"Jahon adabiyoti" jurnali Ayozqal’ada

Журналнинг  20 йиллиги кенг нишонланмоқда

Юртимизда бўлаётган эзгу ишларни эшитиб бир хурсанд бўлсанг, кўрганингда қувончинг ўн карра ошади. Айниқса, китобхонликни тарғиб қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни кунларда маънавият-маърифат соҳасидаги ўзгаришлар, янгиликлар доираси янада кенгаймоқда. Шу маънода “Жаҳон адабиёти” журналининг йигирма йиллик кенг миқёсда нишонланаётгани ҳам маънавият сарчашмаларининг бардавомлигида далолат беради.

 “Жаҳон адабиёти” журнали, мана, йигирма йилдирки, маърифат нурини тарқатиб келмоқда. Шу қутлуғ сана муносабати билан ўтказилаётган адабий учрашувларда журнал ташаббускори, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов, журналнинг илк бош муҳаррири, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддиновларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилмоқда.

Хоразм вилояти телевидениесида журналнинг йигирма йиллиги муносабати билан эфирга узатилган кўрсатувда журнал бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев юртимиздаги нуфузли адабий-бадиий нашрнинг жаҳон адабиётидаги бадиий баркамол асарларни чоп этиш орқали миллий тафаккурни янада такомиллаштириш, жаҳондаги адабий-бадиий жараённи холис ва ҳаққоний таҳлил қилиш ва унинг сара намуналаридан ўқувчиларни баҳраманд этиш ҳамда ўзбек адабиётининг янги ижодий тажрибалар орттириши учун шароит яратишга хизмат қилиб келаётганини қайд этди.

Вилоят ҳокими Пўлат Бобожонов  ва Вилоят халқ қабулхонаси раиси Илгизар Собиров иштирок этган ижодий мулоқотларда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг долзарб масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Учрашувларда Хоразм вилояти бўйича китоб дўконлари сони 102 тага етгани ва яна  бунга қўшимча равишда “Кафолатсавдо” ҳиссадорлик жамиятининг раиси, тадбиркор Баҳодир Норбоевнинг вилоятнинг барча олис-яқин қишлоқ жойларидаги ҳар бир савдо шохобчаларида китоб савдоси бўлимларини ташкил қилгани барчанинг эътиборини тортди.

Хоразм Маъмун академиясида бўлиб ўтган учрашувларда устоз таржимон, таниқли олим Иброҳим Ғафуров, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, филология фанлари доктори Баҳодир Карим, адиб ва драматург Қўчқор Норқобил, ёзувчи Шуҳрат Маткаримов ва бошқалар сўзга чиқиб, “Жаҳон адабиёти” журналини  мамлакатимиз маънавий ҳаётидаги ўрнини янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

* * *

 Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида “Жаҳон адабиёти” журналининг йигирма йиллигига бағишланган тадбирлар Археология ва тарих музейига зиёрат қилишдан бошланди. Туман ҳокими Неъматилла Худойбергенов музей экспонатлари ҳақида ҳикоя қилиб берар экан, бу ажиб ўлканинг тарихий ашёлари зиёратчиларни милоддан олдинги даврларга оид осориатиқалари билан мингйилликлар сирларига ошно қилди.

Элликкалъа туманининг муҳташам санъат саройида ёшлар учун яратилган шароитлар ҳам барчанинг диққатини тортди. Бу саройда мактаб ўқувчилари ва китобхонлар учун турли адабий тўгараклар фаолият юритади, замонавий компьютер хоналари болалар хизматида.

Санъат саройида туман адабиёт ихлосманлари билан давра суҳбатларини Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Республика Ёзувчилар уюшмаси раиси, ёзувчи Кенесбой Каримов очди ва йиғилганларни мазкур маънавий тадбир билан қизғин табриклади.  Шундан сўнг Қорақалпоғистон “Нуроний” жамҳармасининг раиси, ёзувчи Шароф Уснаддинов сўзга чиқиб, қардош икки халқнинг азалий дўстлиги ва маънавий алоқалари ҳақида сўзлади. Қорақалпоғистон Маънавият тарғибот марказининг раҳбари, шоир Шарафиддин Аяпов шеърлар ўқиб, икки қардош халқнинг нафақат тили, балки қалблари ҳам бир-бирига ҳамоҳанг эканини таъкидлади. Тадбир якунида Элликқалъа ёш шоирлари ва ижодкорларининг чиқишлари даврага ўзгача завқ бағишлади.

Мамлакатимизнинг барча гўшаларида “Жаҳон адабиёти” журналининг 20 йиллиги тантаналари давом этмоқда.

Даврон РАЖАБ

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi