Зуҳра МАМАДАЛИЕВА  РУҲ МАНЗИЛЛАРИ

 

 “Ҳайрат ул-аброр” достонида йигирма бир бобдан иборат муқаддима бор. Ундаги уч боб – уч ҳайрат кўнгилнинг саёҳати тўғрисида бўлиб, бир қараганда, достонга алоқаси камдай туюлган ўзига хос боблар ҳисобланади. Биз ушбу мақолада мана шу ўзига хослик тарихига бир назар ташламоқчимиз.

Руҳнинг сайру саёҳатга чиқиш мотиви пайғамбар меърожига нисбатан яратилганлиги ҳақида илмда бир мунча қарашлар мавжуд. Бу мотивнинг адабиётга илк бор татбиқ этилиши ватандошимиз Абу Али ибн Сино ижоди билан боғлиқ. Алломанинг “Ҳайй ибн Яқзон” қиссасининг тили, услуби жуда оғир. Бунинг сабабини Ғарб олимларидан Меҳрон “Ибн Сино бу рисолаларни ўзининг энг яқин шогирдлари учун ёзган”, деб изоҳлайди (Ибн Сино Абу Али. Саломон ва Ибсол. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1980. – Б.13.). Ушбу қиссада асарнинг бош қаҳрамонлари муаллиф ва унинг суҳбатдоши –  Ҳайй ибн Яқзон –  юнон мутафаккирлари фикри бўйича, коинотдаги  илк яратиқ – логосдир. Мусулмон Шарқи фалсафасига Ақли аввал, Руҳи Аввал тарзида сингган бу яратиқни Ибн Сино ўзининг ушбу фалсафий асарига бош қаҳрамон этиб танлайди ва уни  Уйғоқ ўғли Тирик, Ақли фаол номлари билан атайди.

Асарда муаллиф Ҳайй ибн Яқзонни “бир нуроний, ёши ҳам анчага бориб қартайиб қолган, лекин ўзи ҳали барваста, тетик, суяклари ҳам сусаймаган, ҳеч бир аъзоси бўшашмаган ва хуллас, соч оқаришидан бошқа ҳеч қандай қарилик нишонаси бўлмаган бир чол” деб таърифлайди. У ўзининг саёҳатчи эканлиги, ҳунари дунё кезиш бўлганини айтади ва муаллифга бир қанча маслаҳатлар беради. Жумладан, унинг биринчи маслаҳати фаросат (мантиқ) илмини эгаллаш ва бу илмнинг фойдасини нақд илмлардан дея баҳолаш бўлади.  Ҳайй ибн Яқзоннинг бу маслаҳати асарда ўқ чизиқдай ўтган. Қиссада муаллиф мантиқ илмини ҳаёт чашмасига ҳам ўхшатиб, унинг сувидан ичган зот Баҳри муҳитда чўкмайди, жазирамада куймайди, музликларда қотмайди, дейди.  Бу фикри билан Ибн Сино ўз фалсафий қарашларида мантиқни (рационал билишни) биринчи ўринга қўйишини кўрсатмоқда.

Ҳайй ибн Яқзон муаллифга ўзи  билган нарсаларни ҳикоя қилиб беради. Бу ҳикояни Ибн Сино ўз ўқувчисига образли тил билан баён қилади. Жумладан, коинот жисмлари ва қаватлари мамлакатларга, иқлим, денгиз ва дарёларга, инсон руҳиятидаги ҳолатлар ҳайвон ва афсонавий жонзотларга ўхшатилган. Одам руҳиятидаги сезгилар турли лавозимдаги ходимларга қиёсланган (кейинчалик бундай қиёс Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Кимиёи саодат” асарида ҳам қўлланилганини кўрамиз).

Жумладан, асардаги “Олам тузилиши баёнида” фаслидаги қуйидаги сатр­ларга эътибор берайлик: “Кавокиб ва табойиъ (табиат) ва фалакул кавокибнинг буржлариким, тақсим этилгандур ўн икки қисмға. Ва Аршким, булардан муғаййирроқдур (бошқача, ғаройиброқ), мисоли подшоҳнинг ҳужраи хоси бўлғайким, вазир ул ҳужрада ўлтургай. Ва бул ҳужранинг атрофида равоқи бўлғайким ва ҳар тоқида ул вазирнинг ноиби ўлтургай. Ва етти нақибсувор бу ўн икки тоқнинг атрофидан айлангай. Бу нақиблар (раҳбарга яқинлар) вазирнинг ноиблари фармонидадур. Ва тўрт пиёда камонандоз бу етти нақибдан йироқроқ мунтазир турурларки, ҳазрат подшоҳдан нечук фармон еткусидур. Ва тўрт каманд – арқонни бу тўрт пиёдаға берибдурлар, токим фармон тақозоси бирла баъзисини подшоҳ даргоҳига тортарлар ва баъзисини йироқ қилурлар” (Ғаззолий Абу Ҳомид. Кимиёи саодат. – Тошкент: Адолат, 2005 –  Б.80.). Кўрганимиздек, Ғаззолий бу ерда Аршни – подшоҳнинг ҳужраи хоси, осмон буржларини – ўн икки равоқда ўтиргувчи вазирнинг ноиблари, осмоннинг етти қаватини – етти нақибсувор, тўрт унсурни  – тўрт камонандоз тимсолида тасвирлаган.  Яна ушбу асарда инсон вужудини – бир мамлакатга, дилни – унинг подшоҳига, қолган аъзоларни унинг аъён ва мулозимларига қиёс қилса, одам баданидаги шаҳватни – тўнғизга, ғазабни – итга, ақлни фаришталарга ўхшатади. Бу фикрлар юқорида кўриб ўтганимиз Ибн Синонинг “Ҳайй Ибн Яқзон” рисоласидаги тасвирларга оҳангдош.

Қисса охирида Ҳайй ибн Яқзон барча яратиқнинг подшоҳини таърифлаб, уни ҳеч кимга ўхшамайдиган, ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ, васфини баён этишга тиллар ожиз бўлган зот деб таърифлайди. Асар “Истасанг, менга эргаш, сени унга олиб борайин” деган жумла билан якунланади. Кўринадики, бу ерда гап Тангри ҳақида бормоқда, демак, пирнинг муаллифни бошлаб сайр қилдириши, унга таълим бериши, атрофдаги нарсалар ва мавжудотларни рамзий тил билан таништириши анъанаси адабиётимизга Ибн Синонинг  “Ҳайй Ибн Яқзон” рисоласи билан кириб келган экан.

Профессор Е.Э.Бертельс тасаввуфий ҳикоятчилик тарихини Абу Ҳасан Ҳараконийдан бошлайди. Унинг “Нур ул-улум” рисоласида рамзий тил билан баён қилинган Мусо, каптар ва лочин ҳақидаги ҳикоятни шарҳлайди. Ҳараконийнинг шогирди “пири Хуросон” номи билан машҳур шайх, фақиҳ ва муҳаддис олим Абдуллоҳ Ансорийдир.  “Табақот ас-суфийа”, “Манозил ус-сойирин” ҳамда “Муножот” каби асарларни унга нисбат берадилар. “Манозил ус-сойирин” асарида руҳнинг тўрт манзили, унга бўлган саёҳат ҳақида сўз боради.

Абдуллоҳ Ансорийнинг шогирди Ҳаким Саноий тасаввуф адабиётининг форс тилидаги дастлабки ижодкорларидандир. Унинг  “Ҳадиқат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқат боғчалари”) асарининг сўфийлик адабиётининг дидактика, яъни хираднома йўналиши ривожидаги ўрни аҳамиятлидир. Ушбу асарда мистик “йўл”нинг  биз Ибн Синода кўриб ўтганимиз каби бир қанча манзиллари  рамзий-аллегорик йўналишда тасвирланган.  Унда ҳам худди Ақли аввал каби пир муаллифни руҳан саёҳат қилдиради ҳамда юқорилаш ва қайтиш йўллари билан таништиради. Ҳаким Саноий бу асарда мавзуга мос кичик-кичик ҳикоятлар киритиши билан асарнинг бадиий кучини янада оширган.

Низомий Ганжавийнинг “Маҳзан ул-асрор” достони Ҳаким Саноийнинг асарига жавоб тарзида битилган бу йўналишдаги илк назмий асар саналади. Анъанага содиқ қолган Низомий руҳнинг юқорилаш босқичларини тасвирлайди ва уларни “хилват” деб атайди. Асарда иккита хилват ва иккита хилват самараси ҳақидаги боб мавжуд. Биринчи хилватда сокин ва соҳир бир тунда  Хўжа шоирнинг қўлидан тутиб, йўлга бошлагани ҳақида айтилади. Биринчи хилватда у табиат гўзалликларидан сархуш бўлади, ҳайратга тушади. Биринчи хилват самарасида у фикру тафаккурга чўмади. Бу гўзалликлар унинг ақлини зое, кўнглини хомуш қилади.

Иккинчи хилватда эса устоз – Хўжа бир неча улфатлари билан базм тузади. Унда шоир бир гўзални кўради ва унинг ҳусну жамолидан ҳайратга тушади. Иккинчи хилват самарасида эса унинг кўнглига ишқ жойланиши, унинг бу ишқ таъсиридаги нолаю фарёди акс этади.

Амир Хусрав Деҳлавий “Матлаъ ул-анвор” достонида хилватлар сонини учтага етказади ва унинг “самаралари”ни олиб ташлайди.

Биринчи хилватда шоирнинг танаси ерда қолиб, руҳи осмону фалакка кўтарилганлиги ҳикоя қилинади. Унда шоир Дил билан учрашади. Бу ҳолни олим М.Муҳиддинов қуйидагича шарҳлайди: “у (ўзлигини англаб етмаган руҳ – изоҳ бизники – З.М.) Дил ҳузурига бориб, у билан сирлашади. Дил унга дунёвий кишанлардан ўзни қутқазиш, бандалик ибодатига астойдил берилиб, шайтон бўйнини синдиришни маслаҳат беради” (Муҳиддинов М. Комил инсон – адабиёт идеали. – Тошкент: Маънавият, 2005. – Б. 55.). Иккинчи хилватда кундуз таърифи, табиат тасвири ва ошиқнинг бу ҳолатдан наво – ҳайрат туйгани ифодаланади.

Учинчи хилватда шоир Хожа – пирнинг ҳузурига боради ва ўзидаги бу ҳолатлар сирини сўрайди. Хожа шоирга руҳий кўтарилиш сирини англатади ва бу ҳолатни рўё эмас, ҳақиқатда рўй берганини таъкидлайди.

Жомий “Туҳфат ул-аҳрор”да бу анъанадан шаклан чекингандай туюлади. У кўнгил таърифидан кейин уч пирнинг суҳбатини келтиради. Биринчи суҳбат – илмул яқин, иккинчиси – айнул яқин, учинчиси эса – ҳаққул яқин тўғрисида бўлади. Суҳбатларни эшитган кўнгил камолотга эришиб бораверади. Бу ўринда гарчи шаклан уруж – кўтарилиш тўғрисида сўз бормаса ҳам, маънавий жиҳатдан юксалиш борасида гап кетмоқда. Бунинг сабаби илмул яқин – юзаки билим,  айнул яқин – тажриба асосида англаб билиш ва ҳаққул яқин – қалбан ҳис этиш ҳамда шак-шубҳасиз билиш эканлигини ҳисобга олсак, Жомий ҳам моҳиятан салафларига эргашганини англаб етамиз.

“Ҳайрат ул-аброр”да саёҳатга раҳбарлик қилувчи шахс образи йўқ. Унда Хожа номи билан аталган кўнгил илоҳий даъват билан сайрга чиқади. Достонда у уч бор саёҳат қилади ва бундан беҳад ҳайратга тушиши тасвирланади.

Кўнгил таърифидаги бобдан сўнг дастлабки саёҳат малак оламига бўлади. Малак оламини Навоий гўзал табиат тасвирида ифодалайди. Қизиғи шундаки, бу оламдаги ҳар бир гул, ҳар бир қуш Яратганга сано айтарди:

 

Фохтадин қумрию булбулгача,

Балки шажар яфроғидин гулгача,

 

Барчаси қайюмиға зокир эди,

Ҳар бир анинг шукриға шокир эди.

 

Бу ҳолатни кўрган Хожа чексиз ҳайратга тушади. Иккинчи саёҳат малакут оламига бўлади. Бу оламни Навоий осмони фалак тасвирида ифодалайди. Хожа етти сайёра ва ўн икки бурждаги турғун юлдузларни кўради:

 

Мунча ғаройибғаки қилди гузар,

Айлади ибрат кўзи бирла назар.

Борчасида зикру сужуд англади,

Маърифатуллоҳға шуҳуд англади[1].

 

Бунда ҳам ҳар бир мавжудот саждаю қиёмда эканлигини кўрган Хожанинг бир ҳайрати ўнга етади. Ҳайратдан беҳуд бўлади.

Учинчи сайр бадан шаҳристонига бўлади. Иккита устун устига қурилган бу салтанат қаттиқ тартиб асосида ҳаракатланарди. Унинг подшоси, вазири, сарбозлари бор эди:

 

Шоҳ ани ўз мулкида дастур этиб,

Мулкини ул адл ила маъмур этиб,

 

Юққориғи қаср уза фаррух вазир,

Сокину эл амриға фармонпазир.

 

Бу мамлакатда ҳам ҳамма Яратганга ибодат қилиш, Унинг зикрини айтиш билан шуғулланади. Буни кўрган Хожани ҳайрат узра ҳайрат қамраб олади ва у фано – ўзини йўқотиш даражасига етади:

 

Чунки бу ҳайрат аро ранжу ано,

Фоний этиб хожани балким фано[2].

 

Шундан сўнг у Яратганнинг халфаси даражасига кўтарилди. Достонда Навоий салафлари ижодидаги анъанавийликни умумлаштириб, уларга ўз муносабатини билдиради. Унинг анъанавийлик ичида янгилик яратиш маҳорати ушбу бобларда ҳам яққол намоён бўлади.

Жумладан, ҳайратларда, худди хилватлардаги каби сафар ва саёҳат амалга оширилади. Барча сафарларда қаҳрамон гўзалликдан ҳайратланади. Бироқ Навоийнинг Хожаси нафақат гўзалликдан, балки уларнинг маънавий томонидан, яъни ҳамма мавжудот ва неъматларнинг Яратган зикрига машғул эканлигидан ҳам ҳайратланади. Бу аввалги хирадномаларда эътибор берилмаган жиҳат бўлиб, Навоийнинг ўзига хос топилмаси саналади.

Табиат тасвири барча достонларда мавжуд эди, аммо коинот тасвири, сайёра ва юлдузлар манзараси ҳам Навоийнинг ўзига хос ёндашуви маҳсулидир. Бу унинг Самарқанддаги Улуғбек мактабида олган аъло даражадаги астрономик билими таъсирида юзага келган, десак янглишмаймиз.

Учинчи ҳайратдаги саёҳат ҳам Навоийнинг хаёлоти меваси бўлиб, тахминимизча, Ғаззолийнинг “Кимиёи саодат” асари таъсирида яратилган.

Аҳамиятли ўзгаришлардан яна бири Хожанинг ҳайратлар натижасида камолотга етишидир. Бу ҳам улуғ шоир ижодининг ўзига хослиги ифодаси бўлиб, бошқа хирадномаларда ҳайратлар натижасига бу даражада эътибор қаратилмаган. Натижа Навоийнинг “Қандай асосга кўра Одам Ато яратилганданоқ Яратганнинг халфаси даражасига етди?” деган шахсий мулоҳазасига жавоб тарзида вужудга келган бўлса керак.

Муҳими, Навоий достонда инсон кўнглини Хожа – соҳиб деб эъзозлайди ва уни Яратганнинг халфаси (ўринбосари) деб улуғлайди. Бу айни пайтда инсонни улуғлаш ва эъзозлаш бўлиб, улуғ мутафаккирнинг асосий ижодий тамойилларидан саналади.

* Зуҳра Мамадалиева – филология фанлари номзоди.

 

[1] Алишер Навоий. Ҳайрат ул-аброр. МАТ 7-том. Тошкент: Фан, 1991. – Б. 79.

 

[2] Ўша асар. – Б. 73.

 

2018/2

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi