Неъмат АРСЛОН (1941 йилда туғилган) АШИРИТ

nemat_arson

(Новелла)

Таниқли ўзбек ёзувчиси. У Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган (1965). Адибнинг “Аёл сувратига чизгилар”, “Олдинда яна тун бор” ҳикоялар тўпламлари, “Адам водийси”, “Мавҳумот” романлари чоп этилган.

Бу маъданнинг “Аширит” деб номланиши уни Европага биринчи бўлиб олиб келган бухоролик савдогар Ашурбойнинг номи билан боғлиқ.
Минерал ва тоғ жинслари
ҳақидаги маълумотномадан

Жонгинам Сюзи!
Қулоқ сол, Кёнигсберг гувраниб ётибди.
Ҳамманинг оғзида битта сўз такрорланади: “Аширит!”, “Аширит!”
Бу мўъжизавий бир тош. Ўзи зумраддай яшил ёки кўк. Ичи кўринади. Ҳамма гап ана шунда. Уни Бухоро деган аллақандай мамлакатдан бир киши олиб келган. Жуда бой савдогар одам. Шаҳарнинг бадавлат хонимлари шу тошдан ясалган тақинчоқларни савдолашиб ҳам ўтирмай сотиб олишяпти. Тошнинг ичига қараган киши нималарни кўришини айтиб ўтирмайман. Чунки бу таърифга ҳам, қоғозга ҳам сиғадиган нарса эмас. Шу Ашурбой дегани Париж орқали Мадридга ўтмоқчи. Эскуриални  кўриш ниятида эмиш. Менимча, Париж уни осонликча қўйвормайди! Қисқаси, қуруқ қолма, ҳеч бўлмаганда бирорта узугини қўлга кирит. Бу қандай натижага олиб келишини кейин ўзинг кўрасан.
Сени ўпиб қоламан:
Аглаида Гердер.

P. S. Сенга хат ёзмаганимга анча бўлди. Ҳозир биз бошқа жойда яшаяпмиз. Мабодо йўқламоқчи бўлсанг қуйидаги манзилга ёз:
Кёнигсберг, Преголь-47.
1

Аделина анчагина босиқ, мулоҳазакор, етти ўлчаб бир кесадиган аёл эди Шанье хоним. Шундай бўлса-да, хат уни қаттиқ ҳаяжонга солди. Тошойна олдида туриб қандайдир овозни тинглаётгандек гоҳ ўнг, гоҳ чап чаккасини ойнага солиб кўрди. Аёлнинг ортиқ даражада ҳаяжонланаётган юрак зарбларини ўзида акс эттириб, титраб шуълаланарди қулоғидаги ёқут кўзли ҳалқа. Ва майингина сийпаларди унинг ёноқларини оловранг бу шуълалар. Садафранг сандиқча ичидаги тақинчоқларга ижирғаниброқ қаради Аделина хоним. “Минг йилдан бери алмисоқдан қолган шу дарди ҳариналар менга ҳамроҳ. Беранжье хоним кечаги зиёфатда яна бошқа тақинчоқларини кўз-кўз қилди”, деган фикрдан қони қизиб, ойнадаги аксини танқидий назар билан кузатди ва хаёлан, балки ихтиёрсиз бир тарзда шивирлай бошлади унинг лаблари: “Аширит… Аширит…”
Оқшом пайти ўзининг тунги қароргоҳида ўтириб, банкдаги фақатгина ўзига тегишли бўлган маблағини чек дафтарчаси билан солиштириб ҳисоб-китоб қилди. Таниш ломбард ва уни юритувчи тепакал судхўрнинг кулранг пешонаси кўз ўнгидан ўтди. Аввал ҳам бир неча бор иши тушганди тилла ва кумуш буюмлару антиквар нарсаларнинг нуқси уриб қолган бу одамга. Зеро, бадавлат хонимларни ва жанобларни ҳам гоҳи-гоҳида пул ва инсон шаъни билан боғлиқ қалтис ҳолатларда “ломбард” деб аталмиш маъво шармандаликдан қутқазиб қолиши сир эмас. Ана шу хаёллар билан тақинчоқларга тўла сандиқчани нарироқ суриб қўйиб меҳмонхона, зал ва оралиқ интерьерлардаги сувратларни бир-бир кўздан кечирди. Катта пул туради бу сувратлар. Мана, Диего Веласкеснинг “Инфанта Мария” картинаси. 1628 йил. Шу қаторда 1653 йилда чизилган “Инфанта Маргарита” картинаси, ундан нарироқда Ж.Патернинг “Таманно” картинаси ҳамда француз рассомлари қаламига мансуб бир қатор бошқа сувратлар… Санъатнинг қадрига етар ва санъат асарларини яхши тушунарди Аделина хоним. Авваллари сира мақтанмаганди ўзининг мулки бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар билан. Лекин энди…
Орадан бир ҳафта ўтмай Париж зодагонлари орасида ҳам “Аширбай”, “Бухара”, “Аширит” деган сўзлар оғиздан-оғизга ўтиб, бадавлат жаноблар чўнтакларини дам-бадам ушлаб кўрадиган, зодагон хонимлар эрларига ўзгача ғамза қиладиган бўлиб қолдилар. Бухоролик савдогар эса Луврда улуғ рассомларнинг асарларини томоша қилиб юрарди худди шу кунларда. Пер-Лашез қабристонига ҳам борди, қайси халққа мансуб бўлмасин, унинг қабристонини зиёрат қилишни савоб деб биларди Ашурбой. Биби Марям ибодатхонаси ва бошқа диққатга сазовор жойларни ҳам зиёрат қилди. Қаерда бўлмасин, парижликлар катта қизиқиш билан қарашарди унга. Кейин бадавлат хонадонларда бухоролик савдогар шарафига зиёфатлар бошланиб кетди.

2

Мана, ниҳоят, Аделина хонимга ҳам навбат етиб (уни Сюзи деб атарди кёнигсберглик дугонаси), Парижнинг казо-казолари билан тўлди меҳмонхона. Хонимнинг қизи илм йўлидан кетганлиги сабабли олимлар ва фан арбоблари ташкил этарди зиёфатга ташриф буюрган меҳмонларнинг кўпчилигини. Ашурбой – давра тўрида. Гарчи Париж лаҳжасини бироз бузиб гапирса-да, жон қулоғи билан тингламоқда эди меҳмонлар унинг ҳикояларини. Хонимлар эса тоқатсизланишар ва тезроқ бухороча сандиқларнинг очилишини кутишарди. Албатта ўткир нигоҳли заргарлар ва қимматбаҳо маъданларнинг сир-асроридан хабардор кишилар ҳам бор эди меҳмонлар даврасида. Ниҳоят, қўлдан-қўлга ўтди катталиги ростмана кишининг муштидай келадиган зумрад рангли тош. Сандиқларга келганда, уларни ўзи билан олиб юрмаслигини билдирди Ашурбой. Фақат ёнидан ҳамёнини чиқариб мельхиор, тилла ва кумуш гардишли, Аширит тоши қадаб зеб берилган бир неча дона билакузук ва ҳалқаларни намойиш этди. Хонадон соҳибасининг қистови билан сандиқларни очмасликка келишиб олганди бухоролик савдогар. Меҳмонлардан кўпчилиги бухоролик савдогарни ўз хонадонларида кутишларини айтиб тарқала бошладилар. Хона бўшаб қолди.
Савдо шу тартибда бўлганди бошқа хонадонларда ҳам. Аввал зиёфат берилар, меҳмонлар тарқалгандан кейин зиёфат берган уй эгалари олдида очиларди сандиқлар. Шанье хонимникида шу хонадоннинг энг яқин кишиларигина қолган эдилар. Бухоро атласи, кундал ва барқут матоҳлар, рангдор адраслар, заргарлик буюмлари… Ҳаммаси нафис, бежирим ва ҳайратафзо. Аммо буларнинг ҳеч бири Аширит тошичалик мўъжизакор эмас. Тошни қўлига олиб улкан қандиллардан қуйилиб турган ёруғликка тутиб томоша қиларди хонадон бекаси. Тош қаърида турли кўринишдаги дарзлар, чизиқлар ва бир-бирига туташиб жойлашган отқулоқ япроғига монанд шакллар… Қўлнинг ҳаракати озгина бўлса-да ўзгариши билан шакллар бошқа кўриниш олар, тошнинг ички деворларида антиқа чизгилар ва нақшлар ҳосил қиларди улардан таралаётган ички нур толалари.

3

Ногоҳ титраб кетди Шанье хонимнинг бармоқлари. Юзи оқариб лаблари ҳаракатга келди ва товушсиз шивирлади: “Марсель!.. Марсель!..” Сўнг чўчиб атрофига аланглади, ёши қирқдан ошиб қолганига қарамай, хаёлига келган фикрдан қизиллик югурди унинг ҳали ажин тушиб улгурмаган ёноқларига. Аширит қаъридаги чизиқлардан гўё шу сўзни ўқиган ва бўй қизлик пайтидаги жўшқин муҳаббатини эслаб ҳаяжонга келганди аёл. Бундай руҳий ҳолатнинг рўй бериши бежиз эмас. Шаффофланувчи ёки ўзидан нур таратувчи маъданлар нафақат инсон кайфиятига, соғлиғига ва унинг руҳиятига ғойибона таъсир кўрсатади, балки ҳаётининг тубдан ўзгариб кетишига ҳам сабаб бўлишидан башорат қилувчи ақидалар ҳам бор. Хусусан, ҳиссиётга берилиб яшайдиган кишилар қимматбаҳо ва ноёб тошларнинг сеҳру жодусига ортиқ даражада ишонадилар. Француз заргари Таверье 1642 йили Ҳиндистондан олиб келган 45-52 каратли “Хоуп” (“Умид”) деб номланган тош кимнинг қўлига тушмасин, ўша одамнинг, албатта, бахтсизликка учрагани тарихий ҳақиқат. Балки буларнинг барчаси тасодифлар силсиласидир… Хуллас, қимматбаҳо тошларга тийиқсиз бир куч билан интилади инсон. Ва агар олмос, гавҳар каби бебаҳо маъданлардан бирортасини қўлга киритган бўлса-ю, бахт ташриф буюрса ёки бахтсизлик соя солса, тақдир эврилишларини ана шу маъданлардан деб билади инсон. Шунинг учун ҳам “Хоуп” ёки “Кўҳинур”га ўхшаш ноёб тошлар тўғрисида тўқилган афсоналар замирида аслида нималар борлиги худди шу тошларнинг ўзи каби сирлигича қолаверади.
…Рафиқасининг нимадандир қаттиқ таъсирланганини пайқади жаноб Эптон Нувель де Шанье, аммо аёлнинг хаёлидан ўтган ҳолатни билишга ожизлик қилди унинг тасаввури. Ва тошни назокат билан хонимнинг қўлидан олиб ёруғликка тутди. Узоқ тикилди бу антиқа маъданнинг ички оламига ва ўзининг ички дунёси гўё шу маъдан ичига ўтгандек, йигитлигини, мансаб пиллапояларини ва ёшликдаги омадсиз севгисини кўз ўнгига келтириб хўрсинганча яна рафиқасига қайтарди уни. Гўё бу ишларга мутлақо алоқаси йўқдек, диванда ўтирганча қайноқ чой ҳўпларди Ашурбой.
Мана, навбат етиб келди савдо-сотиқ ишларига ҳам. Бир жуфт билагузук харид қилди Шанье хоним. Эри таклиф этган сирға жуда нафис ва сержило бўлса-да, билагузукни маъқул кўрди. Билагузукдаги тошларга истаган пайтинг қараб ўтиришинг мумкин, ҳалқа эса қулоқда туради, унга қараш учун ё ойна олдига бориш ёки ечиб қўлга олиш керак деган фикрда шундай қилди. Кёнигсберг шаҳрида яшовчи дугонасининг, яъни Аглаида хонимнинг тахмини тўғри чиқди. Ҳақиқатан ҳам, Ашурбой Парижда қарийб бир ой қолиб кетди. Ёшгина ва ҳали турмушга чиқмаган, афтидан, ҳали-вери бу масалани ўйлаб кўришни хаёлига ҳам келтирмайдиган турколог қизнинг таклифи ва талаби туфайли чўзилди унинг сафари. Ашурбой билан дастлабки учрашувидаёқ, ҳатто дурустроқ сўрашишни ҳам унутиб, саволга тутди турколог қиз:
– Сиз… парс?
– Ўзбек.
– Ўзбек?!
Чарақлаб кетди қизнинг кўзлари:
– Ўзбек?! Монтескьёнинг Ўзбегими?
Бир дам ўйланқираб қолди Ашурбой. Монтескьё ҳақида эшитганди, ёзувчи ва мутафаккир Монтескьё, бу аниқ, аммо унинг Ўзбеги ким ва нима учун унинг Ўзбеги, деган саволлар ўтди дилидан. Турколог қиз кутиб турмади, тилла топган тентакдай қувончини ичига сиғдиролмай ҳайратини ошкор этди:
– Сиз тўғрингизда ўқиганман. Сиз донишмандлик илдизларини қидириб тинч ва осойишта ҳаётингизни, кўп сонли хотинларингизни тарк этиб Европа бўйлаб кезиб юрибсиз. Зашининг сизни қўмсаб ёзган хатларидан қаттиқ таъсирланганман. “Келгин энди менинг бебаҳо, Ўзбегим, бу ерда муҳаббат тантана қилиши учун кел!” деган сатрларга қараганда Заши сизни қаттиқ севаркан. Роксана-чи? Фатима-чи? Аммо сиз назаримда Роксанани кўпроқ севасиз. Аёлларни ҳарамда сақлаб кўплаб қўриқчилар қўйишларингиз тўғрими? Ҳақиқатан ҳам, шундайми? Роксанага йўллаган мактубингизда: “Роксана, сен бу ерда бўлганингда, аёлларнинг шармандали ҳолатларини кўриб аёл бўлганингга пушаймон ер эдинг”, деб ёзгансиз. Европа аёлларини садоқатсизликда айблагансиз… Бу фикрингизга мутлақо қўшилмасдим, агар айрим ҳолатларнинг гувоҳи бўлмаганимда. Шахсан мени дин тўғрисидаги фикрлар ҳам бирмунча қизиқтиради. Мен бошқа бир ҳодиса ҳақида ҳам кўп ўйлаганман… “Дунёга ўн икки нафар имомни берган аёл қабрини зиёрат қилдик-да, яна йўлга тушдик”, дегансиз дўстингиз Рустанга, сафар ойининг 15-куни ёзган мактубингизда. Ана шу аёлнинг кимлигини билишни истайман…
– Биби Фотима у кишининг исмлари.
– Ростми, ҳақиқатан ҳам, ўн икки нафар фарзанд кўрганларми?
– Рост. Шарқда бундай масалаларда ёлғон гапирилмайди.
– Пайғамбар бўлганларми уларнинг ҳаммалари?
–Имом десак тўғрироқ бўлади.
–Имом пайғамбардан улуғми?
Жавоб беришга улгурмади Ашурбой. Турколог қиз суҳбат мавзуини янги ўзанга бурди:
– Аммо сиз келтирган Аширит тоши мени бундан-да кўпроқ қизиқтиряпти. Зеб-зийнат сифатида эмас, мен асли минералогман. Туркий тилни эса, сиз томонларнинг тоғ жинслари ва минералларини туркона тилда айтиш ва ўзимизники билан солиштириб тадқиқ этиш мақсадида ўрганяпман. Бобуршоҳнинг “Кўҳинур” тоши тўғрисида ҳам эшитганман. Сиз келтирган Аширит балки Кўҳинурнинг ўзи ёки унинг бирон-бир кўриниши эмасмикан?..

4

Шошқину жўшқин бу қизнинг гапларини тинглар ва эътироз билдиришга беҳуда уринарди Ашурбой. Қизнинг шошқинлиги туркий миллатга мансуб кишини учратиб қолиб, ўз билимини синаб кўриш ва мусулмонлар тўғрисида профессори сўзлаб берган билимларни тўлдириш, балки уларнинг қанчалик тўғрилигини синовдан ўтказиш бўлса, жўшқинлиги табиат берган феъл-атворга боғлиқлигини, қайси жиҳатдандир фарангларга хослигини англаб турарди суҳбатдоши. Ва файласуф Шарль Монтескьёнинг Ўзбеги тўғрисида ўйларди хаёлан.
– Нотр-Дам сизни ҳайратга солдими чиндан ҳам? – дея бирдан мавзуни яна ўзгартирди қиз. – Редига ёзган мактубингизни шу ҳақдаги фикрлар билан бошлагансиз… Борми Бухорода ҳам бизнинг Нотр-Дам каби ҳайратомуз ёдгорликлар? Ҳаммани ўзига тортади бизнинг Париж! Дарвоқе, уч йилдирки, 1777 йил сентябрдан буён Вольфганг Моцарт ҳам Парижда. Йигирма бир ёшли бу йигитнинг истеъдодидан ҳамма ҳайратда. Балки кейинги ҳафталарда унинг концертига кирармиз?..
Ашурбой табиатан меланхолик бўлиб, оғир табиат ва камгап, бир гапни айтишдан олдин вьетнамликларнинг мақолига амал қилиб, тилини оғзида етти марта айлантириб оладиган одам бўлганлиги сабабли қизнинг тинимсиз жаврашидан ақли шошди, унинг нафас ростлашини кутди ва ҳеч бўлмаганда Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса тўғрисида сўзлашга неча бор чоғланди. Буни пайқаган мадам Шанье: “Савол бердингми, жавобини кут, жонгинам”, деб койиган бўлди қизини, билагузугида яшнаб турган тошлардан кўз узмай. Ҳинд аёллари бурнига ҳам зирак таққанидек, билакни тақинчоқ билан безаш қизиқ туюлмоқда эди унга. (Ўзбек ва тожик аёллари ҳам ўша даврларда бурунларига зирак тақиб юришлари ва бу тақинчоқ латвинди деб аталишини билмасди, албатта, Шанье хоним). Ва мўъжизавий Аширит тошига эга бўлган Бухоро мамлакати урфларига, безакларига, аёлларининг кўринишига, мамлакат манзараларига жуда қизиқаётганди.
– Ситораи Моҳи Хоса деб эшитганмисиз? Юлдузларга ва ойга монанд дегани бу. Бухорода ана шундай қадимий ёдгорлик бор. Аммо сизга, мадмуазель Элоиза, аввало Бухоронинг оддийгина бир қишлоғи тўғрисида сўзлаб бермоқчиман, – бир нафас сукут қилди Ашурбой. – Ўйлайманки, бефарқ қолмайсиз.
Билагузукдан кўз узиб, ўша қишлоқни кўрмоқчидек узоқ уфққа тикилди мадам Шанье. Қиз эса Ашурбойдан кўз узмасди. Шарқ аёлларига хос қўнғир эди унинг кўзлари ва корейсларникидек қийиқ эди. Бунинг устига бодомқовоқ ва қаламқош. Юқори лабининг ўнг четида зиғир донасидан ҳам кичик қора хол. Сочи ҳам битта қилиб ўрилган ва орқага ташлаб қўйилган. Этаги узун, яримшаффоф батистдан тикилган кўйлакда бўй-басти янада узун кўринади. “Атлас кўйлак кийса, қандай жозибали бўларкан бу навниҳол хилқат?” деган фикр ўтди шууридан ва ўз фикридан ўзи ўнғайсизланиб нигоҳини ерга олди Бухоро савдогари.
Тик турганча – айвон тўсинига суянган ҳолатда – суҳбатлашардилар улар. Қиз савол берар, фикр билдирар, назарида вақт тез ўтиб кетаётгандай ва кўп нарсани билиб олишга улгурмай қоладигандай шошилар, шундай бўлса-да, суҳбатдошининг ташқи қиёфасини ҳам тарозига солиб, ўлчаб кўрмоқда эди. Рўпарасида турган туркийзабон бу одамнинг ёши ўттиз бешларда бўлса ҳам анча ёш кўринарди. “Юзи бронза тусда, Шарқ қуёшининг тафти бордек, кенг ва очиқ, тароватли ва улуғвор унинг юзи. Афтидан, ўз қадру қимматини биладиган одам. Елкадор, бўйчан ва бақувват. Француз тилида дурустгина гапира олади. Казо-казолар даврасида ўзини эркин тутади ва босиқлик билан ҳикоя қила олади”. Шу билан чеклангандай бўлди қизнинг антропологик тадқиқоти ва яна саволга тутди суҳбатдошини:
– Бухоронинг оддийгина қишлоғи? Гапиринг, мсьё, шу ҳақда эшитгим келади, – деди қиз бироз эркаланганнамо.
– Бухоро музофотида Афшона деган қишлоқ бор. Бир кун келиб бутун дунё ана шу қишлоқдан миннатдор бўлади деб ўйлайман. Чунки оламга Ибн Синони берган бу қишлоқ…
– Афшона! Бунча чиройли бу сўз. Мазмуни нима экан? Мен сўзлар мазмуни билан ўйин қиламан. Бўлакларга бўлиб, қўшиб, тескарисидан ўқиб кўраман. Сўзлар жуда қизиқ. Умуман, дунёдаги барча тилларга қизиқаман. Афшона!.. Жуда жарангдор. Афшона… Афсона!..
– Бу сўз мазмуни, унинг келиб чиқиш тарихи жуда узун. Бир учи хитойга, бошқа бир томири қадимий хуннларга ва Дашти Қипчоққа, яна бошқа ҳудудларга бориб тақалади. Она бўри деб ҳам талқин қиладилар унинг номини. Хуллас, Ибн Сино шу қишлоқда дунёга келган…
– …Ва дунёни ҳайратга солган, – қўшимча қилди қиз, – Алфраганус ҳам бухороликми? Алгоритм-чи, яъни Ал-Харезмий демоқчиман. Бухорога яқинми Харезм? Бунча улуғлар кўп сизнинг юртингизда! Қани энди мен ҳам…
– Элоиза!..
Норозилик оҳанглари яққол сезилиб турарди мадам Шаньенинг сўзида.
– Мам-ан!..
Кулиб қўйди Ашурбой. Фарангларнинг бурун товушлари, “антр”, маман” каби сўзларни талаффуз қилганда бурун бўшлиғида ҳосил бўладиган “нг” товушига монандроқ ва бизнинг талаффузимиз билан бериш қийин бўлган оҳанг қизиқтирарди уни.
– Сен тугамас саволларинг билан мсьё Ашурбойни толиқтириб қўймагин дейман, – қизига дакки берди она.
– Йўқ, аксинча, менга маъқул бу суҳбат. Билимга чанқоқ қизларни яхши кўраман. Бундай қизлар моддий бойликларга унчалик ружу қўймайдилар. Модомики, қизингиз… мадмуазель Элоиза бизнинг юртга қизиқаркан, бажону дил унинг саволларига жавоб беришга тайёрман.

5

Шу пайт хизматкор ҳабаш чол остонада пайдо бўлиб, профессор жаноб Беранжье ташриф буюрганини эълон қилди ва хонадон бекасининг жавобини кутганча эшик олдида туриб қолди. Жаноб профессорни қабулхонада кутиб олишини билдириб ўрнидан турди мадам Шанье. Ва енгилгина таъзим қилиб, Ашурбойдан узр сўраган бўлди. Аммо орадан тўрт-беш дақиқа ўтмай профессорни бошлаб кирди. Бу ҳурматли жанобни шарқона эҳтиром билан қарши олди Ашурбой. Оддий ва самимий бўлди уларнинг суҳбати. Гап мавзуини фарангларга хос қувноқлик билан дарҳол минералогияга бурди жаноб Беранжье. Ва Бухорони кўриш орзусида юрганлигини айтиб, қимматбаҳо тошларга доир бир неча савол берди.
– Мен бутунлай бошқа соҳанинг одамиман, оддий савдогарман, – жавоб қилди Ашурбой шарқликларга хос елка қисиб. – Бухорода заргарларим бор. Жуда маҳоратли улар. Умуман, Бухоро заргарларини Россияда, хусусан, Оренбург ва Санкт-Петербургда кўп қадрлашади.
– Ҳа, бир неча кундирки, Аширит тошидан ясалган буюмлар тўғрисида эшитиб юрибман. Касбим тақозоси билан ўша тошни бир кўриш орзусида келдим. Албатта, шахсий қизиқиш эмас бу. Яна бир неча кундан кейин Париж минералогларининг катта анжумани бўлади. Агар шу йиғинимизга ташриф буюрсангиз ва Аширит тошини намойиш этиб, жаҳоншумул бу янгиликдан бизни хабардор қилсангиз, бағоят миннатдор бўлардик. Мен шогирдим Элоизани ва бошқа ҳамкасбларимни назарда тутяпман. Ўйлайманки, йўқ демайсиз, – қўшимча қилди профессор Осиё одамининг рад этишидан чўчигандай, бир қадар шошқинлик билан. – Айбга буюрмайсиз… Ҳозир ўша тошни… Агар имкони бўлса…
– Бош устига!
Шундай деб, жаноб Нувелнинг кошонасидан ўзи учун ажратилган хона томон юрди Ашурбой ва сандиқчани олиб чиқди-да, уни очиб профессорнинг олдига қўйди. Чўнтагидан заррабин олиб астойдил ишга киришди жаноб Беранжье. Гарчи ўтирган ўрни ёруғ бўлса ҳам, айвоннинг очиқроқ жойига бориб қуёш нурига тутиб қаради тошни, дунёнинг турли томонига айлантириб син солди. Оғирлигини салмоқлади, ҳатто ҳидлаб, силкитиб ва қулоғига тутиб ҳам кўрди. Ва енгил бир хўрсиниш билан якунлади бу тадқиқотларни.

6

…Орадан бир ҳафта ўтиб Париж геологлари ва минералогларининг йиғинида ўтирарди бухоролик савдогар. Анжуманга минералогия ва тоғ жинслари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бораётган нуфузли олимларнинг таклиф этилишига қараганда, асосий гап Бухородан келтирилган зумрад тош устида бориши керак. Дунё кезиб юргани ва кўплаб Европа давлатларида бўлгани, турли тоифадаги одамлар билан мулоқот қилишга тўғри келганига қарамай, бухоролик савдогарни бироз ҳаяжонга солди бу йиғин. Ўзига қолса, олимлар даврасида ўтиргиси йўқ эди, аммо ёш олима мадмуазель Элоиза ва унинг профессори “йиғин атайлаб сизнинг шарафингизга бўляпти”, деб туриб олишди.
Ҳамманинг нигоҳи Ашурбойда. Унга диққат билан қараб олишар ва худди сувратини чизаётган рассомлардай нималарнидир қоғозга туширишар ва ёзишарди, шивир-шивир билан ҳали йиғин бошланмасдан туриб мунозарага киришиб кетган гуруҳлар ҳам бор эди бу залда. Ниҳоят, давранинг биринчи қаторида ўтирган қотмагина тепакал чол ўрнидан турди. Қўлидаги қўнғироқчани бир-икки силкиши билан сув сепгандай тинчиди зал. Ҳамма бухоролик ўзбек билан тезроқ танишишни ўйларди ва ҳали Европага маълум бўлмаган мўъжизавий тошни тезроқ кўришга ошиқарди. Бундай йиғин, яъни геологлар, минералоглар, петрографлар ва туркологлар иштирокида биринчи марта ўтказилаётганлиги, бунинг сабаби Европа учун шу пайтгача номаълум бўлган янги бир минерал билан танишиш кўзда тутилганлиги тўғрисида қисқагина гапириб, тошни намойиш қилиш ва унинг хусусиятлари тўғрисида тушунча беришни илтимос қилиб Ашурбойга қаради йиғилишга раислик қилаётган олим.
– Мен олим эмасман, савдогарман, – деб гап бошлади Ашурбой. – Шу боис минералогия соҳасидаги билимим билан сизнинг даврангизда мақтана олмайман. Аммо ўзим олиб келган маҳсулотнинг айрим хусусиятларини биламан… – Шундай деб ўзи ҳамиша ёнида олиб юрадиган қутичадаги тошни олди. Ва боши узра баланд кўтарди. Улкан қандиллар таратаётган кучли ёруғликда тош қирралари жилоланиб атроф-теваракка зангор ёғдулар сочилди. Бир неча дақиқага чўзилган ҳайратли нидолар босилгандан сўнг сўзини давом эттирди Ашурбой: – Бу ерда ва мен бўлган барча Европа мамлакатларида, хусусан, Россияда худди келишиб олгандай “Аширит” деб аташяпти бу тошни. Аслида унинг номини юнонча “Диоптаз” десак маъқул бўлармикан деб ўйлайман… Биз ўзбеклар “Кўҳинур” деб бироз улуғлаб ва бироз нотўғрироқ атаганмиз. Агар мен қилган таржима тўғри бўлса, “диоптаз” – “ич-ичигача кўряпман” дегани. Дарҳақиқат, тошнинг ўзига, ҳа, фақат ўзига хос хислатларидан бири унинг қаъридаги чизиқлар, шакллар, белгиларнинг кўриниб туриши ва ёруғликда нурланиши ҳамда қўлнинг ҳаракати салгина ўзгариши билан тош ичидаги чизиқлар, япроқсимон нақшларнинг турли кўринишлар ҳосил қилиб жилваланишида. Тош шу қадар сезгирки, ҳатто уни тутиб турган кишининг юрак уришини ҳам илғайди десам муболаға бўлмас… Унинг таркибида мис ва кислород бор. Бошқа яна нималар борлигини аниқлаш шу соҳа олимларига ҳавола. Яна бир фикрни қўшимча қилмоқчиман. Бу тош ҳозирча фақат бизнинг Бухородан топилгани сабабли уни (рус олимларининг фикрига қўшилиб) диоптаз деган бўлсам-да, юнонларнинг ўзи ҳозирча бундан бехабар. Шу боис, диоптаз унга берилган ном эмас, балки унинг шаффофланиш хусусиятига ишора, холос. Мана, марҳамат, – деб тошни анжуман раисига узатди Ашурбой.
Қўлдан-қўлга ўтди тош. Оғиздан-оғизга кўчди сўзлар. Нигоҳларда қизиқиш ва ҳайрат. Чамаси, ярим соатлар давом этди бу ҳол. Бўшаб қолган қутичага қараганча нима сабабдандир маъюсроқ ўтирарди Ашурбой. “Бу тош жуда ноёб: малахит, кальцит, хризаколла, каламин каби минералларга дугона бу тош, яъни шулар билан бирга учрайди”, деган хулосага келдилар мутахассислар. Тош соҳибига қайтиб келиб яна қутичадан жой оларкан, унинг номланиши устидаги тортишув ва мунозара авж олиб кетди:
– Тош Бухородан топилган, уни бизга Ашурбой олиб келган. Фақатгина шу инсон туфайли Европа янги бир минерални кўришга муваффақ бўлди, шундай минерал Ер шарида мавжудлигидан огоҳ бўлди бизнинг Европа. Ҳамма жойда, шу жумладан, Парижда ҳам халқ “Аширит” деб атамоқда бу тошни. Биз халқнинг фикрига қарши бормайлик ва диоптазлик хусусиятига, яъни ичдан нурланиб туриш хусусиятига эга бўлган бу тошни Ашурбойнинг номи билан “Аширит” деб атаб…
Раиснинг сўзи тугамай ўринларидан кўтарилишди олимлар ва қарсаклар билан маъқуллашди унинг фикрини.
– Халқ ҳаммамиздан кўра донишмандроқ, – дея давом этди мажлис раиси. – Мен россиялик ҳамкасбларим билан алоқа қилиб шу тош ҳақида сўраганимда, “Бу ерда Аширит номи билан маълум ўша тош, аммо ҳали расмий равишда тасдиқлаганимизча йўқ”, деган жавобни олдим. Демак, минералогия фанига бу тош “Аширит” деган ном билан ёзилади ва бутун дунё олимларига маълум қилинади!
Бирма-бир қўл сиқиб табриклашди Ашурбойни. Хижолатда эди бухоролик савдогар. Аммо узлуксиз ёғилаётган табрикларга қарши боролмади. Эртаси кун мадмуазель Элоиза уни Испанияга кузатаркан, Сена дарёси бўйлаб пароходда Версалгача борди. Ва хайрлашиш олдидан: “Қайтишда, албатта, бизникига ташриф буюринг”, деб ўтина бошлади. Аммо “Ловелас” лангар кўтаришига ҳали ярим соатдан кўпроқ вақт бор. Ашурбой қизни шундайгина дарё бўйидаги емакхонага таклиф қилди.Ташқарида қуёш чарақлаб турганига қарамасдан нимқоронғи эди бу жой. Ғарб тарафдаги деразадан “Ловелас”нинг тўгараксимон деразалари ярқираб кўринади. Жанубий дераза ортида “Мадам Жьюль Буше” деб номланган оқ атиргуллар барқ уриб очилган…
Шу ерда қандай гап-сўз бўлди уларнинг орасида, нималар ўтди Ашурбойнинг хаёлидан, пароходнинг номидаги яширин маънолар таъсиридами, дабдурустдан сандиқчани қизга узатди. Олимларни ҳайратга солган ўша тош тинчгина ётарди унинг ичида. Иккала қўлини кўксига босиб бош чайқади қиз.
– Ол, бизнинг тилимизни шунчалик яхши билган ва урф-одатларимизни ҳурмат қилган, Бухорога ғойибона муҳаббат боғлаган сендай қизга… – Бироз ҳаяжонланиб сўз тополмай қолди Ашурбой. Элоизанинг юзи лоладай қизариб кетди. – Ол! – деб, охири айтилмай қолган гапни якунлади бухоролик савдогар. Қизнинг қўлига тутқазди Аширит ором олаётган сандиқчани ва этак силкиб ўрнидан турди. Ҳамма нарсани шайлаб ташқарида кутиб турарди унинг содиқ хизматкори. Сахтиён сумкачасидан Шарль Монтескьёнинг Европа бўйлаб кезиб юрган Ўзбек тўғрисидаги китобини олиб Ашурбойга узатди қиз ва аранг лабларидан учди “кутаман” деган сўз.

7

Оҳиста чайқалади “Ловелас”. Чайқалади ва аллалайди пароход. Шитоб билан олға интилаётган қудратли ва тирик жонзотни эслатади унинг бир маромдаги пишқириши, ҳар замонда оғир уҳ тортиб қўйиши ва ҳуштак чалиши. “Ловелас”нинг биринчи даражали каютасида кетаётган савдогарнинг қўлида қизгина берган китоб. Ўзбек ва унинг дўсти Риканинг Европа бўйлаб саёҳати ва уларнинг ўз юртига йўллаган мактубларида француз, испан, португал ва бошқа Европа мамлакатлари халқларининг ҳаёт тарзи жуда жонли ва қизиқарли тасвирланган. Секин юзига яқинлаштирди китобни ва енгилгина атир ҳидини туйди. Элоиза пардоз-андозга ва тақинчоқларга унчалик қизиқмаслигини ва ҳатто бир қадар ўзининг ташқи қиёфасига бефарқлигини пайқаганди ўша бир ой давомида. Демак, бу китобни бошқа бир мем ҳам ўқиган… Монтескьё гўё икки халқни, яъни форсий ва туркий халқларни бирлаштиришни кўзда тутгандай: китоб қаҳрамонининг номи Ўзбек, миллати эса форс. Аммо Элоиза китоб қаҳрамони билан Осиёдан ташриф буюрган Ашурбойни бир вужудда ҳис этаётгани ва балки Ашурбойни Ўзбек тимсолида кўраётгани аниқ. Балки Элоиза китобни ўқиш давомида Ўзбекни севиб қолгандир ва мана энди Ашурбой қиёфасида унинг ўзини кўриб турибман, деб шу фикрга ишонч ҳосил қилгандир… Ҳақиқатан ҳам, ақлли, билимли ва мард инсон сифатида яхши таассурот қолдирарди Монтескьёнинг Ўзбеги. “Аммо бир нарса аниқки, йиллар орасидаги тафовутни ҳисобга олмаётир қизгина”, деган хаёлга борди Ашурбой. Ва дарҳол ҳисоблаб кўриб, қиз эмас, балки ўзи янглишганини англади. “Мен эса ҳозир ўттиз бешдаман!..” Беихтиёр хаёлига келган бу фикрнинг бир учи мадмуазель Элоизага бориб туташаётганидан ажабланиб жилмайиб қўйди. Йигирма бир ёшда эди қиз.
Буни қарангки, йиллар ва рақамлар айирмаси солиштирилганда, Монтескьёнинг Ўзбеги билан деярли тенгдош бўлиб чиқди Ашурбой. Демакки, қизгинанинг уни “Форс мактублари”да тасвирланган Ўзбек деб қабул қилишида жон бор. Мана, ниҳоят кўринди Испаниянинг Бельбао порти ва пишқириб, уҳ тортиб, ҳуштаклар чалиб тўхтади “Ловелас”. Ва испан тупроғига қадам босди Ашурбой.

8

…Ҳақиқатан ҳам, ҳайратафзо иншоот эди Эскуриаль. Не-не фикрларни хаёлидан ўтказиб, унинг қаршисида бир муддат туриб қолди бухоролик савдогар. Ўзининг қиррадор пирамидалари билан мағрур қад ростлаб турибди бу улуғвор иншоот. Салобати билан кишини ҳайратга солади унинг оқимтир-кулранг гранитдан тикланган деворлари. Туманли куз манзарасидай. Тошлар… инсон ҳаёти, унинг қизиқишлари… нурланувчи соҳир тошлар… Кўп қизиқ манзаралар намоён бўлди ичкарида. Эскуриаль ва ундаги кутубхона чиндан-да ҳайратомуз. Араблардан қолган кутубхона. Энди у Испаниянинг мулки. Бу мамлакатни мусаххар этган ва кўп йиллар ҳукмронлик қилган араблар пировард-натижада шундай бебаҳо хазинани қолдириб кетишга мажбур бўлганлар. Китобларнинг асосий қисми араб ёзувида. Қўлёзмалар… шеърият, фалсафа, фан дурдоналари. Бир ҳафтадан бери ҳар кун келиб эртадан-кечгача шу бино ичида айланиб юрарди Ашурбой. Алоҳида-алоҳида 16 ички қалъа, 2673 дераза, 1940 эшик, руҳлар ором оладиган 1860 та хона. Инсон тасаввурига сиғмайдиган нарсалар бор эди бу қасрда. Хусусан, авлиёлар жасадини сақлаш учун олтин, кумуш, бронзадан, ўзидан нур таратувчи тошлардан ишланган мақбаралар қизиқтирди уни. Папа Пий бешинчининг сийдик жомидан олинган тошни ҳам кўрсатишди. Ўзи Бухородан келтирган зумрад билан бу тошни хаёлан ёнма-ён қўйиб эти жунжикиб кетди ва дарҳол узоқлашди бу ердан. Эскуриални томоша қилиш қарийб бир ойга чўзилди.
Ўз юртини қаттиқ соғинган Ашурбой кейинги ҳафта охирларида “Қора Кайман” кемасининг Ўрта Ер денгизи орқали Туркияга йўл олишидан хабар топаркан, юрт соғинчи минг чандон ошиб, шу кема билан Туркияга бориш, ундан Эрон орқали Афғонистонга ўтиш ва Амударё сувларини кечиб, тезроқ ўз юрти тупроғига қадам қўйишга аҳд қилди. Ва Парижда қолган дўстлари-ю гумашталарига мактуб йўллаб, дарҳол Бухорога қайтишларига изн берди. Албатта, мадмуазель Элоизага қолдирган тош қанчалик қимматли бўлмасин, Париждан Германияга ёки Чехославакияга, Австрияга, ундан Украинага ўтиб, Қозоғистон чўллари орқали қайтиш икки-уч баробар кўп вақтни олар ва бу вақт нима сабабдандир мадам Шаньелар хонадонида қолдирилган тошдан ҳам қимматли туюларди. Дунё кезиб ўрганган Ашурбой ўзидаги бу бетоқатлик сабабини ўйлаб тушунишга улгурмай, Париждан мактуб олди. Хат мазмунидан қаттиқ ҳаяжонга тушди ва Ўрта Ер денгизи сафарини қолдириб Парижга етиб келди. Ҳеч нарсадан истиҳола қилиб ўтирмай, унинг қучоғига отилди Элоиза.

9

Қизнинг хонасида, стол устида турарди Аширит. Устига қора рангдаги матоҳ ёпиб қўйилган. “Қара”, деб боши билан имо қилди қиз. Тошнинг нимқоронғи бағрида ажиб бир синоатни кўрди Ашурбой. Аввалига ҳеч нарсага тушунмади. Худди Бухородаги улуғвор миноралар соя солиб тургандай бўлди дастлаб. Ана шу тасвирлар оралиғида Лаби Ҳовуз сувлари чайқалиб тургандай. Мадраса-масжид мезаналари, гумбазларнинг қадимий ҳаворанг тоқи… Диққат қилиб қараб тошнинг узоқ бир бурчагида юқоридан қуйига тушаётган заррачалар оқимини пайқади. Гўё Бухородаги Мўлиён ариғининг сувидай. Тош қаърига тикилар ва бутун борлиқни унутиб ички бир товуш билан хиргойи қиларди Ашурбой:

Мўлиён сувин ҳиди келганда алҳол,
Меҳрибон ёр ёдини қўмсайди хаёл.

Ўзи таржима қилган Рўдакийнинг бу форсий ғазалини айтганида таъсирланиб кетарди ҳамиша, бу сафар кўзларига ёш келди ҳатто. Ёзнинг жазирама иссиғида Бухоро кўчаларидан Мўлиён ариғи томон сувдай оқар эди шаҳар болалари. Ва улар гўё ариқни йиллаб кўрмагандай ва соғиниб қолгандай шу шеърни айтганча-қўшиқ қилиб куйлаганча ўзларини муздек сувга отардилар. Бутун бошли мўъжиза эди Мўлиён. Болаликда отаси айтиб берган шу шеър билан боғлиқ бир воқеа ёдига келди.
Ривоят қилишларича, Бухоро амири бир гуруҳ аъёнлари, шоиру шуаролари билан (улар орасида Рўдакий ҳам бор эди) ўзга юртда узоқроқ муддат қолиб кетади. Юртини ва оиласини соғинган аъёнлар амирнинг ҳали-вери ватанга қайтиш нияти йўқлигини кўриб турсалар-да, унинг раъйига қараб фикрларини айта олмайдилар ва “Ҳукмдорга сиз айтинг, кетайлик юртимизга”, деб Рўдакийга илтимос қиладилар. Форснинг улуғ шоири дарҳол шу шеърни ёзади ва амирга тақдим этади. Мўлиён ариғининг бўйини, Бухорода қолиб кетган ёру биродарлари висолини қўмсаб, ўша лаҳзанинг ўзида, ҳатто оёқ кийимларини кийишни ҳам унутиб отга минади ва йўлга тушади шеърни ўқиган ҳукмдор.
Мўлиён ариғининг сувларига ўхшарди Аширитнинг зумрад вужуди ичра ҳаракатланаётган ўша зарралар. Оҳу кўзидек узунчоқ ва япроқсимон шакл қаъридан сизиб чиқар, бир жойда тўпланар ва маълум оғирлик олгандан кейин пастга қулаб тушарди зилол томчилар. Аширитнинг чуқур қаърида, балки Ашурбойнинг қалбида рўй бермоқда эди бу ҳодисот. Буни зийрак ва нафосатли аёлларга хос ички бир ҳиссиёт билан пайқади Элоиза. Аширбойнинг хаёлидан ўтаётган туйғуларда Ватанга бўлган муҳаббат бошқа ҳар қандай ҳиссиётдан кучли эканлигини, она юрт ўз фарзандини тийиқсиз бир куч билан бағрига чорлаётганини сезиб оғир хўрсинди. Тош йиғларди Ашурбойнинг назарида. Ўз тупроғини, ўзи туғилган тоғларни ва тошлар салтанатини ва Мўлиён ариғининг сувларини қўмсаб йиғларди Тош.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi