ЧИН ДЎСТ ТОПГАН БАХТЛИДИР

Franz-Schubert

Австриялик буюк композитор, мусиқада романтизм йўналишининг дастлабки намояндаси Франц Шуберт­нинг мусиқалари кейинги композиторлардан фарқли ўлароқ, қуюқ ҳиссиётлар, муҳаббат ва изтироб билан суғорилган. У асарларида бой ички дунёсини, турли туман ҳиссиётларга, ўй-тасаввурларга тўла ҳолда кўрсата олди. Айнан Шуберт қўшиқлари классицизм ва романтизм мусиқий даврларини бир-биридан ажратувчи чегара ҳисобланади.
Шуберт ижодининг гуллаб-яшнаши ХIХ асрнинг 20-йилларига тўғри келди. Табиатан қўли очиқ, қувноқ ва ўта камтар инсон Шуберт ижодининг дастлабки босқичида жуда ёрқин, самимий мусиқалар яратди. Бироқ унинг сўнгги асарларида кўпроқ зулматли кайфият, ғамгинлик, азоб-уқубат пайдо бўла бошлади. Бунинг сабаби нафақат шахсий ҳаётидаги муваффақиятсизликлар, балки уни ўраб турган шароит ҳам эди. Бу вақтда барча инқилобий, илғор ғоялар қувғинликка учраб, француз революциясининг юксак ғоялари: озодлик, тенглик ва биродарлик ҳақида ҳатто оғиз очиш мумкин бўлмай қолди. Инсон эркининг бундай чегараланИши Шуберт руҳиятини қаттиқ азобларди. Шу боис, унинг сўнгги асарларидаги тушкунлик ҳолатини ўша давр Австрия жамияти ҳаётидаги ҳуқуқсизликнинг акс этиши сифатида тушуниш мумкин. Шубертдек ҳаётдан норозилик кайфияти зиёлиларнинг кўпчилигида кузатиларди. Жамиятдаги илғор кишиларнинг норозилиги ва исёни санъатда ўз аксини топиб, янги йўналиш – романтизмни пайдо қилди. Шуберт эса композитор-романтикларнинг биринчиси бўлди.
Франц Шуберт 1797 йил 31 январда Вена атрофидаги Лихтенталь қишлоғида ўқитувчи оиласида дунёга келган. Унинг катта акалари Игнац ва Фердинанд ҳам мактабда ўқитувчилик қилган. Уларнинг оиласи мусиқани жуда севар, тез-тез мусиқий кечалар ташкил қилинарди. Отаси виоланчель, ака-укалари ҳам турли созларни чалишарди. Кичкина Францга отаси ва акаси Игнатс скрипка ва фортепиано чалишни ўргата бошлашди. Тез орада у оилавий торли квартетда алть партияси ижроси билан иштирок эта бошлади. Франц ажойиб овозга ҳам эга бўлиб, Лихтенталь регентидаги Хольцер черкови хорида биринчи сопрано партияларини, черков оркестрида эса якка скрипкада ҳам куй ижро этарди. Унинг мусиқий қобилияти юзага чиқиб, бастакор сифатида куйлар ёза бошлайди. У қўшиқлар, квартет ва фортепиано учун асарлар яратади. Гёте шеъри асосида “Маргарита урчуқ ёнида” ва “Ўрмон шоҳи” қўшиқлари, сонаталар, симфониялар ижод қилади.
Бўлғуси композиторнинг отаси эса ўғлининг ютуқларидан мамнун бўлиб, Франц 11 ёшга тўлгандан сўнг черков қўшиқчиларини тайёрлайдиган конвикт мактабига ўқишга беради. Мактаб ҳаёти унинг мусиқий иқтидорининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. У мактабдаги ўқувчилар оркестрида биринчи скрипкалар гуруҳида асосий ижрочилардан бўлган, баъзида дирижёрлик вазифасини ҳам бажарган. Оркестрнинг репертуари турли хил бўлиб, ўқиши давомида Шуберт симфоник асарларнинг барча жанрлари – симфония, увертюра, квартетлар ва вокал асарлар билан танишади. У Бетховен мусиқаларини ғоят ардоқлар, Моцартнинг “Соль-минор” симфониясига эса буткул лол бўлиб яшарди. Ёш композитор кўпинча мактаб дарсларини қолдириб бўлса ҳам катта қизиқиш билан асарлар ёзарди. Боланинг ноёб қобилияти машҳур сарой композитори Сальери эътиборини жалб қилди ва Шуберт бир йил давомида у билан контрапункт ва композициядан сабоқлар ола бошлади.
Вақт ўтиши билан Францнинг шиддат билан ривожланаётган мусиқий иқтидори отасида хавотир ҳиссини уйғотади. Мусиқачиларнинг машаққатли ҳаёт йўлини билган отаси ўғлини бундай қисматдан асрамоқчи бўлади. Мусиқа билан ҳаддан ташқари кўп шуғуллангани учун уни жазолаб, ҳаттоки байрам кунлари ҳам уйда бўлишни таъқиқлаб қўяди. У уч йил давомида мактабда ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб, ўқувчиларга савод ўргатиб, бошқа бошланғич предметларни ўқитиш билан шуғулланди. Аммо Шубертни мусиқа ишқидан ҳеч қандай таъқиқ ва жазо тўхтата олмади. У конвиктни (черков мактаби) ташлайди ва ўзини бутунлай мусиқага бағишлашга қарор қилади. Бунинг оқибатида отаси билан муносабати ёмонлашади. Шубертнинг кейинги қисқагина ҳаёти фақат ижодий жасоратдан иборат бўлди. Оғир моддий қийинчилик ва муҳтожликда ҳам толмай ижод қилиб, асар кетидан асарлар ёзди. Хусусан, биринчи “Ре мажор” симфониясини тамомлади.
Шуберт Тереза Гороб исмли черков хорида куйловчи бир қизни севарди. Унинг ишқи сон-саноқсиз асарлари, айниқса, дилбар қўшиқларининг яратилишга сабаб бўлган эди. Бироқ камбағаллик унинг бахтига тўсқинлик қилди. Тақдирнинг синовларига кўника олмаган Шуберт ўзининг кундалигига шундай сўзларни ёзади: “Чин дўстини топган инсон бахтлидир. Чин дўстни ўз рафиқасида топган инсон ундан-да бахтиёрдир”. Афсуски, унинг орзулари кул бўлди. Терезани отасиз вояга етказган онаси уларнинг севгисига қаршилик кўрсатади. Шубертнинг арзимаган маоши ва улкан санъати бор эди, холос. Мусиқа эса сармоя бўла олмасди. Изга тушмаган маиший ҳаёт Шубертни тинимсиз ижод қилишдан тўхтата олмади. У кундан-кунга мунтазам ишлади. “Мен ҳар тонг яратаман, бир пьесани тугатишим билан, бошқасини бошлайман” – деб тан олади композитор. Шуберт мусиқий асарларни жуда ҳам тез басталарди. Мусиқий фикрлар тинмай туғиларди, композитор аранг уни қоғозга туширишга улгурарди. Агар қўл остида қоғоз топилмаса, менюнинг орқа тарафига ва учраган қоғоз парчаларига ёзиб ташлайверарди. Пул етишмаслиги сабаб, нота қоғози ололмаслигидан азият чекарди. Ғамхўр дўстлари уни қоғоз билан таъминлаб туришарди. У мусиқа оҳангларини тушларида ҳам кўрар, уйғониши билан тезроқ қоғозга туширишга уринарди. Шунинг учун кўзойнагини тунда ҳам тақиб ётарди. Агар асар мукаммал ва тугалланган шаклда тез қуюлиб келмаса, қониқиш ҳосил қилмагунча ишлашда давом этарди. Шунинг учун айрим шеър матнларига еттитагача қўшиқ вариантларини ёзган.
Ушбу даврда Шуберт иккита ажойиб асарини яратади. “Тугалланмаган симфония” ва “Гўзал тегирмончи қиз” қўшиқлар туркуми. “Тугалланмаган симфония” ўз даврида қабул қилинганидек тўрт қисмдан эмас, балки икки қисмдан иборатдир. У классик симфония талаб қилгандек учинчи – менуэт қисмини ёзиши ҳам мумкин эди, лекин, симфония қандай янграган бўлса, шундайлигича якунланишини истагани учун, қолган икки қисми кераксиз ва ортиқча деб ҳисоблаб, унинг шаклни ўзгартиради.
Қўшиқ Шубертнинг табиатидаги тийиқсиз куч эди. Авваллари аҳамиятсиз саналган жанрни у бадиий мукаммаллик даражасига олиб чиқди. Кейинчалик камер мусиқани-квартет, квинтет ва симфонияни қўшиққа тўйинтирди. Бундай боғлиқлик, яъни, кичик шаклни йирик шакл билан, қўшиқни симфония билан, янги, аввалгиларидан аъло ва сифатли лирик-романтик симфонияни вужудга келтирди. Ўша даврда улар очиқ концертлардан кўра, уйларда ўтказиладиган кечаларда ижро этиларди. Симфония ва опералар олдида қўшиқлар аҳамиятли жанрлар саналмаган.
Унинг дунёси – оддий ва ўзига хос чуқур психологик кечинмалар, инсоний ҳиссиётлар дунёсидир. Бу қалам ва сўз билан эмас, балки, товушлар орқали акс этган қалб истиғфоридир. “Гўзал тегирмончи қиз” қўшиқлар туркуми юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир. Шуберт уни немис шоири Вильгельм Мюллернинг шеърларига ёзган. “Гўзал тегирмончи қиз”– ижод нафаси, нафис шеърият ёғдуси, соф ва юқори туйғулар романтикасидир. Мазкур цикл 20 та алоҳида қўшиқлардан ташкил топган. Ҳаммаси бир-бирига драматик боғланган яхлит пьесани – тегирмон тоши билан саёҳат қилувчи лирик қаҳрамонни акс эттиради. Ушбу асарда қаҳрамон битта эмас. У билан бирга иккинчи қаҳрамон – ирмоқ ҳам бор. У ўзининг ўзгарувчан, шиддатли, жўшқин ҳаёти билан яшайди.
Шуберт ҳаётининг охирги ўн йиллигида яратилган асарлар жуда ранг-барангдир. У фортепиано учун симфония, сонаталар, квартет, квинтет, трио, мессалар, опералар, мессалар учун қўшиқлар ва бошқа кўплаб мусиқалар яратган. Унинг асарлари ҳаётлик даврида камдан-кам ижро этилган бўлиб, катта қисми қўлёзмаларда қолган. Маблағи ва ҳомийлари бўлмаган Шубертнинг қўлёзмаларини чоп эттириш имкони йўқ эди.
Мансабдор шахслар олдида бўйин эгмаслиги сабабли композитор доимий моддий етишмовчиликда яшади. Пулсизлик ва очарчилик ҳам уни саройларда ишлашга мажбур этолмади. Баъзи пайтларда Шубертнинг фортепианоси ҳам бўлмаган, у чолғусиз ҳам асарлар яратаверган.
Аммо веналиклар унинг мусиқасини севиб қолишди, унинг мусиқаси тингловчилар қалбига йўл топди. Куйлари қадим халқ қўшиқлари каби хонандалар тилидан тилларга ўтиб, ўзининг асл ихлосмандларига эга бўлиб борди. Булар дабдабали сарой, бой хонадон, Вена аристократияси аҳли эмасди. Шуберт мусиқаси ўрмон жилғаси каби Вена ва унинг атрофидаги оддий одамлар қалбини забт этди. Бунга ўша даврнинг моҳир хонандаси Иоганн Михаел Фогл катта ҳисса қўшди. У Шуберт қўшиқларини моҳирлик билан ижро этарди. Шуберт Фогл билан бирга уч марта Австрия шаҳарлари бўйлаб концерт сафарлари уюштирган.
Муҳтожлик ва турмуш му­ваффақиятсизликлари Шуберт соғлигига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. У заифлашиб қолди. Умрининг охирида отаси билан муносабатларнинг яхшиланиши, уйдаги хотиржам, бир текисдаги шароит ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмасди. Шуберт эса мусиқа ёзишни тўхтата олмасди, унинг ҳаёт мазмуни шунда эди. Аммо ижод жуда катта куч сарфлашни талаб қиларди, куч-қувват эса кун сайин заифлашиб борарди. Композитор йигирма етти ёшида дўсти Шоберга шундай ёзган эди: “…мен ўзимни бахтсиз, дунёдаги энг аҳамиятсиз инсон каби ҳис қилмоқдаман…” Бу кайфият унинг сўнгги мусиқаларида акс этди. Вафотидан бир йил олдин “Қиш йўли” деб аталган қўшиқлар туркумини ёзади. Композиторнинг ўзи уларни “ўта ёмон” қўшиқлар дерди ва улар уни қаттиқ чарчатганлигини дўстларига айтарди.
1828 йилда дўстлари ҳаракати билан Шуберт ҳаётлиги даврида унинг асарларидан тузилган ягона концерт уюштирилди. Концерт катта муваффақият қозонди ва композитор бундан жуда хурсанд бўлди. Унинг келажак режалари истиқболли бўла бошлади. Соғлиғига путур етганига қарамай, у асар яратишда давом этди. Кутилмаганда Шуберт терлама касалига чалиниб қолади. Заифлашиб қолган соғлиғи оғир касалликни кўтара олмади ва 1828 йилнинг кузида Шуберт вафот этди.
У бор-йўғи ўттиз бир йил умр кўрди. Аммо шу қисқа ҳаёти давомида умрбоқий куйлар ёзиб, инсониятга туҳфа эта олди. Айни ўринда, шуни ҳам айтиш керакки, у яратган 9 та симфониянинг бирортаси ҳам ҳаётлик даврида ижро этилмаган, 600 номдаги қўшиқларидан фақат 200 га яқини, 20 га яқин фортепиано сонаталаридан 3 донасигина чоп этилган. Шуберт­нинг бирор операси саҳналаштирилмаган, симфонияларининг ҳеч бири оркестр билан ижро этилмаган. Шунингдек, унинг энг яхши Саккизинчи ва Тўққизинчи симфониялари композитор вафотидан кўп йил ўтгандан сўнг топилган. Ундан қолган мол-мулк арзимаган пулга баҳоланди. Кўплаб асарлари йўқолиб кетди. Бироқ унинг қалбида туғилган наволари асрларнинг торларида янграб келмоқда. Бу буюклик ўз даврида қадрига етилмагани бўлса-да, ўтган вақт унинг асарларига мангулик унвонини берди.

Акмал ЎТАЕВ
Ўзбекистон давлат
Консерваторияси
қошидаги иқтидорли
болалар академик
лицейи ўқитувчиси

 

2018/1

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi