КАЗИМИР МАЛЕВИЧ

kazemir-malevich

Дунёга машҳур “Қора квадрат” асарининг муаллифи, атоқли рассом Казимир Малевич феномени ўз даврида ҳам, ҳозирда ҳам санъатшунослар орасида қизғин баҳсларга мавзу бўлиб келмоқда. Маълумки, ХХ аср дунёда рангтасвир санъатида янги оқимлар, экспериментал тажрибалар, модернистик қарашлар кенг ривожланган давр саналади. Импрессионизм, кубизм, футуризм каби янги ижодий оқимлар, улар замирида ундан-да янги усуллар шаклланиб, мусаввирлар анъанавийликдан йироқлашиб, янги ифодаларни топишга эришди. Кубизмнинг Пикассо, импрессионизм Мане, абстракционизм Кандинский ижодига боғлиқликда шаклланган бўлса, супрематизм йўналишининг юзага келишида мусаввир Малевич қарашлари асос бўлди.

Келиб чиқиши польяк бўлган Казимир Северинович Малевич 1879 йилнинг 11 февралида Украинанинг Киев шаҳрида, оддий ишчи оиласида таваллуд топган. Отаси Северин Малиевич шакар заводи ходими, онаси Людвига Александровна уй бекаси бўлган. Малевичлар оиласи катта бўлиб, Казимир тўққиз фарзанднинг тўнғичи эди. У тасвирий санъатга болалигидан ихлос қўйиб, турли расмлардан нусхалар кўчиришни хўш кўрарди. Казимирнинг қизиқишларига бефарқ бўлмаган ота-онаси уни Киевдаги Николай Мурашко  мактабига беришади. Рассомнинг хотирлашича, унинг илк ижод маҳсули “Ойли оқшом” деб номланган манзара бўлган.

1896 йилда оиласининг Курск шаҳрига кўчиб ўтиши сабабли Казимир бу мактабни тарк этишига тўғри келади. Оиладаги етишмовчиликка қарши курашиш ота-она билан бирга тўнғич ўғилнинг ҳам гарданидаги вазифа эди. Казимир Москва-Курск темир йўлига чизмакаш бўлиб ишга киради. Аммо уларни ўша даврда етишмовчиликдан ташқари, польяк бўлганликлари учун маҳаллийчилик масаласи ҳам қийнарди. Шунга қарамай, Казимир бор кучини ижодга йўналтиради, украин тилида санъатга оид турли мақолалар ёза бошлайди.

Шу даврда ёш рассом оила қуриб, фарзанд кўргач, бир тарафдан оила боқиш масъулияти, иккинчи томондан эса ижодий эҳтиёжлари тобора ортиб борарди. У ҳам  моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларига чора излаб, 1904 йилда Москвага жўнайди. Коллекционерлар Морозов ва Шукинлар томонидан ўтказилган замонавий санъат кўргазмасида бўлиб, Клод Моне, Поль Сезанн, Пабло Пикассо, Анри Матисс каби рассомларнинг асарларига маҳлиё бўлади. Уларнинг асарларидаги услуб ва мавзулар ёш рассомнинг ижодий қарашларини буткул ўзгартириб юборган эди. Аммо Москва тасвирий санъат мактабига киришга уринишлари бесамар кетиб, яна Курскка қайтади. Орадан икки йил ўтгач, бутун оила Москвага кўчиб келади. Шундан сўнг Казимир Малевич ижоди учун имконият эшиклари бир-бир очила бошлайди.

У 1907–1910 йилларда Фёдор Рерберг ижодий студиясига қатнаб, импрессионистик йўналишда ижод қила бошлайди. Шу йилларда Библия сюжетлари асосида ишлаган туркум асарлари билан “Пушти атиргул” номли рус символистлари ва “Москва рассомлари дўстлиги” ХVI кўргазмаларида иштирок этади. Унинг ижоди юксалган сари асарлари нафақат Россия, балки хорижий мамлакатлардаги санъат кўргазмаларида ҳам иштирок эта бошлайди.

У замонавий тасвирий санъат имкониятларини ижодида амалий намоён қилишдан ташқари, назария билан ҳам жиддий шуғулланади. “Кубизмдан супрематизмга. Янги рангтасвир реализми” манифести, “Санъатнинг янги шакли хусусида”, “Тасвирий санъатнинг қўшимча элементлари ҳақида” каби мақолаларида унинг илмий қарашлари акс этиб, супрематизмнинг ўзига хос хусусиятлари, бадиий ва ғоявий жиҳатлари асослаб берилган.

У 1915 йилда “Қора квадрат” картинаси ва шу ном остидаги туркум асарларини омма эътиборига тақдим қилади. Жумладан, “Футуристик картиналар” кўргазмасига қўйилган “супрематик рангтасвир” номи остидаги 39 та асари катта шов-шувга сабаб бўлди. Ижод аҳли ўртасида бу йўналишга қизиқиш ортиб бораверади. 1916 йилда Малевич “Супремус” жамияти ва шу номдаги журнални ташкил этиб, жамиятга аъзо бўлган рассомларнинг асарларини ва супрематизмга оид мақолаларни эълон қилиб боради. Рассомнинг ижоди рус санъати муҳитида ижобий баҳоланиб, катта нуфузга эга бўлади.

Унинг “Қора квадрат” туркумига оид “Оқ квадрат”, “Қизил квадрат”, “Қора доира”, “Қора хоч”, “Автопортрет”, “Челак тутган аёл”, “Атлетикачилар”, “Чархчи”, “Қизил отлиқлар юриши”, “Маҳзунлик. Сариқ либосли фигура” сингари кўплаб асарлари супрематизмнинг ёрқин намуналари сифатида Россиядан ташқари Италия, Украина, Франция, Германия ва бошқа хорижий давлатларда кўргазмаларга қўйилиб, юксак эътирофларга сазовор бўлади.

Рассом фаолияти давомида рангтасвирнинг бошқа турлари, хусусан, архитектура, театр сценографияси ва ҳайкалтарошлик билан ҳам шуғулланган. Малевичнинг ўз соҳаси тарихи ва келажагини ҳаққоний таҳлил эта олувчи файласуф, новатор рассом, назариётчи сифатидаги шуҳрати Россиядан ташқари ҳудудларда ортиб борди. У 1917 йилда Москва рассомлар уюшмасига қабул қилинади. Петроградда яшаб, режиссёр Мейерхольд ва шоир Маяковскийлар билан ижодий ҳамкорлик қилади. Сўнгра Марк Шагал раҳбарлигидаги халқ санъат мактабида дарс беради, турли институт ва музейларда раҳбар бўлиб хизмат қилади.

30-йилларга келиб, мамлакатда санъат устидан сиёсий назорат ортиб, социалистик реализм ягона йўлга айланиб боради. Бадииятнинг чексиз сарҳадларида янгилик изловчи, тафаккур озодлиги билан яшовчи рассомга бу муҳит тор кела бошлайди ва 1927 йилда Германияга кетади. У ердан Украинага қайтиб, Киев Бадиий институтида  педагоглик фаолияти билан шуғулланади. Кўп ўтмай, қандайдир  шубҳалар билан ишдан бўшатилади ва 1930 йилда “немис айғоқчиси” деган айблов остида қамоққа олинади. Хайриятки, ижодкор дўстларининг саъй-ҳаракатлари билан бир неча ойдан сўнг озод этилади.

Рассом ижодининг сўнгги йилларида анъанавий реалистик услубга қайтиб, асосан портрет жанрида асарлар ишлайди. “Аёл портрети”, “Автопортрет”, “Ишчи”, “Уч портрет” картиналари шулар жумласидандир.

Казимир Малевич 1935 йилда вафот этади.

 

Феруза КАРАЕВА,

ЎзДСМИ  магистранти

 

2018/2

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi