Маҳмуд ТОИР ЕВРОПА САЁҲАТИ: ҲАЙРАТ ВА ШУКРОНАЛИК

mahmud_toir

Муқаддима ўрнида

Инсон ҳамма нарсадан ҳам кўра, ўзлигини билишга қизиқади. Билишнинг эса йўллари, усуллари кўп. Шулардан бири – саёҳатдир. Ўз навбатида саёҳатнинг ҳам турлари бисёр. Қизиқ бир китоб ўқисангиз – бу ҳам саёҳат. Дилбар куй-қўшиқ эшитсангиз – бу ҳам гўзаллик, нафосат оламига саёҳат. Набирангизни суйиб, эркалаб, шириндан-шакар сўзларини завқ билан тингласангиз – бу ҳам саёҳат, ёшликка, болаликка саёҳат.
Саёҳатлар ичра яна бир мароқлиси дунё кезиш, ўзга юртларни кўриш, бир сўз билан айтганда, жаҳонгашталик. Халқимизда “дунё кўрган”, “юрган – дарё, ўтирган – бўйра”, “кўп кўрган – кўп билади” деган иборалар бор.
Бу фикрларнинг тасдиғини 2016 йил Европанинг бир қатор мамлакатлари бўйлаб қилган саёҳатимизда яққолроқ кўрдим.
Шундай қилиб, Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмасига қарашли Агроахборот инновация маркази ташаббуси билан Қорақалпоғистон Рес­публикасининг Тўрткўл туманидан, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах, Наманган вилоятларидан жами 37 нафар фермер, тадбиркор Европадаги ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида сафарга отландик.
Аввало, шуни айтиш керакки, бундай саёҳат, тажриба алмашишлар, дунёга чиқиш бўйича яратилаётган имкониятлар мамлакатимизда фермерлик ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирларнинг бир қисми, холос.
Азиз ўқувчи, сизга тақдим этаётган бу саёҳат дафтаримни “Европа саёҳати: ҳайрат ва шукроналик” деб аташга жазм этдик. Бунинг сабаби иккита. Биринчиси – Европа бўйлаб қилган саёҳатимиз дастлабки дақиқаларидан бошлаб сўнгги сонияларигача ҳайратда қолдик, айни пайтда кўҳна қитъани бугунги кунда қамраб олаётган муаммоларни кўриб, жиндак хавотирга ҳам тушдик. Инсоният шунча машаққатлар билан эришган тараққиёт ютуқларидан эзгулик йўлида фойдалана оладими? Ҳозирги ривожланиш чўққисидан, худди лаънатланган Сизиф сингари, яна тубанлик сари юмалаб кетмайдими? Яқин Шарқ минтақасидаги нотинчликлар туфайли бу қитъага қочқинлар оқими бир зум тўхтамаяпти. Муҳожирлар билан маҳаллий аҳоли ўртасидаги зиддиятларнинг ўзи – яна бир ўткир муаммо. Бир пайтлар кўпчилик учун мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашуви борасида идеал – бекаму кўст тузилма бўлиб туюлган Европа Иттифоқи замонавий муаммолар олдида чок-чокидан сўкилиб бормоқда гўё. Ҳар қандай хавф-хатарни олдиндан сезиб, фурсат борида этагини йиғиб, эшагини йўрғалатишнинг ҳадисини олган Англия ҳукумати аллақачон Европа Иттифоқидан чиқиш ҳаракатларини бошлаб юборди. Бошқа томондан жаҳон иқтисодий инқирози янгитдан забтига олмоқда. Яна бир ёқдан глобаллашув жараёнлари маънавий-ахлоқий масалаларда янги-янги муаммоларни кўндаланг қўймоқда. Хуллас, Европанинг бошида минг бир муаммо, минг бир ғавғо, минг бир тўполон. Табиийки, яшил қитъа сари йўл олган оқили мардум фақат унинг хушрўй чеҳраси, сатанг қиёфаси ҳақида эмас, ана шу муаммолар тўғрисида ҳам ўйлайди. Чунки ҳеч ким кафил бўлолмайдики, эрта бир кун бизнинг бошимизга ҳам шундай савдолар айланиб келмагай, деб.
Ҳайратнинг боиси, ўйлайманки, Ғарб дунёсининг ҳозирги кундаги тараққиёт даражаси кимларни ҳайрат ва ҳаяжонга солмайди, дейсиз. Яна бир жиҳати юртимиз – Ўзбекистонимиз мустақил бўлиб, дунёни кезиш, Европанинг энг ривожланган мамлакатларида бошга дўппини дол қўйиб, кўкракни кериб юриш насиб этганидан ҳар қадамда кўнглимизда шукроналик туйғуси жўш урар эди. Тўғри-да, бундан 25 йил олдин Европада ўзбекни, Ўзбекистонни ким ҳам танир эди. Энди, қарангки, нафақат танийди, керак бўлса, ҳисоблашади ҳам. Бунга шукрона айтмай, бундан фахрланмай бўладими, ахир!
Иккинчи сабаб, улуғ устозлар тажрибаси бу борада ҳам менга қўл келди. Маълумки, буюк Алишер Навоий бобомиз “Хамса” асарининг биринчи достонини “Ҳайратул-аброр” – “Яхшиларнинг ҳайрати” деб атаганлар. Ҳақиқатан ҳам, бу олам илм-маърифат излаган зотлар учун ҳайрат ва ҳикмат масканидир. Айниқса, ўзга юртларга, олис қитъаларга ташриф буюрган одам ҳар қадамда ҳайратга, ажойиб ва ғаройиб воқеаларга дуч келади, кўрганлари бамисоли Искандарнинг машҳур сеҳрли ойнасида жилолангандек бўлиб туюлади.
Улуғ устозимиз Абдулла Орипов – жойлари жаннатда бўлсин – “Борлиқ гўзалликлар берару бизга, Эвазига фақат ҳайрат сўрайди” , деб ёзган эдилар. Ҳайрат – гўзалликка гўзал ва мантиқий жавобдир. Қалби пок ва гўзал инсонгина ҳайратланишга қодир. Ҳайрат – бу ҳар қандай мўъжизага инсоннинг муқобил, яъни адекват жавобидир. Келинг, қадрли журналхон, ҳайратларим ҳақида сўзлаб берайин, кўнгилнинг туб-тубидаги шукроналик туйғуларимни сиз билан баҳам кўрайин. Битикларимда ажиб ҳайрат ва таассуротлараро хавотирларим ҳам акс этган бўлса, ажабланманг. Чунки бу ҳаётда ҳамма нарса – яхшию ёмон, иссиғу совуқ, пасту баланд доимо ёнма-ён юради.

КЎКДАГИ ТААССУРОТЛАР

Икки соатдан кейин ўриндиғим ёнидаги ойнадан пастга қарадим, зумрад либосдаги беҳудуд денгиз кўринди. Борт кузатувчисидан сўрадик, Каспий денгизи экан. Денгиз усти оппоқ ўркач-ўркач булутлар билан қопланган. Бу манзарани кўриб, беихтиёр олам оқ парда остида экан, деган хаёлга борасиз. Балки, шу оппоқ булутлар ерга, инсонлар қалбига поклик улашиб тургандир.
Одамзод юксакликни хуш кўради. Аммо, дангал гапни айтадиган бўлсам, узоқ вақт ердан баландда учиш киши дилига бироз ваҳима солар экан. Яратган эгам учишни қуш зотига, ерда юришни эса инсонга раво кўргани бежиз эмас. Ҳар кимга, ҳар жонзотга ўзининг макони буюрсин экан. Одам учун киндик қони томган муқаддас тупроққа оёғи тегиб туришидан ортиқ бахт йўқ экан.
Ҳаш-паш дегунча бепоён Каспий денгизи ҳам ортда қолди. Энди пастда Озарбайжон ўлкаси, унинг теграсидаги шоирлар куйлаб ўтган Кавказ чўққилари кўзга ташланади. Қизғиш тоғ кенгликлари гўё қум тоғларига ўхшайди. Номига бўлсин, биронта дарахт ё бута, аҳён-аҳёнда чўпонларнинг қўй-қўзилари, қўралар кўзга ташланади.
Соат милларига қарайман, ўн иккидан ўн дақиқа ўтибди. Осмон тип-тиниқ, қуёш чарақлаб турибди. Олам яна оқ булутлар остида қолди. Денгизни кўкдан кузатар эканман, Яратганнинг қудратига яна бир бор иймон келтирдим. Қанчалар чексизлик, қанчалар улуғворлик, қуёшли, сокин ҳавода денгиз ҳам осуда тин олмоқда. Аммо унинг тубида не сиру синоатлар борлиги ёлғиз Ўзига аён.
Йигирма беш йил аввал кимдир, бир кун келиб Тошкентдан тўғри Италия пойтахти Римга учадиган бўламиз, деса, “Бор, бу чўпчагингни бошқага айт”, деган бўлардим. Аммо мустақиллик ана шу чўпчакни ҳақиқатга айлантирганига нима дейсиз?
Биз истиқлол йилларида туғилиб вояга етаётган ёшларимиз ҳақида ҳамиша фахрланиб гапирамиз. Самолётимизда хизмат кўрсатаётган стюардесса қизлар тимсолида буни янада ёрқинроқ кўрдик. Улар ўзбек, рус, инглиз тилларида шу қадар равон, самимий ва ёқимли гапирардики, эшитиб, ҳақиқатан ҳам ёшларимизнинг камолидан қувонасиз. Улардан бирини суҳбатга тортдим.
Хуршида Ҳасанова, 27 ёшда. Асли Қарши шаҳридан. Ҳозир Тошкент шаҳрида яшайди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Уч тилни пухта билади. Тарих, география фанларидан яхши хабардор. Қатъиятли, ўзига ишончи мустаҳкам. Оилада уч опа-сингил экан, барчаси олий маълумотли, замонавий касб эгалари. Отаси Баҳриддин ака Ҳасанов – илм-фан фидойиси, профессор. Онаси ҳозирги кунда уй бекаси экан.
“Сафимизда ўзбек қизлари кўп, – дейди Хуршида мамнуният билан. – Стюардессаликка жиддий танлов асосида қабул қилишади. Қўшнимиз учувчи эди. У кишига ҳавасим баланд бўлган. Бахтлиман, болалигимдан кўкда парвоз қилишни орзу қилардим, мана, ниятимга етдим. Ҳозирги кунга қадар дунёнинг ўттиздан зиёд давлатида бўлдим. Турфа одамлар, турфа мамлакатлар, ҳар бирининг иқлими, табиати, шаҳарлари, одамлари ўзига хос. Кўриб ҳайратланаман, завқланаман. Аммо бир кун ўтмасдан Ўзбекистонимизни соғинаман. Боиси – дунёнинг бирон жойида биздагидек ўзбекона лутф, самимият, бағрикенглик, меҳмондўстликни учратмаймиз. Назаримда, ҳамюртларимиз қалбида Ўзбекистон қуёшининг тафти бордек. Уларнинг истараси бошқача бир иссиқ. Киндик қоним тўкилган тупроқ, оилам, ота-онам… Бир сўз билан айтганда, мен юртимдаги меҳрни соғинаман, муҳаббатни соғинаман. Бирон-бир ўлканинг табиатини, иқлимини, одамларини ўзимизникига ўхшатолганим йўқ. Она Ватан туйғуси, тушунчаси шулардан ҳосил бўлса керак-да!”
Хуршиданинг самимий сўзлари бутун Ўзбекистон ёшларининг сўзлари бўлиб туюлди менга.
Мана, ниҳоят, Италияга етиб келдик. Самолётимиз Римнинг Леонардо да Винчи номидаги аэропортига қўниш учун оҳиста пастлаб боряпти.
Пастлаганимиз сари Италия замини ўз гўзаллигини янада яққол намоён этарди. Ям-яшил водийлар, бепоён ғаллазорлар, турфа дарахтларга кўмилган қир-адирлар… Таърифига тил ожиз. Экинзорларнинг чор тарафи ҳам дарахтлар билан ўралган. Биноларнинг барчаси кўп қаватли. Беихтиёр одамлар кўп қаватли уйларда яшаб, деҳқончилик қиларкан-да, деган ўйга борасиз. Бири бирига туташ бепоён ва қалин арчазорлар ҳам ақлни шоширади. Хуллас, ҳайратга муносиб гўзаллик.
Бизнинг Самарқандимиз каби дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан ҳисобланмиш Рим бизга пешвоз чиқаётган эди. Қарийб етти соатлик парвоздан кейин “Боинг-759” самолёти Рим тупроғига оҳиста қўнди. Дилларда шукрона, тилларда хуш калом…

БОҚИЙ ШАҲАР

Мана, буюк тарих ва маданият мужассами бўлган Рим шаҳридамиз.
Аксарият юртдошларимиз телевизордаги кўрсатувлари орқали жаҳоннинг кўплаб шаҳарлари ҳақида бирмунча тасаввур ҳосил қилишган. Аммо чет элга чиқиб, хорижий шаҳар тупроғига қадам қўйиш, у ердаги ҳаётни кўз билан кўриш мутлақо бошқача таъсир қилади, албатта. Аввало, ўзга юрт ҳавосидан нафас олиш, унинг тузини еб, сувини ичиш қалбингизда меҳр уйғотади ва бу диёрга ўзгача нигоҳ билан қарай бошлайсиз.
Рим ўзининг неча минг йиллик тарихи давомида не-не синов ва офатлардан омон қолган, қанчадан-қанча босқин ва хуружларга дош берган, ҳар бир ғишти, биноси, кўчасида бутун бир тарих мужассам бўлган шаҳар.
Аэропортда бизни Агроахборот инновация марказининг Латвия давлатидаги ҳамкорлари ўша юртдан келтирилган автобусда кутиб олишди. Мана, бизга ажратилган меҳмонхона томон кетиб боряпмиз. Рим кўчалари, бу ернинг фусункор табиати, дов-дарахтлари бизни мафтун этди.
Режамизда дастлаб Римнинг ўзини ва Ватикан давлатини кўриш кўзда тутилган.
Мана, гид – йўл бошловчи ҳамроҳлигида Рим шаҳри кўчаларидамиз. Биринчи тасаввурдаёқ Рим – тош шаҳар, деган таассурот пайдо бўлади. Римликлар қадимий асори-атиқалар, тарихий биноларнинг ҳар бир ғиштини кўз қорачиғидек асрайди. Мабодо эски иморатлар ўрнига янгисини қуришга тўғри келиб қолса, жуда бўлмаганида ўша бинонинг бир устуни ёки пойдеворини, жиллақурса, бир дона тошини қолдириб, унинг бир четига қайси даврга мансублигини ёзиб қўяр экан.
Яна бир эътиборга молик жиҳати шуки, кўпқаватли уйларнинг балкони – пешайвонида аксарият ҳолларда тувакда гул ўстирилар экан. Гул бўлганда ҳам бир-бирини такрорламайдиган ранго-ранг, нафис гуллар. Римда бундай хонадон соҳибларини эъзозлаб, “Яшил бармоқлар”, деб аташар экан. Ривоят қилишларича, машҳур рус мумтоз ёзувчиси Николай Гоголь Римга сафар қилиб, унга мафтун ва маҳлиё бўлганини ифода этиш учун бундай лутф қилган экан: “Римда аввал йўқолиб қолиб, кейин топилиш керак”.
Шаҳар ҳудудида энг кўп экилган ва ўзига хос салобат бағишлаб турадиган дарахт дим қайинидир. Уларга жуда чиройли шакл берилган. 10-15 қулоч, ҳатто 20 газ баландликдаги қайиннинг тепа қисми соябонни эслатади. Унга қадар биронта шох-шабба йўқ. Кўриб завқ оласиз, кўзингиз қувнайди.
Қадимги Рим кўчалари тор-тор эди, тўрт қаватли уйларнинг охирги қаватида ижара ҳақи жуда қиммат турар экан. Римликларда ўзига хос бир қисмат бор экан: “Сен мени кўрмаяпсан, мен эса тепадан туриб сени кўряпман”. Хуллас, юқори қаватда яшаш обрў ҳисобланар экан. Кўҳна Римда энг баланд иморатлар 4–5 қават, холос.
Ўқувчиларимизнинг ҳаммаси ҳам кўҳна Рим ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмаслигини ҳисобга олиб, қадимий шаҳар тўғрисида бироз маълумот беришни лозим топдик.
Ривоятларга кўра, Рим шаҳрига милоддан аввалги 754–753 йилларда ака-ука Ромул ва Рем томонидан асос солинган.
Манбаларда милодгача бўлган VIII–VI асрларда Римда ҳукмронлик қилган 7-подшоҳ ҳақида баъзи бир маълумотлар қайд этилган. Сўнгги подшоҳ Тарквиний Такаббур қувилгач, милоддан аввалги 510–509 йилларда Римда республика тузуми ўрнатилган.
Милоддан аввалги III асрга келиб ҳозирги бутун Италия ҳудудини ўзига тобе этган Рим йирик давлатга айланган.
Италия пойтахти Рим шу номдаги провинция ва Лацио вилоятининг маъмурий маркази бўлиб, шаҳар бир пайтлар вулқонлардан ҳосил бўлган тепаликда, Тибр дарёсининг ҳар икки соҳилида, у Тиррен денгизига қуйиладиган ерда жойлашган.
Италияда аҳолисининг нуфуси ҳозирги вақтда 50 миллионни ташкил этади. Римда эса 5 миллион одам яшайди. Иқлими Ўрта ер денгизига хос. Январь ойида ўртача ҳарорат 6,8, июль ойида эса 26 даражада бўлади.
Рим мамлакатнинг муҳим иқтисодий, молиявий, илмий ва маданий маркази ҳисобланади. Италияда энг йирик транспорт йўллари ҳам шу ерда туташади. Шаҳарда иккита халқаро аэропорт бор. 1927–1938 йилларда метрополитен ишга туширилган.
Шаҳарда маъмурий бошқарув ва ҳукумат идоралари, сиёсий партияларнинг марказий органлари, йирик банклар, савдо ва суғурта компаниялари, хорижий фирмаларнинг офислари, халқаро ташкилотларнинг қароргоҳлари жойлашган.
Табиийки, бу улкан шаҳардаги маданий-маърифий бинолар ҳам ўзига хос. Жумладан, Миллий Рим музейи, Ватикан музейлари, Миллий галерея, опера ва драма театрлари, консерватория, расадхона, 1303 йилда бунёд этилган университет, академиялар, илмий муассасалар, кутубхоналар доимо сайёҳлар эътиборида.
Меъморий ёдгорликлар шаҳарнинг 3 минг йиллик тарихини, унинг мураккаб тақдири ва бетакрор қиёфасини акс эттириб туради.
Қадимий Рим меъморий ёдгорликлари, жумладан, Форум, Колизей, Пантеон каби жаҳонга машҳур обидалар, Уйғониш даврига мансуб ва барокко услубида барпо этилган иншоотлар Римнинг афсонавий қиёфасини асрлар давомида безаб келмоқда.
Илк Уйғониш – Ренессанс даврида меъморлик равнақ топди. XVI–XVII асрларда барокко услубига хос тамойиллар такомиллашди. Иншоотларнинг кўламдор ва улуғвор, серҳашам бўлишига аҳамият берилди. XVIII аср ўрталарида Рим меъморлигида классицизмнинг илк намуналари юзага келди. Кўча ва майдонлар классицизм руҳига мослаб реконструкция қилинди. Кейинчалик XX асрга келиб, замонавий услубда бинолар қурила бошланди.
Римга бир йилда 3 миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюради.
Рим ҳақида гап кетганда, беихтиёр кўз ўнгимизга Рим папаси ва Ватикан давлати келади, албатта. Не бахтки, дунёдаги энг митти давлат бўлган Ватиканни кўриш насиб этди. Бу мўъжаз давлат ва унинг ўзига хос идора усули, сиёсати, мафкураси, тарихи, дунёга кўрсатаётган таъсири ҳақида истаганча гапириш мумкин. Лекин мен ўз кечинмаларимни шеърий сатр­ларда ифода этмоқчиман:

Римда юрдим пиёда, хуррам,
Тилга кирди минг йиллик тарих.
Гўзал экан бу кўҳна олам,
Бунда тошлар – тирик муаррих.

Энди, рухсатингиз билан, Ватикан ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсам. Ватикан – Италия пойтахти Римнинг ғарбий қисмидаги Монте-Ватикан тепалигида жойлашган мустақил шаҳар-давлат. Католик черковининг сиёсий, маъмурий ва мафкуравий маркази, унинг бошлиғи – Рим папаси қароргоҳи шу ерда жойлашган. Шаҳарнинг қарийб ҳамма томони тошдевор билан ўралган. Майдони 0,44 квадрат километрдан иборат. Доимий аҳолиси 1 миллион кишига яқин. Ватикан фуқаролари 800 кишидан сал зиёд. Расмий тиллари лотин ва итальян тилларидир.
Ватикан – чекланмаган теократик монархия шаклидаги давлат. Конституциявий ҳужжатлари 1929 йилда қабул қилинган. 1996 йил февралда папа Иоанн Павел Иккинчи томонидан чиқарилган янги Конституцияга мувофиқ у, одатда, кардиналлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан, овозларнинг учдан икки қисмига эга бўлган тақдирда, кардиналлар ҳайъати томонидан 1389 йилдан буён умрбодга сайланади. Олий қонун чиқарувчи, ижрочи ва суд ҳокимияти папанинг қўлида. Айни пайтда у Рим католик черкови бошлиғи ҳамдир.
Рим папаси Иоанн Павел Иккинчи 264-папа бўлиб, 1978 йил 16 октябр­да сайланган. Бу кун Ватиканда миллий байрам сифатида нишонланади. Иоанн Павел Иккинчи 2005 йил, 2-апрелда вафот этган.
Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, илк ўрта асрлар даврида Ватикан Рим папаларининг турар жойи, 1377 йилдан бошлаб эса доимий қароргоҳидир. VIII асрдан бошлаб эса Ватикан черков давлати сифатида мавжуд. 1870 йилда Италия ҳудудларининг бирлашиши муносабати билан Ватикан Италия қироллиги таркибига қўшиб олинган. 1929 йилда папа билан Италия ҳукумати ўртасида имзоланган Патеран битими натижасида Ватикан давлати қайта тикланди ва 1929 йил 11 февралда мустақил давлат сифатида тан олинди. Католик черковининг халқаро маркази сифатида Ватикан дунёнинг кўпгина мамлакатларидаги ижтимоий ҳаётга таъсир ўтказади.
Ватиканнинг Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик муносабатлари 1992 йил 17 октябрда ўрнатилган.
Давлатнинг иқтисодий негизини капитал маблағлардан тушадиган даромадлар, миллий католик черковларнинг бадаллари, диндорларнинг эҳсонлари ташкил этади. Ватикан дунёнинг йирик саноат-молия монополияларидан биридир (унинг олтин-валюта ҳажми 12 миллиард АҚШ долларидан ортиқ деб баҳоланмоқда).
Ватикан дунёдаги бир қанча нуфузли компания ва банкларнинг акцияларига эга. Италия, Буюк Британия, Швейцария, Франция, Испания, шунингдек, АҚШ, Лотин Америкаси мамлакатларидаги саноат корхоналарига қўйилган сармоялардан катта фойда олади. Италия, Германия, Испания ва бошқа мамлакатларда катта ер майдонлари Ватиканга қарашли.
Хорижий сайёҳлик ва почта маркалари чиқариш, эсдалик совғалари сотиш ҳам Ватиканга кўп даромад келтиради. Пул бирлиги – итальян лираси. Ватикан ўзининг расмий нашрлари, телеканалларига эга.
Илк ўрта асрларда вужудга кела бошлаган Ватикан маъмурий мажмуасига XV–XVI асрларда яратилган кўпдан-кўп иншоотларни ўз ичига олади, Ватикан сарой ансамбли (майдони 55 минг кв.метр) ҳам шунга киради. Деворлари Б.Микеланжело, П.Перужино, С.Боттичелли, Д.Гирландайо каби буюк рассомлар ишлаган расмлар билан безатилган Сикстин капелласи, Беато Анжелико картиналарига тўла Николай V капелласи, Рафаэль сайқал берган пешайвонлар ва заллар, кўзни қамаштирадиган кутубхона ва музейлар бу даргоҳнинг ноёб дурдоналари ҳисобланади.
Рим оқшоми – сеҳрли оқшом. Ранг-баранг чироқлар кўзни қамаштиради. Ҳар бир бинодан асрлар садоси келаётгандек бўлади.
Сафарнинг иккинчи кунини меҳмонхонада нонушта қилишдан бошладик. Римликларнинг нонуштаси ҳам ўзига хос. Таомлар, ширинликлар, сут маҳсулотларининг тури кўп. Тонгда ҳам истаганингизча ҳўл мева тановул қилишингиз мумкин.
Нонуштадан кейин автобусга ўтириб, Италиянинг Турин шаҳрига йўл олдик. Римдан Турингача бўлган масофа 500 километрни ташкил этади.
Албатта, ҳамроҳларимиз кўпни кўрган фермер, тадбиркор ва ишбилармон инсонлар. Бир сўз билан айтганда, гапини билиб гапирадиган, ишини дўндирадиган одамлар. Уларни унча-мунча нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди.
Биргина мен – дунё кўришни ихтиёр этган, оддий майсадан ҳам ҳайратга тушадиган ижодкорман. Буни қарангки, Оллоҳ раво кўрса, мендек одамнинг хизмати ҳам шундай салобати зўр одамларга асқотаркан. Дастлаб автобусда чор-атрофга маҳлиё бўлиб, кўнглининг ярми уйида, бола-чақасида бўлиб кетаётган сафардошларимни нима биландир овунтириш, вақтини чоғ қилиш учун микрофонни қўлга олдим. Билганимча шеър ўқидим.
Халқимизда “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас”, деган нақл бежиз айтилмаган. Биз ҳам она юртдан узоқда ҳар бир нарса, воқеа-ҳодиса, ўқиган шеър, айтилган қўшиқ тимсолида Ватанни қайтадан кашф этардик.
Автобусимиз соатига 100 километр тезликда йўл босиб, елиб борарди. Сўл томонимизда Ўрта Ер денгизи ястаниб ётибди. Денгизга қараб ҳам ҳайрат, ҳам хавотир қалбни чулғайди. Яқин Шарқ мамлакатларидан Европага етиб олиш умидида йўлга чиққанларнинг қанча-қанчаси ана шу тўлқинлар қаърига ғарқ бўлиб кетган эмасми?
Денгиз соҳилига маҳобатли ва гўзал бинолар қурилган. Кўнгилли ҳордиқ чиқариш учун неки зарур бўлса, барчаси муҳайё. Табиийки, биз ўзбекистонликлар учун денгизни яқиндан кузатиш жуда мароқли. Йўллар ниҳоятда равон, юрган сари юргингиз келади. Автобусда стакандаги чой тўкилмайди. Умуман, Европанинг барча шаҳарларида бу – одатий ҳол. Тасаввур қилинг, 12 кун мобайнида автобусимиз бирон марта бўлсин, қаттиқ силкинганига гувоҳ бўлмадик.
Йўлларнинг баъзи жойлари ердан баланд кўтарилиб, икки-уч қаватли кўприклар солинган.
Куз охирлаб бораётганига қарамай, чор-атроф кўм-кўк. Хазон тўкаётган дарахтлар кам. Ҳайдовчилар маълум масофани ўтганларидан кейин вақти-вақти билан йўл солиғини тўлаб боришяпти. Мана, автобусимиз ёнилғи қуйиш шохобчасига келиб тўхтади. Тилладек товланиб момоқаймоқлар гуллаб ётибди.
Европа давлатларидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ўзига хослиги шундаки, уларда ҳаёт бир зум тўхтамайди, супермаркетлар, ошхоналар туну кун ишлаб туради. Яна бир эътиборга молик жиҳати, ихчам-ихчам енгил машиналар кўп экан. Ҳатто, бизнинг митти “Тико”миздан ҳам кичик машиналар бордек туюлди менга. Рим шаҳрида кўчалар тангу тор бўлгани учун аҳоли шахсий машиналарини дуч келган жойга, ҳатто икки йўл ўртасидаги тўсиқ учун ажратилган ерларга ҳам қўйиб кетаверар экан. Рим ўзиники бўлганидан кейин билганини қилади-да!
Италияликларнинг яна бир ибратли фазилати – улар деҳқончилик маданиятини ҳадди аълосига кўтаришган экан. Юзлаб километр йўл босиб, бирон жойда ҳайдалмаган, ишлов берилмаган, бегона ўт босган ерни, қаровсиз ташлаб қўйилган манзил-маконни кўрмадик. Яна бир ибратли томони – тоғ ёнбағирлари, қиру адирлар, кўчки хавфи бор қияликлар темир тўрлар билан иҳоталанган.
Италияда токзорлар учун қилинган вайишлар анча паст, кишининг кўкси баробар келади. Токларнинг барги ҳам сийрак. Турин шаҳрига қадар йўллар худди бизнинг Қамчиқ довонимиздаги йўлларга ўхшайди. Фарқи – у ерда қалин ўрмонзорлар кўп экан.
Икки-уч соатдан буён Ўрта ер денгизи ёқалаб кетяпмиз.
Сафардошларимиздан тўққиз киши Тўрткўл туманидан бўлиб, уларга туман ҳокими Ғофиржон Ҳожиев ўзи бош бўлиб олиб борган эди. Ғофиржон ака фермерларни ёнига олиб, автобусимиз тўхтаган бекатларда ям-яшил экинзорларни расмга олишга, видеотасвирга туширишга, деҳқонлар тажрибасини ўрганишга зўр бериб ҳаракат қиларди.
Кечга яқин Турин шаҳридаги “Турин-Плаза” меҳмонхонасига жойлашдик. Биз учун меҳмонхоналар ҳамкорларимиз томонидан банд қилиб қўйилгани боис ҳеч бир давлатда бу борада қийинчиликка дуч келмадик. Автобусда узоқ йўл босиб, толиққанимиз сабаб кечки Туринни айланиш имкони бўлмади.
Эртасига сафарда давом этиб, йўл-йўлакай тоғларни ёриб ўтган юздан зиёд узун-қисқа туннелдан ўтдик. Италия чегарасидан чиқиш арафасида йўлимиз Алп тоғларига бориб туташди. Тоғлар чўққисини қор қоплаган. Қалин арчазорлар ўзгача товланади.

АФСОНАВИЙ ДИЁР

Мана, кўз очиб-юмгунча Италия давлатидаги икки кунлик сафаримиз ниҳоясига етиб бормоқда. Автобусимиз афсонавий Альп тоғлари бағридаги Швейцария ҳудудига яқинлашиб келмоқда. Дилимизда шукрона, шундай кунларга етказганига. Етти ухлаб тушимизга кирмаган соҳир манзаралар.
Ватикан ҳудудини айланиб, шомга яқин меҳмонхонага келганимизда биринчи қаватдаги енгил тамаддихонадан бир пиёладан чой сўрадик. Чойга қўшиб берилган, оқ қоғозга ўралган шакарда, ишонасизми-йўқми, Хоразм шакаридаги ширинлик ва мазанинг ярми ҳам йўқ… Чунки қуёш нурига тўймаган хом ашёдан тайёрланган-да!
Яна йўлдамиз. Соат миллари 16 дан 40 дақиқа ўтганини кўрсатганида Италия чегарасидан Швейцария ҳудудига ўтдик.
Альп тоғлари бағрида, йўлнинг икки тарафида 2–3–4 қаватли уйлар кўзга ташланади. Бир қарашда уйлар қандайдир пала-партиш қурилгандек, бироз файзсиздек туюлди менга.
Мана, Роста деган шаҳарчадан ўтиб боряпмиз. Ҳаддан ташқари тик ерларга ҳам ток экилган. Машинамиз биринчи марта тор йўлдан тик кўтарилди. Дарвоқе, барча йўллар ҳаддан зиёд тор. Автобусимизнинг бу йўлдан юриши, рости, кўнгилга бироз ваҳима солди. Умуман, тоғ ичидан ўтган бу йўлнинг ҳар бир одимида ҳайратли манзаралар бор. Гўё қишлоқ ва шаҳар қўшилиб кетгандек, фарқини ажратиш қийин.
Ниҳоятда баланд бурама йўллардан ўтиб боряпмиз. Қорли чўққилар шу даражада яқинки, қўл чўзса, етгудек. Одамларимиз гўзал тоғ манзараларни кўриб, “Ў-ў-ў, Швейцария-ку” деб бежиз айтишмас экан. Биз пастдан юқорига бамисоли чумолидек ўрмалаб, тоғнинг нақд белига чиқиб олдик.
Ёнимда ўтирган Аҳаджон бир дақиқа бўлсин, ҳаяжонини босолмайди. Каминанинг ўзига келадиган бўлсак, Муқимий бобомиз лутф этганларидек, “Ранги рўйим кўру кўрма, каҳрардан бири”…
Ниҳоят, автобусимиз йўлнинг энг баланд нуқтасидан ошиб, аста ина бошлади. Бундай хатарли йўллардан катта автобусда юришга наҳотки рухсат этилса, деган ўй ўтди хаёлимдан. Нима бўлганда ҳам, ҳар қалай хавф-хатар ортда қолди. Яратганга беҳисоб шукр. Назаримда, автобусдаги қирққа яқин ҳамюртимиз ўзларини худди қайта туғилгандек ҳис қиларди. Мени ҳайратга солгани шу бўлдики, одам бир ўзи тик чиқиб боришга қийналадиган қияликлар, тоғлар бағрига нафақат йўл, балки юзлаб уйлар қурилган. Йўлимизнинг ўнг тарафи аҳоли яшайдиган қишлоқларга ўхшаб кетса, чап тарафи бениҳоя баланд тоғлардан иборат. Швейцария тоғларининг ўзига хослиги шунда эканки, бизнинг кўзимизга ташланган энг баланд чўққилар ҳам ям-яшил арчазор билан қопланган.
Тоғларга оқшом чўкмоқда. Бу пайтдаги тенгсиз гўзалликни таърифлаб бўлармикан! Тўлин ой нозлана-нозлана тоғлар чўққисидаги арчазорларга аста бош қўя бошлайди. У арчалар шохига тегиб тургандек гўё. Ҳайрат, ҳайрат, ҳайрат… Шундай гўзалликка ошно этгани учун Яратганга беҳисоб шукр қилдим. Қўлимни узатсам, арчазорларга етгудек, баланд-баланд тоғларга уйғоқлар уй қуради, деган хаёл кечди дилимдан.
Автобусимиз тоғлар бағридаги бир туннелга кирди. Буни қарангки, туннелни усти берк, ёни очиқ. Кўчкилардан сақланиш учун шундай қурилган экан. Энди тоғлар элас-элас кўрина бошлади. Ҳамон ёни очиқ туннелдан кетиб боряпмиз. Бу йўл 1964 йилда бошланиб, 2014 йилгача қурилган экан. Йўл бошловчимизнинг айтишича, аслида Швейцария чегарасига эндигина етиб келибмиз.
Швейцария остонаси ниҳоятда гўзал 5 километрлик туннелдан бошланди. Бу давлат ўзининг швейцар франкини сақлаб қолган, шу билан бирга евро ҳам ишлатилар экан. Автобусимиз туннелдан чиққанидан сўнг бурама йўллардан пастга қараб елиб борарди. Йўл нишаби тик бўлгани учун машинанинг тормоз билан жиловланган ҳолда тушиб бориши ҳам бироз ваҳимали. Зим-зиё тун бўлгани боис чор атрофда ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Машинамиз шаҳарга кириб келган бўлса ҳам ҳамон пастлаб боряпмиз.
Римдан Швейцария чегарасигача 900 километр экан.
Яратганга беҳисоб шукрки, тун ярмида Швейцариянинг Женева шаҳрига соғ-саломат етиб келдик. “Монтана” меҳмонхонасига жойлашиб, ҳамроҳларим Аҳад, Асқар билан тамадди қилдик. Албатта, ёт элларга борган инсон учун уйқу бирламчи масала эмас. Шу боис кеч бўлиб қолганига қарамасдан, Асқарни олиб Женева оқшомида айлангани чиқдик.
Меҳмонхонамиз шаҳарни кесиб ўтган Рона дарёсининг ёнгинасида жойлашган. Кечаси бўлгани учун узоққа кетмасдан, дарё бўйлаб пиёда юриб, шаҳар чиройини кузатдик. Женева оқшоми ниҳоятда мафтункор ва чароғон. Дарё ўртасига қурилган, баландлиги 150 метр бўлган фаввора тунда ўзгача бир нафосат билан нур таратиб, отилиб турарди. Албатта, ҳар бир сайёҳ борган юртида аввало шу мамлакат одамларини, уларнинг юриш-туриши ва кайфиятини кузатади. Тунда кўзимиз тушган аҳоли вакилларининг кайфияти аъло даражада. Уларнинг ҳаётдан мамнунлиги шундоқ чеҳрасидаги табассум, гап-сўзлари оҳангидан билиниб, сезилиб турарди. Итальянларни ҳеч камситмаган ҳолда, дангалини айтадиган бўлсак, Женева аҳолиси анча хушсурат, хушбичим, қизлари, аёллари жуда гўзал, латофатли ва малоҳатли эди.
Тонгда нонуштадан сўнг автобусга ўтириб, Женева шаҳри бўйлаб сайрга чиқдик. Дастлаб Рона дарёси соҳилида пойи пиёда юриб, юқорида тилга олинган машҳур фавворага яқинроқ бориш имконига эга бўлдик. Теварак-атрофга боқиб, шаҳарнинг гўзаллигига тан бермасдан иложингиз қанча!
Бу ердаги иншоотлар салобатли, пурвиқор, айни пайтда мафтункор бинолар бўлиб, шаҳарнинг меъморий қиёфасига алоҳида кўрк бериб туради. Умуман, бу ерда шаҳарсозлик маданияти юксак даражада ривожланганига ҳар қадамда гувоҳ бўласиз.
Якшанба дам олиш куни бўлгани боис жуда кўп жойлар, жумладан, музейлар ва бошқа масканлар ёпиқ эди. Шаҳар ниҳоятда тоза ва озода, баҳаво, троллейбус, трамвай қатнови тинмайди. Дарё ёқалаб югуриб юрганлар, спорт билан шуғулланаётганлар орасида эркакларга нисбатан аёллар кўплигига нима дейсиз?
Якшанба куни бўлишига қарамасдан, бекордан-бекор юрган ёки уйларнинг балконларида томошаталаб одамларни кўрмайсиз. Шаҳар кўчаларини тўлдириб учаётган машиналар шинам ва гўзаллиги билан кўзни олади. Шахсий машиналар кўчалар чеккасида, йўлакларда турар экан. Швейцариядаги ерости йўллари ниҳоятда гўзал, транспорт йўллари ҳам ойнадек тоза ва текис. Тиқ этган овоз ёки шовқинни эшитмайсиз.
Автобусимиз гўё сувда сузаётгандек равон кетиб бормоқда. Буларнинг барчаси бизнинг нигоҳимизга муҳрланган ҳолатларнинг бир қисми, холос. Аммо, ўрни келган экан, сиз, азиз ўқувчиларимизга Швейцария давлати ва Женева шаҳри ҳақида батафсилроқ маълумот беришни жоиз деб биламиз.
Швейцария Конфедерацияси Марказий Европадаги давлат. Майдони 46,3 минг квадрат километр. Аҳолиси 7 миллиондан зиёд. Маъмурий жиҳатдан 23 кантон (улардан учтаси ярим кантон)га тенг бўлинади. Швейцария – федерал парламент шаклидаги республика. Амалдаги Конституцияси 1874 йил 29 майда қабул қилинган. Кейинчалик унга ўзгариш ва қўшимчалар киритилган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи Президент. У Федерал Мажлис кенгаши томонидан бир йил муддатга сайланади ва қайта сайланмайди.
Ўлка ҳудудининг катта қисмини Альп тоғлари эгаллайди (тоғнинг баландлиги, масалан, Дюфур чўққиси 4634 метргача етади). Мамлакат марказида Швейцария ясси тоғлари, шимоли-ғарбида Юра тоғлари ўрин олган. Иқлими намли, мўътадил иқлим бўлиб, Женевада январь ойининг ўртача ҳарорати ноль даража, июль ойининг ўртача ҳарорати 19 даража иссиқ бўлади. Швейцариянинг шимолий қисмида дарёлар кўп. Рейн (Ааре ирмоғи билан) дарёси, Рона, Ини, Тичино дарёларининг юқори оқими Швейцариядан оқиб ўтади. Женева, Бодек ва бошқа кўплаб кўллар бор. Мамлакат ҳудудининг 24 фоизи ўрмон билан қопланган. Ясси тоғлик ва тоғларда япалоқ баргли ҳамда игна баргли дарахтлар ўсади, баланд тоғлар субальп ва альп ўтлоқлари билан қопланган.
Альп тоғларида музликлар бор (2 минг квадрат километрга яқин). Ҳайвонот дунёси бой ва ранг-баранг. Тоғларда ёввойи эчки, сувсар, қуён, суғур, айиқ, тулки ва бошқа ҳайвонлар бор. Паррандалардан бургут, қарқур, тоғчумчуқ, дарё ва кўл қирғоқларида балиқчи қушлар учрайди. Альпинизм спортининг қишки тури билан шуғулланиш учун бу ерда ҳамма шароитлар яратилган.
Аҳолиси – герман-швейцарияликлар, итальян-швейцарияликлар, француз-швейцарияликлардан иборат. Расмий тиллари – немис, француз, итальян ва ретороман тиллари. Аҳолининг 67,7 фоизи шаҳарда истиқомат қилади. Диндорларнинг аксарияти католик ва протестантлар. Йирик шаҳарлари: Цюрих, Базель, Женева, Берн, Лозанна. Миллий байрами 1 август – Конфедерация ташкил этилган кун. 1899 йилдан буён нишонлаб келади. Мамлакатга йилига ўртача 7 миллион сайёҳ келади.
Энди Женева ҳақида тўхталсак. У Швейцариянинг жануби-ғарбидаги шаҳар, Женева кантонининг маъмурий маркази. Женева кўлининг жануби-ғарбий соҳилида, денгиз сатҳидан 372 метр баландликдаги хушманзара масканда жойлашган. Кўлдан оқиб чиқадиган Рона дарёси шаҳар ўртасидан оқиб ўтади. Иқлими юмшоқ. Аҳолиси 180 минг киши, шаҳар атрофи билан қўшиб ҳисоблаганда, 400 мингдан зиёдни ташкил этади.
Женева дастлаб Юлий Цезарь томонидан милоддан аввалги I асрда тилга олинган. Савдо йўллари чорраҳаларида жойлашгани учун шаҳарнинг иқтисодий мавқеи тез кучайиб борган. XIV–XV асрдаёқ бу ердаги савдо ярмаркалари етти иқлимга машҳур бўлган.
XVI–XVII асрларда Женевада саноат, жумладан, соатсозлик ривожланган. 1798–1814 йилларда шаҳар Франция таркибида бўлган. 1815 йилдан буён Швейцариянинг 22-кантони ҳисобланади. Женевада бир қанча нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Миллатлар лигаси (1919–1939), Халқаро қизил хоч ташкилотлари, БМТ турли бўлимларининг доимий қароргоҳи фаолият кўрсатади. Женевада халқаро конгресслар, конференциялар, кўргазма ва фестиваллар мунтазам ўтказиб турилади.
Женева курорт шаҳар бўлиб, халқаро туризм марказларидан бири ҳисобланади. Халқаро нақлиёт чорраҳаси ҳисобланади, бу ерда кўплаб бандаргоҳлар, йирик тайёрагоҳ бор.
Женева мамлакатнинг йирик сиёсий ва савдо марказларидан биридир. Бу ерда заргарлик буюмлари, аниқ механика (соат), геодезия асбоблари, элекрон ускуналар ва бошқа юқори сифатли, Швейцария брендига эга бўлган маҳсулотлар харидорларни ўзига жалб этади. Шунингдек, бу ерда дастгоҳсозлик, электротехника, машинасозлик, муҳаррик – двигателлар ишлаб чиқарилади. Бу ерда дунёга машҳур фармацевтика, парфюмерия, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Театр ва музейлар ҳам кўп. Женеванинг қадимий қисми Ронанинг сўл соҳилида жойлашган.
Шаҳардаги қадимий меъморий ёдгорликлардан Сен-Пьер собори (XII–XIX аср), Сент-Мари-Мадлен ва Сен-Жермен (XIV–XV аср) черковлари, Энар саройи (1817-1821 йиллар) ҳақида сўз юритиш мумкин. Бу ерда Уйғониш даврига оид мумтоз кўшклар сақланган. Женеванинг Янги шаҳар қисмида миллатлар саройи, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) биноси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг қароргоҳлари жойлашган.

ПАРИЖ – ШАҲАРЛАР МАЛИКАСИ

Йўл юрган, дунё кезган, турли миллат ва элатларнинг яшаш тарзини кузатган, халқаро ҳаётдан бохабар бўлган инсон оламга ўзгача нигоҳ билан боқади. Назаримда, жаҳонгашталик бошқа-ю, дунё афкор оммаси аҳволи руҳиятини тийрак кузатиб, умумбашарий хулосалар чиқариш бошқа. Бу фикрлардан муддао шуки, ҳар бир инсон, ҳар бир миллат ва давлат учун аввало тинчликдан улуғ неъмат йўқ. “Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака қочади”, деган мақолимизда нақадар теран маънолар бор. Жаҳон тарихидан аччиқ бир ҳақиқат аён: баъзан ғаюр ниятли кимсаларнинг ра­зилликлари боис бутун халқлар бошига кутилмаган фожиалар тушади. Бугун ҳам, афсуски, бундай ҳолатлар тўла барҳам топгани йўқ: даҳшатли террорчилик, қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилмоқда, минг-минглаб одамлар тинчлик, ҳаловат истаб, қочқин бўлиб, сарсон-саргардон бўлиб юрибди.
Швейцария сафари охирлаб, энди автобусимиз Франция ҳудудидаги туннелга кирди. Туннелдан чиқишимиз билан кўрганимиз яна қиру адирлар, қалин ўрмон, ям-яшил арчалар, бутазорлар бўлди. Қаршимизда ўркач-ўркач пастак тоғлар кўзга ташлана бошлади. Яна бироз юргач, ҳар икки томонимиз ўрмон билан қопланди. Дарахтларнинг барглари тўкилган, узоқларда элас-элас уйлар, бинолар кўриниб қолади. Франция қишлоқлари бўлса керак, дея тахмин қилдим ўзимча.
Франция деҳқонларининг ерга бўлган муносабатига, деҳқончилик маданиятига ҳавас қилмасдан иложимиз йўқ. Ғаллазорлар майсага бурканиб ётибди. Қаровсиз қолган ернинг ўзи йўқ. Энг ҳавас қиладиган жиҳати – Франция кўчаларида бекор юрган одамга кўзингиз тушмайди. Ҳамма ўз юмуши, ташвиши билан андармон. Бу ерда вақтнинг қадри жуда баланд.
Юзлаб километр йўл босиб яна бир нарсага қойил қолдик, катта магистрал йўллар бўладими ёки кичик кўчалар, йўлкалар бўладими, ҳеч ерда тўпланиб ётган хазон, олиб кетилмаган чиқиндиларга кўзимиз тушмади. Атрофи ўрмон билан қопланган бу йўлларни қачон тозалаб улгуришади?
Фермерлар ўз ғаллазорларига тўр симлардан тўсиқ тутишган. Халқимиз таъбири билан айтсак, “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”.
Олмалиқлик тадбиркор ҳамроҳимиз Ойбек Парижда Бобур номидаги кўча борлигини айтиб қолди. Албатта, бундан кўксимиз ғурурга тўлди. Биз дунё тамаддунида ўз ўрнига эга, умумбашарий тараққиётга муносиб ҳисса қўшган буюк зотларнинг авлоди эканимизни яна бир бор эслаб, бу ҳақда фикр алмашдик.
Тангрига беҳисоб шукрлар билан тун парда ёйганда, Европанинг маданий пойтахти, Франциянинг юраги, инсоният тамаддунининг гултожи деб эътироф этилган Париж шаҳрига кириб келдик. Тахминан шаҳар кўчалари бўйлаб бир соатлар чамаси юриб, бизга ажратилган меҳмонхона остонасида тўхтадик. Париж шунчалик катта шаҳар эканини тасаввур ҳам қилолмасдим.
Меҳмонхонамиздаги шароитлар яхши эди. Аммо, лифтига зўрға икки киши сиғишига қараганда, бу меҳмонхона Париждаги энг қадимий бинолардан бири бўлса керак, деган хаёлга бордим. Лекин хоналари кенг ва ёруғ.
Тонгимиз хуш бошланди.
Биз автобусимизга ўтириб, йўлбошловчимиз Александр бошчилигида Парижнинг диққатга сазовор жойларини айлангани кетдик.
Париж шаҳрининг тарихи икки ярим минг йил нарига бориб тақалар экан. Дастлаб Паризи деб аталган бу кўҳна шаҳар бугунги тараққиёт даражасига келгунга қадар қанақанги талотўпларни, эврилишларни бошидан кечирмаган. Александрнинг таъкидлашича, XII асрда Париж кўчалари ўта тор, чиқиндилар билан тўла бўлган. Қирол Август даврида, шаҳарда канализация тармоғи барпо этилгунга қадар Сена дарёси ҳам жуда ифлосланиб кетган. XVII асрнинг иккинчи ярмида “Қуёш қоровули” деб ном олган қирол Людовик XIV Парижни дунёга машҳур қилган.
Парижнинг тарихи ҳақида кейинроқ батафсил ҳикоя қиламиз.
Ҳозир эса бугунги Париж ва унинг имкониятлари тўғрисида гаплашсак, бизга берилган маълумотга асосан бугунги кунда Парижнинг ўзида 2,5 миллион одам яшайди. Унинг атрофидаги шаҳарлар билан қўшиб ҳисоблаганда эса бу рақам 11 миллионга боради. Бир йилда Парижга 36 миллион сайёҳ ташриф буюрар экан. Бундан 150 йил муқаддам Париж энди кенгаймайди, деган қарорга келинган эди, ҳақиқатан ҳам шундай, шаҳар майдони ўзгармасдан келмоқда. Парижнинг шимолидан жанубига қадар 9 километр бўлса, ғарбдан шарқига қадар 14 километр.
Мамлакат миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, Францияда 64 миллион аҳоли яшайди. Мамлакат бўйича бир йилда 76 миллион сайёҳ ташриф буюради.
Французлар ўз она тилини ниҳоятда севади, қадрлайди, ардоқлайди. Бу давлатда миллат ажратилмайди. Ҳар қайси Франция фуқароси 700-800 йил аввал ота-боболари эгалик қилган мулкка, агар у давлат жиноятчиси бўлмаса, ҳозирги кунда уларнинг авлодлари эгалик қилмоқда. Бу мулкка ҳеч ким дахл қилмайди.
Айтишларича, Париждаги энг катта Гранд опера-балет театрининг остида уч қаватли уй мавжуд эмиш. Бундан ташқари, у ерда катта кўл борлиги ҳам айтилдики, бунга ақл бовар қилмайди.
Сафарда ҳамиша қандайдир саргузаштлар, кутилмаган ҳолатлар бўлиши мумкинлиги Париж кўчаларида исботланди. Шунча мақтаган автобусимиз келиб-келиб шу ерда бузилиб қолса бўладими?
Албатта, биз бундан олдин Эйфель минораси яқинига бориб, расмга тушишга улгурдик. Кейин бола-чақага эсдалик учун арзонроққа ул-бул нарса харид қиламиз, деб шаҳар бўйлаб 5-6 километр пиёда юрдик. Бизга Салора савдо марказида нарсалар анча арзон, дейишди. Афсуски, энг арзон деган атир ҳам 80-100 евродан паст тушмас экан. 45-50 еврога хушбўй сув берар экан, холос. Кейин Асқар, Аҳад гуруҳдан ажралиб, ҳам тушлик, ҳам кечки овқатни қўшиб тамадди қилмоқчи бўлиб, ўзимизга маъқул таом қидириб 5-6 та ошхона, кафе, бар, ресторанга кириб чиқдик. Алам қиладиган томони – тил билмаймиз. Бир ошхонада русча таомнома бор экан. Мол гўштидан деб ёзилган бифштексга буюртма бердик. Аммо товуқ гўшти билан қовурилган картошка олиб келиб беришди. Икки чойнак қайнатилган сув, учта ўрамчада қуруқ чой, 200 грамм мева шарбати – ҳаммаси 79 евро бўлди. Қуруқ чойининг ўзи 4 евро турса-я!
Мен тонгда ўзимча хаёл қилиб, бироз чиқимдор бўлсак ҳам кечки Парижни кўришимиз кераклиги ҳақида ҳамроҳларим Асқар билан Аҳадга кўнглимни ёрган эдим. Шу боис кечки соат 19:00 да меҳмонхонамизга такси чақириб, гуруҳимиздаги таржимон Акбаралини олиб, тунги сафарга чиқдик.
Париж оқшомининг гўзаллиги ва латофатини сўз билан таърифлаш қийин. Эйфель минорасининг шундоқ тагига бориб расмга тушдик. Аслида мақсадимиз минорани олдида туриб кўриш, томоша қилиш эди. Аммо не кўз билан кўрайликки, Эйфель минорасига кириш учун одамлар навбатда туришарди. Умримизда бир бор пайдо бўлган бу имкониятни қўлдан чиқаргимиз келмади.
Киши бошига 11 евродан тўлаб, жиддий текширувдан ўтиб, минорага киришга муваффақ бўлдик. Лифти икки қават бўлиб, 4 тоннаю 200 килограмм юк кўтарар экан. Бир йўла 56 киши кириши мумкин экан. Минорадан 57 метрда ва 115 метрдаги майдончаларда туриб, Парижни томоша қилиш мумкин экан. Биз дастлаб ўзбекона, яъни, осилсанг, баланд дорга осил, деган нақлга амал қилиб, 115 метр баланддаги майдончага чиқдик. Бу ерда икки қават кузатув ўрни бор. Биринчиси баландроқ, иккинчиси пастроқ, яъни, очиқроқ, панжара билан ўралган.
Шунча одамнинг бу ёққа қараб интилганича бор экан, Парижнинг улуғворлиги, чексиз чиройини Эйфель минорасидан туриб, айнан, оқшом палласи кузатиш одамга бутунлай бошқача кайфият бахш этаркан.
Беихтиёр, Париж – чироқлар шаҳри, бетакрор гўзаллик шаҳри, деган хаёлга борасиз. Боқиб ҳайратга тушмаслик, асиру лол қолмаслик мумкин эмас бундай манзарага. Парижни 115 метр баландликдан кузатиш – унинг бор маҳобатини ҳис этишга асос бўлади. Ана шу юксакликда турар-жойлар, санъат кошоналари, ҳам тарихий, ҳам замонавий иншоотлар бор бўй-басти билан кўз ўнгингизда намоён бўлади.
Кейин 57 метр баландликдаги майдончага тушдик. Бу жойда Эйфелнинг ўзини, тарихи ва тузилишини кўриш мумкин экан. Кечаси енгилгина ёмғир ёғиб ўтди. Биз Эйфелни бир олам таассуротлар билан тарк этиб, Париж кўчаларини томоша қилдик.
Ваъдага вафо дегандек, Франция ва Париж тарихи ҳақидаги тафсилотга ўтсак.
Франция Республикаси – ғарбда ва шимолда Атлантика океани ҳамда Ла-Манш бўғози, жанубда Ўрта ер денгиз билан ўралган. Майдони 547,03 минг квадрат километр. Аҳолиси 64 миллион киши, шунинг 96 фоиздан кўпроғи французлар. Пойтахти – Париж шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 22 регион (вилоят), 96 департаментга бўлинган.
Давлат тузуми республика. Амалдаги конститутцияси 1958 йилда умумхалқ референдумида қабул қилинган. Унга бир неча бор ўзгаришлар киритилган. Давлат бошлиғи президент бўлиб, 5 йил муддатга фақат бир марта сайланади. Парламент розилик берса, яна бир марта сайланиши мумкин.
Франциянинг шарқ ва жануб тарафида тоғ тизмалари, марказий ҳудудининг жанубий қисмида тоғ ва кенгликлар бор. Альп тоғлари билан Юра тоғлари Италия ва Швейцария билан табиий чегарани ташкил этган. Франциядаги Альп тоғларининг кўп чўққиларининг баландлиги 4000 метрдан зиёд. Энг баланд жойи – Монблан чўққиси бўлиб, 4807 метрни ташкил этади. Баландлиги 1700 метргача бўлган Юра тоғлари Бельфорт пастлиги томонга Рона дарёси водийлари узра қиялаб боради. Бельфорт пастлигининг шимоли-шарқий томонидан Рейн бўйлаб Франция, Германия чегараси ўтади. Бу жойда баландлиги 1420 метр бўлган Вогез тоғ тизмаси мавжуд.
Франция ва Испания ўртасидаги табиий чегара бўлган Пиреней тоғларининг баландлиги Франция томонида, Виньмаль деган жойда 3298 метрга етади. Францияда фойдали қазилмалардан кўмир, темир рудаси, уран, табиий газ, вольфрам ва сурма, тольк хом ашёси, қўрғошин, олтингугурт ва рух бор. Нефть ва газ жуда кам миқдорда учрайди.
Мамлакат ҳудудининг 20 фоизи ўрмондан иборат. Иқлими асосан уч хилда: океан, континентал ва денгиз иқлими. Франция иқлими қишлоқ хўжалиги учун қулай. Мамлакатнинг кўпгина ҳудуди океан иқлимига мансуб. Ғарб ва шимолда Атлантика океанидан нам ҳаво оқими келиб, мўътадил иқлим ҳосил қилади. Ҳавоси ёзда салқин, қишда илиқ бўлади.
Париж ҳақида фикримизни давом эттирадиган бўлсак, бу шаҳар мамлакатнинг энг муҳим иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази ҳисобланади. У дунёдаги катта ва энг гўзал шаҳарларидан биридир. Айни пайтда у Иль-де-Франс тарихий вилоятининг бош шаҳридир. Сена дарёси соҳилида, иқлими юмшоқ, мўътадил, денгиз иқлими. Январнинг ўртача ҳарорати 3-4 даража, июлники эса 18,8 даража бўлар экан.
Милоддан аввалги VII асрда ҳозирги Париж ўрнида галлар қабиласи яшаган, паризийларнинг Лютеция қишлоғи бўлган. Бу жойлар римликлар даврида йирик савдо маркази бўлиб, милодий III-IV асрларда Паризия деб аталган. (Париж номи шундан олинган). 497 йилдан бошлаб Франк қироллари қароргоҳи бўлган.
Париж мамлакатда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг тўртдан уч қисмини етказиб беради. Саноатининг етакчи тармоқлари машинасозлик (хусусан, автомобилсозлик, электротехника ва электроника) ва металлсозлик, самолётсозлик, дастгоҳсозлик бўлиб, бу ерда яна аниқ механика ва оптика буюмлари ишлаб чиқарилади. Бу ерда ҳарбий саноат ҳам салмоқли ўрин эгаллар экан.
Парижда тайёрланган галантерея ва парфюмерия ҳамда заргарлик маҳсулотлари, тайёр кийимлар, сафар анжомлари, туристлар учун эсдалик буюмлар дунёга машҳур. Тикувчилик, қоғоз, полиграфия, мебель, озиқ-овқат, қурилиш материаллари саноати ривожланган.
Париж – транспорт коммуникацияларининг йирик бўғини, дарё бандаргоҳига эга шаҳар. Бу ердан ўн бир тарафга радиал шаклда тармоқланиб кетган транспорт йўллари икки қатор ҳалқа йўл билан бирлаштирилган. Учта йирик аэропорт бор. Парижда 1900 йилдан буён метрополитен ишлаб келмоқда.
Шаҳар радиал – ҳалқасимон қилиб режалаштирилган. Бир-бирига боғланиб кетган, шаклан ўзига хос ансамбллар тизими шаҳар қиёфасига алоҳида кўрку тароват бағишлайди. Парижнинг қадимий маркази Ситео бўлган. Бу ерда готика услубида қурилган Биби Марям ибодатхонаси (Нотр­дам, 1163–1257), Сент-Шапель бутхонаси (1243–1248) каби ёдгорликлар сақланган. XVI–XVII асрларда Париж салобатли пойтахт қиёфасига кирган. Кўчалар, майдонлар аниқ режа асосида қурилган. Лувр, Люксембург саройи, Сорбонна университети ва унинг ибодатхонаси, Ногиронлар уйи, Ногиронлар жомеси, Вогезлар майдони, Валь-де-Грас монастири бунёд этилган. XIX аср бошларида Париж марказида улкан майдон барпо этилган. У Лувр майдонини, Карусель майдонидаги аркни янги Риволи кўчаси, Тюильри боғи, Елисей майдони, де Голль майдонидаги Зафар Аркаси билан бирлаштирган. Шу районнинг ғарбида турар-жой кварталлари жойлашган. Улар Булонь ўрмонига қадар чўзилган.
Дарёнинг чап соҳилида Пантеон, Бурбонлар саройи, Гранд опера театри биноси, Эйфель минораси қад кўтарган.
Парижда мамлакатнинг етакчи илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари жойлашган. Париж (Сорбонна) университети (XIII аср), Франция коллежи, консерватория, кончилик, санъат мактаблари, қишлоқ хўжалиги институти, Франция институти (таркибида бешта академия мавжуд), музейлар, яна кўплаб маданий-маърифий иншоотлар бунёд этилган.
Аслида Парижни ёки Европанинг бошқа катта шаҳарларини бир-икки кун айланиб, батафсил маълумот олиш анча мушкул. Бизга бу борада ўзимиз билан бирга олиб олган китоблар, интернет маълумотлари қўл келди.
Биз англаб етган яна бир ҳақиқат шу бўлдики, Европанинг машҳур шаҳар ва қишлоқларининг бетакрор гўзаллиги қанча мафтун этмасин, одамларнинг турфа феълу атвори ҳар қанча қизиқ туюлмасин, муқаддас Ўзбекистонимизга тенг келадиган ўлка ер юзида йўқлигига ҳар қадамда ишонч ҳосил қилиб турдик. Кимники, ниманики кўрсак, уларни аввало она юртимиз одамларига, ўзимизнинг қадрдон манзараларга қиёслаймиз.
Автобусда қайтар эканмиз, вақтни, имкониятни бой бермасдан, ҳар бир вилоят вакилларидан бир-икки кишини ёнимга чорлаб, уларнинг ҳаёти, оиласи, касби-кори, бугунги амалий ишлари ҳақида суҳбатлашдим.
Мана, ниҳоят, учқур тулпоримиз – автобусимиз ҳам “дарддан фориғ” бўлиб, биз Париж билан хайрлашмоқдамиз.
БЕЛЬГИЯ ҚИРОЛЛИГИ САРИ ЮЗЛАНГАНДА

Автоуловимиз Франциядан Бельгияга қараб йўлга тушди.
Бельгия йўлларида ҳам шундай таниш манзара – икки тарафи ўрмон, ям-яшил буғдойзорлар, бепоён далалар, яшнаб ётган экинларни кўриб бир умр ерга, деҳқончиликка меҳр қўйиб, шундан маъно, ҳикмат излаб яшаган инсонлар, албатта, қувонади, ҳайратга тушади. Худди кинолардагидек, қирлар бағрида семизлигидан йилт-йилт қилган чорва моллари ўтлаб юрибди.
Ҳар бир давлат ҳудудига ўтганимизда, Европадан дала маданияти, йўл ва инфратузилмалар қурилишини ўрганиш керак, Европадан табиатга уйғун бўлиб, табиатни, неча минг йиллик анъаналарни асраб-авайлаб яшашни ўрганиш керак, деган фикр кўнгилга қаттиқ ўрнашди.
Мана, Бельгияга кириб келяпмиз. Ҳаво булут, тунд. Европанинг пойтахти ҳисобланмиш Брюссель шаҳрида ҳам иморатлар, иншоотлар, кўп қаватли уйлар бир-бирига монанд қилиб қурилган, шаҳарсозлик меъморчилиги ўзига хос. Аммо кўчаларида улкан дарахтлар йўқ ҳисоби.
Йўллар тирбанд, одамлар ўз ташвишлари билан андармон. Онда-сонда, дарахтлар қалин жойларда хазонлар учрайди.
Шаҳар маркази тоза, кўркам. Европанинг биз кўрган аксарият шаҳар марказларидаги каби бу ерда ҳам трамвай қатнови бор.
Ўзбекистонимизнинг Бельгиядаги элчихонаси биноси қаршисидамиз. Элчихона олдида ҳилпираб турган давлатимиз байроғини кўриб ниҳоятда мамнун ва масрур бўлдик. Кўзимизга оловдек кўринди. “Ана, Ўзбекистон байроғига етиб келдик”, деган хитоблар янгради.
Бизни, яъни гуруҳимиздан 20 га яқин кишини Ўзбекистон Республикасининг Бельгия ва Голландиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Норов қабул қилди.
Элчи билан мулоқотимиз бир соатдан зиёд давом этди. Ниҳоятда самимий, чин дилдан, кўнгилларда, кўзларда, юзларда ватандошлик муҳаббати балқиб, ҳар биримизнинг қалбимизда мустақил Ўзбекистон бор улуғворлиги билан юз очиб суҳбат қурдик. Аввало, элчи жаноблари муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 90-йиллардаёқ Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатининг истиқболини кўра олганини, қатъий қарорлар қабул қилганини, юртимиз фермерлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда, албатта, дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибасидан ўрганишлари зарурлигини кўп бор таъкидлаганларини эслаб ўтдилар. Бизнинг бу сафаримиз ана шу даъватнинг яна бир хайрли натижаси эканини уқтирдилар.
Владимир Имомович Норов Европа, хусусан, Бельгия, Голландия, Нидерландия давлатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ўзига хос, айни пайтда бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатса арзийдиган жиҳатлар мавжудлиги ҳақида гапирдилар. Айниқса, Бельгияда ҳам, Голландияда ҳам бир гектар ердан ўртача 20 минг евро, айрим фермерлар 30 минг еврогача даромад олар экан. Ҳеч ким умрини далада шунчаки ўтказмас, 50-60 гектар ерга ота-бола ва биргина ёрдамчи қарар экан. Барча иш механизациялаштирилган, барча жараён компьютерда назорат қилинади. Тасаввур қилинг, ҳудудий майдони кичкина бўлган биргина Бельгиянинг ўзи 27 миллиард еврогача қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилар экан.
Маҳсулот етиштириш фақат замонавий технологиялар асосида олиб борилади. Чорва маҳсулотлари етиштиришни олсак, битта соғин сигирдан 40-50 литргача сут олинар экан. Бу ерда ҳатто молларнинг елинини ювиш ҳам автоматлаштирилган. Сигир жониворга қандай витамин, қайси озуқа зарурлигини компьютер кўрсатиб туради. Таъбир жоиз бўлса, моллар – иззатда, компьютер технологиялари – хизматда, фермер эса жаннатда юргандек. Моллар мультивитаминларигача олади, кутилиши мумкин бўлган барча касалликларга қарши олдиндан эмланади. Ветеринария хизмати шу даражада яхши йўлга қўйилганки, иштаҳаси бироз бўғилган молнинг ҳолати ҳам ойнадагидек кўриниб туради.
Кишини ҳайратга соладиган яна бир жиҳати – бутун дунёга экспорт қилинадиган гулларнинг 60 фоизи Голландияда етиштирилади. Шунингдек, Голландия картошка етиштиришда ҳам ўз тажриба мактабига эга. Шу боис ўзбекистонлик фермерлар ҳам бир неча йиллардан бери Голландиядан келтириладиган картошка уруғини орзиқиб кутиб туришади.
Бу борада Бельгиянинг тажрибасидан ҳам ибрат олса арзийди. Аввало шуни айтиш керакки, Бельгияда ҳар йили 60-70 минг гектаргача картошка экилади. Бир гектар ердан ўртача 40-50 тоннадан ҳосил олинади. Ҳар йили ушбу давлат миқёсида 2,5-3 миллион тонна миқдорида картошка етиштирилади. Шунинг 0,8 миллиондан 1,1 миллионигача бўлган қисми Европа мамлакатларига экспорт қилинади.
Бундай ютуқлар биринчи навбатда илм-фан натижаларига асосланган. Бу борада, айниқса, Люксембург провинциясидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, картошка етиштириш бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириш илмий маркази фаолиятини намуна қилиб келтириш мумкин. Бу даргоҳда жами 30 киши меҳнат қилади. Улардан 10 нафари картошка етиштириш бўйича илмий ходим, 3 киши – агроном, 1 киши – муҳандис-техник, 6 киши – техник ва бир одам ишчи.
Бор-йўғи шунчагина инсон бутун мамлакатда картошка етиштириш бўйича барча муаммоларнинг ечимига жавоб беради ва буни аъло даражада уддалайди.
Бельгиядаги 1950 йилда ташкил этилган мева ва сабзавот билан ҳам ялпи, ҳам кимошди савдоси билан иш тутадиган “Belorta” компанияси фаолияти ҳақида янада катта мамнуният билан гапириш мумкин. Кейинги йилларда мазкур компания дунёнинг Франция, Германия, Нидерландия, Россия, Япония, Канада, АҚШ каби мамлакатларига қарийб 400 миллион евро қийматидаги маҳсулотларни, яъни Бельгиянинг 60 фоиз маҳсулотини экспорт қилмоқда.
Бу компанияга аъзо бўлишнинг ҳам ўзига хос талаблари бор экан. Фермер 125 еврога компаниянинг фақат 5 дона акциясини сотиб олиши мумкин. Умуман, акция миқдори 20 донадан ошмаслиги керак ва шартнома фақат бир йилга тузилади. Компаниянинг ҳозирги вақтда фермерлардан 1500 нафар аъзоси бор. Улар маҳсулотни кимошди савдоси орқали сотиб олади. Фермер ҳеч нарсага қўлини урмайди, фақат маҳсулот етказиб беради. Маҳсулот тайёр бўлганида, компания ходимлари келиб ўзлари уни саралайди, ўзлари жойлайди, ёрлиғини ўзлари ёпиштиради. Бир сўз билан айтганда, фермерга пулини санаб беради ва барча ишини ўзи бажаради. Ушбу ташкилотда 367 киши ишлар экан. Айни пайтда “Bеlorta” Бельгия бозорларининг 80 фоизини назорат остига олган. Бозорнинг бир компания томонидан бу даражада забт этилиши асосида ҳалоллик, аъло сифат, қатъий интизом мужассам эканига ўзимиз гувоҳ бўлдик.
Яна бир қувончли томони шундаки, мазкур компания раҳбарлари Ўзбекистон фермерлари билан ҳам ҳамкорлик қилишни назарда тутганлар. Шу боис фермерларимиз улар фаолиятини кенгроқ ўрганиб, айни пайтда сифатли маҳсулот етиштириб, дунё бозорига чиқишлари учун барча имконият мавжуд.
Иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш бўйича ҳам Бельгия тажрибасини Ўзбекистонда оммалаштириш зарур, – деди элчи жаноблари. – Чунки бизда 1 гектар иссиқхонада 150 тонна помидор етиштирилса, Бельгияда 700 тонна. Бундан ташқари, помидор уруғи етиштириш ҳам аъло даражада йўлга қўйилган. Бир килограмм помидор уруғи 10 минг еврога сотилади. Бу бир килограмм олтин баҳоси билан тенг дегани. Бельгияда иссиқхонада етиштирилган барча экин турлари асосан сизот сувлари билан суғорилади. Оқава сувдан бу сувнинг фойдаси бир неча баробар кўплиги исботланган. Кейин улар экин гулга кириш арафасида, албатта, иссиқхона устига асалари уясини қўйишади. Хуллас, ўрганса, ибрат олса бўладиган жиҳатлари талайгина.
Тўрткўл тумани ҳокими ва бошқа бир нечта ҳамроҳларимиз ўзларини қизиқтирган саволлар билан Владимир Норовга мурожаат қилишди ва берилган жавобдан биз ҳаммамиз ниҳоятда қониқиш ҳосил қилдик. Элчининг фикрларини умумлаштириб айтиш мумкинки, Ўзбекистон фермерлари, ишбилармонлари бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев талаб қилаётганларидек, чет элга шунчаки саёҳат учун эмас, иш ўрганиш учун боришлари керак.
Бельгияда ер сотилмайди. Фермер тўғри келган одамга ерни бериб қўявермайди. Бунинг учун фақат ва фақат ақл билан, илмга асосланиб иш тутиш кераклигини Европа тараққиёти яна бир бор исботлади.
Голландияда ҳар гектар ердан Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда икки баробар кўп ҳосил олинаркан. Бир дона помидор уруғини ерга қадашдан олдин у кунлаб текширилади, ерга ҳеч қачон пуч уруғ қадалмайди. Шу боисдан ҳам бир гектар ердан 30 минг еврогача даромад олинади. Европада етиштириладиган гулларнинг 65 фоизини Голландия экспорт қилади. Сизот сувидан фойдаланиш ҳақида гапирдик. Чунки сизот суви табиий фильтрланган бўлади.
Эсингизда бўлса, бир вақтлар Ўзбекистонда баъзи хўжаликлар ерларида корейс миллати вакиллари пиёз экиб, гектарчилик деб аталган шаклда хўжалик ишини юритар эди. “Нима учун сизлар бир гектар ердан 80-100 тонна пиёз оласизлар-у, бизда бунинг имконияти йўқ”, деган саволга улар ўша пайтда бундай деб жавоб берган экан: “Ер бор, сув бор, қуёш бор, фақат ишлаш керак”.
Маълумки, аслида меҳнат қилишдан мақсад – яхши яшаш, ҳеч кимга қарам бўлмаслик, қашшоқликда қийналмаслик. Айни пайтда меҳнат азобга айланиб кетмаслиги лозим. Қачонки ақл ўрнини жаҳолат, қаноат ва шукроналик ўрнини очкўзлик эгалласа, меҳнат роҳат эмас, машаққатга айланади. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биз Европа ишбилармонлари ҳаёти, иш йўсини билан танишиб, чиқарган хулосамиз шу бўлдики, ақл-идрок, маърифат билан иш тутган одам кам меҳнат қилиб, кўп ҳосил олиши мумкин экан.
Келинг, анъанамизга мувофиқ, қадрли ўқувчи, Бельгия қироллиги ҳақида суҳбатлашайлик.
Бельгия қироллиги – Ғарбий Европадаги давлат. У Шимолий денгиз соҳилида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан уч регионга, регионлар вилоятлар (провинция)га, вилоятлар коммуналарга бўлинган. Майдони 30,528 минг квадрат километр. Аҳолиси 10 миллиондан зиёд.
Амалдаги Конституцияси 1831 йилда қабул қилинган ва ўша пайтдан бери унга кўп ўзгаришлар киритилган (охирги марта 1998 йилда). Давлат бошлиғи – қирол, унинг ҳокимияти чекланган. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни қирол ва парламент амалга оширади. Икки палатали парламент тўрт йил муддатга сайланади. Вакиллар палатаси 150 депутатдан ва Сенат 72 нафар аъзодан иборат. Ижрочи ҳокимиятни қирол ва у томондан тайинланадиган ҳамда парламентга ҳисобот берадиган ҳукумат (Вазирлар Кенгаши) амалга оширади, унга Бош вазир раҳбарлик қилади.
Бельгия ҳудудининг аксарият қисми пасттекисликдан иборат бўлиб, шимоли-ғарбдан жануби-шарққа томон кўтарилиб боради. Энг баланд нуқтаси – Ботранж чўққиси (694 метр). Соҳил яқинидаги қум уюмлари ва дамбалар серҳосил экинзорларни денгиз сувидан ҳимоя қилади. Бу ўлкада тошкўмир, қурилиш материаллари, жумладан, мармар, кам миқдорда темир ва полиметалл рудалар, сурма каби фойдали қазилма бойликлар мавжуд. Иқлими мўътадил, денгиз иқлими январь ойида ўртача ҳарорат 3-4 даража, июлда 18-19 даража. Йиллик ёғин миқдори 700-1500 миллиметр. Йирик дарёлари Маас, Шельда, Изер дарёларидир. Улар бир-бири билан каналлар орқали туташтирилган. Бельгия ҳудудининг 18,7 фоизи ўрмонзордир.
Аҳолиси миллий таркибига кўра икки асосий гуруҳга бўлинади: фламандлар 58 фоизни, валлонлар 32,5 фоизни ташкил этади. Бельгия­да 1 миллионга яқин ажнабийлар – итальян, испан, француз, греклар, голландлар, марокашликлар, турклар яшайди. Аҳолисининг 96,5 фоизи шаҳарда истиқомат қилади. Расмий тили – француз, нидерланд ва немис тили. Диндорларнинг аксарияти католиклар. Йирик шаҳарлари: Брюссель, Антверпен, Пьеж, Гент, Шарлеруа.
Иқтисодий нуқтаи назардан таҳлил қилинса, Бельгия дунёдаги энг ривожланган мамлакатлар гуруҳига киради.
Мамлакат саноатида маҳсулотнинг техникавий даражаси юксаклиги жаҳон бозорида унинг рақобатдошлигини таъминлайди. Саноатда янги технологияларни жорий этишга, экспортни рағбатлантиришга, кичик ва ўрта корхоналарни жалб этишга алоҳида эътибор берилади.
Металлсозлик, машинасозлик, айниқса, автомобилсозлик (йилига 1 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилади) кимё, электротехника, электрон, бинокорлик материаллари, тўқимачилик, озиқ-овқат, ёғочсозлик, заргарлик (олмосга ишлов бериш) энг ривожланган саноат тармоқлари ҳисобланади.
Меҳнатга яроқли аҳолининг атиги 3 фоизи қишлоқ хўжалигида банд. Бу – бир деҳқон 80 кишини боқади, деганидир. Ўрта ва майда фермер хўжаликлари (90 мингта) қишлоқ хўжалигининг асосини ташкил этади, бир хўжаликнинг ўртача ер майдони – 15 гектардан иборат. Етакчи тармоқ чорвачилик бўлиб, у бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 70 фоизини етиштириб беради. Асосий қишлоқ хўжалиги экинлари – буғдой, арпа, сабзавотдан иборат. Кўпчилик маҳсулот турлари бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ички эҳтиёжни ортиғи билан таъминлайди. Етиштирилган сабзавотнинг 80 фоизи четга чиқарилади: ромен салати дунёнинг 40 мамлакатига сотилади. Экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орасида ғалла ва мева асосий ўрин тутади. Бир сўз билан айтганда, бельгияликлардан саноатда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам жуда кўп нарса ўрганса арзийди.
Энди Брюссель шаҳри ҳақида фикр юритсак. Брюссель – нафақат Бельгия, балки 28 та давлатни бирлаштирган Европа Иттифоқи пойтахти ҳамдир. У Брабант провинциясининг маъмурий маркази ҳам ҳисобланади. Сена дарёси бўйида жойлашган бу шаҳарнинг аҳолиси асосан фламанд ва валлонлар, кўпчилиги католик динига эътиқод қилади.
Брюссель – ХI аср йилномаларида илк бор тилга олинган. Ўшанда у Лувен графлари қароргоҳи бўлган. ХII асрдан бошлаб Брабант тарихий вилоятининг асосий иқтисодий марказига айланган. ХIV асрдан XIX асргача бир қанча давлатлар таркибида бўлган, 1830 йилдан буён Бельгия қироллиги пойтахтидир. 1940-44 йилларда Брюсселни немис-фашист қўшинлари оккупация қилган. 1949 йил сентябрда Америка-Англия қўшинлари Брюсселни озод қилган. 1967 йилдан бошлаб Брюсселда Европа иқтисодий кенгаши ва Бенилюкс марказий органи, НАТО кенгаши ва унинг Европадаги бирлашган Қуролли кучлари олий бош қўмондонлигининг бош қароргоҳи жойлашган.
Брюсселда Қироллик академияси (1772 йилда ташкил топган), университет (1834 йил), Лувен католик университети, География институти ва бошқа олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтлари, расадхона (1827 йил), Ботаника боғи, Санъат академияси, Қироллик кутубхонаси (1837 йил), музейлар, театрлар фаолият кўрсатади. Брюсселда жаҳон санъат кўргазмалари ўтказилади. Шаҳар марказида Гудула жомеси (1220–1500) каби кўплаб тарихий меъморий бинолар сақланиб қолган.
Брюсселдан чиқиб, боғдорчилик ва кўчат етиштиришга ихтисослаштирилган “Каролис” компанияси томон йўлга тушдик. Бельгия қишлоқларида ҳам биздаги каби намунали турар-жой бинолари кўп экан. Аммо уй-жойлар бир хил, икки қаватли, меъморий тузилишига гап йўқ. Қишлоқ кўчаларида ҳам пиёдалар учун йўлаклар қилинган ва алоҳида рангли плиткалар ётқизилган. Шу йўлаклар ёнида ёмғир суви учун ариқчалар қилинган. Ҳар бир хонадон олдида гулзор, майсазор бор, ҳеч бир ҳовли девор билан ўралмаган. Уйлар кўчага туташ, эшик бор-у, девор йўқ. Ўта ўзига хос, мафтункор, дид билан қурилган қишлоқларки, уларни шаҳардан фарқлашнинг ўзи мушкул. Уйлар гўзаллиги, шинамлиги, дизайни ва ташқи кўриниши билан бир-бирини тўлдиради.
Мана шундай ҳайрат ва ҳавас оғушида “Каролис” компаниясига етиб келдик. Бир туп кўчат 5 доллар, уйга етказиб бериш учун яна 75 цент устама қўйилар экан. Бир гектар олмазордан ўртача 60 тонна ҳосил олинарди. Нокларнинг бўйи 2,5-3 метр. Улар 20-30 йиллик бўлса ҳам, ортиқча шохлаб, тарвақайлаб кетмаган. Табиийки, бу ерда суғориш ғаллазорлари йўқ.
Компаниянинг аввал кўчатлар сақланадиган омборларини, кейин 10-15 километр йўл босиб, кўчатзор плантацияларни, боғларни кўрдик. Гилос, олма, нок кўчатларининг хилма-хил туридан бор. Ҳар бир иш расамади билан, жой-жойига қўйиб қилинган. Бу ишларга фақат ҳавас билан боқасиз. Ноябр ойида ҳам 10 йиллик олма тупларида шиғил мевалар борлигини кўрдик. Мезбонларнинг таъкидлашича, булар майдалари, яъни, териб олмаса ҳам бўладигани эмиш. Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик маданияти, тан олиш керак, бу юртда биздан анча олдинда. Юқорида таъкидланганидек, қишлоқ билан шаҳар ўртасида деярли фарқ йўқ. “Центрайдан” деб аталадиган шаҳарчада 40 минг аҳоли, шу номдаги қишлоқда ҳам шунча одам яшар экан. Аммо, қишлоқда 3 та автосалон бор экан.
Боғларни, кўчатларни кўриб бўлгач, яна компания ҳовлисига келдик. Бир гуруҳ тезкор боғ яратиш ниятида бўлган фермерларимиз “Каролис” компанияси раҳбарияти билан шартномалар тузишди.
Йўлда яна кўзимизга ташлангани эмин-эркин ўтлаб юрган семиз чорва моллари бўлди. Албатта, бу яйлов ичида моллар учун барча зарур шароитлар бор, деб ўйлашимиз мумкин. Аммо уларга бериладиган ем, дори-дармон, назорат алоҳида бир мавзу.
Мен, гарчи ижод аҳлига мансуб бўлсам ҳам, фермер ва тадбиркорлар гуруҳида бўлганим учун ҳамма нарсага уларнинг кўзи билан қарай бошладим. Шунинг учун, азиз ўқувчим, шунча гўзаллик ва азалликни кўрибсиз, қани шеър, деб каминани ёзғирмагайсиз. Кўрганларим олдида менинг шеърий қобилиятим ҳам ожиз бўлса, найлайин, чора не!
Биз яна ўзимиз кўниккан, кўзимиз ҳам, кўнглимиз ҳам ўрганиб қолган ўрмону яшиллик салтанати қуршовидаги йўлларни босиб, қуёш уфқ ортига бош қўйган маҳалда Голландиянинг Гога шаҳридаги меҳмонхонага келиб тушдик. Бу меҳмонхона шу пайтгача турган меҳмонхоналаримиз ичида энг аълоси экан. Ҳамроҳларим Аҳад, Асқар билан тунги шаҳарни кўриш ҳамда овқатланиш мақсадида 1,5-2 километр юриб, бир ошхонага кирдик. Битта ликобчада озроқ димлаб пиширилган мол гўшти, бир тақсимчада қовурилган картошка, яна бирида салат, помидор, хуллас, барчасининг баҳоси 30 евро бўлди, бир шиша қизил вино ҳам шу нархда. Овқатланиб чиққанимиздан сўнг меҳмонхонамизни йўқотиб қўйсак бўладими? Адашиб бошқа тарафга кетиб қолганимиз боис бир соатлар чамаси сўраб-суриштириб, ётоқ жойимизни аранг топиб келдик, денг.
Шаҳарда велосипед учун алоҳида, пиёдалар учун алоҳида, бир-биридан ранг билан ажратилган йўллар мавжуд. Биз аҳамият бермасдан, велосипед учун ажратилган йўлакдан кетаётган эканмиз, бир аёл тўхтаб, бизга танбеҳ берди.
Биз Гога шаҳридан эрта тонгда, нонуштадан сўнг яна йўлга отландик. Йўл бўйи бир иссиқхонага кирдик. Аввал залда йиғилиб, шу компаниянинг мутахассисларидан бири билан мулоқот ўтказилди. Компаниянинг номи Livings Eone ventures бўлиб, Голландия ва Болқон мамлакатларида минг гектардан зиёд ерда иссиқхоналари бор экан. Улар Ўзбекистонда бўлишганини, бизнинг иқлимимиз, айниқса, қуёшли бўлгани учун уларнинг иссиқхонасига мослигини айтишди. Фақат бироз сув муаммоси борлигини ҳам эслатиб ўтишди.
Иссиқхонани қуришда асосан илмий ёндашиш зарурлигини таъкидлашди. Ўзбекистонда бунинг имконияти борлигини, бизнинг Россия билан яқин ҳамкорлигимиз, ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган Осиё бозори яқинлиги, етиштирилган маҳсулотларни сотишни такомиллаштиришда қулайлик туғдиришини мамнуният билан таъкидлашди. “Биз сизларга ўргатамиз, сизлар бошқаларга… Биз 72 фоиз сувдан фойдаланамиз. Бу масала ечимини топса бўлди. Биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, дейишди улар.
Яна ифтихор билан билдирган фикрлари шу бўлди: “Ўзбекистон бозорларининг мафтунимиз. Сизларда имконият бор. Биз Ўзбекистондаги Аграр университети билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. У ерда бўлганмиз”.
Биз уларнинг иссиқхоналари фаолияти билан яқиндан танишдик. Ҳар бир ҳаракат компьютерлаштирилган. Помидор, бодринг дейсизми, гуллар дейсизми, барча экин турларининг ҳолати аъло даражада. Аммо бу ишлар учун жиддий маблағ талаб қилиниши шундоққина кўриниб турибди.
Европа шаҳарларида менга бир нарса ёқмади – деярли қатиқ, яъни, кефир қилинмас экан. Суюлтирилган сузмага ўхшаш нарсаси бор, аммо уни ҳам ҳамма жойдан топиб бўлмайди. Ҳар оқшом уйда ярим коса қатиқ ичиб ётадиган одамга бу қанчалик азоблигини тасаввур қилиш учун бу ҳолатни бошдан ўтказмоқ лозим. Европа қишлоқларида қорамолларнинг шу даражада кўплиги, ҳар бир сигирдан 30-40 литрдан сут соғиб олиниши, лекин қатиқнинг истеъмолда бўлмаслиги ҳаддан ташқари қизиқ туюлди. Бежиз Ўзбекистонимиз ноз-неъмат масаласида жаннатга қиёс қилинмас экан-да! Аслида ҳам Ер юзида бундай бетакрор диёр, бундай танти халқ йўқ экан! Бу ҳақиқатни бутун дунёга тортинмасдан айтиш учун аввал дунёни кўриш керак экан.
Келинг, энди Голландия ҳақида бироз суҳбат қурайлик.
Голландия – ўрта аср графлиги, сўнгра тарихий Нидерландия таркибидаги вилоят, XVII–XVIII асрларда Бирлашган вилоятлар республикаси (вилоят номи билан уни кўпинча Голландия, Голландия Республикаси деб ҳам аташади) таркибида бўлган. Ҳозирги вақтда Нидерландия (уни, норасмий равишда Голландия деб ҳам аташади) таркиби икки вилоятга – Шимолий Голландия ва Жанубий Голландияга бўлинган.
Голландлар ўзларини холандере деб аташади. Улар Нидерландиянинг асосий аҳолиси бўлиб, асосан нидерланд тилида сўзлашади. Диндорлари асосан протестантлар (кальвинистлар, меннонитлар), католиклардан иборат.
Ҳозирги Голландия ҳудудида милоддан аввалги 1-минг йилликнинг иккинчи ярмида асосан кельтлар яшаган. Милодий сана бошларида бу ерларга герман қабилаларидан фризлар ва батавлар кўчиб келган. Рим империяси босқини даврида (милоддан аввалги I аср, милодий IV аср) сакслар ва франклар келиб, фризлар ва батавлар билан аралашиб кетишган. Ана шу қабилалар негизида тарқоқ вилоятларнинг уюшуви XIV–XV асрларда голланд элатининг шаклланишига олиб келган, бу ҳудуд эса Нидерландия деб номлана бошлаган. Испания ҳукмронлигига қарши XVI асрда Нидерландия олиб борган миллий озодлик кураши Голландиянинг миллий жиҳатдан жипслашишига катта таъсир кўрсатган. Голландия миллатининг шаклланиши XVIII асрга келиб тугалланган.

БИЗ КЎРМАГАН БЕРЛИН

Бир қарашда биз Берлинни яхши биламиз. Бу шаҳар ҳақида ўрта мактаблар партасидаёқ ул-бул нарсаларни ўқиганмиз. География дарсида шаҳар табиати ҳақида маълумотлар олиб, тасаввурлар ҳосил қилганмиз. Аммо, дангали гапни айтадиган бўлсак, бу шаҳар ҳақидаги қарашларимиз айқаш-уйқаш эди.
Хуллас, биз Германияга, Берлин шаҳрига етиб келдик. Йўлларда автоҳалокатлар содир бўлгани боис тўхтаб-тўхтаб юриб, ҳатто ўн икки соатдан ҳам зиёдроқ юришимизга тўғри келди. Бизни Берлинда жиззахлик ҳамроҳимиз Очил аканинг аввал эслатиб ўтганимиз ўғли Фахриддин кутиб олди ва Берлин бўйлаб уюштирган сафаримизга бош бўлди. “Европа CITY” меҳмонхонасига жойлашдик. Меҳмонхона жуда эски, хонадаги иситиш ускуналари, худди биздагидек, чўяндан. У фашизм устидан ғалаба қозонилганидан кейин қурилган бўлса керак, деган хаёлга бордик. Бу ердаги лифтларга икки киши аранг сиғади. Аммо, ётоқхоналарда немис халқига хос саранжом-саришталик, файзу тароват, тозалик уфуриб турибди. Хонада барча имкониятлар бор. Нарсаларнинг ҳаммаси оппоқ.
Узоқ йўл юриб келганимиз боис оқшомда ётиб дам олдик. Тонгда, нонуштадан кейин, Берлин чеккасидаги, шаҳардан 20-25 километр наридаги савдо марказига бордик. Чунки сафаримиз поёнига етиб боряпти, оила аъзоларимизга совға-салом, қолаверса, ўзимиз учун ҳам ул-бул харид қилишни мўлжаллаб қўйган эдик.
Савдо маркази асосан Берлин шаҳри аҳолиси учун хизмат кўрсатар экан. Шаҳар марказида сайёҳлар кўп бўлгани боис озиқ-овқат дўконларидаги кундалик зарур маҳсулотлар ҳам нисбатан қиммат, шунинг учун берлинлик­лар шу савдо марказига бориб харид қилишаркан. Ҳатто, қўшни Голландия давлати фуқаролари, айниқса, чегарага яқин турадиганлари овқатланиш учун ҳам Берлин ҳудудига ўтишар экан.
Тўғрисини айтганда, нарх-наво шунга арзигулик. Бир жиҳатни алоҳида қайд этмоқчиманки, биз Рим, Турин, Женева, Париж, Брюссель, Амстердам шаҳарларида бўлдик, лекин бирон жойда арзон маҳсулот кўрганимиз йўқ. Ҳеч қаерда учратмаганимиз – кефир Берлин озиқ-овқат дўконларида бемалол сотилаётганини кўриб, беихтиёр, эй, бор экан-ку, ҳақиқат, деб юборибмиз.
Ҳамроҳларимиз, имкон бўлса, Берлинда бир ош есак, деган фикрни билдиришди. Фахриддин Берлинда бир турк одам раҳбарлик қиладиган ошхона борлиги, бу жойда паловни жуда дўндириб тайёрлашларини айтганида кўпчилик, олдиндан буюртма бериб, кечга томон ўша ерга боришга ваъдалашди. Фахриддин ош ва шўрвага буюртма берди.
Биз савдо марказидан келгандан кейин Фахриддин етакчилигида метрога тушиб, ошхонага етиб бордик. Бизга чойхонага ўхшаш жой дейилганди, йўқ, росмана бир бар, ким сигарет, ким чилим чеккан, денг, яна кимдир пиво, кимдир бошқа нарса билан андармон, ғала-ғовурли, чоғроққина жой экан. Бўш ўрин топиб ўтирдик. Шўрванинг ўрнига ярим косадан қизил карам шўрва ичдик, кейин бир тақсимчадан ош едик. Айтиш керак, ошни ниҳоятда ўрнига қўйган, чиройли дамлаган экан.
Берлиндаги биринчи кунимиз шундай ўтди.
Рости, дастлаб келганимизда шаҳар унчалик улуғвор, кўркам кўринмаган эди. Аммо кейинги пайтда қурилган замонавий бинолар, биз кўриб улгурмаган тарихий музейлар, руслар черкови, бир қанча муаззам бинолар – Рейхстагни, парламент биноси, Бош канцлер қароргоҳи, ҳукуматга тегишли бир қанча салобатли иншоотларни четдан кузатдик, томоша қилдик.
Мана, Рейхстаг биноси ёнидамиз. Бу бино ўрта асрлардаги олмон миллатининг муқаддас Рим империясидаги марказий ҳокимият органлари жойлашган бинодан бири, тарихий обида сифатида немислар учун ниҳоятда қадрли.
Айнан шу бинога 1945 йилда маршал Г.Жуков қўмондонлигидаги Биринчи Белоруссия фронти жангчилари томонидан ғалаба байроғи қадалган. Айтиш керакки, бу воқеа фашизм балосидан башарият халос бўлганининг рамзи сифатида тарихга кирди.
Бино қаршисида туриб тўрт-беш йил қон кечиб, Москвадан Германия тупроғигача бўлган масофани жангу жадаллар билан пойи пиёда босиб ўтган, не-не кўргуликларни бошидан кечирган, шу манзил-у маконгача омон-эсон етиб келиб, ғалабага саноқли кунлар қолганда шу ерларда шаҳид бўлган қаҳрамон ҳамюртларим, жасоратли ўзбек ўғлонлари кўз ўнгимдан ўтади. Гўё уларнинг маъюс нигоҳлари менга боқиб тургандек “бизни унутиб юбормадингизми?”, деяётгандек туюлади менга. Чин дилдан тиловат қиламан. Яратгандан руҳи поклари шод бўлишини тилайман. Айнан шу ғалаба боис ер юзи аҳолиси эркин нафас олди. Шу ғалаба боис дунёда тинчлик яна барқарор бўлди, давлатлар ўртасида дўстона ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Буларнинг барчаси ана шу фидойи аждодларимиз жасорати туфайли бўлиб, буни унутиш асло мумкин эмас.
Табиийки, энди Германия каби машҳур давлат ва унинг пойтахти Берлин ҳақида ўқувчиларимизга бироз маълумот берамиз.
Германия Федератив Республикаси – ГФР – Марказий Европадаги давлат. Шимолий ва Болтиқ денгизлари соҳилида жойлашган. Майдони 357 минг квадрат километр. Пойтахти – Берлин шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 16 ер (вилоятга), ерлар округларга, округлар туманларга, туманлар жамоа­ларга бўлинади.
ГФР – федератив республика. Амалдаги конституцияси 1949 йил 23 майда қабул қилинган. Давлат бошлиғи – федерал президент. У махсус чақириладиган Федерал мажлис томонидан 5 йил муддатга сайланади ва яна фақат бир марта сайланиши мумкин. Федерал мажлис Бундестаг, яъни, парламент депутатлари ҳамда ландтаглар (ер парламентлари) томонидан сайланган аъзолардан иборат бўлади. Президент иш қобилиятини йўқотса ёки вафот этса, Бундестаг раиси президент ваколатларини бажаради. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни парламент амалга оширади. У икки палата – Бундестаг ва Бундесратдан иборат. Бундестаг аҳоли томонидан тўрт йил муддатга сайланади. Бундесрат эса ер ҳукуматлари ўз орасида тўрт йил муддатга тайинланадиган вакиллардан иборат. Ижроия ҳокимият федерал канцлер бошчилигидаги федерал ҳукумат қўлида. Федерал канцлер бундес­тагда президентнинг таклифига биноан кўпчилик овоз билан сайланади. Вазирлар федерал канцлернинг таклифи билан президент томонидан та­йинланади. Ҳар бир ернинг ўз конституцияси, парламенти ва ҳукумати бор.
Германиянинг табиати, иқлими, рельефи бениҳоя бой ва хилма-хил. Паст ва баланд тоғ тизмалари ораларида ясситоғликлар, ўру қирлар, кўллар, кенг ва очиқ текисликлар учраб туради. Иқлими – мўътадил, денгиз иқлими, ғарб ва шимоли-ғарбдан жануби-шарққа томон денгиз иқлими континентал иқлимга ўта боради. Январнинг ўртача ҳарорати пасттекисликларда 1,5 даражадан тоғларда – 6 даражагача бўлади. Қишда ҳавоси сертуман, қорлар тез эриб кетади. Июлнинг ўртача ҳарорати пасттекисликларда 18 даражадан жанубий водийларда 20 даражагача боради.
Дарёлари: Эльба, Рейн, Дунай, Майн, Везер, Шире, Мозель. Йирик кўллари: Боден, Мюриц. Тоғлари асосан подзол, чимли подзол ва қўнғир ўрмон тупроқларидан иборат. Тоғларда қора қайин, дуб, оқ ва қора қарағай ўсади.
Аҳолисининг 90 фоиздан кўпроғи немислар; турклар, қисман дан (даниялик)лар ва голландлар яшайди. Расмий тили – немис тили. Диндорлари – протестантлар (лютеранлар 50 фоиздан зиёд) ва католиклардан иборат. Мусулмонлар ҳам кўп. Мамлакатда 7 миллиондан зиёд чет элликлар ҳам яшайди.
Йирик шаҳарлари: Берлин, Гамбург, Мюнхен, Кёльн, Франкфурт-Майн, Дортмунд, Штутгарт, Дюссельдорф, Ганновер, Нюрнберг, Лейпциг, Дрезден.
Энди қадрли ўқувчиларимизга Берлин шаҳри ҳақида батафсилроқ маълумот берсак. Берлин – Германия Федератив Республикаси пойтахти. Бу мамлакатда федерал маъмурий бирлик, яъни, ҳудудлар Ерлар деб аталади. Берлин ҳам федерал маъмурий бирлик – Ерга тенглаштирилган. Шаҳар Шпре дарёси Хафель дарёсига қуйиладиган ерда, Шимолий ва Болтиқ денгизларига чиқиладиган каналлар бўйида жойлашган. Майдони қарийб 890 квадрат километр. Шаҳарнинг ғарби ва шарқида кўллар кўп, ҳавоси сернам. Январда – 0,06 даража, июлда – 18 даража иссиқ кузатилади.
Берлин ҳақидаги дастлабки тарихий маълумот 1244 йилга тегишли. У икки аҳоли пунктининг бирлашувидан ташкил топган. 1486 йилдан Бранденбург герцоглиги пойтахти бўлган. XVII асрда Франция ва Огемиядан келган қочоқлар ҳисобидан унинг аҳолиси тез ўсган. XIX аср Берлиннинг иқтисодий ўсишида муҳим давр саналади. Айни шу вақтда (1871 йил) у Кайзер империясининг пойтахти ва Европанинг йирик марказларидан бири сифатида шаклланган. Саноат бўйича Европада унга тенг келадиган шаҳар йўқ эди. 1945 йилгача Берлин Германиянинг энг йирик илм-фан, маданият ва сиёсий маркази бўлиб келди. 1933-45 йилларда Берлин гитлерчилар “учинчи рейхи”нинг пойтахти бўлди. 1945 йил 2 майда Берлин совет қўшинлари томонидан тўлиқ эгалланди. Урушдан кейин иттифоқчилар – АҚШ ва СССР Берлинни тўрт оккупация секторига бўлишди. Кейинчалик иттифоқчилар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Берлин ҳам Германия каби икки қисмга – Шарқий ва Ғарбий Берлинга бўлинди ва ГДР аҳолисининг оммавий равишда Ғарбга ўтишини тўхтатиш мақсадида 1961 йилда “Берлин девори” (Шарқий Германия ва Ғарбий Берлин ўртасида умумий узунлиги 162 километр, жумладан, шаҳар доирасида 45 километр тўсиқ иншоотлар тизими қурилди. 70-йилларнинг бошида вазият бирмунча ўзгарди. 1989 йил 9 ноябрдаги сиёсий ўзгаришлар туфайли Берлин девори олиб ташланди. Кейин ГФР ва ГДР ўртасида 1990 йил 3 октябрда шартнома имзоланди, улар қўшилди. Бирлашган Германиянинг федерал пойтахти мақоми Бонн шаҳридан Берлинга ўтди.
Берлин радиал – доирасимон режа асосида қурилган ва ўз қиёфасини ҳозиргача сақлаб келмоқда. Шаҳарда ўрта аср ёдгорликларидан готика услубига хос Мариенкирхе ва Клостеркирхе черковлари (XIII-XIV асрлар), барокко услубидаги немис тарихи музейи (1695–1706), Бранденбург дарвозаси (1788–1791), классицизм услубидаги опера театри, драма театри (1819–1821) ва бошқа қадимий бинолар сақланиб қолган. Шаҳарда кўплаб замонавий савдо-сотиқ бинолари, саройлар, уй-жойлар ва бошқа иншоотлар барпо этилган. Метрополитен қурилган. Ф.Гумбольдт номидаги университет (1809) ва махсус ўқув юртлари мавжуд. Маданий-маиший муассасалар, театрлар, музейлар, кутубхоналар, маданий галерея каби йирик бинолар жуда кўп.
Ҳозирги вақтда фақат тарих учун бир бўлаги қолдирилган Берлин деворини бориб кўрдик. Кўплаб бинолар олдида суратга тушдик. Такси ҳайдовчи Аюб исмли 55 ёшли турк киши экан. Тўрт қизи, бир ўғли бор экан. Ниҳоятда хушчақчақ. Аранг бир-биримизни таржимонсиз тушуниб, суҳбат қурган бўлдик. Чунки Фахриддин Мирзоҳид билан Ўзбекистонга қайтиши керак бўлган ҳамроҳларимизни Франкфуртга кузатгани кетишган эди. Демоқчиманки, барибир таржимонсиз қийналдик. Чет элга сафаримиздаги бироз йўл азоби, бир мунча қимматчиликка ҳам чидаса бўлар экан. Аммо тил билмаслик азоби, мушкулоти барчасидан ўтиб тушди. Рости, ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Қанча-қанча олтиндан қиммат вақтимизни елга совурганимиз. Барча иккинчи, учинчи даражали ишлар ва маишат учун вақт топганмиз, аммо тил ўрганишни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Энди афсус ва надоматдан фойда йўқ. Ҳолбуки, бир асрдан зиёд вақт олдин Аваз Ўтардек бобомиз тил ўрганишга даъват этиб, деган:

Ғайри тилин билгали саъй этинг, ёшлар
Ким, касбу ҳунарлар сири андин аёндур.

Мен Фахриддинга: “Немислардан нимани ўргансак бўлади?”, деб сўрадим. Унинг жавоби бундай бўлди: “Жамоатчилик одобига қатъий риоя қилишади. Битта одам кўпчилик ичида бирон саволга нотўғри жавоб берса, биздаги каби пиқ этиб кулиб юбормайди. Бу ҳолни сезмагандек тутади ўзларини. Немислар кўпчилик ичида бир кишини ҳеч қачон изза қилмайди. Умуман, улар бировнинг устидан кулишни хуш кўрмайди.
Биз – ўзбеклар ўзимизни гоҳида ҳаддан ташқари меҳнаткаш, деб ўйлаймиз. Немислар бизга нисбатан ҳам кўпроқ меҳнат қилади, назаримда. Аккорд билан, яъни, байлаб олиб ишлашни ҳам ўрнига қўйишади. Немислар вақт билан қатъий ҳисоблашади. Бизга ўхшаб “Ҳормангга келдик”, деб бир-бирига халақит бермайди. Биз иш жараёнида истаган пайтда танаффус қилишимиз мумкин. Уларда бундай эмас.
Немислар жуда-жуда тежамкор, дунё халқлари ичида бежизга “немисча ҳисоб-китоб”, деган ибора қўлланмайди. Озиқ-овқатга ҳам ўта тежаб-тергаб пул сарфлашади. Немисларда “эллик ёшдан кейин ўзим учун яшашим керак”, деган кайфият ҳукмрон бўлади ва улар бунинг уддасидан чиқади.
Ёш болаларда ҳам жамоатчилик маданияти яхши ривожланган. Хато бўлса ҳам болаларига ўз фикрларини очиқ айтишга, мустақил фикрлашга имконият яратишади. Китобга, кутубхонага муносабат немис жамиятида аъло даражада юксак. Уларда китобхонлик маданияти яхши шаклланган. Кутубхоналарга пенсияга чиққан аёллар боғча ёшидаги болаларга китоб ўқиб бериш учун ўз эълонларини осиб қўйишади. Саводхонлик ҳам юқори даражада. Мактабга ёш болаларни фақат ота-онаси ёки тайинланган одам олиб боради. Болани ёлғиз қолдиришмайди.
Такрор айтаман, немислар вақтдан унумли фойдаланишади. Вақтга худди пулдек муомала қилишади. Борадиган жойини бир кун олдин белгилашади. Белгиланган вақтдан бир-икки дақиқа олдин сизни кутиб олишади. Кечикиш, сабабсиз келмай қолиш уларда жуда қораланади. Бирон тадбирга кечиксангиз, ўзингиз ноқулай аҳволга тушиб қоласиз.
Немис халқи, миллатининг бу яхши фазилатларини самимият билан қабул қилган ҳолда, табиийки, кейинги саволим, “Уларнинг қайси одатларидан тийилиш керак?” деган маънода бўлди.
Фахриддин фикрида давом этди: “Ота-она ва фарзандлар ўртасидаги меҳр-оқибат аксарият ҳолларда ўта суст. Улар бизнинг ота-оналаримиз каби фарзандлари учун жонини бахшида қилолмайди. Болаларни ўз ҳолига ташлаб қўйишади. Андиша деган фазилат улар учун ётроқ. Оила ўртасидаги оқибат риштаси ингичка. Ёш оилалар орасида ажралишлар жуда кўп. Энг мудҳиш одатлари бир жинслилар ўртасидаги никоҳ ва бунга давлат томонидан рухсат этилгани. Ҳар ким кўнгли тусаган ишини, бизнинг тилимизда айтганда, билган номаъқулчилигини қилади”.
Бу каби киши дилини хира қиладиган ҳолатларга Фахриддин билдирган фикр-мулоҳазалардан ташқари, Европа давлатларини айланиш жараёнида ўзимиз ҳам кўп бора гувоҳ бўлдик. Дўконларда фаҳшни, ҳаёсизликни тарғиб қилувчи истаган нарсангизни харид қилиб олишингиз мумкин. Таъбир жоиз бўлса, Европа дўконларида “сунъий эркак”, “сунъий аёл”нинг истаган тури сотилади. Буларни кўриб, беихтиёр ёқа ушлаб қоласиз, астағфируллоҳ, дейсиз. Наҳотки, охир замонга қараб одимлаб бораётган бўлсак, деб ўйлаб қоласиз. “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил”, деганларидек, ота-боболаримиздан, кайвони момоларимиздан, улуғ аждодларимиздан мерос қолган меҳру оқибат, ахлоқу одоб, ибою ҳаё, иймону андиша нақадар буюк бойлик эканини юрак-юракдан ҳис қиламиз. Ана шундай буюк аждодларга авлод эканимиздан, ер юзи аҳолисига ибрат бўлгулик ўзбек миллати гўзал фазилатларидан шукрлар қиламиз.
Шу ўринда муҳтарам Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби эълон қилинганидан кейин бежиз дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинмагани, ўнлаб давлатларда бу асар тақдимотлари ўтказилмагани ҳақида ўйлаб, кўксимиз ғурурга тўлади. Айни пайтда ёт элларда юриб, Яратгандан “бу покиза, бу саодатли, бу ёруғ йўллардан халқимизни ўзинг адаштирма”, деб илтижолар қилганимиз ҳам бор ҳақиқат.
Биз Фахриддиннинг номини кўп тилга олдик. Келинг, аввал ўн беш йилдан бери Германияда миллатимизнинг ишбилармон, ўқимишли фарзандлари тимсоли бўлиб, ўз ўрни, ўз қадри билан ҳалол меҳнат қилиб юрган шу оқил йигитни тарбиялаб, камолга етказган отаси – олис сафардаги ҳамроҳимиз Очил ака Саидов шаънига ташаккурномалар айтиб, барчаларига узоқ умр, мустаҳкам бахт-саодат тилаб қолайлик.

АССАЛОМ, ПОЛЯК ДИЁРИ!

Тартиб-интизомни ҳар недан яхши кўрадиган немис биродарларимиз билан хайр-хўшлашиб, яна қадрдон автобусимизга ўтирдик.
Берлиндан чиққанимизга уч соат бўлди, деганда Польша ҳудудига кириб келдик. Ёнилғи қуйиш учун тўхтадик. Бошқа давлатларда бўлгани каби Польшадаги ёнилғи қуйиш шохобчасида ҳам барча шарт-шароитлар муҳайё.
Польша ҳудудининг ўзига хослиги шунда кўринди: шу пайтгача фақат ўрмонлар ичидан ўтиб келган бўлсак, бу ерларда ҳаккам-дуккам дарахт, буталар учраб қолади. Дарахтлар ҳам унча катта эмас. Йўллар, чор-атроф теп-текис. Аста тонг отиб келмоқда. Ҳар икки тарафда машиналар серқатнов, ҳаво анча совуқ. Ташқарида қиров тушган. Вақти-вақти билан одатдагидек йўлдан фойдаланганимиз учун солиқ тўлаб боряпмиз. Европа йўлларида юк ташувчи катта машиналар ниҳоятда кўп юрар экан.
Европа йўлларида юришнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, ҳеч бир йўловчи кимдандир “бу йўл қаёққа олиб боради?”, деб сўрамас экан. Машиналарда йўл харитаси бор. Автобусимиз ҳайдовчилари ўз компьютерининг мониторида қайси километрда, қаёққа қараб кетаётганини кўриб туради. Йўл ҳаракати юз фоиз автоматлаштирилган. Польша ҳудудида йўлнинг икки тарафи унча баланд бўлмаган симтўрлар билан тўсилган. Ҳеч бир инсон, ҳеч бир жонзот катта йўлга чиқиб, машиналар қатновига халақит бермайди.
Йўлнинг икки-уч жойида қуюқ дарахтзорлар кўринди. Яна текислик, буталар. Бошқа мамлакатлардан фарқи – Польша ҳудуди асосан текисликлардан иборатлиги кўриниб турибди. Назаримда, биз қибла тарафга қараб юряпмиз. Аммо уфқ тарафда қуёш худди ботаётганга ўхшаб кўринмоқда. Бир қарасангиз, ойга ҳам ўхшайди. Аслида тонг отмоқда. Ҳамроҳларимизнинг аксарияти ухлаяпти. Тўғрисини айтсам, бошини болишга қўйган заҳоти пинак отишни бошлайдиган одамларга ҳавас қиламан. Ялангликларда аҳён-аҳёнда фермерларнинг уйлари кўриниб қолади.
Европа вақти билан соат 7:30 да Польша осмонида қуёш кўринди. Аммо нечундир бизнинг Ўзбекистонимиз қуёшига ўхшамас эди у. Энди йўлимизда кичик-кичик ҳудудларда бўлса ҳам ўрмонзорлар учрай бошлади. Дарахтлар игнабаргли, танаси, шохлари йўғон эмас, аммо бўйи баланд, ниҳоятда тўғри ва бир текис узун ўсган дарахтлар. Арчалар ҳам бор. Ниҳоят, ўзимиз кўниккан, ўрмон билан қопланган ерларга ҳам етиб келдик.
Варшава шаҳрига етишга, айтишларича, чамаси 100 чақиримча қолган. Узоқ-узоқларда туман кўринса ҳам, аммо талай кунлардан бери биринчи марта қуёш, ўзимиздагидек бўлмаса ҳам, ҳар қалай, аҳвол нечук, дегандек, бошимизда кулиб турибди.
Римдан Варшавагача қарийб 5 минг километр йўл юриб, биронта йўл ҳаракатини назорат қилаётган полиция нозирини кўрмадик. Йўл ҳаракати қоидаларини бузаётган ҳайдовчини ҳам учратмадик. Ҳар сафар қайсидир давлатда ўрганишга арзигулик ишларни кўрсам, беихтиёр муҳтарам Биринчи Президентимизнинг “одамларимиз чет элга чиқса, кўрса, онгу тафаккури ўзгаради”, деган сўзлари қайта-қайта ёдимга тушаверди. Яна бир ўзига хослик шуки, катта автомагистрал йўлларда бирон жойда машиналар учун орқага бурилиб, қарши томондаги йўлга ўтиб олиш имкони йўқ. Бундай ҳаракат тақиқланган. Борди-ю шундай ҳолатга зарурат бўлса, катта кўприкларнинг ости ё устидан ўтиш мумкин.
Варшавага кираверишда йўлнинг икки, баъзи жойда бир тарафи тўрт метр баландликдаги металл девор билан тўсилган, Варшавага киришдан аввал Польшанинг “Ашан” супермаркетига кириб савдо қилдик.
Яратганга беҳисоб шукур, маҳаллий вақт билан соат 16:30 да Варшава шаҳрига кириб келдик. 31 қаватли меҳмонхонага жойлашдик. Оқшом Варшавани томоша қилдик. Такси эгаси рус тилини чала-ярим билар экан. Президент маҳкамасини, тарихий иншоотларни, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатди. Тунги Варшава ниҳоятда гўзал, чироқлар оламида сеҳрланиб қоласиз. Еру кўк чароғон.
Шукрким, оқшомимиз кўнгилдагидек ўтди. Нонуштадан кейин Асқар билан шаҳар марказига бориб, драма театри, маънавият-маърифат маркази, бошқа гўзал иншоотлар олдида расмга тушдик.
Польшада ҳам иш вақти 8:00 да бошланади, шекилли, йўлнинг икки тарафидаги метрога оқиб келаётган одамлар беҳисоб. Польшаликлар рус тилини билади, дейишганди. Амалда эса ундай эмас экан. Яна бир гап – Польшани Европа Иттифоқи аъзоси дейишгани билан аксарият дўконларида евро ўтмас экан.
Яна шуни мамнуният билан айтиш мумкин, Польшада бошқа давлатларга нисбатан озиқ-овқат маҳсулотлари арзон.
Умуман олганда, Польшада аҳоли учун яратилган имконият ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзийди. Аввало, Ўзбекистонимиздаги каби бу ерда ҳам, боя айтганимиздек, маҳсулот арзон. Одамларининг чеҳраси ҳам тоза, кайфияти аъло. Хотин-қизлари хушрўй. Аммо ачинарли бир томони – навниҳол қизларнинг лунжида сабил қолгур сигарета.
Бизнинг қизларимиздаги шарқона ҳаё ва ибо, каттага ҳурмат, кишига тик боқмаслик, андиша каби гўзал фазилатларнинг қадрини шундай пайтларда янада чуқур ҳис этдик.
Албатта, ҳар бир миллатнинг ўзига хос урф-одатлари, бошқалардан уларни ажратиб турадиган жиҳатлари борлиги шубҳасиз. Шу боис бизга эриш туюлган одатлар улар учун ёқимли бўлса не ажаб! Ёки аксинча, бизнинг удумларимиз уларга ғайритабиий туюлса, бунга ҳам зоримиз бор-у, зўримиз йўқ.
Польша Европа мамлакатлари орасида ўзига хос гўзаллиги билан ажралиб туради.
Келинг, азиз ўқувчи, Польша ва унинг пойтахти Варшава шаҳри ҳақида бироз суҳбат қурайлик.
Польша Республикаси – Марказий Европадаги давлат. Майдони 3127 минг квадрат километр. Пойтахти – Варшава. Маъмурий жиҳатдан 16 воеводга бўлинган.
Амалдаги Конституцияси 1997 йил 25 майда қабул қилинган. Давлат бошлиғи – Президент. У Польша фуқаролари томонидан тенг ва тўғридан-тўғри сайлов асосида, яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият икки палатали парламент (қуйи палата – Сейм ва юқори палата – Сенат), ижрочи ҳокимиятни Президент ва Вазирлар Кенгаши (ҳукумат) амалга оширади.
Польша – Висла ва Одра дарёлари ҳавзасида, шимолда Болтиқ денгизи ва жанубда Карпат ва Судет тоғлари оралиғида жойлашган. Ҳудудининг 90 фоиздан кўпроғи текислик ва пасттекисликдан иборат, ҳудудининг жануб тарафида тоғлар бор. Денгиз бўйлари пастлик ва қумлоқ ерлардир. Иқлими мўътадил, океан иқлими билан континентал иқлим ўртасида. Январнинг ўртача ҳарорати: – 1-6 даражагача, июлники – 10-19 даража, ёмғир ва қордан сувга тўладиган Одра, Висла, Буг, Нотец ва Варта дарёларида кемалар қатнайди. Польшада 9 мингдан ортиқ кўл бор. Энг катта кўллари Снярдви (113,8 кв.км) Мамри (104 кв.км) кўлларидир.
Польша ҳудудининг ярмидан кўпроғи ҳайдаладиган ерлар, 28 фоизи ўрмон. Мамлакатнинг аксарият жойларида игнабаргли, ғарби ва жанубида кенгбаргли дарахтлар ўсади. Мамлакатнинг шимоли ва шарқида яхлит ўрмонзорлар мавжуд.
Польша Республикасининг пойтахти Варшава шаҳри ҳақида ҳам ҳар қанча гапирсак арзийди. Варшава воеводалигининг маъмурий маркази, мамлакатнинг энг катта шаҳри, сиёсий, иқтисодий, маданий ва илмий маркази. Висла дарёсининг ҳар икки соҳилида жойлашган. Иқлими – мўътадил, континентал. Шаҳар 8 та маъмурий районга бўлинган.
Варшава тарихий манбаларда XIII асрдан бошлаб тилга олинган. У XV–XVI асрларда Мазовецкий князлиги, XVI аср охири ва XIX аср бошигача бутун Польша пойтахти бўлган. 1807–1813 йилларда Варшава алоҳида князлик бўлган. Вена конгресси (1814–15) қарорига мувофиқ, Варшава Россия таркибига кирган Польша қироллигининг пойтахти, XIX асрнинг охиридан бошлаб йирик саноат шаҳри сифатида ривожлана бошлаган. 1915-18 йилларда Варшавани Германия қўшинлари босиб олади. У 1918 йилнинг кузидан бошлаб мустақил Польша давлатининг пойтахти бўлган. 1939 йил сентябрда Варшавани немис қўшинлари эгаллайди. 1945 йил 17 январда Варшава улардан озод қилинади. Ўша вақтдан бошлаб шаҳарни қайта тиклаш ишлари бошланиб кетади. Қайта тиклаш ишларининг бутун дунёдаги рамзи сифатида Варшавага Жаҳон фахрий мукофоти берилган.
Варшава мамлакатдаги транспорт йўлларининг тугуни ва муҳим саноат маркази ҳисобланади. Шаҳардан 9 та темир йўли ва 9 та автомобиль йўли чиқади. Бу ерда 2 та дарё порти ва Окенце халқаро аэропорти бор. Машинасозлик ва металлсозлик (автоқурилиш ва электротехника ва бошқалар), металлургия, кимё, матбаачилик, тикувчилик ва озиқ-овқат саноати тармоқлари ривожланган.
Варшавада 15 та олий ўқув юрти, жумладан, Варшава давлат университети (1918 йилда ташкил этилган), Политехника институти (1915 йил) Польша Фанлар академияси, консерватория, 20 дан зиёд музей, Катта театр, Халқ театри мавжуд.
Бу қадимий шаҳарда меъморий ёдгорликлардан готика услубидаги Ян собори (1496), Қаср майдонидаги Сигизмунд III устунлари (1644) Красиньскийларнинг собиқ саройи (XVII аср), Вилянув (XVII аср) ва Лазенки (XVIII аср) боғ сарой ансамбллари ва бошқа обидалар сақланиб қолган.

ВАТАН СОҒИНЧИ

Ўйлаб кўрсам, соғинч деган биргина сўзда ҳам орзу, ҳам армон, қувончу алам ҳам мужассам экан. Дилида соғинчи балқиб турган одам доим орзиқиб, дийдорга талпиниб, кутиб яшайди. Эзгу орзу-ниятлари сари интилади. Шу маънода, Европа бўйлаб сафарга чиққан ҳар бир ҳамюртимиз қалбида, менимча (ўзимдан қиёс), соғинч тўлқинга айланган эди. Айниқса, сафаримиз поёнлаб бораётгани туфайли бу туйғу бутун вужудимизни қамраб олган эди.
Биз Польшадан Беларусь Республикасига қараб йўлга чиқдик. Чунки самолётимиз Тошкентга Минск шаҳридан учади. Шу боис ҳам ҳар биримизнинг кўнглимизда тезроқ аэропортга етиб бора қолсак, деган ўй чарх урарди. Аммо олдинда ҳали 500 километрдан зиёд йўл азоби турибди. Варшава вақти билан соат 10:00 да автобусимизга ўтирдик.
Мана, Польша қишлоқлари оралаб кетиб боряпмиз. Йўлнинг ҳар икки тарафи қоп-қора ўрмонзор. Қиламиққина қор ёғиб ўтган. Ногаҳон қуёш чиқиб қолди, денг, биз соғинган қуёш. Хаёлга яна Ўзбекистонимиз келади.
Тўрт-беш соатдан сўнг Польшанинг кузатув чегара постига етиб келдик.
Шошилинч аэропортга кириб бориб, рўйхатдан ўтиб, чипталаримизни расмийлаштириб, юкларимизни топшириб, кутиш залида бизга интизор ёки асабий боқиб турган бошқа йўловчилар ичига кириб бордик. Шу онда кўзимиз яшнаб кетди, денг. Ўзи сафарда кутилмаган, тасодифий ишлар, ғайриодатий саргузаштлар бўлиб туради, дегани ҳаққол-рост экан. Тошкентдаги Миллий театримизнинг бир гуруҳ таниқли актёрлари Минск шаҳрига бир ҳафталик гастролга келишган экан. Мусофир юртида, соғинчдан, хавотирдан энтикиб турган пайтимизда қаршимизда Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрстган артистлар Фатҳулла Маъсудов, Лола Элтоева ва бошқа бир қанча юртдошларимиз юзларида ўзбекона самимий меҳр, табассум билан бизга пешвоз чиқиб турарди. Самолётга улгурганимиз чексиз қувонч бўлса, 12 кун Европа бўйлаб юрган одамлар учун элу юртининг азиз инсонлари билан мусофир юртда рўбарў келиш барчамиз учун Яратганнинг яна бир инояти эди…
Тайёрамиз Тошкент аэропортига оҳиста қўнганида “Боинг-759” тайёрасининг салони қарсаклар садосига тўлди.
Улуғ пойтахтимиз тупроғига қадам қўяр эканмиз, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг “Азим Тошкент – Ватанимизнинг бош шаҳри, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли, барчамиз фарзандлик меҳри ва садоқати билан севиб, талпинадиган буюк ва мўътабар шаҳар” деган сўзлари барчамизнинг қалбимизда акс садо бергандек бўлди.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi