Султонмурод ОЛИМ ТАРЖИМАВИЙЛИК ВА НАЗИРАВИЙЛИК

 

 (“Лисон ут-тайр”  – форсий-туркий шеърият синтези сифатида)

 

Адабиётшунослик илмида минг йиллик форсий ва туркий ёзма сўз санъати равнақини яхлит адабий жараён сифатида қараш тамойили мавжуд. Бу бежиз эмас. Буни биргина буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижоди мисолида ҳам тўла исботлаш мумкин.

Навоий қаламига мансуб олти  достон (“Хамса”даги “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” ҳамда “Лисон ут-тайр”) нинг ҳар бири  эски ўзбек тилида форс адабиётидаги муайян муаллиф достонига назира-жавобия тарзида битилган.

Навоий достонларининг назиравий хусусиятларини ўрганиш улардаги типик ўзига хосликларни илмий аниқлаштиришни осонлаштиради. Бироқ бундан  энди иккинчи бир масала ҳам келиб чиқади: Навоий достонлари татаббуъ белгилари жиҳатидан айнан бир хилми? Хусусан, “Хамса” дос­тонларининг назиравий жиҳати билан “Лисон ут-тайр”нинг жавобия табиатида кескин тафовут йўқми? Бўлса, улар айнан нималардан иборат?

Бунда ўта муҳим уч жиҳатни кўздан қочирмаслик керак.

Биринчидан, Навоий “Хамса”ни 42-44 ёшлар орасида ёзиб тугатди. Бундай ёшдаги  ижодкорда, табиий равишда, салафлар билан беллашишга мойиллик ўта кучли бўлади. Қандай  бўлмасин, салоҳиятини тўлалигича намоён этгиси,  халқона айтганда, имкон қадар кўпроқ янгилик яратгиси, оҳорли, навоиёна атама билан ифодалаганда, “тарҳи (лойиҳаси) тоза” асар бунёд этгиси келаверади. “Лисон ут-тайр”ни у олтмиш ёшга яқинлашганида қоғозга туширди. Бу киши анча босилиб қолган, мулоҳазакорлик кучайган, жўшқинлик ўрнини фалсафийликка мойиллик эгаллаган бир ёш ҳисобланади.

Иккинчидан, муаллифнинг “Хамса” ёзишдан кўзлаган мақсади билан “Лисон ут-тайр”ни яратишдан кўзлаган нияти ўртасида кескин фарқ бор. “Лисон ут-тайр”да Фаридиддин Аттор олдидаги ижодий  қарздорлик ҳисси устунлик қилади.

Учинчидан, “Хамса”га жавоб қайтариш анъанаси Навоийгача ҳам шакл­ланган эди. Унинг асосий тажрибалари моҳиятида, иложи борича, кўпроқ янгиликка интилиш ётар эди. Улуғ ўзбек шоири  шу анъаналарга суяниши шарт эди. “Мантиқ ут-тайр”га дастлабки жавоб битган шоир – ҳозирча Навоий. Бу қандай бўлиши лозимлигини шоирнинг ўзи белгилаган. XVIII аср­га келиб хоразмлик ўзбек шоири Мавлоно Ризоий Пайвандий Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ига жавобан “Қуш тили” достонини битди. Энди Пайвандийда Навоийнинг айни достонга назира битиш анъанасига суяниш имкони бор эди. Шу асослардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, назиралик даражаси сифатида “Хамса” достонлари – бошқа, “Лисон ут-тайр” – бошқа мақомда туради. Бу илмий даъвони биринчи галда шоирнинг “Хамса” достонларидаги ҳамда “Лисон ут-тайр”даги ўз салафларига муносабатидан келиб чиқибгина исботлаш мумкин.

Кўплар  Навоий “Хамса”сини Низомий Ганжавий “Хамса”сига жавоб деб ҳисоблайди.  Бу – жуда умумий тасаввур маҳсули. Юзаки қарагандагина шундай, холос. Яъни, Навоий ҳам худди Низомий “Хамса”сидаги тартиб асосида беш достон битди ва бу достонларнинг табиати ҳам сюжет чизиғи ҳам – ўша-ўша. Бироқ, аслида, Навоий фақат “Ҳайрат ул-аброр”нигина Низомий “Махзан ул-асрор”ига жавоб тарзида ёзган. “Хамса”даги қолган тўрт достониннинг ҳар бири – бошқа-бошқа шоирлар маснавийларига жавобдир. Аниқроғи, “Фарҳод ва Ширин” – Хусрав Деҳлавийнинг “Ширин ва Хусрав”ига, “Лайли ва Мажнун” – Хожу Кирмонийнинг “Лайли ва Мажнун”ига, “Сабъаи сайёр” – Ашраф Марағоийнинг “Ҳафт авранг”ига, “Садди Искандарий” – Абдураҳмон Жомийнинг “Искандарнома”сига назира.  Бу ҳақда “Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласида Навоийнинг ўзи айтади: “Бу тўрт девон (“Хазойин ул-маоний” девонлари – С.О.) овозасин чун рубъи маскунга еткурупмен, “Хамса” панжасига панжа урупмен. Аввалким, “Ҳайрат ул-аброр” боғида табъим гуллар очибдур, Шайх Низомий руҳи “Махзан ул-асрор”идин бошимга дурлар сочибдур. Яна чун “Фарҳод ва Ширин” шабистонига хаёлим юз тутубдур, Мир Хусрав (Деҳлавий – С.О.) дами “Ширин ва Хусрав” ўтидин чароғимни ёрутубдур. Яна чун “Лайли ва Мажнун” водисида ишқим пўя уруб, Хожу (Кирмоний – С.О.)  ҳиммати “Гавҳарнома”сида нисоримга гавҳарлар еткуруптур. Яна чун “Сабъайи сайёр” расадин замирим боғлабдур, Ашраф (Марағоий – С.О.) “Ҳафт пайкар”ининг етти ҳурвашин пешкашимга яроғлабдур. Яна чун “Садди Искандарий” асосин хотирим муҳандиси солибдур, ҳазрати Махдум (Абдураҳмон Жомий – С.О.) “Хираднома”сидин кўси ислоҳ ва имдод чолибдур”.

“Лисон ут-тайр”даги муаллифнинг Атторга ва бевосита унинг  “Мантиқ ут-тайр”ига бўлган муносабатиданоқ кўп нарсалар ойдинлашади.

“Лисон ут-тайр”ни шоир “Фоний” тахаллуси билан битди.  Ҳолбуки, унгача “Фоний” шоирнинг фақат форсий шеърларида қўллаган тахаллуси эди. Достон – жами 192 бобдан иборат. Шундан олти бобда муаллиф бевосита Аттор ва унинг “Мантиқ ут-тайр”ига муносабатини билдириб ўтади. Саволлар туғилади. Аввало, бу қайси боблар? Қолаверса, улар асарда қандай ўрин тутади? Бундан ташқари, нега шоир бу гапларини жамлаб, бир бобда айтиб қўя қолмаган? Буларга жавоб топмай туриб масаланинг моҳиятига етиш қийин.

“Лисон ут-тайр”нинг[1] Аттор ва “Мантиқ ут-тайр”га муносабат билдирилган боблари қуйидагилар: 13-боб  – “Қудват ул аҳрор ва қиблат ул-аброр Шайх Фаридиддин Аттор қаддасаллоҳу руҳаҳуға мадҳу сано оғози ва ўз арзи ниёзи”; 169-боб – “Қушларнинг фано ҳусулидин бақо вусулиға еткони”; 173-боб  – “Шайх авсофию ўзининг анга пайравлиғда иттисофи”; 174-боб  – “Ўзининг Шайх руҳи мададидин анга татаббуъ қилғонға қақнус тамсили”; 189-боб – “Бу китоб назмида ўз муносабатининг тақриби”; 191-боб – “Бу китобда тахаллус тағйирининг узри”.

Қиёс сифатида эслатиб ўтиш керакки, “Хамса” достонларида салаф учун бунчалик кўп боб ажратилмаган. Шунинг ўзиёқ муаллифнинг салафга муносабати “Лисон ут-тайр”да “Хамса” достонларидагидан кескин фарқ қилишини кўрсатиб турибди.

Бу бобларда, дастлаб, шоирнинг Фаридиддин Атторни қандай сўзлар билан таърифлаганини кўриб чиқиш лозим. Шулардан ҳам халафнинг салафга айрича меҳри маълум бўлади. Бу таърифларга мисол келтирадиган бўлсак: “қудват ул-аҳрор” (ҳур, яъни озод кишиларнинг пешвоси), “қиблат ул-аброр” (яхшиларнинг қибласи), “ваҳдат асрорини тафсир айлаган” (Оллоҳнинг ягоналиги сирини шарҳлаган зот), “ҳодийи комил” (камолотга етган йўлбошчи), “жумлайи қушлар тили доноси”, “муршиди атвор” (ҳол пири, яъни йўл бошловчиси), “қутби авлиё” (авлиёлар қутби, яъни раҳбари), “кашфи асрори ҳақойиқда фарид” (ҳақиқат (Аллоҳ) сирларини кашф этишда ягона), “аҳли ирфон солики атвори” (феъл-атвори билан Худони таниш йўлидаги (сўфий)ларнинг  намунаси) каби.

Навоий наздида устоз шоҳлик, ўзи қуллик мақомида: “ул шаҳи олийсифат, мен банда – қул”. Булар Аттор таърифидаги сўз ва сўз бирикмаларининг ҳаммаси эмас. Аммо шу бобларнинггина мағзини чаққанда ҳам, Навоий Атторга қанчалар шогирдона самимият билан муносабатда бўлгани ойдинлашади. Энг муҳими, бу бобларнинг бирор ерида “Мантиқ ут-тайр” танқиди йўқ. Эҳтимол, Навоийда бу достонга нисбатан ҳам озми-кўпми танқидий муносабат бўлгандир. Айтайлик, “Мантиқ ут-тайр”даги кўпсўзликми, бир назарий масала иллюстрацияси учун бир неча ҳикоятни кетма-кет келтиришми, маъқул тушмагандирки, “Лисон ут-тайр”да бунга асло йўл қўйилмаган. Лекин халаф (Навоий)  салафи (Аттор)га нисбатан туғилган бу ички муносабатини ҳеч ерда китобхонга билдирмайди. Бу ҳам – бир қатъият. Бу ҳам – бир одоб. Бу ҳам – бир маданият.

Бунга сабаб ҳам йўқ эмас. “Хамса”ни ёзишда  салаф  билан халаф ўртасидаги муносабатлар устоз-шогирд муносабатларини эслатади (ҳатто “Искандарнома” ва “Садди Искандарий” асарлари ўртасидаги муносабатлар ҳам бундан мустасно эмас), чунки бу ерда фақат адабий устоз-шогирдлик мавжуд. Бироқ “Мантиқ ут-тайр” ва “Лисон ут-тайр” муаллифлари ўртасидаги муносабатлар фақат адабий доира билан чегараланмайди: бу ерда устоз-шогирдликдан ташқари, тасаввуфий маънодаги бевосита пир-муридлик муносабатлари ҳам юзага чиқади. Демак, “Хамса” достонларининг назиравий табиатига, асосан, адабий  ҳодиса сифатида қарасак, “Лисон ут-тайр”нинг назиравий табиатига ҳам адабий, ҳам тасаввуфий ҳодиса сифатида қарашимизга тўғри келади.

“Лисон ут-тайр”нинг лиро-эпиклик даражаси, ҳатто, “Ҳайрат ул-аброр”даги лиро-эпиклик даражасидан ҳам юқори. Сабаби – ана шу олтинчи достонида муаллиф бевосита ички инсоний, яъни  бандаликка хос; сўфиёна, яъни тасаввуфона шахсий ҳис-туйғулари, нозик ва олий истак-муддаоларини барча маснавийларидагидан кўра кўпроқ, хўброқ  ва ошкорроқ  тарзда ифодалаган.

Бунинг исботи учун “Лисон ут-тайр”нинг “Қушларнинг фано ҳусулидин бақо вусулиға еткони” деган 159-бобини кўриб чиқиш жуда муҳим.

Фоний  қуш тилидан сўзланган бу асар моҳиятида бошқа теран маънолар ётиши ҳақида сўзлай туриб,  буни ҳар ким ҳам тушунмаслигини айтади.  Кутилмаганда бир шарт қўяди:

 

Шарт буким, онглағон шарҳ этмагай,

То тилидин бошқа офат етмагай.

 

Яъни: бу асар  моҳиятини тушунган одам уни шарҳламасин, чунки хато қилиб қўймасин-да. Шунда муаллиф Аллоҳ олдида истиғфор қилиб, айтмас сўзларни айтиб қўйгани учун Унинг ўзидан паноҳ излайди:

 

Мен деб, истиғфор қилдим, ё Илоҳ,

Айтмас сўздин санга қилдим паноҳ.

 

Лекин бу ерда бир нозик жиҳат бор – Фоний ўзидан ҳеч нарса қўшмаган, фақат Аттор сирларини шарҳлаган, холос:

 

Ўз қошимдин солмадим бу навъ тарҳ,

Айладим Аттор асрорини шарҳ.

 

Шунинг учун, дейди шоир, кимга пайравлик қилганимни назора айлагил. Достоннинг лирик қаҳрамони “ҳимояланиш”нинг яхши йўлини топади, яъни барча “гуноҳ”ни Атторга тўнкаб қўя қолади, мен хато қилган бўлсам ҳам, У хато қилмайди, чунки кўп қалам суриб, камолга етган зот ҳисобланади, менинг хатомни ҳам ундан деб билинглар, дейди:

 

Мен ғалат қилсам анга йўқтур ғалат, –

Ким камол авроқиға кўп сурди хат.

Сўзда табъим гар ғалатқа қилди майл,

Ҳодийи комил сўзига қил туфайл.

 

Достоннинг “Шайх авсофию ўзининг анга пайравлиғда иттисофи” деб номланган 173-бобида муаллиф   яна Атторнинг устозлик қилгани масаласига қайтади. Ёзу қиш Аттор дўконидан шакар олмоқ ниятида юрар эдим, дейди у, унинг муқаддас руҳи арш боғидан келиб, худди сўзлай оладиган қуш каби қуш тили мушкилларини ечишда йўл кўрсатди, бу борада мени устодга айлантирди-ю, мен туркий тилда достон битдим…

Навоий ўз “Хамса”си достонларининг бирортаси  ҳақида “таржима” атамасини ишлатмаган. Аксинча, уларда имкон қадар оҳорийлик ҳақида сўз боради.  Масалан, “Фарҳод ва Ширин”да, бу достон воқеасини шарҳлашда  ўзгача бир тарҳ (лойиҳа) чизишим керак, деб ҳисоблайди:

 

Заруратким, солиб бир ўзгача тарҳ,

Бу меҳнатномани қилғумдурур шарҳ.

 

Бундан ташқари, “Фарҳод ва Ширин”да шоир салафларини танқид остига олади. Мақсади – янги, уларникига кам ўхшаган, улардан кескин ажралиб турадиган асар яратиш. Достоннинг 9-бобида буни исботлайдиган далил етарли. Муаллиф ўз олдига бир дастурий вазифа қўяди. Мақоламиз мақсади йўлида жуда зарур бўлгани учун каттароқ бўлса ҳам, парча келтирамиз:

 

Ки чун бу уйда қилғунг нақш дебо,

Керак уй тарҳи доғи бўлса зебо.

Агарчи назми дилкаш тушса масмуъ,

Анинг афсонаси ҳам бўлса матбуъ.

Бурун жам эт неким бўлғай таворих,

Борида иста бу фархунда торих.

Топилғай шояд андоғ бир неча сўз,

Сўз айтур элга ул ён тушмаган кўз.

Ани назм этки, тарҳинг тоза бўлғай,

Улусқа майли беандоза  бўлғай.

 

Яъни, бир уйга нақш солиш учун, аввало, уйнинг тарҳи ҳам чиройли бўлиши керак; назми қулоққа хуш ёқишидан ташқари, унинг афсонаси (сюжети) таъбга ўтирадиган бўлиши лозим; бунинг учун аввал шу мавзудаги ўтмишда ёзилган асарларни ўрганиб чиқиш зарур; шунда, шоядки, сўз айтувчиларнинг кўзи тушмаган тоза (янги) сўз топилса; чунки шундай нарсани ёзки, тарҳинг тоза бўлсин, халқ уни беандоза (чексиз) майл билан (интилиб, қизиқиб) ўқисин.

Шоир, мабодо, шундай бўлмаса, нима бўлиши мумкинлиги ҳақидаги  саволга биратўла жавоб бериб кетишни ҳам унутмаган:

 

Йўқ эрса назм қилғонни халойиқ,

Мукаррар айламак сендин не лойиқ?

Хуш эрмас эл сўнгинча рахш сурмак,

Йўликим, эл югурмиштур, югурмак.

Биравким бир чаманда сойир эрди,

Нечаким гул очилғон кўрди, терди.

Ҳамул ерда эмас гул истамак хўб,

Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп.

 

ХХ асрнинг 20-йилларида йирик шарқшунос Е.Э.Бертельс Навоийнинг тенг ҳуқуқли  оҳорий (оригинал) шоир эканини илман исботлаб  кўрсатиш учун айнан “Лисон ут-тайр”ни танлагани бежиз эмас эди. Бу билан олим, ҳатто, Навоийнинг олти достони орасидаги доминант (таъсир этаётган)  асарга нисбатан энг яқини ҳисобланган “Лисон ут-тайр” ҳам мустақил ижод намунаси бўлган оҳорий бадиий ижод намунаси, демоқчи бўлган.

Бироқ бундан қарийб бир аср илгари ёзилган мазкур тадқиқотда муаллифнинг мақсади кўпроқ Аттор ва Фоний асарлари ўртасидаги фарқ-тафовутларни бўрттириб кўрсатишдан иборат бўлиб қолган.  Адабиётшунослик, жумладан, таржимашуносликнинг эндиги вазифаси эса Аттор ва Фоний достонлари ўртасидаги ялпи вобасталикни тўла-тўкис, яъни ҳар тарафлама очиб беришдан иборат бўлиши лозим. Ана шунда “Лисон ут-тайр”да форсий-туркий адабиёт, борингки, форсий-туркий тамаддун уйғунлигини бир ялпи ҳодиса сифатида тўлиқ кўра оламиз. Айни шу мақсад йўлидаги тадқиқотлар давом этаётибди.

Юқорида кўриб ўтганимиздек,  Низомийнинг “Хусрав ва Ширин”и билан Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”и, табиийки, бир сайёр сюжет асосида яратилган достонлар ҳисобланади. Аммо “Фарҳод ва Ширин” достони бевосита “Хусрав ва Ширин”га назира эмас. Кўриб ўтганимиздек, Навоий достони Хусрав Деҳлавийнинг “Ширин ва Хусрав”ига назира тарзида битилган. Демак, Низомий “Хусрав ва Ширин”и билан Навоий “Фарҳод ва Ширин”и ўртасида сайёр сюжет ҳодисаси мавжуд, бироқ Деҳлавий “Ширин ва Хусрав”и билан Навоий “Фарҳод ва Ширин”и ўртасида эса ҳам сайёр сюжетлилик ҳодисаси, ҳам бевосита назиравийлик ҳодисаси бор.

“Лисон ут-тайр”га шу мезонлар билан ёндашилса, маълум бўладики, Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”и билан Фонийнинг “Лисон ут-тайр”и ўртасида ҳам сайёр сюжетлилик, ҳам назиравийлик ва ҳам таржимавийлик ҳодисаси кузатилади.

Албатта, Хусрав Деҳлавийнинг “Ширин ва Хусрав”и – Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин”ига назира. Демак, Навоийнинг достони, ўртада Деҳлавий асари тургани учун, Низомий маснавийсига бевосита эмас, балки билвосита татаббуъ, холос. Хуллас, назиранинг бир қатъий талаби бор – у муайян бир асарга ўхшатма бўлиши шарт, қандайдир бир сюжетдаги бир неча асарга эмас.

Алишер Навоий “Хамса”сидаги беш достон айнан қайси асарларга назира тарзида ёзилганини шоирнинг ўзига суянган ҳолда қайд этдик. Бироқ ўзбек адабиётшунослигидаги шу пайтгача Навоий “Хамса”си достонларини қиёсий ўрганишга бағишланган тадқиқотларда муқоясалар қуйидаги тартиб бўйича олиб борилган: “Ҳайрат ул-аброр” – Деҳлавий достонига; “Фарҳод ва Ширин” – Низомий достонига; “Лайли ва Мажнун” – асосан, Низомий, қисман, Деҳлавий ва Жомий достонига; “Сабъаи сайёр” – Низомий, Деҳлавий достонларига; “Садди Искандарий” – Низомий, Деҳлавий ва Жомий достонларига қиёслаб тадқиқ этилган.

Бундай тадқиқотлар олиб боришга ҳеч ким қарши эмас. Бир сюжет чизиғидаги бир вазнда битилган ҳар қандай икки асарни қиёсий ўрганиш, ҳатто типологик таҳлил этиш мумкин ва бу ҳам илм учун жуда керак. Лекин бирламчи вазифа асарни айнан қайси достонга назира қилинган бўлса, ўшанга қиёслашдан иборат бўлиши лозим, чунки илм учун шу бирламчироқ, аҳамиятлироқ, демоқчимиз, холос.

Бир асарга ёзилган татаббуъга нисбатан “жавобия”, “назира”, “ўхшатма” атамаларини ишлатса, бўлаверар, эҳтимол. Масалан, Хусрав Деҳлавий “Хамса”сига кирган достонлар Низоий Ганжавий “Хамса”сидаги достонларга жавоб тарзида битилган. Бироқ Абдураҳмон Жомий достонлари ҳам Низомий, ҳам Деҳлавий достонларига, Навоий достонлари эса ҳам Низомий, ҳам Деҳлавий, ҳам Ашраф Фарағоий, ҳам Жомий достонларига назира. Чунки уларда  назирага назира ёзиш жараёни ҳам бирга кечган.

Кўриниб турибдики, бу иккаласи бир хил жараён ёки айнан ўхшаш ҳодиса эмас. Илмда бир мавзу ва сюжетдаги бир асарга жавобия билан бир мавзу ва сюжетдаги икки ёки уч асарга жавобия ўртасида муайян фарқлар борлиги кўрсатиб берилиши лозим. Бунинг устига, Навоийда ўзга тил масаласи ҳам ўртага тушади. Бир асарга ўша тилда жавобия  айтиш – бошқа масала, бир асарга ўзга тилда  назира айтиш – бутунлай бошқа масала.

 

Бу фикримизни тушуниб, моҳиятига етиш янада чуқурроқ таҳлилни талаб қилади. Низомийнинг “Хусрав ва Ширин” достонида Хусрав билан Фарҳоднинг мунозараси мавжуд. Бу – жуда машҳур савол-жавоб. Достонга назира ёзганлар асарнинг бу кульминацион нуқтасига бефарқ қарашмаган. Жами 26 байтдан иборат бу парчада Низомий Хусрав билан Фарҳоднинг фикрларини бир мисрада  “бигуфт” (“деди”) ё “бигуфто”(“дедики”) тарзида келтиради.

Ана энди достонга татаббуъ битаётган  Хусрав Деҳлавийни бу ўринда нима қийнаши мумкин? Фақат ва фақат Низомийга айнан ўхшаб қолмаслик. Лекин савол-жавобни “бигуфт” ёки “бигуфто” деб бошлаш форсий тилдаги асарга форсий тилда жавоб ёзаётган қаламкаш  учун ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Шунинг учун ижод жараёни форсий тилдаги асарга туркий тилда жавоб ёзаётган шоирдагига нисбатан анча осон кечади.

Келинг, Низомий ва Деҳлавий достонларидаги ана шу мунозаранинг дастлабки беш байтини ўзаро қиёслайлик. Низомийнинг 26 байтли савол-жавобига Деҳлавий 25 байтли мунозара битади. “Ширин ва Хусрав” муаллифи, ўзига хослик бўлсин учун, “бигуфто” ўрнига баъзан “бигуфташ” шаклини ҳам ишлатади.

Ана энди форсий достонга туркий назира боғлаётган Навоий олдидаги муаммони кўз олдимизга келтирайлик. Биринчидан,  ҳинд-европа тиллари оиласининг форсий гуруҳига мансуб форс-тожик тилида аввал “деди” деб туриб, кейин сўзловчининг фикрини келтириш мумкин. Бу тилнинг синтаксиси учун шу – табиий.  Олтой тиллари оиласининг туркий тиллар гуруҳига кирадиган ўзбек тилида эса бунинг тескариси: аввал сўзловчининг фикри келтирилиб, кейин “деди” дейилади. Иккинчидан, “Хусрав ва Ширин” арузнинг “мафоийлун мафоийлун фаулун (ёки мафоийл)” тарзидаги ҳазажи мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур) вазнида битилган. Туркийзабон шоир айнан “бигуфт” ёки “бигуфто”га вазнан мос келадиган сўз топиши шарт.

Ана шу икки масалани ҳал этиш шоирни худди таржимада кечадигандагидек ижодий жараёнга олиб киради. Навоий бунинг иложини топган. Биринчидан, аввал “деди”ни ишлатиб, кейин сўзловчининг фикрини келтириш орқали бу масалани форсий тил фойдасига ҳал этган.  Инверсия бунга имкон беради. Иккинчидан, шоир қўллаган “деди” ва “дедики” сўзлари вазнан “бигуфт” ҳамда “бигуфто” калималарига мос келади[2].

Худди шу таржимавий муаммога Низомий “Хусрав ва Ширин”ини 1340 йили эски ўзбек тилига ўгираётганда Қутб ҳам дуч келган эди. У достондаги 26 байтли парчани 21 байт қилиб, яъни, жуда кам қисқартириш билан, деярли тўлиқ таржима қилган.  “Бигуфт” ҳамда “бигуфто” сўзларини, биринчидан, форсий грамматика талабига биноан, сатр бошида келтирган, иккинчидан, ўзбек тилидан вазн бошига мос келадиган ифода топган. Мана, унинг дастлабки байти:

 

Бурун сўрди: “Не ерликсан тею сан?”

Айиттиким: “Ошиқлар шаҳридинман”.

 

Навоий “Фарҳод ва Ширин”да, худди Деҳлавийнинг “Ширин ва Хусрав”идаги каби, бу мунозарага 25 байт бағишлайди. Муайян даражада тасаввур пайдо бўлиши учун унинг дастлабки икки байтини келтирамиз:

 

Деди: “Қайдинсен, эй мажнуни гумраҳ?”

Деди: “Мажнун ватандин қайда огаҳ!”

Деди: “Недур санга оламда пеша?”

Деди: “Ишқ ичра мажнунлуқ ҳамеша!”

 

Шу таҳлилу мулоҳазалардан кейин бир нозик масалага аниқлик киритиб олайлик. Албатта, Навоий Низомий “Хусрав ва Ширин”и ҳамда Деҳлавий “Ширин ва Хусрав”и вазни ва мавзусида янги, оҳорий асар яратган, лекин Қутб Низомий достонини таржима қилган. Орада фарқ – катта. Бу икки ижодий ҳосиласи бир ҳодиса эмаслиги ҳам –“Икки карра икки – тўрт”, – дегандек аниқ. Лекин Қутб олдида ҳам, Навоий олдида ҳам форсий  тилдаги матннинг айрим хусусиятларини иккинчи тилда ифодалаш вазифаси турган эди. Ана шу нозик нуқтада Навоий достонининг ўзига хос хусусияти намоён бўлади ва биз шунигина кўзда тутяпмиз.

Хуллас, “Мантиқ ут-тайр” ва “Лисон ут-тайр” қиёси бир йўла форсий-туркий шеърият вобасталигини кўрсатишга, шеърият равнақида тасаввуфнинг ўрнини ойдинлаштиришга, Аттор ва Фоний муносабатларини ёритишга, адабиётлараро уйғунлик (синтез) қонуниятларини белгилашга, назираларнинг турларини аниқлаштиришга, назиравийлик ва таржимавийлик хусусиятларини муайянлаштиришга, таржима-назира деган форсий-туркий адабиётлараро ўзига хос ижодий ҳодисани таҳлил этишга хизмат қилади.

 

* Султонмурод Олим – филология фанлари номзоди.

 

[1] Алишер Навоий. МАТ. 20 жилдлик. 12-жилд. – Т.: “Фан” нашриёти. 1996.

 

[2] “Дедики” сўзи “бигуфто”га айнан мос келади. Бироқ “бигуфт” билан “деди” тенг вазндаги сўзлар эмас. Чунки “деди”нинг иккинчи бўғини (“-ди”) достонда чўзиқ ҳижо бўлиб келади. “Бигуфт”нинг иккинчи бўғини (“-гуфт”) эса – ўта чўзиқ ҳижо. Аммо Низомий Ганжавийда ҳам, Хусрав Деҳлавийда ҳам у ўзидан кейинги сўзнинг унли товуш билан бошланишини талаб этган ва шу тариқа “-гуфт” бўғинидаги “т”  товуши амалда ўзидан кейинги сўзга қўшиб талаффуз этилади (муаллиф изоҳи).

 

2018/2

2 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi