Анжумандаги ўйлар

“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг соф­лигини асраш – давр талаби” мавзусида жорий йил 15 июнь куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида ўтган анжуман ва унда мамлакатимиз раҳбарининг қилган маърузаси, назаримда, том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ҳақиқатан ҳам, бу маърузада кўтарилган гаплар бугунимиз учун жуда зарур, ниҳоятда долзарб масалалар. Кўпчиликнинг хотирасида бор – яқин ўтмишимизда дин арбобларининг айримлари тили бошқа, дили бошқа бўлиб, мамлакатимизда рўй берган нохуш воқеаларнинг сабабкорлари ўлароқ ўзларига нисбатан халқимизда ҳам, давлатимизда ҳам бироз ишончсизлик кайфиятини пайдо қилдилар. 15 июнда ўтган анжуман, назаримда, ўша ишончсизлик пардасини ўртадан кўтариб, дин арбобларини, респуб­ликамизда фаолият юритаётган барча масжидлардаги имом-хатиб­ларни ҳамкорликка таклиф қилиши, жамиятда тинчликни, барқарорликни ҳамжиҳатлик билан биргаликда сақлашга даъват руҳи билан, дарҳақиқат, тарихий аҳамият касб этди. Бу соҳада бурилиш бошланганини англатди. “Мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинч­ликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг”. (Ш.Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” маърузасидан. “Халқ сўзи” газетаси, 2017 йил 16 июнь № 119).
Мазкур анжуманда иштирок этар эканман, кўнглимдан кўп гаплар ўтди. Мамлакатимизнинг Ислом дини нуқтаи назаридан алоҳида бир хусусиятларга эга эканлиги, бизда Ислом маърифати қадим-қадимдан ниҳоятда ривожланиб, унинг буюк алломалари етишгани, гарчи ушбу дин Араб ярим оролида пайдо бўлгани билан унинг маърифати, назарий ва амалий илмларини яратган, тадқиқ ва тарғиб этган уламолари Ўрта Осиёдан, хусусан, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққанлиги бугун бутун оламга аён ҳақиқат. Юртимизни шу маънода алоҳида эътиборда, алоҳида эъзозда бўлиши, жаҳон аҳлининг Ислом маърифати ва маданияти деганда биринчи қаторда Ўзбекистонни – ўзбекларни тушунаётгани биз учун шараф, албатта. Бинобарин, биз шунга муносиб бўла билишимиз, жаҳондаги баланд рутбамиз, мартабамизни сақлай олишимиз ҳам керак. Демак, дин масаласи маърифат билан йўғрилган ҳолда бизда энг юксак даражаларда ўрганилиши, тарғиб этилиши ва шу маданият билан биз дунёга кириб бора билишимиз керакки, бу ўз навбатида аждодларимиз қолдирган анъаналарга садоқатимизни ҳам намоён этади.
Президентимиз анжуманда ниҳоятда самимият билан юракдан ўтказиб қатор фикрлар айтдилар. Хусусан, қаерда бирорта бир нохуш ҳодиса бўлиб, ҳар хил террористик ҳолатлар рўй берса ва унда дафъатан ўзбек номи тилга олинадиган бўлса, юрагим зирқирайди, дедилар. Ҳақиқатан ҳам, бундай ёқимсиз ҳодисалардан, менимча, бугун Ўзбекистоннинг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳаммамизнинг юрагимизда оғриқ туради. Жорий йил Стокгольмдаги террористик ҳаракатлар, Санкт-Петербургдаги портлашлар ўзбек фуқароси ёки ўзбек номини олиб юрган қандайдир ўспирин йигитчалар томонидан амалга оширилди дегани юртимизда рўй бераётган оламшумул ишларга раҳна солиш, ватанга хиёнат дегани бу асли. Рост-да, шунча ҳаракатлар билан хорижликларни Ўзбекистонга жалб қилиб, туризмни ривожлантирамиз дея миллиардлаб маблағлар сарфланиб, Бухоро, Шаҳрисабз, Самарқанду Хива – республикамиздаги бори шаҳарларимиз гўзал бир қиёфага кириб, хорижлик меҳмонларни кутишга шайланиб турсаю жомадонларини йиғиштириб турган хорижликлар ўзбек деган номни ажал уруғини сепаётган террорчи номига ёндош ҳолда эшитиб турса, албатта, орқага қайтишлари, шаҳдларидан тушишлари аниқ. Бундан хулосаки, ўша нодон йигитчалар террористик ҳаракатни амалга ошираётган жойлардан кўра ўз юртларига, ўз халқларига нисбатан кўпроқ жиноят қилаяптилар. Ўз ватандошлари, ўз ота-оналари, ўз фарзандларининг, ака-укаларининг ризқини қийяптилар. Ана шу маънода Президентимизнинг гаплари ҳар биримизнинг юрагимизда акс-садо беради.
Очиғи, қонун бўйича дин давлатдан ажратилгани билан диндорлар жамиятдан ажратилган эмас-ку?! Улар жамиятнинг бир бўғини, катта бир бўғини. Ҳамонки шундай экан, жамиятимизда рўй бераётган ҳар қандай ўзгаришларда, амалга оширилаётган ҳар қандай бунёдкорлик ишларида диндорларимизнинг, хусусан, имом-хатибларимизнинг ўрни, иштироки, дахлдорлиги бўлиши шарт. Мен шу маънода уларнинг ниҳоятда катта куч эканлигини бир-иккита мисолда айтгим келади. Истаган тўй-маросим, издиҳомга боринг, тўқсон яшарлик қариялар пойгакда қолиши мумкин, лекин ўспирин йигит имом-хатиб номи билан ўша ерга ташриф буюрадиган бўлса, албатта, тўрга ўтқазилади, зиёфатнинг сараси таклиф этилади. Нега? Негаки, уларни, биринчи навбатда, илми бор деб эъзозлашади. Ўспиринлигига қарамай илми бор, илми учун шунчалик мартабага арзийди, деб эътиборга мушарраф қилинади. Ҳамонки шундай экан, бу илмдан оқилона, жўяли фойдаланишимиз керак эмасмикан?!
Бугун оила, мактаб, маҳалла деган ижтимоий-тарбиявий тизим асосида ишлаш барча ҳудудларимизда жорий этилган. Мен шу қаторга масжид номини ҳам қўйган бўлар эдим. Ҳозирда республикамизда икки минг қирқ иккита масжид фаолият кўрсатаётган бўлса, мамлакатимиз ҳудудидаги бори икки юзга яқин туманларнинг ҳар бирига, демак, ўнтадан зиёд масжид тўғри келади. Нега шу масжидларнинг имом-хатибларидан ўша ҳудудлардаги маънавий муҳит учун жавобгарликни талаб этмаслик керак?! Қуръону ҳадислар ва шуларга мувофиқ ибратга ундовчи маърузалардан кейин, бевосита ўша маҳалла ҳудудларининг ҳаёти, турмуши билан, конкрет ҳолатлари билан боғлиқ масалаларни шу масжидларда муҳокама қилиш, жамоа билан очиқ мулоқот қилиш мумкин эмасми?! Ҳар куни беш маҳал намоз вақти масжидга жамоа йиғилади. Шу ерда, жамоа ўртасида фалончининг фарзанди чет элда экан, у нима ишлар билан шуғулланиб юрибди, қандай юмушлар билан банд, дейиш ёки яна кимдир маҳаллада рўй бераётган ҳолатлардан жамоани хабардор этиб, муаммоларга кўпчилик эътиборини тортса, умумишимизга фойда эмасми?! Ана шунда “Бир болага етти қўшни ота-она” деган ўша машҳур азалий ҳикматнинг амалий исботи кўринган бўлармиди. Маҳаллага оид ишлардан бохабар бўлган жамоа ўша ҳудуд йигит-қизларининг тақдири қандай кечаётганини билиб, кузатиб юради, зарур бўлса, кўплашиб чора излайди. Нега шу ишларни бевосита масжидда имом-хатиблар бошчилигида амалга ошириш мумкин эмас? Бугун имом-хатибларимиз ҳам фаол ҳаракатда эканини эътироф этиш керак, албатта. Лекин ҳамма масалаларда ҳам улар ўз илмларини, имкониятларини тўла сафарбар эта олаётганлари йўқ.
Анжуманда миллий адабиётимиз улуғлари ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирийларнинг номларини тилга олиб, Юртбошимиз уларнинг асарларидан мисоллар келтириб жамоаларга таъсир кўрсатиш ҳақида имом-хатибларга маслаҳатлар, тавсиялар бердилар. Хусусан, Абдулла Авлонийнинг “олийжаноб кишилар узрни қабул қилурлар” деган фикрларини эслаб, узрни қабул қилиш биринчи навбатда бугун жамиятни соғломлаштириш учун зарур эканлигини, кеча йўлидан адашган болани қаторимиздан четга суриб ёки унинг ота-онасини шундай бадбин бола тарбияладинг дея ёлғизлатиш охир-оқибат ёмонликнинг яна авжланишига олиб келишини таъкидладилар. Ахир, мақсадимиз – давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам, динимизнинг ҳам мақсади баркамол инсонни тарбиялашдир. Бундай инсонни эса бирор айби учун сафларимиздан нарига суриш эмас, аксинча, уни кечириб, адашган бўлса, тушунмаган бўлса, тўғри йўлга солиб сафларимизга қайтариб олишимиз зарур. Зеро, Қуръони карим ҳам ёмонликка ҳамиша яхшилик билан жавоб беришни, адашганларни кечириб, кечиримли бўлиб, яхшилар сафларига қайтаришни тақозо этади.
Анжуманда янграган яна бир масала – Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлари”ини эслаб Юртбошимиз айрим чаламуллаларнинг ноқонуний равишда юз бераётган ажримларда, оилаларнинг пароканда бўлиб кетишида нохуш роль ўйнаётганликларини айтдилар. Бойваччаларнинг бебилиска маблағларидан умидвор бўлиб, уларнинг никоҳ қоғозларини талаб этмай шаръий никоҳлаб қўйиб, хотин устига хотин олишларига, қўшхотинликларга сабаб бўлаётганликларидан куюндилар. Дарҳақиқат, А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и ҳар бир ўзбекнинг ёдида, албатта. Кумушнинг, Отабекнинг, Зайнабнинг фожиаларига, бутун бир оиланинг фожиаларига сабаб бўлган ҳодиса нима эди? Мен шу ўринда Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирийлар қаторида ўнлаб жадид боболаримизнинг номларини ёдга олгим келади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Чўлпон, Фитрат, Тавалло, Сидқий Хондайлиқий, Сиддиқий Ажзий, Абдулқодир Шакурий, Саидризо Ализода, Ҳожи Муъин, Саидаҳмад Васлий, Исҳоқхон Ибрат, – буларнинг барчалари диний илмларда камол касб этган шахслар эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий муфтий, Мунавварқори Абдурашидхонов мураттаб қори, Исҳоқхон Ибрат Тўрақўрғон қозиси бўлганлар. Яна қанчадан-қанча жадидларимиз мударрис, қози, аъламлар эди. Улар, энг аввало, исломий тарбияни тарғиб қилганлар. Таълимда, илм-фанда илғор Европа таълимини ўзлаштириш шиорини илгари сурганлар. Лекин тарбияда, Президентимиз қайта-қайта таъкидлаган “тарбия, тарбия ва яна тарбия” масаласида исломий ахлоқ-одобни мақбул кўрганлар. Бу билан улар Исломдаги айнан ўша толерантликни, узрхоҳликни, кечиримлиликни, яъни ўзига хос халқона демократияни назарда тутганлар.
Жадид бобокалонларимиз ўз даврида Туркистон аҳолиси орасида ниҳоятда кенг тарқалган бадбин ҳолатларга эътибор қаратганлар. Илмсизлик, жаҳолат, бехуда исроф, бидъат, қўшхотинлик, майхўрлик, қиморбозлик, гиёҳвандлик, хўроз уриштириш, кучук уриштириш каби бемаъни ишларга берилиш халқнинг фикрини маърифатдан бегона қилиб, уни таназзулга, маънавий ботқоқликка олиб келаётганлигини баралла айтганлар. Бугун ўша қарашларнинг ҳаммаси қайта долзарблик касб этиб, кун тартибига чиқаяпти. Дин арбоблари билан учрашувда Шавкат Миромонович бу гапларни бор салмоғи билан, теран, моҳиятига етиб, ўта зарарли, хунук оқибатларини кўз олдимизга келтириб айтдилар. “Афсуски, биз бу масалаларда ухлаб ўтирибмиз. Гапнинг очиғи шу: ухлаб ўтирибмиз. Душман эса ўз ишини қилаяпти. Баъзи ўринларда хатто мақсадига ҳам эришаяпти”. Дарҳақиқат, душман остоналаримизда, ичимизда бўлиши ҳам мумкин. Биз бу душманга нимани қарши қўямиз? Маърифатни, жаҳолатга қарши маърифатни, илмни, тарбияни қарши қўя оламиз. Якдиллик, ҳамжиҳатлик билан олиб бориладиган маърифат, тарбия бизнинг асосий қуролимиз. Душманга қарши ягона бир мушт бўла олсаккина, ғалаба қила оламиз, шунда ҳеч ким бизни енга олмайди. Президентимизнинг анжумандаги маърузалари бу ва яна қатор ҳаётий долзарб жиҳатлари билан деярли ҳар бир тинглаган одамнинг кўнглида акс-садо топди, назаримда. Ўйлайманки, бу фикрлардан нафақат дин арбоблари, имом-хатиблар, балки республикамизнинг барча зиёлилари ҳам керакли хулосаларини чиқариб оладилар. Шунга мувофиқ хатти-ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқиб, юртимизда айнан диний толерантлик, маърифат, тарбия масалаларининг юксак даражада йўлга қўйилишига хизмат қиладилар.

Шуҳрат РИЗАЕВ

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi