Ян ПАРАНДОВСКИЙ (1895–1978) СЎЗ КИМЁСИ

yan_.parandovskiy_suz

Рус тилидан
Мирзаали АКБАРОВ
таржимаси

С Ў З

Адабий тил худди Ҳомер тили каби на ўлик, на архаик ва на сунъий бўлмаслиги лозим, аммо шунга қарамай, у сўзлашув тилидан кескин фарқ қилади. Нафақат орфография, пунктуация, балки синтаксис, муайян майллар, келишиклар, замонлар, сўз тартиби – ёзма сўзнинг бутун бир табаррук тизими талаффуз қилинадиган сўзлардан ажралиб туради, чунки кейингисининг ноаниқликлар ва хатоларни тузатишга вақти йўқ. Суҳбат орасидаги жумла билан ҳаттоки энг реалистик романнинг диалог парчаси ўртасида қанчалик катта фарқ бор! Бундан ташқари, адабий тил ягона, сўзлашув тили эса ҳар хил, бошқа-бошқа. Маълумки, ҳар бир чекка қишлоқнинг ўзига хос гапириш услуби бор, қолаверса, худди ўша тилнинг лаҳжа, ўзига хос талаффуз хусусиятлари, шевалари бир-биридан шунчалик фарқ қиладики, гоҳида бир-бирини ўзаро тушунишда қийинчиликлар юзага келади ёки бунинг бутунлай иложи бўлмай ҳам қолади: бунга итальян ва немис тилларидаги шеваларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Адабиёт барча учун тушунарли бўлган ва ҳамма ерда одат тусига кирган тилни ишлаб чиқишга интилади. Греклар бир неча адабий тилдан фойдаланган ҳолда, бунга узоқ қаршилик қилиб келган: Сафо ва Алкей эолийча, Ҳеродот – ионийча ёзган, лирик асарлар муаллифлари эса кўпинча дорика шевасидан фойдаланишган, ниҳоят, Фукидид, Платон, Ксенофонт каби буюк фожианавис ва комедиографлар аттика нутқининг устунлигини таъмин этишган ва ундан койне деб аталадиган “ягона” адабий тил келиб чиққан. Бироқ бугунги замонавий Грецияда ҳам адабий тил билан боғлиқ шунга ўхшаш қийинчиликлар мавжуд: кимлардир қадимги юнон тилига жуда ўхшаш ва замонавий сўзлашув тилидан анча йироқ бўлган “соф” анъанавий тилни ёқласа, бошқалар замонавий тил учун курашиб, унинг ҳукмронлигига эришадилар – энг янги адабиётда димотиканинг қўли баланд келиб, ғалаба қозонди. Ҳатто Норвегия каби жуда катта адабиётга эга баъзи бир мамлакатларда бир қанча шевалар биринчиликни эгаллаш учун ҳамон бир-бири билан олишиб ётибди.
Агар янглишмасам, Ҳиндистонда иш бу даражага етиб боргани йўқ: у ерда адабий ҳаёт ҳиндий, маратхи, орья, телугу, урду сингари бир-бирига ўхшаш бўлмаган тиллар ўртасида ўзаро тинч йўл билан тенг тақсимланган, ҳаттоки қадимий санскрит тили ҳам эътибордан четда қолгани йўқ.
Маълум бир вақтга келиб, ҳар бир халқ бу борада қарор қабул қилиш зарурати билан юзма-юз келади: масала шуки, ўз лаҳжаларидан қайси бирини умумадабий тил сифатида эътироф этмоқ лозим. Бу ўринда муаммони кўпроқ муайян бир вилоятнинг сиёсий нуфузи ҳал этиши мумкин: мисол учун, Рим тил масаласини лотин адабиёти зиммасига юклаган, бу адабиёт эса, Римда туғилмаган ва тарбияланмаган кишилар томонидан яратилган. Мазкур муаммо, шунингдек, буюк ижодий шахс томонидан ҳам ҳал қилиниши мумкин: масалан, Данте Италия адабий тилининг яратувчисига айланди. Унинг болалик йилларида Флоренция нутқининг биринчи ўринни эгаллаши тўғрисида олдиндан ҳеч қандай аломат сезилмаган, ёзувда у бошқа итальян шеваларидан энг кейин пайдо бўлган. Аммо Данте, сўнг Петрарка ва Бокаччо уни ўзлари учун танлашгандан сўнг, масала ҳал бўлди-қолди ва ўша даврда ҳеч қандай энг йирик ёки энг машҳур бўлмаган шаҳар Италия адабий тилининг бешигига айланди.
Поляк тили шунчалик қадимий ва бунчалик ёрқин, дабдабали ибтидога эга эмас. Бунинг устига, унинг поляк шеваларидан келиб чиқиш тарихи ҳозиргача ҳам етарли даражада очиб берилмаган. Унда великополяк шевасига оид унсурлар кўпчиликни ташкил этади, улар орасида энг муҳими – энг қадимги поляк ёзма ёдгорликлари пайдо бўлган ҳудудларда кенг тарқалганига қарамасдан, унда мазурка талаффузининг етишмаслигидир. Эҳтимол, бу ерда великополяк сарой доираларининг таъсири роль ўйнагандир. Фақат бу таъсирнинг шунчалик кучли бўлгани кишини ҳайрон қолдиради, чунки Краковдай илк пойтахт-шаҳар ҳам унинг измига берилган. Поляк адабий тили фонетикасига чех тили ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, поляк ёзуви мавжуд бўлган илк асрдаёқ унинг таъсири сезилиб турган ва адабий тилнинг ҳозирги фонетикасига оид қоидаларнинг вужудга келишига ёрдам берган ва ниҳоят, мазурка кейинроқ пайдо бўлиб, адабий тилга таъсир қилмаган, дейиш мумкин. Агар охирги тахмин тўғри чиқса, поляк адабий тилига малополяк шеваси асос бўлган, деган фикрни исботлаш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.
Товушлар оҳанги ҳозир қандай бўлса, ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Унинг имло билан боғлиқ “усул”ларини пайқаб, англаб олмоқ учун қулоғимизни динг қиламиз, зеро, унинг топқирлигига бирда қойил қолсак, бирда ҳайрон бўламиз. Торайган ҳамда бурун унлилари аллақачонлар ва ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ёзувчиларни чалғитиб келади. Аммо ҳозирча адабий муҳит талаффузининг янги шакли уларни замонавий маъно-моҳият сари узил-кесил яқинлаштиролганича йўқ. Лекин бу орадаги тафовутлар унчалик катта эмас.
Афсуски, биз поляклар учун тарихимизнинг илк олтита асридан ўқишга арзигулик ҳеч нима қолган эмас. Бугун биз чин дилдан олқишлай оладиган нарсалар эса, поляклар ёзишни ўрганмасларидан анча бурун йўқ бўлиб кетган – мен бу ўринда мажусийлик, бутпарастлик замонларидан мерос қолган халқ қўшиқларини назарда тутяпман, уларнинг акс садоларини энди куз фаслининг илк илиқ-иссиқ кунларида далаларимиз бўйлаб ҳавода муаллақ учиб юрадиган мезонлар янглиғ камсонли иборалар орқалигина баъзан миннатдорлик билан илғаб қоламиз. Ҳақиқий, чинакам адабиётни бизлар юзйилликларни босиб ўтган тарих соатларига дам-бадам назар ташлаб, сабрсизлик билан кутишимизга тўғри келди. Шу маънода биз ҳам худди римликларникига ўхшаш ҳолатга тушганмиз: римликлар шоҳлар даврини бошдан кечирмаган, этрускларни енгиб, республика барпо қилган, бутун Италияни бўйсундириб, қудратли давлат тузгач, фақат шундан сўнггина, лотинлаштирилган юнондан ўзларининг илк китоби – “Одиссея” таржимасини олишган. Бизнинг адабиёт ҳам таржималар орқали ўсиб-улғайган. Агар халқ ўз мавзуи – мадҳия, қаҳрамонлик қўшиқлари, тарихий йилномаларнинг уддасидан чиқолмаса, бундан ёмони йўқ. Бироқ таржималар устида олиб борилган ишлар ўзининг яхши томонларига ҳам эга бўлган: “Псаломлар”, “Иов” ва “Пайғамбарлар китоби” сингари буюк асарлардаги фикр, ғоя ва ифодаларни талаб даражасида баён қилмоқ учун она тилининг барча имкониятларини юзага чиқариш зарурати эди у. Бизгача асрлар қаъридан фақат биргина таржимоннинг – яшовицлик капеллан Анжейнинг номи етиб келган, холос. У ХV аср ўрталарида қиролича Зофья учун Библия – Тавротни таржима қилиб берган (“Қиролича Зофья Библияси”). Унинг қалами ниҳоятда ўткир бўлган. Отахон Анжей жумлаларни содда, аниқ, равон ва силлиқ ёзар, матн маъносини ифодалаётиб, лотин тили синтаксисига ўралашиб қолмас, “Вульгата”нинг қийин, оғир жойларидан ҳам ишонч билан чиқиб кета олган эди, бу вазифани кейинчалик Якуб Вуек ҳар доим ҳам бирдай уддалай олмаган. Яшовицлик Анжейнинг ҳаёти ҳақида афсуски, бизга ҳеч нарса маълум эмас, унинг номи адабиётимиз асосчилари, ташаббускорлари рўйхатидан муносиб ўрин олмоғи лозим.
Бу адабиёт бўш назм ва ночор наср ичидан қандай куч-ғайратлар эвазига қайта туғилган! Сўз дастлаб бамисоли қўлга ўргатилган хонаки қуш, паррандага ўхшар, унинг учишга қанотлари йўқ эди. Тафаккур жонажон диёр – она юртнинг бир парча ерида беўхшов депсиниб турарди. Рей тафаккурга кенглик берди, аммо уни баланд кўтармади. У бақувват, соғлом, қувноқ одам эди, ундан жавдар ҳиди келиб турарди, ўзига хос, ҳеч кимга ўхшамасди у – биринчи поляк ёзувчиси, уни биргина гапидан таниб олиш мумкин эди, ҳар доим оддий ёзар, эргаш гапларга бесабрлик билан қўл силтар, уларни оғир, катта мушти билан майдалаб, бурдалаб ташларди, ким ким, у ўзига хос эди, аммо – эвоҳ! – унинг ўзига хослиги шундай эдики, гап йўқ эди. Ундан ёзувчиларга хос қувноқлик уфуриб турар, доимо жасур, мард, тиниб-тинчимас, битмас-туганмас, бир гапни керак бўлса юз марта такрорлашга ҳам тайёр, икки минг дона сўзни тўхтовсиз тинмай айлантирар, бу унга ўз ҳаёти учун ҳам, адабиёт учун ҳам буткул кифоя қилар эди. У поляк адабиётида мустаҳкам ва абадий ўрнашиб олганди. Унинг – гарчи бир қарашда унча сезилмаса-да – уруғ-авлодлари кўп эди. Барча ҳикоя қилувчи ва суҳбат ўтказувчилар, барча қаламкаш сарматлар, ҳаммага яхши маълум нарсаларни бошқаларга ўргатишга шай, иштаҳа қўзғайдиган таом каби ёғли жойларга ўз фойдасини кўзлаб, қулай жойлашиб олган инсофли ва инсофсиз ўзича мустақил етишганлар, беғам ва лақма, хушфеъл ва мулойим – қисқаси, ҳеч қачон ижод азобини тортиб кўрмаган, фақат сўз сиртидагина юриб, унинг остидаги хатарли гирдобларга кўзи тушмаганлар легионининг бутун бир шажараси Рейдан бошланарди.
Шунда бирдан шеър тўқишдан олдин ҳар бир бўғинни чамалаб, чуқур ўйлаб кўриб, унинг жарангига, оҳангига диққат билан қулоқ соладиган, бундан яхшироқ сўзни тополмаслигига ишонч ҳосил қилмагунча, биронта сўзни қабул қилмайдиган, тарқаб “қочиб” кетадиган фикрни ушлаб қола оладиган, сўзлар оламига чуқурроқ шўнғиш учун юрак ҳаяжонини жиловлаб, тасаввурини пасайтира оладиган одам пайдо бўлди. Бу – тилимизнинг ҳамон ёввойи манзарасига Польшада биринчи бўлиб қаратилган нигоҳ эди. Ян Кохановский мана шу саҳрода ўз шеъриятининг ренессанс боғини барпо этган биринчи сўз санъаткоримиз эди, афсуски, у ўз санъатининг давомчиларини жуда узоқ кутишига тўғри келди. Яхши ниятли қофиябоз (нўноқ) шоирларнинг авлодлари Рейдан ўрнак олиб, унинг йўлидан боришни афзал кўрдилар ва уларнинг беғам фаолият кўлами ҳамда қувноқ дағаллиги бир неча асрлар мобайнида поляк адабиёти қиёфасини белгилаб келди. Опалиньский, Потоцкий, Коховский, Пасек Рей билан жон деб бир стол атрофида ўтирган ва Кохановский, Гурницкий, Скаргадан ҳурмат-эҳтиром билан узоқлашган бўлардилар.
Гурницкийнинг “Сарой аъёнлари” номли асарида тил муаммосига бағишланган бир неча саҳифалар борки, уларни ҳайрат билан ўқийсан, киши. Айрим унчалик муҳим бўлмаган деталь (тафсилот)ларни истисно қиладиган бўлсак, чунки замонавий тилшунослик бу ҳақда бошқача фикр билдиради, унинг тил тўғрисидаги ўй, фикр ва мулоҳазалари умуман олганда, тўғрилиги, аниқлиги ва нозиклиги билан ҳайрон қолдиради. Полякча ёзилган бундай саҳифаларни яна ўқиш учун эса икки юз йиллик сафсаталардан сакраб ўтиш керак, дунё маданияти билан алоқани узиб, калтафаҳмлик ботқоғига ботган, ўша даврдаги шундай бир “ажойиб бегона ўт” – Бенедикт Хмелевскийнинг “Янги Афина”си уларга хотима ясаган.
Мана, бизнинг мусибатимиз нимадан иборат бўлган: муҳим аҳамиятга эга зарур нарсаларнинг пайдо бўлиши орасида танаффуслар узоқ давом этган. Назмдан ҳам кўра, кўпроқ наср жабр кўрган. Ожеховскийнинг мисли кўрилмаган, беназир равон, силлиқ услубини, Гурницкийнинг асл нафосатини, Скарганинг кенг нафасини мерос қилиб олиб, давом эттирадиган ижодкор бўлмаган. XVIII аср охирига келиб, проза олдида бирданига кўплаб янги вазифалар пайдо бўлган: ўша давргача лотин тилида иш юритган идоралар ва илм-фан муассасалари учун зудлик билан янги тил яратишга тўғри келган. Физика, математика, иқтисод, кимё фанлари бўйича яратилган биринчи асарларнинг муаллифларига қойил қолмасдан иложимиз йўқ – улар поляк илмий атамашунослигини тайёрлаб, сўзлашув нутқи услубининг аниқ қарор топган тушунчалар асосидаги қисқа ва лўнда даражасига эришганлар. Шунингдек, устав (низом)лар, декретлар, фармойишлар ва шу каби бошқа ҳар хил ҳужжатларни ёзиб-чизиш учун бош қотирган идораларнинг бизга номаълум амалдор “ёзувчи”ларига ҳам тан бериш керак.
Лекин энг оғир юк XIX аср зиммасига тушган: унинг олдида аввал ўтган авлодлар “ухлаб қолиб” бой берган барча ишларни охирига етказиш вазифаси турарди. Ва шунда бошқа халқларнинг адабиётларида кузатилмаган “нимадир” содир бўлди: XIX аср бизни олдинги юзйилликлардаги ўз адабиётимиздан ажратиб қўйди, бу ҳодиса баайни имтиҳон топшириб бўлгач, ҳеч ким етуклик аттестатига қарамаслиги каби ҳолатга ўхшаб кетарди. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди, чунки фақат XIX асргина бизга муқаррар биринчи даҳоларни етказиб берди, драма, роман, эсселар яратиб, лирикани олдинги асрлар билмаган юксакликка кўтарди, ҳатто унинг сонет сингари архаик турларини такомиллаштирди; XIX аср ҳис-туйғулар доирасини кенгайтирди, узоқ вақт ўта моддийлашиб қолган тафаккурга руҳ, ғайрат бағишлади ва ниҳоят, луғатни янада бойитиб, синтаксисга қайишқоқлик ва равонлик бахш этиб, сўзни янгилади. Бугунги кунда поляк тилида ёзаётганлар романтизм давригача яшаб, ижод қилган муаллифлардан деярли ҳеч нима олмайдилар. Уларга камдан-кам ҳоллардагина, масалан, тарихий романлар ёзаётганда давр колоритини тасвирлаш учун архаизмлар – эскирган сўз ва иборалар зарур бўлиб қолган тақдирдагина, мурожаат қиладилар.

КАСБ СИРЛАРИ

Бир замонлар, худди ҳозиргидай, “руҳонийликка йўл олди” каби “шоирликка кетди” дейилган даврлар ҳам бўлган, бу ўхшашлик ўша узоқ ўтмиш замонларда шоирлик хизмати дин билан бевосита боғлиқ бўлгани боис янаям ортиб борган. Эодлар мактабида шундай бўлган, у ерда истеъдодли ўспиринлар шеърият тилини ва шеър ўқишни ўрганиш ва анъанавий тарзда муқаддаслаштирилган иборалар, муқоясалар, эпитет (сифатлаш, васф)лар билан танишиш учун ўқишган. Ўрта асрлардаги Ирландияда ҳам худди шундай бўлган, у ерда куйчи шоир, бахшиликка номзодлар олти-етти йил давомида шеърият санъатини ўрганишган ёки қадимги фаранг жонглёрлари мактабларини олиб кўрадиган бўлсак, уларда вагант (сайёр қўшиқчи, шоир, бахши – тарж.)ликнинг эркин ҳаётига қизиққан ёшлар тажрибали назм усталарининг хипчинлари остида бўғинларни санаш, уларни цезураларга  бўлиш, ассонансларни танлаш, саралаш, грамматиканинг ҳали ҳеч ким ёзолмаган қоидаларини тусмоллаб бўлса-да, қидириб топиш ҳамда асрлар мобайнида яратилган эпопея қаҳрамонларини билиш ва англашни ўрганганлар. Бироқ мазкур камёб ҳодисалардан ташқари, том маънодаги ёзувчилик санъати мактаблари ҳеч қачон мавжуд бўлмаган ва шунга ўхшаш ўқув муассасасини яратиш ғоясининг ўзиёқ қанчалик ёқимсиз туюлишига шахсан ўз тажрибамда ишонч ҳосил қилганман. Гап шундаки, бундан бир неча йиллар муқаддам худди шундай мактаб лойиҳасини таклиф этган ва уни ё нафис санъатлар Академиясининг секцияси ёки университет қошидаги махсус кафедра сифатида тасаввур қилган эдим. Ўшанда бўлғуси ёзувчилар эркин тараққиётининг азалий озодлигига тажовуз қилинишига қарши ҳар омондан норозилик овозлари янграган.
Ёзувчиларнинг эркин тараққиёти – бу албатта, ўта мустаҳкам қарор топган анъанадир. Ёзувчилар ҳамиша мустақил равишда ўқиб-ўрганишган. Уларда ҳаттоки ўрта асрлар ва Ренессанс (Уйғониш даври) рассомлари эга бўлган нарсалар ҳам бўлмаган: у даврда шогирд устоз назорати остида ишлаган, мўйқалам тозалаган, мольберт (рассомлар дастгоҳи) ва полотно тайёрлаган, масъулиятлироқ вазифаларни бажаришга тайёр бўлмагани боис, унга майда нақшлар, гуллар чизишни топширишган, у қулф (калит) тешигидан – бекитиб ташланмаган бўлса агар – устознинг сеҳр-афсун-ла бўёқларни аралаштириб, ўз (касб) сирларини пардалаб яширган ҳолда ахийри гулчанг сепилган капалак янглиғ ўз дунёси томон учиб, у ерда чангни қоқиб-силкиб ташлашини мўралаб кузатишга интилган – шу тариқа устозининг услуб ва ижодий йўсинини ўрганиб, унга бир умр содиқ қолишга ҳаракат қилган. Ёзувчилар эса нафақат ўзларини ўзлари тарбиялашган, балки ўз атрофидагиларга қарши кўпинча ўчакишиб шундай қилишларига ҳам тўғри келган, улар азбаройи ўз касблари танлови важидан шундай йўл тутишга мажбур бўлишган. Агар башарти Лафонтеннинг отаси ўз ўғлининг шоир бўлишини хоҳлаган бўлса, ҳар қандайин ҳурмат-эҳтиромга муносиб бундай ота, албатта, истиснодир. Овидий ўзи ёзган поэтик таржимаи ҳолининг ўша қисмида бутунлай бошқа нарса ҳақида – барча ота-оналарнинг якдил фикри ҳақида – ёзган ва хипчин-говронларнинг ғувуллашию шоир бўлишга тайёрланаётган боланинг зорланишларини абадий хотира қилиб қолдирган.
Аммо бўлғуси ёзувчининг ўз танлаган йўлидан боришига ҳеч ким халақит бермаган тақдирдаям, бошқа бир тарафдан, уни ҳеч ким ёзувчилик ҳунарининг сир-асрорларидан воқиф эта олмайди ҳам. Уларни унинг ўзи очмоғи, бунга ўз ақл-идроки, туғма ҳис-туйғуси билан эришмоғи, таваккал қилиб бўлса-да, бунинг йўлларини қидириб топмоғи, номаълум (одатда кўплаб олдинги авлодлар томонидан обдан топталиб, из қилиб ташланган) сўқмоқларни очмоғи, чакалакзорларда узоқ адашиб, тентираб юриб, ниҳоят, ижод ва шон-шуҳрат сари элтадиган асосий, катта йўлга чиқиб олмоғи лозим. Қўлтиғида қўлёзмаларга лиқ тўла папка билан ийманиб-тортинибгина кириб келадиган, ундан ўзининг бутун умидини боғлаган энг яхши, энг муҳимини олиш учун қўллари қалтираб титкилайдиган ёш йигитни кекса ёзувчилардан ким ҳам кўрмаган дейсиз? Бундай ташрифлар одатда турлича: ё икки тарафлама кўнгил қолиш ёки – фавқулодда кам учрайдиган, аммо бу қандай яхши! – шодиёна ҳайрат, ўзаро хайрихоҳлик ва дўстлик билан тугайди.
Кўпгина йиллар мобайнида ана шундай дўстона тарзда кечган ўзаро муносабатлар тарихини Эккерман ҳаёти мисолида яққол кузатиш мумкин. 1823 йил июнь ойи кунларининг бирида Эккерман Гёте ҳузурига келиб, унга ўз қўлёзмасини тақдим этади. Гарчи қари туллак унда зўр ёзувчилик иқтидори йўқлигини дарҳол англаб етган бўлса-да, аммо шунга қарамасдан йигитчага зарур маслаҳатлар ва ҳатто турли хил поэтик экзерсислар бериб, ижодий ишга рағбатлантиради, шу тариқа то умрининг охирига қадар ўзига яқин олиб, “Гёте билан гурунглар”дек бебаҳо асар муаллифи сифатида унга ҳам боқийлик бахш этади. Эккерман ижод қилишдан бир дақиқа ҳам тўхтамайди ва ўзини янаям кўпроқ ишонч билан олға ҳаракат қилаётгандай ҳис қилади, аслида ҳам салобатли, вазмин шахснинг кучли иродаси уни бурч, вазифа, мақсад сари оғишмай интилишга ундар эди. Эккерман билан бўлган воқеа – ниҳоятда камдан-кам учрайдиган ҳодисадир. Ўша июнь кунларидан бирида Гёте ҳузурига илк бор кириб келган пайтда у қўлтиғига қўлёзма қистирволган ёшгина мусофир – ҳали камолга етмаган кўчманчи истеъдодларнинг рамзий тимсоли эди, холос. Гётедан ҳам кўра самимийроқ ва беғаразроқ Леопольд Стафф бир эмас, бир нечта поэтик қушчаларнинг учишни ўрганишларига ёрдам қилиб, уларни дўстона каломи ва табассуми билан қўллаб-қувватлади ва ўзи ҳам кўплаб миннатдор ёшларнинг, шу жумладан, Тувиманинг ҳам ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди.
Ҳар бир адиб, айниқса, эътибор қозонган, мўътабар, кекса ёзувчи кўпчилик учун “зиёратгоҳ” бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай, у ҳар куни почта орқали кўплаб хатлар олади, ёшлар унга ўз қўлёзмаларини жўнатиб, маслаҳат ва йўл-йўриқлар сўраб, мурожаат қилади. Шунда ёзувчи баъзан мушкул аҳволга тушиб қолади: нима қилиш керак? Ё вақт етишмайди ёки бўлмасам – масала у қадар арзигулик бўлмайди. Айни чоқда улкан ёзувчиларнинг бошловчи адибларга кўрсатган ғамхўрликлари таҳсинга сазовордир. Масалан, Чехов уларга ўз мактублари орқали пухта ва батафсил маслаҳатлар берган бўлса, Райнер Мария Рилкенинг “Ёш шоирга” деб номланган хатлар туркуми етук, баркамол тафаккурнинг тажрибасиз ёшларга нечоғли ёрдам беришига ажойиб мисол бўла олади. Бундай мактубларни, таъбир жоиз бўлса, “узоққа отадиган қурол” деб аташ мумкин, чунки улар ёзувчилик санъати техникасига оид энг қимматли кўрсатма ва йўл-йўриқлардан иборат бўлади. Лекин шу ўринда ёзувчилик маҳоратининг қандайдир тизими ёки ҳақиқий мактаби ҳақида гапиришга ҳеч қандай асос йўқ.
Ёш ёзувчиларни ўқитишнинг бирдан-бир, ягона чинакам мактаби – қадимги поэтика ёки стилистика, риторика (нотиқлик санъати назарияси) мактаблари бўлган, уларда турли-туман мавзулар ишлаб чиқилган, баъзан шов-шувли романлар ва ғамгин драмалар муҳокама қилиниб, назарий масалаларга бағишланган маърузалар ўқилган, булар XIX асрда ҳам бўлган ва фрагмент шаклида композиция, шеър тўқиш ва ниҳоят, энг оддий шакл – она тили бўйича вазифалар сифатида ҳозиргача ҳам сақланиб қолган. Агар қадимги риторика мактаблари ҳақиқатан ҳам ёзувчилик санъатига доир кўплаб муҳим масалалар билан шуғулланган бўлса, эндиликда улар ёзувчи учун катта аҳамиятга эга эмас. Ёзувчига бундай стилистиканинг кераги йўқ, чунки улар кўпинча одамни зериктирадиган “виждонли”, синчков майдакаш ва ўтакетган расмиятчилардан иборат бўлади, улар махсус бўлимларга тегишли ёрлиқлар остида адабиётда учрайдиган бадиий таъсирчанликнинг барча воситаларини, барча услубий усулларни жойлаштириш билангина кифояланиб, уларга худди қуриган капалаклар тўпламига қарагандай қарайдилар. Францияда бу борада Альбала дегани шуҳрат қозонган, у ёзувчилик маҳорати бўйича ҳар хил қўлланмалар муаллифи, Мольерга руҳан яқин шахс бўлиб, мсье Журден жамиятида кўриниб турар, кимсан Проспер Мериме прозасига услубий тузатишлар киритишга уринган тенгсиз Альбала эди!
Энди поэтикага келсак, унинг йўриғи бошқа. Буюк ва ҳар қандай ҳурмат-эҳтиромга сазовор ёзувчиларнинг номлари у билан боғлиқ, у – адабиётга мансубдир. Аристотель “Поэтика”си, Ҳорацийнинг “Пизонларга мактуб”и, Лонгга мансуб саналадиган буюклик ҳақидаги трактат, Марко Жироламо Виданинг шеърий трактати, Буалонинг “Поэтик санъат”и, Дмоховскийнинг “Шеър тўқиш санъати” – Европа поэзияси мактабга қатнаган йўлдаги чақиримларни кўрсатиб турадиган устунларнинг бир нечтаси мана шулардир. Аммо барча шумтакаларга ўхшаб, у ҳам дам-бадам эзгу йўлдан тойиб, озодликнинг мафтункор туйғусига маст бўлган ва янги илҳом, янги устозлар ва янгича гўзаллик сари интилган. Мактабдаги устозлар буни таъна қилиб, ёзғиришган ва гарчанд улар классикларнинг романтиклар билан ўзаро курашида бир-бирлари билан яхши таниш бўлсалар ҳам, иш бир неча бор аччиқ англашилмовчиликларгача бориб етган.
Зотан, мактаб янги илмий кашфиётларни олдиндан кўра олмагани каби, янги поэзияни ҳам бошқалардан олдинроқ пайқашга бутунлай ноқобилдир. “Поэтик санъат”нинг ҳар бир курси илгариги даврларга мансуб шеърий дурдона асарлардан олинган қонун-қоидаларга асосланган бўлиб, ўтган ёки ҳозирги замон аҳволи ҳақида сўйлайди ва ундан энг янги адабий жанрлар ёки ўша пайтгача номаълум бўлган шеърий шакллар ҳақида ҳеч қандай маълумот топиб бўлмайди. Поэтиклар маҳдуд дунёга айланишади. Уларнинг тавсия ва танбеҳлари қарор топган обрў-эътибор, текширилган анъаналарга таяниб, шак-шубҳадан холи, аниқ ва равшан эстетик фикр-мулоҳазалар билан хаспўшланади. Бундай фикр-мулоҳазалар учун ҳис-туйғулар психологияси ёки урф-одатлар таъсири остида шаклланган тушунчалар устида олиб борилган кузатишлар манба сифатида хизмат қилиши мумкин. Ва ниҳоят, ўша даврга хос бўлган нотўғри, хато фикрлар ҳамда хурофот, бидъат ва сохта тасаввурлар ҳам муайян роль ўйнаши шубҳасиз.
Аристотелдан ташқари, у ўз даврида тадқиқотчи сифатида адабий ҳодисаларни ҳам таърифлаб, баён қилиб берган, бошқа поэтик муаллифларнинг ўзлари ҳам шоир бўлишган ва метеорологик ҳодисалар қандай баён қилинса, ўзлари яратган қонун-қоидаларни яна қидириб топиб, шундай баён қилишган ва шу тариқа ўз дунёқарашларини ифода этишган. Бундай ҳолат ҳозир ҳам учраб туради. Мисол учун, Поль Клодель ўзининг ўта ғайриоддий “Поэтик санъат”ини яратган. Ҳорацийнинг „Ars poetica“си – тафаккур ва баркамол санъаткор маданиятининг обидасидир. У ўз классикларини нафақат завқланиш, балки уларнинг усуллари ва воситаларини, фазилат ва камчилик­ларини кузатиш учун ҳам мутолаа қилган ва ҳар бир фикр-мулоҳаза ортида унинг шахсий тажрибаси яширинган. Агар Ҳорацийга догматик мезон билан ёндашилмаса, ундан ўрганса арзийдиган нарсалар бор ва энг аввало, унинг ҳар бир шеърий сатрида барқ уриб турган: ижодий ишга ҳурмат-эътибор ва мукаммалликка интилишдан улги олмоқ керак. Ахир, Ҳораций биринчи бўлиб, ушбу сўзнинг аҳамиятини таъкидлаган, ёзувчидан сўзга нисбатан диққат-эътиборли бўлишни, виждонан ёндашишни талаб қилган ва сўз олдида шундай бир меҳр-муҳаббат билан бош эгиб, таъзим қилган, чунки унинг оҳанги, жаранги, маъно ва моҳиятига, мазкур сўзнинг инсоний тил, нутқ умуммулкидаги жамики ўзига хос хусусиятларига шайдо бўлган. У Аристотель билан бир қаторда кўплаб авлодлар учун йўлчи юлдуз, мураббийга айланган, ундан бошқа риторик муаллифлар, ўрта тоифага мансуб шоирлар паноҳ топган, улардаги қонун-қоидаларга сажда қилишлар вақти келиб илҳом ва ижодий фикрлар билан алмашган.
Хитойликлар адабиёт маъбудини кўрсаткич бармоғини юқори кўтариб, гўё бир нимадан огоҳ қилаётган ёки койиётган мўйловдор донишманд қиёфасида тасвирлашади. Бундай илоҳ Ғарбдаги поэтик ортодоксия (изчиллик, собитқадамлик)нинг бир неча даврлари учун ҳам буткул фойдали эди. Поэтика бўйича наинки умумий қоидаларни, балки бошқа кўплаб тафсилотларни ҳам ўрганишарди: тайёр иборалар, образлар, муқоясалардан фойдаланиларди. Ҳамма томондан тартиб-қоидалар билан ўраб олинган поэзия рақс ёки шоҳмот ўйинига ўхшаб кетарди. Унинг қоидаларини қабул қилиб, оғишмай амал қилишаркан, улар шоирнинг ўзига хослигини чеклаб, унинг ўзигагина хос бўлган фазилатларнинг, артистларча маҳоратнинг ўсишига монелик қилиши ҳисобга олинмас эди. Аксинча, барчага маҳорат, ижодкорлик ва ҳатто софлик ҳам фақат мана шундай шарт-шароитлар остидагина тантана қила оладигандай ва мана шу силлиққина саҳнада фақат сийқалик ҳамда руҳсиз тақлидчилик юки остида эзилган қобилиятсиз одамларгина мағлубиятга учраши мумкиндек туюларди. Инжил рад этган Аҳдга амал қилишиб, янги майни эски мешларга қуйишарди. Эскирган, истеъмолдан чиққан шаклларни қайта жонлантириш учун эса, одамнинг айтадиган гапи бўлиши керак – агар бизнинг давримизга келиб, ҳалокатли камқонлик касалидан қирилиб кетган баландпарвоз исёнкорлик руҳидаги поэтик мактабларга йўлдош бўлган фикрий қашшоқликни ҳисобга оладиган бўлсак, бу – бажариш хийла қийин бўлган талабдир.
Романтизм эски қонунларни бекор қилди. Поэтиклар ўтмиш қаърида қолиб кетди. Уларнинг ўрнини энди поэтик ancion regime – эски тузум ишлаб чиққан деярли барча нарсаларни яксон қилган дастурлар ва манифестлар эгаллади. Эскидан омон қолганлари фақат шеър тўқишга оид эди: шеър тузилиши, вазни, бўғинлар сони, қофиялар қандайдир даражада анъанага риоя қилишда давом этди, сонет эса ҳамон ўн тўрт сатрдан иборат эди. Бироқ пировардида: ўтмиш поэтиклари томонидан шеърий асарга қўйилган талаб­ларнинг биронтасини тан олмай ҳам, шоир бўлиш мумкин эканлиги маълум бўлди. Формализмнинг қисқа муддатли ҳукмронлик даврида дам бўйига, дам энига қараб босилган шеърлар учраб турар, уларни ўқиганда беихтиёр бу ерда ишнинг яхшигина ярми ҳарф терувчининг ҳорғин елкасига тушибди-да, деган таассурот туғиларди. Эндиликда биз шеър деб аталадиган шундайин асарларга дуч келяпмизки, агар уларни in continuo – узлуксиз яхлит сатр билан босиб чиқарилса борми, журналларнинг саҳифаларида ўзлари билан ёнма-ён чоп этилаётган патетик (эҳтиросли, жўшқин) мақолалар ёки прозаик чақириқлардан ҳеч қандай фарқ қилмаган бўларди. Яқинда Францияда пайдо бўлган летрист – ҳарф билан ифодалувчи, яъни ҳарфий поэтик гуруҳ ўқувчиларни бир оз танг қолдириб, энсасини қотирди: уларнинг “шеър”лари шундай кўринишга эга эдики, кимдир набор (ҳарф териш) кассасидаги бетартиб сочилиб ётган ҳарфларни тусмолаб териб олгану, шундайлигича босворган-қўйган.
Бизнинг давримизга хос бўлган қайғули имтиёзлар шундан иборатки, ҳар бир замонавий тутуриқсизликнинг тарихий ўтмишдошлари борлиги аён бўлмоқда. Мисол учун, антик давр охирларида шоирлар “кўзгу-поэма”лар тўқиш билан овунишган, уларнинг битта ярми, худди кўзгу аксига ўхшаб, бошқасига жавоб берган ёки шеърга қандайдир нарса ёки буюмнинг, масалан, тухумнинг ёки болтанинг шаклини беришган ёхуд худди Пентадийга ўхшаб, ўзларининг versus echoici – “акс садо шеър”лари билан ўқувчиларни зериктиришган, бу ишни улар бутунлай жиддий бажаришган. Кохановский ҳам бир куни азбаройи қизиқчилик учун ўзининг “Қисқичбақалар” деб номланган фрашка (эпиграмма)сида худди шундай йўл тутган экан.
Маълум бўлишича, поэзияга романтизм томонидан олиб кирилган ва қачонлардир куч-қудрат манбаи бўлган озодлик ўзбошимчалик томон ўзгариб, бузилди, бу эса ожизлик аломати эди. Катта ланг очиқ эшикдан эсган шамол чанг-чунг билан бирга ахлатни ҳам олиб киради. Ёзувчи бўлишга аҳд қилган йигит, башарти у фавқулодда кучли шахс бўлмаса агар (бундайлар, албатта, камдан-кам учрайди), ўзини худди костёл минорасидаги флюгер каби ҳис қилиши аниқ. Шу боис у ҳар қанақанги, айниқса, энг янги таъсиротларга бажонидил берилиб, илҳомни аллақандай майнавозчиликка беҳуда сарф қилади.
Жиддийлик бўлмаса, адабиёт ҳам бўлмайди. Кимки сўз орқали ўз қалбини ёки ўзи хизмат қилаётган умумжамоа, у хоҳ синф, хоҳ халқ ёки бутун инсоният бўлсин, дилидагини ифодалар экан, сўзга нисбатан масхарабозга хос қувноқ беғамлик билан муносабатда бўлолмайди. Жиддийлик гўё фақат қандайдир ғоялар ёки шиорларни эълон қиладиганлар учун мажбурийдир, санъат учун эмас, деган фикр фақат бемаъни одамнинг калласидагина туғилиши мумкин. Айни ташқи дунёдан ва ҳозирги дақиқадан узилган, ўзини буткул гўзалликни мушоҳада қилишга бағишлаган санъат фидойилари, савдойи мутаассибларда ҳатто энг майда-чуйда ишларни бажаришда ҳам улкан жиддийлик кузатилади. Сўзни энг мос, муносиб жойга жойлаштиришдан олдин уни ҳеч ким уларчалик виждонан қараб, кўздан кечириб чиқмайди. Уларни сўзларнинг бутун шукуҳи чиқдими-йўқми, улардаги оҳанг, жаранг, маъно ва моҳиятнинг бутун сирлилигини тўла очолдикми-йўқми, деган хавотир қийнайди, улар ўз фикрлари, ўз дунёқараши ва инсонни англашини одамларга етказадиган кишилардан ҳеч бир қолишмайди, уларни ҳар доим шундай улуғ мақсадлар учун сўзларни танлаётиб, ўз вазифамизни уддалай олдикми-йўқми, деган ўй ташвишга солади.
Ҳамонки адабиёт мавжуд экан, унинг ижодкорлари доимо шаклланган анъаналар билан ҳисоблашиб, ўз олдиларига мақсад қўйишдан олдин салафларнинг меҳнатига баҳо берадилар ва улардан нималарни олиш мумкин эканлигини ойдинлаштирадилар. Бугунги кунда “бокира адабиёт” ва “туғма истеъдод соҳиблари” деса, ҳеч ким ишонмайди, зеро, ҳеч ким ўзи ҳақида худди Амос пайғамбарга ўхшаб, менга гапиришни юлдузлар ўргатган, дея олмайди. Фақат бизлар деярли ҳеч нарса билмайдиган жуда узоқ замонлардагина ҳеч кимдан ҳеч қандай мерос олмаган ижодкорлар бўлганлигини тасаввур қилиш мумкин. Шунинг сингари гўё ёзувчилик санъатини ҳеч қандай куч-ғайрат сарфламасдан эгаллаш мумкин, деган қараш ҳам анойиликдан бошқа нарса эмас. Бундай фикр кенг илдиз отганининг сабаби шуки, кенг китобхонлар оммаси томонидан ҳақиқий ёзувчилар билан бир қаторда, афсуски, қобилиятсиз, нўноқ муаллифлар ҳам адабиёт намояндалари сифатида қабул қилинмоқда.
Ёзувчи тарбиясидаги асосий вазифа – сўз ҳақидаги илмни чуқур эгаллаш ҳамда ижод қилаётган тилни билиш ва англашдан иборатдир. Бу албатта, икки минг йилдан бери мавжуд бўлган адабий ҳаётда янгилик эмас. Ҳаттоки бизнинг барча манбаларимиз, мисол учун дейлик, Ҳомер даври тўғрисида ҳеч қандай маълумот бермаган тақдирда ҳам, унга мансуб поэмаларнинг тил материали тил устида олиб борилган тинимсиз изланишлар ва сердиққат, майда тадқиқот ишлари ҳақида гувоҳлик бериб турибди. Данте ўзининг „De vulgari eloquentia“ – “Халқ нутқ санъати ҳақида” номли трактатида ўзи келгусида ўз халқининг адабий тилига айлантириши лозим бўлган тил тўғрисидаги билимларни қаердан олган, ўша манбаларни келтиради. Данте бир нечта итальян шеваларининг афзалликлари ва камчиликларини пухта ўйлаб кўриб, чамалаб ва уларга баҳо бераркан, луғатлар муаллифларининг, семантиклар ва грамматикларнинг ишини бир ўзи бажаради ва буларнинг барчаси унга ўз ижоди учун баайни муқаддима вазифасини ўтаган.
Анъанавий тарбия олган, француз тилини мукаммал билган ва от миниш санъатини эгаллаган, бундан бошқа ҳеч қандай имтиёзларга эга бўлмаган зодагон Витторио Альфери шоирда истеъдод уйғониши билан бир вақтнинг ўзида тилга муҳаббат ҳам туғилишига ажойиб мисол бўла олади. Шоир бўлишини ҳис қилмагунга қадар, ҳамма нарса унга маъқул келган, қаноатлантирган. Ўз иқтидорини англаб етгач, у она тилини завқ-шавқ ва иштиёқ билан ўрганишга киришади. XIII-XIV асрлар поэзиясини, XV-XVI асрлар прозасини диққат билан ўқиб, ўзлаштиради, грамматика ва шевашунослик билан шуғулланади, лотин ва ҳатто грек тилини ҳам ўрганади. Буларнинг барчаси унга ўз поэтик оламини яратиш учун зарур эди.
Яна бошқа мисоллар келтиришга ҳожат йўқ деб ўйлайман, чунки бу ерда адабиётдаги деярли барча буюклар номларини бирма-бир санаб чиқиш мумкин. Польшада тилни авайлаб-асраш, уни ғамхўрлик билан ардоқлашда Жеромский барчага намуна эди. Бу ҳақда нафақат унинг прозаик асарлари ва уларнинг тадрижий ривожланиш жараёни, балки “Снобизм ва тараққиёт” деб номланган китоби – адабиётимизда шу йўналишда яратилган бирдан-бир, ягона асар ҳам гувоҳлик бериб турибди. Поляк ёзувчиларидан ҳали ҳеч ким тил муаммоларини поляк адабиётининг долзарб муаммолари мажмуи ҳамда ўз ёзувчилик тажрибалари билан бевосита боғлаб, бунчалик батафсил тадқиқ этмаган эди. Мазкур китобдан, бошқа барча маълумотлардан ташқари, адабиётдаги ҳар хил масхарабозлар шаънига уларнинг калтафаҳмлиги, билимсизлиги ва ғалатиликлари хусусида билдирилган қаттиқ танбеҳ ва танқидий фикрлар ҳам ўрин олган.
Баъзан айрим адибларнинг тил ўрганиш ҳақидаги бепарволик билан айтган фикр-мулоҳазалари қулоққа чалиниб қолади, бунда улар гўёки тилни пухта ўрганмай туриб ҳам, сўз санъатига оид “ажойиб” асарлар яратган, худди ўзларига ўхшаган илмсиз кишиларни далил-дастак қилиб келтирадилар. Бироқ бундай воқеалар аслида ҳеч қачон бўлмаган, эҳтимол, нодон одамларнинг тушига кирган бўлиши мумкин. Тўғри, Шекспир Европа адабиётига оид бутун бир сўз оламини сув қилиб ичиб юбориш учун луғатларни варақлаб ўтирмаган, лекин Шекспирнинг Шекспир эканлиги ва у ҳеч нима билан қиёслаб бўлмайдиган бу бойликни тўплаш учун қўлидан келган барча ишни қилганлиги ҳақидаги муҳим далилни ҳам эътибордан соқит қилмаслик лозим. У таъбир жоиз бўлса, асалари меҳнатига қиёс этгулик даражада тер тўкиб, ҳормай-толмай ишлаган. Шаҳар ва қишлоқ, кема ва таверна (кичик қовоқхона), ўрмон ва дала, ҳовли ва кўча унга ўзларининг бор тилини берган, унинг мислсиз поэтик инстинкти эса керагини танлаб олган. Бундай мактаб барча учун баравар бўлган, унда ҳамма замонларнинг ёзувчилари таҳсил олишган. Бугунги кунга келиб, ундан кам фойдаланилмоқда, чунки мана қарийб юз йилдирки, ёзувчиларнинг турмуш тарзи, баъзи бирлариникини ҳисобга олмаганда, ўз иш кабинетлари билан қаҳвахона ўртасидаги дамдузликдан иборат бўлиб келмоқда. Лекин илгарилари ҳар томонга зир югуриб излаган нарсаларини ҳеч қачон, ҳеч қайси бир замонда бугунгидек шу қадар осон воситалар ёрдамида қўлга киритиш имкониятига эга бўлишмаган. Эндиликда эса луғатлар, классикларнинг беками-кўст нашрлари ҳар доим уларнинг ихтиёрида.
Аммо улардан кам одам фойдаланади. Ўзлари ёзаётган тилнинг тузилишини аниқлаш устида ҳам кам ишлашади, унинг тарихини билишмайди ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида ўйлашмайди ҳам. Баъзида ҳатто шундай бир ғалати таассурот туғиладики, гўё муаллиф тақдир насиб этган тилга қийинчилик билан кўникади, унинг тилга нисбатан бефарқлиги, лоқайдлиги яққол сезилиб туради: башарти шароит ўзгариб қолгудай бўлса, у дуч келган бошқа тилдан фойдаланиб кетаверади.
Хўш, ҳақиқий ёзувчиларнинг, чинакам сўз санъаткорларининг бу борадаги ишлари қалай? Буни Конрад мисолида билиб олишимиз мумкин. Асли чиқиб келиши поляк бўлган Конрад инглиз тилини хийла кеч – 18-20 ёшларида ўзлаштирган, француз тилида эса ҳар доим бемалол сўзлаша олган. У Голсуорсига йўллаган мактубида (Уэллсга ёзган хатида ҳам худди шу фикрни билдирган) одам ўз она тилида ёзмаган чоқда дуч келадиган қийинчиликлар хусусида нолиб, шундай деб ёзган эди: “Менинг бошқа танловим йўқ эди, мабодо инглизча ёзмаганимда агар, умуман ёзмаган бўлардим”. Буни фақат ушбу тилга бўлган муҳаббат билан изоҳлаш мумкин, фақат муҳаббатгина мўъжизалар яратишга қодир: олис юртдан келган бир мусофир Шекспир ватанида ажойиб, зўр услубчилардан бирига айланади. Шу хилдаги, гарчи у қадар ёрқин бўлмаса-да, талайгина мисолларни, айниқса, кўпгина чет элликларни суйган ва сийлаган мамлакат – Франция ҳаётида учратиш мумкин: XIII асрдаёқ Брунетто Латини фаранг тилини “беқиёс лаззатбахш” эканлиги боис ёқтириб қолган. Ўшандан бошлаб, деярли ҳар бир асрда француз ёзувчиларининг сафлари ажнабийлар ҳисобига кенгайиб борган, бутун Европа французча ёза бошлаган XVIII аср ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳар хил тоифадаги бадарға қилинган, қувилган, хўрланган ва таҳқирланган одамлар ушбу тилни қабул қилиб, кўпинча уни мукаммал даражада эгаллашган. Францияда ҳатто француз тилида ёзадиган хорижликлар учун махсус мукофот таъсис этилган бўлиб, ҳайъат аъзолари ҳар йили француз тилини билгани ва уни нозик ҳис эта олгани учун чет эллик ёзувчига қойил қолиб, тасаннолар айтадилар. Бу ёзувчиларнинг ҳомийси бўлишга Жюльен Грин муносиб эди, отаси инглиз, онаси эса америкалик бўлган бу ёзувчи болалигидан яхши билса ҳам, она тилида ёзмайди.
Тил ҳақидаги билим, унинг бойлиги, ўзига хослиги ва қонуниятларидан ҳам кўра эндиликда поэтик сўқмоқлар ва фигураларни билиш кўпроқ таназзулга юз тутди. Ҳозир уларни ғайришуурий ҳолда, кўр-кўрона қўллашмоқда, зеро, ўз шеъри ёки насрий асаридан бирор парчани унинг матнида қўлланилган риторик фигураларни аниқ номлаб ва кўрсатиб, таҳлил қилишга қодир муаллиф йўқ, деб бемалол айтиш мумкин. Агар буни унинг иштирокида қилинса борми, бўлғуси нонга қўшиладиган барча таркибий қисмларни илмий атамалар билан бирма-бир санаб чиқишга қийналган хамир қораётган хотиннинг ҳолига тушиб, довдираб қолиши ҳам ҳеч гапмас. Нон-ку, печдан четлари қизариб, бўрсилдоқ бўлиб пишиб чиқди, аммо яхши ва мазали нон ёпиш учун кимёни билиш зарур бўлмаса, унда ёзувчилар ҳам риторикани билиш ҳеч кимга поэтик қанот бағишламайди, дейишлари мумкин-да.
Албатта, бу ўринда риторик атамашуносликни эслаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, бинобарин, грамматикада энг оддий жумлаларнинг дабдабали ва чалкаш тасвирига дуч келганимизда, уларнинг схоластикага ўхшаб кетадиган номлар ва таърифлар билан бўяб-бежаб ташланганини кўриб, тепа сочимиз тикка бўлгани каби, уям кўнгилни беҳузур қилиши турган гап. Аммо қачонлардир ёзувчилар бундан чўчимаган ва уларнинг барчаси риторика мактабини ўташган. Риторика мавжуд бўлган давр, яъни эрамиздан аввалги V асрдан бошлаб, қадимги замон, ўрта асрлар ва янги давр адиблари деярли то бугунги кун бўсағасига қадар, сўз санъатини нафақат қонун-қоидалар ва мисоллар ёрдамида, балки стилистик “усул”ларнинг ҳар қандай турига хос эстетик, эмоционал ва интеллектуал таъсир кучининг таҳлили асосида ҳам ўрганишган. Масалан, Петрарка “дунёи бевафо”ни ифодалаш учун ёзувчи ихтиёридаги тўрт юзга яқин истиорани санаб ўтган. Беихтиёр Гвидо Ренининг қуйидаги сўзлари эсга тушади: “Менга Мария Магдалинанинг кўзларидаги ўкинч ва итоаткорликни ифодалашнинг юзта усули маълум”. Гвидо Рени ким, Петрарка ким бўлган, буни биламиз. Модомики, рассомда касбий беҳаёлик ва ўз маҳоратига бўлган ишонч сўзлаган бўлса, шоир ўзининг кўп ишлатилган, сийқаси чиққан ва шу боис бефойда истиора, мажозлар қайдига бағишланган иш кунларидан бирига разм солишимизга изн берган.
Ҳар бир ёзувчи ўзининг ранги ўчиб кетган сўз нақшлари сақланадиган намиққан, димиққан қазноғини вақти-вақти билан шамоллатиб, ҳавосини янгилаб турмоғи лозим. Улар ҳар бир жумла атрофида ўжарлик билан гир айланиб, “қўлга илиниб олиш” учун эътибор сусайиши ёки ҳорғинлик дақиқаларини кутадилар. Кунда ишлатиладиган сўзлашув тили, бу – истиораларнинг улкан гербарийсидир, қачонлардир уларнинг ҳам ўз баҳори бўлган, энди эса уларни энг оддий иборалардан ҳам фарқлолмайсан ёки шарти кетиб, парти қолганини кўриб қўрқиб кетасан, киши.
Истиора тилнинг шу қадар ажралмас қисмига айланганки, агар уни бирдан олиб қўйилса борми, одамлар бир-бирларини тушунолмай қолишарди. Стол оёқчаси, кўзанинг оғзи (бўғзи), калла қанд, банд, даста, тутқич, соп (ниманики бўлмасин), дарёнинг қуйилиш жойи, шишанинг оғзи, тоғ этаги – шунга ўхшаш истиора, мажозларнинг образлилигини эндиликда деярли ҳеч ким ҳис қилмайди, инсон танаси антропоморфизацияни оқламаган предметларга ўзининг қисмларини улашиб берган. Бу жараён узлуксиздир: бир-биридан жуда узоқда бўлган икки предмет сал-пал ўхшаш бўлдими, уларнинг сўзда бир бутун бўлиб қўшилиши учун шунинг ўзи кифоя. Ҳиндуларда худди ўша сўзнинг ўзи бир неча: шох, бутоқ, новда, елка, қуёш нури, сочлар ва ёл маъноларини англатади. Ананас инглизчада pine-apple, яъни “қарағай олмаси” деб аталади – биргина сўзда бутун бир эртак мужассам. “Юрмоқ”, “бормоқ” феъли бир қарашда фақат одам билан чамбарчас боғлиқдек туюлади, аммо ҳаракатланишга қодир бўлган барча нарсаларни қамраб олган. Бу жараёнларга изоҳларни анимизмдан, ибтидоий диндан қидиришган, улар эса янги сўзларни яратишдаги тежамкорлик билан изоҳланади. Истиора сўз ижодкорлигига ёрдам кўрсатади – сўз ижодкорлиги истиорасиз янгидан-янги сўзларни узлуксиз ясашга дучор бўлган ва инсон хотирасини ҳаддан ташқари юк билан оғирлаштирган бўлар эди.
Аммо инсонда тил яратувчиси сифатида яна нимадир ҳаракатда бўладики, уни поэтик инстинкт деб аташ мумкин. Одамзод Аристотелнинг zoon politikon – ижтимоий ҳайвон деган таърифига сазовор бўлгунга қадар, аллақачон zoon poietikon – поэтик ҳайвон деб аталиш ҳуқуқигача ўсиб борган эди. Бойўғли (тунда ишлайдиган одам) билан инсон руҳининг муайян ҳолатини биринчи бўлиб илғаган ва бу ўхшашликни “уйқусираган”, “ланж”, “карахт” сифатларида дадил парабола билан абадий муҳрлаган ким? Кимнинг масхараомуз кулгиси “бужмаймоқ”, “тиришмоқ”, “ҳурпаймоқ”, “диккаймоқ”, “донг қотиб қолмоқ” феълларида умрбод қотиб қолган? Ким у, “ғазаби қайнамоқ”, “нафис қилиб йигирмоқ”, “миясига (қулоғига) қуймоқ” ибораларидаги ғайриоддий ассоциацияларни кўчма маънода боғлаб, бириктириб қўйган? Ким турли соҳаларга оид икки ҳиссий-зеҳний идрокни бир бутун қилиб бирлаштириб, Рибо l ‘audition coloree – эшитиб ранг сезиш қобилиятига эга деб билган шоирлардан олдинроқ “истеҳзоли овоз” ҳақида сўзлай бошлаган? Осмонда учиб бораётган турнани тўхтатиб, унга қудуқ тепасида энгашишни буюрган ким? Биз буларни ҳеч қачон билмаймиз. Поляк тилида юз берган англашилмовчилик туфайли sedziwy (оқ, оппоқ, соч-соқоли оқарган) сифати пайдо бўлгунга қадар, бу сўз szedziwy (қиров билан қопланган) шаклида тўғри янграр эди, кексаларнинг оппоқ соч-соқолли бошларини эса қишдаги қиров босган дарахтларга ўхшатишарди. Полякча zgryzota (хафагарчилик, ғам-ташвиш) сўзида gryzc (ғажимоқ, кемирмоқ; қийнамоқ) феъли, troska (ғамхўрлик, безовталик) сўзида эса trzaskac (очкўзлик билан кўп емоқ, ичмоқ; урмоқ, муштламоқ, қоқмоқ) феъли мужассамдир. Худо, бой, камбағал полякча zboze (жавдар, дон, ғалла, нон) сўзи билан осмон, ер ва инсон тақдир-қисматини ўзаро боғлаб турадиган истиоралар занжирини ташкил этади. Шоирлар пайдо бўлиб, ўз юракларининг қон билан боғлиқ сирлари ҳақида сўйлаб беришгунларига қадар, номаълум даҳо икки тушунчани бир неча тилларда битта сўзга: азоб, машаққат, дард ва эҳтирос, иштиёқ, ишқибозлик (Passion, Leidenschaft (нем.) бирлаштирган ва, Сикстина Йеҳовасига ўхшаб, биргина имо-ишора билан қоронғилик қаъридан инсоний ҳис-туйғуларнинг буюк бир оламини чорлаб, чақирган.
Истиораларда халқ руҳи ўзининг янаям чуқурроқ ифодасини топади, улар ирқлар ва қабилаларнинг ҳис қилиш ҳамда тафаккуридаги тафовутни ҳамма нарсадан ҳам кўра тўғрироқ ва ҳаққонийроқ тасвирлайди. “Материя” фалсафий атамаси лотинчада дарахт, ёғоч, ёғоч-тахта маъноларини англатади ва таржимада грекча hyle, худди шундай французча bois ҳам ўрмон, ёғоч, ёғоч-тахтани билдиради. Бироқ худди ўша фалсафий тушунча – материяни ҳинд фалсафаси бутунлай бошқача мажозда: “дала”ни англатадиган сўз орқали ифодалайди. Мазкур икки сўзни бир-бири билан таққослаш орқали икки турли дунёқараш ва маданиятлар тарихини англаш мумкин.
Денгизчи дунёга кема мачтаси тепасидан қарайди, овчи эса унга ёввойи (йиртқич) ҳайвонлар сўқмоғи бўйлаб, ўрмон чакалакзорлари оша ўтиб боради, деҳқон учун дунё ўзининг дала ва боғлари яшнаб ётган уфқ сарҳадининг аниқ чизиғига туташиб кетади. Инсон фаолиятининг мана шу барча энг қадимий манзаралари тилда истиоралар шаклида қайд қилинган, улар орқали аллақачонлар унутилиб, йўқ бўлиб кетган ландшафтлар, ижтимоий муносабатлар, меҳнат қуроллари, урф-одатлар, бидъатлар қайта намоён бўлади. Шарада (топишмоқнинг бир тури – тарж.) ва ребусларни ечганда қандай завқлансак, тилшунослик бизга мана шу истиоралардан худди шундай баҳраманд бўлишимизда ёрдам беради, аммо кундалик истеъмолдаги тил қачонлардир ранг-баранг, ёрқин ва гўзал бўлган ушбу истиораларни аллақачон эзиб, янчиб, майдалаб, рангсиз, нурсиз, саёз ва сийқа ибораларга айлантириб юборган. Бироқ уларнинг кўпчилиги, масалан, “экинзор”, “дала”, “соҳа”, “тармоқ” ва ҳ. к. ҳали ҳам ўзларининг мажозийлигини буткул йўқотганича йўқ, улар газета тилида ва жўн сўзамол тилда ҳамон тез-тез учраб туради. Худди шундай фикрни “шох”, “бутоқ”, “новда”, “тўлқин”, “оқим”, “фарватер” хусусида ҳам айтиш мумкин. Ҳар бир давр тил заҳираларига бир ҳовуч янги маъноли истиораларни қўшиб боради. Бу жиҳатдан, айниқса, бюрократия сермаҳсулдир: унинг “шарофати” билан ҳатто “нуқта” – фазонинг ҳеч қандай ўлчовга бўйин эгмайдиган зиғирдеккина зарраси – забт этишга шайланиб, ҳаётнинг улкан ҳудудларини ўзига бўйсундиришга эришди. Эндиликда “фронт”, “парча”, “пост”сиз иш битмайди, “платформа”, “нуқтаи назар”, “омил”, “мотор”, “унсур”, “блок”, “соҳа”, “ҳудуд” эса башарти пала-партиш қаламга дуч келиб қолса борми, ҳар бир жумлани қуртдай кемириб, уни маънодан (агар бўлса) маҳрум қилади.
Бир вақтлар дадил, янги, тиниқ ва ёрқин бўлган нарсаларнинг вақт ўтиши билан сийқаси чиқиб, чидаб бўлмас даражага етишини кўриш ачинарли ҳолдир. “Гулларнинг нақшдор гилами”, “зумрадранг майсазор”, “осмоннинг кўм-кўк ранги”, “марвариддек инжу кулги”, “дув-дув оққан кўз ёшлари” ўзларининг олижаноб шажараларини бемалол далил қилиб келтириб, йўқотилган ёшликларини эслаб, хўрсиниб олишлари мумкин эди, аммо ҳозир агар масъулиятсиз қаламга дуч келиб қолгудай бўлса, бутун бир саҳифага эски қазноқнинг димиққан, намиққан ҳидини ёйиб юборган бўлишарди. “Табиат қучоғи” бола-чақасини якшанба кунлари шаҳар ташқарисига сайрга олиб чиқадиган оила бошлиқларини тинч қўймайди, кечиккан баталистлар асарларида ҳамон “ҳақиқий ўқлар ёмғири ёғилади”, “вақт оқими” эса ҳаттоки парламент нотиғини ҳам кулгили ҳолатга солиб қўйишга қодир: немис нотиғи қуйидаги жумла билан абадий юмор китобига “ярқ” этиб кириб қолган экан: “Бир қанча кўз ёшларга тасалли берган вақт оқими, бу ярани ҳам тузатади”. Польша сейми стенографи бўлиб ишлаган Кароль Ижиковский шунга ўхшаш ажойиб-ғаройиб гапларни қунт билан тўплаб юраркан, агар улар сақланиб қолганда эди, биз бугун нотиқлик сўзамоллигининг тутуриқсизлигига доир ажойиб тўпламга эга бўлган бўлардик.
Оддий, ўртамиёна одамлар бир хилда ўйлайдилар ва ҳатто бир хилда ҳис қиладилар. Бу ўртамиёна нотиқлар ва ёзувчиларга ҳам тааллуқлидир. “Аёлни гулга қиёс этган биринчи одам, – деб ёзганди Ҳайне, – улуғ шоир, буни иккинчи бўлиб қилган эса оддий каллаварам эди”. Флобер сийқаси чиққан гапларнинг қизиқ ва бир оз ваҳимали луғати – “Сийқа фикрлар лексикони”ни тузган. Аслида ҳар бир тил учун худди шундай луғат тузилиши фойдадан холи эмас, чунки у адабиётчиларга имло луғатларидан ҳам кўра зарурроқ, негаки имло тўғрисида мусаҳҳиҳлар ғамхўрлик қилишади.
Ҳатто яхши ёзувчилар учун ҳам баъзан истиорани уддалаш қийин кечади. Мана масалан, Флобернинг “Бовари хоним”ида шундай бир жумла бор: „Quand elle eut ainsi un peu battu le briquet sur son coeur sans en faire jaillir une etincelle…“ (“Аёл чақмоқтошни уриб, юрагидан олов чиқармоқчи бўлган эди, ундан биронта ҳам учқун чиқмади…”). Мана шу “чақмоқтошни уриб, юрагини ёндириш”дан ҳар қандай насрий саҳифа ҳам уялиб, хижолат тортган бўларди. (Матнда battre – урмоқ, муштламоқ – ҳаракатни кучайтиради: чақмоқтош ва унга урилаётган пўлат кўриниб турибди).
Охирги мисолдан касб сирларини ойдинлаштириш учун нега айнан истиорани танлаганимни тушунса бўлади. Истиорада турли хатарлар пинҳон яширинган бўлиб, улар: ё сийқаликнинг бадбўй ҳидини тарқатиши ёки тутуриқсизликка ҳам олиб келиши мумкин; бундай маккор сўз безакларига нисбатан меъёр ва нафосатни сақлай олиш учун маромни билиш, ақл ва дид керак бўлади. Истиораларсиз иш битириш қийин, тўғрироғи, мумкин эмас. Муқоясаларсиз, айниқса, насрда амаллаш мумкин, ҳатто уларни онгли равишда ва муваффақият билан четлаб ўтса ҳам бўлади – агар янглишмасам, Дюамелни бунга ажойиб мисол сифатида келтириш мумкин, – аммо истиорадан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Турган гапки, у инсон ақлининг туғма эҳтиёжига жавоб беради ва ундан савқи табиий тарзда фойдалангандан кўра, яхшиси уни онгли равишда қўллаган маъқул. Кимки савқи табиийлик фикр­лар, образларга тўла, ўзининг эса бой тажрибаси бор, дунёни ва одамларни билади, шунинг учун унга сўз устида ишлаб, ўзини уринтиришнинг кераги йўқ, чунки сўз “гапга киради” ва уларнинг сир-синоатлари, ҳаёти, тараққиёти ва тилда бажарадиган хизматлари ҳақида чуқур ўйлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ дейдиган бўлса, буларнинг барчаси ижодкор ёзувчилар учун эмас, балки фақат манфур лингвист учунгина яхши, – кимки шундай ўйлар экан, у ўзини ночор аҳволга солиб қўйиши муқаррар ва унинг ёзган китоблари эски латта-путтадан ҳеч қандай фарқ қилмайди.
Баъзида у ёки бу ёзувчининг фахр билан шундай деганини эшитиб қоламиз: менинг китобларим, бу – адабиёт эмас! Агарда у олим, файласуф ёки сиёсий арбоб бўлса, шу йўл билан гўё ҳақиқатни гапириш ўрнига уйдирма, тўқима гапларни ёзибди, деган таъна-дашномлардан ўзини соқит қилмоқчи бўлади. Лекин агар шунга ўхшаш баёнотларни беллетрист ёки шоир берса, у гўё ўзининг ижодини камситиши мумкин бўлган ниманидир рад қилаётгандай таассурот уйғотади, демак, у ишга, услубга, айниқса, мукаммаллик сари интилишга қарши, бу эса мутлақо тушунарсиз ҳолдир. Гарчи мазкур боб шундай деб аталса-да, “касб” сўзи ҳам қандайдир ёқимсиз туюлади. Албатта, ҳар қандай санъатнинг асосида касб, ҳунар ётади ва уста, омилкор бўлолмайдиган одамгина буни тан олишни ҳам, касб-ҳунар ўрганишни ҳам хоҳламайди. Поль Валери бутун умр бўйи адабий касб сирларини тадқиқ қилди ва пировардида университетнинг поэтика кафедрасида сўз санъатининг майда-чуйда тафсилотларини таҳлил этиш билан шуғулланди. У бутун ҳаёти давомида қилган меҳнатлари туфайли чуқур билим, ақл-заковат ва юксак маданият даражасига эришди. Ёзувчи мактабдан, намуна сифатида олинган санъат асарларидан, музейлардан ва бошқа сўз санъаткорлари билан бўлган мулоқотлардан нимаики олган бўлса, булардан ташқари, ўз ижоди учун муҳим бўлган нарсаларни ўз шахсий характери, мижози, жўшқинлиги, иштиёқ, мойиллиги ва истеъдодидан – худди ўсимликлар озуқа шарбатини қандай олса, шундай олади: ҳар бир ўсимлик худди ўша тупроқдан ўзига керакли моддаларни олади. Рабиндранат Тагор ўзининг ғоят қизиқарли “Эсдаликлар”ида поэтик ўсимликларнинг илдизлари, поя, шохчалари, барг­лари ердан, ёруғликдан ва ҳаводан озуқа моддаларини олаётганда қандай ҳаракатланишларини кўрсатиб ўтган.
Ҳар бир ёзувчи қалбида кечинмалар, ҳис-туйғулар, ўй, хаёл ва фикрларнинг чексиз шкаласи пинҳон яширинган бўлади, уларнинг нафис ва нозик тебранишларидан пировардида шу нарса юзага келиб, маълум бўладики, ёзувчи уни ваҳий сифатида, ижодий жасоратга даъват сифатида қабул қилади. Ва энди ҳаммаси унинг ўз олдида очилажак йўлни тўла-тўкис, яққол ва равшан кўра оладиган лаҳзага – у бир соат, бир кун ёки бир йилга тенг бўлиши мумкин, – боғлиқ бўлади.

(Давоми кейинги сонларда)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi