Алишер НАВОИЙ (1441–1501) ЁР КЕЛСА, ДЎСТЛАР...

alisher_navoiy

 

Ёр келса, дўстлар, оҳанги рафтор  айламанг,

Инфиолимдин нафас урмоқни душвор айламанг.

 

Ёлғуз уйда қайда ёро боқмағим рухсориға,

Ҳолатим тағйиридин сирримни изҳор айламанг.

 

Токи кўнглум изтиробию таним титратмаси

Сокин ўлмас, нукта  айтурға мени ёр айламанг.

 

Соате чунким ўтуб, бу навъ келсам ҳолима,

Сўз аро ошиқлиқ алфозини такрор айламанг.

 

Чунки бўлса мултафит чун ер ўпуб ўлгумдурур,

Ҳар жафо қилсам ўзумға,  манъ зинҳор айламанг.

 

Эмдиким ўлдум, таним ёр итларига ташлангиз,

Лек ағёрин бу маънидин хабардор  айламанг.

 

Қайси ошиқким  Навоийдекдурур, эй  аҳли зуҳд,

Ишқ манъин айлабон кўнглига озор айламанг.

 

(Наводир уш-шабоб, 353-ғазал)

 

Луғат:

 

Оҳанги рафтор – бировнинг истиқболига чиқиш.

Инфиол – хижолат.

Ёро  – тоқат, чидам, ҳадд.

Тағйир – ўзгариш.

Нукта – қисқа ва маъноли сўз.

Алфоз – сўзлар.

Мултафит – илтифот кўрсатиш.

Ағёр – бегоналар; душманлар.

Байтларнинг насрий баёни

 

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

 

  1. Дўстлар, агар ёр келиб қолгудек бўлса, истиқболига чиқиш учун ўрнингиздан қўзғалманг. Мени хижолатга қўйиб, нафас олишимни қийинлаштирманг.
  2. У билан уйда ёлғиз қолгудек бўлсам, юзига боқмоққа ҳаддим сиғармиди?! Аҳволим ўзгаргудек бўлса, сиримни фош этманг.
  3. Кўнглимдаги изтироб ва таним титратмаси тўхтамагунча, мени суҳбатга чорламанг.
  4. Бирор соат ўтиб, ҳаяжоним босилгач, ўз ҳолимга қайтсам, илтимос, суҳбатда ишқ ва муҳаббат сўзларини келтириб, яна мени изтиробга солманг.
  5. Мабодо ёр мен томонга юз буриб, илтифот кўрсатгудек бўлса, ер ўпиб ўлсам ё бошқа жафоларни ўзимга раво кўрсам, зинҳор мени бу жафолардан қайтарманг.
  6. Ишқида ўлдим, энди танимни ёр итлари олдига ташланг. Аммо ағёр бу ҳолимдан зинҳор хабар топмасин.
  7. Эй зоҳидлар, қайси ошиқ агар Навоийдек бўлса, уни насиҳат билан ошиқлик йўлидан қайтармоқчи бўлиб, кўнглига озор берманг.

 

Ғазалнинг умумий маъно-моҳияти

 

Ушбу ғазал висол остонасида турган ошиқнинг руҳияти, изтироб ва тўлғонишлари тасвиридан иборат. Маълумки, Навоийнинг фироқномалари, ёрдан айру қолган мажнуншеваларнинг кечмишлари ифодаси бўлмиш байту ғазаллари кўп. Келтирганимиз ушбу ғазал эса висол онлари яқинлашган пайтда ошиқ кўнгилнинг турфа ҳолларга кириши тасвирига бағишланган.

Дастлабки мисрадаёқ Навоий ишқ аҳли орзиқиб кутадиган висол онлари яқинлигидан мужда берувчи сўзларни келтиради:

 

Ёр келса, дўстлар, оҳанги рафтор  айламанг,

Инфиолимдин нафас урмоқни душвор айламанг.

 

Байтнинг мазмунига қараганда, Навоий бир гуруҳ дўстлари билан ўтириб, барчага манзур ва маҳбуб бўлган ёрни кутяпти. Аввалги шарҳларимизда тилга олганимиздек, мумтоз адабиётда, хусусан, Навоий ижодида ёр тушунчаси маъшуқадан ташқари, дўст, рафиқ, устоз, пир, Пайғабаримиз (с.а.в.) ва ҳ.к. маъноларда қўлланилган. Ушбу ғазалда тилга олинаётган ёрни фақат маъшуқа маъносида тушуниш уни асл мазмунидан узоқлаштирган бўларди, зеро  ғазалнинг кейинги байтлари бу ёрнинг атрофдагилар учун ҳам ғоят меҳр ва муҳаббат билан кутилаётган азиз зот эканлигини англатяпти. Бу зот Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Султон Ҳусайн Бойқаро ёки Саййид Ҳасан Ардашер бўлиши мумкин. Бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Муҳими – йиғилган жамоа ҳаммаси бу зотни яхши кўради, унга интиқ, интизор. Лекин Навоий бу ёрни дўстлардан фарқли ўлароқ, бутун вужуди билан яхши кўради, ардоқлайди. Шу сабабли, ёрнинг келиши унга бошқача таъсир қилган: мабодо келиб қолгудек бўлса, уни чиқиб кутиб олишга ҳатто ҳоли йўқ. Бу ҳолидан хижолат терига ғарқ бўлиб, нафаси қайтиб, уйда ёлғиз қолганида ёр агар пешвоз чиққан дўстлардан олдин кириб келгудек бўлса, бош кўтариб юзига термулишга ҳам журъати етишмайди:

 

Ёлғуз уйда қайда ёро боқмағим рухсориға,

Ҳолатим тағйиридин сирримни изҳор айламанг.

 

Дийдор ва ташрифдан ҳосил бўлган ҳаяжон бир лаҳзалик эмас. Ҳамиша интизорлик ва муштоқликка ўрганган кўнгилнинг дийдор чоғида изтироб ва ҳайрати янада қувват олади, вужуд ҳам қишки уйқудан энди уйғонган дарахтдек титраб туради. Шунчалик тиришса ҳам, одатий-мўътадил ҳолатга қайтиш учун камида бирор соат лозим. Сиртдан  ором ва осуда кўрингани билан кўнглида ишқ тўфони  ғалаён кўтарилаётган кишидан нуктадонлик кутиб бўлмайди. Ирода кучи билан пайдо бўлган сокинлик муҳаббат қиссаси ўртага тушгач, бир лаҳзада барбод бўлади:

 

Токи кўнглум изтиробию таним титратмаси

Сокин ўлмас, нукта  айтурға мени ёр айламанг.

 

Соате чунким ўтуб, бу навъ келсам ҳолима,

Сўз аро ошиқлиқ алфозини такрор айламанг.

 

Шамъдек анжуманга файз ва нур олиб кирган ёр барчага илтифот кўрсатиб, “навбат менга келганда, подшоҳ қабулига мушарраф бўлган камтарин қулдек ерни ўпиб, ширин жонимни нисор этсам ёки бошқа жаб­ру жафоларни ўзимга раво кўрсам, мени бу йўлдан қайтарманг”, дейди шоир. Негаки, у айнан шу лаҳзаларни кутиб яшади, шу дамлар умиди уни ҳижрон азоблари, фироқ қийноқларига сабр қилишга ундади, кўнглида ишқ гавҳарини покиза ва бегард асраб келди. Аммо орзу қилиб тилаган лаҳзалар воқеликка айланиб, дийдорга мушарраф бўлган чоғда шунча азоб ва изтиробга чидаган вужуд ва кўнгил ёрни муносиб равишда кутиб ололмагани учун ҳар қанча жабру жафога лойиқдир:

 

Чунки бўлса мултафит чун ер ўпуб ўлгумдурур,

Ҳар жафо қилсам ўзумға,  манъ зинҳор айламанг.

 

Кутилмаган бу илтифот учун энг азиз нарса – жонини фидо қилишга тайёр ошиқ ўз танасини ёрнинг вафодор итлари олдига ташлашни васият қилади. Аммо бу ҳолатни ағёрдан пинҳон тутмоқни истайди. Негаки, муҳаббат дардидан бегона кимса бу фидойилик моҳияти, танаси ёрнинг итларига талаш бўлиш саодатини тушунмайди:

 

Эмдиким ўлдум, таним ёр итларига ташлангиз,

Лек ағёрин бу маънидин хабардор  айламанг.

 

Ғазалнинг дастлабки байтлари ҳаё тараннумидан иборат бўлса, сўнгги икки байтда вафодорлик ҳақида сўз юритилади. Одатда биз ҳаёни  маъшуқаларга хос сифатлардан деб таърифлашга ўрганиб қолганмиз. Навоий талқини бўйича, ҳаё ва вафо инсонийликнинг ўзак нишоналаридан бўлиб, бу икки олийжаноб туйғу ишқ аҳлига баробар тегишлидир. Вафо ва ҳаё бири-бирини тақозо қиладиган тушунчалар ҳисобланади. Қолаверса, имоннинг асоси ҳам шу икки хислатда жамланган. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб”да бу ҳақда ёзади: “Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ. Ҳар кимда бу икки йўқ — имон йўқ ва ҳар кимда имон йўқ андин умид кўзин ёрутса бўлмас. Маҳбубки, бевафодур — андин жовид висоли тамаъ кутса бўлмас… Комиллар — аҳли ҳаё ва ноқислар беҳаё.”

Мақтаъда Навоий зуҳд аҳлига мурожаат қилади ва бу ҳам бесабаб эмас. Тасаввуфий манбаларда “зуҳд” сўзини “з” – зеб-зийнат тарки, “ҳ” – ҳою ҳавас тарки, “д” – дунё тарки, деб талқин қиладилар. Навоий тараннум этган  муҳаббатга зеб-зийнатга ружу қўйиш, моддий манфаатпарастлик, ҳою ҳавас, дунёнинг турли жилваларига мафтун бўлиш каби маънавий иллатлар билан эришиб бўлмайди. Шу сабабли, шоир маънавий камолотга етказадиган, мисни олтинга айлантирувчи муҳаббат аҳли соҳибини насиҳат билан йўлдан қайтармоққа уриниш дилозорликнинг бир кўриниши эканлигини таъкидлаб, зуҳд аҳлига мурожаат қилади:

 

Қайси ошиқким  Навоийдекдурур, эй  аҳли зуҳд,

Ишқ манъин айлабон кўнглига озор айламанг.

 

Ғазал мутаржим Владимир Липко томонидан рус тилига ўгирилган. Таржимада аслият ҳажми сақланган, лекин ғазалнинг умумий мазмун моҳиятидан узоқлашиш бор. Таржима билан танишиш жараёнида мутаржим матнга Шарқ мумтоз мусулмон маданияти анъаналаридан бехабар ҳолда ёндашгандек тасаввур уйғонади (ёрни фақат маъшуқа тарзида талқин қилиш, ишқни ошиқ учун саодат эмас, балки азоб сифатида кўрсатиш ва бошқалар). Таржимада нидо санъати (мурожаат)нинг объекти бўлган дўстларга ҳам салбий муносабат кузатилади: От зависти не задыхайтесь (1-байт), Друзья, я заклинаю вас (2-байт)… ва бошқалар. Ваҳолонки, ғазалда ошиқ кўнгил ўз руҳий ҳолатида дўстлардан мадад истайди, уларга ўз сирларию розини тўкиб солади.

Умуман олганда, ушбу ғазал мазмунан воқеабандлик касб этиб, унда акс эттирилган мўъжаз лирик сюжет шоирнинг ҳасби ҳолию соҳир қалами билан уйғунлик касб этган.

 

 

Ғазалнинг русча таржимаси

 

 Таржимон – Владимир Липко

 

Друзья! Коль милая смягчится и посетит мой дом опять –

От зависти не задыхайтесь и не мешайте мне дышать.

 

Один я, пуст мой дом и жалок. Друзья, я заклинаю вас

Моих мучений злую тайну не раскрывать, не разглашать.

 

Пока волненье не утихнет, не заставляйте говорить,

Пускай пока на наших встречах лежит молчания печать.

Но и потом, когда опомнюсь, не говорите о любви.

Не возродиться счастью снова, как рекам не струиться вспять.

 

Пускай в мученьях умираю, пускай унижен, оскорблен.

Какое б ни было страданье – не запрещайте мне страдать.

 

Когда умру, не хороните, отдайте псам ее мой прах.

Но недругам про то – ни слова! Не нужно им об этом знать.

 

О Навои, других влюбленных, таких, как ты, на свете нет.

Твою любовь ничьей угрозой не погасить, не обуздать!..

 

 

Ғазалнинг инглизча таржимаси

 

Таржимон – Аидахон Буматова

 

 

Were my dear one to come, oh friends, you rush to greet do not,

From the exitement I should have, my heart tough to beat do not.

 

Would I dare to look at dear – had we to meet tet-a-tet,

From the change of my condition, my secret revealed do not.

 

Unless the pain in soul and shiver in body fade away,

Involve me ever into your conversation sweet do not.

 

Were I to regain my calm after an hour passes by,

The theme of love in that conversation you repeat do not.

 

Were I to have a kind glance from dear one I beg you, my

Falling unconscious also madness of mine forbid do not.

 

To the hounds of dear, you, my breathless body throw, but still

Keep from revealing a word – my foe with joy replete do not.

 

Should someone fall in love as much as Navoi did, hermit,

Trying to keep him off the love his poor heart mistreat do not.

2017/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi