Yaponiya matbuoti: Alisher Navoiy butun umrini adolat va ezgulikka xizmat qilishga bag'ishladi

Аввал хабар берганимиздек, Токиодаги Сока университетида буюк давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги нишонланди. Ушбу тадбир Япония матбуотида, хусусан, “Сейкё­ Шимбун” газетасида кенг ёритилди.
“Сейкё Шимбун” газетаси 1951 йилдан буён 5 миллиондан зиёд нусхада чоп этиб келинади ва бутун Япония бўйлаб тарқатилади.
Нашр журналисти Дайсуке Сейно хабар берганидек, буюк Алишер Навоийга бағишланган тадбирда Сока университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, кунчиқар юртнинг илмий-академик ва ижтимоий доиралари ҳамда мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси вакиллари иштирок этдилар.
“Учрашув чоғида меҳмонлар улуғ шоирга эҳтиром билдиришди ҳамда Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли ва серқирра ижодини муҳокама қилдилар, – дейилади мақолада. – Шу билан бирга, ўзбек халқининг мутафаккир аждоди томонидан яратилган нодир асарлардан намуналар эшитилди. Даҳо шоир ўзининг бутун умрини адолат ва эзгуликка хизмат қилишга бағишлагани алоҳида қайд этилди”.
Мақолада шунингдек, Токиода Алишер Навоий ҳайкалининг қад ростлаши халқларимиз ўртасидаги тарихи Буюк Ипак йўли ривожланган асрлар қаърига туташган маданий мулоқотнинг қайта тикланишидан далолат бериши таъкидланади.
Муаллиф мақола хулосасида тадбир доирасида Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар беради.

“Жаҳон” АА,
Токио

МАЪРИФАТ ЭҲТИЁЖИ

Миллатнинг ўзлигини англаши, аввало, тарихи, миллий қадриятлари, маданияти ва адабиётини чуқур билиши билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, ўтган йили ноябрь ойида Навоий вилояти халқ депутатлари кенгаши аъзолари ва сайловчилар билан бўлган учрашувда Алишер Навоийни билиш, ўқиш, англаш, ўзлигимизни англаш масаласи эканлиги, унинг ижодини янада кенг тарғиб этиш ва ҳар йили Навоий вилоятида шоир ижодига бағишланган халқаро конференция ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Байрам шукуҳи Тошкентда бошланди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан Муқимий номидаги Тошкент давлат мусиқали театри томошалар залида “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзусида республика илмий-назарий анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов, филология фанлари доктори, профессор Бенедек Пери (Венгрия), Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистон ваколатхонаси раиси Кизилтупрак Сулаймон (Туркия), Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ва бошқалар Алишер Навоий даҳосининг башарият маънавий тарихида тутган ўрни ҳақида сўзладилар.
Унда республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган икки юзга яқин навоийшунос ва адабиётшунослар шоир ижодининг турли қирраларини очиб берувчи маърузалари билан иштирок этдилар.
Бу тадбирларннинг мантиқий давоми сифатида 11 февраль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Алишер Навоий ижодининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди.
Навоий вилояти марказидаги “Фарҳод” маданият саройида ўтказилган анжуманда ўнга яқин хорижлик навоийшунослар, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган олимлар, адабиётшунослар иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокими Қ.Турсунов очар экан, ҳазрат ижодини ўрганиш, шоир асарларининг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ва бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
– Навоий яратган образлар Шекспир қаҳрамонлари даражасида ҳайбатли, пурвиқор, – дейди қозоғистонлик олим Азамат Акбаров. – Унинг маърифатпарварлик, таълим-тарбия соҳасида қилган ишларини бугун Европа олимлари андоза сифатида олмоқдалар. Хусусан, ўтган йили нуфузи бўйича дунёдаги энг кучли иккинчи университет дея тан олинган АҚШнинг Калифорния штатидаги Беркли университетида ташкил қилинган янги устоз-шогирдлик методи Навоий йўлга қўйган анъана негизида шакллантирилди.
– Навоий нафақат ўзбекнинг, балки умумтуркий халқларнинг маънавий отасидир, – дейди венгриялик навоийшунос, профессор Бенедек Пери. – Шоир асарлари умумтуркий халқларнинг беқиёс маънавий бойлиги ҳисобланади. Навоийдан кейин Шарқ шеърияти унга эргашди, шоирдан таъсирланган ҳолда, унинг поэтик анъаналарини давом эттиришга интилди. Хусусан, Навоий ижодининг XV–XVI асрлар усмонли турк шеърияти, ўша даврнинг буюк шоири ва давлат арбоби Султон Салим I ижодига таъсири каттадир.
Озарбайжонлик олима Олмос Улви озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари ривожида Алишер Навоий ижодининг тутган ўрни, шоир ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида бугун Озарбойжонда амалга оширилаётган тадқиқотлар, чоп этилаётган китоблар ҳақида тўхталди.
Халқимизда “Бирники мингга, мингники туманга”, деган нақл бор. Мана шундай илмий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирларни кўпроқ ва тизимли равишда ўтказиш, шоир ижодини қайта-қайта тарғиб этиш ёшларимизни Навоий оламига яқинлаштириб, шоир шахсига қизиқиш, ижодини кўпроқ ўрганиш, англаш эҳтиёжини пайдо қилади.

Саодат ҚАМБАРОВА

 

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi