“ОСМОН МЕНГА СУЙГАНИМДАН ХОТИРА”

yapon_shoirlari

Япон мумтоз шоирлари ижодидан

Рус тилидан
Минҳожиддин МИРЗО
таржимаси

Япон адабиётида муҳим ўрин тутувчи шеърий жанрлардан бири – вака яралганига ўн икки асрдан кўпроқ вақт бўлди. Қизиғи, вака анъаналари энг қадимги даврлардан буён бугунги кунгача сақланиб қолган. Вака (“япон қўшиқлари”) ва танка (“қисқа қўшиқлар”) номи билан машҳур бу шаклнинг асосий шеърий жанр сифатида яшаб қолиши “Япониянинг қадимги ва янги қўшиқлари тўплами” (“Кокинвакасю” ёки “Кокинсю”) антологиясининг юзага келиши билан боғлиқдир. “Кокинвакасю” пайдо бўлишидан бир ярим аср олдин Нара даврида (VIII аср) тўрт ярим мингта шеърни ўз ичига олган япон шеъриятининг биринчи улкан “Беҳисоб япроқлар тўплами” (“Манъёсю”) антологияси тузилган эди. Аммо  бу тўплам адабиётшунослар ташаббуси билан тайёрланган эди. “Кокинвакасю” эса ўша давр императорининг фармони ва ўз ихтиёри билан тўпланди ва биринчи “сарой” антологияси бўлиб қолди.
“Япониянинг қадимги ва янги қўшиқлари тўплами” – “Кокинвакасю” Хэйан даврининг тенгсиз ёдгорлиги, Япония маданиятининг олтин асрига оид  бетакрор дурдона. Ўн асрдан кўпроқ вақт давомида япон шоирлари ўзлари ёзган бешликларни “Кокинвакасю” билан қиёслашга ҳаракат қилганлар. Бу тўплам миллий мероснинг бетимсол намунаси сифатида кўп йиллар давомида сарой хазинасида сақланиб келган.

Таржимондан

Аривара-но НАРИХАРА

(825–880)

Ивиб кетдим ёмғир остида,
Гуллаган бута шохи
Ёдгор сифатида синдириб олдим,
Негаки, тез орада тугайди баҳор,
Гуллаш даври ҳам абадий эмас…

* * *
Нечун
Ҳар гал  самода сузиб юрган булутлару
Гўзал тоғ чўққилари узра шиддат-ла эсиб
Инграган шамол мисол…
Қайтишга шошиламан.

Оно-но КОМАТИ

(825 – 900)

Бу дунёнинг шодликлари
Ва ғам-андухлари ифода этилган,
Ўша сўзлар
Ҳаётга қўл силтаган мендек ғариб кимсани ҳам
Бу оламга боғлаб қўйди-ку…

Ки-но ТОМОНОРИ

(850–904)

Майли, олиб кетсин баҳор шамоли
Узоқ-узоқларга
Гулбаргларнинг хуш ифорларин –
Токи булбул кулбам ёнидаги чаппар уриб гуллаган
олхўри томон йўлни адашмай топиб кела олсин!..

* * *

Кўз ёшлар
Чақмоқдан сўнг томган томчилару
Ипи узилиб кетган мунчоқлар каби….
Бутун борлиғим-ла севганим,
Ҳисларимни яширганим учун мени айбситманг…

Фудзивара-но ТАДАФУСА

(857 – 928)

Денгиз соҳилига туташ йўлда
Турналар садосини эшитгач
Мен сени эсладим.
Ахир, улар бежиз учиб келмаган –
Демак, сен ҳали ҳам бу ёруғ оламда борсан! ..

Фудзивара-но ТОКИХИРА

(871–909)

О,  “бокира гуллар”,
Айни кез шамоллар остида
кузги ўтлоқларга айлангиз таъзим!
Айтинг, қайда у қалбингиз суянчи,
Танлаганингиз….

Ки-но ЦУРАЮКИ

(872 – 945)

О,  “бокира гуллар”!
Не боис бунчалар эрта таъзим-ла эгилдингиз?
Ё ёруғликдан тўйдингизми?
Қаерга шошасиз,
Ахир, куз ҳеч кимга шафқат қилмас, аяб ўтирмас…

* * *
Шохларда
Илк гуллар очилгандан буён
Қанча баҳорлар кечди, –
Оҳ, қачон бизнинг дунёмизга ҳам
Абадий гуллаш саодати насиб этаркин!…

Осикоти-но МИЦУНЭ

(898 – 922)

О,  “бокира гуллар”!
Шамол тоғ яйловларидан
Куз ифорларини олиб келур –
Гарчи нигоҳлар-ла сизни кўриб бўлмас,
Аммо, хуш атрий бўйларингиздан илғаб олиш мумкин.

* * *

Сен, қўл силтаб,
Кимсасиз тоғлар сари кетдинг!
Қаердан бошпана ва паноҳ топасан,
Агар хилватдаги ибодатхона ичра ҳам
Қайғулар асирига айланадиган бўлсанг!

* * *

Шундай бир юрак соҳибасин топсамки
Токи у ҳам мени
Мен севганчалик севолса,
Шундагина англаймиз
Бу дунё фақат изтиробу андуҳлардан иборат эмаслигин.

Мибу-но ТАДАМИНЭ

(898 – 920)

О,  “бокира гуллар”!
Бу ерда танҳо завқланмоқлик нечун,
Қанийди, мен сизни кулбамга яқин боққа эккан бўлсайдим,
Ўша ерда баҳра олардим,
Тенгсиз гўзаллигингиздан….

* * *

Агар
Мен ойнинг шаффоф ёғдуси бўла олганимда,
Ўшанда
Эҳтимол, бераҳм қалбим соҳибаси
Ҳар тун фақат мени, мени деган бўларди…

Фудзивара-но ЁРУКА

(IX асрда яшаган)

Узоқ йиллар давомида
Комил ишонч-ла абадий яшиллик касб этган барглар мисол
Ҳаётбахш сўзларни қалбимда сақладим.
Бу сўлғин япроқлар фарёди қаердан келаётир,
Улар учун энди қалбимда жой йўқ…

Фудзивара-но КОТОНАО

(Х асрда яшаган)

Баҳор нега бунча кечикди,
Не ҳодиса юз берди, боисини билгим келади?
Нечун, гуллар ҳануз уйғонмади?
Булбул ҳам  негадир жим,
Ҳатто у ҳам бугун менга  беролмас жавоб …
* * *

Соғинч ила жуда узоқ кутдим,
Шунданми юрагим беихтиёр баҳорнинг тоти,
Рангларини симира бошлар,
Ҳатто дарахт шохларида товланаётган қорлар
Гуллар каби кўринар менга…

Киёхара-но ФУКАЯБУ

(Х асрда яшаган)

Гарчи ҳали борлиқда қиш кезаётган бўлса-да,
Гўё осмондан оппоқ гулбарглар ёғаётгандай –
Топдим,
Демак, булутлар ортидаги юксакликда
Баҳор бошланган …

* * *

Қуёш нигоҳидан йироқ
Ўша тоғлар аро
Баҳор не эканлигин билмас
Бу водийга сўлаётган гуллар қайғуси бегона,
Шундандир бедорлик ва безовталик юракларга ёт…

Мононобэ-но  ЁСИНА

(X асрда яшаган)

Мен бу қайғули ва ўткинчи дунёдан
Тоғ сўқмоқлари аро
Узоқ-узоқларга кетгим келади,
Лекин севгининг беихтиёр  ришталари
Сендан айрилишга изн бермас…

Сакаи-но ХИТОДЗАНЭ

(X асрда яшаган)

Балки
Осмон менга суйганимдан хотира –
Негаки
Ҳар гал мен уни соғинганимда
Қайта ва қайта мовий осмон сари талпинавераман.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi