумтоз адабиёт анъаналарини давом эттирган ижодкор. Унинг “Қўзғолон”, “Шамшир”, “Лолазор”, “Ҳаёт завқи”, “Гул мавсуми”, “Ёд этинг камтарин Чустийни ҳам” шеърий мажмуалари, “Зафарнома”, “Кийикнома”, “Боғи Эрам”, “Индамаслар олами” достонлари, “Ҳаётнома”, “Садоқат гуллари”, “Кўнгил тилаги” девонлари эълон қилинган.

22 ФЕВРАЛЬ

1921–1994 йиллар. Жульетта МАЗИНА, италиялик кино ва театр актрисаси, буюк кинорежиссёр Федерико Феллинининг турмуш ўртоғи, Италияда таъсис этилган нуфузли “Давид ди Донателло” киномукофотининг соҳибаси (1966). Феллинининг “Йўл” фильмидаги беғубор ва ғамгин нигоҳли қиз – Жельсомино образи актрисани кенг жамоатчиликка танитган. Шунингдек, у “Шафқатсизлик”, “Ёнаётган варьете”, “Гўзал оқсоч иш излайди”, “Фирибгарлар”, “Жульетта ва атир”, “Орзулар ва эҳтиёжлар” сингари фильмларда унутилмас образлар яратган.

26 ФЕВРАЛЬ

1938–1995 йиллар. Муҳиддин қизиқ ДАРВЕШОВ, атоқли ўзбек қизиқчиси. У ўзбек аскиячилик санъатини ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшган. Муҳиддин қизиқнинг “Сартарош”, “Самолёт”, “Ичкиликнинг оқибати”, “Ашулачининг калтак ейиши” кулги-ҳикоялари, “Телефон”, “Футбол”, “Шахмат”, “Бедана” аския пайровлари айниқса машҳур.

27 ФЕРАЛЬ

1807–1882 йиллар. Генри Уодсуорт ЛОНГФЕЛЛО, таниқли америкалик шоир, таржимон. Адабиёт оламида “Гаявата ҳақида қўшиқ” достони (ушбу асарни ўзбек тилига таниқли шоир Азиз Абдураззоқ таржима қилган) билан довруқ қозонган. “Тун мадҳияси”, “Апрель куни”, “Эндимион”, “Қуёшли кун”, “Қор парчаси”, “Эмма ва Эгинхард”, “Ўқ ва қўшиқ”, “Тунги юлдуз”, “Сан-Блас қўнғироғи” сингари шеърлар муаллифи.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ
тайёрлади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi