Виталий БИАНКИ (1894–1959) ҲИКОЯЛАР

vitaliy_biyanki

Рус тилидан
Ғози РАҲМОН
таржимаси

Рус болалар ёзувчиси. “Ўрмондаги уйлар”, “Эртаклар”, “Ўрмон газетаси”, “Изларингни излаб”, “Ов ҳақида ҳикоялар” каби кўплаб китоблар муаллифи.

СУРАТДАГИ ПАТ

Бир рассом танишлари билан овга борди. У милтиқдан яхши отарди. Лекин кўпдан бери ўрмонда бўлмаган. Кўзини қамаштирувчи, яшилликка бурканиб ётган дарахтлар орасида, кўзга ялт этиб ташланиб, тезда йўқоладиган қизғиш-сариқ қанотли лойхўракларни яқиндан кўрмаган.
Тўсатдан унинг оёғи остидан бир қуш париллаб ҳавога кўтарилди. Лойхўрак ердан қандай тез кўтарилган бўлса, рассом отган ўқ уни шундай шиддат билан ерга қулатди.
Биринчи ов завқидан ҳовлиқиб кетган рассом, қушни ердан олди-да, камалакдек товланаётган рангли патларига маҳлиё бўлиб қолди. Унинг кўнглида шу заҳоти мўйқалам билан ана шу қушни асл ҳолатидек қилиб чизиш истаги уйғонди. Ўрмон тасвири бинойидай чиқди. Лекин лойхўрак негадир аслига ўхшамади. Рассомнинг нияти лойхўрак қанотларидаги жуда нозик чизиқларни ўзига ўхшатиб тасвирлаш эди. Узоқ уриниш зое кетди. Тўрт-бешта сара мўйқаламидан айрилди. Қаерда адашяптийкан? Лойхўрак танасини қўлга олиб, синчиклаб кузата бошлади. Мана у, рассомнинг ўткир нигоҳи қуш қанотининг қайрилган еридаги жуда ингичка, аммо симдай мустаҳкам патга тушди. У ана шу патни астагина юлиб олди-да, бўёққа ботириб чиза бошлади. Рассомга ўшандай мўйқалам етмаётган эди. Топилди. У расмдаги лойхўрак қанотларини шундай бежирим, шундай табиий қилиб чиздики, бу расмни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлайдиган бўлишди.

СОЗАНДА АЙИҚ

Кекса овчи ҳовлиси олдидаги супачада ўтириб, скрипкада ўзича куй машқ қиларди. Яхши чалолмасада, хафа бўладиган жойи йўқ. Сабаби, ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига.
Таниш ўрмончи кўчадан ўтаётиб, унга гап қотди:
– Эй, оғайни, қўй ўша ғийт-ғийтингни, яхшиси милтиғингни ол. Сенинг қўлларингга милтиқ ярашади. Асл ҳунаринг билан шуғуллансанг-чи? Ҳозир ўрмонда айиқни кўрдим.
Овчи скрипкани қўйиб, ошнасидан айиқни қаерда кўрганини сўраб олди-да, ўрмонга жўнади.
Айиқ кўринган жойимда тураман деб ваъда бермаган, шекилли, ўрмончи айтган жойдан унинг изини ҳам топиб бўлмади. Овчининг тинкаси қуриб, бироз нафасини ростламоқчи бўлиб, тўнкага ўтирди. Ўрмон сув қуйгандай жимжит эди. Тиқ этган товуш эшитилмасди. Ҳатто жинқарча қушларнинг ҳам овози ўчганди. Бирдан овчининг қулоғига тор чертилгандай “дзинн” деган товуш эшитилди. Сал ўтмай яна ўша товуш келди: “Дзинн!..” Овчи ҳайрон. Ўрмон ичида яшириниб олиб, куй машқ қилаётган ким бўлди экан? “Дзинн”… Яна ўша товуш.
Овчи товуш келаётган томонга қараб юрди. Мусиқа шу яқин-атрофдан эшитиляпти-ёв. Ҳа, худди шундай…
Чол арча шохларини оҳиста қайириб, ортига қаради. Яшин уриб йиқилган каттакон дарахт танаси ёрилиб, пайраха бўлиб осилиб турибди. Айиқполвон пайрахани тортиб, қўйиб юборар, ундан чиқаётган “дзинн” деган ёқимли товушни бошини хам қилиб эшитиб кўрмоқда эди. “Дзинн”… Бу айиққа ёқяпти. Овчиям эшитиб кўрди. Яхши. Пайраха уни бироз тингач, айиқ уни тортиб, қўйиб юборарди: “Дзинн”… Ҳар ҳолда ёмон эмас. Айиққа ёқиб тушяпти.
Кечқурун ўрмончи яна ўша таниш ҳовли ёнидан ўтаётиб, овчининг ҳамон скрипка билан овора эканини кўрди. Бармоғи билан торларни бирин-кетин тортиб, қўйиб юборарди: “Дзинн!..”
Ўрмончи сўради:
– Ҳей, нима бўлди? Айиқни отмадингми?
– Йўқ.
– Ие, нега?
– Қўлим бормади. У бечораям менга ўхшаб ҳаваскор экан.
Айиқполвоннинг қандай қилиб дарахт танасидаги пайрахани тортиб чалиб турганини овчи кула-кула гапириб берди.

ПАШША АЙИҚНИ ЎЛИМДАН ҚУТҚАРДИ

Сулининг бошоғи тўлишиб, донига маза кирди-ю, ҳар тунда экинзорга айиқ оралайдиган бўлди. Айиқполвон сулини еб кетаётгани етмагандай, босиб-янчиб, пайҳон қилиб ташламоқда эди. Сули – хўжалик мулки, уни қўриқлаш керак. Деҳқонлар овчига ялинишди:
– Сисой Сисоич, сиз кекса бўлсангизда, тажрибали мергансиз. Бизга ёрдамингиз керак.
Овчи индамай рози бўлди.
У сули экилган майдон четидаги дарахт шохлари орасига ходача терди-да, устига хас-хашак ташлаб, кузатишга қулай супача – пистирма ясади. Кун бўйи эринмай милтиғини тозалади, роса ярқиратиб артди. Кун ботиши билан ҳамма ишини йиғиштирди-да, дарахт шохидаги пистирмага жойлашиб олди. Хавф-хатардан нарида, дарахт шохига ўтириб кузатганга нима етсин?
Оқшом тўрини ёйди. Ўрмоннинг тунги сирли саси: шитир-шитир, шатур-шутур, шивир-шивир бошланди. Сулизорда эса бошоқлар силкиниб, қисир-қисир товуш эшитилди. Айиқполвон келди, шекилли, ҳаммаёқ қоп-қоронғи бўлгани учун ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Ниҳоят имиллаб ой чиқди. Сулизор кумуш кўлдай оқариб, чайқала бошлади. Ҳув ана айиқ. Сисой Сисоич милтиғини аста унга тўғрилади. Кўзларини қисганча нишонга олди. Шу пайт каттакон қора пашша тўғри учиб келди-да, милтиққа қўнди. У аслида митти бўлсаям, бурунга тегай-тегай деб, шинакда ўтиргани учун филдай катта кўринарди. Пашша ўчакишгандай жойидан жилмай қўйди. Бу қанақаси, олдиндаги нишонни кўриб бўлмаса? Қўл кўтарса, айиқ сезиб қолиши мумкин. Сисой Сисоич пуфлади.
– Пуфф! Кишш!.. – Пашшанинг парвойи фалак.
– Пуфф! – Пашша яна жим.
– Пу-ффф!.. – Мерган қаттиқ пуфлади. Пашша бир қўзғалди-ю, овчи мўлжалга олишга улгурмай учиб келиб, аввалги жойига яна ўтириб олди.
Жонга тегди-ку бу! Сисой Сисоич янаям қаттиқроқ пуфлади:
– Пу-фффф!..
Пашша учди-ю, жўрттага қилгандай яна қайтиб милтиққа қўнди. Кўзга чиққан сўгалдай дардисар бўлди-да бу. Қўл узатиб ҳайдамаса бўлмайди, шекилли? Сисой Сисоич аста чўзилиб мушти билан қуролдаги пашшани бир туширганини билади, “қарс-қурс”, “чарс-чурс” деган товушларга ўралашиб пастга қулади. Овчи пашшани ураман деб эгилганда тагидаги хода қимирлаб, синиб кетди, милтиқ ҳам гумбурлаб отилди. Ўзи эса тўппа-тўғри айиқнинг ёнгинасига келиб тушди. Ҳеч нарсадан бехабар, сулининг мазали бошоғини сўриб турган бечора айиқ кутилмаган ҳужумдан қўрқиб кетди. Ёнгинасига ким келиб тушганини билмаса-да, шоша-пиша жўнаб қолди. Сисой Сисоич ҳам унчалик озор кўрмаган, шекилли, тез кунда соғайиб кетди.
Ҳар қишда олти ой ухлаб очиқса-да, айиқполвон сулизорга қайтиб қадам босмайдиган бўлди.
Бир чимдим жони бўлса-да, айиқполвонни ўлимдан қутқарган пашша эканини овчидан бошқа ҳеч ким билмади…

БОЙҚУШ

Қария нонуштага ўтирди. У ҳар доим чойга сут қўшиб, сутчой қилиб ичарди. Яқиндаги ўрмондан Бойқуш учиб келиб, иззат-икром билан унга гап қотди:
– Салом, яхшимисан, дўстим?
Унинг “дўстим” дегани чолга ёқмай, ғудранди:
– Сен, калласи хум қуш, шўрпешона шум қуш, ёрти қулоқ, тумшуғинг қармоқ, ёруғдан ўлгудай қочасан, тунда ҳу-ҳулаб қўрқув сочасан, мен сенга қанақасига ошна, дўст бўлай?
Чолнинг гапи Бойқушга малол келди.
– Майли, қария, кўрамиз, бугундан бошлаб яйловингда учмайман, тунда югуриб-елиб сичқон тутмайман. Уларни керак бўлса ўзинг тутавер.
– Ол-а, қўрқитадиган одамингни топибсан. Жўна, жўна, ўрнимдан қўзғалмай, иззатинг борида қорангни ўчир!
Бойқуш индамай учиб кетди. Эман дарахти ковагига етди, куни билан тумшайиб, ҳеч қаёққа чиқмай ётди.
Оқшом чўкди. Чолнинг бедазоридаги сичқонлар уяларидан чиқиб, бир-бирининг ортидан қувиб, чийиллаб қолишди.
– Биродарлар, атрофга қаранглар-чи, ўша калласи хум қуш, шўрпешона шум қуш, ёрти қулоқ, тумшуғи қармоқ кўринмайдими?
– Йўқ, оғайнилар, ушалибди армонимиз, гумдон бўпти душманимиз. Бугун бизники яйлов, халақит бермас биров.
Улар югургилаб ўтлоққа ёпишди, гўёки кўпкари чопишди. Бойқуш ўтирган жойидан қўзғалмай қарияга шундай деди:
– Ҳо-ҳо-ҳо, қария! Шўрингга шўрва тўкилди. Бедапоянгга қара, нима бўляпти? Баднафс сичқонларнинг қилмишини кўр…
– Вой, ваҳимачи-ей, сичқонлар бўримиди, келиб бузоғимни ёриб кетса, уларнинг қўлидан нимаям келарди?
Бу пайтда сичқонлар ёввойи арилар уясини қидириб топганди. Улар бутун ўтлоқда қашқирдай изғиб, бирови экинлар томирини қийратиб, бирови ғўнғиллаган ари зотига қирғин келтирмоқда эди.
Бойқуш яна турган жойидан қичқирди:
– Ҳо-ҳо-ҳо, қария! Қарагин, ўтлоғингда биттаям ари қолмади, нариги далага учиб кетаяпти.
– Садқаисар, кетса кетаверсин. Улардан менга на фойда-ю, на зарар. Асал ё мум беришса, бошқа гап эди. Қовжираган япасқи уясидан бошқа ҳеч вақоси йўқ…
Бедазорда йўнғичқа етилиб, ерга бош эгади. Узоқ-узоқда арилар ғўнғиллайди, аммо бедапояга яқин йўламайди. Тўлишган беда гулларини чанглатмайди.
Бойқуш яна тилга киради:
– Ҳо-ҳо-ҳо, қария! Қарагин-а, бинафшаранг беда гулларини энди ўзинг чанглатасан, шекилли? Вой бечора гуллар!
– Ғам ема, – қўл силтайди чол, – ҳозир шамол елиб, уларни чанглатиб кетади.
Ўтлоқда дайди шамол эсади, беда гулларини ерга тўкади. Гулларнинг армони ичида қолади. Кун сайин бедазор сийрак тортиб боради. Чол эса лаб тишлаб, ўйга толади.
Яна Бойқушнинг овози:
– Ҳо-ҳо-ҳо, қария! Говмишинг нимани сўраб бўкираяпти? Сўлқилдоқ беда, ширали йўнғичқа, қани у? Эшитиб қўй: йўнғичқасиз хашак – ёғсиз мастава.
Чол ҳайрону лол. Бу ёғи қандоқ бўлди? Авваллари ўтлоқ тўла беда, ишлар жойида, сигир семиз, сути мўл эди, энди-чи, ўзи ориқ, сути суюқ.
Бойқуш эса шод-хандон мазах қилаверди:
– Ҳо-ҳо-ҳо, қария! Айтмабмидим, ҳали келиб менга ялинасан деб, мана оқибати, каллангни ишлат!
Чол Бойқушга ялингани ор қилди. Аҳвол эса кундан-кунга оғирлашарди. Қанийди аразлаган Бойқуш жойидан чиқса! Сичқонларни инига қувиб, тиқса! Йўқ, аксинча, сичқонлар югуриб ўтлоққа ёпишади, арилар инини топади, гўё кўпкари чопади. Аламзада арилар чолнинг бедапоясига яқин келмай, узоқ-узоқларга қочади. Чол-чи, безовта, сарсон. Яккам-дуккам йўнғичқа, бориям калта, ингичка. Сигир ориқ, сути кам, гарчи зотдор бўлса ҳам. Сутчой қайда, чол гаранг, ёмон бўлди, эҳ, аттанг!..
Ноилож чол Бойқушга бўйин эгиб борди:
– Сен, Бойқушим – мойқушим, озод қил мени ғамдан, мўл бўлсин суту қаймоқ, икков бўлайлик ўртоқ.
Бойқуш – мойқуш, қулоқли бошини ковагидан чиқариб, бир зум ўйга толди. Чол тағин ёлворишга тушди:
– Жон Бойўғли, Бойўғли, эски гинангни унут, майли, мени дўст деб тут. Ахир, сен ҳам ўйлагин, аҳволимга бўйлагин. Эрта-ю кеч сутсиз чой, чолнинг аҳволига вой!
Бойқуш чолни кечирди. Эман ковагидан чиқиб, тўғри ўтлоққа учди. Аввал сичқонларни қўрқитиб, кейин тутишга киришди. Буни кўрган арилар ингичка беллари буралиб, сибизғасини чалиб, ғунг-ғунг қўшиғини айтиб, чолинг бедапоясига қайтиб келди. Гулдан шира олиб, гулга қўнди. Ўтлар кўпайди, ишлар юришди. Бедалар сўлқиллаб ўсди, далани ўт-ўлан тўсди. Сигир келиб тўйиб-тўйиб ўтлади, елини тўлди, чолнинг эса суту қаймоғи яна мўл бўлди.
“Бир пиёла чойга!” деб чақирди чол Бойқушни, иккови бўлар, албат, борди-келдили қўшни.

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi