МУСАВВИР

zomin_manzarasi_n

Маҳфуза ИБРОҲИМОВА
(Хоразм вилояти)

Ҳикоя

Чақалоқ туғилганида ота-онаси қанчалар севинган эдилар. Ўрик дарахтлари гулларга бурканганда у дунёга келганди. Сочлари сариқ, кўзлари тим қора чақалоқ ўсиб-улғайиб мусаввир бўлишини ким ҳам хаёлига келтирибди, дейсиз. Чунки ҳеч ким тақдирда нима бўлишини олдиндан билган эмас.
Ота-онаси чақалоққа Умид деб исм қўйишди. Нусрат ака ўғлини қўлига олганича: “Катта бўлсанг машҳур одам бўласан, балки ёзувчи, балки рассом. Кўнглим сезиб турибди, ким бўлсанг ҳам ноёб истеъдод соҳиби бўласан!”, –дея чақалоқнинг жажжи бармоқларини ўпиб қўйди. Бу пайт Нусрат аканинг қалбида орзу кўз очганди. Раъно опага бу ҳол бошқача таъсир қилди шекилли:
– У рассом бўлади, –  деди қатъий. – Бўлганда ҳам буюк рассом бўлади! Мен шуни истайман ва уни шундай тарбия қиламан!
Раъно опанинг сўзлари кескин эди. Шу билан бирга овози ҳам қатъий чиқди. Сўзларидан ни мусаввир қилиб тарбияламоқчи бўлгани сезилиб турарди.
Кун сайин улғая борди. Бир ой ичида анча улғайиб, овозларни пайқаб, ён-атрофга қарайдиган бўлди. Олти ойлигида уч ҳарфли сўзларни айта олар, тўққиз ойлигида юриб, бир ёшга тўлганида гапира оладиган бўлди. Нусрат ака ва Раъно опа сидаги бу ўзгаришлардан қувонар, келажакда унинг мусаввир бўлиб етишишига ишонишарди.
Умид тўрт ёшларда эди, чамаси, бир куни Раъно опа сурат чизиш билан овора бўлиб, бўёқлар Умиднинг қўлига тушиб қолди. Умид оқ саҳифага қизил, сариқ, яшил, мовий ранглардан чизиқлар торта бошлади. Бир зумда оппоқ саҳифада камалак сурати ҳосил бўлди. Умид қоғозни олиб, Раъно опанинг ёнига борди ва кўйлаги этагидан тортқилаб, онасини чақирди:
– Ойи, қаранг, мен ҳам сурат чиздим. Жуда чиройли.
Раъно опа ўгирилиб қаради-ю, оппоқ қоғоз юзига чизилган рангларни кўрди. Эгилиб чизилган рангларни камалакка ўхшатди.
– Бу бошланиши, Умиджон. Шу рангларни ажрата оласанми?
– Йўқ, –  деди Умид кўзларини онасига тикканича.
– Унда буни қандай эпладинг?
– Билмайман. Ўзимга ёққанини олиб чизавердим, – деди Умид.
Бу рассомларда бўладиган ички туйғу эканини Раъно опа биларди. Ранг­лар ҳам руҳиятдан келиб чиққан ҳолда танланади. Камалак рангларини Умид танлаган. Беғубор, самимий, қизиқувчан ва интилувчан, орзулари осмон Умиджон. Бу Умиднинг биринчи сурати эди.
Умиджон етти ёшида мактабга қадам қўйди. Бу пайтда у кўп шеърлар, эртаклар билар, ўз билганларини ҳикоя қилганида эса шунчалик аниқ тасвирлаб сўзлар эдики, бу ҳол ота-онасини бироз чўчитиб қўярди. Умидни илк бор мактабга отаси олиб борди. Янги костюм-шим, оқ кўйлак, қора бўйинбоғ, оёқларида қора туфли. Умидга бу кийим жуда ярашиб турарди. У рўмолча билан туфлисини тез-тез артар, қалбида ҳаяжон билан мактаб остонасига қадам қўйганди. Қўлидаги турфа ранг нафис гуллар дунёнинг бор жозибасини, анвойи бўйлар тароватини ўзида мужассам қилгандек, Умиднинг нигоҳларини ўғирлаб олар, у беихтиёр қўлидаги гулдастага тез-тез қараб қўярди. Умидни ўзига жалб қилган яна бир нарса стол устида турар, кимлар учундир оддий матоҳ бўлган бу нарса Умид учун мўъжиза каби эди. Қўнғироқ оддий мисдан ясалган бўлишига қарамай, Умидни ўзига жалб қилар ва унинг кўзига ғаройиб ҳам гўзал бўлиб кўринарди.
Умид синф хонасига кирди. Синф доскасида катта қилиб қўнғироқ сурати чизилиб турарди.
– Қани, ким шундай қилиб чиза олади? Хоҳловчилар борми? –деди устоз ларга қараб.
Ўқувчилар бирин-кетин бўрни олиб чиза бошладилар. Аммо, ҳеч бири бунинг уддасидан чиқа олмади. Доскада эса қинғир-қийшиқ тасвирлар пайдо бўлди, холос. Устоз уларни ўчириб ташлади-да:
– Қани, Умиджон, сен ҳам бир уриниб кўр-чи, – деди.
Умиднинг юраги тез-тез урар, ҳаяжондан қўллари титрарди. Аммо нигоҳини бир нуқтага тикканича бўрни қўлига олиб, доска юзаси бўйлаб ҳаракатлантирди. У шошмас, тўхтаб, узоқ тикилар ва узуқ-юлуқ чизиқлар тортарди. Устоз бу ҳолни кўриб ҳайрон бўлиб қолди. Умидни чалғитмаслик учун секингина стулга ўтириб олди-да, нима қилишини кузатди.
Умид узуқ чизиқларни бир-бирига бирлаштираркан, доскада ажойиб қўнғироқ шакли пайдо бўлди. У қўнғироқ расмини чизиб бўлди-ю, яна чизиқлар чиза бошлади. Қўнғироқнинг бир томонида сояси пайдо бўлди. Устоз эса таажжубда эди. Умиднинг мактабга келган куниёқ ижоди олам юзини кўрди. Аммо илож қанча! Устоз қўлига матоҳ олди-да, бу суратни ўчириб ташлади. Умиднинг кўзи ўнгида артилган доска ялтираб турарди.
Дарсдан сўнг у уйга келди-ю, тушлик ҳам қилмасдан расм дафтарига қўнғироқ суратини чизиб қўйди.
Умид кўм-кўк осмонни, қуёш ва ойни, юлдузлар, булут, камалак, ёмғирни, дарахтлару майсалар, жониворларни…. қўйингки, бутун борлиқни қандай бўлса, шундайлигича яхши кўрарди. Табиат гўзаллигидан завқланар, ёмғирдан сўнг пайдо бўлган камалакнинг турфа ранг жилосидан бир мўъжиза ахтарарди. Бу мўъжиза дунёнинг энг катта сири бўлиб кўринар, уни ушлаб бўлмаслиги, унга етиб ҳам бўлмаслигини биларди. Умид бирор манзарага кўзларини катта-катта очиб қарар, сўнгра секин ярим юмган ҳолда тикилар, киприклари орасидан элас-элас кўринишларини қайта-қайта такрорларди. У ҳатто қуёшга ҳам тикиларди. Бошида кўзни қамаштиради ва ёш оқади. Кейин сап-сариқ, думалоқ бўлиб кўринади. Айлана иккита бўлиб қўшилиб турганга ўхшайди-ю кўкимтирроқ тусга киради. Умид кўзларини юмиб олади. Шунда қуёш олдин сариқ, кейин қизил, ундан кейин эса қора доғ ҳосил қилади-да, йўқолади. Лекин кўзни юмган ҳолатда ҳам ёруғлик сезилиб туради. Умид кўзларини очмай ҳам нарсаларни фарқлай олар, қандай шаклдалигига эътибор қаратар, юмшоқ ёки қаттиқлигига аҳамият берар ва қўли билан унинг нима эканлигини билиб оларди. У биринчи синфдалигидаёқ чизган суратларида табиат уйғунлиги, борлиқнинг ўзаро боғлиқлигини акс эттирарди. Унинг сурат чизишга иштиёқини уйғотган қўнғироқни ҳар хил суратларда турлича ифодалашга уринар ва хаёлида: “Қанийди, шу жарангдор товушни ҳам чизишнинг иложи бўлса!” – дея ўйлаб қоларди. Қўнғироқ садоси билан юрагининг ҳаяжон билан уриши бир-бирига уйғунлашиб кетганди. Бу ҳол унинг ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолди.
Умид мактабда энг маҳоратли мусаввир сифатида танилган, ҳамма унга ҳавас қиларди. Бир куни у туманда бўлиб ўтган “Ёш рассомлар” анжуманида қатнашди. Анжуманда биринчи синф ўқувчиларидан тортиб, саккизинчи синф ўқувчиларигача иштирок қилишди. Умид бироз ҳаяжонланди. Қулоқларига қўнғироқ садоси эшитилгандек бўлди. Сурат “Ватан” мавзусида чизилиши маълум бўлганидан сўнг ҳамма лар ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда сурат чиза бошладилар. Кимдир мовий осмон, шаҳарлар, иншоотлар, яна кимдир умумхалқ байрамини ифода қилган, яна қатор-қатор уйлар, хуллас, мавзу ҳар бир суратда турлича талқин қилинган эди. лар суратларининг деярли ярмини чизиб битказишганида Умид ҳали оппоқ саҳифага тикилиб турарди. Умиднинг кўзи ўнгида ўзи туғилиб ўсган дунё ва табиатнинг гўзал тасвирлари намоён бўлди. Деразадан кўриниб турган тоғлар, мовий осмон, булутлар, камалак, яйлов, қўйлар суруви, сурувдан сал нарида оқ ит ва Умиднинг ота-онаси, янги туғилган қўзичоқ, қўзичоқ бўйнида эса қўнғироқча. Кўм-кўк само бўйлаб чиққан камалакка қараб югуриб бораётган Умид. Қўлларини баланд чўзганича орзулари осмон қадар юксак, оёқлари остидаги кўм-кўк майсалар эса Умидни бағрида эркалаётгандек эди….
Умид суратни чизиб тамомлар экан, остига “Ватан” деб ёзиб қўйди.
Ҳайъат аъзолари бу суратни кўздан кечирар экан, Умидни саволга тутдилар. Тўладан келган, паст бўйли, семизгина аёл:
– Хўш, бунинг нимаси Ватан? –деди.
– Мана бу мен туғилиб ўсган уйнинг деразаси, яъни, менинг хонамдан ушбу манзара кўриниб туради. Бу – менинг Ватаним! Мовий осмон. У тиниқ ва осойишта. Камалак – бу мўъжизалар яширинган сир. Биз унга интиламиз. Дунёни турлича кўришни истаймиз. Сирларини билишни, уни очишни истаймиз, юксаламиз. Қанча сирларни билишни истасак, дунёни шунчалик ўргана борамиз. Мана бу қўзичоқ – дунёга кўз очиш, янгилик, яшаш ва тириклик тимсоли. Бўйнидаги қўнғироқ эса ҳаётга чорлов. Қўйлар суруви эса Ватанимизда жонзотлар яшаши учун қулай шароит мавжудлиги ва уларнинг кўплиги. Ота-онам эса дунёни авайлаб, севиш, олам қандай бўлса, шундайлигича қабул қилган Меҳр тимсоли. Мен эса Умидман. Қўлимни баланд чўзиб, мана шу Ватаннинг кўксидан орзу сари учмоқчи бўлиб югуриб боряпман. Вафодор оқ ит эса садоқат рамзи. Мен бу суратга “Ватан” деб ном бердим. Мен ҳамма борлиқ ва мавжудликни севаман! Ахир бу – менинг Ватаним-ку!
– Сенга буни ким ўргатган? – деб сўради новчадан келган, кўзойнак таққан киши.
– Ҳеч ким ўргатмаган. Мен буларни эшитаман, – деди Умид.
– Эшитармиш. Кимни алдаётирсан, нимани эшитасан? – сўради ҳалиги семизгина аёл.
– Аввал эшитаман, кейин кўра бошлайман, ундан кейин қўлларим ишора қилади. Қўлларимни нигоҳларим орқали ҳаракатга келтираман. Ҳамма ишни нигоҳларим орқали бошқараман.
– Мазах қиляпсанми? Ўзга сайёралик эмасмисан? – кулди семиз аёл.
Гулдурос кулги кўтарилди. Беихтиёр Умиднинг кўзларига ёш қалқди. Ахир, у тўғри гапиряпти-ку, нега ишонишмайди?! Умиднинг юраги қаттиқ-қаттиқ, гурсиллаб ургандек, қулоқларига қўнғироқнинг овози узоқ-узоқлардан элас-элас эшитилаётгандек, кўнглида бир маҳзунлик уйғонди.
Ҳайъат аъзолари суратни беэътиборлик билан четга суриб қўйишди. Бу “Нолойиқ” дегани эди. Умид суратга яна бир бор тикилди. Бўйнига қўнғироқ осган қўзичоқ энди ҳаётдан шод эмасдек, маъюс тортиб қолгандек кўринди. Аммо Умидга ички бир овоз далда бераётгандек эди. Умид биринчи бор ҳаётда кўзга кўринмас қаршиликлар борлигини  қалби билан ҳис қилди. Йиғлаётган кўзлари, киприклари орасида у рангларни кўрар, камалак ранглари кўз ёшларига уйғун акс этаётгандек эди…
Орадан йиллар ўтиб, Умид ўн олти ёшга тўлган ўсмир йигит бўлди. У қўлида бўёқлар билан бир сурат устида ишламоқда. У танлов учун тайёргарлик кўрмоқда. Ички бир овоз уни курашга чорлар, қалбининг бир чеккасида эса қандайдир қўрқув ҳам бор эди. Умид ўзи чизган суратларга гоҳ узоқдан, гоҳ яқиндан синчковлик билан қарар, “Композиция яхши, ранг танлашда диққатли бўлишим шарт!”, дея ўзига ўзи уқтирарди. “Ғолиб бўлишим, учун шунга яраша ҳаракат қилишим керак!”, дея ўз олдига мақсад қўйганди.
Танлов эркин мавзуда эди. Ёш рассомлар ўз суратларини ҳайъат аъзоларига тақдим қилишди. Бу суратлар ичида энг чиройли, энг ажабланарли сурат ҳам бор эди. Бу сурат инсон қўли билан яратилганига ишониш қийин. Усталик билан чизилган суратда шундай тасвирлар бор эди. Осмон, булутлар, тоғлар, қоялар, қушлар галаси, пастроқда дарахтлар, ўсимликлар билан қопланган далалар.. ва катта чинор дарахти бўлиб, ҳар битта шохлари аниқ ва равшан тасвирланган. Янги чиққан новдада қўнғироқ тасвири. Чинор танаси ғадир-будир чизиқлардан иборат. Дарахт остида ёввойи ўтлар сарғайган, аммо улар орасидаги қип-қизил гул баҳордаги сингари очилиб турар, гўё у суратда матонат тимсолини намоён этиб тургандек эди. Йилнинг тўрт фаслини ичига олган бу суратни тўртга бўлишнинг иложи йўқ эди. Инсон кўнгли шуни англар, беихтиёр “Ҳа, бу – Ҳаёт!” деб юборгиси келарди.
Ҳайъат аъзолари бу суратни “Ҳаётга чорлов” деб номладилар. Бу нафис ва жозиб манзарага тикилганда гўё енгил шабада эсаётгандек, ва шабада тиниб, тонгнинг бемисл мавариди шабнам майсалар юзига қўнгандек, қўнғироқ эса ҳаёт ҳақида сўзлаб, кўнглини Умид эркига бериб чорлаётгандек…
Умид танловда ғолиб бўлди. У йиғлади. Ўз қўллари, қалби унга ғолибликни туҳфа қилганидан, ҳаётидан мамнунлигидан  севиниб йиғлади.
Умид чизган суратлар газета ва журналларда чоп қилинарди. Буни кўрган Нусрат ака ўзида йўқ қувонган. Раъно опа кўнглида Умидни олийгоҳда ўқитишни ният қилиб қўйди. У ўғлининг ишларини кўраркан, кўнглида “Шундай ўғилни ато қилган Тангримга шукур!”, деб шукроналар қилар, “Илоҳим, кўз тегмасин. Ёмон кўзлардан Ўзинг асра!”, дея шивирлаб қўярди.
Умиднинг мухлислари кўпайиб борар, кўргазмалари ташкил қилинар, бунда энг зўр рассомлар томонидан Умид чизган суратлар сараланиб олинарди. Танловларнинг “Энг яхши рассом” номинациясида Умиднинг “Нигоҳ” номли сурати олий ўринга муносиб деб баҳоланди. Суратда кўзлар шундай акс этганди: қуюқ киприклар билан қуршалган кўз. Ғаройиб нигоҳ. Тим қора қорачиқлар ва унда нур каби камалак ранги жилоланиб турарди. Кўзлар эса қараётган ҳар бир нигоҳга маъноли тикилиб тургандек, яна маҳзунлик ва умид билан боқаётгандек… ҳатто киприклар устидаги билинар-билинмас шаффоф томчи камалакка уйғун эди. Яъни ёмғир ва камалак кўз қорачиқларида акс этганди. Умиднинг маҳорати шунда эдики, кўзларда ҳаётнинг турфа ранглари, инсоннинг турфа туйғулари акс этганди. Умид шу суратни чизаётиб, руҳиятида бир хижиллик сезганди. Негадир кўзлари толиб қолар, оғрир, шунда ҳам парво қилмасдан, сурат устида эринмасдан, ухламасдан ишларди. Суратни чизиб битказганида эса бошида қаттиқ оғриқни сезди. Бир ойдирки, боши қаттиқ оғрир ва кўзлари хира тортиб борарди. У кўзларини юмиб олар, бир неча дақиқа шу ҳолатни такрорлар эди.
Нусрат ака Умидни шифокорга кўрсатди. Шифокорлар бу ҳолат кўзда эмас, бошнинг мия қисмида эканлигини айтишди. Бу ниманинг аломати эканлиги жумбоқ эди. Аниқлай олмадилар.
– Шифосиз дард эканми? – деди Раъно опа кўзёшларини тўхтата олмай. Ич-ичидан “Ўғлимни ёшгина ҳолида ожиз қилиб қўйма, Худойим! Дардини берган Ўзинг, шифосини ҳам бергин!”, дея Оллоҳга ёлворарди. Нусрат ака ҳам маъюс тортиб қолган, яккаю ёлғиз ўғлининг аҳволига қараб, кун сайин сиқилар, озиб, сочларига ҳам оқ оралаб қолганди. Умиднинг кўзларини нур тарк этгани сари унда ички бир сезиш қобилияти кучайиб бораётганини ҳис қилар, қўлига қалам олиб, сўнгги лаҳзаларда ҳам сурат чизиб қолишга ҳаракат қиларди. Кун, ойлар ўтгани сари ота-она қайғуси ортар, аммо бутунлай ожиз бўлиб қолган Умид дунёга шундай ишонч билан боқар эдики, бу ҳолат унинг сўзларидан сезилиб турарди.
Бир куни Нусрат ака ишдан келди-ю, Умиднинг хонасига мўралади ва юзларига табассум югурди. Шу тобда у ўғлини бағрига босгиси, юзларидан ўпиб олгиси келди. Умид янги ижоди қиррасини ошкор қилган, ўз ички кечинмалари ва чизишга улгурмаган суратларини сўзлар орқали  “чизаётган” эди. У шундай аниқ ва равшан қилиб тасвирлаб гапираркан, эшитган инсон қалбан кўз ўнгида гўзал манзарани кўра оларди. Чиройли ва бетакрор суратларни ўз сўзлари орқали инсонлар қалбига гўзал мисралар билан етказа олишига ишонган Умид ижод қила бошлади. Умид ҳикояларини сўзлар экан, чиройли ва бадиий мукаммал асарлар ярата бошлади. Унинг ҳикояларида Ҳаёт акс этарди. Бутун борлиқ, истеъдод, ишонч, матонат ва яшашга даъват барқ уриб турарди. У ўзининг бутун ҳаётини асарларида акс эттирарди. Ўз ҳаётининг маъюс ва маҳзун, шодлигу бахтли дамлари чиройли бадиий ифодасини топарди. Тенгдошлари ва дўстлари Умидни йўқлаб келишар, узоқ суҳбатлар орасида Умиднинг ижодидан ҳам тинглашарди.
Бир пайтлар гўзал суратлар, нафис ранг-тасвирларни маҳорат билан чизган бу йигит, кун келиб Нусрат аканинг “Ўғлим, бир куни машҳур одам бўласан. Балки ёзувчи, балки рассом”, дея Умидни қўлига олиб айтган сўзларидан хабарсиз эди. Ота орзусини рўёбга чиқарганини ўзи ҳам билмасди.
Умиднинг ҳаётида янгилик содир бўлди. Бир пайтнинг ўзида расмлар кўргазмаси ва ижодий учрашув ўтказиладиган бўлди. Умид бу кечага яхшигина тайёргарлик кўрди. Учрашув жараёни бошланди. Ҳар бир рассом ўз суратларини маҳорат билан тасвирлаб, саволларга жавоблар берардилар. Навбат Умидга келди. Умид ўзининг бетакрор суратлари ҳақида гапирар экан, уларни мислсиз маҳорат билан тасвирлади. Гўёки бир жуссада икки жон яширингандек, рассом ва шоир маҳорати уйғунлашиб кетганди. Умид гапираркан, хона жим-жит эди. Фақат унинг овози хона бўйлаб янграрди. Ҳамма сукутда. Бу сукутни Умиднинг умид тўла қалби даричаларидан отилиб чиқаётган сўзлар бузарди, холос. Умид сўзини якунлади. Унга на савол беришди, на бирон сўз айтишди. Қанча нигоҳлар Умид чизган суратларга тикилганича қараб турарди. Умиднинг қулоғига қўнғироқ садоси эшитилгандек бўлди. Юраги қўнғироқ садоси билан ҳамоҳанг ураётгандек, биринчи синфдаги ҳолат рўй берди. Умид нимадир юз беришини сезди. Шу пайт таниш бир овоз унга савол берди:
– Илтимос қиламан, “Ватан” номли суратингни яна бир бор кўрсата оласанми?
Бу синиқ ва хижолатли овоз соҳибасини Умид таниди. Ўтмишга айланган илк анжумандаги ҳайъат аъзоларидан бири –  ўша семиз аёлнинг овози эди.
– Уни кўрсата олмайман. Аммо сўзлар орқали чизиб бераман, – деди Умид  ва тасвирлаб берди.
– Ўғлим, аслида ўшандаёқ сенинг “Ватан”инг энг олий ўринни эгаллаб турганди. Ундаги беғуборлик, самимийлик, умид, орзу ва ҳаётга ташналик… бари-бари меҳр билан ҳаётга чорлов бўлиб, бундай суратни ҳеч қачон кўрган эмасман. Ўшанда “Нигоҳларим билан чизаман”, деганингда тушунмаган эканман. Бугун эса қалбинг билан чизяпсан. Орадан шунча йил ўтса-да, виждон азобидаман. Энг гўзал, нафис ва бетакрор, ноёб дурдона асар –  сенинг ликда чизган суратинг “Ватан” деб биламан. Бугун сен очиқ ва тиниқ қалбинг билан қалб кўзимни очдинг. Узр сўрайман. Қўнғироқ эса асарнинг энг етук чўққиси – ҳаётга чорловдир.
Йиллар давомида Умиднинг қулоқлари остида жаранглаб келган қўнғироқ садоси уни ҳаётга чорлаб турар, яхшию ёмон кунларида унга далда бўларди. Руҳиятига муҳрланиб қолиб, юрагига ҳамоҳанг бир сир бўлганлигини биларди. Шу сабаб ҳар бир суратда қўнғироқ тасвирлари бор эди.
Умид мўъжизага ишонарди. “Кўзим очилади”, дерди ўзига ўзи. Унинг қалбида шундай қатъий ишонч бор эди. Чунки у камалакни кўришни истарди. “Дунёнинг еттита мўъжизаси! У кўзларимда жо бўлган. Уни албатта кўраман. Олам ва инсон бир-бирига боғланиб яшайди. Демак, қалб билан истак ҳам бирга. Қулоқларим остида жаранглаётган қўнғироқ садоси бунга ишонтирмоқда!”, деди ўзига ўзи ва аста юра бошлади. Бу пайтда залда одамлар сийраклашиб қолганди. Ҳамма суратлар билан овора бўлган бир пайтда Умид нимагадир қоқилди. Боши айланиб, юраги безовталанди. Бехосдан ерга йиқилди. Кўз ўнгида “ярқ” этиб чақноқ ёруғлик пайдо бўлдию яна зулмат эгаллаб олди. Боши ерга қаттиқ теккани сабаб, бошини кўтара олмади. Оғриқ кучлилигидан у ҳушидан кетди.
Умид ўзига келганида “Қаттиқ ухладимми?”, дея ўйлади. Боши қаттиқ оғрир, вужуди қизиб, ўзини оғир ҳис қиларди. Кўзларини очолмас, қовоқлари оғирлик қилаётгандек эди.
Нусрат ака ва Раъно опаларнинг ёнида эканидан бехабар Умид “Ота-онамнинг овози эшитиляпти шекилли”, деб ўйлади. Негадир йиғлагиси, бақириб дод солгиси келди. Ҳеч қачон ҳаётда енгилмаган Умиднинг сабри тугади, дунё кўзига тор кўринди. Умиднинг юмуқ кўзлари ёшланди. Кип­риклари намланиб, ёш оқа бошлади.
– Ўғлим ўзига келди! Худога шукур, – деди Раъно опа.
Умид ўзини онасининг бағрига отгиси келдию, кўзларини ярим очган ҳолда овоз келган тарафга ўгирилди. Кўз ўнгида сариқ, яшил, қизил, бинафша ранглар намоён бўлди. Кўзларини аста очаркан, бу ранглар бир-бирига бирлашиб кетдию шифтда осилиб турган қандил ичидаги лампага нигоҳи тушди. Умиднинг юзида табассум пайдо бўлди.
У Умид! Умид! Умид! – дея такрор ва такрор айтар, унинг бу ҳолатидан бехабар ота-она ўғлининг дард устига яна дард орттириб олди деб ўйлаб кўз ёш тўкардилар.
Умиднинг лаблари қимирлади ва шундай деди:
– Умид, кўряпсанми дунёнинг рангини? У қалбинг ранги, сенинг рангинг! Эшитяпсанми дунёнинг овозини? У сенинг овозинг, сенинг юрагинг! Қўнғироқ бўлиб ҳаётга чорламоқда!
Умиднинг кўзлари қорачиқларида камалак ранглари акс этар ва бир томчи шудринг кўриниб турарди.

2014 йил. Янгибозор.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi