Иброҳим Ҳаққул, Шаҳноза Назарова   Шоирлик – илоҳий қисмат  

 

Шаҳноза Назарова: Ҳар йили Алишер Навоий таваллудини зўр муҳаббат билан нишонлаймиз. Бу кун шахсан менда катта ифтихор, шунингдек, катта қарздорлик ва соғинч ҳиссини уйғотади. Гуё у табаррук даргоҳлардан узоқлашиб, қалъадан ташқарида қолиб кетгандекмиз. Олим, шоир, ёзувчилардан ҳеч бири “мен Навоийни тушунмай қолдим” ёки “тушунолмадим”, деб очиқ айтмайди. Ташқаридан уларнинг ҳар бирининг кўнглида ўз Навоийси бордек. Бироқ жуда қизиқтирадики, улар бир-бирига қанчалар ўхшайди ва қачон бир бутун бўлиб бирлашиб кетар экан? Устоз, биз нега Навоийдан узоқлашиб кетдик?! Бунинг тарихий, ижтимоий, иқтисодий, фанний, руҳий омиллари нимада?

Иброҳим Ҳаққул: Сизнинг бу саволингизга жавоб бериш учун “Кейинги бир асрдан ортиқ вақт мобайнида биз қачон Навоийга яқин бўлганмиз?” деган саволга жавоб қайтариш лозим. Ваҳоланки, нисбатан яқинлик ва қизиқишни айтмаса, ҳеч пайт тўла яқинлик ва иштиёқ бўлмаган. Агар шундай маънавий-руҳий ҳодиса юзага келганида жафокаш халқимиз XX асрда ўзининг миллий шуури, дини, тарихи ва мумтоз адабиётидан афсусланарли даражада йироқлаштирилмаган бўлурди. Биласизми, мумтоз шоирлар асарларини руҳоний, ирфоний, фалсафий тамалидан ажратиб ўқишни жорий этиш кўрнинг қўлига ҳасса эмас,  қилич тутқазишдай бир гап эди. Бадиий сўзнинг таъсир йўли бузилиб, моҳияти жўнлашгач, қизиқиш ва завқ нимага арзийди, дейсиз? Навоийдай шоирларнинг ижодига йўл топишнинг биринчи шарти уларнинг Руҳ ва Ҳол оламига эркин кириб бора олишдир. Бу, албатта, соф моҳият ва изтиробни теран мушоҳада қилиш орқали амалга ошади. Зеро, жаҳон адабиётининг энг виждонли, энг ҳақгўй санъаткорлари кундалик турмуш ташвиши ва моддий манфаатлардан йироқ моҳият, ақл ва ироданинг қўшилувидан туғилган изтироб атрофида бирлашишган. Шахс сифатида шаклланмаган ҳеч бир киши бу ҳақиқатни чуқур тушунмайди. Демак, Навоийни анг­лаш биринчи галда бизнинг ўзимизни нечоғлик билишимиз, маънавий “Мен”лигимизни нақадар бойитиб, юксалтира олишимизга боғлиқ. Шу маънода биз нимага эришдик ва қанчалик улғайдик? Менинг назаримда, кейинги йигирма йил мобайнида элимизда журъат, жасорат, эркинлик ва ҳақгўйлик ҳисси олдингига қараганда ҳам анча пасайди. Оддий одамларни-ку қўяверинг, ижодкорлар ҳам зулм, адолатсизлик, қарамлик, алдов ва маддоҳликка қарши аёвсиз курашган Навоийга ҳолдошлик нелигини ҳатто хаёлга ҳам келтиришмади. Воқеликка Навоийнинг нигоҳи билан қараш, олам ҳодисотларини навоиёна дард тўлқинлари ила идрок этмоқ учун Навоий дунёқараши сир-асрорини ўзлаштиришга қайта-қайта уриниш зарур.

Мана, бир мулоҳаза. Шарқ тафаккурини Ғарбникидан ажратиб турган томонлардан бири, балки энг асосийси, фано ҳоли ва ломакон ишончидир. Бир-бири билан бевосита алоқадор шу икки жиҳатни пухтароқ билмасдан тасаввуф адабиётидаги вақт ва замон, макон ва келажак, холиқ ва халқ орасидаги алоқалар тўғрисида асосли фикр билдириш қийин. Навоий шеъриятида фирор – дунёга нуқул нафсоний манфаат кўзи билан қарайдиган тама бандаларидан қочиш, инзиво – маънавий ҳузур-ҳаловат гўшасига чекиниш ҳолатлари ниҳоятда таъсирли оҳангларда дарж этилган. Булар зарур зайлда  қалбга нақшланмас экан, Навоийнинг фазовий хаёл ва самовий ҳислар тасвиридаги беқиёс ютуқлари қўл етмас юлдуз бўлиб қолаверади.

Хуллас, Навоий адабий меросини зоҳирий томондан тадқиқ ва таҳлил қилишда тўғри ва нотўғри, мақбул ё номақбул фикр ва мулоҳазалар керагидан ҳам ортиқ миқдорда эълон қилинди. Бироқ унинг турли жанрларда битилган ижод намуналарининг ботинини кўрсатиш, маънавий-руҳий мазмунини очишга бағишланган тадқиқотлар йўқ ҳисоби. Ҳолбуки, Навоийнинг ўзи “Ўн саккиз минг олам ичра ҳар не бор, Ким қилурлар аҳли маъни эътибор”, дея кўрсатма бериб қўйган. Эски даврларда яратилган “Вужуднома” номли асарларда таъкидланишича, ушбу ўн саккиз минг оламнинг асосий ва ғаройиб қисми инсоннинг сийратига тегишли. Демак, “Овоз-ку бор, лекин ўзим қани?” деган саволга аниқ жавоб бера олгувчилар сони қанча кўпайса, юртимизда навоийхонлик ҳам ўшанча тараққий топади. Аммо бу натижага эришгунча, ҳали кўп иш қилиниши керак. Аҳли ирфоннинг ҳукмига кўра, “Ҳақ билан инсон орасидаги энг қалин парда илм”дир. Бунда, албатта, руҳий завқ, илҳом ва кашфдан маҳрум зоҳирий илм назарда тутилган. Оврупо адабиётшунослиги қонун-қоидалари заминида шаклланган навоийшуносликни тубдан янгилаш эса янада қийинроқ вазифадир.

Ш.Н.: Навоий ва бугунги умуминсоний ҳамда миллий сиёсий жараёнларни қандай боғлаш мумкин?

И.Ҳ.: Алишер Навоий адабий ва илмий меросини ўрганиш – юртни юрт, халқни халқ қиладиган ҳақиқатларни ўрганиш ва ўзлаштириш демак. Навоийни билиш  Одам бўлиш сирларини эгаллашдир. Навоийнинг миллий маслаги қай даражада юксак бўлса, башарий ҳиссиёти ҳам ўшанча кучлидир. Навоий куйлаган ишқ – ҳаётни, тириклик ва дунёни ўзида мужассамлаштирган ишқ. Бу ишқ ҳақиқат ва гўзаллик манбаи. Унда абадий файз мавжуд. Ана шу файз нури хоҳ миллий, хоҳ умуминсоний, хоҳ сиёсий, хоҳ ахлоқий бўлсин, ҳар қандай жараённи кундай равшанлаштиради. Ана шунда дунёнинг асл қиёфаси қандай бўлса, уни шундайлигича кўрасиз, улкан ёлғон, бешафқат ҳийла ва найранг бўронлари оддий одамлар бошига қаёндан ёғилиб келиши-ю, башариятнинг гумроҳлик, қашшоқлик, қуллик ва шафқатсизлик тўқайзорларида адашиш сабабларини аниқ илғайсиз. Навоийнинг дарду қайғулари ҳамма давр одамлари учун шифобахш ва халоскордир. Чунки улар энг оддий, энг хоксор ва меҳнаткаш инсонга меҳр-муҳаббатдан пайдо бўлган Ҳақ ҳадясидир. Ким ҳақиқат қаршисида довдирамаса, ким майдалик ва майдакашликдан сақлана билса, ким хушомад ва ялтоқланишлардан жирканса,  Навоийнинг сўзларидан ўша одам, албатта, куч ва илҳом олади. Шоир қитъаларидан бирида банданинг ўзи каби бир ожиз бандага тобелиги, қуллуқкорлиги ва хушомадгўйлигини қоралаб:

 

Кимки махлуқ хизматиға камар,

Чуст этар, яхшироқ ушалса бели.

Қўл қовуштурғунға бу авлодур,

Ки анинг чиқса эгни, синса эли.

Чун хушомад демакни бошласа кош

Ким, тутулса дами, кесилса тили,

 

дейди. Қарийб қарғиш даражасидаги ушбу танқид ва танбеҳ сўзлардан бир хулоса чиқаролмаган кимсаларни одам қаторига қўшиш мумкинми?! Демак, одамдаги бузилиш ва тубанлик тўхтамаса, оламдаги бузилиш ва  тубанликларга чек қўйиб бўлмайди. Навоийнинг одамшунослиги оламнинг ҳар турли ёмонликлардан тозаланишига хизмат қилиши билан ҳам умидбахшдир.

Ш.Н.: Навоий ва бугунги руҳий эврилишларни қанчалар боғлаш мумкин, Навоий асарларида тарбиялаб, вояга етказган комил инсон билан бўйлашганда, биз унинг тўпиғи ёки тиззасигача ета оламизми? Ҳазрат ижодида фақат хаёлдагина яшаб қолувчи туманли идеал инсонни эмас, чинакам тирик инсонни қаҳрамон қилиб олади. Биз ўша тирик одамга тириклигимиз билан ўхшаймизми, қанчалар ўхшаймиз? Аксинча бўлса, бунга нима халақит беради?

И.Ҳ.: Сиз назарда тутган ўша одамга ҳам ўхшаймиз, ҳам ўхшамаймиз. Ўхшашлигимиз зоҳирий, яъни сувратда. Аммо сийрат ва маънавиятда монандлик анча кам. Инсоният ҳамма даврларда у ёки бу зайлда алданиб  яшаган. Лекин ўзини ўзи алдаш, шу алдов жафоларини тортиш миқёси ХХ асрда беҳад кенгайиб кетган. Ўзи ўзидан бегона, ўзининг асл аҳволидан бехабар кимсаларнинг сони ҳам шу асрда кўпайган. Инсонлик моҳиятини кашф қилиш,  ҳар қандай вазиятда ҳам ўзига таяниш ҳоли бизда ҳам шаклланмаган. Кўпчиликни ташқаридан белгилаган мақсад ва муштарак таассуротлар бошқарган. Шунинг учун бир неча авлод фикрий якранглик, ижтимоий турғунлик ва оммавий тақлидга кўниктирилган. Мустақил ва бутун Шахс ҳақида ўйлашга айтарли ҳожат қолдирилмаган. Манаман деган бугунги зиёлидан Навоийнинг “Ўз вужудингға тафаккур айлагил, Ҳар не истарсен ўзингдин истагил” байтини шарҳлашни сўранг. Ҳар ким ўзича нималардир дейди, албатта. Бироқ улариннг аксарияти тахминий ёки уйдирма гаплар бўлади. “Вужуд тафаккури” аслида бир илм тармоғи. Унда аввал тана, кейин бирин-кетин ахлоқ, нафс, руҳ, хаёл сирлари ўрганилади. Умуман айтганда, Навоийни ўқиб англаш, англаб муҳокама юритишнинг ҳикмати кўп:

биринчидан, инсон ўзини маънан ночор, афтода ҳис қилмаганидек, ҳаётга ҳеч вақт бадбин, ишончсиз нигоҳ билан боқмайди;

иккинчидан, ўз тақдирини тили, дини, тарихи,  миллати ва юртидан айри ҳолда тасаввур этмайди;

учинчидан, моддиётни деб маънавиятни, зоҳирий борлиқлар шавқига берилиб, ботиний мавжудликларни унутмайди. Тўртинчидан, дунё ва аҳли дунё аҳволига шоир, мутафаккир, мутасаввиф Навоий кўзи билан қарашга интилиб, фанони бақодан фарқлашга бир қадар малака ҳосил қилади. Бу эса энг муҳими. Чунки ростни ёлғондан, ҳақни ноҳақдан, муқимни муваққатдан ажратолмаслик инсонни тақлидчилик гирдобига ташлайди. Тақлид – фикрий меҳнатни раво кўрмаслик, кимгадир эргашиш, кимгадир ўхшашдан нарига ўтолмаслик дегани. Маълумки, коинот ҳеч қачон тўхташ ва  турғунликни тан олмайди – тинимсиз равишда эврилиб, янгиланиб бораверади. Шунинг учун ҳар бир нарса ё мавжудлик бошқа бир шакл, ўзга ранг ва руҳга кириши муқаррар. Инсоннинг ҳис, туйғу, тасаввур ва хаёллари ҳам ўзгаради ҳамда бойийди. Мана шу янгиланиш “нуқта”сида ҳар ким ўзича ижодкор, ўзича шоир ё мусаввир  бўлмоғи керак. Яъни Навоий айтмоқчи, “Кўнгил ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас”лигини билмоғи лозим. Афсуски, турмуш ва ижтимоий муҳит кўпинча бунга имкон бермайди. Айни шу кемтиклик даҳо ижодкорлар асарларини ҳис қилиш, англаш ва талқин қилишда ҳар турли тўсиқ  ёки чалғишларни юзага келтиради. Навоий ижодиётининг маъно-мазмунини зарур даражада мушоҳада этилмаслигининг бир сабаби мана шудир.

Ш.Н.: Шекспир инглиз, Гёте олмон адабиётини ҳаракатга келтиргани каби Навоий ҳам ҳозирги давр ўзбек адабиётини  ҳаракатга келтириши, ҳар бир янги адабий оқим, янги адабий йўналиш, янги шакл ичига ўзига хос тарзда ҳар гал янги нафас билан кириб бориши керак эди. Устоз, Сиз бугунги адабий жараён ва Навоий сиймосини қандай умумий манзарада  тасаввур қиласиз?

И.Ҳ.: Навоийнинг шахсияти томонидан ҳам, шоирлик маҳорати нуқтаи назаридан ҳам хусусан бугунги адабий жараёнда наинки ворислик, собит бир издошлик ҳам кўзга  ташланмайди. Инглиз ижодкорлари Шекспир, немислар Гёте, рус адиблари Пушкин мактабидан таълим олмасликни ноқисликмас, эҳтимол, гуноҳ ҳисоблашар. Бизда бундай эмас: Яссавийни, Навоий ё Огаҳийни ўқиб-ўрганмасдан ҳам шоир бўлдик деб ўйловчиларга ҳар қадамда дуч келишимиз мумкин. Улар Навоийни номига мақтаб, умумий “урф”га кўра унга сиртдан эҳтиром кўрсатишдан асло хижолат чекишмайди. Бироқ бирор марта Навоийнинг тафаккур ва руҳ водийсида сайр айлаш учун тил, тарих, дин, тасаввуф ва фалсафа билан бирга турк ҳамда форс тилидаги мумтоз адабиётни билиш зарур, деган гапни хаёлдан ҳам ўтказишмаган. Навоий ижодиётининг туб илдизи Шарқ тамаддуни заминида – Ғарбникида эмас. Бир мутафаккир ижодкор “Одам ё шарқлик бўлади, ё ғарблик”, дейди. Бу фикрга тепадан туриб эътироз билдириш нотўғри. Негаки, инсон айни бир пайтда ҳам насроний, ҳам мусулмон бўлолмайди. Бу ҳақиқатни тушунган қалам соҳиби ғарб кишисининг фикр-қараши ва психологиясини “миллийлаштириш”га сира куч сарфламайди. Демоқчимизки, Яссавий, Аттор, Румий, Жомий ва Навоийни четлаб эришилган ижодий янгилик қурбу қувватдан маҳрум янгилик бўлиб қолаверади. Кўз тегмасин, неча замонлардан кейин халқимиз энди эркин нафас олиб, таҳлика ва қўрқувни унута бошлади.  Хушомад ва тилёғламалик ўйинлари тўхтатилиб, маддоҳлик овозлари ҳозирча бир қадар тинди. Бизнинг ўйлашимизча, Оллоҳ хоҳласа, бундан буёғига халқнинг ўзи Навоийни ҳаққоний ҳис этиш ва англашга йўл излайди, қандай бўлмасин шеърият султонига маънан яқин  боради. Навоий беназир тилшунос, адабиётшунос, тарихчи олим. Буни ҳамма билади. Навоий дин дарғаси, дили ёниқ мутасаввиф, беназир файласуф, сиёсат ва давлат арбоби… Кўпчилик буни ҳам яхши англайди. Аммо буларнинг ҳеч бири Навоийнинг шоирлигидан олдинги мавқега кўтарилган эмас. Навоий учун шоирлик юрак ва руҳоният шавқи, номус ва қисмат машаққати эди. Навоийга дунёнинг пасту баланд, мақбулу номақбул ишлари бир ён, шоирлик бир ён эди. Шоир бўлиш, шоир бўлганда ҳам тенгсиз санъаткор бўлиш учун дунёга келганини у ҳамма нарсадан ортиқ аниқ ҳис қиларди. Шоирлик илҳоми, шоирлик изтироби, шоирлик шарафи Навоий шахсиятининг ёлқинини  акс эттиради. Албатта, унинг кўнгил осмонида ой ҳам, турфа-турфа порлоқ юлдузлар ҳам бўлган. Бироқ шоирлик, ошиқлик Навоий сийратининг офтобидир. Акс ҳолда у жунун мақомига юксалолмас ва:

 

То тутди жунун йўлин Навоий,

Ким бўлди ватанга раҳнамойи,

 

деёлмасди. Навоий шеъриятидан атайин ижтимоий, сиёсий, ахлоқий, дидактик ёки диний-тасаввуфий мазмун ахтармаслик, алламбало тарғиботлар юзасидан уни уни ҳар ким ўзига манзур бир қиёфада кўрсатишга уринмаслиги керак. Навоий ҳам дунё, ҳам охират,  ҳам шодлик, ҳам қайғу, ҳам умид, ҳам армон, ҳам бахт, ҳам бахтсизлик, ҳам висол, ҳам ҳижрон, ҳам ўтмиш, ҳам замон шоири. Унинг сўз, туйғу, фикр, хаёл ва ҳолатларини кундалик турмушнинг тор, биқиқ, ўткинчи талабу манфаатларига мувофиқлаштириб бўлмаганидек, бешафқат ҳаётнинг ёлғон, алдов, риё, ҳийла-найрангларига хизмат эттиришдан ҳам тийилиш лозим. Чунки Навоий шеърларида ҳар бир маъни, рамз, белги ва ишорат софлик, гўзаллик, илоҳийлик ёғдусидан сайқал топган.

Ш.Н.: Навоийшуносликнинг бугунги ҳолати қандай? Бизда янги давр навоийшунослиги қачон шаклланади? Уларнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат бўлиши керак? Хориж навоийшунослиги билан қиёслаганда ўзбек навоийшунослигининг ўрни, нуфузи қандай?

И.Ҳ.: Ижтимоий-гуманитар фанларнинг аҳволи қандай бўлса, навоийшуносликники ҳам қарийб шундай. Албатта, бу жабҳада ҳам маълум ютуқ, эътиборга молик натижалар қўлга киритилган. Хорижий ўлкаларда Навоий мавзусида анча-мунча тадқиқотлар яратилган. Лекин истаймизми, истамаймизми, навоийшуносликнинг пойтахти – Ўзбекистондир. Чунки навоийшуносликнинг машаққат ва масъулияти ўзбек олимларининг зиммасида. Шундан келиб чиқиб таъкидлайдиган бўлсак, навоийшунослик ёш ва талантли тадқиқотчиларни камолга етказиб, тубдан ислоҳ этишга жуда-жуда муҳтождир. Сўнгги вақтларда навоийшуносликда сохта, ғайриилмий тамойил мавқе қозона бошлади. Бу ҳам тасодифий уриниш ёки уюшиш эмас, албатта. Ўзбекистон  Президенти Ш.М.Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илм-фаннинг аҳволига холис баҳо бериб, “Биз йигирма беш йил илм билан шуғулланмадик. Бор илмни йўқ қилдик”, деган эди. Қанчалик аччиқ бўлмасин, бу фикр – ҳақиқат. Саёзлик, лаганбардорлик кўникмаси, балки, буни тан олишга монелик этар. Бироқ масалага тарихан ёндашилса, эътирозга асло ўрин қолмайди. Навоийнинг олисни кўриши ва башоратига фақат ҳайрон қоласан киши. Улуғ шоир беш юз эллик йил муқаддам “Илмни ким воситаи жоҳ этар, Ўзинию халқни гумроҳ этар” деб,  илмдан мол-мулк, бойлик, мансаб, мавқе воситаси ўлароқ фойдаланиш фожиасига диққатни тортган эди. Биз ҳатто шу огоҳлантириш, ҳушёрликка чорлашга ҳам амал этолмадик. Охир-оқибатда рост сўзга оғиз жуфтлаш ҳам ёқимсиз, умумий кўникмага қарши уринишга ўхшаб қолди.

Ш.Н.: Устоз, суҳбатларимиздан бирида Навоийни бир неча босқичда ўқувчилар оммасига тақдим қилиш керак дегандингиз.

И.Ҳ.: Ҳозир ҳам шундай фикрдаман. “Занжирбанд шер қошида”, “Камол эт касбким” китобларим ёш ва ўспирин йигит-қизларга мўлжаллаб ёзилган. Навоий инсон умрини тўрт фаслга ажратиб номлаганидек, турли ёшдаги ўқувчиларни назарда тутиб, навоийшунослар ҳам тили содда, услуби жонли ва равон рисолаю китоблар ёзиши керак. Айтайлик, болалар учун ёзилган асарда болалик талаби, ҳолати ва эҳтиёжлари инобатга олинса, Навоийни ёшларга танитишда нисбатан бошқача мақсад ва усулда қалам тебратилади. Навоий ижоди босқичма-босқич ўрганилиб, қарабсизки, навоийхонлик ўз-ўзидан тармоқланиб кенг қулоч ёзиб бораверади.

Ш.Н.: Устоз, Сиз меҳнат қилаётган ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бир неча йиллардан буён Навоий ижодига бағишланган тадқиқот лойиҳалари устида иш олиб борилади. Бизни амалий натижалар қизиқтиряпти.

И.Ҳ.: Мақсадингизни англадим. “Навоий қомуси” тўғрисида сўрамоқчисиз. Икки жилдга мўлжалланган “Қомус”нинг қўлёзмаси уч жилддан ҳам зиёдроқ ҳажмда ёзиб тугалланди. Энди ҳамма гап уни кўнгилдагидай таҳрир қилиб, сифатли нашр эта билишда.  Унга киритиладиган мақолаларнинг маълум бир қисми  журнал, тўплам ва китобларимизда эълон қилинди. Қомус яратиш осон эмаслигини ким билмайди дейсиз? Бу ишнинг ҳам ўз қонун-қоида ва шартлари бор. Биз, албатта, уларга риоя қилиш  ва ижодий ёндашишга уринганмиз. Лекин охир-оқибатда нашр тақдирини барибир маблағ ҳал этади. Навоийнинг муборак номи ва буюк шарафи қаршисида ҳеч қанақа моддий нарса тўсиқ бўлиб қололмайди, деб умид билдирамиз.

 

* Иброҳим Ҳаққул – филология фанлари доктори.

Шаҳноза Назарова – филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

 

2018/2

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi