Марина ЦВЕТАЕВА (1892–1941)

marina_svetova

ХХ аср рус шеъриятининг  забардаст вакили, Марина Ивановна Цветаева 1892 йил, 26 сентябрда  (янги тақвим бўйича 9 октябрь) Москвада туғилган.
Дастлабки шеърий тўпламлари – “Оқшом альбоми” ва “Сеҳрли фонарь”, “Блокка аталган шеърлар”, “Ҳижрон”, “Ҳунар” каби  шеърий китоблари нашр этилган. Марина Цветаева XX аср рус шеъриятига катта ҳисса бўлиб қўшилган  лирикасидан ташқари, ўн еттита поэма, саккизта шеърий драма, автобиографик, мемуар, тарихий-адабий ва фалсафий-танқидий наср намуналарини яратган.

* * *

Сиз, ёнимда бораётганлар –
Шубҳали май косаси томон,
Қанча ёлқин, умр, билсангиз,
Беҳудага сарф бўлган тамом.

Ҳар бир шитир, ҳар бир шарпага
Шаҳду шиддат кетди, не керак?
Ва беҳуда қанча азмимни
Куйдириблар кул қилган юрак.

О, тун бағрига отилган поезд,
Олиб учган вокзал уйқусин…
Биламанки, ўшанда ҳам лек
Билмасдингиз, билсангиз-ку, сиз …

Нега бунча сўзларим кескин,
Қанча ғаму даҳшатли ғусса.
Тамакининг дудига ботган
Малласочли бошимда тутқун.

* * *

Шоир эканлигимни ўзим ҳам билмай,
Сал эрта ёзиб қўйган,  ҳаддидан ошган,
Ракетадан тўраган оловдай сўнмай,
Фавворадан отилган тўлқиндай тошган,
Мушк ила мудроқ босган муқаддас даргоҳ
Бағрини ёриб кирган шайтондай огоҳ,
Ёшлик ва ўлим ҳақда ёзган шеъримга,
Ҳеч қачон ўқилмай тўзган шеъримга…

Дўконда чанг босган, ҳеч кимса билмас,
(Ҳеч ким сотиб олмаган ва ҳеч сотилмас!)
Энг қимматбаҳо май каби ва ниҳоят
Менинг шеърларимга ҳам келади навбат!

* * *

Ушбу кун эриди, ушбу кун,
Дераза олдида турдим жим.
Ақлим ҳушёр, нафасим эркин,
Яна сокин ҳолатда эдим.

Билмам нечун. Бўлиши мумкин,
Ва шунчаки чарчади кўнгил,
Ва исёнкор қаламни бу кун
Нимагадир келмади кўргим.

Шундай турдим – туманлик аро,
Эзгулик ва зулмдан йироқ,
Ойна аста бераркан садо,
Мен оҳиста чертардим бармоқ.

РАҚИБАМГА

Муқаддассан ёки сенсан тенгсиз гуноҳкор,
Яшаб бўлдинг ёки қўйдинг ҳаётга қадам.
О, фақат сев, уни севгин, сев девонавор –
Бола каби аллалагин бағрингда ҳар дам.
Уйқусида эркалашинг эрур кўп даркор,
Қучоғингда уйғотмагил уни уйқудан.

Абадийга бирга бўлинг: садоқат дарсин
Сенга ўтсин қайғусию маъсум нигоҳи.
Абадийга бирга бўлинг: уни ўй эзсин,
Меҳрибон бир опа каби тегингин гоҳи.
Агар тушлар гуноҳсизлик бағридан безса,
Ёқа олгин юрагида мислсиз ёлқин!

Бош ирғаб ҳам саломлашма бош эгса биров,
Ўтмиш ҳақда соғинчингга барҳам бер барвақт.
Шундай бўлки, мен бўлмадим юрак бериб дов,
Орзуларни қўрқув билан маҳв этма фақат.
Мен ҳаётда бўлолмаган ёр бўл, дилоро,
Беҳад севгин, севгин яна абадул абад!

* * *

Ҳақиқатни англадим! Эски гаплар йўқолсин!
Одам одамга қарши курашмасин, одамлар!
Тез орада алишгай, кўринг – оқшом, кўринг – тун,
Шоир киму, хуштор ким, саркардадан не ғамлар?
Тез орада осмонда музқотар юлдузбўрон,
Шудринг тушди ерларга, қаранг, эсгайдир шамол,
Ер устида тинч уйқу бермаганлар ҳеч қачон –
Ер остида ҳаммамиз ухлагаймиз безавол.

* * *

Шафқат этгил, Раббим, бу кун, сенга арзим бормоқдадур,
Бири қалбда, бири кўкда – икки қуёш сўнмоқдадур.

Ўз-ўзимдан розиманми сўнсалар гар икки қуёш,
Ақлу ҳушдин бегоналар қилсалар гар икки қуёш.

Сўнсалар гар нурларининг озори ҳам битгайми, бас,
Қай бири ёруғ ёнса, зумда ёниб бўлгай абас.

* * *

Оп қолинг, кеп қолинг, сотаман!
Шошилинг, муҳтарам жаноблар!
Бебаҳо мулкимни сотаман,
Асл мол, оҳори тўкилмагандир,

Ямоғи йўқ, бўялмаган ҳам,
Мен кўп сўраб этмасман мулзам!

Менинг молим барчага ҳам мос,
Эй атторлар, кеп қолинг, қани!
Қиммат эмас, сира қимматмас!
Нархин қанча қўясиз, яъни?
Кийсанг асти бўлмагай адо,
Кўз қиймас ташласанг мабодо.
Эҳ, молларим яхшидир, маза!
Ҳисоб-китоб қилингу тезроқ!
Қалбим учун тутингиз аза!

* * *

Рақибам, сен томон келгумдур, бир боқ,
Қачондир, ойдин тун келгум сен томон.
Кўлда қурбақалар қуриллаган чоғ,
Кўнгилчан аёллар дил тутган замон.

Рашкдан пирпираган қовоғинг уйма,
Рашкчи киприкларинг титраниб тургай,
Ростдан меҳрим ийиб, мен йўқман, дейман,
Қўрқма, мен туш бўлгум хобингда кўрган.

Айтаманки: мени юпатгил, юпат,
Юракка ниш санчар, сепилар тузлар,
Салқин шамолларга юз тутгум, фақат,
Кўкдан ёниб боқар дардли юлдузлар…

* * *

Қаламингга мен оқ саҳифа
Қабул қилдим. Мен оппоқ варақ.
Марҳаматинг асраб ҳар сафар:
Мўл-кўл қилиб қайтаргум бироқ.

* * *

– Баҳор ҳақда сўйлагин бизга! –
Набиралар қилади гаранг.
Лек бошини чайқаб оҳиста
Кампир жавоб беради аранг:
–  Баҳор бағрида гуноҳ,
– Баҳор қўрқинчлидир, оҳ!

Тонг нурига чўмилиб, сирли,
Узоқ-узоқ куйлар маъсумлик:
–  Севги бағрида гуноҳ,
–  Севги қўрқинчлидир, оҳ…

ЁШЛИК

1

Ёшлигим! Сен менинг бегонам!
Сен менинг пойма-пой кавушим!
Шамоллаган қисиқ кўз билан
Боқиб кун-кун йиртарлар тақвим.

Сенинг бутун ўлжангдан ҳеч қур
Бир мисқол олмади Илҳомим!
Елкамга юк бўлдинг бир умр.
Ёшлигим! Ортингга чорламам!

2

Қалдирғочдан жодугарга дўнармиз бир кун.
Эй ёшлигим! Видо сенга, арафа бу кун.
Сенинг бирла шамолларга юз тутиб албат,
Турармиз лол. Қорамағиз ёшлигим, юпат.

Ярқиратгин қирмизи ранг кенг этакларинг,
Сен ўзингсан кабутарим, ёшлигим менинг!
Сен қалбимнинг ёлқинисан, кетарсан қийнаб,
Қорамағиз, эй ёшлигим! Юпатгил ўйнаб!

Келгин мовий рўмолингни чайқатиб қўйиб,
Бебошгинам! Бебошликлар қилганмиз тўйиб!
Куйдирмажон ёшликкинам, ўйна, бебаҳом,
Эҳ олтиним, каҳрабоим! Энди алвидо!

Мен шунчаки қўлинг тутиб турмасман, гўё
Севгилим-ла видолашиб тургандек шайдо.
Қалб тўримдан суғурилган сен менинг бахтим –
Эй ёшлигим! Ўзгаларга этарман тақдим!

ОҚАРГАН СОЧЛАР

Бу йўқотиш, ғамлардан
Ё ганжлардан қолган кул.
Бу кулларнинг олдида
Метин ҳам бўлар кукун.

Жуфтсиз қолган кабутар
Тулагандир ва рангпар.
Беҳудалик узра гар
Донолик кули ётар.

Йилларим, сиз ортимдан
Сотмагансиз, ё насиб!
Бу оқ сочлар ҳеч ўлмас
Кучларнинг ғалабаси!

БОЙЛАРГА ТАСАННО

Ҳа, айтганча, сизга айтиб қўяй жим:
Орамизда бордир минглаб чақирим!
Бу дунёда топган ҳалол мансабим
Аниқ жулдур –  ямоқ ичра деб билдим.

Барча дабдабанинг остида асл
Майиб-мажруҳ ҳамда букрилар шодон.
Бойларни севаман! Ҳа-я! Айтганча!
Қўнғироқ бонги-ла қиламан эълон!

Бешикданоқ андуҳ ўстираётган
Чирик ва мўрт илдиз, зулматлар учун,
Қўйнидан тўкилса, қўнжига кетгай,
Йўқолиб борётган одатлар учун.

Ва шунинг учунки, илтимослари
Буйруқдек бажариб келинган бутун,
Юзига қарамай кун келиб бир кун,
Уларни жаннатга қўйишмаган-чун.

Шунинг учун ҳамки, на ҳисоб, ғурбат,
На олтин, на пахта, на бир фурсатда
Мендек бир сурбетни олмаслар сотиб –
Бойларни севаман, ҳа-да, албатта!

Силлиқ юзларига қарамасдан ҳам,
Тўқлиги, шўхлиги, бор гуноҳи-чун,
Қандайдир эзилган ҳолатларию
Қайсидир кўппакка хос нигоҳи-чун.

Масал бордир ажиб қадимдан қолган:
Игна тешигидан ўтар экан нор.
…Севаман, уларни – қаттиқ ҳайратда
Ўсал нигоҳи-ла ётаркан бемор.

Хонавайрон чоғи қарз сўрагандек
Илтижо ичинда, акангман деб ҳам,
Оғзидан сирғалиб чиққан сўзлар-чун,
Бойларни севаман: бу мендан қасам!

УЧРАШУВ

Белгиланган висол ошиғич,
Жуда баланд – етмоғим мубҳам.
Кечикаман – оқаргандир соч,
Кечикаман. Баҳордир туҳфам.

Йиллар ўтар – қарашлар ўша,
Офелиянинг қисмати тўнгмас.
Кўнгиллар ва қўллардан оша,
Тоғлар оша – йўлларим ўнгмас.

* * *

Ёндирмасдан яшашга эрта,
Ҳали эрта бўлмоққа фано!
У дунёнинг учрашувидан
Нафосат  –  бу шафқатсиз жазо!

Қанча чуқур бормагин  –  осмон
Тубсиз улкан косадир битта.
Оҳ, бу қадар муҳаббат учун
Жароҳатсиз бўлмоққа эрта!

Дунё тирик рашкимиз билан!
Тўкилмоқни истайди ерга
Наҳотки қон? Наҳотки бева
Ўз ҳаққини қиличга бергай?

МАКТУБ

Шунча кутилмас сўзлар,
Бир хат шунча кутилар.
Елим тасма гирдида
Хатни боғлар қийқимлар.
Ичкарида бир сўз бор.
Бахт бор унда. Шу –  бори.

Бахтни шунча кутмаслар.
Ажал шундай келар, чин.
Салют берар чин аскар,
Кўксида уч қўрғошин.
Кўзлар қизарган, ҳайҳот,
Фақат шугина, фақат.
Бахтлар қаримагандир,
Шамолда учди ранглар.

Тўрт деворнинг фурсати,
Милтиқ оғзин сурати!

[Тўртбурчак хатлар туси
Сиёҳ ва май қадаҳи!]
Келса ўлим уйқуси
Кексаймас ҳеч ким ахир!

Тўртбурчак хатлар туси…

* * *

Тирик, ўлмаган ҳали
Ичимдаги иблисим!
Ўз ичимда – зиндонда,
Таним унга қафасим!

Чиқса –  турар ойболта,
Дунё унга тўрт девор.
“Дунё асли бир саҳна” –
Алжирайди  ғўр актёр.

Айёрлик ҳам қилмаган
Ланг оёқ масхарабоз,
Таним ичра шуҳратда,
Гўё зарбоф тўни соз.

Гар тириксан – қадрла,
Кўп йиллар яйра албат,
(Ғирром ҳаётда шоир
Гардкам ташлайди фақат!)

* * *

Ниҳоят суратни битказаётган,
Рассом мўйқалами улоқтирган барг.
Каби тошйўлкага учиб сузётган,
Сўлғин япроқларга боқиб жонсарак.

Ўйлайман (на гавдам, ўйчан қиёфам –
Энди бировларга ёқмайди аниқ),
Балки унут бўлган заъфарон, пурғам,
Юксакда занг босган ягона япроқ.

Рус тилидан
Гулбаҳор Саидғани
таржимаси

2017/10-son

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi