Франческо ПЕТРАРКА УЛУҒЛИК МЕЗОНИ

franchesko_petrarka

Адабиётда Петрарка ҳодисаси кўп қиррали: шахс, шоир, донишманд, олим, жамоат арбоби – унда буларни ажратиб бўлмайди. Унинг ижоди Ўрта асрлар тафаккури ва санъати, Инсонпарварлик ва Уйғониш, Европа ва итальян петраркизми ҳақида кўплаб маълумотлар беради. Бир сўз билан айтганда, Петрарка – Европа шеъриятини янги босқичга олиб чиққан чинакам шоир.
Шу боисдан ҳам Петрарканинг 317 сонет, 29 канцон, шунингдек баллада, секстин ва мадригаллардан иборат машҳур “Канцоньере” (“Қўшиқлар китоби”) асари узоқ муддат европа лирикасининг ривожланиш йўлини белгилаб келди.  Франческо Петрарка ижодининг каминани ҳаяжонга солган муҳим жиҳатларидан бири – бу шоирнинг ўзини зинҳор такрорламаслик қобилиятининг нақадар теран шакллангани, инсон қалби туғёнларининг лирикадаги қойилмақом ифодалари бўлди. Дарҳақиқат, шунча узвий сонетларда бир-бирига уйқаш тасвир ёки ифодалар тугул, лоақал сал ўхшаш ҳолатлар ҳам учрамаслиги диққатимни тортди. Бу нимадан? Албатта, бағоят улкан  ижодий қуввайит ҳофизадан.
Петрарка сонетларининг бош қаҳрамони – гўзал Лаура хоним. Бир шахсга: у шоирга маъшуқа – ҳурилиқоми, ё устоз – валий зотми, ёинки ҳақиқий жон дўстми, шунча сонетларни бахшида қилиш – бу шунчаки ижодий маҳсулот яратиш эмас, балки аҳли шуаро орасида ҳам камдан-кам учрайдиган Инсоний Жасоратдир.

Таржимондан

I

Қўшиққа жо этдим ёшлик завқ-шавқин,
Оғриқли оҳ-воҳлар шовқини гирён,
Илк хато хун олган шум дамдан буён
Ҳис этмай яшарман ўз умрим ҳаққин.

Беҳуда орзу ва бенаф жафо-кин
Музтар овозимни узар ногаҳон,
Қалбим узр-маъзур бобида ҳайрон,
Севишганлар, фақат хайрихоҳлик чин.

Устимдан кулади ҳар кимса, наҳот,
Муҳимми, ҳакамлар жуда ҳам сипо:
Ўзимни кулгили сезяпман ҳозир.
Зимни пуч манфаат чанқатар, ҳайҳот,
Сўнг англаб, ўзимни айбладим ҳатто,
Дунёвий шодликлар – мухтасар тушдир.

V

Қай дам эҳтиросим жонимни ўртар,
Исмингиз бобида кўп истиҳола –
Беназир ҳамд-сано сизга ҳавоЛА,
Биринчи ҳижодан фалакка ўрлар.

Аллақандай овоз Унсиз ингранар,
Жодудай сеҳрлар РЕал бир нола:
АлбатТА, вассалдек овора бўлма –
Сен учун эмасдир бундай тор йўллар.

Шундай юксак сийЛАн, беқиёс ораз,
Тингла, Умрим бўйи мадҳинг ёзарман,
Барча РЕжам учун сен мавзу ҳар он.

Ахир, Аполлоннинг шони беғараз,
Мангу баҳорига ҳамиша зорман
Дағал тилим ила мақтаб ҳар замон.

VI

Айрилиқ азоби қийнайди чандон,
Жинни айрилиғи, матонат қадар
Англамай мен каби олдинга учар,
Севгига асирлик айлаган чаққон.

Тағин саботлироқ бақирдим нолон:
“Унга халал берма!” – сўқир туйғулар
Одамнинг қалбига экар қайғулар,
Айниқса, қайсарлик ортиқча армон.

Ки нетай, жиловлаб олди бу ҳислар,
Қийнаб, барбод айлаб сўнгги эркимни,
Йўқлик устунлиги тантанага шай.

Хом мева таъмини тотишим истар,
Рўё-ла чалғитиб тасаввуримни,
Ярани куйдириб даволагандай.

VII

Очкўзлик, камўйлик, қуруқ дабдаба
Хароб айлар савоб ишни бошидан:
Не бўлар тош чиқса ҳомий ошидан,
Табиат амрида жонфидо тавба.
Эзгулик кўкида сўнди мартаба –
Ва ҳаёт чекинди жонон қошидан,
Ўзаро куйлашган мунглиғ қўшиқдан,
Ҳайҳот, камёб ҳислар едилар зарба.

“Ғалаба орзуси? Баргакка ихлос?
Оёғингни тортгин Донишмандликдан!” –
Жўр овоз тинчитмас тамагир аҳлин.

Сен билан, жон дўстим, ҳамсафарлик тан:
Айниқса, шуҳратни унутма нохос,
Муносиблик шудир, айни шарафинг.

Она сайёрани бўлгувчи соат
Қай дам топганида Бузоқ буржини,
Табиат шавқ ила ўтаб бурчини,
Оташ шохларига айлар итоат.

Дўнглик ҳам, сойлик ҳам – гулга зиёрат,
Дарахтлар силкитар барглар учини,
Лек тунлар заминнинг улкан хуржуни,
Ҳайҳот, шираворга мисли ибодат.

Ҳарорат бамисли меваларга жон.
Шундай, агар менинг ердаги шамсим
Муомала айлар кўзим нуридай,

Севги шиддатини англамайди ким –
Улар эгизакдай, бироқ ҳеч бир он
Бунда мен баҳорни ҳис этмам, нетай.

XIX

Шундай жонзотлар бор, илғар илоҳин,
Қуёшга тик боқар кўзин юммасдан;
Қай бирлари тунда жонланар, аслан,
Кундуз ёруғидан асрар нигоҳин.

Яна шундайлар бор, англамас чоҳин –
Оловга тик учар бамисли қасддан;
Ҳеч ён қочиб бўлмас асло қисматдан,
Улар қаторида мен ҳам борман,чин.

Кўзим қамаштирса серишва жамол,
Сояга қочмасман, фақат сезаман,
Тезроқ тун келсин деб қилмасман орзу.

Пешвоз чиқсам кўзим ёшланар, чиндан
Интиламан афсун лол қилган мисол,
Унинг нурларида ёнсайдим мангу.

XXXI

Юксак қалб, қай бир дам ўз туйғуларин
Бегона ҳаётга бесар бахш айлар,
Мартаба эгаллар, ўзини қийнар –
Ўзга зотга раво кўради барин;

Мирриҳ ила Зуҳра менинг дилбарим,
Малак юлдузман деб, – шамсдан ажралар.
Хасис, ўз жилвасин баттар қизғанар
Дарвишлар зикрига бахш айлаб барин;

Бошида кўрарми тўртинчи шарни, –
Учовлон сайёра ичра йўқ рақиб,
Малак гўзаллиги ўртар уларни;

Бешинчи самога чиқса ўлақиб,
Манзил йўқ, жилваси тўсар нурларни –
Олам юлдузларин рашки тутақиб.

LXVIII

Мудроқ шаҳрингизми, мақбул Раббимга,
Мени азоблайди гуноҳим учун,
“Ўйлаб кўр!” – қичқириқ, талаб қилмай хун
Порлоқ сарой сари йўл очар кимга.

Ўзга ўй шу жойда қўзғар ваҳима
Ва бақирар: “Тўхта, қаёққа? Нечун?
Бизнинг хонимлар-ла суҳбат қур узун,
Йўлингни жўрттага бурдинг – сен нима?”

Тили ила дилни музлатар малак,
Баайни инсонга – мақсад ёт атай,
Баногоҳ қай хабар айлар жонҳалак.

Ва яна биринчи ўз жойида шай,
Иккинчи. Бу жангда кимни асрасак?
Номус майдонида ким ғолиб марддай?

LXXXV

Ҳамиша севганман, энди қалб ила
Ҳар куни кучлироқ севишга шайман:
Қайда ишқ ғам ила қийнар атайдан,
Шу жойда кўз ёшим ажиб силсила.
Ҳовлиққан ошиқман ишқ оламида,
Асло унутмасман, мудом севаман.
Лек кўпроғи – ўша, ҳусни дилга тан,
Кучлироқ бўлгайман севгим ғамида.

Илло ким ҳам кутар, мушфиқ ғанимлар
Юракни қуршаган, дўстларим қадар,
Айни пайтда қандай бағримга боссам?

Мен ғолибман, Севги, сенинг қудратинг!
Далда бермаганда ишонч журъати, –
Туфроққа қўшилиб кетарди жуссам!

LXXXIX

Кўп йилдан сўнг қочдим ишқ чангалидан –
Бас, санамлар, тинмай сўйлашим мумкин
Қай саросимага тушганин қочқин
Бундай ўзгаришдан дил истамаган.

Юрак уқтирарди, яъниким чиндан
Ёлғиз яшамайди ҳеч қайси мўмин,
Дуч келган хирадни учратиб лекин
Тиз чўктириб ўч олар хоиндан.

Мана, арасотдан хўрсиниб оғир,
Мен дердим: “Сезардим тотли оғриқни,
Эркдан авло.”, – билсин аҳли вафодор.

Ғоят кеч англадим янглиш қилиқни,
Бас, тағин ишқ ичра эканман асир,
Хатони тузатгум токи жоним бор.

CLXIX

Эрка фикрат, таъқиб айлаб этди зор,
Олам узра кезиб уни излардим,
Шунча азобимга сабаб бўлган ким,
Топсам, кечиришин сўрайман бедор.

Ва яна у мени ўртар фусункор,
Хўрсинишдан қандай асрай бу қалбим?
Ўшал, кимга кўнгил ёзсам ёзғирдим, –
Амурга дўст эмас ва менга ағёр.

Бари шундай кечар, янглишмасам гар,
Жонли ҳамдардликнинг ёруғ шуъласи
Иситар қоронғу, совуқ нигоҳин.

Тортинчоқлигим ҳам азоб бир қадар,
Ва қарийб ҳал бўлган иқрор нағмаси,
Бироқ хоинона жим турар оғзим.
CCXV

Аслзотлик белгиси – софдиллик, ишон,
Ажойиб заковат – юрак ҳам тоза,
Ташқи одамови ҳолат – андоза,
Ғарқ пишган мевалар – ғунчадан нишон, –

Унинг сайёраси сахий – бир жаҳон,
Аён – хон зиёси, юксаклик роса –
Малак обрў-шаъни, ҳар бир хулоса
Қийнаб қўяр улуғ шоирни ҳамон.

Тангри ишқ ва орни унга бахш этган,
Жозиба чекига тушган қомаддай
Табиат барноваш – шодиёна бу.

Унинг нигоҳига нени нақш этган,
Тун ярмида кундуз нур сочар атай,
Тахир ёвшанларга – тотли таъмдир у.

CCLVIII

Мени нозик нурлар тафти-ла сийлаб,
Жонли шамдай порлар шаҳло кўзларинг,
Қалб қаърингдан менга эрка сўзларинг
Жилғадай оқарди нафис жилдираб.

Энди улар йироқ кезинар қийнаб,
Бироқ ёдимдадир ўтлиғ ҳисларинг:
Гарчанд ўзгарувчан нигоҳи заррин
Ҳар гал учрашганда ўзгача тийнат.

Ўрганган аъмолдан қутулиш маҳол:
Кўнгилга бегона олдинги ҳузур
Ва гуноҳни енгиш кечмагай осон.

Малак ёт толени биларди малол,
Гоҳ ҳадик, гоҳ умид чорларди бир қур,
Ошиғин тарк этган қоларми омон.

“МАДОННА ЛАУРА ЎЛИМИГА СОНЕТЛАР”ДАН

CCLXV

Шафқат билмас юрак, ваҳший феъл-атвор
Менга нозик, ювош, малакқиёфа
Вафотидан таҳдид қилар ҳар дафъа,
Вақти билан ҳиммат кўрсатмас зинҳор.
Кўкарса ва нобуд бўлса майсазор,
Кундузи, тунда ўт қўйдим дунёга –
Хилватда йиғладим. Тақдир бу сафда,
Мадонна ва Амур. Ё мен гуноҳкор?

Илло мен узлатга маҳкум эмасман,
Мен биламан оддий томчи шахт ила
Мармар ва гранитни чархлар билиб ҳад.

Кўзёшлар, илтижо, муҳаббат билан,
Аён, юрак кучли инсон бахтига,
Шафқатсизлик барҳам топар то абад.

CCXCVI

Мен аввал ўзимни айблардим доим,
Ҳозир шодман ишққа асирлигимдан,
Бу ширин ва аччиқ оғриқ менга тан,
Бир неча бор буни сир сақлай олдим.

О ғазабнок парклар! Билибон қоим
Севги риштасини уздингиз чиндан,
Менга бунча азиз бу байтулҳазан,
Олтин милингизга очиқ кўкрагим.

Малак ҳаёт пайти, эркдан безардим,
Шодлик ҳам, ҳаёт ҳам, тотли ҳузур ҳам,
Бари касб этарди янги мақсад-шаън.

Хушомадбоп оҳанг хўрланган дардим,
Оҳим ёлғиз унга, исми мукаррам,
Ҳам ҳалокатли зарб, ҳам мангу кишан.

CCC

Сени жиним суймас, мозор тўзони, –
Зиқнадай яширдинг соғинганимни, –
Мендан тортиб олдинг менинг бахтимни,
Ҳаётий жангларда таянч жононни.

Раҳмсиз руҳлар, ишғол айлаб самони
Очиқ даврангизга қўшдингиз кимни –
Қайтариб олгум ёш нозанинимни,
Бироқ рад этишди йўқ деб имкони.

Бадгумон, уларнинг хушбахт тақдири,
Сараланган, энди маҳлиё боқар
Ёрқин ва тинч умрин ўйга толдириб.

Кўролмайман, Ўлим, ағёрлик сиринг, –
Сен ёрим умрини қирқдинг шу қадар,
Мени қум саҳрода кетдинг қолдириб.

CCCXII

На порлоқ юлдузлар жилвадорлиги,
На кенг соҳилдаги ғуж-ғуж елканлар,
На жонзоти бисёр қуюқ ўрмонлар,
На чавандозларнинг омилкорлиги,

На хориждан келган меҳмон борлиги,
На ишққа қофия ширин сиймтанлар,
На фаввора бўйлаб куйлаган дилбар,
На маъни аҳлининг интизорлиги, –

Ҳеч нарса қалбимга татимас сира,
Бари юлдузимга жуда ўхшарди,
Қалб барига кўзгу бўлганди сара.

Ҳаёт бир зайл кечар. Ажал кезарди –
Мен кутмаган ҳолат, тушкун манзара,
Гар уни кўрмасам яхши бўларди.

CCCXXXVII

Севимли тантанам, тенгсиздир боринг,
Ёқимли зийнатга тўла шарқ мағрур
Ва хоҳишга кўра ким ғарбдан масрур,
Нодир жавоҳирот ажиб асроринг.

Муҳаббат – бу сенинг буюк қарздоринг:
Гўзаллик ва ҳиммат нур устига нур,
Сен қатъият ила юрагимда тур,
Паноҳингдан ҳиммат топсин иқрорим.

Улуғ фикр учун сен мангу ватан, –
Жўшқинлик, ҳаяжон, мен бахтли эдим,
Ҳаётда кўп кўрдим роҳат-фароғат.

Сен боис дунёим бут эди чиндан,
Юз ҳисса безайди самони севгим,
Олло олди сени, о комил хилқат!

Рус тилидан
Сафар ОЛЛОЁР
 таржимаси

2017/9

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi