МАНГУЛИК ЖАМОЛИНИНГ ЖИЛВАСИ

 

Бутун умрини поклик, соф ақида ва амал билан кечирган Алишер ­Навоий ҳазратларининг

 

Исёни кўп Навоийнингу йўқ уётиким,

Истар етишса мунча хижолат била санга ‒

 

байти мазмунида ўзи-ўзидан қониқмаслик, камтарлик, хоксорлик, муттасил камолотга интилиш ҳиссининг олий намунасини кўрамиз. Назаримда, ушбу байт билан Матназар Абдулҳакимнинг

 

Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,

На олим, на фозил, на сўз пириман ‒ 

 

мисралари ўртасида қандайдир ўхшашлик, ҳамоҳанг ҳис, уларни юзага келтирган руҳий ҳолатда муштараклик бор. Сабаби, шоирнинг бутун ҳаёти халқи олдида қарздорлик ҳисси билан кечди. Ана шу туйғу уни ижод қилишга, бадиий комил шеърлар, қатор таржималар, илмий тадқиқотларга ундади.

Матназар Абдулҳаким адабиётга “шоир бўлиш қийин, шоир бўлиш оғир” (Абдулла Орипов) бир пайтда кириб келди. Бу қийинчилик, бу оғирлик бир томондан, ўзбек адабиётининг кўзга кўриниб қолган вакиллари, адабиётда ўз овози, ўзгача сози бор замондошлар билан ҳамқадам бўлиш масъулияти; иккинчи томондан, инсоннинг ичкин туйғулари акс этган шеърият “аллақандай қўй-қўзилар” ҳақида гирялар сифатида баҳоланаётган давр ва давраларни забт этиш залвори эди. Ўша давр ижодкорлари олдида икки йўл: ё ижоднинг барча машаққатларига бардош бериш орқали ҳақиқий санъат асарлари яратиш ёки сенга боқмаган замонга боқиб, шу вақтларда бошқалар ҳавас қиладиган моддий-маънавий мартабаларга эришиш турарди. Кимлардир ўзига берилган тенгсиз истеъдодни “воситаи жоҳ” қилгани ҳам бор гап. Халқимиз бахтига биринчи йўлни танлаганлар кўп бўлиб, кейинчалик улар орасида Матназар Абдулҳаким алоҳида сажияси билан ажрала бошлади.

Ўттиз тўртта шеърдан иборат “Тиниқ тонглар”лар ўз номига яраша ўзбек адабиётининг бўлғуси йирик вакили ижоди субҳидан дарак бериб дунёга келди. Шундан сўнг шоирнинг шеърлар, таржималар, тадқиқотлардан иборат ўттиздан ортиқ китоби нашр этилди.

Матназар Абдулҳаким ўзбек адабиётида моҳир мутаржим сифатида ўчмас из қолдирди. Ҳар қандай шоирнинг таржима билан шуғулланиши унинг тийнатидаги муҳим жиҳат ‒ бағрикенгликни намоён қилади. Чунки таржима учун сарфланадиган ижодий қувват аслиятга кетган шундай кучдан кўпроқ бўлади.

Матназар Абдулҳаким форс тилидан Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Мажидиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Абулвафойи Хоразмий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Шермуҳаммад Мунис, Муҳаммадризо Огаҳий, Комил Хоразмий, Муҳаммад Юсуф Рожий, Аҳмад Табибийлар шеърларини ўгирди.

Шоир таржимон сифатида ўз ижодий ақидаларига содиқ эди. Бу ақидалар аслият лафзидан кўра маъносига эътибор қаратиш, мазмуннинг шаклдан устуворлиги, таржимон эркини чекламаслик кабилар эди. У ҳар бир сатр, ҳар бир асар таржимасини маромга етказиш устидаги ишни энди аслиятни бошқача таржима қилиш мумкин эмас, деган қарорга келгунча давом эттирарди. Масалан, Мирзо Бедилнинг

 

Мурувват аз дили хубон мажўид,

Фарангистон мусулмоний надорад ‒

 

байти бир неча таҳрирдан кейингина

 

Гўзаллардан мурувват истамангиз,

Фарангистон элин иймони йўқдур

 

шаклини олган.

Тинимсиз меҳнат, изланиш натижасида юзага келган таржималардан иборат “Азизлар анжумани” шоирнинг бошқа асарлари каби номига монанд дунёга келган китобдир.

Матназар Абдулҳакимнинг Мирзо Бедил таржимасига қўл уриши дастлаб кўпчиликни ажаблантирди. Сабаби, Бедилнинг бунгача айрим шеърларини Ғафур Ғулом, Шоислом Шомуҳамедовлар таржима қилишган бўлса ҳам, кўпчиликнинг кўнглида ғазалларни таржима қилиш имконсиз деган қараш бор эди. Юртимизда бедилхонлик яқин-яқингача давом этгани, жумладан, унинг “Интизори дом охир мекашад нахжирро” (Тузоқнинг кўз тикмаги тортар охир ўз сайдини) мисрали байти шарҳида “Туҳфаи Хислат”дек ихчам баёзлар дунёга келгани маълум. Аввало, Матназар Абдулҳаким отаси Абдулҳаким махзум, Абдулқодир Маҳбубий, Янгибой ота Худойберганов ‒ Орзу каби ана шундай бедилхонлар даврасини кўрган, уларнинг тарбиясини олган инсон эди. Қолаверса, унда бундай юксак бадиий дурдоналар ўзбек тилида яратилиши лозим эди, деган қараш бор бўлса, эҳтимол. Қатор даврий нашрларда бериб борилиб, дастлаб “Хоразм” нашриётининг илк маҳсули сифатида дунёга келган “Табаррук ташрифлар”дан жой олган Бедил ғазаллари таржимаси 1995 йилда “Такаллум” номи билан “Қорақалпоғистон” нашриётида тўлдирилиб, босмадан чиқди. Унга мутаржимнинг ўзи сўзбоши ёзиб, жумладан, қуйидагиларни битадики, булар юқоридаги мулоҳазаларимизни бир қадар асослайди: “Мирзо Абдулқодир Бедил ғазалиётида олис сафарга кетаётган карвон ҳақида талай ёниқ мисралар мавжуд. Бу шеъриятда соғинч оҳанглари, айтиш мумкинки, етакчи оҳанглардан биридир… бу ҳол шоирнинг ёд-хаёли Туркистондан бир лаҳза бўлсин узилмаганини кўрсатади”.

Унинг Огаҳий форсий меросидан қилган таржималари дастлаб “Кўнгил кўзлари” номи билан 1999 йили “Хоразм” нашриётида “Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг 190 йиллигига бағишлайман” тақдими билан нашр қилинди. Бу мўъжаз китоб “Таъвиз ул-ошиқин”нинг “Ашъори форсий” қисми таржимасидан иборат бўлиб, шарқшунос Абдулла Аҳмедовнинг “Олмос истеъдод қирраси” сарлавҳали сўзбошиси билан очилади.

Мутаржим сифатида Матназар Абдулҳаким Огаҳийнинг тарихий асарларидаги форсийда битилган тарихларини жамлаб, таржима қилиб “Ой кетди, офтоб келди” (2002 йил) китобини бунёдга келтирди. Таржима жараёни мутаржимни илмий тадқиқотларга ҳам етаклади. Ушбу тарихларнинг илмий мулоҳаза ва хулосаларга бой бадиҳалар тарзидаги талқини Матназар Абдулҳакимни олим, таржимон, шоир сифатида истеъдодини баробар намоён қила олган қатор мақолалари яратилишига туртки бўлди. Бу мақолаларнинг аксари “Хоразм Маъмун академияси Ахборотномаси”, “Илм сарчашмалари” журналларида нашр қилиниб, Республика илм аҳлини буюк шоир сарчашмаларидан баҳраманд қилиб борди.

У рус тилидан Михаил Дудин, Николай Рубцов, Расул Ҳамзатов, Имант Зиедонис, Евгений Евтушенко, Николай Дмитриев шеърларини моҳирлик билан ўгирди.

Туркман тилидан Омондурди Аннадурдиев, Гўзал Зарипова, Итолмас Худойберганов, Ойтуғди Назаров, Маматназар Бобоназаров, Қиличмурод Қақабоев, Оқмурод Муҳадов шеърларини таржима қилиб, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Эътибор берсак, Матназар Абдулҳаким томонидан рус ва туркман тилларидан қилинган таржималари, асосан, мутаржим ўзи шахсан билган, кўпчилиги билан эса дўстона муносабатда бўлган ижодкорлардир. Бунинг ҳам ўзига хос сабабларидан бири шуки, биринчидан, Матназар Абдулҳаким аслият муаллифини тўла англамай асарини таржима қилиш мумкин эмас, деб ҳисобларди. Устоз “Борис Пастернакни таржима қилиш учун у ўтирган қарағай тўнкасида ўтириб кўриш керак”, ‒ дегани ёдимизда.

Матназар Абдулҳаким ижодида ўзбек адабиётида камёб бир жиҳат ‒ она тилидан хорижий тилга, яъни ўзбек тилидан рус тилига таржималар ҳам алоҳида жиҳат саналади. “Алоҳида жиҳат” дея таъкидлашимиз боиси шуки, бадиий таржималар, одатда, хорижий тилдан она тилига амалга оширилади. Она тилидан хорижий тилга бадиий, хусусан, шеърий таржима қила олиш мутаржимлик маҳорати камолоти мезони бўлса керак. Аслида ёш ўзбек шоирларининг нуфузли илмий даргоҳда таҳсил олишига амалий ёрдам сифатида қилинган бу таржималар мутаржим учун айни пайтда яхшигина синовдан ўтиш вазифасини адо этди. Шу тариқа Маҳмуд Ражаб, Болтабой Бегматов, Гўзал Бегим, Даврон Ражаб шеърлари Матназар Абдулҳаким таржимасида рус адабиётшуносларининг таҳсинига сазовор бўлди.

Ҳассос шоир, моҳир таржимон бўлиб шаклланган Матназар Абдулҳаким “Иймон туҳфаси”, “Ялдони ёритган тун”, “Ҳақ файзи”, “Иккинчи муаллим сабоқлари”, “Таржимон талқинлари”, “Тафаккур чорраҳаларида” асарларида ўзининг нигоҳи теран тадқиқотчи сифатидаги салоҳиятини намоён қилади.

…Шоир шеърларидан бирида ҳар қандай умрнинг бениҳоя қисқалигини бетимсол бир тарзда

 

Умрдир беомон, умри дақиқа,

Замин узра замон умри ‒ дақиқа…

дея ифодалаган эди.

Лекин меҳрибон Яратган Ўзи мукаррам тутган инсонга ҳаётидаги эзгу амаллари эвазига қиёматга қадар мангулик имконини ҳам бериб қўйибди. Матназар Абдулҳаким ана шу имкониятдан ҳавас қилгудек даражада ўз ўрнида фойдалана олди. Унинг ижоди халқимиз қалбида мангу из қолдирди. Етмишга етмай дунёни тарк этган инсон ўз сўзи, эзгу амаллари билан бугун ҳам биз билан ҳамнафас. Ўтган қисқа муддат ичида кўрдикки, ҳижрон йиллари бизни Матназар Абдулҳакимга тобора яқинлаштириб, унинг мусаффо ҳислари, бебаҳо сўзларини англаш бахтига элтмоқда. Шунинг ўзи шоир наздидаги мангулик жамоли жилваларидан бири бўлса, ажабмас.

Шоир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан унинг ҳали эълон қилинмаган таржималарини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Абдулла Ўрозбоев,

филология фанлари номзоди     

 

 

Шайх Нажмиддин Кубро

 

(1145–1221)

 

* * *

Огоҳ бўл ҳамиша, бу жаҳондир бор-йўқ,

Ҳеч нарса йўқ унда, кемтиги зинҳор йўқ,

Йўқ десалар, бор деб уни қил исбот,

Бор десалар, айла дадил инкор “йўқ”!

 

* * *

Эй гўзали қоши камон, ёй элнинг,

Орзу, умнд, азобисан, ой, элнинг.

Ҳолима вой эл каби севсам гар мен,

Гар мен каби севса, ҳолига вой элнинг.

 

* * *

Дил шу қадар мафтуну фарзона бизим,

Тарк этмас ани дилбари жанона бизим.

Оҳ, ҳаммага ишқ майи қуюлган вақтда

Дил қонига ботқизилди паймона бизим.

 

* * *

Банд бўлса агар йил бўйи бир зиндонға

Оч ётса мудом тўйгунича то жонға,

Нонга битиб ибодатимни берсам,

Жирканиб ит тиш урмагай ул нонға.

 

* * *

Юрмак учун ҳақ йўлига етмак шарт,

Бошқасидан кўзни юмиб кетмак шарт.

Элга шифо бахш эту, оч кўзларини,

Олам ҳама — Ул… Унга назар этмак шарт.

Паҳлавон Маҳмуд

 

(1247–1326)

 

* * *

Ҳақ дўст дея ким тортса фиғон дўст – чин дўст,

Қилгувчи ибодатни ниҳон дўст – чин дўст.

Кўз-кўзлама ҳеч бергану олғон нонинг,

Нон дўсти эмас, аслида, жон дўст – чин дўст.

 

* * *

Дейман мени асра ҳар нафас зор, эй дил,

Йўқ мени бор эт, то ўзинг бор, эй дил.

Билмаса гар Ҳақни, ахийр, олғай тан,

Ҳақ таниганга бўлса ким ёр, эй дил.

 

* * *

Нафсингни енгиб, сен унга шоҳ бўл – мардсан,

Кимсаси йўқларга паноҳ бўл – мардсан.

Номард тепибон ўтар йиқилғонларни,

Мискин ва ғарибга пойигоҳ бўл – мардсан.

 

* * *

Умрнинг маъниси не, менга де, – дедим,

Ё шаъм, ё чақмоқ ёки парвона, – деди.

Дунёга умид боғласа кимки, не, – дедим,

Ё маст, ё аҳмоқ ёки девона, – деди.

 

 

Мирзо Абдулқодир Бедил

 

(1644–1721)

 

* * *

Пирпираб, дилларни зир титратгувчи мужгони бор,

Тим қаро ҳар толалардан кўзда ғуж-ғуж кони бор.

 

Чекмангиз ғам. Чин саодат – ёр учун бўлдим ҳалок,

Шул сабабдан тупроғим ҳар заррасининг жони бор.

 

Ожизу парвоз талабмен, маъно йўқ учмоғима,

Гар қанотим куйса, майли, ишқининг осмони бор.

 

Навбаҳор завқ-шавқларин йўқ тоти кўп вақтдан бери

Диляроман… кулса, туз сепгувчи лаъл туздони бор.

 

Чархфалак шифти бало ёғдургувси қай вақтгача,

Кўп ёвуз мезбон бу уй, ҳар лаҳза минг меҳмони бор.

 

Икки дунё аҳли ҳайрон, қилса ноз кўзгу олиб,

Авжланур ҳолбуки нози, токи бир ҳайрони бор.

 

Эй чаман, даҳшатлисан, ҳар ғунча бир қонлиғ юрак,

Гулларингнинг хул сабаб гулбарг тўкиб, гирёни бор.

 

Кўп қийин киприк кўтармак кўргали рухсорини,

Кўз деган зимдан ҳалок қилгувчи жуфт посбони бор.

 

Гарчи Бедил ҳар юракдин ҳайдалиб мискин, гадо,

Муҳташамдир руҳи, чунки дил деган вайрони бор.

 

 

Николай ГАЦУНАЕВ

 

(1933 йилда туғилган)

 

Хива

 

Қани ибтидонг?

Қай асрдансан?

Олис кечмишингни

Илғайман аранг.

Шартми

Аниқ билмоқ –

Қандай сирдансан?

Хива.

Бир сўз.

Шу бас.

Басдир шу жаранг.

Сарсон

Ва саргардон

Биров…

Аллаким…

Карвондан қолгандир

Қийнаб дард,

Фироқ.

Номингни мангуга

Таратган,

Балким,

Шу карвондан

Тушиб қолган

Қўнғироқ.

Балки қучиб -кезиб

Кезмоқдан безиб,

Бу қумларда

Қутлуғ бир ҳикмат сезиб.

Бунда қурган

собиқ кўчманчи чодир,

мардлик  

фаромуш бўлурми сира,

паҳлавон Маҳмудми

ҳеч унутилар?

Қумда

Тўлқин-тўлқин

Барханлар узра

Кезиб юрар

Карвон-карвон булутлар…

 

балки

шундан номинг

тарихга жодир?

Хотира

Ўртаниб чекади нола.

Қадим лаҳжаларни

илғаймиз аранг.

“Хива”

Дер эканмиз

Бизга ҳавола.

Бу сирли пичирлаш,

Сирли бу жаранг

Нишонлардан нишон

Етгандир бизга.

Мафтунмиз

Билганларки билганнинг

Дейлик,

Қандай қилиб

Тарҳини чизган

қадимги муҳандис

Қўйқирилганнинг?

Кўпминг йил муқаддам

Номаълум кулол

Ясаб кетган

оддий кўзанинг нақши

ўзга сайёрадан

олинган мисол –

шу қадар сеҳрли!

Шу қадар яхши!

Шеър

Нур таралар

Ҳар бир мовий минордан

Ҳар гумбаз – мангулик

Дарахтдан мева

Ўзимни топишга

Сен бердинг ёрдам.

Олдингда абадий

қарздорман 

Хива!   

 

 

Николай Михайлович Рубцов

 

(1936–1971)

 

* * *

Борлиқ заъфар сасларга тўлди

Янграганда андуҳ навоси.

Қулоғимга келгандек бўлди

Видо айтган аёл овози.

 

Ёғиб кулранг осмондан қор,

Кузнинг оловлари ўчдилар.

Офтобсиз кун кўрмоғи душвор

Турналар ҳам бир-бир кўчдилар.

 

Ҳорғин юрак қон бўлиб кетди

Сўнган севги бергач зарбалар.

Ахир, англаш фурсати етди,

Қаттиқ севганларим шарпалар.

 

Бу маконлар омонат чоқда

Улардан ҳам кечиб бўлмас воз.

Кулранг осмон, муҳаббат ҳақда

Торлар мунграб айтишади роз.

 

Ва барибир ўшал мунглиғ роз

Билан ўтар яқин-йироқлар.

Эшитилиб суюкли овоз,

Шитирлайди заъфар япроқлар.

 

Мангуликка дахлдор бу дам,

Йўқотмоққа имкон йўқ вақтда.

Маҳзун наво янграганида

Очмангиз гап ҳеч нима ҳақда.

 

* * *

Ғирашира ёриган арча,

Тун қаърида ўқтинўқтин сас.

Дил ёзсайдим. Қолганман чарчаб,

Лекин хона совуқ ва бекас.

 

Қизиқвақтни қилмаяпман фарқ,

Гўё кечмиш ичра кезяпман.

Мен ўзимни қачонлардир ғарқ

Бўлган кема ичра сезяпман.

 

Алаҳсираш устма уст фикр,

Хотиралар тўда кўланка.

Аниқ товуш ҳамда аниқ нур

Базўр етиб келади онгга.

 

Ўй-хаёллар, беҳуда ғулу

Диққатвозлик жонга тегарлар…

Шодлик ўрнин босади қўрқув,

Ором ўрнин азоб эгаллар.

 

Бир кун арча қаршисида тек

Турганимча мени ҳойнаҳой

Уйқу босиб қоладигандек,

Чулғагандек чаланг ёки лой.

 

Омондурди Аннадурдиев

 

(1941 йилда туғилган)

 

* * *

Отам айтган: “Ўзни зўр, чапдаст тутинг,

Баландни баланду, пастни паст тутинг”,

Эл сизга фаррошлик мансабин берса,

Супургини доим муқаддас тутинг.

 

* * *

Бу гулларнинг аросинда ўларман,

Қаро кўзинг қаросинда ўларман.

Дилингни мен яро этдим ўринсиз,

Дилингнинг мен яросинда ўларман.

 

* * *

Сенсан юрагимнинг сеҳри, фахри ҳам,

Сенсан юрагимнинг меҳри, қаҳри ҳам,

Фақат асалимас асаларининг,

Жонга дармон, ахир, ниши, заҳри ҳам.

 

* * *

Ғижжак бир покланди, най бир покланди,

Йиллар бир покланди, ой бир покланди,

Тўйга кириб келдинг, оҳукўз дилдор,

Давра бир покланди, тўй бир покланди.

 

* * *

Демайман, юракнинг доғи тингланмас,

Лек қалбнинг қалбаки оҳи тикланмас.

Булбул наво қилган сокин маъво бу,

Бундан ҳеч бир зоғнинг “қоғи” тикланмас.

 

* * *

Кимлар кўрди, кимлар кўрмади, кетди,

Хаёлга минг маъни ўрнади-кетди.

Тоғим! Ўз қаърингдан ковланган темир

Теша бўлиб юзинг тирнади-кетди.

 

2018/2

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi