Жан-Поль САРТР (1905–1980) ЁПИҚ ЭШИК ОРТИДА

jon_pol

Бир пардали пьеса
 
Рус тилидан
Шаҳноза НАЗАРОВА
таржимаси

Эстель. Сизга айтаяпман-ку, мен ҳеч нарса билмайман. Улар менга изоҳ беришни хоҳлашмади.
Гарсэн. Тушунарли. Улар менга ҳам жавоб беришни хоҳламадилар. Аммо мен ўзимни биламан. Сен биринчи бўлиб гапиришдан қўрқаяпсан-а? Яхши. Мен бошлайман. (Сукут.) Мен бу қадар итоаткор эмас эдим.
Инэс. Бари равшан. Биз биламиз, сиз қочгансиз.
Гарсэн. Гап бунда эмас. Буни унутинг. Мен хотинимга азоб берганим учун бу ердаман. Бори шу. Беш йил мобайнида. Рост, у ҳалиям қийналиб юради. У кўз ўнгимда: у ҳақда гапирсам, уни кўриб тураман. Мени Гомес қизиқтираяпти, хаёлимда эса хотиним. Гомес қаерда? Роппа-роса беш йил. Буни қаранг-а, улар хотинимга менинг нарсаларимни қайтаришди; у пиджагимни тиззаларига қўйиб, дераза ёнида ўтирибди. Ўн иккита тешиги бор пиджак. Зангга ўхшаш қон доғлари. Тешиклар ўрни сарғайиб кетган. Эҳ! Бу музей экспонати, тарихий пиджак. Мен уни кийиб юрардим! У йиғлармикин? Сен йиғлайсан! Мен чўчқадек ғирт маст ҳолатда келардим, мендан май ва аёлларнинг ҳиди бурқсирди. У мени тун бўйи кутарди; у йиғламасди. Бир оғизгина гап ҳам қилмасди. Фақат кўзлари. Унинг катта-катта кўзлари. Мен ҳеч нарсага ачинмайман. У ёқда қор ёғаяпти. Йиғламайсанми энди? Бундай аёлнинг қисмати азоб чекиш бўлади.
Инэс (юмшоқроқ оҳангда). Сиз нега уни азобга ташладингиз?
Гарсэн. Шунчаки бу осон эди. У дилгир ҳолатда юрарди, биргина сўз кифоя эди, дарров кайфияти ўзгарарди-қоларди. Ҳеч қачон гина-таъна қилмасди. Мен ўтакетган гажир, асов одамман. Мен кутдим, кўп кутдим. На кўз ёш, на гина кўрдим. Мен уни сойдан тортиб чиқариб олдим, тушун­япсизми? У пиджакка қарамайди, қўли билан пайпаслаб йиртиқларни топади. Нимани кутаяпсан? Илинжинг нимадан? Ҳеч нарсага ачинмайман, деяпман сенга. Биласизми, у менга ҳаддан ортиқ мафтун эди. Бу сизга, албатта, тушунарлидир?
Инэс. Йўқ. Менга мафтун бўлишмаган.
Гарсэн. Яна ҳам яхши. Сиз учун жуда яхши. Буларнинг бари сизга жуда мавҳум туюлса керак. Сизга қизиқ бир воқеани сўзлаб берай: мен ўзимникига битта мулат аёлни кўчириб келдим. Тун бўйи тиним йўқ! Хотиним биринчи қаватда ухларди, шовқинимизни эшитарди, эҳтимол. У биринчи бўлиб уйғонарди – биз бўлсак тонггача ирғишлаб ётардик – у бизнинг ётоққа нонушта келтирарди.
Инэс. Ифлос!
Гарсэн. Ҳа-да, ифлос, аммо севимли. (четга олиб.) Йўқ. Бу Гомес, аммо унинг гапи мен ҳақимда эмас. Сиз “ифлос” дедингиз. Жин урсин, агар бошқача бўлса, бу ерда нима қилардим? Сиз-чи?
Инэс. Мен-ку қарғиш теккан аёл эдим. Ўша маҳалдаёқ қарғишга қолгандим, ҳа, билиб қўйинг. Шунинг учун унчалик ҳайрон бўлганим йўқ.
Гарсэн. Бори шуми?
Инэс. Йўқ, албатта, яна Флоранс билан боғлиқ ўша кечмиш. Аммо бу тарих мурдалар ҳақида. Учта мурда ҳақида. Аввало у, кейин у билан биз. Ўшандан кейин у ерда ҳеч ким қолмади, мен хотиржам тортдим – шундоқ ёлғиз хона. Мен уни баъзида кўраман. Дераза-эшиклари беркитилган бўш хона. Э-э! Ниҳоят улар муҳрларни олиб ташлашди. Ижарага берилади… Уни ижарага қўйишган. Эшикда эълон ёпиштирилган. Бу… кулгили.
Гарсэн. Учта? Сиз учта дедингизми?
Инэс. Учта.
Гарсэн. Эркак ва иккита аёлми?
Инэс. Ҳа.
Гарсэн. Буни қаранг-а! (сукут). У киши ўзини ўлдирдими?
Инэс. У киши? У бунга қодир эмасди. Бунда айби йўқ, у азоб чеккан. Йўқ, у трамвай остида қолган. Майнавозчиликни қаранг-а! Мен улар билан яшадим, у менинг амакиваччам эди.
Гарсэн. Флоранс оқ-сариқ сочлимиди?
Инэс. Оқ-сариқ сочли? (Эстель томонга қарайди.) Биласизми, мен сира ачинмайман, бу ҳақда гапиришни хоҳламайман, бунинг ёқадиган жойи йўқ.
Гарсэн. Кейин, кейин-чи! У жонингизга тегиб кетмадими?
Инэс. Ҳа, аста-секин. Бир ундоқ, бир бундоқ… Масалан, у хўриллатиб ичарди – стаканга пиш-пиш нафаси уриларди. Ҳар хил майда-чуйдалар. Тегма нозик бахтсиз бир одам. Сиз нега кулаяпсиз?
Гарсэн. Чунки мени жин урмайди.
Инэс. Кўрамиз. Мен қизни аврадим: унга менинг кўзларим билан қарайдиган бўлди. Ва охир-оқибат менинг қўлларимда қолиб кетди. Биз шаҳарнинг бир чеккасидан ижарага жой олдик.
Гарсэн. Кейин нима бўлди?
Инэс. Кейин мана бу трамвай… Мен доим унинг миясига қуярдим: ҳа, мана шунақа, жонгинам, биз уни ўлдирдик-қўйдик. (жимлик.) Мен ёвузман.
Гарсэн. Ҳа. Мен ҳам.
Инэс. Йўқ-йўқ. Сиз ёвуз эмассиз. Бу бутунлай бошқа нарса.
Гарсэн. Айнан нима?
Инэс. Буни сизга кейин айтаман. Мана мен ёвузман: мен учун бошқаларнинг азобли ҳаёти даркор. Машъала. Юрак машъаласи. Қачонки ёлғиз қолсам, мен тугаб битаман. Олти ой мен унинг юрагини куйдирдим: мен у ерда ҳаммасини ўтга ташладим. Бир кеча қиз ўрнидан турди ва газни очди, бундай бўлар деб хаёлимга келтирмагандим. Кейин у яна ёнимга келиб ётди. Бор гап шу.
Гарсэн. Ҳимм!
Инэс. Нима?
Гарсэн. Ҳеч нима. Палид бир иш.
Инэс. Палидми, нима бўпти?
Гарсэн. Ҳа, сиз ҳақсиз. (Эстелга.) Сенинг навбатинг. Сен нима қилиб қўйгандинг?
Эстель. Ахир айтдим-ку, ҳеч нарсадан хабарим йўқ.
Гарсэн. Хўп, биз сенга ёрдам берамиз. Башараси абжақ бўлган кимса ким?
Эстель. Қанақа абжақ?
Инэс. Сен ўзинг биласан. Бу ерга келганингда учраб қолишидан қўрққанинг ўша одам.
Эстель. Бир танишим.
Инэс. Нега ундан қўрқасан?
Эстель. Мени сўроқ қилишга ҳеч қандай ҳаққингиз йўқ.
Инэс. У сен сабаб ўзини ўлдирдими?
Эстель. Йўқ, сиз ақлдан озибсиз!
Гарсэн. Нега ундан қўрқасан бўлмаса? У, нима, ўзини пешонасидан отдими? Шунинг учун унда бош бўлмаслиги керакми?
Эстел. Бас қилинг, бас қилинг!
Гарсэн. Сени деб, сени деб!
Инэс. Сен сабаб ўзини отган!
Эстель. Мени тинч қўйинг. Мен сиздан қўрқаман. Мен бу ердан кетишни хоҳлайман. Бу ердан кетишни хоҳлайман!

Эшикка қараб югуради, уни силкилай бошлайди.

Гарсэн. Кет. Мен жон дейман. Аммо эшик ташқаридан берк.

Эстель тугмачани босади. Қўнғироқ овоз бермайди. Инэс ва Гарсэн кулишади. Эстель уларга ўгирилади, эшикка суянади.

Эстель (аста бўғиқ овозда). Сизлар пастлик қилаяпсиз.
Инэс. Албатта, бу пастлик. Биз аниқлаб бўлдик, у сенинг айбинг билан ўзини отган. У сенинг ўйнашинг эдими?
Гарсэн. Бари равшан, ўйнаши. У қизнинг ёлғиз ўзига тегишли бўлишини хоҳлаган. Шундай, шундайми ахир?
Инэс. У моҳир раққослардек рақсга тушарди, аммо, афтидан, нотавон бўлган.
Гарсэн. Сендан сўраяпти, у ночормиди?
Эстель. Ҳа, у қашшоқ эди.
Гарсэн. Ҳа-да, сен ўз обрўйингни сақлаб қолишни истагансан. Кунлардан бир кун у сенга қаттиқ ёлворган, сен бўлса кулгансан.
Инэс. Шундай эмасми? Сен кулганмисан? Шунинг учун ҳам у ўзини отганми?
Эстель. Сен Флорансга шундай кўз билан қарадингми?
Инэс. Ҳа.
Сукут. Эстель кулади.

Эстель. Топа олмабсиз. (уларга қарайди, эшикка тиралади. Қуруқ писанда билан) У мендан бола кўрмоқчи бўлди. Энди хурсандмисиз?
Гарсэн. Сен хоҳламагансан.
Эстель. Йўқ, хоҳламадим. Шунга қарамай бола туғилди. Мен беш ой Швейцарияда юриб келдим. Ҳеч ким бу ҳақда билмади. Қиз туғдим. У туғилганда ўша нусха мен билан эди. У қиз хоҳларди. Мен эса йўқ.
Гарсэн. Кейин-чи?
Эстель. Болохона айвони кўлга чиқарди. Мен катта тош олдим. У: “Эстель, сендан ўтинаман, ёлвораман”, деб қичқирди. Мен ундан жирканардим. У ҳаммасини кўрди. У болохонадан қараб турарди ва сувда таралган ҳалқачаларни кўрди.
Гарсэн. Кейин.
Эстель. Ҳаммаси шу. Мен Парижга қайтдим. У ўйлаб қўйган ишини бажарди.
Гарсэн. Ўзини отди-а?
Эстел. Албатта. Бекордан бекорга нобуд бўлди: менинг эрим бу борада гумонга ҳам бормаганди ахир. (сукут.) Мен сизлардан нафратланаман. (кўз ёшсиз йиғлайди.)
Гарсэн. Фойдаси йўқ. Бу ерда ёш келмайди.
Эстель. Мен тубан одамман. (сукут.) Сиз билсангиз эди, сизлардан қанчалар нафратланаман!
Инэс (уни қучади). Шўрлик қизгина! (Гарсэнга.) Тергов тугади. Жаллод бўлмай кет.
Гарсэн. Жаллод… (аланглаб.) Бир кўзгуга қарасам, ҳеч нарсамни аямасдим! (сукут.) Ёндирди! (беихтиёр пиджагини еча бошлади.) Э, узр. (уни яна киймоқчи бўлади.)
Эстель. Пиджакни ечишингиз мумкин. Кейин…
Гарсэн. Ҳа. (пиджакни диванга итқитади.) Мендан жаҳлинг чиқмасин, Эстель.
Эстель. Мен сиздан аччиқланмайман.
Инэс. Мендан-чи? Мендан ғазабланасанми?
Эстель. Ҳа.

Жимлик.

Инэс. Мана, Гарсэн, биз энди ғумбаклардек шир яланғоч бўлиб қолдик. Енгил тортдингми?
Гарсэн. Билмадим. Эҳтимол, бироз. (ботинмай.) Бир-биримизга ёрдам бериш йўлларини қидириб кўрсак нима бўпти?
Инэс. Мен ёрдамга муҳтож эмасман.
Гарсэн. Инэс, ҳамма иплар чувалиб кетган. Сиз қимир этсангиз, зарбаси бизга тушяпти. Ҳар биримиз алоҳида-алоҳида қутулиб кетолмаймиз: биргаликда ютишимиз ёки бирга ютқизишимиз керак. Танланг. (сукут.) Нима гап?
Инэс. Қизни улар сотишган. Ойна ланг очиқ, эркак менинг каравотимда ўтирибди. Улар уни сотишган, улар сотишган уни! Бошланг, бошлайверинг, ҳеч ийманиб ўтирманг. Бу аёл. У эркак томон келади ва қўлини унинг елкасига қўяди… Нега улар чироқни ёқмаяпти, энди ҳеч нарса кўринмаяпти: улар ўпишаётгандир, а? Бу хона меники! Меники! Ахир нега улар чироқ ёқишмаяпти? Мен уларни энди кўрмаяпман. Улар у ерда нимани ивир-шивир қилишяпти? Наҳотки у уни менинг тўшагимда силаб-сийпалайди? Аёл унга ҳозир чошгоҳ эканлиги, қуёш ёрқин порлаётганини сўзлаяпти. Демак, мени кўздан қолдиришибди. (сукут.) Тамом. Энди ҳеч нарса кўринмайди ва эшитилмайди. Хўп, яхши: ишондимки, бу дунёнинг ишлари соб бўлар. Менда айбсизлигимни исбот этувчи бошқа бирор нарса қолмади. (титрайди.) Мен сезяпман, ичим бўм-бўш. Мана ҳозир, ниҳоят, мен бутунлай ўлдим. Мен бутунлай, бутунлигача шу ердаман. (cукут). Сиз нимадир дедингизми? Сиз, менга ёрдам бермоқчи эдингиз, шекилли, а?
Гарсэн. Ҳа.
Инэс. Қандай?
Гарсэн. Уларнинг режасини йўққа чиқариш учун ёрдам.
Инэс. Эвазига нима сўрайсиз?
Гарсэн. Менга сиз ёрдам берасиз. Сиздан арзимас нарса даркор бўлади,         жиндек холис ёрдам.
Инэс. Холис ёрдам?.. Уни қаердан оламан мен? Мен йўлдан озганман.
Гарсэн. Мен-чи? (cукут.) Шундай бўлса ҳам, бир уриниб кўрайлик?
Инэс. Мен қуриб-қақшаб қолганман. Ҳеч нарса беролмайман, ҳеч нарса ололмайман – ахир қандай ёрдам бероламан. Қуриган бутоқ ўтга ташланади. (Сукут. Қўллари билан юзини тўсиб ўтирган Эстелга қарайди.) Флоранснинг сочлари сарғимтил-оқ эди.
Гарсэн. Бу зинқарча сизнинг кушандангиз бўлади, биласизми шуни?
Инэс. Эҳтимол, гарчи мен бунга ишонмасам ҳам.
Гарсэн. У сизни уларга тутиб беради. Менга келсак, мен… мен… мен унга ҳеч бир эътибор қилмайман. Фақат унинг тарафидан…
Инэс. Нима?
Гарсэн. Бу тузоқ. У кутиб турибди, унинг тузоғига тушасизми ёки йўқ?
Инэс. Биламан. Сиз ҳам – қопқон. Нима дейсиз, улар сизнинг сўзларингизни аввал-бошдан ҳисобга олмаганми? Балки, шубҳага борилмайдиган жойларга тузоқ қўйилгандир. Тузоқлар – ҳамма ёқда. Аммо менинг бу билан ишим йўқ. Мен ҳам тузоқман. Ўша қиз учун тузоқ. Балки, пайти келиб нақ уни тутиб оларман.
Гарсэн. Сиз ҳеч кимни тутиб олмайсиз. Биз қанчалар югурмайлик, ҳеч қачон бир-биримизга қувиб етолмаймиз, худди от ўйинидагидек. Ишонаверинг – улар буларнинг барининг ғамини еб қўйишган. Бас қилинг, Инэс. Тўхтанг. Акс ҳолда биз уч шўрпешонага айланамиз.
Инэс. Наҳотки қўлидаги ўлжани қочириб юборадиганга ўхшасам? Биламан, мени нима кутяпти. Мен ёнаяпман, мен аллақачон ёниб битаяпман ва биламанки, охири йўқ; ҳаммасини биламан – мени курашсиз бой беради деб ўйлайсизми? У меники бўлади, у сизни менинг кўзларим билан кўриб турибди, худди Флоранс ўшани, бошқа бирини кўриб тургандек… Сиз шўрпешоналар ҳақида нима деётгандингиз? Такрорлайман: мен ҳаммасига тайёрман ва ўзимга ҳайфим ҳам келмайди. Тузоқ! Албатта-да, мен тузоққа тушдим. Хўш, нима бўпти? Қайтага уларга яхши.
Гарсэн (уни елкасидан тутади). Сизга раҳмим келади. Менга қаранг. Биз яланғочмиз. Суякларимизга қадар яланғоч, сизни бошдан-охир кўриб турибман, юрагингизга қадар. Биз қаттиқ боғланганмиз: наҳотки сизга ёмонлик қилади деб ўйласангиз? Мен ўкинмайман, нолиб ўтирмайман; мен ҳам қуриб битганман. Аммо сизни аясам дейман.
Инэс (унинг гапини бўлмайди, бошини кўтаради). Менга тегманг. Менга қўл теккизишса куфрим келади. Ўзингизча ачинмай қўя қолинг. Гарсэн, бу хонада сизга қўйилган кўпдан-кўп тузоқлар бор. Сизга! Айнан сиз учун ҳозирланган! Ўзингизнинг ғамингизни еганингиз яхшироқ. (Сукут.) Агар бизни қиз билан ўз ҳолимизга қўйсангиз, мен сизга зиён етказмасликка ҳаракат қиламан.
Гарсэн (унга қарайди, кейин елка қисади). Маъқул.
Эстель (бошини кўтаради). Менга ёрдам беринг, Гарсэн.
Гарсэн. Мендан нима хоҳлайсиз?
Эстель (ўрнидан туради ва унга томон юради). Сиз менга ёрдам беришингиз мумкин.
Гарсэн. Ундан сўранг.

Инэс яқин келади, Эстелнинг ортида унга тақалиб туриб олади, аммо қўл теккизмайди. Кейинги луқмаларда у деярли унинг қулоғига сўзлайди. Бироқ Эстель Гарсэнга томон ўгирилади, чурқ этмасдан унга термулади, гўё саволларни у бераётгандек фақат унга жавоб беради.

Эстель. Ўтинаман, Гарсэн, ахир сиз ваъда бергандингиз! Шошилинг, тез бўлинг, мен ёлғиз қолишни хоҳламайман. Ольга уни рақсга тортди.
Инэс. Кимни?
Эстель. Пьерни. Улар бирга рақсга тушишяпти.
Инэс. Қайси Пьер?
Эстель. Бир тентак. У мени ўзининг обиҳаёти деб билади. У мени севади. У уни рақсга тортди.
Инэс. Сен уни севасанми?
Эстель. Улар ўтиришди. Қиз оғир нафас олаяпти. Нега рақсга тушишяпти? Балки озмоқчидир. Йўқ, албатта. Йўқ, мен уни севмаганман: йигитча ўн саккизда, мен бўлсам одамхўр эмасман.
Инэс. Унда уларни унут. Сенинг нима ишинг бор?
Эстель. У меники бўлган.
Инэс. Ер юзидаги ҳеч бир нарса энди сенга тегишли бўлмайди.
Эстель. У меники бўлган.
Инэс. Ҳа, бўлган эди… Уни тутиб кўр-чи, қўл узатиб кўр-чи. Мана Ольга унга тегина олади. Тўғрими? Тўғрими? Ольга унинг қўлини ушлаши, тиззаларини силаши мумкин.
Эстель. У йигитга ўзининг оғир кўкракларини ботирди, унинг юзига тиргалиб нафас олаяпти. Митти болакай, иложсиз митти болакай, сен нега кулмаяпсан? Эҳ, аёл юраги дов бермаган вақтда мен фақатгина термулиб турардим… Мана шунақами, мен эндиликда ҳеч нарсаманми?
Инэс. Ҳеч нарса. Заминда сендан ҳеч вақо қолмади: сенинг бор буд-шудинг шу ерда. Қоғоз кесиш учун пичоқча керакмиди? Ёки бронза ҳайкалча? Қизғиш диван ҳам сеники. Ва мен, мен ҳам умрбод сеникиман, қизгина.
Эстель. Шундайми? Буларнинг бари меникими? Иккингиздан қайси бирингизнинг мени обиҳаётим дея аташга ҳаддингиз сиғади? Менинг ҳисобимда сизнинг иккингиз ҳам янглиш фикрламаяпсиз, менинг яроқсиз эканлигимни билиб турибсиз. Мен ҳақимда ўйла, Пьер, фақат мен ҳақимда ўйла, мени эҳтиёт қил: менинг обиҳаётим, менинг баҳоси йўқ обиҳаётим, менинг ярмимгина шу ерда, менинг фақат ярмимгина гуноҳкор, мен у ерда обиҳаёт эдим, бағрингда, сен билан ёнма-ён. У қиз помидордек қип-қизил. Ахир бу мумкин эмас эди: биз сен билан юз марталаб уни мазах-масхара қилганмиз.  Бу қандай мусиқа? Мен қизни қанчалар севгандим. Ҳа, Сан Луи блюз. Ўйнанг, ўйнанг. Гарсэн, агар уларни кўра олганингизда эди кўнглингизни хушлаган бўлардингиз. Мен уни кўраётганимни у ҳеч қачон билолмайди. Сени кўраяпман, сенинг ҳурпайган турмагинг, беўхшов кулгингни, кўраяпман унинг оёқларини қандай босиб олаёганингни. Кулгидан ўлиб қолиш мумкин! Қани тезроқ, яна ҳам тезроқ! У уни тортади, туртади. Бу одобдан эмас. Тезроқ! У менга айтди: – Сиз қанчалар енгилсиз. Қани, қани. (Рақс тушади, сўзлашда давом этади.) Сенга айтаяпман, сени кўраяпман деяпман. Аёлга барибир, у рақс тушаяпти ва менинг нигоҳларимни сезмаяпти. Бизнинг дилрабо Эстель! Бизнинг дилрабо Эстелмиш-а? Э-э, тўхтаб қолишди. Сен ҳатто дафн вақтларида ҳам йиғламагансан. Аёл унга “бизнинг дилрабо Эстель” деди. У уялмасдан у билан мен ҳақимда сўзлашаяпти. Туйғуларнинг чек-чагараси борми: бир вақтнинг ўзида ҳам гапиради, ҳам ўйинга тушадими! Бу нимаси?.. Йўқ, йўқ, йигитга айтма! Мен уни сенга бердим, уни олиб кет, яшириб қўй, у билан хоҳлаганингни қил, фақат унга айтма. (Бошқа рақсга тушмайди.) Бўлди. Энди йигитни тутиб келишинг мумкин. Аёл унга ҳаммасини айтди, Гарсэн: ўша нусха ҳақида, Швейцария сафари ҳақида, бола ҳақида – унга борини айтиб берди. “Бизнинг дилрабо Эстель бўлмаган…” Ҳа, рост, мен бўлмаганман… У ғамгин қиёфада бош силкаяпти, айтишга ҳам ҳожат йўқ, хабар уни титроққа солган. Энди уни олиб кетишинг мумкин. Унинг киприклари узун-узун, у қиз болага ўхшайди… Биз энди рақиб эмасмиз… У мени биллурим дерди, обиҳаётим дерди. Сенинг биллуринг синиб чил-парчин бўлди. “Бизнинг дилрабо Эстель”. Тушавер, тушавер ўйинга! Мусиқани тингланг. Бир-икки. (Рақс тушади.) Заминга бир дақиқага, атиги бир дақиқага қайтиш учун боримни берардим – ва бир муддат рақс тушардим. (Рақс тушади; Сукут.) Ҳозир мен уларни яхши эшитмаяпман. Улар танго тушадигандек чироқни ўчиришди, нега ҳеч кимга билдирмай ўйинга тушаяптилар? Баландроқ! Қанчалар узоқ! Мен… мен энди ҳеч нарса эшитмаяпман. (Рақс тушишдан тўхтайди.) Энди ҳеч қачон эшитмайман. Мен ва Замин видолашдик. Гарсэн, менга қаранг, мени қучинг.

Инэс Эстелнинг ортидан Гарсэнга нари кетишни ишора қилади.

Инэс (буйруқ оҳангида). Гарсэн!
Гарсэн (бир қадам нари кетади ва Эстелга Инэсни кўрсатади). Ундан сўранг.
Эстель (унга ёпишиб олади). Кетманг! Эркакмисиз ёки йўқ? Менга қарасангиз-чи, кўзингизни олиб қочманг: бу шунчалар мушкулми? Менинг сочларим тилло ранг, ахир кимдир мени деб ўзини отган. Ёлвораман, сиз нимагадир қарашингиз керак-ку. Агар менга бўлмаса, унда ҳайкалчага, стол ёки диванга қаранг. Ҳар қалай менга қараш ёқимлироқ. Эшитинг, мен уларнинг юрагидан қуладим, қуш боласи уясидан қулагандек. Мени ол, мени қабул эт ўз юрагингга – кўраяпсан-ку, мен маҳбубанг бўламан.
Гарсэн (уни куч билан итариб юборади). Сизга айтаяпман, ундан сўранг.
Эстель. Унданми? У ҳисобда йўқ – у ҳам аёл бўлса.
Инэс. Мен ҳисобда йўқманми? Аммо, қушча-тўрғайча, сен аллақачондан бери менинг юрагимда яшаяпсан. Қўрқма, сенинг кўзларинг билан қарамайман, ҳатто пирпиратиб ҳам қўймайман. Сен менинг нигоҳларимда яшайсан, қуёш нурларидаги қум заррасидек.
Эстель. Қуёш нурларидаги? Эй, мени ўз ҳолимга қўйсангиз-чи. Сиз боягина уриниб кўрдингиз ва қиз рад қилди.
Инэс. Эстель! Менинг обиҳаётим, менинг биллургинам!
Эстель. Сизнинг биллурингиз эканманми? Аҳмоқлик. Кимни аврамоқчисиз? Ҳамма билади, мен болани ойнадан улоқтирганман. Биллур синиқлари ерда сочилиб ётибди, мен тупурдим бунга. Менинг пўстим қолди холос ва бу қобиқ сиз учун эмас.
Инэс. Ёнимга кел! Ҳаёт суви ёки булғанч сув, хоҳлаганинг бўлавер; менинг кўзларим қаърида ўзингни қандай хоҳласанг ўшандай кўрасан.
Эстель. Тинч қўйинг мени! Сизда кўзнинг ўзи йўқ, тўғрими? Мени тинч қўйишинг учун нима қилай? Мана сенга!

Унинг юзига туфлаб юборади. Инэс тездан уни қўйиб юборади.

Инэс. Гарсэн! Сиз бунинг учун менга ҳақ тўлайсиз!

Сукут.
Гарсэн елка қисади ва Эстель томон юради.

Гарсэн. Нима дейсан? Эркаксираб қолдингми?
Эстель. Йўқ, эркак эмас. Сени.
Гарсэн. Алжираганинг етар. Бу ерда ким бўлса ҳам эпини қилади. Мен тасодифан қўлга тушиб қолдим. Яхши. (Унинг елкаларини тутади.) Билиб турибсан, сенга ёқишим қийин – мен аҳмоқ эмасман, яна тангога ҳам  тушмайман.
Эстель. Сени қандай бўлсанг шундайлигингча қабул қиламан. Балки, сен учун бошқача йўл тутарман.
Гарсэн. Ишонмайман. Мен… эътибор қилмайман. Менинг хаёлим бошқа ишлар билан банд.
Эстель. Қандай ишлар билан?
Гарсэн. Сенга қизиғи йўқ.
Эстель. Мен сенинг диванчангда ўтираман ва мен билан шуғулланишингни кутаман.
Инэс (қаҳ-қаҳ уриб кулади). Фоҳиша! Майли ёт! У ҳатто хушрўй ҳам эмас.
Эстель (Гарсэнга). Қулоқ солма унга. Энди унда на кўз бор, на қулоқ. У ҳисобда йўқ.
Гарсэн. Сенга йўғу боримни бераман. Бу кўп эмас. Мен сени севолмайман: мен сени ҳаддан ортиқ яхши биламан.
Эстель. Мени кўнглинг тусайдими?
Гарсэн. Ҳа.
Эстель. Менга бошқа нарса керак эмас.
Гарсэн. Унда… (Унга энгашади.)
Инэс. Эстель! Гарсэн! Ақлдан озибсиз! Мен шу ердаман ахир!
Гарсэн. Кўраяпман, нима бўпти?
Инэс. Менинг кўз ўнгимда-я? Сиз… сиз бундай қилолмайсиз!
Эстель. Нега? Мен оқсоч олдида ечинаверганман.
Инэс (Гарсэнга ёпишади). Уни қўйиб юборинг! Қўйиб юборинг! Унга ифлос эркак қўлларингизни теккизманг!
Гарсэн (қўполлик билан уни итариб юборади). Мен олийҳиммат инсонлардан эмасман, аёлларни уришдан чўчимайман.
Инэс. Сиз менга сўз бергансиз, Гарсэн, сиз сўз бергансиз! Ўтинаман сиздан, сиз ваъда бергансиз!
Гарсэн. Сиз ўзингиз келишувни буздингиз.

Инэс уни ўз ҳолига қўяди ва хонанинг олис бурчагига кетади.

Инэс. Хоҳлаганингизни қилинг, сизни қўлга туширди. Аммо эсингизда бўлсин, мен шу ердаман ва сизларга қараб турибман. Кўраяпман, Гарсэн, сизни менинг кўзларим илғаб турибди. Сиздан гулқоғозлардек нафратланаман! Ўз майлингиз билан машғул бўлинг, аммо унутманг: биз дўзахдамиз ва менинг навбатим яқинлашаяпти.

Кейинги саҳна давомида у уларга қарайди, бир сўз ҳам гапирмайди.

Гарсэн (Эстелга қайта ўгирилади ва уни елкаларидан тутади). Мени ўп.

Сукут. Унга энгашади ва бирдан ростланади.

Эстель (аламли). Эй!.. (Сукут). Сенга айгандим-ку, унга эътибор берма.
Гарсэн. Унинг учун эмас. (Сукут.) Гомес таҳририятга келди. Улар деразаларни беркитишган, демак, аллақачон қиш келган. Олти ой. Аллақачон олти ой, худди мен… Мен сени баъзан паришонхотир бўлиб қолишимдан огоҳлантиргандим-а? Улар совуқдан титраяпти, пиджаклар эгнида… Ғалати: у ерда улар совқотишяпти, мен бўлса ёнаяпман. Бу сафар улар мен ҳақимда гапиришяпти.
Эстель. Буниси энди узоқ чўзилади. (Сукут.) Жилла қурса улар нима ҳақида гаплашаётганини айтсанг-чи.
Гарсэн. Ҳеч нарса ҳақида. У ҳеч нарса ҳақида гапирмаяпти. Бу шунчаки ярамас одам. (Тинглашда давом этади.) Қанчалар разил! (Эстелга яқинлашади.) Ўз ишимиз билан машғул бўламиз. Мени севмоқчимисан?
Эстель (жилмайиб). Ким билади дейсан?
Гарсэн. Менга ишонмоқчимисан?
Эстель. Кулгили савол: сен доимо менинг кўзларимда бўласан ва Инэсга оғиб, менга хиёнат қилмассан балки.
Гарсэн. Тўғри. (Сукут. Қўлларини Эстелнинг елкасидан олади.) Мен бошқача тарздаги ишончни хоҳлайман. (Ненидир тинглагандай бўлади.) Бўлсанг-чи, барисини гапир, каллангга нима келса гапир, мен ўзимни ҳимоя қилмайман. (Эстелга.) Эстель, сен менга ишонишинг керак.
Эстель. Мунча оҳанжама! Мен ўз лабларим, ўз қўлларим, ўз вужудимни сенга топшираман; ҳаммаси шунчалар жўн содир бўладики!.. Ишонч-чи? Бунга ваъда беролмайман; мени жуда эзиб юбординг. Шу тарзда ишончимни қозонмоқчи экансан, чоғимда, даҳшатли нимадир қилгансан.
Гарсэн. Мени отиб ўлдиришган.
Эстель. Биламан – сен кетишдан бош тортгансан. Кейин-чи?
Гарсэн. Мен… мен ҳеч ҳам бўйин товлаганим йўқ. (Кўринмас нарсаларга мурожаат қилиб.) У гапни боплайди, мени ўлгудай қоралайди, лекин нима қилиш кераклигини айтмайди. Наҳотки генералга бориб: “Менинг генералим, мен кетишни хоҳламайман”, – деб айтишим зарур бўлса? Бемаънилик-ку бу! Улар мени қамаб қўйишарди. Мен шоҳид гувоҳ бўлишни хоҳлардим, тушуняпсизми? Оғзимга уришларини хоҳламадим. (Эстельга.) Мен… мен поездга ўтирдим. Мени чегарада қўлга олишди.
Эстель. Қаерга кетмоқчи эдинг?
Гарсэн. Мехикога. Мен у ерда пацифистик журнал чиқаришни мўлжаллагандим. (Жимлик.) Шу, қани, нимадир десанг-чи, ахир.
Эстель. Сенга нима десам бўлади? Сен тўғри йўл тутгансан, чунки курашишни хоҳламагансан.

Гарсэн асабий қалтирайди.

Эҳ, азизим, сенга нима жавоб беришни ҳам билмаяпман.
Инэс. Дурдонам, унга худди арслондек қочиб қолгансан деб айт. Чунки сенинг маъшуқинг оёғини қўлига олиб тумтарақай қочган. Айнан шунинг учун ҳам у шунақа жиззаки.
Гарсэн. Қочиб кетган, думини хода қилган – хоҳлаганингизча атайверинг.
Эстель. Ҳа-да, қочишинг керак бўлган, агар қолмаганингда, сени тутиб олишарди.
Гарсэн. Худди шундай. (Сукут.) Эстель, мени қўрқоқ деб ўйлайсанми?
Эстель. Билмасам, суюклигим, мен ахир сенинг ўрнингда бўлиб кўрмаганман. Ўзинг ўйлаб топ.
Гарсэн (ҳорғин). Ўйлайдиган аҳволда эмасман.
Эстель. Унда эслаб кўр; сенда, балки, бунинг учун сабаблар бўлгандир.
Гарсэн. Ҳа.
Эстель. Қандай сабаблар?
Гарсэн. Наҳот шулар жиддий сабаб бўлса?
Эстель (афсусланиб). Сен ҳаммасини ортиқ мураккаблаштириб юборяпсан!
Гарсэн. Мен исботлаб беришни хоҳлагандим… мен узоқ ўйладим… Менда чинакам асосли сабаб бўлганмикин?
Инэс. Э-э-э, мана муаммо нимада. Бу сабаблар арзигуликмиди? Ўйлаб кўргансан, қалтис ишлар билан шуғулланишни хоҳламагансан. Аммо қўрқув, нафрат ва бошқа қабиҳликлар одатан сир тутилади-ю, булар ҳам сабаб. Бўла қол, ўзингдан сўраб кўр.
Гарсэн. Ўчир овозингни! Сенинг ўгитларингни эшитиб ўтиради деб ўйлаяпсанми? Мен ўз камерамда туну кун қадамлаб юрдим, у бошдан бу бошга, деразадан эшиккача, эшикдан деразагача. Ўзим ўзимни назорат қилдим. Ўзим ўзимни кузатдим. Ўйлашимча, бутун ҳаётим давомида фақатгина бир иш қилдим – ўз-ўзимга саволлар бердим, кейин бўлса вақт кучга кирди. Мен… мен поездда кетдим, буни биламан. Аммо нега? Нега? Охири ўйладимки, менинг ўлимим ҳамма муаммоларни ечиб беради; агар менинг ўлишим керак бўлса, мен қўрқоқ эмаслигимни исбот қиламан.
Инэс. Гарсэн, ўлимни қандай кутиб олдингиз?
Гарсэн. Ёмон.
Инэс қаҳ-қаҳ уради.

Ў, бу шунчаки жисмоний заифликдан бўлган. Бундан уялмайман. Фақат ҳаммаси чала-чулпа қолиб кетди. (Эстелга.) Бу ёққа кел. Менга қара. Токи Заминда мен ҳақимда сўзлашаркан, менга кимдир қараши зарур. Менга кўк кўзлар ёқади.
Инэс. Кўк кўзлар? Қаранг-а! Сенга-чи, Эстель? Сенга қўрқоқлар ёқадими?
Эстель. Билсанг эди, бу менга фарқсиз. Қўрқоқми, йўқми, ўпишни билса бўлгани.
Гарсэн. Улар уйқусираб бошларини тебратишяпти, сигара тортишяпти, – жуда зерикишяпти. Гарсэн қўрқоқ, деб ўйлашяпти. Бўшанг ва заиф. Аммо ҳар ҳолда улар нима ҳақидадир ўйлашаяпти. Гарсэн қўрқоқ – мана улар қандай тўхтамга келишди, менинг ошналарим. Ярим йилдан сўнг улар худди Гарсэндек қўрқоқ, дейишади. Сиз иккингиз омадлисиз; сиз ҳақингизда ерда энди ҳеч ким эсламайди. Менинг қисматим оғир келди.
Инэс. Хотинингиз-чи, Гарсэн?
Гарсэн. Хотинимга нима бўпти… У ўлган.
Инэс. Ўлган?
Гарсэн. Ҳа, сизга айтишни унутибман. У яқинда кўз юмди. Тахминан бундан икки ойча аввал.
Инэс. Алам-ҳасратданми?
Гарсэн. Албатта, аламдан. Яна нимадан бўлсин? Ҳозир ҳаммаси ўз ўрнига тушди: уруш тугади, хотин ўлди, мен бўлсам тарихга айландим.

Кўз ёшсиз ўксиб йиғлайди, юзини қўллари билан беркитади. Эстель уни қучади.

Эстель. Жоним, азизим! Менга қарагин, жонгинам! Менга суян. Қўлларингни кўксимга қўйгин.

Унинг қўлларини ўз кўксига қўяди, уни силаб-сийпалайди. Гарсэн ундан ўзини тортишга ҳаракат қилади.

Қўлларингни шу ерга қўй, уларни қўй, қимирлатма. Улар битта-битта ўлиб кетади, нима фарқи бор, деб ўйлашади. Уларни унут. Мендан бўлак ҳеч ким қолмади.
Гарсэн (қўлларини тортиб олади). Э, улар-ку мени унутишмайди. Улар ўлади, аммо бошқалар келади, эстафетани қўлга олишади: менинг ҳаётим уларнинг қўлида.
Эстель. Сен ҳаддан ортиқ вайсаб юборяпсан!
Гарсэн. Яна нима ҳам қилардим? Илгари тинмасдим… Эҳ, ҳеч бўлмаса бир кунга улар ёнига қайта олсам эди… шу қадар фош бўлиш! Аммо мен ўйиндан ташқаридаман: улар менсиз якунлашяпти, ҳамонки мен ўлик эканман, улар ҳақ. Ўлик, каламушдек. (Кулади.) Мен жамият мулки ҳисобланаман.

Сукут.
Эстель (майинлик билан). Гарсэн!
Гарсэн. Шу ердамисан? Бу ёққа қара, менга ёрдам бер. Йўқ дема. Биламан, ўйлайсанки, сендан ёрдам сўрашяпти ва сен бунга одатланмагансан. Агар хоҳласанг, агар зўр берсанг, биз чиндан ҳам, ростдан ҳам бир-биримизни севиб қолишимиз мумкин. Кўраяпсан-ку, менинг қўрқоқлигимни бутун халқ тасдиқлаяпти. Улар билан нима ишим бор? Тирик жон борки, баралла, қайта-қайта айтган бўлардики, мен қочмаганман, қоча олмасдим, мени мард дердилар, софдил дердилар, мен… мен ишонаман, мен халос бўлардим. Менга ишонишни хоҳлайсанми? Дунёда энг қимматли кишим бўлардинг.
Эстель (кулади). Тентак! Аҳмоқ! Мени қўрқоқни сева оларди деб ўйлайсанми?
Гарсэн. Аммо сен айтгандингки…
Эстель. Ҳазиллашгандим. Мен эркакларни севаман, Гарсэн, териси дағал, қўллари кучли ҳақиқий эркакни. Ўхшамайди, сенинг энгагинг қўрқоқнинг энгагига, оғзинг – қўрқоқнинг оғзига, овозинг, сочларинг – қўрқоқнинг овози ва сочларига ўхшамайди. Мен бўлсам сени сенинг оғзинг, сенинг овозинг, сенинг сочларинг учун севаман.
Гарсэн. Ростми? Шу ростми?
Эстель. Сенга қасам ичайми?
Гарсэн. Унда ҳаммангга тупурдим, у ердаги, бу ердаги – ҳаммасига. Эстель, биз дўзахдан чиқамиз.

Инэс қаҳ-қаҳ уради. Гарсэн гапиришдан тўхтайди ва унга қарайди.

Нима гап?
Инэс (кулиб туриб). Ҳа, у ўзининг бирорта сўзига ишонмайди. Қандай қилиб бунчалар гўл бўлиш мумкин? “Эстель, наҳот қўрқоқ бўлсам?” Билиб қўй, бунинг унга сариқ чақалик аҳамияти йўқ!
Эстель. Инэс. (Гарсэнга.) Унга қулоқ солма. Агар ишонишимни хоҳласанг, аввало, менга ишон.
Инэс. Ана топдинг. Унга ишонч билдир. Унга эркак керак, унга балки  ишона оларсан, беллар теграсидаги эркакча қўллар, эркакча бўй, эркакча нигоҳлардаги эркакча истак. Қолганига… Воҳ! Буни қаранг-а! Агар сенга бу ҳузур-ҳаловат бахш этса, у сени Ота-худо дейди.
Гарсэн. Эстель! Шу ростми? Жавоб бер: ростми шу?
Эстель. Сенга нима дейишим керак? Бу ишларда ҳеч балони тушунмайман. (Оёқларини тапирлатади.) Буларнинг бари шу қадар жонимга тегдики! Қўрқоқ бўлганмисан, бўласанми, фарқи йўқ, сени севган бўлардим, тушунарлими сенга? Шу кифоя эмасми?

Сукут.

Гарсэн (иккала аёлга). Иккингиз ҳам нақадар қабиҳсиз! (Эшик томон юради.)
Эстель. Нима қилаяпсан?
Гарсэн. Кетяпман.
Инэс (тезликда). Олис кетолмайсан – эшик берк.
Гарсэн. Очтираман.
Тугмачани босади. Қўнғироқ овоз бермайди.

Эстель. Гарсэн!
Инэс (Эстелга). Хотиржам бўл, қўнғироқ бузилган.
Гарсэн. Мен айтдимми, улар очади. (Эшикни тақиллатади.) Мен сизларга бошқа тоқат қилолмайман, тоқатим етмайди.

Эстель у томон чопқиллаб боради, Гарсэн уни итқитиб юборади.

Йўқол! Сен анавиндан ҳам жирканчсан. Сенинг кўзларингга чўкиб кетишни хоҳламайман. Сен ёпишқоқ! Шалвироқ! Сен саккизоёқсан, ботқоқсан. (Эшикни муштлайди.) Очсангиз-чи ахир!
Эстель. Гарсэн, ўтинаман, кетма, сенга бошқа гапирмайман ҳам, ўз ҳолингга қўяман, фақат кетма. Инэс чангалини ёзди, мен у билан ёлғиз қолишни истамайман.
Гарсэн. Ўзларинг ҳал қилаверинглар. Мен сени бу ерга чақирганим йўқ.
Эстель. Қўрқоқ! Юраксиз! Сен чинакамига қўрқоқсан!
Инэс (Эстелга яқин келади). Хурсанд эмасдирсан, сўфитўрғай! Сен унга хуш ёққанидан менинг юзимга туфладинг, унинг айби билан аразлашиб қолдик. Аммо бахтимизга ғов бўлаётган тўсиқ кетяпти, биз ҳароратли аёллар жамоасида қолаяпмиз.
Эстель. Сен бундан ҳеч нарса ютмадинг: агар эшик очилса, мен кетаман.
Инэс. Қаерга?
Эстель. Фарқи йўқ. Сендан узоқроққа.

Гарсэн эшикни гурсиллатиб ура бошлайди.

Гарсэн. Очинг! Очинг! Ҳаммасига розиман, испанча этикка, омбурга, эритилган қўрғошинга, тахтакачга, сиртмоққа – ҳаммасига, ёқишлари ва осишларига, чинакамига азобланишни хоҳлайман. Яхшиси калтакланг, қамчиланг, чечакка йўлиқтиринг мияни азоблагандан кўра, бу сени силаб-сийпалайдиган ва ҳеч қачон чинакамига оғриқ бермайдиган азобнинг нишонаси. (Эшик зулфагини силкитади.) Очасизми ёки йўқ? (Эшик қўққисдан очилиб кетади, унинг йиқилиб кетишига оз қолади.) Ана холос!

Узоқ жимлик.

Инэс. Энди нимани кутасиз, Гарсэн? Кетинг.
Гарсэн (шошилмасдан). Қизиқ, эшик нега очилиб кетди?
Инэс. Нимани кутаяпсиз? Тезроқ кетинг.
Гарсэн. Кетмайман.
Инэс. Сен-чи, Эстель?

Эстель қимирламайди. Инэс кулади.

Хўш, қани! Ким кетади? Учаламиздан қайси биримиз? Йўл очиқ, тўсиқ йўқ! Кула-кула ўласан! Биз ажралмасмиз.

Эстель унга ортдан ташланади.
Эстель. Ажралмас? Гарсэн! Ёрдам бер. Тезроқ ёрдам бер. Биз уни ташқарига чиқариб ташлаймиз ва киритмаймиз: баттар бўлсин.
Инэс (ҳимояланиб). Эстель! Эстель! Ёлвораман, мени шу ерда қолдир. Фақат йўлакда эмас, мени йўлакка ҳайдама!
Гарсэн. Қўйиб юбор уни.
Эстель. Ақлинг борми, у сендан ҳам нафратланади.
Гарсэн. Мен уни деб қолдим.
Эстель Инэсни қўйиб юборади ва ҳайрат билан Гарсэнга қарайди.
Инэс. Мени дебми? (Сукут.) Эшикни ёпиб қўйинг! Эшик очилгандан буён бу ер ўн баравар қизиб кетди.

Гарсэн эшикни ёпади.

Мени дебми?
Гарсэн. Ҳа. Сен қўрқув нималигини биласан.
Инэс. Биламан.
Гарсэн. Сен биласан ёвузлик нима, номус нима, нима қўрқув. Ўтмиш дақиқаларда ўзингга бошдан-охир назар солгансан – бу сенга хотиржамлик бермаган. Ундан сўнг эса, кейинги кун, бундай ошкораликда қандай тушунишни, нима деб ўйлашни билмагансан. Ҳа, ёвузликнинг нархини биласан. Мени қўрқоқ дер экансан, буни яхши билиб айтаяпсан, тўғрими?
Инэс. Ҳа.
Гарсэн. Сени мен ишонтиришим керак – бизнинг қонимиз бир. Наҳотки мени кетади деб ўйладинг? Миянгдаги мен тўғримдаги мана шу жамики фикрлар билан ғолиб ҳолда сени бу ерга ташлаб кетмасдим.
Инэс. Сен мени чиндан ишонтироласанми?
Гарсэн. Бошқача қилолмайман. Биласан, мен уларни энди эшитмаяпман. Улар мени ҳаётдан маҳрум қилишди. Иш ёпилди, энди мен заминда ўзимни ҳеч қачон танита олмайман, энди мен ҳатто қўрқоқ ҳам эмасман. Инэс, энди биз биттамиз: фақат иккингиз мен ҳақимда яна ўйлашингиз мумкин. У ҳисобда йўқ. Аммо сен мендан нафратланасан, – агар менга ишонсанг эди, мен нажот топардим.
Инэс. Сенга осон бўлмайди, мен ўлгудек қайсарман.
Гарсэн. Қанча вақт керак бўлса ҳам тайёрман.
Инэс. О! Сенда ундан хоҳлаганча бор.
Гарсэн (унинг елкаларидан тутади). Эшит, ҳар биримизнинг ўз мақсадимиз бор, тўғрими? Мен пулга ҳам, муҳаббатга ҳам тупурганман. Мен одам бўлишни хоҳладим. Шафқат билмас одам. Мен борини битта қартага тикдим. Қўрқоқлар энг хавфли йўлни танлайди, тўғрими? Бутун бир ҳаётни битта қилиқ билан баҳолаб бўладими?
Инэс. Нега бўлмасин? Ўттиз йиллик умринг давомида умидлар билан ўзингни юпатиб яшадинг, сенда юрак бор эди; сен кўпда ўз заиф томонларингдан кўз юмдинг, чунки қаҳрамонларни доимо кечирса бўлади. Ўнғайгина! Ундан кейин бўлса, хавф яқинлашди, сени отиб ташлашди ва… ва сен Мехикога жўнадинг.
Гарсэн. Мен бундай қаҳрамонликни ўйлаб топмадим. Мен уни танладим. Ўзимизни қандай кўришни хоҳласак, ўшандаймиз.
Инэс. Буни исбот қилинг. Исботла, ўйламасдан қилинганини исботла. Фақат юмушлар бизнинг истакларимизни баҳолайди.
Гарсэн. Мен жуда эрта ўлдим. Менда юмушлар учун вақт етарли бўлмаган.
Инэс. Биз доим жуда эрта ёки жуда кеч ўламиз. Ҳаёт якунланаверади – якун чиқариш керак бўлади. Сен ўз ҳаётингнинг мужассам тимсолисан.
Гарсэн. Шаллақи! Сенда ҳамма нарсага жавоб бор.
Инэс. Ол-а, ол-а! Дадил бўл! Сен мени шунчаки ишонтиришинг даркор. Зўр бер, далиллар топ.

Гарсэн елка қисади.

Нима бўлди? Мен айтгандим, сен заифсан. Аҳа, энди ҳаммаси учун тўлайсан. Сен қўрқоқсан, Гарсэн, қўрқоқ, чунки мен шуни хоҳлайман. Мен шуни хоҳлайман, эшитяпсанми? Ҳолбуки, мен заифман, Гарсэн, сабодек заиф; мен фақат нигоҳман ва сени кўраяпман, мен фақат шаффоф фикрман ва сен ҳақингда ўйлаяпман.
(Гарсэн у томон сурилади ва қўлларини узатади.)
Бу кучга тўла эркак қўллари менга нима? Нимага ишонаяпсан? Қўллар фикрларни чангаллай олмайди. Шундай экан, бошқа йўлинг йўқ: мени ишонтиришинг керак. Сен менинг қўлларимдасан.
Эстель. Гарсэн!
Гарсэн. Нима дейсан?
Эстель. Унга жавоб қайтар.
Гарсэн. Қандай?
Эстель. Мени қучоқла, у қандай сайрашини эшитасан.
Гарсэн. Мана бу тўғри, Инэс. Мен сенинг қўлларингдаман, аммо сен менинг қўлларимда.

Эстелга энгашади. Инэс додлаб юборади.

Инэс. Қўрқоқ! Қўрқоқ! Аёлдан тасалли изла!
Эстель. Куйла, Инэс, куйла!
Инэс. Қойилмақом ошиқ-маъшуқлар! Ўз елкангда унинг баҳайбат панжалари кўйлакларингни эзғилаётгани, баданингни пийпалаётганини кўрганингда эди! Қўллари намиққан, у бутунлай терга ботган. У кўйлагингда доғ қолдиради.
Эстель. Сайра, қушча, сайра! Мени қаттиқроқ қуч, Гарсэн, у ёмонлигидан ёрилиб ўлсин.
Инэс. Ҳа-ҳа, уни қаттиқроқ қисгин! Ҳароратингиз бир-бирингизга ўтади. Ҳа, муҳаббат яхши нарса эканми, Гарсэн? Юмшоқ ва илиқ, гўё уйқуда ётгандек, аммо ухлаб қолишингга йўл қўймайман.
Эстель. Эшитма. Мени ўп, мен бутунлай сеникиман.
Инэс. Нега имиллаяпсан? Айтганидек қила қол: қўрқоқ Гарсэн бола кушандаси Эстелни қучмоқда. Умидингни узма! Уни қўрқоқ Гарсэн ўпаяптими? Мен сизларга қараяпман, мен ўзим бутун бошли халқман. Гарсэн, сен одамларнинг овозини эшитяпсанми? (Пичирлайди.) Қўрқоқ! Қўрқоқ! Қўрқоқ! Қўрқоқ! Қанча қочма, мен сени тинч қўймайман. Ундан нима олмоқчисан? Унутишми? Аммо мен сени унутмадим! Мен сени ишонтиришим керак. Мен. Бўл, бўлсанг-чи. Мен сени кутяпман. Қарасанг-чи, Эстель, у қучоғини ёзаяпти, у итоаткор худди итдек… Сен уни кўрмагайсан!
Гарсэн. Кеча ҳеч қачон бўлмайдими?
Инэс. Ҳеч қачон!
Гарсэн. Сен доим мени кўриб турасанми?
Инэс. Доим.

Гарсэн Эстелни қўйиб, хона бўйлаб бир неча қадам юради. Каминга яқин келади.

Гарсэн. Ҳайкалча… (Уни силайди.) Бу лаҳза ўтиб кетди! Мана ҳайкалча, мен унга қараяпману тушунаман – мен дўзахдаман. Сизга айтаяпман, ҳаммаси олдиндан кўрилган. Улар билади, мен камин ёнида турибман, сизнинг нигоҳларингиз остида ҳайкалчага қадар қўл теккизаман. Юҳо нигоҳлар… (Бирдан ўгирилади.) Э-э! Сизлар фақат иккитамисиз? Кўпроқсиз, деб ўйловдим. (Кулади.) Мана у қандай бўлар экан – жаҳаннам! Ҳеч ўйлаб кўрмагандим… Эслаб қолинг: олтингугурт, панжаралар, кўра… Буларнинг бари бир пулга қиммат. Кўрага нима бор бунда: дўзах – бу Бошқалар.
Эстель. Муҳаббатим менинг!
Гарсэн (уни итариб юборади). Қоч. Анави, бошқаси, ўртамизда турибди. У қараб турар экан, сени севолмайман.
Эстель. Оҳ, шундайми! Унда у бизга бошқа қарамайди.

Қоғоз кесадиган пичоқни қўлига олади, Инэсга ташланади ва бир неча бор унга пичоқ уради.

Инэс (кулиб, уни қайтариб). Бу нимаси, тентак? Унутдингми, мен ўлганман?
Эстель. Ўлган?

Пичоқни улоқтиради. Сукут. Инэс энгашиб пичоқни олади ва жон-жаҳди билан уни ўзига уради.

Инэс. Ўлган! Ўлган! Ўлган! На пичоқ, на заҳар, на арқон. Бу аллақачон адо этилган, тушунарлими? Ва биз абадий биргамиз. (Кулади.)
Эстель (қаҳ-қаҳ уради). Абадий, худойим, ана қизиқ! Абадий!
Гарсэн (кулади, уларга қарайди). Абадий.

Кула-кула ҳар бирлари ўз диванларига қулайдилар. Узоқ жимлик. Кулишдан тўхтаб, бир-бирларига қарайдилар. Гарсэн туради.

Гарсэн. Нима бўпти, давом этамиз.

Парда

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi